Сайт бўлимлари
Фолбинни фарқланг, ўзингизни сақланг!
- Подробности
- Бўлим: Урф-одат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Сайтларимизнинг илк саҳифаларидан бошлаб фолбинлар тўғрисида роса ёзгандик. Сўнгги мақоаларимизда уларнинг кирдикорлари, уларга қизиқувчилар, ишонувчилар, фолларига қараб иш кўрувчилар ҳақида бот-бот тўхталгандик.
Орадан шунча вақт ўтиб, бу мавзуга бошқа мурожаат қилинмади. Бугун яна ўша мавзу, фақат унинг олдинлари тилга олинмаган бир бўғинига тўхталмоқчимизки, бунинг зарурияти бор. Зеро, кундалик турмушимизда айнан шунақа бидъат амаллар, ҳатто ширкка олиб бориши мумкин бўлган ҳолатлар учраб турибди. Афсуски, биз уларни кўрдик, куни кечагина кўрдик, туппа-тузук илмли инсонлар қилаётган ишларнинг таги пуч, шайтоний амаллар эканини кўрдик!
Халқимизда жаҳл келганда айтиладиган бир гап бор: «Жин урсин!».
Буни биринчи бўлиб бирон кишидан жабр кўрган ва сўнгра унга кучи етмаган инсон айтган бўлса керак, деб ўйлайман. Чунки жин чалиб кетиши ҳақиқатанда бор нарса ва у динимизда батафсил берилган.
Маълумки, мусулмончилигимиз асосларидан бири ғайбга иймон келтиришдир. Ғайбнинг маъноси Аллоҳ ҳамда унинг элчиси хабар берган, лекин бизга кўринмаган нарсалардир. Шулардан бири — жинлар ҳам кўринмас маҳлуқотлардан бўлиб, уларнинг борлигига ишонишимиз лозим. Жинларнинг кўринмаслиги уларнинг йўқлигига далил бўла олмайди. Зеро, кўзимизга кўринмайдиган қилиб яратилган қанчалаб элементлар, ҳодисалар бор. Ҳаво, электр токи, турли радиоактив нурлар… Хуллас, уларни санаб адоғига етолмайсиз.
Энди бугунги бош мавзуимиз - жинлар ҳақида бироз маълумот. Улар инсонлардан ҳоли жойларни афзал кўрадилар. Масалан, ёриқ, хилват жойлар, чуқурларни маскан тутишади. Яна баъзилари ташландиқ ва ахлатхоналарда яшасалар, айримлари эса инсонлар билан бирга ҳам яшайдилар (яъни, инсонлар орасида).
Жинларнинг бунақа жойларда яшашига сабаб, улар инсон таомларининг чиқитларини тановул қиладилар. Худди инсонларга ўхшаб, жинлар ҳам мусулмон, насроний, яҳудий ва ҳатто, битта дин доирасидаги турли фирқаларга бўлиниши мумкин.
Жинларнинг инсон танасига кириб олиши ҳақидаги фикрга уламолар турлича муносабат билдиришади, лекин улар инсоннинг ён-атрофида гирдикапалакдек айланиб юришлари айни ҳақиқатдир. Улар одамзотни васвасага солишга, турли ёмон йўлларга бошлашга ундайдилар. Жин инсонга жисмоний зарар бера олмайди, унга бундай ҳуқуқ берилмаган, лекин турли йўллар билан инсонни йўлдан, яъни тўғри йўлдан оздиришга ҳаракат қилади.
Хўш, қандай ҳолатларда инсонга жин теккан деб тахмин қилиш мумкин? Манбаларда ёзилишича, уйқудаги хавотир, яъни кўп чўчиб уйғониш, бўғилиш (уйқуда бир нарса сиқади ва ёрдам сўраса ҳеч ким ёрдам бермайди), қўрқинчли тушлар, ўзи билмаган ҳолда ётган жойидан туриб юриш, уйқуда баландликдан тушиб кетаётгандек ҳолатга тушиш, уйқуда ўзини қабристонда, ахлатхонада ёки қўрқинчли йўлда ҳис қилиш каби ҳолатларни бошидан кечирган инсонга жин ёпишган бўлади, дейилади.
Бунинг натижасида, хотиранинг сусайиши, дангасалик, дармонсизлик, сиқилиш, асабий бўлиб қолиш, табобатда ҳам тушунарсиз бўлган оғриқларнинг пайдо бўлиши каби ҳолатлар келиб чиқади. Энг асосийси эса, инсон Аллоҳнинг зикри ва тоат-ибодатдан анча йироқлашади.
Мана шу ҳолатларда инсон давога муҳтож бўлади. Лекин бизнинг кўзимизга кўринмайдиган жинлардан қандай қилиб халос бўлиш мумкин?
Буни шаръий йўл билан даволаш мумкин, бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталамиз. Ундан олдин эса масалани бугунги кун нафаси билан, юқорида тилга олинган муаммо нуқтаи назаридан таҳлил қилсак. Ҳамма фалокат шундаки, жин тегиш касалига учраган ва унга даво қидириб юрганлар ўзлари билмаган ҳолда фолбинлар ҳузурига бориб қолишмоқда. Албатта, инсонни тўғри йўлдан оздираётган, унинг ибодатлари йўлига тўғаноқ бўлаётган жинларга қарши курашишга динимизда ҳам қатор йўл-йўриқлар кўрсатилган. Лекин, уларни фолбинлик йўли билан даф қилиш асло мумкин эмас.
Маълумки, жинларга атаб жонлиқ сўйиш ҲАРОМ амалдир. У Аллоҳдан бошқага атаб сўйилгани учун ширк ҳамдир.
Афсуски, жинларга атаб қурбонлик қилиш ҳозиргача давом этиб келаяпти. Бундай ярамас ишларни жинлар билан гаплашадиган фолбин ва азайимхонлар амалга оширмоқдалар. Улар сеҳрни ечдириш, жин чалган кишини муолажа қилиш ва шунга ўхшаш муаммолардан қутилиш учун келган жоҳил кишилардан муайян бир ҳайвонни келтиришни талаб қиладилар.
Шахсан, мен бир сафар айнан шунақа мақсадда фолбинга ТОВУҚ ОЛИБ КЕТАЁТГАНЛАРИДА неча марта қайтаришимга қарамай, бу ишдан тийилмаганлар (тахминан ўн йилча олдинги воқеа, уларнинг кимлигини айтишга тилим бормайди). Ўшанда қанча уринмай, уларни шайтон йўлидан барибир қайтара олмаганим учун ҳозиргача афсусланаман, Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечган бўлсин, ишқилиб!
…Сўнг фолбинлар «жонлиқ»ни сўйиб, унинг қонини касалга суртишади, «жонлиқ»нинг ўзини эса қудуққа ёки ташландиқ ерларга отишга, отиш асносида Аллоҳнинг исмини зикр қилмасликка буюрадилар. Ёки шунга ҳамоҳанг бошқа амаллар қилишади. Улар қилаётган ишларнинг ҳаммаси жинлардан ёрдам сўраш бор, бу эса ширкдир.
Кўраяпсизми, манзара қандай даҳшатли эканини! Фолбинлар бу билан шифо қидириб келиш натижасида йўлдан адашган инсонни энг даҳшатли гуноҳ – гуноҳи кабираларнинг ҳам кабираси бўлмиш ширк амалини қилиб қўйишига сабабчи бўладилар, кўриб-билиб туриб шунга етаклайдилар.
Шу ерга келганда бир ҳақиқатни айтиб ўтсам. Яхшилаб қулоғингизга қуйиб олинг: жинлар билан гаплашадиган фолбинлар уларнинг хизматидан фойдаланар экан, тилида ёки дилида кофир бўлмагунларича улардан ёрдам ололмайдилар. Яъниким, фолбинлар қачон куфрга ўтар эканлар, шундагина жин уларга ёрдам бера бошлайди. Уларнинг «ёрдам»лари эса… саробдан бошқа нарса эмас!
Буни Пайғамбаримиз алайҳиссалом замонида ўтган бир воқеа билан изоҳласак, энг тўғри йўл бўлур эди:
«Ибн Аббос (р.а.) айтадилар: «Пайғамбар (с.а.в.)нинг асҳобларидан бир кишининг хабар беришича, улар бир кеча Пайғамбар (с.а.в.) билан ўтирганларида юлдуз учди ва атроф ёруғ бўлиб кетди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга «Бунга жоҳилиятда нима деган бўлардингиз?» дедилар. Улар «Бу кеча буюк киши туғилди ва буюк киши вафот этди, дердик», - дея жавоб беришди
Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дедилар: «У бировнинг ўлими ва ҳаёти учун учмайди. Лекин Роббимиз агар бирор ишга ҳукм қилса, Аршни кўтариб турувчи фаришталар тасбеҳ айтадилар. Сўнг улардан кейинги само аҳли тасбеҳ айтади. Шундай бўлиб, хабар то бу дунё осмонигача етиб келади. Шунда жинлар эшитганларини тез ўғирлаб дўстларига етказадилар. Агар улар келтирган нарсанинг ўзигина бўлганда эди, у ҳақиқат бўларди. Лекин улар қўшиб, уни янада зиёда қиладилар».
Оиша (р.а.)дан айтилган мана бу ривоят мазкур масалани янада ойдинроқ тарзда баён қилиб бера олади:
Ул зот: «Эй, Расулуллоҳ, албатта фолбинлар аҳёнда бир нарса сўзласа, биз уни ҳақиқатда кўрамиз», деганларида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай жавоб қилган эканлар: «Бир тўғри сўзни жин ўғирлайди ва дўстининг қулоғига етказади. У эса, бу сўзга мингта ёлғонни қўшади».
Буюк бобокалонимиз Имом Бухорийнинг китобларида, бундан ташқари, яна бир неча ишончли манбаларда келтириладиган ушбу ҳадис фолбинларнинг қилмишларини очиқ-ойдин тасвирлаб бермоқда.
Энди, ҳаммамиз учун энг зарур бўлган масала — фолбинлик ва шаръий йўл билан даволашдаги фарқларни яхшилаб билиб олсак.
Азиз инсонлар, айниқса опа-сингилларимиз, онахонларимиз! Қуйидагиларни ҳеч эсдан чиқарманг!
Дейлик, сизга турли ёқимсиз нарсалар, масалан, отнинг ёли, пашшанинг қаноти ёҳуд сичқоннинг қайсидир бир органи, хуллас шунга ўхшаш яна бир балоларнинг рўйхатини ёзиб беришади. Уларни топиб келиш кераклигини айтишади. Буни амалга оширган инсон очиқ фолбиндир, ундан дарҳол қочинг ва шундай кишига бориб қолганингиздан тезда афсус қилиб, ҳақиқий шаръий йўлни қидиринг.
Ҳақиқий шаръий йўлда даволовчилар эса энг аввало ШАРЪИЙ ДАВОЛАШ билан СЕҲРЛАБ ДАВОЛАШнинг фарқини кўрсатишади. Айнан шунга эътибор беринг!
Сеҳрлаб даволовчилар бемордан даво эвазига пул талаб қилишлари оддий ҳол. Лекин шаръий даволовчилар бундай қилишлари умуман мумкин эмас, яъни бундай йўл тутмайдиганларгина шаръий даволовчилар бўлишади. Муолажадан кейин уларга хурсандчилик асносида бирор атаган совғангизни ёки пул бериб кетсангиз, олишлари мумкин, бундан шубҳаланманг, лекин фолбиндан фарқли равишда олдиндан мана бунча пулга жин чиқараман, деб айтишмайди. Чунки бу мусулмончиликка зиддир. Айнан олдиндан нархини келишиб, шунча пулга жин чиқараман, деганлар фолбинлардир.
Шаръий даволашда Қуръон оятлари ва динимизда рухсат берилган усуллар ишлатилади, холос. Бунинг учун ҳеч қандай ортиқча буюмлар кетмайди, шунга эътибор қилинг.
Шундай бўлсада, олимлар орасида шаръий жин “чиқариш” амалини ҳам қилмаган маъқул, дейдиганлар бор. Бу фикр, менимча, жин ёпишган инсон мукаммал ибодатга қайтиш ва Аллоҳ зикрида бардавом бўлиш орқалигина жинни ўзидан қувиб юбориши лозим, деган мулоҳазадан келиб чиққан бўлса керак.
Шу ўринда жин чалишдан сақланиш йўлларини ҳам айтиб ўтсак. Унга бир эътибор қилинг-а, ҳаммаси оддий ва осон. Бунинг учун сизда бирозгина қунт бўлса, етарли:
— Ҳамиша покиза, иложи бўлса таҳоратли юриш;
— Юқоридан сакралганда, ерга иссиқ сув тўкканда, баланд жойдан оғир нарса ташлаганда, қоронғи хонага кирганда «Бисмиллоҳ»ни айтиш;
— Ит ёки мушукка, илонга сабабсиз озор бермаслик;
— Ёлғиз ухламаслик, айниқса, тунда ва хилват жойларда;
— Тешик жойларга ҳожат қилмаслик;
— «Бисмиллоҳ»ни доимо айтиб юриш;
Мақола шу ерда тугайди. Уни бошидан ўқиб чиқиб шундай фикрга келдим: айтилиши керак бўлган энг асосий, энг зарур гаплар менимча айтилди. Шуларни ўзлаштириб олган инсон ҳам анчагина билимга эга бўлади, ёмон йўллардан чекинади. Шундай экан, Аллоҳ ҳаммамизга ўзининг йўлини насиб қилсин!
Беҳзод Аҳмаджонов
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 868 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар