Сайт бўлимлари
Пок кўнгулли маҳбуба
- Подробности
- Бўлим: Ҳаловат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Муножот:
Ё Аллоҳ! Биз гўзал оилани вафосиз тасаввур эта олмаймиз. Сен оламни чиройли тарзда яратдинг! Ер-у осмонга ҳусн берган Сенсан! Азиз ва мукаррам қилиб яратганинг Инсон қалбига гўзал фазилатлар билан чирой бердинг. Бундай чиройдан бебаҳра бандаларингга ҳидоят бериш баробаринда уларнинг қалбларини ҳам ясантир. Ҳар биримизнинг хонадонимиз аҳлини вафо гули билан қувонтир. Ер сатҳидаги табиат гулларининг умри қисқа - куз нафаси уларга ўлим хабарини беради. Қалбга уфурилган шайтон нафаси вафо гули умрига зомин бўлади. Шайтон алайҳилаъна васвасасига учиб қолишдан, қалбларимиздаги вафо гулининг сўлишидан ўзинг асра!
Омийн, йа Раб ал-оламийн.
“Одамий бўлса вафо андин йироқ, ит вафо бобида андин яхшироқ”, деб ёзганлар ҳазрати Алишер Навоий.
Инсон табиатига хос шундай фазилатлар борки, бирини иккинчисидан айирган ҳолда тарбия этиб бўлмайди. Иффат ва ҳаё, садоқат ва вафо шулар жумласидандир.
Вафо ва садоқат солиҳ бандага хос алоҳида гўзал фазилат ҳисобланади.
Садоқат адолатга хос хислатлардан бўлиб, чин дўстлик демакдир. Яъни, киши ўзига раво кўрганни ўзгага раво кўриб, ўзига раво кўрмаганни ўзгага ҳам раво кўрмайди.
Вафо кишининг ўз навъига, хусусан яқинларига мардона муносабатда бўлишидир. Вафони биз кўпроқ эр ва хотин орасидаги ишқий муносабатга нисбатан қўллашга ўрганиб қолганмиз. Ҳолбуки, бу атаманинг қамрови кенгроқдир. Вафо қайси муносабатда бўлмасин, аҳдда, ваъдада туриш демак.
Ҳазрат Навоийдан байт:
Бу даҳр ажузеки, вафоси йўқ анинг
Бир фоҳишаедекдурки, ҳаёси йўқ анинг.
Мазкур байтда “вафо” сўзи “маккора замонанинг вафоси йўқ” деган маънода қўлланилган. Оламда абадий ҳеч нарса бўлмагани учун мумтоз адабиётда дунёга, хусусан инсон ҳаётига “вафосиз”, деб сифат берадилар. Ҳолбуки, дунёни яратган Холиқ абадийликни ваъда этмаган, аксинча, бу дунёнинг ўткинчилигини қайта-қайта таъкидлаган. Шу нуқтаи назардан дунёни бевафоликда айблаш ғалати туюлади.
“Вафо” баъзи ўринларда “доимийлик” ёки “абадийлик” маъносини ҳам беради:
Ангаким жаҳондин вафо етмади,
Жаҳон ичра тинмади, то кетмади.
Мумтоз адабиётда “вафо” сўзини “ишонч” маъносида қўлланганига ҳам гувоҳ бўламиз:
Ки билса жаҳонға вафо йўқ турур,
Жаҳон аҳлиға ҳам бақо йўқ турур.
“Вафо аҳли” дейилганда вафодорлар, аҳдида турувчилар назарда тутилади. Бу хушхулқ эгаларини “қавлимаҳкамлар” ҳам деб атайдилар.
“Вафо гули” – аҳдида туришлик. Бу атама сафо-покликни ҳам англатади.
“Вафо жоми” – ёридан вафо кўришлик:
Ҳар киши ҳам қилса вафо жоми нўш,
Кўнгли муҳаббат майидин урса жўш.
Вафо хусусида ҳазрат Алишер Навоий гўзал ва мукаммал таърифлар берганларки, ўзимдан бир сўз қўшмоқ ҳам одобсизлик бўлур, деган мулоҳазада баённи айнан келтираман:
“Карам ва мурувват – халқни вафодек бир яхши сифатдан маҳрум кўрибдилар ва уни топиш учун йўқлик дунёси томон кетибдилар.
Жаҳон гулшани вафо гули зийнатидан бўшаб қолган, башарият гули вафонинг муаттар ҳидларидан айрилган. Дунёнинг қоронғи тупроқхонасини вафо шамъи ёритмаяпти ва замон бевафолар кўнгли билан улфатлашяпти. Вафонинг наргис гули давр чаманига кўз солмайди ва кишиларнинг кўнгил ғунчасида кўролмаслик ва ҳасаддан ўзга нарса топилмайди.
Вафо – шундай бир покиза кўнгулли маҳбубаки, у табиати ва кўнгли пок бўлмаган кимсага ром ва улфат бўлмайди; вафо шундай покзот бир матлубаки, у зоти тоза, табиати пок бўлмаган одамга яқинлашмайди ва унга рағбат кўрсатмайди. Вафо – шундай асл гавҳарки, у инсоният тожига зийнатдир. Лекин дунёда вафога лойиқ инсон йўқдирки, бу унинг бошидаги жиғада порлаб турса. Аммо олам элида одамийлик йўқдир. Шуни ҳам унутмаслик керакки, вафо – ҳаё билан пайваста, ҳаё ҳам вафо билан боғлиқдир.
Карам ва мурувват ота ва онадирлар; вафо билан ҳаё эса буларнинг икки эгизак фарзандларидир. У икковида қанча равшанлик ва софлик бўлса, бу икковида ҳам шунчалик жипслик ва бирлик бор. Ҳар бир юракда вафо бўлса, у ерда ҳаё ҳам бор ва ҳар масканда у топилса, бу ҳам барқарор. Вафосизда ҳаё йўқ; ҳаёсизда вафо йўқ. Агар, кимда бу икки сифат бўлмаса – унда иймон ҳам йўқ. Ва агар кимда иймон бўлмаса, унда одамийлик ҳам йўқ...
Камолга етган одамлар – ҳаёли; камол топмаганлар – нуқсонли ва ҳаёсиз.
Вафо билан ҳаё оламнинг қоронғи жойидан ўтиб, йўқлик (ломакон) оламидан ўрин олганлар. Шундай қилиб, улар ўзларини бир-бирлари билан овутибдилар. Қолган вафосиз беҳаёлар эса уларни унутибдилар.
Ҳар кимга бир вафо кўрсатдим, ундан юз бевафолик кўрмагунча қутилмадим; ҳар ким билан бир меҳр-муҳаббат муомаласида бўлдим, минг жабру жафо тортмагунча халос бўлмадим.
Байт:
Кимга қилдим бир вафоким – юз жафосин кўрмадим?
Кўргузиб юз меҳр, минг дарду балосин кўрмадим.
Давр бевафоларининг жабридан дод! Ва замон беҳаёлари зулмидан фиғон ва фарёд! То олам пайдо бўлганидан бери бу ўтда ҳеч ким менчалик ўртанмаган; то бевафолик бошланганидан бери ҳеч ким мен каби бу алангада ёнмаган. Замон кишилари бевафолигидан бағримда тиконлар бор ва давр халқи беҳаёлигидан кўксимда яралар бор. Булар ҳақида ёзай десам, катта чидам менга вафо қилмайди ва барчасини қаламга олай десам, узоқ умр давомида ҳам тугатиб бўлмайди.
Ҳақ уларга инсоф ва раҳм бергай ва ёки бу маҳрум жафокашга сабру чидам ато қилғай!”
Шоир ҳазратларининг нолишларини айнан англаб, тушкунликка тушмаслик, “дунёни бевафолар босиб кетибди”, деб ваҳима ҳам қилмаслик керак. Фоний дунёда иймон эгалари бор экан, вафодорлар ҳам бор. Иллат эгалари, хусусан аҳдига вафо қилмайдиганлар қай ерда озроқ, қай ерда кўпроқдир. Буни ҳеч ким санаб кўрмаган. Бундайлар оз бўлган тақдирда ҳам жамият учун нохушдир. Олимлару шоирлар мазкур ҳолатни назарда тутиб, бошқаларни шу зайлда огоҳлантириб турадилар.
Тўғри, дунёда беҳаёлар, бевафолар кўпга ўхшаб кўринади. Аммо вафоли ва ҳаёлилар улардан жабр чексалар-да ҳеч қачон тиз чўкмаганлар. Биз ўша бевафо ва беҳаёларга қараб, вафо ва ҳаё қадрини белгиламаймизми? Бевафонинг бевафолигини, беҳаёнинг беҳаёлигини аниқлаш учун Аллоҳ таоло сизу бизга ақл берган. Бевафо билан беҳаёнинг аянчли охиратини бизларга ибрат учун шу дунёнинг ўзидаёқ кўрсатиб қўйган. Ёшлигини бевафолик ва беҳаёлик билан ўтқазиб, қариганида хорланганларни кўриб турибмиз-ку? Бизга яна қандай ибрат керак?
Яна бир ибратки, ҳаёт йўлида бевафо ва беҳаёга дуч келинса, фарёд чекиб қочмаслик лозим. Ҳар биримиздаги ҳаё ва вафо кучи-қудрати уларга қарши қурол вазифасини ўтайди. Одам боласи бевафо ва беҳаё бўлиб туғилмайди. Адашиш оқибатида ёки нотўғри тарбия туфайли бу руҳий хасталикка чалиниб қолади. Шундай экан, уларни муолажа қилишга уриниш иффат эгасининг бурчи.
“Ваъдага вафо – марднинг иши” деган мақолни эшитгансиз. Ҳа, вафо фақат эрга ёки хотинга нисбатан эмас, ўз сўзига нисбатан ҳам бўлиши керак. Суюкли ёшларимизда баъзан ана шундай вафо етишмай қолади. Бунинг сабаблари: баъзан бир жойга боришга ваъда берадилару оила катталаридан руҳсат тегмагани учун бажаролмайдилар. Бу ҳолда ваъдалашган кишини дарров огоҳлантириб, узр сўраш керак бўладики, шундай қилинса ваъдани бажармаслик бевафоликка йўйилмайди. Баъзан эса лоқайдлик ёки эриниш туфайли ваъда бажарилмайди. Масалан, қор ёғаётгани учун кўчага чиқишга эриниб, ваъдалашган жойга борилмайди. Огоҳлантирилмайди, узр ҳам сўралмайди. Буни бевафолик деймиз, гуноҳ эканини ҳам эслатамиз. “Боролмайман”, деб ёлғон баҳона билан огоҳлантирилган тақдирда ҳам гуноҳ соқит бўлмайди.
Ваъдада туриш, ваъдаги хилоф қилиш, ваъдасизлик маънолари лозим маънода ўлчанмайди. Бизда ваъдабозлик кенг тарқалган ва ваъдага вафо қилмаслик оддий ҳол бўлиб қолган. Ҳолбуки, “Арбаин”да таъкид этилганидек:
Кимки ҳар кимга ваъдае қилди –
Шарт эрур ваъдага вафо қилмоқ.
Ҳазрат Сўфи Оллоҳёрдан байт:
Кел, эй содиқки қилдинг сидқ лофин,
Ўланча қилмағил ваъда хилофин.
Дейилмоқчики, эй банда, сен ростлик даъвосини қилсанг, ўлар кунгача ваъдангга хилоф қилмасдан тур. Чунки ваъдада тўғри турмоқ яхши ахлоқнинг юқори мартабасидир.
Юқорида айтганимиздай, бир кишининг чақириғига ваъда қиламизу бормаймиз ёки белгиланган соатда бора олмаймиз. У киши ўз ишларини ташлаб, кутиб туради ва хавотирланади. Биз унинг ишдан қолганини ва хавотир олганини бир чақага ҳам олмаймиз. “Ваъда – қарз” эканини, ваъдага хилоф эса, мунофиқлик эканини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Ҳатто кўпимиз бажариш ниятида эмас, балки шунчаки суҳбатдошнинг сўзини қайтаришдан уялиб ваъда бериб юбораверамиз. Бу ҳол ваъдада турмаслик эмас, балки ваъдабозлик нияти билан бўлганидан икки карра қабоҳатдир.
Кишининг лафзида турмоқлиги “вафо гулини очти” тарзида ҳам баён этилади: “Абнойи замонғаким, бир вафо гули очтиким, алардин юз жафо тикани бағриға санчилмади”.
Иброҳим Халилуллоҳнинг ўғиллари Исмоил алайҳумассалом Маккадан Фаластин ерига бориш учун чиққанларида Абдурраҳмон исмли кимсага йўлиқдилар. Бу кимса дедики:
-Эй Аллоҳнинг Расули, агар сизлар мени йўлдошликка олсангиз эди, мен ҳам сизлар билан борур эдим.
Исмоил алайҳиссалом кўндилар. У киши яна дедики:
-Уйимда баъзи ишларим бор, бир оз кутсангизлар, уларни бажариб келсам, сўнг бирга борур эдик.
Исмоил алайҳиссалом “Яхши, кутамиз”, деб ваъда қилдилар. “Келурман”, деб кетган Абдурраҳмон ваъдасини унутиб, қайтиб келмади. Исмоил алайҳиссалом ваъдаларига хилоф қилмай, ваъда берган ерларида уни олти йил кутдилар. Абдурраҳмон еттинчи йили шу йўлдан тасодифан ўтиб, Исмоил алайҳиссаломга дуч келди-ю, ваъдасини эслади. Уят ели билан тутдек тўкилиб, йиқилди. Исмоил алайҳиссаломга узрлар дафтарини очиб, оёқлари остига кўз ёш дурларини сочди. Исмоил алайҳиссалом эса лутф билан: “Хуш келдинг, сафо келдинг, айтган сўзингда турдинг”, деб тавозуъ қилдилар.
Жангларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Муборак Рум элининг жуда кучли, ҳайбатли аскари билан тўқнаш келдилар. Яккама-якка олишдилар, қилич солдилар, гурзи билан урдилар, хуллас, ҳарчанд уринишмасин, бир-бирларини енга олмадилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак: “Танаффус қилайлик, жангни тўхтатиб турайлик, мен намозимни ўқиб олай”, деб рақибдан озгина муҳлат сўрадилар. Рақибга бу илтимос маъқул келиб: “Яхши, мен ҳам ибодатимни қилиб олай”, деб нари кетди. Абдуллоҳ отни соҳилга боғлаб, оқаётган сувда таҳорат олдилар. У одам ҳам ўз эътиқодига кўра нималардир қилди. Абдуллоҳ намозни ўқиб бўлиб, дуо қилар чоғларида ўзларича: “Шу одамни отдан ҳеч ағдара олмадим, ҳозир отидан тушган, ҳимоясиз ҳолда ўтирибди. Фурсатдан фойдалансаму бостириб бориб, ўлдирсам-чи?” деб ўйладилар. Аммо бир қарорга келмай туриб Қуръони каримдаги: “Аҳдга вафо қилинглар, зеро, аҳд-паймон Қиёмат кунида сўраладиган ишдир”, мазмунли оят эсларига тушди.
Ҳа! Инсон сўз бердими, аҳдлашдими, аҳдида туриши керак! Бунинг ҳисоби бор! Нима учун дуо чоғи, фикр ёмонлик томонга ўзгарганида айнан шу ояти карима беихтиёр ёдга тушди? Биз бундай ҳолларда “беихтиёр” дейишга ўрганиб қолганмиз. Ҳа, бу инсоннинг иҳтиёридан ташқари. Аммо Аллоҳ таоло хоҳлагани учун шундай бўлган. Бу ўринда ҳам Аллоҳ таоло ўз оятини эслатди ва гўё бундай танбеҳ берди-ки: “Эй бандам, сен Менинг яхши бандаларимдансан, аҳдга вафо қилиш ҳақидаги оятни унутдингми? Аҳдингга вафо қил!” Оятни хотирлатиш замирида шу маъно яширинган эди. Абдуллоҳ ибн Муборак буни яхши англадилар ва йиғлай бошладилар. Жангни бошламоқ қасдида яқинлашган рақиб у зотни бу аҳволда кўриб ажабланди:
-Эй одам, нега йиғлаяпсан? Ўлимингнинг яқинлигини сезиб, қўрққанингдан йиғлаяпсанми?-деб сўради.
-Раббим мени сен туфайли йиғлатди,-дедилар Абдуллоҳ.
-Нега? Қандай қилиб?-деб баттар ажабланди рақиб.
-Мен дуо қилаётган пайтимда сенинг устингга беҳос ҳужум қилиб, ўлдириш истаги туғилди. Шу нафаснинг ўзида Аллоҳ таоло менга аҳдга вафо қилиш ҳақидаги оятини эслатди. Мен бу жангга Раббимнинг розилигини истаб келсаму, қилмоқчи бўлган ишимни қара! Шуни ўйлаб йиғлаяпман, тўғри йўлимни йўқотганимдан йиғлаяпман...
Бу гапни эшитиб, рақиб ҳам йиғлади ва “Сизнинг динингиз ҳақ дин экан”, деб калима келтирди-да, мусулмон бўлди. Инсон қалби қилич билан эмас, шу тарзда гўзал ахлоқ билан эгалланди.
Қалб чиройини очувчи фазилат эгалари ҳақида бундай мисоллар беҳисоб. Одам боласининг олий вафо бурчи Аллоҳ таологадир. Негаки,у Аллоҳ таолога аҳд берган: “Сенга муносиб бандалик қиламан”, деган. Бунга риоя қилмаса, аҳдини бузган, сўзида турмаган бўлади. Бир подшоҳ ўғлига шундай васият қилган экан: “Ўғлим, давлатингда қаллоб, мунофиқ, ибодат ва тоатни қилмайдиган одамни ишлатма, ходим қилма ва ишонма! Чунки у сенга вафо қилмайди. Агар у вафодор бўлганида эди, Раббисига вафо қилган бўларди. Модомики, Раббисига вафо қилмаган, намоз ўқимаган, покиза ва ҳалол юрмаган, аҳдида турмас экан, сенга ундан ҳеч яхшилик келмайди. Аллоҳ таолога вафодор қулларнигина ўзингга ходим қил!” Одам боласи унутмасинки, вафодорлик одамгарчиликни кучайтиради, сўзидан қайтган эса одамгарчиликни тарк этади... Довуд алайҳиссалом айтган эдилар: “Суҳбатдошингга бир нарса ваъда қилсанг, ўшани амалга ошир. Ваъда қилган нарсангни амалга оширмасанг, орангизда адоват ҳосил бўлади. Эслаган вақтингда сенга ёрдами тегмайдиган ва унутганингда сени эсламайдиган суҳбатдошдан паноҳ беришни Аллоҳ таолодан сўраб юр...”
Келин ва куёв никоҳ ўқилаётган пайтда Аллоҳ таолога: “Сенга муносиб бандалик қиламан”, деб аҳд беради. Аҳдга кўра, оила мустаҳкамлигига, бахтига доир қандай талаб бўлса бажариши шарт бўлади. Бунга риоя қилмаса, аҳдини бузган, сўзида турмаган бўлади.
Бу ўринда Жўшон ҳазратларининг бир ҳикоялари диққатга молик. Ул зот касби қурилиш муҳандиси бўлган бир дўстлари билан йўл-йўлакай Адапазари деган шаҳарда ибодат учун тўхташибди. Масжидга кириб, намозни бошлашганда уларга яна икки киши қўшилибди. Намоздан сўнг улар билан танишмоқ ниятида сўзга тутибдилар. Каттароқ ёшдаги киши бу шаҳарга тижорат мақсадида келган экан. Ўн беш ёшли ўспирин эса ишлаб, пул топиш учун Арзурум шаҳридан келибди. Шунда ҳазрат тижоратчига қараб: “Шу йигитчани хизматкор қилиб олинг”, дебди. Бой бунинг сабабини сўраганда бундай дебдилар:
“Йигитчанинг бу шаҳарда ҳеч кими йўқ экан. Ёш бўлишига қарамай, ибодатини канда қилмаяпти, Аллоҳ таоло ҳузуридаги аҳдига вафо қиляпти. Баъзилар ота-онасининг зўри билан намоз ўқийди. Ота-онасидан сал узоқлашса ўқимай қўя қолади. Бу йигитча вафодор экан, ундан фақат яхшилик келади. У Аллоҳ таолога бўлган вафосини бузмаяпти. Унга ишингизни ҳам, пулингизни ҳам бемалол ишониб топширишингиз мумкин”.
Ривоят:
Қадимги араб подшоҳларидан Нўъмон ибн Мунзирнинг бири ярамас ва бири яхши икки одати бор эди. У йилда бир кунни “Ғазаб куни” деб белгилаб, кўчага чиқарди-да, биринчи дуч келган одамни ҳибсга олдириб, ўлимга ҳукм қиларди. Яна бир кунни “Марҳамат куни” деб белгилаб, биринчи учраган одамга совғалар берарди.
Тоий лақабли камбағал бир киши “Ғазаб куни”да Нўъмон ибн Мунзирга дуч келди. Золим подшоҳ у бечорани ўлдириш қасдида жаллодни чақирди. Шунда Тоий ёлвориб деди:
-Менинг хотиним ва фарзандларим бор. Кунимни ўтказишдан жуда-жуда қийналдим. Оилам оч-яланғоч яшайди. Гадойлик қилиб оиламни зўрға боқиб турибман. Бугун эҳтиётсизлик қилиб, “Ғазаб кунингиз”да сизга дуч келиб қолдим. Биламан, мени ўлдирасиз, лекин ҳозирнинг ўзида ўлдириш ёки кечки пайт жонимни олиш сиз учун фарқсиз бир иш. Мен шаҳардан унча узоқ бўлмаган бир қишлоқда яшайман. Менга рухсат беринг, тиланчиликдан топган озиқ-овқатларимни оиламга олиб бориб берай. Сўнгра оилам ва ёру дўстларим билан хайрлашиб, кун ботарда қайтиб келаман. Ваъдамга хилоф қилмайман, бунга ишонинг.
Подшоҳ унга раҳм қилмади, бир кафил топилмагунча рухсат бермаслигини айтди. Нўъмон ибн Мунзирнинг суҳбатдоши Шурайк ибн Адий Тоийнинг қабиласидан эди. Тоий унга қараб мурожаат қилди:
-Эй Шурайк ибн Адий! Мен ўлимдан қўрқмайман. Фақат оч-яланғоч қолаётган оиламга ачинаман. Менга кафил бўл. Уйимга бориб, топганларимни оиламга ташлаб, хайрлашиб олай. Кун ботгунча шу ерга етиб келаман.
Шурайк илтимосни қабул қилди. Подшоҳдан рухсат теккач, Тоий қишлоғига йўл олди. Кун ўтиб, қуёш уфққа бош қўйса ҳам Тоийдан дарак бўлмади. Подшоҳ жаллодни чақириб, кафилликка ўтган Шурайкни қатл этишни буюрди. Шу чоқда узоқда бир одамнинг югуриб келаётгани кўринди. Шурайк:
-Шошиб келаётган киши Тоий бўлса керак, озгина сабр қилинг,-деб ўтинди.
У адашмаган эди. Тоий терлаб-пишиб, ҳолдан тойганича, ҳансираб кириб келди ва подшоҳга деди:
-Ваъдамга вафо қилдим. Шомга етиб келолмасам, кафилим Шурайк менинг ўрнимга қатл бўлади, деб жуда-жуда қўрқдим. Аллоҳ таолога шукрки, вақтида етиб келдим. Олижаноб Шурайкдан миннатдорман, энди эса подшоҳим, иҳтиёр ўзингизда, “Ғазаб куни”да жон бериш қисматимда бор экан, мен ўлимга тайёрман.
Подшоҳ бу ҳолни кўриб, ҳайрат дарёсига чўмди. Сўнг Тоий ва Шурайкка қараб айтди:
-Сизлардан ажойиброқ кишини кўрмадим. Эй Тоий, дунёда ҳеч кимга ваъдага вафо қилиш майдонида турадиган жой қолдирмадинг. Эй Шурайк, карам, шафқат ва марҳаматинг билан ҳаммани ҳайратга солдинг. Мен сизларнинг учинчингиз бўлолмасам ҳам, олижаноблигингизга қойил бўлиб, бугундан эътиборан “Ғазаб куни”ни бекор қилишга аҳд этдим.
Подшоҳ Тоий билан Шурайкка инъом-эҳсон қилиб, ҳурматлаб, уйларига қайтишга рухсат берди.
Қўлдан келмайдиган, вафо қилиб бўлмайдиган нарса ҳақида ҳеч вақт ваъда бермаслик ва “бу иш менинг қўлимдан келмайди”, деб очиқ айтиш зарур. Сўзида турмайдиганни халқда “бебурд” деб ҳам атайдилар. Сўз берган сўзида турсин, сўзидан қайтган кишидан ёмонроқ киши йўқ. Чунки ваъдага вафо қилишни инсонийлик фазилати деб шарафладик. Қўлдан келмаган ишга ваъда бериш яхши хислатлардан саналмайди.
Бировга ваъда бергил, уддасидан гар чиқар бўлсанг,
Вафо қилмай аҳдингга, бўлма юз қаролардин.
Қўлидан келмайдиган ишга ваъда берувчиларнинг турли тоифалари бор. Биринчи тоифанинг нияти яхши, кимнингдир мушкулини осон қилишни истайди ва бу ишни зиммасига олади. Сўнг эса ё ҳафсаласизлик қилади ё кучи етмайди-ю бевафолик ботқоғига ботиб қолганини ўзи ҳам билмайди. Афсус шундаки, бундай кимсалар аҳдга вафосиз одамнинг гуноҳга ботишини тасаввур қилмайдилар. Бу тоифанинг ҳам аслида юзи қора, лекин нияти яхши бўлгани сабабли кучли нафрат ўқига дуч қилмасак ҳам бўлади. Уларга ишонмаслик билан ўзимизни четга олиш кифоя.
Иккинчи тоифанинг вафосизлиги виждонсизлик ва ғараз кўлмакларидан сув ичади. Улар ўзларининг бирон ишларини битириб олгунларича олам-олам ваъдаларни бераверадилар. Агар ваъдаларини эслатгудай бўлсангиз ўзларини йўқотиб қўймайдилар, аксинча “Ҳозир шу масалани ҳал қилаётгандим” ёки “ҳозир шу масалада ўзингизга учрашмоқчи эдим”, деб ёлғон устига ёлғон тўқийдилар.
Яна бир тоифа вазифанинг мушкуллигини ҳис этмай ёки бирор яқин одамининг марҳамати, ҳиммати ёинки кучига, амалига ишониб ваъда бериб юборади. Ваъдасини бажариш учун ҳаракат қилади. Уддасидан чиқолмагач, уялади, узр сўрайди. Бундай одамлар хатоларини англаб, кейинчалик қуруқ ваъдадан ўзларини тийганлари яхши. Агар хатоларини такрорлайверсалар, одамлар уларни бебурдлар сафига қўшиб иззат қилмай қўядилар. Ҳа, сўзига вафо қилмайдиганларнинг бу дунёдаги биринчи жазоси шундай – одамлар орасида беобрў ва қадрсиз бўладилар.
Шарафли ҳадисда баён этилишича, бир араб Пайғамбар алайҳиссаломга “Сенга келурман”, деб ваъда қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу арабни кутиб, қирқ кун уйдан чиқмадилар. Бир куни ўша араб келиб, салом берди. Набий муҳтарам алик олмадилар. Араб бундан ранжиб, сабабини сўраган эди, дедилар: “Сен мунофиқсан, мунофиқнинг саломини олиш жоиз эмасдир”. Демак, мазкур ҳадисдан маълум бўляпти-ки, ваъдага хилофлик - мунофиқлик экан.
Байт:
Сўзун бузғон кишини яхши эрлар:
“Қусиб қайтиб ани ичгунча”,-дерлар.
Дейилмоқчики, яхши инсонлар сўзида турмаган кимсани қусган қусиқни қайта ичмак билан тенг қилурлар. Қусиқ ичмаклик макруҳ бўлганидек, аҳли булағо (сўз усталари) қошида сўзда турмаслик ҳам макруҳдир.
“Давр бевафоларининг жабридан дод! Ҳақ уларга инсоф ва раҳм бергай ва ёки бу маҳрум жафокашга сабру чидам ато қилғай”, дейдилар ҳазрат Навоий.
Одам дунёларга тенг шараф эгасидир. Ит эса жирканч маҳлуқдир. Аммо яхшиликни билмайдиган бевафо одам – яхшиликни унутмайдиган, вафодор итдан пастдир. Вафодор қўтир ит – вафосиз гўзал, барно йигитдан яхшироқдир:
Бевафо ҳақношунос элдин йироғлиғ истаким,
Келмади ҳаргиз алардин ғайри бедоду жафо.
Итга итлик айламак жону кўнгул бирла бўлур,
Ҳақшунос ўлса у бўлса анда ойини вафо.
Дейилмоқчики, яхшилигингга вафо ила жавоб қайтармайдиган одамдан йироқ бўлишга интил. Чунки улардан ҳеч қачон жабру жафодан бошқа нарса келмайди. Итга жону кўнгил билан боғланиш мумкин, агар яхшиликни билувчи вафодор бўлса.
Шайх Саъдий ҳазратларининг “Гулистон”идан бир ҳикмат гули:
“Бир киши кураш тушмоқ илмида бағоят олим эрди ва уч юз олтмиш амал билур эди. Иттифоқо, ўз шогирдларидин бирининг жамолига хотири майл этиб, ҳар куни зиёдароқ тарбия қилур эди ва таълим берур эрди. То уч юз эллик тўққиз амални ўргатди. Аммо бир амалнинг таълимида таъхир қилиб, тааллулға солди (бир баҳона билан кейинга сурди). Алқисса, шогирд қувват ва суръатда барча полвондин баланд бўлди ва онинг била кураш тутмоқға ҳеч кишида қувват ва мажол қолмади, то бир кун подшоҳнинг олдида дедиким: “Устодимнинг мендин зиёдалиги тарбиятда улуғлик жиҳатидиндур, йўқ эрса, қувватда ман ондин кам эрмасман ва санъатда баробардурман”. Подшоҳга бу сўз оғир келиб, буюрди, то иккови кураш тушғайлар ва бир улуғ майдонни таъйин этдилар. Подшоҳ бошлиқ аркони давлат аъёни ҳазрат, барча шаҳру саҳронинг халойиқи ва ер юзининг паҳлавонлари – барча ҳозир бўлдилар. Шогирд фили мастдек бир навъ садмат била майдонга кирдиким, агар олдида кўҳи оҳанин бўлса эрди, бир ҳамлада жойидин қўпорур эрди. Устод билдиким, қувватда ўзидин зиёдадур. Ҳамул ўргатмай пинҳон сақлағон амали била кураш тутди. Шогирд ани дафъ эта олмай ожиз бўлди. Устод ани икки қўли била ердин кўториб, боши устига чиқариб ондоқ ерга урдиким, халоқий ғарив ва ғулғула садосин авжидин ошурди ва подшоҳ устодга хилъат ва неъмат берди ва шогирдга зажр ва маломат қилди ва деди:
-Нечун тарбият қилғон устодинға бевафолик қилиб, муқобил бўлдинг?
Шогирд ер ўпиб, деди:
-Эй подшоҳ, устод зўрлик била мени йиқмади, лекин кураш илмида бир амални мендин дариғ тутуб ўргатмамиш эрди. Бугун ҳамул амал билан мени йиқди.
Устод деди:
-Ул амални мундоқ бир кун учун ўргатмай сақлаб эрдим, нединким, ҳакимлар дебдурлар: “Дўстга андоқ қувват бермагилким, бир вақт сенга душманлик қилса, муқобил бўла олмағайсан. Эшитмадингмуким, бир киши ўзининг парвариш қилғон шогирдидин жафо кўруб на сўз айтубдур. Қитъа:
Вафо йўқ эрдиму оламда ҳаргиз,
Ва ёхуд қилмади аҳли замона.
Ки ҳар ким отмоқ ўқ ўрганди мендин,
Мани ул оқибат қилди нишона.
Подшоҳга устоднинг бу достони бағоят хуш келиб, буюрди, кўп неъматлар еткурдилар. Шогирдга сарзаниш қилиб, таъна таёғин урдилар, то мундин сўнгра устоди ҳақида бевафолиғ қилмағай ва ўзгаларга доғи танбеҳ бўлгай”.
Биз гулларни севамиз. Ҳовлимиздаги мўъжаз боғчага (ёки тўрт хонали уйимиздаги тувакларга) турфа гулларни экиб, парвариш қиламиз. Қилган ишимиздан ўзимиз ҳам роҳатланамиз, анвойи гуллар гўзаллигидан меҳмонларимиз ҳам завқ оладилар. Инсоний фазилатлар ҳам гулзор чаманига ўхшайди. Вафо гули бу чаманда алоҳида чиройга эга. Бу чирой барчамизга жуда-жуда ярашиб туради.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 227 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар