Сайт бўлимлари
Қадр топмаётган қариялар
- Подробности
- Бўлим: Мақолалар
- Чиққан санаси: 21 Май 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Аслида, хотира ва қадр тушунчаси одамийлик фазилатларига эга ҳар бир кишининг фитратида мавжуд тушунча. Ўтганларни ёдга олиш, ғаниматларни қадрлаш учун алоҳида кун, рамзий сананинг бўлиши шарт эмас. Зеро, андиша, меҳр-оқитбатни англаган киши борки, ўзидан ёши катта инсонларнинг меҳнати, жасорати, хизмати ва албатта уларнинг ибратли ҳаёт йўлини қадрлайди, унутмайди.
Яхши нарсаларни, чиройли гапларни гапириш осон. Лекин орамиздаги барча кексалар, ёши улуғлар, эҳтиёжманд кишилар ҳамиша бирдек иззат-икромда, меҳр-мурувватдан мамнунмилар? Ёки йилнинг фақат бир маълум санасида уларга тил учида эътибор кўрсатиш билан кифояланяпмизми? Умуман олганда, бугунимизда қадр
Қадр топяптими?
Таассуфки, бу саволларга ҳаммавақт ҳам ижобий жавоб беролмаймиз. Ахир, орамизда айни дамда ғанимат бўлган ёши улуғ, ҳаётий тажрибаси кўпга ибрат бўлгулик кексаларимизнинг ўз яқинлари, фарзандларининг меҳр-муруввати, эътибори ва дийдорига зор эшикка жавдираб ўтиргани ёлғон эмас-ку.Тобора дийдамизу қалбимизни қотираётган тирикчиликнинг тошдан қаттиқ ташвишларига тўнкаймиз оқибатсизлигимизни. Кунлаб, ҳафталаб, ойлаб ва ҳаттоки, йиллаб хабар олмаймиз ота-онамиздан. Бошқаларни қўя турайлик, ўз яқинларимиз, дийдоримиздан бўлак нарсага эҳтиёжи йўқ ота-онамизга мурувват кўрсатгани вақт ва имкон ТОПМАЙМИЗ айримларимиз. Тўғри, телефон деган матоҳ урфга кириб анчи “оғиримиз”ни енгил, узоқ йўлимизни яқин қилди. Аммо... Аммо, техника иссиқ меҳримиз тафтини сездирармиди, биродар? Бир онгина суҳбатлашиб, дийдор завқидан ҳузурланиб, ота-онамиз, бизни шу ёруғ дунёга келтирган, ҳеч кимдан кам бўлмаслигимиз истагида кунлар роҳатидан, тунлар оромидан кечган меҳрибонларимизга эҳтиром кўрсатиш ва уларни қадрлаш билан кўз олдимизда улғайиб келаётган фарзандларимиз қалбида оқибат уруғларини ундиришга нима етсин?..
Бироқ фарзандларимизга намуна бўлиб, ота-онамиз, ёр-биродарларимиз ва қавм-қариндош, умуман инсонларга меҳр-мурувват, эҳтиром кўрсатишимиз керак бўлган пайтда биз дунё ҳаваслари билан машғулмиз. Эрта кексайганимизда айни пайтда биздан кўрганлари асносида тарбияланиб улғаяётган фарзандларимиз ўзимиздан ўрганларини ўзимизга қайтарганларида, Яратган асрасин, не кўйга тушажагимизни тасаввур қилишга
Биз кексаларни, ҳаёт аччиқ-чучугини тотиб, паст-баланд йўлларда қоқиниб-депиниб, яшаш илмини эгаллаган улуғларимизни қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳақида чиройли гапларни гапиришдан завқ туямиз. Бироқ орамизда, шундоққина ёнгинамизда қадрга, эҳтиромга муҳтож кексалар ҳам анчагина. Афсуски, бу аччиқ бўлса ҳам ҳақиқат. Ва бу ҳақиқат қаршисида бош кўтариб тургани юрагинг дов бермайди киши. Қариган чоғида кексалик ҳузуридан маҳрум, хорижга ишлаш учун кетган боласининг болаларига қоровуллик қилаётганлар қачон қадр топар эканлар? Ичкиликка ружуъ қўйган боласининг зуғуми билан ўлимлигига аталган пулларни ҳам унга тутқазган қари ота-оналар эҳтиромга муносиб эмасмилар? Келин аталмиш уйнинг норасмий “ЭГАСИ” томонидан “қатағон”га учраб, ҳовли бурчагидаги ҳужранамо уйчага индамай кириб-чиқаётган, жуфти қазо қилиб етим бўлиб қолган қарияларга қачон қадр муяссар бўлади?
Қариси бор уйнинг париси бор
деймиз. Кексаларимизни фариштага менгзаймиз. Аммо уйимизни фаришталардан мосуво қилиб, кексайиб мурувват ва қадрга эҳтиёжманд бўлиб қолган қари ота-онамизни “Мурувват уйи” каби маҳзун гўшаларга сургун қиламиз. “Санаторияда дам олишсин. Уйда болаларнинг шовқин-сурони билан даволангандек ҳам бўлмайдилар”. Оқибатсиз фарзандларнинг меҳрсизлиги оқлови ҳам тайёр. Гўёки шу баҳонасига ўзи ва бошқаларни ишонтиришга уринишади. Майли, кимлардир зўрма-зўраки ишонди ҳам дейлик, лекин ўша беоқибат фарзандларнинг виждони-чи, виждони ишонармикан ота-онасига фарзандлик бурчини, хизматини кўп кўриб, бегоналарнинг мурувватига зор қилиб қўйганига?!..
Ит- вафо. Фарзанд-чи?..
Болалигимда мактабимиз яқинида семичка, сақич ва яна қандайдир ширинликларни сотиб ўтирадиган момо бўлардилар. Қишнинг қор қировли кунларида ҳам, баҳор –кузнинг ёмғирию, иссиғида ҳам, ҳатто саратоннинг жазирамасида ҳам Ободон момо (одамлар уларни шунақа деб атарди) “дўконча”ларини кўтариб кўча бошида тимирсикланиб юрардилар. Катталар момонинг бир қиз, бир ўғиллари борлигини, қизлари узатилган, ўғиллари уйланиб бола-чақали эканини, келини момони сиғдирмаслигини, қўлига майда-чуйдаларни тутқазиб сотиб келишини уқтириб кўчага чиқариб юборишини гапиришарди. Фақат шу эмас, Ободон момони бир неча марта арава судраб даладан ўт юлиб келганларини, ҳатто қоп-қоп буғдойларни тегирмонга олиб бориб, ун торттириб қайтганларини кўрганман. Ўша кезларда гарчи ҳаётни рангин тасвирларда кўрадиган ўсмир бўлсам-да, момонинг нигоҳларида мунг ин қурганини, доим киприклари учида томчи ёш халқаланиб турганини пайқардим. Балки, шундай нобоп келинлар касрига келинга “бегона” аталмиш “унвон” берилса керак. Қайнонасига бешафқат зулм қилган келин, эрта бир кун қариганида фарзандларидан қандай қадр кўрарди?! Ўғил-чи, ҳаёт ташвишларига бир ўзи елка тутиб, ўзини дунёга келтириб, улғайтириб отаси ўрнида ота бўлиб павариш қилган, одам қилиб, элга қўшган онасини хотинига хўрлатиб қўйган ўғил кексайган чоғида қандай иззат-икромга лойиқ кўрилишини ҳеч ўйлармикан?..
- Маҳалладош отахон уй-жойларини қўшниларининг ўғлига хатлаб берганларини эшитиб, ҳайрон қолдим,- дейди Маҳбуба исмли аёл.-Ахир отахоннинг ўғил-қизлари, невара-эваралари бор, фарзандлари нуфузли жойларда ишлар эди-да. Кейин эшитсак, отахоннинг фарзандлари оқибатсиз, бемеҳр экан. Бир неча кун уйда хасталаниб ётганларида бирорта болалари хабар олмаган, ёрдамга муҳтож, қаровсиз қолган отахонга қўшниларининг ўғли ва ҳамшира келини қараган экан. Болаларига аччиқ қилиб отахон уй-жойларини қўшниларининг ўғли номига ўтказиб берибдилар. Бу воқеадан қаттиқ таъсирландим. Одам “қариган чоғимда, илгимдан куч, кўзимдан нур кетганидатиргак, суянчиқ бўлади. Бетоб бўлганимда бир пиёла сув тутиб, кучсиз танамга мадор бўлади” деб бола-чақа қилсаю, кексаликдаги оғир кунида, хасталанганида етти ёт бегоналардан мурувват кўрса. Бундай юзсиз ва оқибатсиз бола ўстиргандан кўра, ит боққан яхши. Ҳартугул, итда вафо бўлади-да...
Отангга қилганинг Ҳақдан қайтади...
Суҳбатдошимнинг айтганларини мулоҳаза қилар эканман, ўзим гувоҳи бўлган бир воқеа ёдимга тушади. Маҳалламизда уста-дурадгор отахон бор эди. Уста кексайган чоғида жуда хор бўлди. Ўғил-қиз, невараларнинг ҳеч бири бетоб ётган отадан хабар олмас, қўни-қўшни, ёши катта маҳалладошлар раҳми келиб иссиқ-совуғидан хабар олиб туришарди. Бир куни кўчадан ўтиб кетаётганимизда титраб-қақшаб, кўз ёшларини оқизиб, ҳассасига таянган куйи йўлимиздан чиқди. Онамга қараб:
- Қизим, сиздан илтимос, жиянимни чақириб келинг. Мени дўхтирга олиб борсин. Ўғил-қизларимдан рози эмасман. Рўшнолик кўришмасин. Мен болаларим ўксимасин, улар ҳеч кимдан кам бўлмасин деб топганимни уйга ташидим, уларни ҳеч нимага зориқтирмадим, кам қилмадим, охири улардан кўрган оқибатим мана шу ҳужра, мана шу хўрлик ва муҳтожлик бўлди. Бир неча ойдан бери бетоб ётибман, болаларим дўхтирга олиб бормайди. Дори-дармон қилмайди. Ҳатто "дада, тузукмисиз деб хабар олишмайди". Жиянимни чақириб келинг, мени касалхонага олиб борсин. Илтимос, сиздан...
Биз устанинг жиянига хабар бердик.Шу воқеадан кўп ўтмай маҳалладош отахон дунёдан ўтди. Устанинг сўнгги кунлари ҳақида гап кетганда элнинг ўзи лўндагина хотима ясади: “Устага Ҳақдан қайтди!..”Маҳалламиз катталари устанинг отаси ҳам ўғлининг мурувватига зор бўлиб, кексайганида қаровсизликда хор бўлганиганига шаъма қилганини кейинчалик англаб етдим...
Онанинг дуоси- бахтнинг калити
Шундай. Бу дунёнинг ишлари ҳисоб-китобли. Ҳеч бир амал изсиз кетмайди. Яхши ишнинг ҳам, ёмон ишнинг ҳам жавоби муқаррар. Бу ҳақиқатни унутмаган, комил инсонлар ҳам орамизда бор, минг шукр. Водийлик опахонимиз сўзлаб берган бир воқеадан қаттиқ таъсирлангандим.
- Яқин танишим пойтахтда нуфузли ташкилотларнинг бирида ишларди,- деган эди опахон.- Онаси бетоб бўлиб қолганди, амалини ҳам, ишини ҳам йиғиштириб, қишлоққа қайтди. Олти ой давомида онаси даволанди, танишим шифохонада бир кун ҳам онасини ёлғизлатмай бошида турди. Онаси тузалиб, дарддан буткул фориғ бўлиб, оёққа тургач, танишим ўзимизнинг вилоятдан иш излаётганди. Буни қарангки, ишсиз юрганида пойтахтда аввалги ишидан ҳам нуфузлироқ ишга, ўзи ишлаган амалдан катта лавозимга ишга таклиф қилишди. “Ҳаммаси онамнинг дуосидан! Онамнинг истаги бўлгани учун шундай мартабага эришдим. Дунёнинг ишлари, амалию мансаби топилади, ота-онанинг рози-ризочилиги ғанимат. Мен онам учун ҳар қандай мансабу, маоши катта ишдан кечишга тайёрман” дейди танишим билан суҳбатлашганимизда. Шундай инсонларнинг борига шукр. Аллоҳ ҳаммага ҳам аҳли солиҳ фарзанд берсин...
Яратган ҳаммага аҳли солиҳ фарзандларга ота-она бўлиш саодатини насиб этсин. Қолаверса, оқибат, қадр эҳтиром ва меҳр-муҳаббат тушунчалари ўзаро яқинликдан мустаҳкамланишини унутмайлик. Зеро, ёшлигида кексаларни, катталарни ҳурматини жойига қўйиб, уларга эҳтиром кўрсатаётган киши ўзига кексалик фаровонлиги учун замин яратаётган бўлади. Кексаликда қадр топиб, инсонлар ёдида фақат яхши хотиралар билан қолиш яхшиларга насиб этсин!
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 874 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар