Сайт бўлимлари
Номус ва одоб емирилса...
- Подробности
- Бўлим: Иллат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Бу мунозара мавзусининг туғилиши ғалати бўлди. Зарур юмуш билан бир жойга тез етиб бориш учун такси тўхтатдим. Манзилни айтиб, нархини келишиб йўлга тушдик. Йўл-йўлакай ҳайдовчининг куюнчаклик билан айтаётган гап-сўзлари диққатимни тортди ва шу мавзуда бошқа юртдошларимизнинг ҳам фикрини билишга жазм этдим.
- Одамлар ўртасидаги одоб-ахлоқ қоидалари емирилиб, кишилар бир-бирлари учун қадрсизланиб бораётгандай... Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
Абдусаттор ака, такси ҳайдовчиси, Тошкент шаҳридан:
- Сиздан илтимос, фикрларимни газетага бермоқчи бўлсангиз исм-шарифимни тўлиқ эълон қилманг. Чунки, сизга айтган гапларимдан кейин таниш-нотанишлар мендан ранжиб қолиши, ҳаттоки кўп оилаларда тушунмовчилик, гап-сўз, шубҳа-гумон авж олиб кетиши мумкин.
Ҳар куни инсофлидан ноинсофга кўп йўлиқаман. Йўқ, мен кира ҳақи ҳақида гапирмаяпман. Бутунлай бошқа нарсани айтмоқчиман. Шундай ҳоллар бўладики, ўз такси машинамда мижоз кутиб турсам, ёнимга «иномарка»ми ёки ўзимизнинг сўнгги русумдаги машинами, келиб тўхтайди. Ичидан бир аёл, бир эркак тушади. Эркак керакли манзилни тушунтириб, ҳалиги аёлни ўша жойга элтиб қўйишимни сўрайди ва йўл ҳақини икки-уч баравар ортиғи билан қўлимга тутқазиб, аёл билан хайрлашади. Йўлда бораётганда аёлнинг қўл телефони устма-уст жиринглайди. Ҳалиги аёл ҳеч уялмай, сурбетларча, бамайлихотир жавоб беради: «Лаббай адажониси, ҳозир йўлдаман. Дугоналар билан ўтиришимиз чўзилиб кетди-да, хотинларни биласиз-ку... Шунда ҳам мен ҳаммадан аввалроқ қайтяпман...».
Бу ҳам бир нави... Вилоятлардан ота-онаси ўқиш учун юборган, илм олсин, касбу кор ўрганиб келажакда ўз ўрнига, мавқеига эга бўлсин деб, ўзи емай-киймай, контракт пулини тўлаб ўқитаётган айрим йигит-қизларнинг ўзини тутиши, ножоиз хатти-ҳаракатларини кўриб, астағфируллоҳ дейсиз. Бир куни машинамга иккита йигит икки қизни етаклаб чиқишди. Шаҳар чеккасидаги манзиллардан бирига боришяпти экан. У жойга кўпларни олиб борганман, биламан, аллақандай корейс аёли очган сауна ва яна алламбалолар... Кетяпмиз. Йўлда қизлардан бирига қўнғироқ бўлди. У эса тап тортмай жавоб бер¬япти: «Онажон, хавотирланманг, имтиҳонларни топширдим, ўртоқларим билан ётоқхонага кетяпман». Ана сизга ёшларнинг ота-онасига нисбатан муносабати-ю, уларнинг чеккан заҳматига яраша бераётган жавоби!
Йигитлар-ку, майли, ёшлигида қилган хатоларини бебошлик ўйин¬ларига, «йигитчилик»ка йўйиб, ҳаётини изга солиб кетиши мумкин, аммо улар билан «ёшлик гашти»ни суриб юрган қизларнинг ҳоли эртага нима кечади?!
Гапираман десам гап кўп. Одамларнинг юрагини така-пука қилиб қўяманми, деб хижолат бўляпман-да...
Шоҳиста Иброҳимова, Тошкент шаҳрида якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланади:
- Асли Андижон вилоятининг Хонобод туманиданман. Эрим билан водийдан Тошкентга савдо ишлари билан қатнаймиз. Кўча-кўйда, йўлларда ҳар хил одамлар билан мулоқотда бўлишга тўғри келади. Мундоқ ўйлаб қарасангиз, одамлар ҳамма нарсага, ҳаттоки ўз ҳаётига ҳам бефарқ бўлиб кетишган. Савдо ишларимиз бир ҳафта-ўн кунга чўзилиб кетган пайтларда турмуш ўртоғим билан ижара уйимизда яшаймиз. Бир куни бозордан ижара уйимизга қайтсак, уй бекасининг хонасида ўн беш-ўн олти ёшлар чамасидаги иккита навниҳол қиз ва лаби-лабига тегмай бидирлаётган маклер аёл ўтирибди. Афтидан ҳалиги қизчалар Тошкентга эндигина келган кўринади, гап-сўзлари, ўзларини тутиши шунақанги соддаки, беихтиёр ўзлари қишлоқда қолиб, пул топиб кел, деб қизларини пойтахтга юборган ота-онадан қаттиқ нафратланиб кетдим. Мен кап-катта аёл бўлсам ҳам, ёнимда эрим бўла туриб ҳам синашта бўлмаган одамларнинг уйи¬да ижара туришдан қўрқаман. Фақат яхшиларга ёндаштир, деб Аллоҳга ёлвораман. Қанча қиз-аёллар ўз яшаш жойларидаги топиш-тутишларидан қониқмай, ялтироқ ҳаётга эришиш мақсадида катта шаҳарларга, пойтахтга иш излаб келишади. Кўпларининг ижара уйларда яшаймиз деб нопок аёлларнинг, одам савдоси билан шуғулланувчи кимсаларнинг чангалига тушганлари ҳақида эшитганмиз, матбуот орқали хабар топганмиз. Ҳалиги ёшгина қизчаларнинг ота-онаси уларни қайси юрак билан катта шаҳарга ёлғиз юборди экан, ҳали ҳеч нарсага ақли етмайдиган, ғўр қизларини бегоналар орасига юборишга қандай кўзи қийди экан, деб ўйлаганим сари ўртаниб кетаман. Бунақа қизлардан кўпи бозорлардан «паноҳ» топади. Турган гапки, уйидан бош олиб келган қиз бозорга киргач, аввал номусини бой беради. Кейин бир-бир шарму ҳаё, ибо, назокатларидан ҳам айрилиб қолаверади...
Нуриддин Сайфуддинов, такси ҳайдовчиси, Фарғона шаҳридан:
- Мен водийдан Тошкентга қатнайман. Бир куни кўринишидан бадавлатлиги сезилиб турган, эллик ёшлардаги эркак ўн саккиз-ўн тўққиз ёшлардаги чиройлигина бир қиз билан машинамга ўтирди. Бошқа одам олмаслигимни сўради-да, тўрт кишининг пулини қўлимга тутқазди. Ҳали ҳеч қанча йўл босмасимиздан, менга ўзининг ҳам бир эмас, тўртта машинаси борлигини, лекин айрим сабабларга кўра ҳозир таксига минганини айтиб, «Пулини келишайлик, бизни Тошкентда айлантирасиз, айтган жойларимга олиб борасиз», деди. Келишдик. Аммо бироз вақт ўтиб, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Ёшгина қизнинг отаси тенги одам билан бегона кишининг кўз ўнгида қилаётган беҳаёликларидан миямга қон тепчиди. Бир кўнглим шартта машинани тўхтатиб, уларни тушириб юборай дейман. Аксига олиб анчагина йўл юриб қўйганмиз. Ҳай, бир амаллаб, тишимни-тишимга босиб, Тошкентга етиб келгунча сабр қилдим-да, кейин уларга узримни айтиб, бир таниш таксичи йигитнинг машинасига миндириб юбордим. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, ўша таксичи йигит менга уларни қаерларга олиб боргани-ю, нав-ниҳолгина қизнинг ичиб олиб кўрсатган томошаларини нафратланиб айтиб берди... Тавба дейман, одамларимизга нима бўляпти?.. Бошқа гапиролмайман... Кўнглим кирланиб кетгандек бўлди...
«Одобни номусдан, номусни эса одобдан ажратиб бўлмайди. Башарти униси ҳам, буниси ҳам нурай бошласа ва емирилса, инсон қадрсизланади ва энди бошқаларда ўзига нисбатан нафратдан бўлак ҳеч бир туйғу уйғотолмайди», - деган эди испан ёзувчиси Мигел Сервантес. Бугунги суҳбатдошларимизнинг гапларини тинглар эканман, бу фикрнинг мағзини чаққандай, қадрсизлик илдизлари қаердалигини англагандай бўлдим. Лекин фақат англамоқнинг ўзи етарлимикан? Бу иллатларнинг бартараф этиш чоралари нимада? Мулоҳазангизни айтинг, замондош.
УМИДА АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 883 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар