1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Нега ёруғликни яхши кўрамиз?

  Кун ва тун, қуёш ва ой, оқ ва қора, эзгулик ва ёвузлик... Бир-бирига қарама қарши қўйиладиган ҳолатларнинг юз минглаб мисолини келтиришимиз мумкин. Эҳтимол, у тугамас ҳам. Бироқ, ҳаммасининг моҳияти бир нарсага келиб тўқнашаверади

Инсон бир-бирига зид бўлган тушунчаларнинг биттасини ҳамиша яхши кўради. Ушбу ҳолатлардан бири ёруғликдир. Ҳамма қоронғуга қараганда ёруғликни яхши кўради. Чироқ ўчиб қолса, шошиб қоламиз ва дарҳол шам излай бошлаймиз. Шамни топишда ҳам ёруғлик улашаётган гугурт донасидан фойдаланмиз. Қизиқ, бунчалик ҳам ёруғликни яхши кўрамиз-а!

Қишлоқнинг чанг кўчаларида улғайганлар яхши билишадики, бу кўчаларнинг ёруғлиги шаҳардан кескин суратда фарқ қилади. Қишлоқ аҳолисидан кимдир қоп-қоронғу зимистонда йўлга чиқадиган бўлса, у ҳақда икки фикр пайдо бўлади: Ҳаддан ташқари кучли ва ўзига ишонган, ёки жуда ҳам зарур иши чиқиб қолган. Бошқа вариант бўлмайди чироғи йўқ кўчаларда юришни ихтиёр этган одамнинг. Ана шу икки ҳолатни ўзида жамлаган инсон ҳам барибир эхтиёт бўлиб йўлга чиқади. "Йўлимдан бирон нарса чиқиб қолмасин-да, ишқилиб!" деган бир умид-ла, аста-секинлик ила йўл четидан юриб боради. Энди бир тасаввур қилинг, уч-тўрт километр масофани босиб ўтиши лозим бўлган бир ўспирин узоқдан бир нур пайдо бўлганини кўриб қолса, қандай аҳволга тушади?! Ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетмайдими?! Албатта, шодлигидан терисига сиғмайди. Бу нур ҳаддан ташқари олис масофадан келаётган бўлса ҳамки, унга етиб олгунича ўзини руҳан тетик ҳис қилади у. Сабаби, ўғлон қалбида аниқ бир ишонч пайдо бўлди: "Олдинда ёруғлик бор! Мен ўша жойга етиб олишим керак!!!"

... Мана шунинг учун ёруғликни севамиз биз!!!

Азизим пайт келди, кўнгил ёраман,
Инсонман, сен ҳорсанг, мен ҳам ҳораман.
Отинг қамчилама ўзғирман дея,
Сен борган у жойга мен ҳам бораман.
А. Орипов



Жаҳон адабиётида кўп учрайдиган бир ҳолат ушбу мавзуни янада бойитиши турган гап. Катта кема ҳалокатга учраб, одамлар қий-чувлашиб ўзларини денгизга уришади. Ҳамма нимагадир илиниб олиш илинжида. Кемани тарк этган одамларнинг аксари ҳеч қандай нажот йўқлигига амин бўлиб, тақдири азалийга рози бўлган ҳолда денгиз қаърига ғарқ бўладилар. Аммо бир гуруҳ саёҳатчилар кичкинагина бир қайиқда жон сақлаб қолишади ва денгизнинг ўртасида бўлсалар ҳамки, қирғоққа чиқиб олиш учун бор имкониятларини ишга солишади. Қирғоқнинг масофаси уларни қизиқтирмайди, асосийси, саломат қолганликлари ҳамда кичкина бўлса ҳам, тагларида мустаҳкам қайиқ борлиги. Сайёҳлар гуруҳининг ҳолатини бир тасаввур қилинг. Денгиз тўлқини бир шовқин кўтарганида, уларнинг қалби бир қалқийди. Сув қутуришни тўхтатганида, сакинат қоплайди. Бироқ, бирон бир сайёҳ ҳаётдан умидини узган ҳолда қайиқдан ўзини сувга урмайди. Кураш охирги нафасларгача кечади. Ҳамма ҳолдан тойган, денгиз ўртасида сув ичиш орзуси қалбларни тирнаган бир алфозда, узо-о-оқ-узоқларда кичкина бир белги – нур пайдо бўлиб қолса, сайёҳларнинг ҳолатини бир кўзингиз ўнгидан ўтказиб кўринг!!! Уларнинг қийқириқларидан тортиб ҳаракатлари-да денгиз шовқин-суронини бир четга суриб қўяди. Биргина нур! Кичкинагина қайиқдаги йигитлар қалбига аниқ бир маълумот берилди: "Ҳов анови томонга юрсаларинг, сув тугайди. Денгизнинг охири ўша ер!" Бу маълумот биргина ёруғлик орқали келади. Мана шунинг учун ёруғликни севамиз биз.

Инсон ҳаётида "нажот фариштаси" янглиғ етиб келадиган ёруғлик ҳар хил ҳолатларда намоён бўлади. Шу боис бўлса керак, кўнгиллар ёруғликни соғиниб яшайверади. Табиат бағрига тун зулмати чўкканида, инсон-у, мавжудотнинг қиладиган асосий иши – уйқу. Ухлаш билан ўтказиб юборамиз туннинг залворли муддатини. Қизиқ томони шундаки, ухлаганимизда ҳам ёруғлик тушимизни банд этади. Вужудимиз билан ухлаётган бўлсак-да, қалбимиз билан, руҳимиз билан барибир ёруғлик бағрида яшаймиз. Биз ёруғликни мана шундай яхши кўрамиз! Уни ҳатто тунлари ҳам эсдан чиқармаймиз. Кўрпанинг ичига кириб олгунимизча, чироқни ўчирмай турганимиз етмаганидек, кўрпанинг ичига кирганимиздан кейин ҳам ёруғлик билан хайрлаша олмаймиз. Ҳаётимизнинг бошқа жабҳаларида ҳам ушбу мезондан бошқа томонга ўтиб кета олмаймиз. Фитратимизда ёруғликка интилиш бор. Инсоният пайдо бўлганидан буён асосий кашфиёти ёруғликнинг янги қирраларини кашф этишга қаратилган. Бундан олти аср муқаддам яшаган Навоий ҳам буюк шеърларини тунда ёзган бўлса ҳамки, шам нури остида битган. Ҳозир ҳам буюк ишларнинг аксари тунда бажарилса-да, ёп-ёруғ техника воситалари орқали амалга оширилмоқда.

Хулласи калом, инсон ич-ичидан ёруғликни яхши кўради. Аммо шу пайтга қадар биз ёруғликни яхши кўришимизни таъкидлаб келяпмиз-у, уни нима учун яхши кўришимизнинг баёнини ҳали қилмадик. Инсон яхшилаб фикр қиладиган бўлса, денгиз ўртасида бўладими, қоп-қоронғу кўчада бўладими, қалб-қалбида ёруғликка чиқиш манзили бор эканлигини ҳис қилади ва шунинг учун ҳам интилади. Ёруғлик – мақсадларнинг манзилини белгилаб берадиган омил экан. Бир нур пайдо бўлса, тезлигини оширади. Демак, унда мақсад пайдо бўлди, дегани.

Энди бир масала. Яна бир қоронғу жой бор. Унинг номи ҳаммага маълум. Ҳамма у ерга бир кунмас бир кун боражаклигини билади. Жуда ҳам қоронғу жой эканлиги ҳам маълум. Лекин яна шуниси ҳам маълумки, қоронғу жойни ёруғ қиладиган НУР ҳам бор. Ўша нур пайдо бўлиши билан, қоп-қоронғу зимистонга кирган кимса бу зулматдан чиқиш эшиклари борлигини англайди. Бир амаллаб бўлса-да, эмаклаб бўлса-да, ёруғ бир жойга чиқиб олади. Афсуски, у жойдаги нур бекордан бекорга чиқмайди. Унинг ҳақи анчагина қиммат туради. Огоҳ бўлайлик, азизлар!

Ҳозир сайтимизда 817 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ