Сайт бўлимлари
Никоҳ ёши қанча
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
- Чиққан санаси: 29 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ҳар нарсанинг табиий бир ўлчови бордир. Ўлчовсиз иш ҳеч вақт фойда бермайди. Никоҳнинг ҳам маълум вақти бўлиб, ундан олдин ёки кеч қолиш тиббий ва ахлоқий жиҳатдан зарралидир. Никоҳ вақтида эр иблан хотин орасида ёш эътиборига қараб мувофиқ бўлиш табиий бир ишдир. Табиатга хилоф бўлган никоҳ, ҳақиқий никоҳ бўлмай, балки ёлғиз расм-русумдангина иборат бўлиб қолади. Бундай никоҳларга никоҳ дейишдан кўра низо ва ўкинч, бўлмаса тижорат дейиш муносиброқ бўлади. Воқеан қари бир кимса, ўзининг бойлиги сабабидан ёш бир қизни никоҳ қилиб олиши, пул кучи билан бир қизнинг кўнглини эмас, балки ёшлигини сотиб олади.
Бу иш қонун назаридан хиёнат бўлмаса-да, ахлоқ назарида хиёнатдир. Қари кимса билан ёш бир қизнинг табиатлари орасида табиий хилофлик бўлганидан ораларида бирлик ва иттифоқ бўлмайди.
Никоҳ учун табиий бўлган ёш эрларда йигирма билан қирқ орасида, қизларда ўн саккиз билан ўттиз орасидадир. Эр билан хотун орасидаги фарқ ўн ёшдан ортиқ бўлмаслиги керак. Фақат зарурат юзасидан бундан мустасно бўлиши мумкин.
Ўлим вақти маълум эмас. Кўпинча ёшларнинг кўмиш жанозаларини қарилар кузатиб борганлари кўрилса ҳам, ўлим навбати ёшлардан аввал қариларгадир. Бундай бўлган тақдирда, эллик ёшлик одам эрга тегувчи ўн саккиз ёшли қиз, ўн йилдан сўнг бир ишга ярамайдиган қария билан ёш болалар машаққатини ўз устига олган бўлади. Тажрибаларга кўра, саломат баданли-ю қутли кимсаларнинг болалари ҳам кўп вақт саломат бўлиб, заифу қари кимсалардан туғилган болалар хаста-ю заиф бўладилар.
Бозор муносабатлари: харидор инжиқ сотувчи қўполми?
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
- Чиққан санаси: 29 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида муомала маданияти, мижоз ва хизматчи муносабатлари катта аҳамият касб этади. Аммо афсуски, кўпчилик сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар буни ҳис этмайдилар…
Бу гал айни мавзу хусусида мулоҳаза юритишга жазм қилдик.
Кўпчилик савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотларида фаолият кўрсатадиганларга маълумот шарт эмас деб ҳисоблайди. Аслида-чи,
Сотувчига маълумот шартми?
Савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ишчи ходимларининг муомаласи, хизмат кўрсатиши ҳамма вақт ҳам бизни қониқтирмайди. Ваҳоланки, мижоз – истеъмолчи. Ўз ўрнида унинг ҳуқуқларимиз маълум меъёрий ҳужжатлар билан кафолатланади. Эътироз ва шикоятлари ўрганилиб, истеъмолчининг даъвоси қониқтирилиши шарт. Аммо кўп ҳолларда ўзбекчиликка йўйиладиган андиша сабаблими мижозлар эътирозини тилга чиқармайди. Жамоатчилик билан мунтазам алоқада бўладиганларда муомала маданияти юксак даражада бўлиши шарт. Негаки, кишининг руҳияти фаолиятига таъсир кўрсатиши исботини топган ҳақиқат. Таассуфки, сотувчи ва хизмат кўрсатувчиларнинг ҳаммаси мижоз билан мулоқотда маданиятли, хушмуомала эмас.
— Харид учун кирган дўкон ё хизмат кўрсатиш шаҳобчасида рисоладигидек муносабатда бўлишмаса, жаҳлим чиқади, ҳатто ўзимга зарур нарса бўлса ҳам ўша дўкондан харид қилмайман,- дейди ҳамшаҳримиз Манзура Раҳимова.- Кўзларини чақчайтириб, хўмрайиб, худди текинга бирор нарса бериб юбораётгандек қўрс муомала қилаётган сотувчининг дағаллиги кайфиятимга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам дўкон ёки бозордан эҳтиёжимга зарур нарса харид қилмоқчи бўлсам, аввало сотувчига эътибор бераман. Чеҳрасида жилмайиш борми, салом-алиги қандай, харидорга эътибори, муносабати қанақа, хуллас шунга ўхшаган кимлар учундир майда-чуйда бўлиб туюладиган нарсаларга аҳамият қаратаман. Фикримча, сотувчи ва хизмат кўрсатиш шоҳобчаларида ишлайдиганлар ҳам маълумотга бўлишлари керак. Айниқса, бу соҳада хизмат қиладиганлар муомала-мулоқот маданиятини пухта ўзлаштиришлари иш унумига ҳам, бизнеси ривожланишига ҳам яхшигина асқотади...
— Хорижий давлатларда сотувчилар ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари хизмачиларининг юқори савиядаги муомаласи, хулқига ҳавас қилади киши,- дейди ҳамкасбимиз Равшан Маҳмудов.- Ҳиндистонда ўқиган кезларимиз сотувчилар, хизмат кўрстиш шоҳобчалари хизматчиларининг мижоз билан мулоқотини кўриб ҳайрон қолганмиз. Бозор, супермаркет ё оддий кичкина дўконга кирган харидорни ҳинд сотувчилари хушмуомалалик билан, жилмайиб қарши олишади ва юмшоқ ўриндиққа ўтирғизиб, қаҳва таклиф қилишади. Харидор сотувчига харид қилмоқчи бўлган нарсасини айтса бўлди, эпчиллик билан сўралаган нарсани ҳар хил ранглисидан тортиб, катта –кичигигача қалаштириб ташлаб, ўша буюмнинг мақтовини оширишади. Сотиб олмоқчи бўлган нарсанинг нархи ё сифати харидорга маъқул келмаган тақдирда ҳам, ҳинд сотувчилари хафа бўлмайдилар. Аксинча, жилмайганча ўша товардан яна қайси дўконларда сотилишини ҳам уқтириб қўйишади...
Бозор ё дўконларимизда харид мақсадида юрганимизда сотувчиларнинг хўмрайиб (худди харидорларга текинга мол тарқатаётгандек!) саломга алик олмай, бирор нарсани нархини сўраганимизда “оласизми? Сотиб олсангиз кўрсатаман”, “Сотволадиган бўлсангиз қўлингизга олиб кўринг!” деган дағдағаларига кўникиб қолганмиз. Баъзида эътибор берамиз, баъзида эса йўқ. Афсусланарли жойи шундаки, бундай салбий иллатлар жамоатчилик орасида одатий ҳолга айланди! Сотувчи ва харидор ўртасидаги қўпол муносабат ва дағал муомаладан ҳайратланмай қўйдик!..
— Хизмат сафарлари билан тез-тез хорижий давлатларда бўлиб тураман. Қайси давлатга борган бўлсам, ўша юртнинг сотувчи ва хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида фаолият кўрсатувчи хизматчиларнинг муомаласи, маданияти ва хулқига, мижоз ва хизматчи ўртасидаги муносабатга ҳавас қилганман,- дейди Республика об-ҳавони кузатиш Бошқармаси етакчи муҳандиси Гавҳархон Мамажонова.- Айниқса, Япония давлатида сотувчи, умуман, мижозларга хизмат кўрсатувчилар танлашда алоҳида эътибор қаратилар экан. Кўпчилик билан доимий мулоқотда бўладиган соҳа вакиллари ҳисобланган сотувчилар ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари хизматчилари махсус шарт ва синовлардан ўтсагина, ишга қабул қилинади. Ишга олингач албатта уларга махсус фанлардан сабоқлар берилиб, имтиҳон қилинади. Японияда супермаркет ёки кичик дўконга кирсангиз албатта сотувчилар таъзим билан ўз тилида салом бериб харидорни қарши олишади. Бу япон сотувчилари учун ўзгармас одатга айланган. Шунингдек, японлар тўловларни икки қўли билан хиёл таъзимда қабул қилади ва қайтимларни ҳам худди шу тарзда қайтаришади. Дўкон ё супермаркетни тарк этаётган харидор билан чиройли тилаклар тилаб, “харидингиз учун раҳмат” деган илтифотни унутмай хайрлашишади. Бразилия ва Исроил давлатларида ҳам мижоз ва хизмат кўрсатувчи ўртасидаги муомала-мулоқотдан мамнун бўлгандим. Хитойликларнинг ҳам муомаласи, мижозга хизмат кўрсатиши юқорида тилга олинган давлатлардан қолишмайди. Таъкидлаш жоизки, хитойлар харидорни қуруқ қўйиб юборишмайди. Сотувчидан бирор нарсанинг нархини сўрасангиз, ҳеч эринмай ўша буюм ёки озиқ-овқат маҳсулотининг мақтовини оширади. Хитойда бўлганимизда пойафзал олиш учун бозорга кирдим. Сотувчи аёл инглиз тилини билмас экан. Мен хитой тилини билмайман. Амаллаб унга мақсадимни тушунтирдим. Сотувчи мен олмоқчи бўлган пойафзалнинг нархини юан (хитой валютаси)да айтди. Унга ёнимдаги пул Ақш доллар эканини айтгандим, аёл зудлик билан сал нарироқда савдо қилаётган эрини чақирди. Сотувчининг эри мени бошлашиб бозор ичидаги банкка олиб борди. Банк иш вақти тугагани учун ёпилган экан, мен эриниб, майли, ўша пойафзални бошқа сафар олишимни айтгандим, хитой савдогари қўярда қўймай мени шаҳардаги бошқа банк шоҳобчасига олиб борди ва у ерда валютани алмаштириб, бозорга қайтиб ўша пойафзални сотиб олдим. Ўшанда хитойлик сотувчиларнинг харидорга муносабатини кўриб, тўғриси ҳайратда қолгандим. Қолаверса, хорижий давлатларда дўконларда ҳам, супермаркет, бозорларда, ҳатто, маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчалари ва овқатланиш мажмуаларида ҳам пластик карточкалар орқали тўловларни амалга ошириш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Секин-асталик билан ўзимизда ҳам бу муаммолар ечимини топяпти. Лекин ҳанузгача айрим ҳолларда мижоз ва хизматчи ўртасидаги мулоқот оғриқли нуқталигича турибди...
“Ҳе, проезднойингга...”
Бир қараганда жуда жўн аммо баҳсталаб бўлган хизмат кўрсатувчи ва мижоз орасидаги ўзаро мулоқот хусусида гап кетар экан, жамоат транспортларида фаолият кўрсатувчи ишчи- хизматчилар ҳақида ҳам икки оғиз гапириш жоиз.
Кўпчилигимиз ҳар куни иш, ўқиш ё бирор юмуш билан албатта кўчага чиқамиз ва умумий транспортлар хизматидан фойдаланамиз. Афсуски, айрим ҳолларда эрта тонгда яхши кайфиятда ёки ишдан ҳориб-чарчаб кўчага чиққанимизда жамоат транспортлари ҳайдовчилари ва кондукторларнинг дағал муомаласи, бақириб-қичқиришлари оқибатида асаблар таранг тортилади, кайфиятимиз бузилади. Бу хусусда ҳаддан ортиқ гапирилганига қарамай, барибир аҳвол ҳеч ўзгармаяпти. Кечки пайт ишдан чиқиб жамоадошим билан автобусга чиқдик. Автобус ўрнидан жилиб икки қадам юриб-юрмасидан кондуктор жаноблари “Так, здесь”, “Қани бу ёқдан чиққанлар” деб автобус оралаб юра бошладилар. Йўловчилар бир-бир ойлик йўл чиптасини кўрсатган эди, у жанобнинг жаҳллари чиқди ва нималардир деб ғудраниб қўйдилар.
— Яхшиям, дераза томонга ўтирволган экансиз,- деди автобусдан тушар эканмиз шеригим кулгидан аранг тийилиб, - сўкинганини эшитиб жанжаллашиб кетардингиз.
— Шундоғам гап билан узиб олмаганимга ўкиняпман. Биз ойлик чиптани текинга олмаганмиз-ку. Давлат транспортида назоратчи экан-да, унинг хусусий машинасига чиқмагандикку!- дедим жаҳлим чиқиб. Бунақа ҳолатга кунда неча марта автобусга чиқсак, шунча марта гувоҳ бўламиз. Ойлик йўл чиптасидан фойдаланувчи йўловчилар гўёки ҳайдовчи ва чипта назоратчиларининг душмани. Жамоат транспорти- автобус уларга катта энасининг маҳрига тушганда!..
Тағин ҳар бекатда автобус тўхтаб- юрганида бақириб-чақириб, “Қани йўлдан чиққанлар”, “Қани билетга тўлаб юборамиз”, “Йўл ҳақини тўлаб юборинглар-чи!” деб уёқдан буёққа ўтиб, тиқилинчда йўловчиларнинг шундоқ ҳам таранг тортилиб турган асабини эговлашлари ортиқча!
— Ҳадеб асабга тегиб уёқдан буёққа ўтишмаса ҳам ўша йўл кирани тўлаб қўямиз-ку, -дейди кекса ёшли йўловчилардан бири.- Етти юз сўм пулни бермай қолиб ҳали ҳеч ким бой бўлмаган, жамоат транспортидан фойдаланяпмизми, албатта пулини тўлаймиз, одамларда озгина бўлса ҳам виждон бордир? Шу етти юз сўмни бермай тушиб кетмас, тиқилинч бўлмаса ҳам майли, тўрт-беш бекат оралиғида йўл ҳақини йиғса ҳам майли эди. Бу нимаси энди, ҳар бекатда кишининг ғашига тегадиган овозда бақириб-чақириб салон оралаб юриш...
— Ҳар хил йўловчилар бор-да,- дейди юқоридаги эътирозларимизга жавобан 91-йўналишли Юнусобод тумани 15-даҳаси ва Кўкча майдони оралиғида қатновчи автобус назоратчиси.- Бир куни бир аёл боласини етаклаб автобусга чиқди. Чипта олишини айтсам, “ҳозир олдим” дейди ўзини боласига саргардон қилиб. Чиптасини текширсам, бизнинг йўналишимиз эмас, рақамлари ҳам тўғри келмади. Гапиргандим шолғомдек қизариб йўл ҳақини тўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир бекатдан чиққан йўловчилар билан ҳисоб-китоб қиламиз...
Миллат кўзгуси
Хизмат кўрсатиш шоҳобчалари ва савдо дўконларида хизматчилари мижоз билан мулоқот қилиш учун ҳам етарличи малака ва кўникмага эга бўлиш ҳақида яхшигина ўйлаб олишлари мавриди аллақачон келган. Негаки, айнан бозор, дўконлар, хизмат кўрсатиш шоҳобчалари юртнинг кўзгуси! Ҳар бир ўлкага келадиган меҳмонлар дастлаб бозор, дўкон ёки хизмат кўрсатиш шоҳобчалари хизматчилари билан мулоқотда бўлади. Демак, элнинг ким эканлигини, қандай тарбия кўргани ва маънавий даражасини кўрсатадиганлар — сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар. Бу соҳа вакилларининг муомаласи, юртимизга келган меҳмонларнинг ўзбек миллати ҳақидаги тасаввурини уйғотади. Биргина жилмайиш, мулойим муомала ва тўлиқ салом бериш билан миллат маънавиятини, одоб – ахлоқини намойиш этиш имконига эга кишиларга эътиборсизлик ярашмайди!
“Бухороликларни яхши кўраман”
— Мен бухороликларни жуда ҳам яхши кўраман,- деган эди водийга кетаётганимизда бизга ҳамроҳлик қилган фарғоналик йўловчи аёл.- Ўтган йили баҳорда қариндош-уруғ, болалар, келин-куёвларимиз билан Бухорога саёҳатга бордик. Шаҳарга кириб борганимизда тунги 10лар чамаси эди. Биринчи бор боришимиз эмасми, орамиздан ҳеч ким йўлни билмайди. Қўнишиш учун меҳмонхона керак. Катта йўл бўйидаги бекат ёнида савдо дўкони бор экан. Ўша дўконга кириб, сотувчидан шаҳардаги бирор меҳмонхонанинг манзилини беришини сўрадик. Сотувчи йигит шаҳрига илк бор келганимизни эшитиб “Сизларни ўзим бирор меҳмонхонага олиб бориб жойлаштираман. Бу пайтда манзилни айтганим билан топиб олишларингиз қийини бўлади” деб, бизга йўлбошловчилик қилиб меҳмонхонага олиб борди, жойлаштирди. Телефон рақамларини қолдириб, сафар давомида бирор нима керак бўлса ё муаммо пайдо бўлса, унг қўнғироқ қилишимизни таъкиддлади. Бир ҳафта давомида Бухоро шаҳрида бўлиб, бухороликларнинг хушмуомалалиги, бозор - дўконларида ишлайдиганларнинг чеҳрасидан табассум аримаслигини кўриб уларга эҳтиромим ошди. Чиндан ҳам сайёҳлар шаҳри Бухоройи Шариф халқи меҳмонларга олий даражада мезбонлик қила олишларига ишонч ҳосил қилдик сафар мобайнида...
Яхши сўз ҳам садақа...
Яхши сўз бирла ҳожат аҳлин сўр
Бермасанг яхши тўъмадан нафақа.
Не учунким, Расул қавли билан:
Яхши сўз бордур, уйлакум, садақа.
Яъни: Одамларга яхши таом беролмасанг ҳам, яхши сўз билан аҳволини сўра, Зеро Пайғамбар (сав) таъбири билан айтганда, яхши сўз — садақа ҳукмида,- дейдилар Алишер Навоий ҳазратлари.
Дарҳақиқат, ширин сўз, гўзал муомала кишининг қандай тарбия кўрганлиги, маънавиятининг нечоғлигини кўрсатиш билан бирга, унинг муомаласидан баҳраманд бўлганларнинг кўнглини хушнуд этади. Кўнгил ободлигидан хотиржамлик туйиш эса чин инсоний фазилатдир. Қолаверса, ҳузурингизга келган мижознинг кўнглини топа билиш- сизнинг фойдангиз. Ахир, сиз яхши кишиларга хизмат кўрсатиш билан даромад топишни мақсад қилмаганмидингиз?..
Умида АЗИЗ
Қўш хотинлик азобми, рохатми, гуноҳми, савоб?
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
- Чиққан санаси: 25 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Жуда муҳим бир иш билан Қўйлиқ улгуржи бозорига бориб келишимга тўғри келиб қолди. Агар бугуноқ бормасам, менга керак бўлган одам, бозорга келтирган юкларини тугатиб, уйига кетиб қолар эди. Уни қайта топиш учун кейинги сафар келишини пойлашим лозим. Қачон келиши эса ёлғиз Яратганга аён. Шу ўй-хаёллар билан йўлга чиқдим. Қўл кўтаришим ҳамоно бир «Жигули» «ғийқ» этиб олдимда тўхтади. Нархини келишиб, машинага ўтирдим. Ўтирганимдан кейин билсам, ҳайдовчи таниш экан. Куни кеча ишга шу ҳайдовчининг машинасида боргандим. Фақат унда автоулови бошқа— Ака кечаги машинангиз оқ эди, бугунгиси бошқа шекилли, — дея қизиқиб сўрадим.
У эса:
— Э, ука бу дунёда менинг ҳамма нарсам жуфт, — деди-да, кулиб ҳайратимга чек қўйди. — Машинам, уйим, хотиним, болам, ишхонам... Ҳамма-ҳаммаси иккитадан, — деб қўшимча қилди.
«Тўғри, кишининг ҳамма нарсаси жуфт бўлиши мумкиндир, лекин хотиннинг ҳам иккита бўлиши ғалати эмасми?»
Ҳайдовчи миямда кечаётган ўйларни уққандек, секин менга қаради.
— Ука, сезиб турибман, одам қўш оила билан ҳам яшаса бўладими, деб сўрамоқчисизу, лекин ботинолмаяпсиз, шундай эмасми?
— Ҳа, тўғри топдингиз. Бизнинг касбимиз қизиқувчанликни талаб қилади, шунга…
— Э, у қанақа касб экан?
Мен касбим ва иш жойимни айтдим.
— Ундай бўлса ука, сизга бир хизмат бор.
— Бажонидил, қўлдан келганча тайёрман.
— Ўамма мени, пичоғи мой устида бўлмаса, иккита хотин билан яшармиди, бойвачча-да, деб ўйлайди. Сиртдан қаралганда мен икки оилам билан ҳам гўё бой-бадавлат тотув ва бахтли яшаётгандекман. Аслида эса аҳвол бошқача. Сиз яхшиси қўшхотинлик оқибатида менинг бошимга тушаётган балоларни газетангизга ёзсангиз. Лекин асл исм-шарифимни очиқ бермайсиз. У ёғини ўзингиз тушунасиз. Таниш-билишлар бор, кўз кўзга тушади. Биронтаси ўқиб қолса...
Мен рози бўлдим.
— Ўаёт, шароит шуни тақозо этмаганда мен асло бундай йўл тутмаган бўлардим, — деди у. — Бу ишимдан минг бора пушаймонман, лекин энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди, вақт ўтган. Келинг, яхшиси бир бошдан гапириб бера қолай.
Ўайдовчи оғир «уф» тортиб, бошидан ўтганларини ҳикоя қила бошламасидан мен манзилга етиб келдим. Оббо, вақтнинг бунчалик тез ўтиб кетишини ҳечам сезмаган эканман. Пулни бериб, машинадан тушдим.
— Ака, агар вақтингиз тиғиз бўлмаса, пойлаб туринг, мен тезда чиқаман, уйга ҳам ўзингиз обориб қўясиз, — дедим-да, югуриб бозорга кириб кетдим.
Ўн-ўн беш минутлар чамаси вақт ўтмай ишимни битириб чиқдим. Ўалиги киракаш киши кутиб турган экан. Унинг шунча пайт пойлаб турганига қараганда, айтмоқчи бўлган гапи жуда жиддийлигига ишонч ҳосил қилиб, тўғри олдига бордим. Мени кўриб хурсанд бўлиб кетди. «Энди, ака, кечгача вақтим бемалол» дедим-да, унга юзландим. У эса машина моторини ўт олдириб, равон йўлга тушиб олди. Ана шундан кейингина гапини тўхтаб қолган жойидан давом эттирди:
— Биринчи хотиним билан севишиб оила қурганмиз. Оиламиз аҳил-фаровон эди. Ота-онам ҳам хотинимни жонларидан ортиқ кўришарди, ҳозир ҳам шундай. Лекин ҳар тўкисда бир иллат деганларидек, бизнинг бахтимиз баркамол бўлолмади. Чунки эр-хотинни боғлаб турувчи асосий восита — ишқ-муҳаббат, молу-дунё эмас, балки оддийгина фарзанд экан.
Саккиз йил бирга яшадик. Бормаган табибимиз ҳам, ҳабибимиз ҳам қолмади. Бироқ, барча уринишларимиз зое кетаверди. Айб мендами, хотинимдами, сира англаб етолмадик. Ажралиб кетишга эса бир-биримизни сира кўзимиз қиймайди. Бирорта фарзанд тарбиялаб олиш учун роса икки йил югурдик. Аммо бу борада ҳам омадимиз юришмади. Хуллас, бундай фикрдан ҳам воз кечдик. Фақат сабр-тоқат билан кутишдан ўзга чорамиз қолмади.
Турмуш қурганимизнинг ўн иккинчи йилига бориб, хотиним бошқа бирор аёлга уйланишимни илтимос қилди. Мен иккиланиб юравердим, у эса шуни қатъий талаб қила бошлади. Унинг фикрларини ота-онамга етказдим. Улар келинлари тўғри айтаётганини тасдиқлаб, қўшхотинликка рози бўладиган жувонлар камдан-кам топилишини айтишди.
Мен ҳам бу фикр устида жиддий бош қотира бошладим. Эр-хотин тишимизнинг ковагида асраб юрган маблағимизга икки хонали уй сотиб олдик. Галдаги муаммо иккинчи хотин масаласи бўлиб қолди. Бунинг ечимини онам ва хотиним биргалашиб топишди.
Орадан бирор ойлар ўтгач, улар менга Ўабиба исмли жувонни тавсия этишди. Худо ҳусну-латофат, қадди-қоматдан қисмаган экан. Бундай соҳибжамол аёлнинг турмуши қандай бузилганига сира ақлим етмасди. Ўабибанинг айтишича, эри унга хиёнат қилганмиш. У буни пайқаб қолгач, эрининг ишхонасига шикоят қилибди. Охир-оқибат эр ишдан, Ўабиба эрдан ажралибди. У алоҳида турсагина менга турмушга чиқишга розилигини айтди. Унинг истаётган шароитини ҳозирлаб қўйганим учун кўнглим истаб-истамай тўйни бошлашга қарор қилдим. Келинни янги уйга тушириб олдим.
Тан олишим керак бу борада хотиним катта жасорат кўрсатаётганди. Чунки ҳеч бир хотин ўз устига кундош келишини асло ҳазм қилолмайди. Хотинимнинг бағрикенглиги, самимийлиги олдида ҳамиша бош эгаман.
Шундай қилиб, Ўабиба билан яшай бошладим. Бир ҳафта у билан турсам, кейин иккинчи хотинимнинг олдига келардим. Бироқ биринчи хотиним олдида икки-уч кун турмасдан у дарҳол Ўабибанинг олдига жўнатиб юборар, кундошим янги келин, у билан кўпроқ бирга бўлишингиз керак, деб таъкидларди. Мен ҳайратдан ёқа ушлаб, янги келиннинг олдига кетардим.
Ўабиба эса биринчи хотинимникига боришимни сира-сира истамасди. У ёққа бормоқчилигимни билиши ҳамоно қовоқ-тумшуғидан қор ёға бошларди. Сал қўйиб берсам, жанжал чиқаришгача бориб етарди. Шу алфозда бир йил ўтиб, ўғил кўрдик. Энди Ўабибанинг тили узун бўлиб, босар-тусарни билмай қолди. Имкониятим даражасидан ортиқ талаблар қўя бошлади.
Ота-онамнинг хизматини доим қош қайирмай қиладиган биринчи хотиним эса менинг тинч ва тотув яшашимни истарди. Шу боис бўлса керак, кундошининг гапига қулоқ солишимни таъкидлаб жони ҳалак эди.
Ўабиба ўғлимга машина олиб берасиз деб туриб олди. Бошим қотди. Ўзим уч рўзғорни амал-тақал юргизиб турган бўлсам, қандай қилиб машина олиб бераман, десам жанжал чиқарди. Мажбуран узоқ йиллар ишлаб келган касбимдан воз кечдим. Иккита ташкилотга тунги қоровулликка ишга жойлашдим-да, машинам билан кундузи киракашлик қила бошладим. Аввалига ишим бароридан келмай, бироз қийналиб юрдим. Кейинроқ фаолиятим юришиб кетди. Бир ярим йил деганда ўртача ҳолатдаги машина сотиб олиб, уни Ўабибанинг номига хатлаб бердим.
Энди қулоғим тинчиса керак, деб ўйлаган эдим, қаёқда дейсиз? «Дом»да яшаш у кишининг «мавқе»ларига тўғри келмай қолибди. Шунинг жағи тинсин, оилам бузилиб кетмасин, деган андишаларимни Ўабиба муттасил суистеъмол қила бошлади. Тишимни-тишимга қўйиб, яна киракашликка киришдим. Қисқаси уч йил умрим ҳовли-жой учун пул тўплашга кетди. Кўримсизроқ бўлса-да, шаҳар чеккароғидан битта «участка» сотиб олдим. Уни ҳам Ўабибанинг номига расмийлаштириб бердим.
Мен болаларим ва Ўабиба учун қанчалик елиб-югурмай, барибир унинг нафси ҳакалак отишдан тўхтамади. Биринчи хотиним орага совуқчилик тушмаслиги учун ҳамма нарсага тайёрлигини айтар, ота-онамни оқ ювиб, оқ тарашдан қолмасди. Ўабиба билан турмуш қурганимиздан бери у лоақал бир марта қайнона-қайнотасининг хизматини қилмади. Шундай бўлсада, мен болаларимни ўйлаб, муросаю мадора қилиб яшашимга тўғри келар эди.
Биринчи хотинимнинг мўмин-қобил, сермулоҳаза аёллигига тан бермай иложим йўқ. Умримнинг асосий қисми Ўабиба билан ўтаётганидан ич-ичимдан афсусланардим. Бир куни, «бўлди тамом, сабр косам тўлди, энди кундошинг билан яшамайман, сен билан тураман», деб Ўабибаникига бормайдиган бўлдим. Икки-уч кун тинч яшадим. Бироқ бир куни Ўабиба уйимизга бостириб келди. Кечирасизу, назаримда ўша куни оиламизда «қиёмат-қойим» бўлди.
У ўзбек тилида мавжуд бўлмаган ҳақоратомуз сўзлар билан мени ҳам, хотиниму ота-онамни ҳам роса олиб бориб, олиб келди. Қўни-қўшни, элу-юрт олдида юзимизни шувут қилди. Биринчи хотинимни гўрдан олиб, гўрга солгани етмагандек, бечорани роса калтаклади. Бет-қўлини юмдалаб, қонга ботирди.
Гўёки у мени Ўабибанинг олдига қўймаётган эмиш. Ота-онам ва мен қанчалик уринмайлик, уни асло тўхтатиб қололмадик. Шундан кейин қўни-қўшнилар олдида бош кўтариб юролмай қолдим. Яна икки боламнинг тақдирини ўйлаб, ўша куни Ўабибанинг олдига қайтишимга тўғри келди. Ахир нима ҳам қила олардим, яхшими-ёмонми, барибир хотиним, болаларимнинг онаси бўлгани учун муроса қилишга мажбур эдим-да. Худога оҳу-нола қилавериб, ўн уч йилда зўрға етишганим — зурриёдларимнинг тирик етим бўлиб қолишини сира-сира истамасдим.
Манзилга етиб келиб тўхтаганимиздан бир соатдан ошган бўлса-да, киракаш ҳайдовчининг ҳикояси тугамаётган эди. У яна бир дам ўйга толди-да, ҳикоясини давом эттирди:
— Ука, қўшхотинлик шароитида кечаётган ҳаётимнинг атиги бир куни билан танишдингиз, холос. Агар унинг ғам-алам билан кечаётган барча дақиқаларини ҳикоя қилиб берсам, бутун бошли роман ёзишингизга тўғри келади. Лекин ҳаётда юз берадиган айрим нарсалар борки, уларни ҳаммага ҳам бирдек айтиб беролмайсан, киши. Мен-ку, фарзандим йўқлиги, дунёда зурриёдсиз ўтиб кетмаслик, ота-онам ва хотинимнинг кўнгли учунгина устига хотин олишга мажбур бўлдим. Агар қўшхотинлик ортидан шунча изтироб чекишимни билганимда эди, асло бундай йўл тутмаган, бепушт деган тавқи лаънатни бир умр елкамда кўтариб юришга рози эдим.
Лекин шундай одамларни биламанки, улар тўқликка шўхлик, кўнгил майли ва бошқа арзимас сабабларга кўра қўшхотинли бўлиб олишади. Бироқ, бу билан нимага эришадилар, сира ақлим етмайди, лолу ҳайрон қоламан. Ахир кундошли оилада кун кўрмас бўлиб яшаётган болалар тақдири, келажаги қандай кечади? Қолаверса, кундошлар ўртасидаги низолар-тортишувлар оқибатида таранг тортилган асаб толалари бир кун келиб узилмаслигига ким кафолат бера олади? Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган минг карра енгил кечмайдими?
Ёзинг ука, мана шуларни очиқ-ойдин ёзинг! Қўшхотинлик бир бало, унга барҳам бериш керак, — деб киракаш ҳайдовчи чуқур тин олди. Мана шунақа гаплар дегандек, ҳақини ҳам олмай, машинасини тезда юргизиб кетди.
Мени эса турфа ўй-хаёллар ўз гирдобига торта бошлади.
Мана, азиз замондош қўшхотинлик хусусида зикр этилган фикрлар билан қисқача бўлсада танишиб чиқдингиз. Бу борадаги холисона муносабатингизни кутиб қоламиз.
РАҲМОН ҚОДИР
Силам раҳм умрни узайтиради
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
- Чиққан санаси: 27 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ та-оло ризқини кенг қилиши ва ажалини кечикти-риши кимни қувонтирса, у силаи раҳм қилсин” (Бухорий ва Термизий).
Силаи раҳм дейилганида, кариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш тушунила-ди. Соддароқ ифодаласак, қавм-қариндош, ёру биродарлар билан ўзаро борди-келдини узиб қўймаслик, доимо қондошлар, айниқса, улар орасидаги бетоблари ва ҳожатмандлари ҳолидан хабар олиш, қўлдан келганича уларнинг оғирини енгил қилиш каби улуғ инсоний фазилатларга силаи раҳм дейилади.
Мўътабар ақида китобларимизда, жумла-дан, “Ақоиди Насафий”да бундай дейилади: “Ажал биттадир”.
Шундай экан, умрии узайтиришни қаидай тушуииш керак?
Баъзи уламолар бундай жавоб берганлар:
Амалларда баракот ва тавфик ҳосил бўлиши умрнинг бекорга ўтмаслигидир. Бу худди унинг узайганига ўхшайди”.
Баъзи уламолар, силаи раҳм ўлганидан кейин яхшилик билан ёдланишига сабабдир, бу умрнинг маънан узайишидир, дейишган.
Баъзи ҳадис олимларига кўра, ажалнинг ке-чикиши дейилганида умрнинг ортиши эмас, балки Аллоҳ силаи раҳм қилувчининг нас-лидан хайрли зурриёт чиқариши тушунила-ди. Абу Дардодан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида “Ким силаи раҳм қилса, ажали кечиктирилади”, дейилганида, у зот бундай марҳамат қилдилар: “Умр узаймайди. Аллоҳ таоло: “Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар” (Аъроф, 34), дея огоҳлантирган. Аммо киши силаи раҳм қилса, унинг ортидан дуо қиладиган хайрли зурриёти бўлади” (Табароний ривояти).
Бу масалага Ибн Ҳажар Асқалоний бундай шарҳ келтирган: “Умрнинг узайиши дейилса, бандани тоатга йўллаш ва охират учун фой-дали амалларни бажаришга иштиёқ бериш, вақтини бекорга ўтказишдан сақлаш орқали умрини баракотли қилиб қўйиш тушунилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) умматлари-нинг умри бошқа умматларга нисбатан жуда қисқалигини айтиб, дуо қилганларида, Қадр кечаси берилган. Зеро, ким ушбу кечага ети-шиб, уни тоат-ибодат билан ўтказса, саксон уч йил ибодат қилганнинг савобини олиши ҳақида ҳадислар бор.
Хуллас, силаи раҳм тоатнинг ортиши ва гуноҳларнинг камайишига сабабдир, у орқали банда ўзидан яхши хотира қолдиради ва худди ўлмагандек бандага савоб ёзилиб тураве-ради. Мўминга асқотадиган нарсалар ичида ўзидан кейин фойдаланиладиган илм, садақаи жория ва солиҳ фарзанд ҳам бор”.
“Кутуби ситта ” асосида Содиқ НОСИР тайёрлади.
Етимнинг уволи
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
- Чиққан санаси: 24 Август 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Алишер деб ҳавас билан ном қўйган экан менга раҳматли энажоним. «Болам шоир бўлсин Навоийдек» деб. Калтабинлик, жаҳолат туфайли ота-онамнинг тақдирлари айро тушди. Улар арзимас жанжаллар сабаб ажралиб кетишди. Мен энам ва бобомнинг қўлида қолдим. Онам эрга тегди, отам хотин олди. Бобом ва энам бечора нима бўлса ҳам «Қизимиз тинчиб кетсин» деб, тоғаларим ва келинаяларимнинг дашномлари остида мен тирик етимни қон ютиб катта қилишди.
Афсус мени «Энажон сиз ўлманг, сиз ўлсангиз мен ҳам ўлиб қоламан», дея қилган гўдакларча нолаларим Аллоҳга етиб бормади. 6-синфда ўқиётганимда энам билан бобомни Худо менга кўп кўрди. Олдин бобом, кейин энам, бирин-кетин вафот этишди.
Энамнинг таъзиясига келган отамнинг кўзига дастёр бўлиб қолгандек кўриндим шекилли, мени ўз қишлоғига олиб кетди. Аммо ўгай онам… Эртаклардаги Зумрад, Золушкалар ҳақиқат, аммо ҳаётда сеҳргар кампирлар йўқ экан…
11-синфгача бир илож қилиб ўқидим, қўлларим қавариб меҳнат қилсам-да, ўқийвердим. Кечалари ўзимча шеърлар ёздиму, аммо ҳеч кимга кўрсатмадим. Қанчалар оғир бўлмасин, ўгай онамнинг дашномларига чидадим. Аммо бир куни…
— Отажон!!! — деб бақиргандим қўрқувдан ўшанда. Ўгай онамнинг арзимаган баҳоналар билан чиқарган навбатдаги жанжалидан сўнг, аччиқ қилган отам:
— Шуни ўлдирсам, қутуламанми?! Биратўла мендан ҳам, ундан ҳам қутулгин! — дея ёввойиларча бақириб, эс-ҳушини йўқотиб устимга бензин сочиб юборди. Гугурт чақишга ҳам улгурди. Тирик алангага айланиб, жон ҳолатда додлаганча ҳовли бўйлаб югурардим. Жон алфозда ўзимни кўчага урдим. Бахтимга қўшнилар туришган экан. Дарров мени кигизга ўрашиб, ўтни ўчиришди. Хайриятки, оёқларим кўйган эди, холос.
Кўп ўтмай отамнинг устидан жиноий иш очиладиган бўлди. Мен даъвогар бўлишни рад қилдим. «Отамни яхши кўраман, у шунга мажбур бўлди… Жаҳл устида…» дедим, «Бундай ваҳший отани қамаш керак» деганларга. Ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолди. Аммо отамни ишидан бўшатишди.
Шундан сўнг ўгай ота эшигини қоқишимга тўғри келди. Балоғат ёшига етиб, мўйлаблари сабза уриб қолган мендек бир ўспиринга бу хонадонда яшаш азоб эди. Ўгай отам томонидан онамга берилаётган ҳар бир дакки, ўгай укаларимга айтилаётган ҳар бир аччиқ гап наштардай юрагимга санчиларди. Онамнинг рўзғори мен сабаб бўлиб бузилмасин деб, у ҳовлидан ҳам кетиб қолдим. Қариндошларим уйидан макон топдим, аммо ўз ота-онасининг уйига сиғмаган инсон бировларникига ҳам сиғмас экан…
Хайриятки, шоир айтгандай «дунё холи эмас, ақли расо, қалби тозалардин…» Дарбадар юрган мендек бир йигитни холамнинг қишлоқдошлари ўз паноҳига олишди. «Хола онадек меҳрибон бўлади» деб бежизга айтишмас экан. Холам мени онамдан-да кўпроқ яхши кўрарди. Аммо поччам… мени кўрганда музлаб, кўкариб қоларди. Бир куни эр-хотин мени деб қаттиқ жанжаллашиб қолишди. Иззатим тугади деб астагина кетмоқчи бўлиб тургандим, холам қўлларимдан етаклаб қишлоқ оқсоқолининг ёнига олиб борди. Йиғлаб-сиқтаб ёрдам сўради: «Бир тирик етимнинг уволига қолмайлик!» деб. Шундан сўнг оқсоқол ва қишлоқ одамлари мени ўз паноҳига олишди. Қишлоқда икки хонадан иборат, кўримсизгина чойхона бор эди. Мен шу чойхонада яшаб, ишлай бошладим. Одамлар кўрсатган бу меҳр-мурувватдан бошим осмонга етди. Чойхонада яшаш билан бирга тозалигини ўз зиммамга олдим. Буюртмага кўра овқат пиширишни ўргандим. Чойхонанинг тўрт сотихли ерида деҳқончилик қилиб, қишга емиш ғамладим. Нимайики юмуш бўлса ҳамма-ҳаммасини юракдан чиқариб бажардим. Менинг қисматим билан на отам, на онам қизиқди. Фақатгина холам шўрлик аҳён-аҳёнда эрига билдирмай, рўзғоридан орттирганини яширинча фарзандларидан бериб юборарди. Менинг энди меҳрибонларим, дўстларим, ғамхўрларим бор эди. Аммо, қалбимнинг кемтигини тўлдирадиган ўзгача меҳр даркор эди менга…
Йигирма ёшга киргунча ҳам ҳузур-ҳаловат кўрмаган, она меҳрига тўйиб, ота тарбиясини олмаган, оила деган иссиқ бағирнинг нималигини билмаган, мендек йигитнинг кемтик тақдири учун кимни айблашим керак? Ўз ҳузуридан кечмаган онамними, қаҳри қаттиқ отамними, оқибатсиз тоғаларимними? Балки айб ўзимдадир.
Менга яхши инсонлар ғамхўрлик кўрсатишди. Чойхонада беш йил яшадим. Бу гўша менга худди ўз уйимдек бўлиб қолганди. Йигирма бешга кирганимда қишлоқдошларимнинг яна бир мурувватлари эвазига уйландим. Уларнинг ўзлари бош-қош бўлишиб келин топишди. Ўамма топган-тутганини қўшиб, тўйимни ўтказишди. Қаерга уйлашди дейсизми, маҳалла чойхонасига-да! Олим фермер қишлоққа замонавий чойхона қурганидан кейин ҳамқишлоқларим эски чойхонани менга ватан қилиб беришди. Тўйдан олдин чиройли қилиб таъмирлашди. Ўозир оилам билан тинч-тотув яшаяпман. Иккита фарзандим бор. Қўлимдан келганича қишлоқ одамларининг иссиқ-совуғида қатнашаман. Чойхонада ош пиширавериб, уста ошпаз бўлиб кетганман. Олим фермер янги чойхонасига мени ошпаз қилиб ишга олган. Ўамқишлоқларимнинг бири отам, бири онам, қолганлари эса жагарларимдир. Хуллас мен етимман, мен ёлғизман демасам ҳам бўлади. Аммо сўйлаганда бутун дунёнинг тили куядиган менинг қисматдошларим, ҳаётимизнинг, бугунги кунимизнинг бундай оғриқли яралари яна қанча экан? Бу яраларга одамлар қанчалик яхшилик малҳамини қўймасинлар, бу яралар таг-тагидан зирқираб оғрийверади, оғрийверади.
Алишер Давронов
Еще статьи...
Бўлимчалар
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 149 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар