1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Набий (с.а.в.) ва болалар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алини ўпдилар. У зотнинг ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Тамимий ўтирган эди. Шунда Ақраъ: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ҳам ўпмаганман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир қарадилар ва: «Ким раҳм қилмаса, унга раҳм қилинмайди», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Шаддод ибн Ҳод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шом ва хуфтон намозларидан бирида олдимизга чиқдилар. У зот Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтариб олган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтдилар ва уни ерга қўйдилар. Сўнг намозга такбир айтдилар. Намоздаги саждалардан бирида саждани чўзиб юбордилар. Мен бошимни кўтардим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилган ҳолларида, бола эса, у зотнинг орқаларига чиқиб олибди. Саждамга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатганларида одамлар: «Эй Расулаллоҳ! Сиз намоздаги саждалардан бирини чўзиб юбордингиз, ҳатто биз бирор иш бўлдими ёки сизга ваҳий қилиняптими, деб ўйладик», дейишди. «Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Лекин ўғлим мени улов қилиб олди. То у ўзи тушмагунича шошилтиришни ёқтирмадим», дедилар» (Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган).
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилаётган эдилар. Бирдан эгниларига қизил кўйлак кийган Ҳасан ва Ҳусайн алайҳимассалом қоқилиб-йиқилиб кела бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбардан тушиб, икковини кўтариб олиб, олдиларга қўйдилар ва: «Аллоҳ тўғри айтади: «Албатта, молларингиз ва болаларингиз фитнадир». Бу икки гўдакка назар солсам, қоқилиб-йиқилиб келишяпти, сабр қилолмай гапимни бўлиб, икковини кўтариб олдим», дедилар» (Имом Термизий, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган).
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ва Ҳасан ибн Алини олиб икки сонлари устига ўтқазар ва: «Аллоҳим, иккисини яхши кўраман. Албатта, иккисини яхши кўраман», дер эдилар» (Имом Бухорий ривояти).
 Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Зайнаб билан куёвлари Абу Осснинг қизи Умомани елкаларида кўтариб намоз ўқир эдилар. Қачон турсалар, уни кўтарар ва сажда қилсалар, қўяр эдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қўғирчоқ ўйнар эдим. Дугоналарим келишар, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиниб, тўхтаб қолишар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни мен томон йўллаб қўяр эдилар. Сўнг улар мен билан ўйнашар эди» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ёки Хайбар урушидан қайтиб келдилар. Уйнинг токчасида парда бор эди. Шамол турди ва парданинг бир тарафини кўтариб, Оишанинг қўғирчоқларини очиб юборди. Шунда у зот: «Бу нима, эй Оиша?» дедилар. «Қўғирчоқларим», дедим. Уларнинг орасида қуроқдан қилинган икки қанотли отни кўрдилар ва: «Уларнинг орасида кўраётганим мана бу нарса нима?» дедилар. «От», дедим. «Унинг устидаги мана бу нарса нима?» дедилар. «Иккита қаноти», дедим. «Отнинг иккита қаноти бўладими?» дедилар. «Сулаймоннинг қанотли отлари бўлгани ҳақида эшитмаганмисиз?» деди. Шунда у зот кулдилар ва мен ҳатто озиқ тишларини кўрдим» (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан пешин намозини ўқидим. Сўнгра у зот ўз аҳлларига чиқдилар. Мен ҳам бирга чиқдим. У зотни болакайлар қаршилаб чиқишди. Шунда у зот бирма-бир уларнинг юзларини силай бошладилар. Менинг ҳам юзимни силадилар. Қўлларида совуқликни ва атторнинг халтасидан чиққан қўлда бўладиган хушбўйликни топдим» (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Менга сира «уф» демадилар. Бир ишни қилмаган бўлсам, «Нега қилмадинг?» демадилар. Бир ишни қилган бўлсам, «Нега қилдинг?» демадилар» (Имом Муслим ривоят қилган).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Баъзи урушларда қатл қилинган аёл топилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни ва болаларни қатл қилишдан қайтардилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз», дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқлари билан ишора қилиб, орасини очиб кўрсатдилар» (Имом Бухорий ривояти).
 Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Шу икки қулоғим эшитган, шу икки кўзим кўрганки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) икки қўллари билан Ҳасан ёки Ҳусайн солаватуллоҳи алайҳимонинг қўлларидан маҳкам тутдилар. Боланинг оёғи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оёқлари устида турган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қани, чиқ, чиқ», дедилар. Бола оёқларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тиззаларига қўйиб кўтарилди ва кўкракларигача чиқди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оғзингни оч», дедилар ва уни ўпдилар. Кейин: «Аллоҳим, мен буни яхши кўраман, Сен ҳам уни яхши кўргин», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Жобир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг учта қизи бўлсаю, уларни жойласа, кифоясини қилса, раҳм-шафқат кўрсатса, ўша одамга жаннат албатта вожиб бўлади”, дедилар. Шунда қавмдан бир одам “Эй Аллоҳнинг Расули, агар иккита бўлса-чи?” деди. “Иккита бўлса ҳам”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Аллоҳ уларни оталарига ва болаларига яхшилик қилганлари учунгина “аброрлар” (яхшилар) деб номлаган. Худди ота-онангнинг сенда ҳаққи бўлганидек, болангнинг ҳам сенда ҳаққи бор” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Мусодан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Ўғлим туғилганида уни Набий соллаллоҳу алйҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У зот унга Иброҳим деб исм қўйдилар, хурмо билан танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “У киши болалар олдидан ўтди ҳамда уларга салом берди ва “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буларга шундай қилардилар”, деди” (Имом Бухорий ривояти).
Юсуф ибн Абдуллоҳ ибн Саломдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Юсуф деб номладилар, қучоқларига ўтқаздилар ва бошимни силадилар» (Имом Бухорий ривояти).
 Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси мусулмон бир етимни тарбиялаб, ўзи егани-ичганига шерик қилса, агар кечирилмас гуноҳи бўлмаса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мусулмонлардан қай бир кишининг учта фарзанди вафот этса, дўзахга тушмайди. Фақат қасамнинг ижроси учунгина тушириб-чиқарилади», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). 
Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз (болалар) билан аралашиб юрар эдилар. Ҳатто бир куни укамга: “Эй Абу Умайр, нима қилди нуғойр (чумчуқ)?” деганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бир аёл келди. Оиша унга учта хурмо берди. У ҳар боласига биттадан хурмо улашди. Ўзига бир дона хурмони олиб қолди. Икки бола хурмосини еб бўлиб, оналарига қарашди. Она қолган хурмони иккига бўлиб, ҳар бир боласига яримтадан хурмо берди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар. Оиша бўлган ишни айтди. У зот: “Бунинг нимаси сени ажаблантирди? Икки боласига раҳм қилгани учун ўша аёлга Аллоҳ ҳам раҳм қилди”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳозир сайтимизда 747 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ