1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳазрат Алининг Ҳазрат Фотима билан турмуш қуриши

Юнус ибн Букайр Ибн Исҳоқдан ривоят қилади: Менга Абдуллоҳ ибн Абу Нажийҳ Мужоҳид орқали Ҳазрат Алининг шундай деганини ҳикоя қилди:
Мен Фотимани Расулуллоҳдан шундай сўрадим: Менинг бир чўрим бор эди. Бир куни у менга: "Фотимага совчилар келганидан хабаринг борми?", деди. "Йўқ", дедим. У ҳам: "Ҳа, Фотимага совчилар келишган. Аммо сенга нима монелик қиляптики, бориб Пайғамбардан сени қизи билан никоҳлашини сўрамаяпсан?", деди. Мен: "Гўёки менда уйланишга етарли дунё молим борми?", дедим. "Сен Пайғамбарнинг олдига борсанг сени уйлантиради", деди.
Валлоҳи, у менга шунчалик умид бериб, қаттиқ туриб олдики, охири Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдига кирдим. Расули Акрам (с.а.в.) жуда жасур ва салобатли эдилар. Валлоҳи, ичимга йиғига ўхшаш бир нарса кириб овозим бўғилди ва ҳеч гапира олмадим. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Нима мақсадда келдинг! Бирон ҳожатинг борми?", деганларида мен яна сукут қилдим. У зот: "Нима мақсадда келдинг, бирон ҳожатинг борми?", дедилар, мен яна жавоб бермадим. Шундан сўнг: "Сен, эҳтимол, Фотимага совчи бўлиб келгандирсан", дедилар.
"Ҳа", дедим. "Уни ўзингга ҳалол қиладиган миқдорда маҳр бўладиган бирон нарсанг борми?", деб сўрадилар. Мен: "Йўқ! Валлоҳи, ҳеч нарсам йўқ, ё Расулуллоҳ!", дедим. Ҳазратимиз менга: "Хўш, менинг сени жиҳозлаш учун берган совутинг нима бўлди?", деб сўрадилар. Али (р.а.) айтадиларки – Валлоҳи, у қиймати фақат тўрт дирҳамга етадиган Хутамий жинсли бир совут эди – Мен: "Совут ёнимда", дедим. Ҳазратимиз: "Хўп, ундай бўлса, мен сени Фотима билан никоҳлайман, совутни маҳр сифатида Фотимага жўнат ва у билан Фотимани ўзингга ҳалол қилган бўл", дедилар.
Мана шу Фотиманинг маҳри ўша совут эди.
Айюб ас-Сахтийоний Икрима воситаси билан Ибн Аббос (р.а.)нинг шундай деганини ривоят қилади: Али (р.а.) Фотима билан турмуш қурганда Пайғамбар (с.а.в.) ҳазратимиз Алига: "Қани, Фотимага маҳр сифатида бирон нарса бер", деганларида Али: "Менда берадиган ҳеч нарса йўқ", деди. Ҳазратимиз ҳам: "Сенинг ал-Хутамийя совутинг қаерда?", дедилар.
Бу ҳадисни Абу Довуд ривоят қилган.
Ато ибн ас-Соиб ҳам отаси Соибдан Ҳазрат Али (р.а.)нинг шундай деганини ҳикоя қилади:
Набий (с.а.в.) ҳазратимиз Фотима (р.а.)нинг сепини бир қадифа либос, бир сув кўзаси, ичи изҳир ўти билан тўлдирилган теридан ясалган ёстиқ билан тайёрладилар.

Ҳофиз Заҳабийнинг "Тарих ул-Ислом" асаридан
Абу Муслим таржимаси