Сайт бўлимлари
Зулмат салтанати
- Подробности
- Бўлим: Муаммолар
- Чиққан санаси: 28 Январь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Бу салтанат бошқа сайёрада жойлашмаган, эртаклардаги хаёл маҳсули ҳам эмас. Бу салтанат сиз билан биз яшаётган она Ер куррасида. Бу салтанатнинг ўз султонлари, ўз қироллари, ўз баронлари ва фуқаролари бор. Бу зулмат салтанати йигирманчи асрда кучга кириб, Ер куррасини мўр-малахдай босди. Фашизм, коммунизм сингари тузумлар йўқ бўлди. Бу салтанат эса сиёсий зилзилалардан фойдаланиб, куч олаверди. Фуқаролари сони тобора ошаверди ва афсусларким, ҳануз ошиб бормоқда. Султонлари ва қиролллари эса ер юзидаги энг бой одамларга айланишмоқда. Мазкур салтанат киши кўзига дастлаб зулмат бўлиб кўринмайди, аксинча, сеҳрли туюлган домига тобора кўплаб ёшларни тортаверади. Ҳа, бу лаънати салтанатнинг сирти кўзни олар даражада жилва қилади. Салтанат чегараси босиб ўтилгани ҳамон эса одам ўзини зулмат қучоғида кўради, ўлим тўрлари оёқларига чирмаша бошласа-да, ўзини жилва ҳукмига топшириб, кулфат сари бораётганини англамайди. Бу зулмат тўрлари ёш вужудни шу даражада чирмаб ташлайди-ки, ундан қутулиш оғир, жуда-жуда машаққатли бўлади.
Биз мажозий маънода “зулмат салтанати” деб атадик. Халқ эса оддийгина қилиб буни “гиёвандлик” дейди.
Фарзанд туғилганида нақадар қувонамиз. Тетапоя қилаётган гўдак йиқилса юрагимиз қинидан чиқиб кетай дейди. Фарзандимизнинг оёғига зирапча кириб, йиғласа, бу зирапча гўё қалбимизга санчилгандай бўлиб, зириллатади. Умид билан ўстирамиз фарзандларимизни. Кўзга кўрингувчи барча фалокатлардан асрашга уринамиз. Аммо боши узра зулмат салтанатининг ўлим ёмғири ёғдирувчи аянчли булутлари сузиб юрганини ўйламаймиз. Бу булут лоқайд ота-оналарнинг фарзандларини таъқиб этади. Авваллари совчилар куёв боланинг маълумоти, ароқ ичиши ёки ичмаслиги билан қизиқардилар. Ҳозир “қуруғидан тортмайдими?”, “нашаванд (ёки гиёванд) эмасми?” деган ҳавотир билан суриштирадилар. Ўғлининг бу иллатга чалиниб қолганини билган ота-оналар “уйланганидан кейин яхши бўлиб кетади”, деган умидда ҳақиқатни яширадилар. Оқибатда эса... ёш оила кўп ўтмай бузилиб кетади.
Хўш, гиёвандлик нима ўзи? Тиббий касалликми ё ижтимоий хасталикми? Унинг чеку чегараси мавжудми, унга қарши восита борми?
Йигирманчи асрда кун тартибига қўйилган бу саволлар то ҳануз ўз аҳамиятини йўқотмаган, чунки олам бу саволларга аниқ ва тўғри жавоб ололгани йўқ.
Гиёвандлик тиббий касаллик бўлмаса-да, уни тиббий жиҳатдан даволашга уринишлар бор. Гиёвандлик маълум бир ижтимоий тузум келтириб чиқарган хасталик ҳам дея олмаймиз. Чунки бу хасталик барча жамиятларда илдиз отган. Шу боис бу касалликни ижтимоий муаммолар қаторида даволашга интилиш бор. Бизнингча, хасталикни келтириб чиқарувчи омилларни маънавий тарбия соҳасидаги ожизликдан излаш керак. Бу жараёнда ёш йигит ёки қизнинг иродаси заифлигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик зарур.
Гиёвандлик – ўлим ва ҳаёт орасидаги кўз илғамас чегарадир. Яхши тарбия кўрмаган одамнинг бу чегарани бузиб ўтиши эса қийин эмас. Аммо... ортга қайтмоқ мушкул. Иродаси заиф одам учун ғоятда қийин.
Бу салтанат сари қўйилган биринчи қадам... Ёшлар давра қурганларида улар орасида бир-икки нашаванд бўлса кифоя. “Битта тортиб кўрсам ҳеч нима қилмайди”, деган фикр ўлим жари сари дастлабки қадамни ташлашга ундайди. Баъзан “битта тортиб кўришдан” бўйин товлаган болани қўрқоқликда айблашади ва у мардлигини исбот қилиш учун нашани чекади. Боланинг умрини хазон қилиш учун ана шу “битта тортиб кўриш” кифоя. Эртага ҳумори тутади. Сўнг ўзи излай бошлайди. Давраларда ҳозир наша ўрнига қорадори кукунини ҳидлаш одат бўлган. Ҳар холда нашанинг тутуни ва ҳиди ошкор қилиб қўйиши эҳтимоли бор, кукундан эса пинҳона равишда, истаган жойда ва истаган вақтда роҳатланавериши мумкин.
Аёллар қамоқхонасидаги учрашувимизда бир синглимизнинг ўтмишини афсус билан тилга олган эди: “Наша чекишни болаларча ҳавас деб ўйлардим. Бир-икки чекиш зарарсиз, деб ўйлардим. Бир-икки чеккандан сўнг эса ўзимни тўхтата олмай қолдим. Йигирма ёшимда нашанинг кайфи етарли бўлмай, қорадорига ўтдим. Оқибатда болам туғилди-ю кўп яшамади. Эрим ҳам ўзимга ўхшаган гиёванд эди. Аввалига у дори топиш илинжида ўғирлик қилиб, қамалиб кетди. Мен ҳамма нарсадан жудо бўлдим. Дунё кўзимга қоронғу бўлиб кўринди. Дори топиш учун мен ҳам ўғирлик қилдим. Илгари мени сархуш қилган кайфдан энди нафратланаман”.
Бу афсус, бу нафрат кучи қанча экан? Қамоқдан чиқиб келиб, остона ҳатлаши билан эридан “дори борми?” деб сўради. Дори бор эди. Нафрат ҳам, афсус ҳам чекинди. Кўп ўтмай у яна озодликдан маҳрум этилди. Яна афсус...
Унинг ёнидаги ёш жувон ҳам афсусини яширмайди. Нима учун қамалгани сўралса “дори ўғирлаётган эдим”, дейди. Қандай дори? Бирон оғир хастанинг дардига даво излаган эдими? Ҳа, оғир хастанинг... Оғир хаста – унинг ўзи! “Дори” эса – гиёванд модда. Унинг номлари ҳам, турлари ҳам кўп. Бу жувонни бундай пасткашликка нима даъват этди? Ўн саккиз ёшида Термиз шаҳридан пойтахтга келиб ўқишга кирганида орзулари бўлакча эди. Икки йил аъло ўқиди. Баҳорда дўсту дугоналари билан тоғ сайрига чиқди. Наша чекиш қандай бўлишини ўшанда билди. Ана шу бир неча дақиқалик қизиқиш, шу қизиқиш олдида ўзини жиловлай олмаслик, иродасизлик уни тубсиз жарга қулатди. Ўқишни ташлаб, турмушга чиқди. Ҳомиладор бўлди. Аммо тўққиз ойлик орзуси кафанга бурканди – боласи ўлик туғилди.
Кимдир ўлик бола туғади. Кимдир эса оналик ҳуқуқидан маҳрум этилади. “Оналик ҳуқуқи” деб аталмиш улуғ унвондан, бебаҳо шарафдан маҳрум этилмоқлик... нақадар даҳшат! Бу даҳшат балки ёшлик йиллари унча сезилмас, аммо элликни қоралаган аёлнинг фарзандларидан тирик ҳолда ажралиши оқибати тортаётган азобларига ўзимиз гувоҳ бўлдик. Тўрт марта қамалган бу аёл ҳам афсусланади. Наша чека бошлаган ўн етти ёшли дамларини лаънат билан эслайди. Ўзини оғир ва бедаво хаста деб ҳисоблайди. Суяклари зир-зир қақшайди. Устига устак вос-вос касалига ҳам йўлиққан. Турли шарпалар уни ҳамиша таъқиб этади. Ҳукм адоғига етиб, қамоқдан чиққач уни ким бағрига олади? Ким унга меҳр кўргазади? “Онадан меҳр кўрмай ўсган, болалик чоқларидаёқ онадан тириклайин жудо бўлган фарзандлар унга меҳр беради”, деб ким ишонч билан айта олади?
Тиббий кузатишлар шуни кўрсатади-ки, гиёвандлик чегарасини бузиб ўтиш фақат “ёшлик-бебошлик” оқибати эмас. Баъзан ён-атрофдаги одамларнинг нотўғри маслаҳатлари ҳам бу йўлга ундаб қўяди. Бир аёл фарзанд кўргач, икки оёғи шол бўлиб қолади. Қўшнисининг маслаҳати билан шифо умидида кўкнори эзиб ичаверади. Халқ орасида кўкнори шифо сифатида тилга олинади. Аммо бу ҳақда “Ози - тарёб, кўпи – заҳри мор” деган мақол ҳам мавжуд. Яъни, ҳар қандай дорининг ози шифо беради, аммо кўпи илон заҳри каби ўлимга рўбарў қилади. Шифонинг бундай тури ўзбошимчалик билан амалга оширилмайди, ўтмишда ҳам табиблар кузатувида меёрда берилган.
Қорақалпоғистонлик бир жувон қизлик маҳали хасталанганида онаси кўкнорини эзиб ичираверган. Бечора онаизор... омилик билан қилган иши оқибатида қизининг гиёванд бўлиб кетиши, бахтсизлик ботқоғига ботишини ўшанда ўйлабдими экан? Яна бир аёлнинг эри ва қизлари автомобил ҳалокатида нобуд бўлишгач, у афъюндан нажот топмоқчи бўлди. Орадан икки йил ўтиб, ҳожатхонада билагига дори юбораётганда ўлим топди... Шифо марказидаги бир йигитни “ҳали ўттизга кирмаган”, дейишса ишонмабмиз. Беш йил аввал тушган суратини кўрсатишди. Тоғни урса талқон қиладиган бақувват йигит... энди эса қуруқ суяк қолган, десак муболаға бўлмас. Бармоқлар қалтирайди. Кўзларни ҳаёт қувончини ифодаловчи нур тарк этган. Беш йил аввал оила можароларидан нолиганида дўсти уни бу хасратдан қутқариш учун билак томирига қорадори юборган. Можароларни унутган-у, аммо оилани бутунлай барбод этишни бошлаганини, ўзини эса хорликка ўзи ҳукм қилганини фаҳм этмаган. Буни орадан йиллар ўтиб англаган. Англаган-у... Нима, энди кечми? Энди ортга йўл йўқми? Йўл бор. Умид ҳам бор. Бу йигитни шу умид ҳаётда ушлаб турибди.
Биз алкогол, яъни майхўрликка кўникиб қолганмиз. Кўчада маст-аласт думалаб ётган ёки чайқалиб юрган одамлар бизни айтарли ажаблантирмай қўйган. Уларни даволаш масканлари борлиги ҳам маълум. Лекин гиёвандлар-чи? Улар кўчаларда ағанаб ётишмайди, чайқалиб, гандираклаб юришмайди. Уларнинг фаолияти барчанинг назаридан четда. Барча ишлари яширин. Ҳаёт ўз маромида давом этади. Ҳаётнинг лаззатини ҳар ким ҳар нарсада кўради. Биров китоб ўқиб, биров кўп пул топиб лаззатланади. Биров спортда, биров меҳнатда бахтини топиб, ҳузурланади. Яна биров эса ҳаётнинг маъносини эм игнасида билак томирига юбориладиган қорадорида, чекадиган нашада ёки ҳидлайдиган гиёванд кукунда деб билади.
Гиёвандлик кишини жиноятга бошлашидан ташқари турли касалликларга ҳам сабаб бўлади. ХХ аср вабоси ҳисобланган СПИДнинг пайдо бўлиши, олам аро тез тарқашида гиёвандликнинг ҳиссаси катта экани сир эмас. Руҳий хасталиклар ва наслнинг бузилиши каби иллатлар назарга олинса, гиёвандликдан фақат битта шахс ёки оила жабр тортмайди, балки унинг касридан жамият озор чекади.
Баъзилар “гиёвандликнинг давоси йўқ”, деб ўйлашади. Бу бадбин фикрга қўшилиш мумкин эмас. Шифога астойдил қасд қилинса муддаога етилади. Бунда тиббий дорилардан ташқари беморнинг ирода кучини чиниқтиришга алоҳида эътибор бериш керак. Энг муҳими – беморнинг оила аъзолари, қариндошлари, қўшнилари, дўстлари унга алоҳида меҳр билан муносабатда бўлишлари шарт. Шифоланиш жараёнида бемор меҳрга ғоят ташна бўлади. Биз кўпинча тилимизда “гиёвандликка қарши кураш” деган иборасини қўллаймиз. Умумий томондан тўғридир, аммо шифо умидидаги гиёвандга бу “кураш” атамаси мутлақо ноўриндир. Энди у билан курашилмайди, балки гиёвандлик ботқоғидан қутулиб чиқишига ёрдам берилади. Боласининг гиёванд бўлиб қолганини билган отанинг ғазабланиши табиий, эҳтимол дўппослаб урар ёки уйга қамаб ҳам қўяр. Хўш, бундан бирон наф борми? Йўқ. Болага яхши муомала қилиш керак. Тўғри, бола бундай яхши муомалани суиистеъмол қилар, қилиғини давом эттиришга уринар, ёлғон гапирар... Ота-она, қариндошлар бу ҳолда тушкунликка тушмай, тиббий шифо баробаринда маънавий томондан даволашни давом эттиришлари зарур.
Гиёвандлик йўлига тўсиқ қўйиш расмий идораларнинггина вазифаси эмас. Агар бирон ерни сел босиш эҳтимоли бўлса, “бу иш қурилиш ташкилотининг иши”, деб қараб турилмайди. Бутун қишлоқ ёки шаҳар аҳли кўтарилади. Гиёвандлик сели табиий селдан ҳам хатарлироқ бўлатуриб, нима учун жамиятда бу ҳолга лоқайд қарайдиганларни учратамиз? Жиноятчиликка доир рисолага маълумотлар тўплаш чоғида бир мактабда ва яна бир маҳаллада кичик тадқиқот ўтказган эдик. Маълум бўлди-ки, ёшлар гиёвандлик, унинг келиб чиқиши, зарари ҳақида етарли маълумотга эга эмаслар. Маҳалла гузарида ўтириб олиб карта ўйинидан бўшамайдиган ёши улуғлар эса бунданда баттарлар. Гиёвандликнинг пайдо бўлиш тарихидан деярли бехабарлар. Турларини умумий тарзда биладилар. Нархларини бутунлай билмайдилар. Гиёванд хумори тутиб талвасага тушганида қандай ваҳшийликларга қодир эканини тасаввур қила олмайдилар. “Маҳаллада гиёвандлар борми? Бўлса уларни қандай тарбия қилиш мумкин?” деган саволга маҳалла гузарида доимий равишда ўтирувчи қариялар елка қисиб қўя қолишди. Савол такрорлангач, “тарбия қиладиган ота-онаси бор”, деб қўйишди.
Кечки пайт мактабнинг ҳожатхонасида наша чекиб ўтирган болаларни ушлаб, маҳалла идорасига олиб келишган. Икки боланинг ота-онаси келиб, узр айтиб, фарзандларини олиб кетишган. Учинчиси эса келмаган. Телефондаги қайта-қайта чорловга жавобан: “Ўғлимнинг наша чекишини биламан. Бу йўлдан қайтара олмайман. Қамасаларинг қамаб юбораверинглар, менга бунақа боланинг кераги йўқ, оқ қилдим!” деган жавоб олинди. Болани оқ қилиш осон. Аммо бу билан ота ва онанинг жамият олдидаги масъулияти соқит қилинмайди. Диний томондан олиб қаралганда ҳам ота-она боласининг жинояти учун жавобгардир.
Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деган нақл бор. Гиёвандлик фақат битта ёки беш-ўнта мамлакатлардаги хасталик эмас. Давлат чегараларини ҳам, ижтимоий тузумларни ҳам, маълум тузумларга доир ғояларни ҳам тан олмайди. Собиқ иттифоқ даврида гиёвандлик “капитализм меваси” деб қаралар эди. Коммунистлар тузумида бундай хасталик урчиб, кўпайиши мумкин эмас, деб дунёни ишонтирмоқчи бўлишди. Ўша дамларда АҚШ аҳолисининг 30 фоизи гиёванд моддалардан фойдаланарди, Германия, Франция, Англияда бу хасталик авж олган кезларда “коммунизм қураётган ёш авлод” орасида гиёвандлик тез суръатлар билан тарқалаётгани яширилди. Оқибат шу бўлди-ки, гиёвандлик советларнинг европа қисмидаги мактабларига қадар кириб келди. Мактабларнинг ертўлалари, томлари гиёвандларнинг маҳфий қароргоҳларига айланди. Бу хасталик ҳавфи ҳақида гапира бошланганида кўп нарсалар бой берилган эди. Детектив жанрида ижод қилувчи адибларнинг 1990 йилдаги йиғилишидан сўнг бизни Москва шаҳридаги шундай мактаблардан бирига олиб боришган эди. 13-14 ёшдаги болалар гиёвандга айланиб бўлишган. Улар “Уруш ва тинчлик” романини Толстой ёзганми ёки Пушкинми - билишмайди. Аммо гиёванд моддаларнинг турларини, таъсир кучини, кайфдаги фарқини, нархини аниқ билишади. Бу болалар ҳеч нима билан қизиқишмайди. Уларга китобнинг ҳам, кинонинг ҳам, спортнинг ҳам қизиғи йўқ. Уларнинг асосий ташвиши – вақтида гиёванд моддани топиш. Хумор талвасаси бошланганида ўзларини қўйгани жой тополмай қолишади. Ҳатто ўзларининг томирларини кесиб ташлашади ёки тишлаб-тишлаб узишади...
Москва телевидениеси кўрсатувларидан маълум-ки, бундан 17 йил аввалги аянчли аҳвол яхши томонга ўзгармабди. Яқин ўтмишни, ўзга мамлакат пойтахтидаги аҳволни нима учун эслаяпмиз? Шукрки, бизнинг юртимизда гиёвандлик даражаси у томонлардагига нисбатан анча паст. Бизда гиёвандликка қарши кураш давлат миқёсида жиддий ва кескин олиб борилади. Ҳуқуқ идораларининг бу борадаги ишларини алоҳида таъкидлаш керак. Лекин гап шундаки, ён-атрофдаги мамлакатларда гиёвандлик авжга чиқар экан, уларнинг ҳавфи ҳам ошади. Гиёвандлик юқумли касал кабидир. Кураш сал сусайдими, катта ҳудудларни тезлик билан қамраб олади. Ҳамдўстлик мамлакатлар қаторидаги Украина бугунги кунда СПИДнинг тарқалиш тезлиги бўйича дунёда “илғорлар”дан саналади. СПИД билан гиёвандликнинг ўсиш суръати эса ҳамиша тенг юради. Шундай экан, Киевнинг қайси бир мактаби ертўласида болалар билак томирларига қорадори юборар эканлар, биз бунда беташвиш яшай олмаймиз.
Ҳар бир гиёванд сиртдан ювош кўринса-да, ён-атрофдагиларни бу хасталикка даъват этувчи, бу оғуни тарқатиш билан шуғулланувчи жиноятчига айланиши ҳеч гап эмас. Шу сабабли ҳам гиёванднинг доимий назорат остида бўлиши жуда муҳимдир.
Ўсмирларни дунёга машҳур спортчилар ёки санъаткорлар ўзига мафтун қилади. Бундай ўсмир ўша машҳур кимсага кўр-кўрона тақлид қила бошлайди. Не ғамки, ҳозир профессионал спортда “допинг”дан бошлаб, сўнг Марадонага ўхшаб ашаддий гиёванд бўлиб кетганлар кўп. Спорт оламида-ку, бу ҳолга қарши кураш мавжуд. Аммо санъатда гиёвандларга тўсиқ йўқ. Бугун саҳнада бемаъни ҳаракатлари билан ёшларни ўзига жалб қилаётган гиёванд санъаткордан мухлислари бу иллатни ҳам олишлари мумкин эмасми?
Зулмат салтанатининг султонлари, қироллари, баронлари бор, дедик. Ҳа, шундай. Лекин улар зулматда яшириниб яшамайдилар. Башанг кийиниб юрадилар. Базмларда хонимларга лутф кўргазиб, юксак маданият намуналарини намойиш этадилар. Улар минглаб ёш жонларнинг ўлимига сабаб бўлсалар-да, қўлларида қон кўрмайсиз. Афғонистон, Покистон, Колумбия каби мамлакатлар ҳамиша уларнинг диққат марказида. Эрон ва Покистон гиёвандликка, хусусан гиёванд моддалар етиштиришга қарши қаттиқ кураш бошлагач, уларнинг асосий эътиборлари энди нотинч Афғонистон ва Марказий Осиёга қаратилди. Уларнинг режасича, Марказий Осиё Афғонистондан оқиб келувчи гиёванд моддаларни Европага олиб ўтишда бир даҳлиз вазифасини ўташи керак эди. Ундан ташқари бу ерларда, хусусан Қирғизистонда ёввойи тарзда ўсувчи нашазорлар катта бойлик манбаи эди. Марказий Осиё давлатлари, биринчи галда Ўзбекистон бу ҳолга қарши жиддий кураш бошламаганларида эҳтимол улар муддаоларига эришар эдилар.
ХХ аср тил бойлигида “наркобизнес” деган атама ҳам пайдо бўлди. Энг ваҳший жиноятлар айнан шу наркобизнес томонидан амалга ошириляпти. Жаҳоннинг кўп мамлакатлари, ҳуқуқ ва тартибот идоралари бу соҳада ҳамкорликда ишламоқдалар. Ўзбекистон бу ҳамкорлик занжирининг муҳим ҳалқаларидан бирига айланган. Бундан ўн йил муқаддам Тошкентда ўтказилган Халқаро семинар-кенгаш бу фикрнинг ёрқин далили бўлган эди. БМТ экспертлари, интерпол зобитлари, божхона ва ҳавфсизлик хизмати ходимлари, дипломатлардан иборат икки юзга яқин мутахассис гиёванд моддаларни назорат қилиш бўйича фикр юргизиб, бу соҳадаги Ўзбекистоннинг тажрибасини юқори баҳолаган эдилар.
Наркобизнесга қарши кураш ҳозир авж палласига кирган. Афсусли ери шундаки, бу соҳада мамлакатлар орасида якдиллик йўқ. Турли мамлакатлар турлича йўл тутишни маъқул кўришяпти. Масалан, Европанинг бир неча давлатлари гиёвандларга қарши курашмай, уларга эркинлик яратиб бериш таклифини илгари суряптилар. Бу таклифга кўра, гиёвандлик жиноят эмас, гиёвандлар тиббий рўйхатда турадилар ва оғир хасталарга доир имтиёзлардан фойдаланадилар, яъни эм игнаси ва қорадори уларга давлат томонидан арзон нархда ёки текинга берилади. Билишимизча, Швейцарияда бу соҳада амалий ишлар ҳам бошлаб юборилган. У ерлардаги истироҳат боғлари дам олиш куни гиёвандлар ихтиёрига берилиб, қорадори ва эм игнаси билан таъминланадилар. Бизнингча бу усул ўлимни бўйнига олган чорасиз одамнинг аҳволини эслатади ва ёмон оқибатларга олиб келади.
Айрим мамлакатлар гиёванд моддаларни ишлаб чиқарувчига, тарқатувчига ва истеъмол қилувчига қарши жазо чораларини кучайтирдилар. Айтиш мумкинки, аёвсиз чора кўрадиган бўлдилар. Хитой, Эрон ва Покистонда бу жиноятлар учун ўлим жазоси белгиланди. Шундай бўлишига қарамай, наркобизнеснинг чекингиси йўқ. Покистонда ўлим жазоси жорий қилинганидан кейин ҳам юзга яқин гиёвандлик лабораториялари аниқланиб, маҳв этилган. Мамлакатдан олинган маълумотларга қараганда у ерда бир ярим миллон одам қорадори истеъмол қилади. Бу рақамлар кураш учун жазо чораларининг кучайиши ҳам кифоя этмаслигини кўрсатади.
Бизнингча, бу хасталикнинг давоси – маънавий тарбияда. Оиладаги тарбия қандай ва жамиятда бу борада қандай тарбиявий ишлар олиб бориляпти? Оила бошлиқлари – ота ва она маънавий жиҳатдан қандай даражада? Жамиятдаги маънавий ишлар хўжакўрсинга, юқори идораларга маълумот бериш учунгина қилинмаяптими? Очиғини айтсак, шундай ҳоллар ҳам учраб турибди. Бир тадбирни телевизорда мақташди. Тадбирни ўтказишда “Камолот”, “Маҳалла” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, милиция бошқармаси... каби ўнга яқин ташкилот қатнашган. Йиғилган ёшлар сони эса ўттиздан ошмайди. Демак, камида ўн ташкилот юқори идорасига шундай тадбир ўтказдик, деб маълумот беради. Натижа эса...
Бошқа масалаларда шундай лоқайдлик қилиш узрлидир. Аммо гиёвандликка қарши курашни қоғозлардаги маълумотномаларда олиб бориш зинҳор мумкин эмас. Бу курашда бутун халқнинг биргаликдаги ҳаракати зарур. Ўзбекистонда гиёвандликка қарши кураш олиб боришнинг яхши намунаси мавжуд. Яъни маҳалла аҳлини тўлалигича жалб этиш. “Битта болага қўни-қўшнилар ҳам ота-онадир”, деган ёзилмаган қоидани ҳамма жойда бир ҳилда жорий бўлиши бу соҳада айниқса қўл келади. Бир куни эрта саҳарда қариялар билан бирга тўйга бораётган эдик. Кўчадага ариқ бўйида ўтирган тўрт йигитча дарров саросимага тушиб, ўринларидан турдилар. Билсак, тонгда наша чекиб ўтирган эканлар. Қарияларни кўриб, ўзгаришларининг ўзиёқ уларни тарбиялаш мумкин, деган умидни туғдиради. Қайси маҳаллада гиёвандлар кўпроқ экан, демак, ўша маҳаллада қарияларнинг эътибори суст экан, муҳтарам оқсоқолларимиз буни ҳам ўйлаб кўрсалар чакки бўлмайди.
Гиёвандлик бир оиланинг ташвиши эмас. Бир маҳалла, бир шаҳар, бир мамлакатнинг ҳам ташвиши эмас. Бу бутунжаҳон ташвишидир. Полшанинг барча аҳолиси гиёвандликка қарши курашда якдил эканликларини изҳор этиб, кўчаларга чиқиб қўлни қўлга берибдилар. Бутун Полша бўйлаб жонли ҳалқа ҳосил бўлибди. Бундай жонли ҳалқа бутун жаҳон бўйича қалбан ташкил этилиши керак. Шундагина гиёвандлик маҳв этилади. Шундагина зулмат салтанати чекинади.
Тоҳир Малик
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 863 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар