Сайт бўлимлари
Оила йўқ жойда, Ватан йўқ!
- Подробности
- Бўлим: Мақолалар
- Чиққан санаси: 09 Январь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Оилам.uz сайтининг администратори Абу Муслим билан шоир Муҳаммад Исмоил мусобаҳаси
- Муҳаммад ака, асл саодат - оилада топилган бахтдир. Аммо таассуфки, кўпчилик бу бахтни борида қадрламайди. Гоҳида, ҳаётнинг шоҳ асари бўлмиш оила, арзимаган сабаблар билан бузилиб кетади. Муҳаббат, ўзаро ишонч, ҳурмат, тўкин турмуш тарзи... Буларнинг қай бири оила мустаҳкамлигини кафолатлайди?
– Энг олий ҳакам - Худодан қўрқиш туйғусидир! Кимда шу туйғу бор экан, бу туйғу – оиланинг бутлигига кафолат бераверади. Муҳаббат, ўзаро ишонч, ҳурмат, тўкин турмуш тарзи бу - оила деган қўрғоннинг зийнатларидир. Никоҳ – Оллоҳнинг муҳри! Икки ёш Оллоҳнинг муҳрини ўртага қўйиб, аҳдлашдими, Қуръони карим олдида “Мен сени ўз никоҳимга оламан”, дея ваъда бердими, агар икки ёш собит турса, Оллоҳ уларни ҳар қандай бало-қазодан, офату талофатдан эсон-омон олиб чиқади. Бу туйғунинг ортида Оллоҳ тургани учун, у барча туйғулардан қудратлироқдир. Бу қўрқувни иймон қувватлаб туради. Одамни иймони энг яхши назоратчи! Иймон – энг яхши гувоҳ! Иймон – энг яхши ҳакамдир! Муҳаббат келиб кетиши, тўкин турмуш тарзи гоҳ тўлиб, гоҳ тўлмаслиги мумкин. Лекин кишидаги иймон ҳар лаҳза, ҳар сония, ҳар он ва ҳар қачон уйғоқ ва абадийдир. У ҳамма нарсани кўриб, ҳисоблаб туради. Оила бузилишининг биринчи сабаби Худодан қўрқмасликдандир.
– Миллат маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда оиланинг ўрни катта. Миллат зиёлиси сифатида бугунги кун ўзбек оилаларининг маънавий қиёфасидан мамнунмисиз?
– Умумий олиб қаралганда миллатимизнинг маънавий қиёфаси – Исломий ҳаёт қонун қоидаларига асосланган. Исломий қонун қоидалар ҳаётимизнинг қайси жабҳасида заифлашган бўлса, ўша жой миллий маънавиятимизнинг таназзулга учраган жойидир. Мустақиллик миллий маънавиятимизнинг яраланган, хасталанган, заифлашган жойларини даволашимиз учун имконият яратиб берди. Худди оғриқдан азоб чекаётган кишига малҳам дори келгандай, ҳаётимизга шифобахш Қуръони азийм кириб келди. Ҳадиси шариф кириб келди. Имом ал Бухорий, Имом ат-Термизий, Амир Темур, Имоми Аъзам, Жалолиддин Румий, Абу Ҳомид Ғаззолий, Абу Лайс Самарқандий, Хожа Аҳрор Валий, Аҳмад Яссавий, Баҳовиддин Нақшбанд сингари юзлаб донишмандларнинг малҳамбаҳш ҳикматлари кириб келдики, бизнинг минг йиллик миллий маънавиятимиз, мана шу китоблар аосида шаклланган, вояга этган, камол топган эди. Бу китобларнинг ҳар бири бизнинг миллий қомусимиздир. Бу китобларнинг ҳар бирини қонимизга қанча сингдирсак, қанча даволансак, миллатимиз шунча соғаяди, шунча камол топади.
Бу ўринда оиланинг вазифаси жуда катта. Ватан бир дарахт бўлса, оила шу дарахтнинг томиридир. Ёки буюк аллома Абдулла Авлоний айтганларидек, оила йўқ жойда Ватан йўқ.
Оилалар қанча маънавий баркамол, одоб ахлоқи мустаҳкам ва ислом зиёсига тўйинган бўлса, ўша Ватаннинг пойдевори мустаҳкамдир.
Бугунги ўзбек оилаларининг маънавий қиёфаси шундаки, ҳали қурилиб битмаган иморатга ўхшайди, ҳозирги кунда миллатимиз қайтадан шаклланаяпти, тобора аслига қайтмоқда.
Бир иморатни ёки бир шаҳарни қуриш учун бир йил, икки йил ёки ўн йил керакдир. Лекин бир миллатни маънавий шаклланиши учун бу фурсат камлик қилади. Бир миллат шаклланиши учун камида ярим аср вақт керак. Қолаверса, Қодирийлари, Беҳбудийлари, Фитратлари йўқ миллатнинг оёққа туриши қийин кечади. Миллатимиз шаклланиши учун қандай қийинчиликларни бошидан кечираётган бўлса, ўзбек оилаларининг шаклланишида ҳам мана шу қийинчиликлар кўзга ташланмоқда.
– Оила мустаҳкамлиги, турмуш ободлигининг асосий ўзаги нимада?
– Қайсики оила ислом деган буюк арқонни қанча қаттиқ ушласа, оила шунча мустаҳкам, турмуш шунча обод бўлаверади. Қолаверса, буюк Арасту айтганидек, ота-она болани дунёга келтиргани учун эмас, уни одобли, ахлоқли қилиб вояга етказгани учунгина олқишга сазовор бўла олади. Албатта, ҳар бир ота-онанинг орзуси фарзандини бахтли -тахтли ҳаёт кечиришини кўрмоқдир. Ҳам жисмонан, ҳам маънан етук фарзанд қилиб тарбиялашга бўлган ота-онанинг барча уринишлари фақат таҳсинга сазовордир. Лекин шуни билиш керакки, у сизнинг фарзандингиз, шу билан бирга у Оллоҳнинг бандасидир! Оллоҳ уни ўз қисмати билан, ўз ризқу рўзи билан яратган. Оллоҳ унинг пешонасига яратган қисматни Ота-она ўзгартиролмайди. Ота-она “Боламга мен ризқ бераяпман, деб ўйламаслиги керак, болага ризқ бераётган Оллоҳдир. Агар у оламшумул олим бўлса, Оллоҳгу шукрона айтинг. Агар у мусибатга йўлиқса, ота-она ёқачок бўлиб, ўзини фалокат оловига ташламаслиги лозим. Демак, шундай бўлишини унинг пешонасига Оллоҳ ёзиб қўйган. Фарзанд қисматини, Оллоҳ ўзгартирмаса, ота-она ўзгартиролмайди. Болаларга Худодан инсоф сўраш, фарзандларини дуо қилиш, ота-онанинг вазифасидир. Оллоҳга бўлган буюк эътиқод туфайлигина оила мустаҳкам, турмуш обод, соғлом фарзанд бунёд бўлади.
– Бир онахонимиз оилада аёлнинг маъсулияти кўпроқ деган эдилар. Бу фикрга муносабатингиз.
– Аввалом бор, ўша онахонга аёлнинг маъсулияти кўпроқ дегани учун, ўзларига маъсулиятни кўпроқ олгани учун, раҳмат дейиш керак. Ҳар икки тараф маъсулият менда кўпроқ деб ташвиш чекса, ҳаракат қилса, фарзандлар учун қалб қўърларини аямаса, бу оила гуллаб яшнайверади.
Мўмин банда Оллоҳга бўлган иймонидан сўнг, эришган энг яхши нарса – солиҳа хотин бўлиб, унга қараса хурсанд бўлади ва Оллоҳнинг амрини бажаришда ёрдам беради, дейилади ҳадисларимизда. Ёки худди мана шу ҳадисга ҳамоҳанг фикр, ғарбнинг улкан оилашунос олимларидан бири Ж. Птитсен: “Яхши хотин билан яшаш, ҳаёт бўронларида сенга бир паноҳдай хизмат қилса, ёмон хотин билан яшаш – кулбангда кўтарилган бўрондай гап,” - дейди.
Мен оиладаги барча маъсулият авваломбор эркакнинг зиммасида, нафақат болаларнинг маънан ва жисмонан соғлом бўлиши учун эркак маъсулиятли, балки оила бекасининг ҳам ўқимишли, одоб ахлоқли, саранжом сариштали ва энг муҳими иймони, эътиқоди бут бўлиши, фарзандларни тарбиялаш салоҳиятига эга бека бўлиши учун ҳам эркак маъсулиятли, деб биламан.
– Рўзғорда оилавий бюджет назорати кимда бўлгани маъқул? Эркакдами ё аёлдами?
– Қуръони каримнинг “Нисо” сурасида “Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар”, деган 34 - оят бор. Мен жоиз бўлса раҳбар сўзининг ёнига унинг барча синонимларини қўйиб чиқардим: ҳукмдор, хўжайин, бошлиқ, раҳнамо, етакчи, ҳоким, қўмондон...
Бу оятда рўзғордаги оила бюджети ва умуман оиладаги ҳамма иш эркакнинг назорати остида бўлиши кераклиги айтилган. Аёлнинг оила бошлиғи бўлиши, оиланинг устидан ҳукм чиқариши инкор қилинган. Агар бу оилада эркак киши бўлмаса, она оилани бошқариши мумкин. Афсуски, ҳаётимизда оила бошлиқлигига даъвогарлик қиладиган аёллар учраб туради. Уларнинг қиёфалари бадиий адабиётимизга, киноларимизга ҳам кўчган. Буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романидаги Ўзбек ойим образи шундай қиёфалардан. Ўзбек ойим зўрлик билан Отабекни иккинчи бор уйлантиради ва унинг бу қилмиши фожеа билан якун топади. Қодирий бобо бу билан аёлнинг оилада фармонбардор бўлиши яхши оқибатга олиб келмаслигини кўрсатади. Ёйинки, “Маҳаллада дув-дув гап” филъмидаги “- Ҳа, 10 та қўй нима бўлади, тўй тўйдай бўлсин, маҳаллада дув-дув гап бўлсин”, дея кўкрак керган аёлнинг образи оилада етакчиликни қўлга олишга ҳаракат қилган, лекин қилиқлари беўхшов чиқиб, салбий таассурот қолдирган аёлнинг образидир. Худди шунингдек, “Келинлар қўзғалони” филъмидаги Фармон биби образи ҳам оилада қаттиққўл раҳбарликни истаган, лекин эплолмаган аёлнинг образидир.
– Бевосита ўз ҳаётингиз мисолида савол: Рўзғорнинг ўзига хос ташвиши, машаққати бор. Шоирлар хаёлпараст, хўжалик ишларига уқувсиз бўлади, доимо осмондаги юлдузларни санаб юради, дейишади. Оилангизда моддий қийинчиликларга йўлиққан пайтларингиз бўлганми ва уни қандай енгиб ўтгансизлар?
– Мен уйланганимда, ҳатто фарзандли бўлганимда оила нима эканлигини билмасдим. Хотиним қишлоқда, ўзим шаҳарда эдим. Уйга бир-икки ойда, бир-икки кунга борар эдим. Қолган пайтлар соч ўстириб, шеър ёзиб, ялло қилиб кўчама-кўча юрардим. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи эдим. Тақдир-тақазоси билан, бугунги кунда Тошкент шаҳар бош имом хатиби бўлиб ишлаётган Анвар Турсун таржимон лавозимига ишга келдилар ва биз бир хонада ишлай бошладик. Мендан оилам ҳақида сўрадилар. Мен оила ва рўзғор ташвишларидан узоқда мазза қилиб, ижод қилиб юрганим ҳақида гапириб бердим. “- Сиздан қиёмат куни қандай шеър ёзганингиз ҳақида сўралмайди, қандай эр бўлганингиз ҳақида сўралади”, дедилар. Анвар аканинг менга берган биринчи сабоғи шу бўлди. Ўшанда мен шоир учун шеърдан ҳам азизроқ нарсалар борлигини билганман. Кейин Анвар аканинг даъвати билан оиламни Тошкентга кўчириб келганман. Ва оиламнинг барча моддий ва маънавий маъсулияти зиммамда эканлигини англаб етганман. Хотиним ҳозиргача Тошкентнинг қаерида қандай дўкон бору, қандай бозор борлигини билмайди.
– Шоирсиз, уйланаётган йигитларга қандай қизларни танлашни маслаҳат берардингиз?
– Бунга буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг қуйидаги сўзлари жавоб бўлаолади: “Ҳусни бўлса – кўнгилга ёқимли бўлур. Яхшилиги бўлса – жон озиғидир. Ақлли бўлса – турмуш интизомли ва рўзғорга керакли яроқлар тартибли ва саронжомли бўлур. Ана шундай турмуш ўртоғинг бўлса – ғаму кулфатда сирдош ва ҳамдаминг бўлур, махфий ва яширин дард ва машаққатда ҳамнафас ва ҳамроҳинг бўлур. Турмушдан ҳар жафо етса, ҳасратдошинг ул ва осмондан ҳар бало келса – кўмакдошинг ул. Кўнгил ғамидан ул ғам чекади,” – деганлар.
...Аммо уйланаётган ҳар бир йигит авваломбор, таваккал қилиши, ва дунёда ҳеч кимнинг ахлоқи мукаммал эмаслигига ўзини ишонтириши керак. Муҳими, уйланаяпман ва турмуш ўртоғим билан қиёматгача бирга бўламан деб, аҳду паймон иморатини мустаҳкамлаб боравериши лозим.
– Оилада соғлом бола яхши тарбия топиши учун нима ишлар қилиши керак?
– Авваломбор, болани Худонинг ўзи тарбиялайди. Шунинг учун унинг номи Парвардигор! Парваришловчи, вояга етказувчидир! Ота-она оддий воситачи, холос. Шунинг учун, ота-онадан ажралган тирик етимлар ҳам очдан ўлиб кетаётгани йўқ. Уларнинг ичида буюк қисматга, улкан шон-шарафга эга бўлиб яшаётганлари анчагина. Оллоҳ уларни ўз қисмати, ўз юлдузи билан яратган. Баланинг ким бўлиши ҳали сиз тарбия беришга улгурмасингизданоқ аниқ бўлади. Лекин шундай бўлсада, ҳечдан кўра кеч деганларидек, тарбиянинг самарали усулларидан бири, оилада китобхонликни йўлга қўйиш, деган бўлардим. Яқинда устозларимиздан бири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, китоблари энг кўп нашр қилинадиган машҳур ёзувчи акамиз нолиб қолдилар: - “Жамиятни тарбиялайман деб югуриб юраверибман-у, ўз болаларимни тарбиясини унитиб қўйибман, мени китобимни ҳамма ўқиган, аммо ўзимни битта-ю битта ўғлим, биронта китобимни ўқимаган!” Бу - ёзувчининг фожеаси!
Миллатимизнинг фожеаси шундаки, бугун оилаларимизда китобхонлик йўқолиб кетди. Авваллари хонадонларда Қуръонхонлик, Бедилхонлик, Навоийхонлик, Фузулийхонлик, Яссавийхонлик, Машрабхонлик кечалари ўтқазилган, ”Чоҳарёр”лар, ”Қобуснома” сингари китоблар севиб ўқилган. Халқимизнинг бу ажойиб анъаналари Совет даврининг қурбони бўлди. Мустақиллик даврида бу урф-одатларимизни энди қайтадан тиклашимиз керак. Алишер Навоий бобомиз, Суқрот тарбиясидаги Фарҳоднинг энг яхши фазилатларидан бири китобсеварлиги деб кўрсатган эдилар: “Ўқиб ўтмак, уқиб ўтмак шиори, қолиб ёдида саҳфа-саҳфа бори”.
Абдулла Қодирий бобомиз, “Ўтган кунлар” романини дастлаб оилада, оила аъзолари жамул-жам бўлганда бобма-боб ўқиб берганлигини ёзгандилар. Машҳур шоир Ҳамид Олимжон ҳам:
Болалик кунларимда,
Уйқусиз тунларимда
Кўп эртак эшитардим
Сўйлаб берарди бувим.
– дея болалик чоғларида оилада китобхонлик кечалари бўлганлиги ҳақида ушбу шеър орқали бизга хабар беради. Ёки Абдулла Қаҳҳор ўзининг “Ўтмишдан эртаклар” китобида қуйидагича ёзган: -“Отам китобга ниҳоятда ишқибоз бўлиб, деярли ҳар куни ишдан кейин онамга қизиқ китоблар ўқиб берар эдилар. Бу китобдан эсимда қолганлари ”Баҳори дониш”, “Бобо Равшан” сингарилардир”.
Биз агар миллатимиз ичидан А.Қодирий, Ойбек, А. Қаҳҳор, Ҳ.Олимжон сингари улкан иқтидор эгалари етишиб чиқишини истасак, халқимизнинг минг йиллик анъанаси - оилада китобхонликни йўлга қўйишимиз лозим.
– Бугуннинг ота-онаси фарзандига ибрат бўлгулик ота-она бўлаяптими?
– Мен масалани бошқача қўйган бўлардим: ”Бугуннинг фарзанди ота-онасига муносиб фарзанд бўлаяптими?” Ахир бола ота-онадан ибрат олади. Ота-она боладан ибрат олмайдик-у! Элимизда “Ота рози- Худо рози” деган мақол бор. “Бола рози, Худо рози!” деган мақол йўқ-ку?! Қолаверса фарзанднинг ота-онага бўйсуниши, яхшилик қилиши, унинг дуосини олиши кераклиги ҳақида юзлаб ҳадислар бор. Ота-онанинг фарзандга бўйсуниши ҳақида эса эшитмаганман.
Ақлли, тарбияли фарзанд ота-онанинг нуқсонидан эмас, фазилатларидан ибрат олади.
Ахмоқ ва ахлоқсиз фарзандлар эса ота-онасининг нуқсонларидан ибрат оладилар-у, фазилатларини кўриб кўрмаганга, билиб билмаганга оладилар. Баъзи ноқобил фарзандлар ота-оналари туфайли олий ўқув юртларида ўқиб, юқори мансабларга эришадилар, ота-онанинг барча бойлигига эга чиқади-ю, сўнгра ўз ота-онасини оёқларининг учи билан кўрсатадилар. Ота-оналари туфайли бу дунёга келганлари ҳолда оталарини “золим”, оналарини “жодугар” деб атайдилар ва бир умрлик тавқи лаънатга қоладилар. Фарзанд ўз отасининг олдида худди дор олдида тургандай қўрқиб туриши керак. Бу Пайғамбаримизнинг саҳиҳ ҳадиси. Ота ким ва қандай бўлишидан қатъий назар у ота!
“Эй, ўғил ҳаддингда тур, отанг сени сотганда ҳам,
Инчунун мушфиқ онангнинг сўзлари ботганда ҳам.”
дейилади машҳур қўшиқда ва бу қўшиқ халқимиз маънавиятининг миллий меросидир.
– Нима деб ўйлайсиз, оилада фарзандни ота-онадан норози қиладиган нарса нима? Ота-онанинг эскича, фарзандларнинг эса янгича ўйлашидан эмасми?
– Ота-онадан норози қиладиган биринчи сабаб, фарзанднинг елкасига шайтоннинг миниб олишидан бошланади. Фарзанднинг иймони қанчалик суст бўлса, унинг елкасидаги шайтон шунчалик қудратли бўлади. Фарзанд катта бойликка ёки каттароқ мавқега эга бўлгани сари бу бойлик қудрати шайтоний қудратга айланиб бораверади ва ноқобил фарзандни васвасага солаверади. Оилани бузувчи, ака-укани, опа-сингилни юз кўрмас қилгувчи нарса оилага улкан шайтоннинг ўрнашиб олишидандир. Шайтон болага “Отанг эскича фикрлайди, ундан юз ўгир,” деб ўргатади.
Агар фарзанд солиҳ фарзанд бўлса, қалби унга: “Кимки ота-онасига яхшилик қилса, унга қандай яхши: Оллоҳ унинг умрини зиёда қилади” – дея ҳадиси шарифни ўргатади. Ва ота-онасининг дуосини, розилигини олишга шошади.
Голландияга борганимда бир паркнинг ўртасига бир йигит 1 миллион долларга шу истироҳат боғи зиёратчиларига эҳсон сифатида фаввора қуриб бераётганининг гувоҳи бўлганман. Ундан бунинг сабабини сўраганимда, “Отам илк бора онамни мана шу истироҳат боғида учратган ва улар танишиб турмуш қуришган экан. Агар мана шу парк бўлмаганида мен дунёга келмасдим. Отам вафот этиб кетди. Унга ҳеч бир яхшилик қилолмадим. Отамга миннатдорчилигим рамзи сифатида ушбу фавворани қураяпман,”-деган эди.
Кўрдингизми, биз дунёга келишимизга сабабчи бўлганининг ўзи учун ҳам отамиздан қарздор бўлишимиз керак экан. Боқиб тарбиялаб, ўқитиб, улғайтириб вояга етказганининг тўловини эса ҳеч қачон адо қилиб бўлмас экан. Бизни шунча қарз қилиб қўйган зотларни нуқсонини топиб, унга қарши исён қилишимиз эса қип-қизил аҳмоқлик экан.
– Ўзингизнинг оилангиздан розимисиз, унда қандай ютуқлар, қандай камчиликлар бор. Оила аъзоларининг қандай фазилатлари, қандай нуқсонлари кўзга ташланади?
– Оиламдан, турмуш ўртоғимдан розиман. Фарзандларимга Худодан инсоф сўрайман, мартабалари улуғ, юзлари ҳамиша ёруғ бўлишини сўраб дуо қиламан. Оллоҳ таоло тўғри йўлдан адаштирмаслигини, қалбларида ҳамиша иймон нури порлаб туришини, бало қазолардан асрашини, бахтли-саодатли ҳаёт кечиришларини ҳар тонг, ҳар шомда сўрайман. Оллоҳ уларни ўз ҳибзу-ҳимоятида асрашини, ризқу рўзларини мўл-кўл қилиб беришини, элу юрт корига юрайдиган солиҳ фарзандлар бўлиб етишишини, миллатимиз шаънини улуғлайдиган, дини ислом йўлидан тоймайдиган, буюкларимиз изидан борадиган фарзандлардан бўлишини Худодан сўрайман.
Мен, ота бўлиб, балки уларга ҳеч нарса қилолмагандирман, лекин Оллоҳ меҳрибон, улардан ҳеч қачон меҳру мухаббатини, мурувватини, марҳаматини аямаслигини, иқболларини порлоқ, ҳаётларини фаровон, турмушларини бекаму кўст этишини, тақдирларига фақат яхши кунлар, пешоналарига улуғ мақсадларга эришиш насиб этишини сўраб қоламан. Илоё, барчамизнинг оилаларимизда тинчлик бўлсин, фарзандларимизнинг юксак камолини кўришлик насиб этсин!
-Тақдирга ишонасизми? Фарзандларингизнинг тақдирига қандай қарайсиз?
-Инсоннинг ўзи Яратганнинг буюк мўъжизасидир! Бу мўъжиза шу қадар улкан ва мукаммалки мана неча минг йиллардан буён инсон ўзини кашф этиб, поёнига етган эмас, инсон ҳатто бир томчи сувнинг нима эканлигини ҳам англаб етган эмас. Биз ернинг ҳам, осмоннинг ҳам нима эканлигини билмаймиз. Коинот эса миллиард-миллиард поёнсиз кенгликларга чўзилиб кетган. Одамзотга эса буларнинг барини билиш шарт эмасдек туюлади. Чунки буларни билиш учун одам миллион йил яшаши керак. Афсуски, ҳеч бир одамга бунча яшаш ҳуқуқи берилмаган. Одам ҳатто минг йил эмас, юз йил ҳам яшамай оламдан ўтиб кетади. Одам туғилади-ю, ён атрофига қарайди. Ён атрофида нима борлигини, нима йўқлигини билгунича умр чироғи сўнади. Инсон - ожиз банда! Пешонасига нима ёзилган бўлса ўшани бажаради, ўшани кўради, ўша ҳаёт билан яшайди. Орзулари орзулигича, армонлари армонлигича қолади. Инсон исён қилмасдан ўша тақдирига кўникиши керак. Оллоҳ истаса деҳқоннинг ўғли оламшумул олим бўлиши мумкин. Оламшумул олимнинг ўғли эса қўлида ҳунари йўқ такасалтанг бўлиши мумкин. Оллоҳ кимнинг-ки пешонасига бирор мақсад ё мартабага эришишни ёзса, шунга яраша ҳаракат, ақлу заковат, умид ва интилишни ёзиб қўяди. Оиладаги тарбия, ота-онанинг даъватлари, панду насиҳатлари, кўрсатган йўл йўриқлари ҳам аввалдан белгилаб қўйилган, Оллоҳ томонидан бажарилиши шарт ёзиқ сифатида инсонга юклатилган. Ҳаракат – инсондан, натижа – Оллоҳдандир! Роса ўқитган болангиз олим эмас, косиб бўлса қаттиқ қайғурмаслик, соч юлиб, ёқа йиртмаслик керак. Косиб бўлиб юрган ўғлингиз, шаҳарга ҳоким бўлса, бундан ҳам кўп ажабланмаслик керак! Бир одам бошқа одамни тақдирини яратолмайди. Худо фақат бир одамни бошқа одамга сабабчи қилиб қўйиши мумкин, холос.
Тақдир, нима эканлиги қаердан бошланиб, қаерга кетиши, қаерда юриб, қаерда тугаши, бизнинг ақлимиз етмас жумбоқлардандир. Агар Ер юзида ҳеч бўлмаганда битта одамнинг бунга ақли етганида, у ҳеч қачон хато қилмаган, касал бўлмаган, адашмаган, ўзи, оиласи, фарзандлари, дунёдаги энг буюк одамлар сифатида мангу яшаган, бахту-саодатга ғарқ бўлган ва ўлмаган бўлишарди. Ҳатто Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в ҳам ўз тақдирларида нима борлигини, нима ёзилганлигини билмаганлар, у киши фақат фаришта Жаброил алайҳиссалом орқали Оллоҳнинг буйруқларини бажарувчи бўлганларидан кейин, оддий одамлар учун тақдир нима эканлигини билиш, одамнинг ақлидан ташқаридаги ҳодисалардир.
– Муҳаммад ака! Сермазмун суҳбатингиз учун барча сайтимиз ижодкорлари номидан чуқур миннатдорчилик билдираман. Ижодингизга янада юксак парвозлар тилайман!
Абу Муслим суҳбатлашди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 676 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар