1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Мунажжим башорати”га кимлар ишонади?

"Кийимларнинг очиқ ва тарангини танланг. Севги можаролари билан банд бўлишингиз мумкин". Бу радио орқали берилаётган "мунажжимлар башорати"дан парча. Муҳтарам мунажжимлар мазкур сўзлари билан нимани тарғиб қилаётганлари таҳлилини бироз кейинга қўйиб турайлик-да, аввало, ҳозирда алоҳида илм сифатида эътироф этилаётган бу соҳанинг аслида қанчалик тўғри ёки нотўғри эканига эътибор қаратайлик.

Мунажжимлар башоратини ўқимайдиган одам кам топиладигандек. Ҳозир орамизда мунажжимлар башорати дея аталаётган, тақдирларни олдиндан айтиб бериш вазифаси бўлган бир "илм" пайдо бўлган. Унинг ҳаётимизда қанчалик чуқур илдиз отиб улгургани юқоридаги мисолдан кўриниб турибди.

Мунажжимлар башоратини кундалик ҳаётида йўриқномага айлантириб олганлар ҳам йўқ эмас. Шундайлардан бирини биламан. Ўзи олий ўқув даргоҳида ишлайдиган аёл. Бир куни у, газеталардаги юлдузлар таъбири ҳар доим ҳаётимда айтилганидек рўй беради, деб қолди. Ачинарлиси, у ўзини зиёли деб билади. Касби ўқитувчилик...

Бугунги кунда айрим газеталаримизнинг сўнгги саҳифаларини босиб кетган «мунажжимлар башорати» қанчалик ҳақиқатга яқин? Уни кимлар тузади? Бу таъбирларнинг шунчалик омма эътиборига тушишининг сабаби нимада?

Ана шундай саволларга жавоб топиш мақсадида ўтказилган кўплаб тадқиқотлар буржларда тақдирни олдиндан айтиб бериш қобилияти йўқ эканини кўрсатмоқда. Ғарбда чиқаётган илмий мақолаларда нафақат бурж, умуман, илми нужум - астрологиянинг чинлиги буткул шубҳа остига олинаётир.

Маълумки, илми нужум, қадимги Римда жуда машҳур бўлган. Коперник томонидан дунёнинг гелиотсентрик система (Қуёшнинг марказ бўлиб, барча сайёралар унинг атрофида айланиши) назарияси кашф этилгач, бу соҳага қизиқиш хийла сусайган. Лекин инсониятнинг астрологияга қизиқиши ХХ асрнинг 2-ярмидан бошлаб яна ортиб борди. Бугунги кунда гороскоп - жадвал тузиб, бизнес қилиш бутун дунёда кенг тар­қалган.

Сўровномаларнинг кўрсатишича, британияликларнинг қарийб 90 фоизи мунажжимлар ва фолбинларнинг башоратларига муайян даражада ишонар экан (50 йил олдин бу кўрсаткич 13 фоиз бўлган, холос). Туманли Албионнинг 80 фоиз аҳолиси ўз мучалга оид маълумотларни муттасил ўқиб боради. 60 фоизи эса унга амал қилади.

Юртимизда ҳам мунажжимларнинг мухлислари талайгина. Ҳар уч одамнинг биттаси, қўлига газета олди, дегунча, ўз буржини ўқишга тутинади. Айниқса, бу ҳолат аёллар орасида юқори.

Тақдирни олдиндан билиш жозибаси азалдан инсониятни ўзига мафтун қилиб келган ва бу қизиқиш бугунги технологик тараққиёт ривожланган замонда ҳам асло сусаймаяпти.

Ўтган асрда австралиялик доктор Жеффри Дин (унинг ўзи бир пайтлар илми нужум билан шуғулланган) ва канадалик психолог Иван Келли тадқиқот ўтказиб, илми нужум соҳибларининг башоратлари мутлақо ёлғондан иборат эканини эълон қилишди.

1958 йили бир вақтда (орада бир неча дақиқа фарқ бўлиши мумкин) туғилган икки минг чақалоқ алоҳида ҳисобга олинди. Илми нужум қоидаларига кўра, юлдузлар бу чақалоқларга бир-бирига ўхшаш тақдирлар лозим кўриши керак эди. Олимлар йиллар мобайнида ана шу икки минг гўдакнинг улғайиши, уларнинг феъл-атвори, касб-кори, оилавий аҳволи, асаби, математика иқтидори, ижодий қобилияти ва бошқаларни ўрганиб боришди. Бироқ бу гуруҳдагиларнинг барчасига дахлдор бўлган бирор-бир умумий хусусият юз кўрсатмади. Феъл-атворлар ҳам, тақдиру руҳий ҳолат, ташқи таъсирга мойилликлар ҳам турличалиги кузатилди.

Олимлар турли вақтларда ҳар хил илмий муассасалар томонидан ўтказилган қирқдан ортиқ холис тадқиқотлар натижаларини ҳам келтириб, илми нужум башоратларини шубҳа остига қўйишди.

Доктор Дин "Санди Телеграф" газетасидаги мақоласида: "Астрологларнинг фаолияти аниқ принтсиплардан холи, уларда башорат қилишнинг онг­ли равишда қабул қилиш мумкин бўлган механизми йўқ, астрологияга оид китобларда булар ҳақида бирор-бир сўз айтилмаган. Бу китобларнинг ўзи эса алдовга йўғрилган машқлар, холос", деб ёзади.

Гринвич университети профессори Ш.Янг астрологларнинг "ўжар"лиги сабабларини моддий манфаат билан боғлайди. Унинг талқинича, бугунги астрология - жуда катта халқа­ро бизнес, унда минглаб одамлар иштирок этади. Газеталар, журналлар, веб-сайтлар, одамлар бу соҳадан миллионлаб доллар ишламоқда.

Шунингдек, Россия об-ҳавони ўрганиш марказининг сайёралар ҳаракати ва гелиогеофизикавий текширувлар лабораторияси мудири Николай Сидоренко бундай дейди: "Маълумки, Қуёш кузда осмон экваторини кесиб ўтади ва бу нуқта куз тенгкунлиги деб аталади. Астрологлар (мунажжимлар) эса уни бурж белгисига кўра "Тарози" деб аташган. Лекин гап шундаки, тенгкунлик белгиси, Қуёшнинг туғилиши ва бурж белгилари бундан икки минг бир юз йил муқаддам астрология гуллаб-яшнаган Вавилон ва қадим Юнонистонда амалга киритилган эди. Қуёшнинг бурж юлдузларига нисбатан ўрни алмашиб тургани учун бу йил Қуёш Тарози юлдузлар туркумига "одатдагидан" бир ой кеч кирди. У асл ўрнига қайтиб бориши учун яна 25700 йил керак бўлади. Эски мунажжимлар айнан мана шу "кечикиш"дан бехабар бўлишган. Ҳозиргилари буни билсалар-да, ҳамон эскича "ҳисоб-китоб" қилган мунажжимлар башоратидан фойдаланишмоқда".

Яна бир россиялик назариётчи-физик, академик, Нобел мукофоти соҳиби Виталий Гинз­бургнинг бу ҳақдаги фикри билан танишинг. У "Аргументы и факты" мухбири билан бўлган суҳбатда шундай дейди: "Астрология ғирт бемаънилик, фанни шунчаки инкор этишнинг ўзгинасидир. У нимани таъкидлайди? Гўёки, одамнинг туғилиш пайтида юлдузлар ва сайёралар унинг келажакдаги бутун тақдирини белгилар эмиш. Ўтмиш аждодларимизнинг астрология билан шуғулланганларини тушунса бўлади. Илгари одамлар сайёралар ҳаракатини билишмас эди. Тўрт юз йил муқаддам фалакиётчи Иоҳанн Кеплер гороскоп тузиб, пул ишлаган. Лекин шундан буён фан олдинга улкан қадамлар ташлаб, сайёра ва юлдузлар тақдирга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмаслигини аллақачон исботлаган".

Динда ҳам тақдирни олдиндан башорат қилиш қаттиқ қораланади. Фолбинлик қилиш, юлдузларга қараб инсон ҳаётини таъбир қилиш гуноҳи кабира ҳисобланади.

Умуман, исломда илми нужумни ўрганиш тақиқланмаган. Уламолар бу илмни иккига бўлишган. Биринчиси, ҳисоб-китоб илми. Бинобарин, Қуръо­ни Карим ой ва қуёшнинг сайр қилиши ҳисобли эканидан хабар беради. Аждодларимиз қуруқлик ва денгизда йўл топиш, намоз, рўза, ҳаж каби ибодатлар вақтини аниқлаш, деҳқончилик ишларини ташкил этиш учун юлдузлар илмидан фойдаланишган.

Илми нужумнинг иккинчи қисми эса, улуғ аллома Имом Ғаззолийнинг фикрига кўра, ҳукмлар илмидир. Илмнинг ушбу тури шариатимизда тақиқланган.

Умар ибн Хаттоб (р.а.): "Қуруқлик ва денгизда йўл топадиган миқдорда юлдузлар илмини ўрганинг, сўнг қолганидан ўзингизни тийинг", деганлар.

Хуллас, динимиз ҳам, бугунги замонавий илм ҳам мунажжимлар башоратининг мутлақо ёлғондан иборат эканини таъкидлайди. Биздаги газеталарнинг аксарияти "башоратлар"ни ўзлари тузишлари ҳам сир эмас. Муштарийларни ҳурмат қиладиган айрим оммавий ахборот воситалари маълумотларни интернетдан, русча манбалардан таржима қилишади. Лекин бу икки фаолият орасидаги фарқ унчалик ҳам кўп эмас. Ҳар иккисида ҳам башоратларнинг йўқ жойдан тўқилиши ҳақиқатга яқинроқ.

Энди юқорида келтирилган мисолимизга озгина тўхталиб ўтсак. Унда мунажжим бир бурж вакиласига қандай кийиниш кераклиги ҳақида маслаҳат беряпти. Эътибор қилинг:

"Кийимларнинг очиқ ва тарангини танланг. Севги можаролари билан банд бўлишингиз мумкин".

Таъбирчи бу башорат билан қизларни нимага ундаяпти? Юлдузлар бераётган "хабар" уларни ахлоқан тубанлик, ҳаёсизлик сари бошламаяптими? Наҳотки, биз инсон бўлатуриб, ўз ақлимизга, Худо берган фаросатимизга эга бўлиб, қаэрдаги бир жонсиз жисмларга ишонишимиз керак? Агар юлдузлар таъбирида қандайдир илоҳийлик бор деб айтадиган бўлсак, бу даъвонинг ҳам но­тўғри эканлигини юқорида кўрмадикми?

Хўш, Сиз бунга нима дейсиз?

Беҳзод Мамадиев

Ҳозир сайтимизда 832 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ