1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳазиллашманг бу оғир савдо билан...

Нима учун ҳақиқий севги қиссаларида ҳеч қачон ошиқ маъшуқига — Мажнун Лайлига, Тоҳир Зуҳрога, Фарҳод Ширинга, Ромео Жульеттага етиша олмайди?

Севги, муҳаббат — бу сўзлар маъноси ҳаммага ҳам маълум эмас, лекин бу сўзларни эшитган ҳамоно қалбимизни ўзгача бир ҳис чулғаб олади. Ҳар бир инсон, хоҳ у ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин, бу туйғуни қалбида бир бора бўлса ҳам ҳис қилиб улгурган. Ҳис қилиб улгурмаганлар энди ҳис қиладилар. «Йўқ, мен бу ҳис туйғулардан йироқман, ҳеч қандай севгига ишонмайман», дегувчилар ҳам ҳаётида бир марта бўлсин мазкур туйғу билан тўқнаш келишган. Бу туйғу онанинг болага меҳр билан берган сути орқали гўдак қалбига кириб борар экан, боланинг онага бўлган муҳаббати, сўнг синфдош қиз, маҳалладаги қўшни қиз ва ҳоказо. Муҳаббат ҳақида баҳс юритишдан олдин бу сўзга баҳоли қудрат таъриф бериб ўтсак.

Муҳаббат – маҳбуб, ҳабиб, ёқтирмоқ, севмоқ.... Бу сўзнинг маъноси жуда кенг. Муҳаббат – инсон табиатининг завқлантирувчи ҳузурбаҳш лаззатга майл этишидир. Муҳаббат тушунчасини ҳар ким ўзича талқин этади, яъни ўз қаричи билан ўлчайди. Муҳаббат ҳар хил, инсонларнинг ўзаро муҳаббати, дунё матоҳларига, пулга, автомашинага, кийим кечакка (шундайлар ҳам бор экан, хатто туфлисига теккан чангни қўли билан артганларни кўрганман), юқори лавозимларга (карьера) бўлади.

Кимнинг мижозида уй, жиҳоз ва кийимга ўчлик бор бўлса, шайтон унинг бу заифлигидан фойдаланади. Уни уйини кўркамлаштиришга, деворларини ва шифтларини нақшлашга ва хоналарини кенгайтиришга чақиради. Гўзал либослар ва уловлар билан кўзни ўйнатади. Натижада бундай аҳволга тушган одам ҳою ҳавасларга берилади. Ҳеч қачон ўлмайдигандай ҳаракат қилади.

Эй муҳаббат дардида юрган ошиқ қалб, сен кимга ва нима учун муҳаббат қўяётганинг ўйлаб кўр, сен ошиқ бўлган маъшуқанг сен учун абадий бўла оладими? Ахир ўткинчи матоҳдан кўра боқий қолажак туйғуга ошно бўлсанг-чи, деб ҳайқиргиси келади инсоннинг!

Эй муҳаббат дардида юрган ошиқ қалб, сен сохта маъшуқангни юракни ўйнатувчи дил изҳорлари, сенга ваъда қилаётган, ҳатто ўзиники бўлмаган осмондаги ойни олиб беришию, юлдузлардан бўйнингга маржон тақиб қўйиши каби таги пуч ваъдаларига учмагин!

Тарихда ўтган улуғ ёзувчиларимизнинг севги қиссаларига бир назар солсангиз, айтмоқчи бўлган фикримизни англасангиз, ажаб эмас. Навоийнинг «Лайли ва Мажнун»и, «Тоҳир ва Зуҳро»си, «Фарҳод ва Ширин»и, Шекспирнинг «Ромео ва Жульеттаси» - буларнинг бари севганига етиша олмаганлар. Бунга нима сабаб ўртадаги «Қора ботир»ларми? Йўқ, муҳаббат қачон соф муҳаббатлигича қолади. У қачонки ошиқ маъшуқасига ета олмаганда! Бу билан улуғ алломалар нима демоқчи бўлишган? Агар ошиқ маъшуқасига етишса, албатта, вақти келиб бир-бирининг камчиликлари кўрина бошлайди, бир-биридан зерикиш ҳисси пайдо бўлади. Албатта, инсон дунё матоҳларидан жуда тез зерикади.

Биз ўқувчиларимизда дунёга муҳаббат ўткинчи эканига заррача ҳам шубҳа қолдирмаслик мақсадида Қуръони каримдан шу мавзудаги оятни келтирамиз:

«Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиқан) ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас, уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб колганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир» (Ҳадид, 20).

Кимнинг саҳарлаб турган заҳоти энг катта қайғуси дунё ва дунёлик бўлса, унинг Аллоҳ наздида ҳеч бир қиймати йўқдир. Ундан ташқари, Аллоҳ унинг қалбига тўрт нарсани ташлайди. Биринчидан, қалбига қайғули бир фикрни ташлайдики, ундан абадий қутула олмайди. Иккинчидан, бир машғуллик ташлайдики, хайрли ишлар қилай деса, ҳеч ундан қутулишга вақт топа олмайди. Учинчидан, бир камбағаллик туйғуси ташлайдики, қанча топиб-тутмасин, барибир қаноатланмайди. Тўртинчидан, сўнгсиз орзу-ҳавас берадики, ҳеч охирига етолмайди.

Шундай экан ҳақиқий муҳаббат ўзига ҳеч кимни шерик қилмайдиган зот яккаю ёлғиз Аллоҳга бўлиши шарт. Бунга ҳазрати Юсуф (а.с)ни севиб тилларда достон бўлган Зулайҳо қиссаси ёрқин мисолдир. Зулайҳо ишқ йўлида мол-мулкини, ҳатто гўзаллигини ҳам йўқотди. Кимда-ким, «Мен бугун Юсуф (а.с)ни кўрдим!» - деса, унга қимматли маржонларидан бирини берар эди. Шу тариқа совға қила-қила, ҳеч бир нарсаси қолмайди. Ҳар нарсани «Юсуф!» деб чақирар эди. Унга бўлган чексиз ишқи туфайли «Юсуф» калимасидан бошқа ҳамма сўзларини унутган эди. Ҳатто осмонга қараса, юлдузлар маржондай тизилиб, «Юсуф» исмини ёзгандай бўлиб кўринарди.

Яна ривоят қилишларича, Зулайҳо иймонга келиб, ҳазрати Юсуф (а.с)га теккандан сўнг, ўзини ул зотдан четлатар ва тоат-ибодатга берилиб, узлатга чекина бошлабди. Энди бу муҳаббат, муҳаббатнинг ҳақиқий соҳиби Аллоҳга қаратилган эди. Юсуф (а.с) бунинг сабабини сўраганида «эй Юсуф, мен сени Аллоҳни танимасдан олдин севгандим. Лекин уни таниганимдан кейин аслида унга оид бўлган севгидан бошқасига ўрин қолмади. Аллоҳга бўлган бу севгимга бошқани шерик қилмайман», деб жавоб берган экан.

Ривоят қилишларича, ҳақиқий севги-муҳаббат уч нарсада билинади: (1) Ошиқ севгилисининг сўзини бошқаларнинг сўзидан устун қўяди. (2) Ошиқ севгилисининг суҳбатини бошқаларнинг суҳбатидан устун қўяди. (3) Ошиқ севгилисини мамнун этишни бошқаларни мамнун этишдан устун қўяди.

Ким шу уч нарсани даъво қилсаю, ўзини покламаса у алданган бўлади:

1. Аллоҳнинг ўртага қўйган ахлоқ асосларига риоя қилиш завқли эканидан лоф урсаю, лекин дунё севгисидан воз кечмаса;
2. Амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилишни севишини айтсаю, лекин инсонларнинг унга таъзим қилишидан мамнун бўлса;
3. Аллоҳни севаман десаю, лекин нафсини тарбия қилмаса.

Зотан, Робиаи Аъдвиййа (Аллоҳ у зотдан рози булсин) шундай дейди:

«Севаман!» дейсану, этасан исён,
Бу ҳолинг ажойиб, бўламан ҳайрон.
Итоат қилгин-да, севсанг гар албат,
Севган суйганига этар итоат.

... Туя севганидан маст бўлган пайтларида қирқ кун ем емас экан. Устига ортилаётган юкларга қават-қават ортиб кетса ҳам сезмайди, ҳеч тинчимай, ўзини қўярга жой тополмагандай, ҳаракатда бўлаверади. Чунки қалбида севгилисининг муҳаббати жўш уриб турган бир пайтда овқатланишни севмайди, севгилисига етишиш дардида ёнаётгани учун устидаги юкларга ҳам парво қилмайди.

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Бир туя деган жонивор севганига етишмоқ учун ейиш-ичишни тарк этиб, оғир юкларга чидаса-ю, Сиз билан биз, гўзал бир инсон бўла туриб, Аллоҳ учун ейиш-ичишдан воз кеча олмасак, Аллоҳ учун зиммамизга унча-мунча оғир вазифаларни ололмасак, бу нима деган гап?! Агар биз шу айтилганлардан ҳеч бирини қилолмасак, у ҳолда Сиз билан биз на бу дунёда, на охиратда, на Аллоҳ наздида мўътабар кимса эмасмиз. Фойдаси йўқ, маъносиз, қуруқ бир даъво кетидан юрган бекорчи бир одаммиз.

Муроджон Абдулҳамидов

Ҳозир сайтимизда 837 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ