1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ароқхўрдан ҳамма безор

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалаҳу алайҳи васаллам «Хамр (яъни ақлни олғувчи ҳар бир нарса) ёмонликлар онасидир», деган эканлар. Яна марҳамат қилиб дебдиларким: «Хамрдан сақлан. Унинг дарахти бошқа дарахтлардан ошиб ўтгани каби, гуноҳлари ҳам бошқа гуноҳлардан ошиб тушади».
Майхўрликнинг Аллоҳ томонидан ҳаром қилингани (яъни таъқиқлангани)ни, бу ҳақда қуръони Каримда оятлар мавжудлигини кўпчилик билади. Яна билишимиз жоизки, ҳатто Тавротнинг саҳифаларида ҳам «Шароб шарманда этади, мускир жанжалкашга айлантиради. Унга мубтало бўлган ақлли эмасдир», дейилган.
Минг афсуслар бўлсинким, асли мусулмонобод бўлган юртимизда, асли мусулмоншева бўлган одамларнинг фарзандлари ўз насабларини унутиб, ёмонликлар онасининг фарзандига айланиб боряптилар. Майхўрликка қарши гапириш, майхўрларни инсофга чақириш — шамолга қарши ҳайқириш каби бесамар кетяпти. Уламоларимиз, имомларимиз гапиргудек бўлишса, «Сен майнинг қадрини қаэрдан билардинг?» деган маънода афтларини бужмайтирадилар.

Бир куни камина ҳам майхўрликка қарши сўз айтган эдим, «Ҳадеб ароқни ёмонлайверасизми, ўзингиз ҳечам ичмаганмисиз?» деб таъна қилишди. Тўғрисини айтдим. Аллоҳга тавбалар қилганим ҳолда, ўша қилмишларимни лаънатлаганим ҳолда, ичганларимни яширмайман. Мен кўп ичмаганман. Лекин кам ичдинг нимаю, кўп ичдинг нима, фарқсиз — игна ҳам, йўғон қозиқнинг учи ҳам кўзга кирар бўлса, барибир кўр қилади. Менга таъна қилган жамоатга қараб дедимки: «Сиз бутун дунё бўйича бир одамни топинг. Агар у: «илгари касал эдим, шу ароқни ичиб тузалдим, илгари камбағал эдим, шу ароқни ичиб бойиб кетдим, илгари хор эдим, шу ароқни ичганимдан кейин обрў топдим, шарафландим», деса, сизларни ичкилик билан ўзим таъминлаб тураман. Шундай одамни топа олмайсиз. Чунки ароқ (ароқ деганда барча маст қилувчи ичимликларни — шайтоннинг сийдигини назарда тутяпмиз) соғлом одамни касал қилиши, бойни камбағалликка гирифтор этиши, шарафли одамни эса хорлик жарига судрашини ҳамма билади. Аммо нафс олдида мағлуб ҳолда тураверадилар.
Мени бир нарса ажаблантиради: айтайлик, телевизор сотиб олдик. Дарров қўлланмасини ўқиймиз. Телевизорни яратган олимлар, усталар бизларни огоҳлантиришади: 220 волтли токка уланг, иситиш ускунасидан нарироқда турсин... Буни билиб, биз ҳеч қачон телевизоримизни 380 волтли токка уламаймиз, телевизорнинг бузилишига йўл қўймаймиз. қўлланмага амал қилмасак пулга куямиз. Ҳолбуки, Инсонни яратган Аллоҳ Одам болаларига тўғри яшаш йўлларини ўргатувчи қўлланма — илоҳий китобларни туширди, тўғри йўлга бошловчи элчиларни юборди. «қўлланма»нинг энг улуғи, шубҳасиз, қуръони Каримдир. Элчиларнинг энг шарафлиси, шубҳасиз, бизнинг Пайғамбаримиз алайҳиссаломдирлар. «Мў‘минлар учун насиҳат, кофирлар учун ҳасрат» бўлмиш қуръони Карим одамларга қарата: ичма, бу дунёда хор бўласан, у дунёда азобга қоласан, деб турса-ю, биз эшитмагандек, билмагандек ичаверсак. Бу дунё азобига дуч келганимизда, айтайлик, тузалмас хасталикка чалиниб, тўшакка михланганимизда ёки фарзандларимиз ёмон хулқлари билан куйдира бошлаганида «Эй Худо, мен Сенга нима ёмонлик қилувдимки, менга шунча ғам-алам берасан», деб нолалар қиламиз, кўз ёшлар тўкамиз.

Фиръавннинг имон келтириши каби кечиккан бу ҳасратларимиздан фойда бўлармикин?
Кечагина «Ичманг, биродар», дегани учун кўзимизга ёмон кўринган имомни чақиртириб: «Бир ўқиб қўйинг», деймиз. Мулла қирқ марта «Ёсин» сурасини ўқиса, у дунёга гўё гуноҳлардан холи бўлиб кетиладигандай туюлади. Кошки эди буларнинг фойдасизлигини билсак. Юқори кучланишли токка уланган телевизор куйгани каби охиратимиз куйиб бўлганини англамаймиз. Телевизор куйса, пулимизга ачинамиз. Умримизнинг энг гўзал онлари куйиб адо бўлаётганини эса, фаҳмламаймиз.
Ароқ одамнинг ўзигагина ёмон таъсир қилса, чидаш мумкиндир балки. Ароқнинг зурриёдга таъсири-чи? Мажруҳ туғилаётган болалар, туғилмаёқ ўлаётган болалар-чи?! Бирор кишини беҳос уриб ёки туртиб юбориб, оёғини ёки қўлини майиб қилиб олсангиз, қонун олдида жазоланасиз. Лекин қўл-оёқсиз ёки ақлсиз туғилаётган болаларнинг мажруҳлигига сабабчи ота ёки онани жазоламаймиз. Тўғри, бу дунё қонуни жазоламайди, аммо Аллоҳнинг жазоси тайин-ку, қўрқмаймизми?
Ароқхўрлик ҳақида гапирилса, европаликлар бузди бизларни, деймиз. Бу гапда жон бор. Лекин улар ҳар биримизни ётқизиб олиб, оғзимизга зўрлаб ароқ қуймадилар-ку? Европаликларнинг маданиятга оид дуруст одатларини олмаганимиз ҳолда нима учун фақат бузуқликларини маъқул кўриб қолдик?

Биз ичганда ҳам гўё маданийча ичишга ўрганганмиз. Яъни «тамада» деганни сайлаб оламиз. (Бу сўзни ўзбекчага айнан таржима қила олмадим, рамзий маънода «Шайтоннинг бош ёрдамчиси», десам ранжимасинлар.) Чиройли сўзлар, яъни, «тост» айтамиз. Тилаклар тилаймиз. Соғлиқ, омад, бахт... Кимдан тилаймиз? Албатта Худодан тилаймиз. Ўйламаймизки, яратган Тангри «ичма, бу харомдир», деб қўйибди. Шу ҳаромни ича туриб, Ундан яна бахт сўрасак, берармикан шу бахтни! (Мазкур фикрни аввал ҳам айтиб эдик, такрор этаётганимиз бежиз эмас).
Баъзан ичкилик қўйилган давраларда ўтиришга мажбур бўламиз. Шунда айримлар сал истиҳола қилган бўлиб: «Чарчоқни кўтаради, ижозат берсангиз, озгина-озгина ичсак», дейишади. Шунда: «Рухсатни мендан сўраманг, чунки буни мен ҳаром қилган эмасман», деган мазмунда жавоб бераман. Баъзиларга шу гап таъсир қилади, бошқалар: «Худонинг ўзи кечиради», деб ичаверишади. Худди Худо уларга «Тўйиб ичиб олаверларинг, кейин сенларни кечираман», деб тилхат бергандай ёки вахий юборгандай ишонч билан гапиришади.
Бир неча йил бурун Туркистон шаҳрида, ҳазрат Аҳмад Яссавий мақбараларидан бир чақиримча нарида аянчли бир даврада ўтиришимга тўғри келган эди. Воқеа тўйнинг эртасига содир бўлди. Дастурхон атрофида турли ёшлардаги одамлар ўтирибмиз. Айтишим жоизки, шундай муқаддас ва шарафли шаҳарда яшовчи, ўзини мусулмон деб атовчилар ароқхўрликда «чемпион» эканлар. Хуллас, мендан «тост» айтишимни илтимос қилишди. Дастлаб рад этдим. Талаблар такрорланавергач, дедимки: «Хўп, гапираман, аммо ранжимайсизлар. Ҳозир сизларга, «ичманг», деганим билан ёқмайман. Лекин бир нарсани ўйлаб кўринглар: мана бу йигит ўғлингиз экан, ота билан ўғил нима деган одам бўлдиларинг энди?! Мана бу йигит сизнинг куёвингиз экан, сиз билан ичиб, маст бўлиб, уйга боргач хотинини, яъни қизингизни урса, қизингиз додини кимга айтади? Сўнг эса сиз додингизни кимга айтасиз?»

Бу гапдан кейин ўғил ва куёв чиқиб кетишди. Бир-икки киши гапимни маъқуллаб, ароқ қуйилган пиёлани нари суриб қўйишди. Бошқалар эса «Худо кечиради», деб ичишни давом эттираверишди. Бундай одамларни «эш-шакдай қайсар», дейишади. Йўқ, азизлар, эшакларни ранжитманг, эшиклар уларга ўхшамайди, чунки эшакни тарбия қилса бўлади: «иш-ш» десангиз тўхтайди. Бундай одамлар эса тўхташмайди.
Ароқхўрлик қанча-қанча улуғларни хорлик ботқоғига ботирди. Жуда кўп истеъдод эгалари бу бало оқибатида умрларини ҳам, қобилиятларини ҳам бой бердилар.
Шу ўринда ҳазрат Бобур Мирзонинг бир фармонларини эсга олсак, фойдадан ҳоли бўлмас. Милодий ҳисобда 1525 йили имзоланган мазкур фармонга биноан майқатағон (сухой закон) эълон қилинган эди:
«Башар нафси ёмонликка майл этишдан узоқ эмас, «нафсимни поклай олмадим, чунки нафс ёмонликка амр этувчидир.» Ундан қайтиш бағишловчи Маликнинг лутф-марҳаматидан бошқа мумкин эмас. «Бу Аллоҳнинг эҳсонидир, кимга хоҳласа, бахш этади. Аллоҳ катта эҳсон эгасидир.» — Бу сўзларни ифодалашдан ва бу гапларни баён қилишдан ғараз шуки, инсонлик тақозоси, подшоҳлар расм-русми, подшоҳлик лавозими, мансабдорлар одати бўйича шоҳдан тортиб сипоҳийгача гўзал ёшлик кунларида шариат манъ қилган баъзи нарсаларга ва айрим ўйин-кулгуларга ружуъ қилинарди. Бир қанча вақтдан кейин пушаймонлик кунлари келиб, уларни битта-битта тарк қилинар ва чин тавба билан уларга қайтиш эшиги ёпилар эди. Аммо мақсад ва матлабларнинг муҳими ва буюги бўлган ичкиликдан қайтиш тавбаси «ҳар иш ўз вақтига боғлиқ» деган парда остига беркиниб, юзини кўрсатмас эди, токи бу яхши соатда зўр ғайрат билан уруш эҳромини боғлаб, шавкатли Ислом аскарлари ёрдамида кофирларга қарши жангга киришганимизда ғайб Илҳомчиси ва ҳақиқат Жарчисидан «Иймон келтирганларга вақт келмадимики, қалбларини Аллоҳнинг зикри билан юмшатсалар?» мазмуни эшитилиб, гуноҳ ва саркашлик асбобини илдизидан қўпориб ташлаб, тавба эшикларини тўлиқ жиддият билан қоқдик. Тавфиқ йўлловчиси «Кимки астойдил эшик қоқса, киради», мазмунига мувофиқ иқбол эшигини очди ва бу урушни нафсга қаршилик кўрсатишдан иборат бўлган зўр уруш билан бошлашни буюрди. Алқисса, «Эй Роббим, нафсларимизга зулм қилдик»ни ихлос тилига келтириб, «Сенинг олдингда тавба қилдим ва мен мусулмонларнинг биринчисиман», деган гапни дил лавҳига нақш қилдик. Кўнгил хазинасида махфий қолган ичкиликдан қайтиш тавбаси истагини юзага чиқардик...»

Тарихдан маълумки, Бобур Мирзо ҳазратларининг асосий ғалабалари айнан шу фармондан — майқатағондан сўнг қўлга киритилган. Яна тарихдан маълумки, Ҳусайн Бойқаро бошқарган мамлакатни айни шу ичкилик барбод қилган. Айни шу ичкилик (уни «чоғир» деб атаганлар) умидли ва суюмли набира Мў‘мин Мирзонинг бошини узган.
Баъзи биродарларимиз айтадиларки: «Ароқ бировларники бўлгани учун ҳаром қилинган». Йўқ, азизлар, ароқ, чўчқа гўшти бошқалар истеъмол қилгани учун эмас, одамга зарар бергани учун ҳаром қилинган. Агар у биродарларимиз айтгандай бўлганида эди, бировлар ейдиган мол ёки қўй гўшти ҳам, бошқа неъматлар ҳам ҳаром қилинар эди. Яна ўйлайлик, нима учун айнан ароқ ва чўчқа гўшти ҳаром қилинди? Нега мураббо ёки қовун-тарвуз ҳаром қилинмади?
Ароққа қарши бутун насоро олами ҳам курашган. Урушдан аввал ҳатто АқШда ҳам майқатағон эълон қилинган. Болшевиклар замонида ҳам бир-икки уруниш бўлди. Охиргиси эсингиздадир, «қайта қуриш», деб аталган замонда ҳам ичкиликка қарши курашилди. Биз бу курашни жону дилимиз билан қувватлаш ўрнига норози бўлдик, ўзимизча найранглар ўйлаб топдик. «Тўйларда ичкилик қўйилмасин», дейилди. Хўп де- диг-у, баъзиларимиз битта самоворга сув қуйиб қайнатдик, иккинчисини ароқ билан тўлдириб, чойнакда тарқатдик ва бу «ихтиро» билан фахрландик. Бундан ортиқ нодонлик бўлармикин? Ана ўшалар ва ўшалар кабилар ҳазрати Анаснинг (розиёллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллалоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилган бу ҳадисларидан хабардормикинлар: «Аллоҳ шаробни, уни ичганни, қуйиб берганни, сотганни ва сотиб олганни, сиқиб тайёрлаганни ва тайёрлатганни, олиб келганни ва олиб келтирганни ҳамда ундан келган даромадни еганни лаънатлайди».

Ароққа берилган одамнинг бу йўлдан қайтиши қийин бўлади. Чунки бу ҳам Аллоҳнинг имтиҳонларидан бири. Кимки нафсини жиловлай олса, имтиҳондан ўтади. Аллоҳ кимга марҳамат қилса, нафсни енгади, имтиҳондан ўтади. Аммо одам деган Худонинг марҳаматига эришмоқ учун жон куйдириш ҳам керак. Нафсга қарши уруш очиш учун ўзида куч топа олмаган, иродасига қувват бера олмаган одам бу марҳаматга ета олармикин, валлоҳу аълам?
Иймонни бир муаззам сарой десак, унинг ичига кирмоқ учун юриб бориш керак, балки тиконзорни яланг оёқ кечиб ўтишга тўғри келар. Иймон саройига ҳам сизни биров кўтариб олиб кирмайди. Бобур Мирзо таъкид этганларидек, эшикни астойдил қоққан одамларгина кирадилар. Асалариларнинг қўриқчилари ёмон жойга қўнган асалариларни уяга қўймас эканлар. Шунга кўра, иймон саройига оғзидан ароқ ҳиди гупуриб турганлар қўйилмайдилар. Уларнинг жойлари иймон саройи эмас, шайтон кулбаси бўлиб қолади. Расулуллоҳнинг ҳадисларида айтилишича: «Давомли хамр ичган киши бутга топингувчи кабидир. Ўлса, Аллоҳнинг ҳузурига бутпараст каби боради.» Аллоҳ асрасин! Дуо қилайлик: барча майпарастларни бу йўлдан қайтариб, ҳидоят берсин!
Нафсларимизни тарбиялашнинг энг биринчи шарти — тавбадир. Тавбалар ижобат бўлмоғини Аллоҳ насиб этсин.
Иймон саройига кирмоқ мушкул, аммо ундан чиқиш осон, Худо сақласин! «Ёмонликлар онаси»дан юз ўгириб, ҳидоят онасига фарзанд бўлмоқликни Аллоҳ барчаларимизга насиб этсин. Омийн я Роб ал-оламийн!

Тоҳир Маликнинг "Иймонлашиш умиди" китобидан

Ҳозир сайтимизда 835 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ