Сайт бўлимлари
Дастурхон ёзиб гуноҳга ботаётганлар
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 21 Июль 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Халқимизга таъриф берилганда, “меҳмондўст” сўзи эътирофлар аввалида келтирилади. Чиндан ҳам ўзбек халқининг меҳмоннавозлиги, эшигидан йўқлаб келганга борини тўкиб-сочиб дастурхон ёзиши таҳсинга лойиқ. Дастурхон ёзиш, эҳсон қилиб, кишилар кўнглини олишни хуш кўрувчи элмиз. Имкони қадар топган бир бурда насибамизни кўпчилик билан баҳам кўриш қон-қонимизга сингиб кетган азалий одатларимиздан. Бироқ кейинги пайтда дунёқараши ўзгариб анча “замонавий”лашиб қолган кишилар ҳисобига меҳмондўстлигимизга ҳам кибр, манманлик ва риё аралашгандек назаримизда. Гўёки ҳурматли кишисига атаб ёзилган дастурхонда ўзларининг таъбири билан айтганда, “одамнинг жонию товуқнинг сути”дан бошқа ҳамма нарса муҳайё бўлиши керак. Тўй тадбирларининг дабдабаси, ҳашамию ортиқча чиқимлари, аза маросимларининг тўйдан ошириб ўтказилаётгани, бундай йиғин ва издиҳомларда исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани ҳақида сайтимизнинг деярли ҳар бир сонида мулоҳазалар чоп этилмоқда. Қанча кўп гапирилмасин, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмасин, одамлар орасида юқоридаги ҳолатлар билан боғлиқ иллатлар оғриқли нуқталигича қолиб кетяпти. Ортиқча сарф-харажат талаб қиладиган маросимларни қисқартириш ўрнига, аксинча, аёлларимиз ҳар турли тадбирларни, овқатхўрлик маросимларини кашф қиляптиларки, бундайларни кўрганимизда аҳли салафларнинг “дастурхон ёзиб гуноҳга ботаётганлар” ҳақида айтганлари ёдга тушади.
Таҳририятга ҳам айни муаммолар юзасидан муштарийларимиздан мактублар, телефон қўнғироқлари қабул қиламиз. Аксарият кишилар юқорида тилга олинган риё ва манманлик нишонаси бўлган маросимларга астойдил қаршиликларини билдиришса-да, аммо негадир бу иллатлардан чекиниш мушкул бўляпти. Айниқса, мотам кунларида дин номи билан боғлиқ ҳар хил маросимларни ўтказиш ва уларда исрофгарчилик, манманлик ва ким ўзарга иш кўриш тобора авж оляпти. Биз кўпчиликнинг талаб ва илтимосларини инобатга олган ҳолда, аёлларимиз билан боғлиқ диний маросимларнинг ўтказилиши ва уларнинг динга нечоғли аҳамиятли экани хусусида тўлиқ маълумотларга эга бўлиш учун Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг аёллар ишлари бўйича маслаҳатчиси Тожихон опа Назарова билан суҳбат уюштирдик. Қуйида ана шу суҳбатни кузатишга муваффақ бўласиз.
- Тожихон опа, келинг суҳбатимизни аёлларнинг диний масроимларида етакчи ўринда турадиган отин ойилар фаолияти, шахси ва улардан талаб қилинадиган вазифалардан бошласак. Отин ойилар кимлар ва улардан нималарга эътибор бериш талаб қилинади?
- 2009 йилдан бошлаб отин ойиларнинг фаолиятини изга солиш бошланди. Шу йили имтиҳон ташкил қилиниб, суҳбатдан ўтганларга махсус гувоҳнома берилиб, туманларга бош отин ойи этиб сайланди. Отин ойилар расман иш бошлаши билан уларнинг олдига зарур вазифалар қўйилди. Яъниким, аёллар орасида ахлоқ- одоб, муомала, саломлашиш, кийиниш маданиятига аҳамиятли бўлиш, бидъат ва хурофотларга қарши курашиш, ёшларимизнинг илм-ҳунарга жалб этиш, гиёҳвандлик иллатларига қарши курашиш кабиларга жиддий аҳамият қаратиш отин ойилар олдига қўйилган вазифа бўлди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Отин ойи ўзи ким? Отин ойи- диний-дунёвий билимларга эга бўлган аёл бўлиши керак. Отин ойилардан дин ишларига дунёда бўлаётган ишларни назарда тутиб ёндашадиган, давлат сиёсатини яхши тушуниб, атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабатини билдира оладиган шунингдек, Қуръони карим ва Ҳадисда келтирилган далилларга таянган ҳолда иш кўриши талаб қилинади. Умуман олганда, отин ойилар дин ва замонни бирдай тушиниб ўрталиқда ўртача иш кўришлари маъқул. Отин ойининг энг масъулиятли вазифаларидан бири- аёллар жамоасини комиллик сари бошлай олиши. Аёллар отин ойининг гапини худди аксоимадек қабул қилишади. Отин ойилар аёллар даврасига тез ва осон киришиб кетади. Халқнинг ўзи отин ойиларни уйига, дастурхонига, даврасига таклиф қилади. Шунинг учун ҳам отин ойи борадиган жойига олдига мақсад қўйиб бориши керак.
- Борган сари аёлларимиз бидъат ва хурофотларнинг “ихтирочиси” га айланиб боришяпти. Айниқса, аза маросимлари билан боғлиқ бидъатлар кўпайиб кетяпти...
- Тўғри. Ана шу бидъат ва хурофотларни бартараф этиш, динга алоқаси бўлмаган маросимларни йўқотиш, аёлларга бу борада нима тўғри, нима нотўғри эканини кўрсатиш отин ойининг вазифаси ҳисобланади. Мотам маросимларида дод солиб йиғлаш, сочларини юлиш каби ҳолатлар ҳам бидъатга киради. Таъзияларда жудоликка учраган кишиларни аёлларимиз дод солиб йиғлашга ундашади. Бу ҳам бидъатни келтириб чиқаришга киради. Азада аёлларнинг маййитнинг орқасидан ўзини ташлаб дод солиб йиғлаши, сочларини юлиб, юзларини тимдалаши ва шунга ўхшаган нохуш ишлари бидъат. Тўғри, яқин инсонидан жудо бўлишлик оғир. Аммо Аллоҳ сабрлиларни, тақдирига рози бўлганларни севади. Тақдирга норозилик қилиш, сабрсизлик гуноҳ. Асосан отин ойилар таъзия маросимларига таклиф қилинади. Шундай йиғинларга иштирок этаётган отинойилар мотам маросимларии билан боғлиқ бидъат ва хурофотларни аёлларга тушунтиришга масъулдирлар.
- Тожихон опа, боядан бери бидъат ва хурофотлар ҳақида гапиряпмиз. Бидъат аслида нима дегани? Қандай маънони англатади?
- “Бидъат” сўзи ўзбекчага таржима қилинганда “бир нарсани янгитдан пайдо қилиш” маъносини англатади. Юртимизда дин аҳкомларини бажариш, диний илмларни ўрганиш учун етарли шарт-шароитлар, катта имкониятлар яратилган. Имом ва отин ойиларга борадиган жойларига, маҳаллаларда йиғин ва тадбирларда аҳолига нима тўғри нима нотўғрилигини, бидъатларга берилмасликни туштинтириш вазифаси юкланган. Аммо диндан тўлиқ хабардор бўлмай туриб халқ орасида ҳар қандай фатволар бераётган сохта имомлар ва сохта отинлар ҳам йўқ эмас. Айрим жойларда бидъатга йўл қўйилаётганига гувоҳ бўлганимизда одамлар “фалончи отин шундай қилса тўғри бўлади деди” ёки, “пистончи имом тасдиқлади” деган гапларни билан бидъатларини изоҳлашади. Бидъат икки турга: Бидъати ҳасана ва бидъати саййияга бўлинади. Агар бидъат шариат асослари, дин аҳкомлари (Қуръони Карим, Ҳадис, Ижмоъ. Қиёс)га хилоф бўлмаса бидъати ҳасанга киради. Мисол учун, “Таровеҳ” намозини жамоат бўлиб ўқиш, Ҳадисларни китоб қилиб ёзиш, араб тилини ишлаб чиқилиши, масжид ё бошқа диний иншоотларда микрофондан фойдаланиш кабилар бидъати ҳасанага мансубдир. Бидъат шариат асосларига зид бўлса, яъни, таъзияли хонадонда “уч оши”. “етти”, “йигирма”, “қирқ” ва ҳоказо тадбирларни уюштириш, зиёратгоҳларга жонлиқ сўйиш ва шунга ўхшаш динда кўрсатилмаган амалларни бажариш бидъати саййия дейилади.
Бидъатларни келтириб чиқарувчи биз аёллар. Эркакларнинг бошини қотириб “шундай қилишимиз керак, ҳамма қиляпти” деб эрнинг чўнтаги билан ҳисоблашмай харажатларни кўпайтирадиган ҳам биз аёллар. Шунинг учун аёлларни комиллик сари бошлаш керак. Аёлларга диннинг асл моҳиятини, асосини тушунтириш керак.
- Аёллар орасида “Мушкул кушод”, “Биби сешанба” каби маросимларига ихлос қўйганлар кўп. Билишимизча, бу маросимлар ҳам бидъат бўлиб, динимизда бундай амалларни бажариш йўқ...
- Шундай. Аёллар “Мушкул кушод”, “Биби сешанба” каби маросимларда ўзларининг муаммоларини, мушкулларини осон қилишни сўрамоқчи бўладилар. Гўёки уларнинг назарида бундай маросимларни ўтказишса, мушкуллари осон бўлиб, муаммолари ҳал бўладигандек. Бугун қатъий қилиб айтмоқчиманки, бундай маросимлар бидъатдан бошқа ҳеч нарса эмас! Бу маросимларни қорин ғамидаги илмсиз аёллар ўйлаб топган ва ҳаётга тадбиқ этган. Ҳали ҳануз айрим ҳудудларда бу маросимлар сақланиб қолган. Қайси йили бир аёл оқ халтада озиқ-овқатларни кўтариб келибди. Ҳайрон бўлиб сабабини сўрасам “Менга мушкулкушод қилиб беринг, мушкулотга дуч келгандим” деди. Аёлни олдимга олиб, у сўраётган нарса мутлақо бидъатлигини, тўқларни тўйдириб, бидъат амални бажариб гуноҳга ботишдан кўра, шу озиқ-овқатларни бирор эҳтиёжманд, камхаржроқ оилага киргизиб беришини, уларнинг дуосидан баҳраманд бўлишни уқтирдим. Мушкулни осон қилинишини Аллоҳдан сўраш керак. Ибодат Аллоҳга қилинади. Бандасидан сўрашнинг нафи йўқ. Аёллар “Мушкулкушод онамизни йўқлашимиз керак, мушкулларимиз осон бўлади” деган гапни маҳкам ушлаб олишган. Мушкулкушод қаердан келиб чиққан? Мушкулкушод она авлиёсифат, тақводор, иймонли, дуолари мустажоб аёл бўлганлар. Улар астойдил ихлос билан Аллоҳдан сўраганлари бажо бўлган. Диний илми етарли бўлмаганлар “Мушкулкушод она мушкулимизни осон қилади” деб ўйлайдилар. Аслида мушкулни осон, ҳожатни раво қиладиган Аллоҳ. Шу ўринда таъкидлашим жоизки, отин ойилар билан биргаликда олиб борилган тарғибот-ташвиоқт ишлари самарасида Тошкент шаҳрида мушкулкушод ўқитиш ва у билан боғлиқ бидъат маросим тўқсон фоизга камайди...
- Уларнинг ўрнига “Мавлуд” деб аталган маросим ўтказилиши урфга кирган. Таҳририятимизга келган мактублар ва телефон қўнғироқларида шу маросим билан саволлар келган. Ушбу маросим ва унинг ўтказилиш тартиби ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтсангиз?
- Моҳиятан олинганда, “Мавлуд” маросими Пайғамбар (с а в)нинг таваллуд айёмлари муносабати билан ўтказиладиган маросим. Мусулмонлар учун “Мавлуд” маросимини ўтказиш, Пайғамбар (с а в)нинг ҳаёт йўлларини ўқиб- ўрганиш ва у Зотнинг амаллари, ҳусни хулқларидан ибрат олиб, эргашиб яшаш ҳар бир мусулмон учун вожиб амал саналади. Аммо “Мавлуд” маросимини ўтказишда турли ножоиз бидъат, исрофгарчилик ва ким ўзар, манманликка йўл қўйилмаслигига аҳамият қаратиш шарт. Улуғ уламоларнинг таъкидлашларича, одамларнинг жамланиб Қуръон тиловат қилишлари, Пайғамбар (с а в)нинг дунёга келишлари аввалида рўй берган хабарларни, у Зотнинг туғилишларида содир бўлган мўъжизаларни ривоят қилишлари, агар охирида уларга егулик нарса улашилиб, бунга бошқа нарсалар зиёда қилинмай тарқалиб кетадиган бўлсалар, бидъати ҳасанадир. Бу маросимни қилган кишига пайғамбаримиз Муҳаммад (с а в)ни улуғлагани, у зотнинг мавлуд (туғилиш)лари муносабати балн хурсандчилик изҳор қилгани учун савоб бералади. Аммо, зинҳор, ушбу маросимда ҳаддан ошмаслик, исроф ва ношаръий нарсаларга йўл қўйилмаслик лозим.
- Демак, “Мавлуд” маросими Пайғамбар (с а в)нинг таваллудлари билан боғлиқ маросим. Аммо айни пайтда бу маросимни Тошкентда яқин инсони вафот этган кишилар таъзия маъракаси сифатида ўтказишяпти?..
- Бу- бидъат. Кўпчилик кишилар бажараётган амалларининг асл моҳиятини тушуниб етишмайди. Оқибатда ўзлари ҳам чалғишади, бошқаларни ҳам чалғитишади.
- “Мавлуд” маросимида қатнашган муштарийимиз, маросим эгасининг жуда тўкин дастурхон ёзгани, ҳатто ортиқча исрофгарчиликка йўл қўйилгани, олти-етти хил овқат тортилгани ва бу ҳолатга маросимга таклиф қилинган отин ойи оддий ҳолдек қараганидан куюниб мулоҳазаларини билдиради. Муштарийимиз “отин ойилар маросим эгаларига камчиқим, камхарж, оддий, савоб учун дастурхон ёзишни, исрофгарчиликка йўл қўйилмасликни уқтиришса бўлмасмикан?” деган мулоҳазани илгари сурдилар...
- Энди ҳар хил одамлар, ҳар хил оилалар бор. Айрим ўзига тўқ хонадон вакиллари отин ойиларнинг ушбу талабини бажаришни истамайди...
- Энг оғриқли жиҳати шундаки, ўша маросимларга асосан эҳтиёжманд, камхарж кишилар эмас, аксинча, қорни тўқ, даструхонга тортилган таомларга эҳтиёжи бўлмаганлар таклиф қилинади...
- Бу манманлик, кибр ва риёдан бошқа ҳеч нима эмас! Минг афсуски, орамизда сиз айтган ҳолатларга йўл қўядиган аёллар ҳам учрайди. Ҳарчанд тушунтиришга уринманг, барбир ўз билганларидан қолишмайди. “Менда бор, ҳеч қийинчиликсиз бажараман, ният қилганман” дейди. Йиғинга келган бошқа аёллар, гарчи, маросим эгасига ўхшаб ўзига тўқ, давлатманд бўлмаса-да, ундан ўтказишга тиришади. Хуллас, манманлик билан бидъат уруғини сочишади ундайлар. Аммо ҳаммани бирдек шундай дабдабага бериляпти деб бўлмайди. Яқинда аёлларнинг мавлудга ўхшаган бир издиҳомида қатнашдим. Оддий борини қўйиб тузалган дастурхон. Лекин қанча тушунтирмайлик, дастурхонга ширгуруч, ўмоч, туршак қўшиб пишириладиган яна аллақанадай овқатларни тортишади. “Мавлуд” маросими дастурхонини дабдабали ясатиб қўйганларга бу иши кибрга ишора эканини тушунтирсангиз “мен эҳсон қиляпман, атаганимни кўнглимдан чиқариб қиляпман. Қурбим етади, шундай тўкин қилиб ўтказаман” деган иддао билан ишларини изоҳлашади. Қолаверса, маросимга борган аёлларимизнинг ўзи ҳам қуруқ бормайди. Тоғорада бирор тансиқ егулик кўтариб боришади. Маросим эгаси ўша таомларни дастурхонга тортади. Қисқа қилиб айтганда, бу ерда манманлик, тоғорабозлик ва овқатхўрликдан бошқа нарса кўринмайди. Афсуски, ҳар қанча уринмайлик, аёлларнинг бундай номақбул амалларини чегаралаёлмаяпмиз. Ҳамма нарса кишининг ўзига боғлиқ. Одамлар ўзига ўзи зулм қилишади. Аёлларнинг манманлиги, кибру ҳавога берилувчанлиги, ўзини кўз-кўз қилишга уриниши оқбатида бидъатларга қоришиб яшаяпмиз...
- Умид қиламизки, сайтимизнинг муштарийлари, мухлисалари бугунги суҳбатимиздан ўзлари учун зарур сабоқларни оладилар ва юқорида тилга олинган овқатхўрлик маросимларига ўхшаш бидъат ва хурофотларга барҳам берилади. Савоб учун ёзилажак дастурхонлар манманлик, кибр ва давлатини кўз-кўз қилишга эмас, аксинча инсоний муносабатлар, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат-иззатни оширишга хизмат қилади. Самимий суҳбатингиз учун сизга таҳририят ва муштарийлар номидан миннатдорчилик билдирамиз.
P\S: Динимизда дастурхон ёзиш билан мискин, оч ва эҳтиёжмандларни тўйдириб савобга эришиш буюрилган. Аллоҳ таоло «Инсон» сурасида хайрли ишларни қилувчи аброр бандаларнинг сифатлари баёнида айтади: «Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар» (8-оят). Биз эса ҳаттоки таъзияларда ёзилган дастурхонга ҳам мискин ва очларни таклиф қилмаймиз. Дастурхон ёзиб ҳам молу давлатимизга зиён, ҳам гуноҳга ботмаяпмизми?
Ғаззолий Ҳазратлари “Мукошафат -ул қулуб” асарларида шундай дейдилар: “Зиёфатга нуқул бойлар ва амалдорларни эмас, асосан фақирларни таклиф қилиш керак. Пайғамбаримиз буюрадилар: «Дастурхонларнинг энг гуноҳлиси бойлар даъват этилиб, фақирлар чақирилмаган тўй дастурхонидир».
Биродар, дастурхон ёзаётганингизда очларни тўйдириб, гўзал хулқли мўмин бўлишни истаганмисиз ёинки қорни тўқу кўзи очлар олдида ҳурматингиз ошиб, гуноҳларингиз кўпайишиними?..
Умида АЗИЗ тайёрлади
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 872 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар