1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик

Айни чоғларда пойтахтимизнинг номдор санъат саройларида ёзги концерт мавсуми қизғин давом этмоқда. Айниқса, “Истиқлол” санъат саройи деярли ҳар куни санъат ва қўшиқ шайдолари билан гавжум. Албатта, бундан мамнуният туяди киши. Ахир яхши дам, меҳнатга ҳамдам дейдилар. Кино, театр, концертларга кириб маданий ҳордиқ чиқариш, кундалик ташвишлардан бироз нари бўлиш билан асабларни тинчлантириш яхши. Бироқ  айрим ҳолларда кино, театр ёки концертга кирганингизда асабингиз бузилиб, ғашингиз келади. Томошабин маданияти, мухлис этикасидан умуман хабари бўлмаган томошабинлар касрига маданий дам олиш фурсатлари ҳам кўнгилдагидек кечмайди.
Шундайлар тоифасига дуч келганда беихтиёр,

 

Эссиз санъат, эссиз санъаткорнинг меҳнати

 

-    дейди, киши.  Яқиндагина истеъдодли санъаткор, ҳофиз ва моҳир созанда Фарҳод Саидовнинг яккахон концертига тушдик. Ҳамроҳлар билан ишдан чиқиб, келишилган вақтда кўришгунимизча концерт бошланадиган пайт ҳам бўлиб қолди. Шоша-пиша концертга келганларнинг чипталарини текшириб, ичкарига киргизаётган назоратчилар турган эшикка яқинлашдик. Белгиланган тартибда залга кирсак, беш-ўн чоғли томошабин ўз ўриндиғини банд этиб туришибди холос. Улар ҳам санъаткорнинг яқини, қариндош-уруғлари, яъни таклифнома орқали таклиф этилган меҳмонлар. Концерт бошланишига эса атиги 10 дақиқа қолган. Шерикларимиздан бири, “Тавба, одамлар санъатни ҳам тушунмайдиган бўлиб кетишибди, чоғи. Ахир Фарҳод Саидов анча-мунча ҳофиз эмас, нега концертига кам  одам йиғилибди” деб қолганди, бошқаси гапни илиб кетди:
-    Э, одамларни билмайдигандек, худди биринчи марта концертга киргандек гапирасиз-а?!  Ҳозир концерт бошланса, ярим соатлардан кейин узун-қисқа бўлиб, боласини йиғлатиб, қувалаб, қарғаниб, судралиб кириб келишади. Халқимизга хос одат бу. Дард тузалса, тузаладики, одат ҳеч қачон тузалмайди...
Чиптада кўрсатилган ўрнимизга бориб ўтирдик. Соат еттидан беш дақиқалар ўтди. Концерт ташкилотчилари тез-тез саҳна ортидан залга кўз югуртириб кетишяпти. Одамлар эса худди “керак бўлса кутасан-да”, дегандек бемалол кириб келишяпти. Ҳамроҳимиз айтганидек, биров учта боласи бўлса, уччовини ҳам етаклаб олган, биров ёшига етмаган гўдагини ҳам кўтариб олган. Бир пайт кўзимиз болалар аравачасига боласини солиб олиб зал бўйлаб ўриндиғини қидириб юрган жувонга ҳам тушди. Қизиқ, гўдак бола билан концертда нима кўриш мумкин? Қўлингда боланг ғингшиб ётса, қандай дам оласан, биродар? Балки сенга концерт ёш боланг билан татир, лекин концертга кирганлар, эгнию қорнидан тийиб маданий ҳордиқ чиқараман, қўшиқ тинглаб ором оламан, деб чипта сотиб олган, уларга болангнинг ғингшиши, йиғлаб асабни эговлаши ёқармикин, бунинг ҳисобини қилмайсанми, дегингиз келади шундайларни кўрганда. Нима дейсиз энди, ўзбекчилик андишаси. Концерт бошлангунига қадар томоша кўргулик асабингиз ҳам қолмайди.
Хуллас, белгиланган вақтдан ўттиз дақиқаси ўтгач (албатта томошабинларнинг айби билан!) концерт бошланди. Ҳар оҳанги, ҳар ноласи Бухоро воҳасининг ўзига хос тўпори- тажанг кишиларининг шўхлигини, жўшқин табиатини эслатгувчи мусиқа садолари зални жонлантириб юборгандек бўлди. Ажиб ҳиссиётлар кўнгилни қитиқлаб, бор ташвишу ўйловларни унутади киши. Соҳир ҳислар, ширин туйғулардан энтикиб, дунёни унутиб ўтирганингда кимдир келиб елкангдан туртади:
-    Фалонинчи қатор қаерда?..- Турган гапки, мусиқа садолари унинг овозини босиб кетади ва албатта... ширин ҳис бағишлаётган ором ҳам бўлинади. Ҳалиги сўровчи яна саволини такрорлайди. Қаторнинг рақамини айтасан. Кошкийди шу билан тинчиса... Энди у чиптада кўрсатилган ўриндиғини  ҳам сўрайди. Ва бир маданиятсизнинг эзмалиги сабабидан ҳозиргина дилингни яшнатаётган манзара ҳам кўзингга хунук кўринади. “ Шу санъаткорнинг дискини сотиб олиб, уйда бир ўзим мазза қилиб қўшиқ тингласам яхши бўларди” деган ўйдан ғижинасан. Аммо бир кўнглинг яна фикрингга қарши чиқади, “жонли томоша барибир жонли-да!”
Жонли томоша чиндан ҳам мияни чалғитади, асабларга дам беради. Бироз бўлса ҳам кўнгилга хотиржамлик иниб, одатий ташвишлардан нарироқ бўласиз. Албатта томоша ҳам шунга яраша юксак савияда бўлса. Аммо айримларнинг фаросатсизларча белгиланган вақтда томошагоҳга келмаслиги ёки ёш боласини етаклаб,  томоша бошлангач ҳам санъаткорнинг  ва ҳам томошабинларнинг  ғашини келтириб, фикрини бўлиб бемалол кириб келиши концертга киришдаги мақсадингизни пучга чиқариб қўяди. Шундайларга дуч келганда, халқимизга маданият, маънавият деган тушунчаларни уқдириш учун бундан ортиқ яна қандай ҳаракат қилиш керак экан-а, деган ўйдан оғринади киши.
Эл назаридаги кишилар, санъаткорлар, ҳофизу хонандаларнинг юриш-туриши, ўзини тутиши халқга кўзгудек гўё. Улар маданият, маънавият, нафосат ва одоб-ахлоқи юксаклиги билан ҳам элга ибрат бўлишлари шарт. Аммо санъаткорлар орасида ҳам шундай кишилар борки, беихтиёр уларнинг адабсизлиги ва маданиятсизлигини кўриб нафратланиб кетасан.

 

Маданият ходимида маданият бўлмаса,

 

бундан ёмони бўлмайди. Маданиятни ҳам қўя туринг, оддий ўзбек элига хос андишаю тавозеъ, ҳурмат-иззат, шарқона одобдан нари нусхага санъат олами эрмакка от чоптирадиган майдон эмас-да ҳарқалай.
Фарҳод Саидов концертга меҳмон сифатида таклиф этилган санъаткорлар билан таништирар экан, устоз ҳофиз Ортиқ Отажоновнинг исми шарифи тилга олинганида  санъаткор ўрнидан туриб, астойдил томошабинларга таъзим қилдилар. Бу ҳолни хонанда Анвар Санаев ҳам такрорлади. Аммо элимизнинг машҳур қўшиқчиларидан бири, халқ артистининг исми янграганди, улар ўрнимдан турсам, савлатимдан тушиб қоламан, деб ўйладилар чоғи, ўтирган жойларида шундоқ кибр билан бош силкиб қўя қолдилар. Қизиқ, бу билан халқ артисти нимага шаъма қилмоқчи бўлдилар экан? Концерт бераётган санъаткорга нисбатан ҳурматсизликмиди бу, ёки уларни шу даражага етказган халққа беписандликмиди? Балким ўзларини жуда омадли ва машҳур санаётган ҳофиз учун бу оддий ҳолат бўлиши мумкин, бироқ залда ўтирган томошабинлар у зотнинг бу тахлит беодоблигини муҳокама қилишга тушиб кетди: “Вой, Фалончи ўрнидан ҳам турмадия?”  “Астоғфурруллоҳ, Ортиқ Отажоновдек санъаткор олдида у ўзини ким деб ўйлаяпти?..”
Санъаткор аввало одобли, юксак маданиятли ва албатта маънавиятли бўлиши керак.  Санъат аҳли унутмасинки, уни машҳур қилаётган, қўшиқларини тинглаётган бу — халқ. Тўғрироғи, мухлис. Мухлис эса гўёки бевафо ошиққа ўхшайди. Салгина ўзингга ярашмаган қилиқ ёки кўнгил қолдирадиган  қалтис ҳаракат мухлисни йўқотишга олиб келади. Юқорида келтирилган кичкина ҳолат менга “Баҳор қайтмайди”даги Алимардон Тўраевнинг қисматини эслатди. Агар эсингизда бўлса, қарсаку олқишлар билан Алимардон Тўраевни саҳнага чорлаган мухлис, бир кун  келиб чапак билан уни саҳнадан ҳайдаб солади... Ашулачи хонандалар ўша манзарани ҳеч қачон унутмасалар, яхши бўларди...
Концертни ватан тараннуми куйланган қўшиқ билан ниҳоялаш санъаткорларимизга одат тусига кирган. Концертнинг ярмида овсарланиб кириб келган томошабин, худди қафасдан озод қилинган қушдек Ватан ҳақидаги қўшиқ наво сочган заҳоти тартибсизлик ва тарбиясизлик билан ўрнидан қўзғалишга тушади.  Оддий томошабинлар қолиб эл назаридаги санъаткорлар ҳам юртимиз мадҳи тараннум этилган қўшиқ бошланиши билан зални тарк этишга ошиқдилар. Таажжуб ва тааассуфда ёқа ушлаб қолдик. Бу ҳурматсизлик санъаткоргами ёки Ватангами? Ўзини маданиятли, тарбияли деб билган киши туғилиб ўсган диёри мадҳ этилаётган қўшиққа тоқат қилолмай чиқиб кетишга шошилишини қандай тушуниш мумкин?..
Саҳнада концерт ташкилотчиларини таништириш қисми кетяпти, залдагилар худди асирликдан бўшаган тутқундек ўзини эшикка уряпти. Кўрган кўз хижолат тортади. Ҳайронман, икки-уч соат бир жойда ўтириб томоша кўргани тоқат қилган одам, яна беш-ўн дақиқа ўтириб, санъаткорнинг ташаккурини эшитишга чидам тополмасмикан?..
Айтмоқчи бўлганимиз
томошабин маданияти авало ўзини ҳурмат қилган кишида бўлади. Одам ўз қадрини билса, ўзини ҳурмат қилсагина бошқаларни қадрлайди ва бошқаларнинг меҳнатини ҳурмат қилади. Санъаткор ўзининг бир неча йиллик меҳнатлари сарҳисобини тақдим этиш учун мухлис йиғиб концерт қўяди. Чин мухлис, ҳақиқий шинаванда ўзи суйган санъаткорнинг томошасига киради. Концерт, театр ва кино томошалари чиройли, сўнги урфдаги кийимларни кўз-кўз этадиган моделлар шоуси эмаски, бошланишидан ярим соат кейин кириб, тугашига ярим соат қолганида ҳамманинг диққат эътиборини чалғитиб уёқдан буёққа юрса киши.
Очиғи, мулоҳазалар аввлида кўп аччиқ сўзлар тилимга келганди. Аммо ўзбекмиз, барибир андишага борамиз. Англамоқ керакки, андишанинг отини қўрқоқ қўйиш ақли расо одамнинг иши эмас. Томошагоҳлар эшиги олдидаги назоратчилар ҳам бизнингча шу андишада томошабинларга қаттиқ гап қилолмасалар керак. Ахир чипталарни текшираётганда ёш болали тоомшабинларга эътирозлар борлиги, кечикиб келадиганлар учинчи қўнғироқдан кейин залга қўймасликлари эслатиб ўтилади. Шунга қарамай, барибир юқорида тилга олинган ҳолатлар киши таъбини хира қилади.
Такрор айтганимиз — ўзини қадрлаган, ўзини ҳурмат қилган одамгина бошқаларнинг иззатини ўрнига қўйиб, меҳнатини қадрлайди. Айтилган жойга вақтида бориб, вақтида қайтишни,  умуман меҳмонга хос одобга риоя қилишни билган кишилар ўзларини ҳурмат қилиш билан бирга уларга хизмат қилган мезбонга ҳам юксак тарзда иззат кўрсатган бўладилар. Тўғрими?..

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 113 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ