Сайт бўлимлари
Бировнинг боласи
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Меҳрожиддин гаплашаётган кишиси билан тезгина хайрлашиб, телефон гўшагини шоша-пиша ўрнига илиб қўйди-ю, бир чеккада сокин куй таратаётган қўл телефонига жавоб берди:
— Лаббай, онажон, ассалому алайкум.- Гўшакнинг нарёғидан йиғи товуши эшитилди, чоғи, Меҳрожиддиннинг юз ифодаси ўзгариб, таскин бера бошлади.- Хавотирланманг, йиғламанг, онажон, укамга ўзим гапираман. Сиз ҳам унга кўп қаттиқ гапираверманг, дадамга ҳам айтинг. Ўзим гаплашаман. Куюнаверманг, онажон, ҳаммаси яхши бўлади.
Меҳрожиддин онаси билан хайрлашиб, ходимларига зарур топшириқларни бериб, шошилган куйи идорасидан чиқиб кетди...
... — Ишингиз бўлмасин, ака. Ўзи сиз нега бизнинг оиламизга бурнингизни суқаверасиз-а? Ким деб ўйлайсиз ўзингизни?! Мен туғилганимдан кейин дадам билан аям сизни бу уйдан ҳайдаб юборишган. Бегонасиз бизга кўп ҳам ишларимизга аралашаверманг.- Укасининг гаплари жон-жонидан ўтиб кетган бўлса-да, Меҳрожиддин унга парво қилмагандай:
— Дадам билан онамга кўп озор бераверма, гуноҳкор бўласан. Ўйлама, уларни сенга ташлаб қўймайман. Олиб кетаман. Токи ўзингга келиб, хатоингни тушуниб етмагунинггача, уларни кўра олмайсан. Шундоқ ҳам кўп эзиб юбординг уларни,- деди бир нуқтага тикилган куйи. Сўнг қунишибгина ўтирган чолу кампирга қаради:
— Дадажон, онажон, қани машинага чиқинглар-чи. Бизникига кетамиз. Невараларингиз ҳам жуда соғинган сизларни, келинингиз ҳар куни “ойим билан дадамни олиб келинг, биз билан яшасинлар” деб ҳол-жонимга қўймайди. Менинг ҳам кўнглим хотиржам бўларди. Биласиз, кўп узоқ сафарларда бўламан. Келинингиз билан невараларингизга бош бўлиб ўтирасизлар.
Хомушгина ер чизишди. Зуҳра опа изиллаб йиғлаб юборди. Абдусамад ака хижолатланган куйи пешонасидаги реза терларни сидира бошлади...
... Зуҳрахон билан Абдусамад беш йил давомида Яратгандан тирноқ сўраб илтижо қилишди. Ойдай ҳусни, кундай кўрки бор деб мақтаган келини ҳадеганда фарзанд кўравермагач, Ойбону хола — Абдусаматнинг онасига Зуҳрахон ҳам балодек кўринадиган бўлди.
— Ўғлимга онасини ўпмаган сулувни олиб бераман. Боламнинг умрини беҳудага ўтказиб юборяпти, ўзидан билиб кетмайди-ям дерди,- қайнона қўни қўшниларига атай келинига эшиттириб. Зуҳрахон қон қақшаб, заҳар ютса ҳам, бировга билдирмасди. Шундай кунларнинг бирида эри топиб келган гап уни буткул ҳайратда қолдирди:
— Бола асраб оламиз,- деди Абдусамат ёшли кўзларини ўзига тикиб турган хотинига қарамай.- Меҳримизни берсак, тарбяилаб, эл қаторига қўшсак, эрта қарилигимизда ярайди...
— Катталар бунга рози бўлишармикан?..- Зуҳрахон эрига “ота-онангиз бунга кўнмайди” деёлмади. Эрининг қарори жувоннинг зулмат қоплаган қалбига нур бўлиб инди гўё. Аммо бу ҳали бахт дегани эмасди. Олдинда кўп тўсиқлар, қийинчиликлар бор эди. Уларнинг энг аввали албатта қайнона-қайнотасининг қаршиликлари эди.
Зуҳрахон ўйлагандек бўлди.
— Бекорларни айтибсан,- деб жанжал кўтарди Ойбону хола, ўғлининг оғзига ургулик бўлиб.- Мен бу шармандаликка қандай чидайман?! Ахир айб сенда эмас-ку! Анави туғмасингнинг жавобини бериб, тузукроғига уйлансанг бўлмайдими?! Энди бировнинг боласи учун меҳнат қилиб, бировнинг боласига хизмат қиласанми?!..- Қайнона келинининг шаънига оғизга олиб бўлмайдиган ҳақоратларни ёғдира бошлади. Аввалига онасининг ҳурмати учун индамай, бошини эгиб турган Абдусамад секингина сўнгги қарорини айтди:
— Мен хотинимдан ажрашмайман, ая. Худо берса, шу хотин билан фарзанд беради, менга бошқа хотиннинг кераги йўқ...
Ойбону холанинг дод-фарёди тинмаган бўлса-да, энди авалгидек келинига зуғум қилмайдиган бўлди. Фақат рўзғорини алоҳида қилиб қўйиб, Зуҳрахон билан умуман гаплашмай қўйди.
Шу дилхираликлардан кейин кўп ўтмай, Абдусамад ва Зуҳрахон гўдаклар уйидан ширингина чақалоқни уйларига олиб келишди. Шу гўдак сабаб узилаётган ришталар боғланиб, нурсиз хонадонга файз оралади. Улар яхши ниятлар билан гўдакка Меҳрожиддин деб исм беришди. Гўдаклар уйи ходимасининг айтишича, ёш эр-хотинлар автаҳалокатга учраб вафот этишади ва Худонинг мўжизаси билан уларнинг эндигина олти ойлик бўлган чақалоқлари тирик қолади. Йигит ва қизнинг ғамдан букчайиб қолган ота-оналари гўдак невараларини махсус жойга топшириб юборишган экан.
Зуҳрахон юрагида қатланиб ётган оналик меҳрини ҳеч аямай, ҳеч қизғонмай мурғаккина чақалоққа бахшида этди. Болакай катта бўлгани сари дилкаш, гапга чечан, кўрган кўзнинг ҳавасини келтирадиган дуркун бўлиб улғайди.
Вақти келиб Меҳрожиддин мактабга чиқадиган бўлганида, эрталаб Абдусамад ўғлини ўқишига олиб бориб қўяр, тушдан сўнг Зуҳрахон боласини мактабидан олиб қайтар, ҳар қандай ҳолат ва вақтда ҳам уйдаги бу режим ўзгармасди.
Уларнинг етим болага берган меҳр-муҳаббати Яратганнинг марҳаматига сабаб бўлди чоғи, Меҳрожиддин ўн ёшни қаршилаганида Абдусамад ва Зуҳрахоннинг ўз фарзандлари дунёга келди. Эр-хотин янги меҳмоннинг парвонасида бўлиб, ўн йил давомида ўзлари меҳр бериб тарбиялаган болани унутиб қўйишди. Ўзига аталган меҳрнинг бўлинганидан юраги кемтикланиб қолган болани олдинда катта ўкинчли изтироб кутаётганди. Эр-хотин фарзандли бўлгач, ортда қолган ҳаётларини, тирноқ сўраб Яратгандан ёлвориб, бир гўдакни асраб олиб унинг шарофати билан юзлари ёруғ бўлгани, орзулари ушалганини унутиб, Меҳрожиддинни “Меҳрибонлик уйи”га топишириб юборишга қарор қилишди...
Уларни чин ота-онам деб билган болакай бу айрилиқдан кўп озор чекди. Бир куни ҳеч кимга билдирмай бинодан чиқиб кетиб, болалиги ўтган уйни излаб кетди. Болалик хотираси панд бермай ўзи улғайган уйни топиб келди. Юраги соғинч ва меҳрдан энтикиб, қўнғироққа етмаган жажжи қўлчалари билан эшикни тақиллатди. Икки –уч бор таққилатганди остонада онаси кўринди. Болакай унинг бағрига отилишга шайланганди ҳам, аёл юз-кўзидан қаҳр-ғазаб ёғдирди:
— Нима қилиб юрибсан бу ерларда?! Кет, сени деддомдагилар қидириб юришгандир. Бошимга бало бўлма тағин!
— Ойжо-о-он...- Болакай ўксиб-ўксиб эшик ортида йиғлаганча қолаверди. Жаҳл билан “қарс” этиб ёпилган эшик, болакайнинг юрагига урилган зарб бўлди. Подъезд зинасида ўтириб, “ойи, ойижоним, ойижонимни бир кўрай” деб йиғлаётган болакайга қўшни аёлнинг раҳми келди. Уни етаклаб уйига опкириб, чўмилтириб, қорнини тўйғизиб, қўшниси – Зуҳрахоннинг уйига чиқди. Аёл қўшнисини худди биринчи марта кўраётгандек унинг гап-сўзларидан ҳайратга тушди:
— Ўзингизни жуда раҳмдил қилиб кўрсатиш учун бир етимчани ёнини олишингиз шарт эмас. Етим қўзи боқсанг оғиз бурнинг мой бўлар, етим бола боқсанг оғиз- бурнинг қон бўлар, дейишмаган бурунгилар. Бировнинг боласи бола бўлармиди?! Шукр, ўзимизнинг боламиз бор. Бу ерда уни боқишнинг ўзи бўладими? Қайтанга деддомда яхши, ош-овқати ўз вақтида, уст-бошини давлат беради. Тинчгина яшайвермайди?!..
— Сизни таниёлмаяпман, Зуҳрахон. Ахир ўзингиз эмасми, шу болага бор меҳр-муҳаббатини берган, ўз фарзандидан ҳам аъло кўрган? Шу боланинг пойи қадами билан оналикнинг чин бахтини туйдингиз-ку...
Зуҳрахон индамай қош чимирди. Ўртадаги сукунат қўшни аёлга, “гапинг тугаган бўлса, кетишинг мумкин!” деган маънони англатди...
Меҳрожиддин гарчи бу хонадонда рўйхушли кўрмаса-да, ҳеч қачон буткул оёқ узмади. Ҳар байрамда “Меҳрибонлик уйи”да ўзи учун берилган совғаларни ука-сингилларига илинарди. Ота-онаси уни фарзандим деб тан олмаса ҳам у уларнинг болаларини ўз жигарларидек кўрарди. Мактабни битириб ўқишга кирганида ҳам, талабалик йилларида ҳам ота-онасини кўргани тез-тез келиб турар, гап орасида Зуҳрахон “Қариндош-уруғларингни топдингми? Уларни бориб кўрмайсанми?” деб келганини ёқтирмаётганини очиқ-ойдин билинтиришга уринса ҳам, йигит онаси деб билган аёлдан ўпкаламасди.
Тақдирнинг ўйинлари кишини шу қадар гангитиб қўядики, натижада инсон қаерда хато қилиб, қаерда адашганини таҳлил қилишдан ҳеч наф топмайди. Зуҳра опа билан Абдусамад ака ҳам фарзандларини ҳаддан ортиқ талтайтириб, “ўн беш йилда илтижолар билан етган болам” деб на қўлини совуқ сувга урдирмай, меҳнатга, инсонларни, яқинларини қадрлашга ўргатолмай афсусда қолдилар. Оқибатда ўн беш йил деганда дунёга келган болалари жон койитмай нон ейишни истайдиган, безори-ўғри бўлиб етишди. Бунинг устига ота-онасига ҳам кўп озор берди. Ҳатто кейинги пайтларда ота-онасининг пенсия пулини мажбуран тортиб олиб ичадиган, баъзан мастликда уларга қўл кўтарадиган ҳам бўлди. Зуҳра опа билан Абдусамад ака бир пайтлари деддом боласи бизга болалик қиладими, деб уйидан жой бермаган, ҳозирда яхшигина обрў-нуфузга эга, амалдор бўлган асранди ўғли меҳрибонлигидан хижолатлик туйишади. Аммо ундан бошқа нажот ҳам йўқ улар учун...
... Меҳрожиддин ота-онасини машинасига ўтқизиб уйи томон йўл оларкан, юрагига алланечук роҳатбахш туйғулар инди. “Энди менинг уйимда ҳам дуогўй ота-онам, ишдан келишимни интиқ кутадиган меҳрибонларим, фарзандларимнинг бобо-бувиси бор” деган шукрона айланарди тилларида...
БАҲОР
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 868 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар