1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Сочар нақдин, сўнгин андиша қилмас...”

 

 

 

Муножот:
-Ё Аллоҳ! Дўзах азобидан қўрқиб, жаннат роҳатларидан умид қилиб,
“оила” де аталмиш муаззам саройни барпо этаётган
бандаларинг қаторида Ўзингга илтижо қиламиз:
бу дунёдаги исрофнинг барча турларидан бизларни асра.
Исроф – нафсоний иллатдир.
Бу иллатга мубтало бўлиб қолмаслик учун Ўзингдан паноҳ тилаймиз.
Барчаларимизни   нафс ёмонликларидан муҳофаза қил! 
Омийн, йа Раб ал-оламийн.

Саховат  мақтовга сазовор хулқ. Саховат  исрофгарчилик ва хасислик  ўртасида турган бир фазилатдир. Аллоҳ таоло бундай фазилатли кишиларн мақтаб дейди: “Улар инфоқ-эҳсон қилган вақтларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, балки эҳсонлари ана ўша хасислик билан исрофнинг ўртасида мўътадил бўлур” (Фурқон сурасидан).
Азизлар, ҳафа бўлманг-у,  кўп  учрайдиган бир ёмон одат сизнинг оилангизда ҳам бор. Аслида буни шунчаки “ёмон одат” эмас,  “гуноҳ” десак тўғрироқ бўларди. Афсуски, неча минглаб одамлар каби сиз ҳам бу одатларингизни гуноҳ деб билмайсиз. Бу гуноҳ баъзан лоқайдлик, баъзан эса эринчоқликдан келиб чиқади. Майли, гапни кўпайтирмай, гуноҳга олиб борувчи ярамас одатларимизни баён қилай:
Уйларимизда электр чироқни ёқиб-ўчирувчи мослама бор. Уни “ёққич” деб номлаганмиз.  Бу мосламани кўпроқ чироқни ёқиш учун ишга соламиз. Уни кераксиз пайтида ўчириб қўйишни ё унутамиз ё эринамиз. Айниқса, ошхона ва ҳожатхона чироқлари бекордан-бекорга ёниб тураверади. Телевизор, биров кўрмаса-да, ўчирилмайди. Чин дилдан айтинг-чи, баъзан чироқ ўчиб қолса юрагингиз сиқилиб кетадими? Аёлларимиз дазмолни вақтида қилолмайди, кир ҳам юволмай қийналишади, тўғрими? Ана шунда электр қувватини бекорга исроф қилганингизга ачинасизми ё йўқми? Сувни ҳам бекордан бекорга оқизиб қўямиз, а? Сув тўхтаб қолган куни челак кўтариб кўчага чиққанингизда ўша гуноҳингизни ёдга оласизми ё йўқми? Ярим литрли чойнакка чой дамлаш учун уч литрли човгумни сувга тўлдириб газга қўямиз. Икки ярим литр сув бекорга қайнайди. Демак, уни қайнатишга ортиқча газ исроф бўлдими? Ундан ташқари, газни ўчириб-ёқишга эриниб, пастлатиб қўя қоламиз. Газ соатлаб ёниб ётади. Баъзан човгум эриб ҳам кетади, а? Газ келмай қолса, уйингиз исимаса, қозондаги овқатингиз чала пишганича қолса, буни газни исроф қилганингиз учун берилган кичик жазо ўрнида қабул қиласизми ё йўқми?
Бу масалаларда оиладаги эрлар танбеҳ беришса, аёлларнинг балки ғаши келар? “Битта лампочканинг ёниб туришига шунчаликми?” деб эрларини хасисликда айблашар? Бу ҳолда билишсинки, гап   неъматлардан фойдаланганлик учун тўланадиган пулдагина эмас. “Бели оғримаганнинг нон ейишига боқ”, деган мақолни эшитишгандир? Буни маломат ёки миннат ўрнида қабул қилишмасин. Фикр қилсинлар-ки, шу битта лампочканинг бекорга ёниб тургани учун йигирма сўм тўланди. Бу исроф бир соат ёки бир кун билан чекланса, кечириш мумкин. Лекин ўн кунда, бир йилда... қанча бўлади? Шу пулни ҳавога совурмасдан керакли нарсага ишлатган яхши эмасми? Моддий исрофдан ташқари масаланинг яна бошқа муҳим томони бор: сиз учун “арзимаган” исрофнинг табиатни заҳарлашини ўйлаб кўрмаганмисиз? Ошхонангизда ёниб турган газ қанча кислородни исроф қилади? Электр қуввати ишлаб чиқариш учун газ ёки бошқа ёқилғилар ёқилади. Атроф-муҳитга салбий таъсир этиш эвазига ишлаб чиқарилган электр қувватини сиз ва сизга ўхшаганлар исроф қилиб туришини  кам ўйласиз.  
Ёшлик кезларимизда ўтмишдаги бойларни ёмонлашга қаратилган ҳикояларни кўп эшитганмиз. Бой албатта хасис ва золим бўлади, деган ҳақиқатни омма онгига сингдиришга уринишарди. Тўғри, бахил ва золим бойлар бўлгандир, бунақалари ҳозир ҳам учрайди. Лекин ўшанда мисол тариқасида келтириладиган воқеада бахиллик унсури йўқ эди. Айтилардики, бир хасис бойнинг уч хотини ва ўн келини бор экан. Шом пайти ҳаммалари қорачироқларини кўтариб келарканлар ва бой битта гугурт чўпи билан барча чироқларни ёқиб бераркан. Бу ҳол ҳозирги ёшларга ҳам хасислик бўлиб туюлса эҳтимол. Билмадим, бой балки гугуртга сарфланадиган пулини ўйлагандир, ҳар ҳолда у дамларда гугурт қиммат бўлган. Нияти бошқа бўлса ҳам, ҳаракатида, амалида исрофдан қочиш бор эди, шу боис уни бахилликда айбламаганимиз яхши.
Аллоҳ ўзининг расулига хитобан дейди: “Қавми қариндошга, мискин ва йўловчига хайру эҳсон билан уларнинг ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Раббига ўта ношукур бўлгандир” (Исро сурасидан). Уламоларимиз бу оятларни шундай тафсир қиладилар: исрофчилар неъматнинг қадрига етмайди. Агар шукр этса, ўшани исроф этмасди. Неъмат берувчи Зотнинг розилиги йўлида сарф этган бўларди. Исрофчи ношукр бўлгани сабабли ўзига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-ҳаришга, маъсият ва ёмонликка сарф қилади ва бу борада шайтонга биродар бўлади. Шайтоннинг эса ношукрлик бобида тенги йўқ. Шундай экан, исрофчининг бошига ҳам ўз биродари шайтони лаъиннинг бошига тушган бало-офатлар тушиши турган гап. Бундайлар тарихда кўп учраганларки, Шайх Саъдий ҳазратлари бежиз ёзмаганлар:
“Бир порсоға амакилари авлоди таракасидин кўп мол ва неъмат етушди. Ул мол ва неъмат кўплугидин фисқ ва фужур ва бебоклиғ тариқасиға тушди, андоқким, жаҳонда ичмаган шароби ва қилмағон исёни қолмади. Фақир бир кун анго дедим: “Эй фарзанд, дахли оби равон ва харжи осиёйи гардондур. Фаровон харж этмак андоқ кишиға мусалламдурким, фаровон дахл онга муайян бўлмиш бўлғой”. Қитъа:
Чу дахл (даромад) оз ўлса харжинг оз қилғил,
Ки ойтурлар кемачилар суруди.
Ки гар ёғмас эса тоғ узра ёмғур,
Бўлур бир йилда Дажла хушк рўди.
Бир неча муддатдин сўнг кўрдумким, яна бурунғидек фисқу фужурға машғулдир. Мен яна онга дедим: “Ақл ва адаблик бўлғил ва лаҳву лаъбин тарк этғилким, чун мол тамом бўлса, қотиғлиқ чеккунгдур ва пушаймонлиғ егунгдир, аммо фойда қилмасдур”. Порсо нозу наим ва ҳавоу ҳавас лаззатиға мустағрақ бўлмиш эрди. Бу сўзларни эшитмай мендин юз эвурди ва деди: “Бугуннинг роҳатин сўнгги куннинг ташвиши била тийра қилмоқ хирадмандлар раъйининг хилофидур”. Байт:
Кишиким бор эса яхши қилиғлиқ,
Қотиғлиқ биймидин чекмас қотиғлиқ.
Тараб қил, ончаким бор эрса матлуб,
Емак тонгла ғамин бугун эмас хўб.
Кўрдумким, менинг насиҳатимни қабул этмағусидир. Охирул-амр, суҳбатни тарк этдим ва саломат гўшасида ўлтурдим. Бир оз муддатдин сўнг кўрдумким, менинг айтғонимдек холи сурати тағайюр топиб, бенаволиқдин руқъа устиға руқъа еткорур ва луқма устиға луқма йиғодур. Кўнглум онинг ҳолиға куйди ва ул ҳолда онинг кўнгли жароҳатиға маломат била харош еткуриб, намакпошлиғ қилмоқни мурувватдин кўрмадим ва ўз кўнглумға дедим. Маснавий:
Чу сифла маст ўлуб ўзини билмас,
Сочар нақдин, сўнгин андиша қилмас.
Хазон баргин шажар сочғуси ҳар ён,
Қолур мундин зимистон ичра урён”.
Азиз ёшларимизни қадим тилимизнинг жилваси билан  таништириш учун Огаҳий таржималарини айнан келтирдим. Агар тушунишга қийналган бўлсангиз, ривоятнинг муҳимлигини эътиборга олиб, бугунги тилимизда ҳам баён эта қолай:
Бир тақводор одамнинг ўғли отасининг фазилатларидан маҳрум эди. У амакилари қолдирган меросга эга бўлгач, мол-дунё ақлини олди-ю, босар-тусарини билмай қолди. Бу бойликни тежаб сарф қилмай, исрофгарчилик йўлини тутди, унинг қилмаган фисқу-фужури қолмади. Бир дафъа мен унга насиҳат қилиб айтдим:
-Эй ўғил,  кирган бойлик оққан сувдай бўлса, харж  тегирмон тоши айланишига ўхшаш бўлади. Даромади кўп бўлган кишигина кўп сарф этиши мумкин. Сен ҳою-ҳавасни қўй, ақл-адаб йўлига кир, молу дунёнг тамом бўлганидан кейин кўп машаққатларга дучор бўласан. Пушаймон фойда қилмайди.
Йигит  сўзимга кирмади. Иккинчи марта танбеҳ берганимда ҳам парво қилмай, ўзининг тутган йўлидан қайтмади. Шундан кейин насиҳат қилишни тарк этдим.
Орадан бир оз вақт ўтгач, унинг тиланчилик қилиб юрганини кўрдим. Шундай ҳолида ярасига туз сепиб, бир нарса дейишни ўзимга эп кўрмадим, ҳолига ачиниб, ўз-ўзимга хитобан дедим:
-Нодон одам ниҳоятда ғурур мастлиги туфайли бир кун муҳтожликка тушиб қолишини ўйламайди. Дарахтлар баҳор фаслида гулларини сочиб юборадилар, қишда ҳатто барглари ҳам қолмайди...
Бу ҳикматдан оладиган маъномиз шуки, “ёмғир ёғиб турмаса катта дарёлар ҳам қуриб қолар экан, даромадингни совурма. Муҳтожликка тушиб қолишни истамасанг, қўлингдаги мол-давлатингни беҳудага сарф қилма, исрофгарчиликдан сақлан, шундай қилсанг, бошқаларнинг мол-мулкига кўз олайтирмай, роҳатда яшайсан”.
Яна бир ривоят: Парҳезкор кишининг умри охирлаб, ажали яқинлашди. Унинг ёлғиз ўғли ҳали ёш, ҳаёт тажрибалари йўқ эди. У ўлими яқинлашганда ўғлини ҳузурига чақириб васият қилди:
“Аллоҳ таоло менга жон бериб, мол ва неъмат ато қилибди. Мен бу мол ва неъматни ранж ва машаққатлар билан қўлга киритганман. Аммо эндиликда бу моллар осонликча сенинг қўлингга ўтгуси. Лекин сен бунинг қадрига етмасдан, ноаҳиллар билан дўст бўлиб елга совурмаслигинг лозим. Исрофгарчиликдан ўзингни сақлашга ҳаракат қил! Балки мен ўлганимдан кейин сен ноаҳиллар билан дўстлашарсан ва улар сени фасод йўлига бошлаб, барча мол-мулкингдан жудо бўларсан. Шуни эсингда тутки, мендан сенга қоладиган мол-мулкнинг ҳаммасини сотсанг ҳам, аммо уйни сота кўрма! Агар овқатинг тугаб, пулинг охирига етиб тирикчилигинг ўтмай қолса, дўстинг душманга айланади. Мабодо шундай аҳвол содир бўлиб қолса, зинҳор сен ўзингни ёмонотлиқ қилма. Кичик уйнинг шифтига арқон осиб, тагига курси қўйиб қўйганман. Сен ўша уйга кириб, курсига чиқиб, арқонни бўйнингга солгач, курсини тепиб юборишинг лозим. Зотан, душмандан эҳсон сўраб яшамоқдан кўра ўлим минг карра афзалроқдир!..”
Ота шу васиятни қилгач, охират сафарига равона бўлди. Отасининг таъзиясини тугатгач, у мол-мулкни сотиб, совура бошлади. Оз муддат ичида барча мол-мулкдан ажралди. Ҳатто энг охирида эски теша-болтагача сотди. Унинг аҳволи шу даражага етдики, бир неча кеча-кундуз давомида ейишга бир нарса тополмай, оч қолди. Ҳеч ким унга бирор нарса бермади. Шундан сўнг отасининг васияти ёдига тушди. Бечора йигит ниҳоят, иложсизлик туфайли ўзига қасд қилмоқчи бўлди.
Отаси васият қилган уйга кириб курси устига чиқди ва ўз бўйнига арқон солиб, ҳаёт билан видолашгач, курсини оёғи остидан туртиб юборди. Гавдасининг оғирлигидан арқон солинган хари синиб кетди ва синган хари орасидан ўн минг динор олтин ерга тушди. Йигит бойликни кўриб, ниҳоятда шод бўлди. Билдики, отаси “ўғлим мендан кейин ранж-алам ва машаққат жомларидан татиб кўриб, энг сўнггида олтинларни топиб олса, унинг қадрига етади ва жойини билиб сарфлайди”, деган мақсадда дор тикиб қўйган экан.
Шундан сўнг йигит икки ракат намоз ўқиб, ғафлат уйқусидан уйғонди ва ҳушёр тортиб, замона билимдони бўлди.
Бу ривоятдан мақсад шуки, исрофгар  киши барча мол-мулки қўлдан кетганидан сўнг ғафлат уйқусидан уйғонади.
Мен бу ривоятни ҳар эслаганимда ўйлайман: ғафлат уйқусидан уйғониш учун барча нарсалардан ажралиш шартми? Ақлни ишлатиб, аввалроқ уйғонилса бўлмайдими? Неча асрларни оралаб замонамизга етиб келган ҳикматлар нега бизларни уйғота олмаяпти? Жаҳолат шунчалик бўғиб ташлаганми? Азилар, сиз ҳам бу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилинг, хўпми?
Ҳазрат Навоий “Ўт иши – қовурмоқ, ел иши – совурмоқ”, дейдилар. Яна дейдиларки: “Исроф сахо эмас ва итлофни (йўқотиш, барбод қилишни) маъно аҳли сахо демас”. Яъни, исроф қилиш – сахийлик эмас, ўринсиз совуришни ақлли одамлар сахийлик демаслар. Ҳалол молни куйдирганни девона дерлар. Ёруғ жойда шамъ ёққанни ақлдан бегона дерлар.
Худо молиға қилмоқ исроф не?
Жунун аҳлидек мунча итлоф не?
Исломда мол-ашё ҳам ҳимояланган. Молни исроф қилган, талофот берган жазосини олади. Бунга эътибор берайлик: “Мен ўз товоғимни бекордан бекорга синдирдим”. Ўзининг товоғини синдирди. Ўзгага зарари тегмади. Бунинг учун ҳам жазо борми? Бор! Нима учун? Эрга ё қайнонага жаҳл қилиб идиш-товоқ  синдирадиган келинларимиз ҳам бор. Албатта, оила шароитида бу иш учун дарров жазо берилмайди. Лекин тасодифий синдирилган пиёла ёки коса учун ҳам қайнона ёки эрнинг норози бўлиши табиий. Баъзилар норозиликлари билан чекланадилар, баъзилар танбеҳ берадилар, баъзилар сўкадилар. Агар пиёла бировга аччиқ қилиб синдирилган бўлса, эр томонидан муштнинг ишга тушиб кетиши ҳоллари ҳам учрайди, шундайми? Биз оиладаги жазо эмас, шариатга кўра белгиланган жазо ҳақида сўз юритайлик. Азиз ёшларимиз бу масалага ҳам кўпроқ эътибор берсинлар.
Шариатда молга тажовуж қилиш ҳаромдир. Молни асраш буюрилган. “Ла зарара вала зирора фил ислам” – Исломда  зарар кўриш ва зарар етказиш йўқ, деган ҳукмни унутмаслик керак.
Оилада келин қайнонага аччиқ қилиб пиёла синдиради. Қўшнилар орасида низо чиқиб, бири иккинчисининг молига чанг солади. Мақсад - молини тортиб олиш эмас, балки йўқ қилиш. Масалага диққат қилайлик: мен қўшнимдан ранжисам-да унинг хирмонини ёқишга ҳаққим йўқ. Ислом нуқтаи назаридан ҳам, одамийлик нуқтаи назаридан ҳам бундай қилиш мумкин эмас. Гуноҳ бўлади. Бунинг оғир жазоси бор. Десамки: “У менинг хирмонимни ёққан эди, мен ҳам унинг хирмонини ёқаман”. Бундай қилишга ҳам ҳаққим йўқ.  Зарарга зарар билан жавоб қайтаришга ҳам ҳаққим йўқ. Лекин қозига (ҳакамга) мурожаат қилиб, ҳаққимни талаб этишга ҳақлиман. Молига эса талофат беролмасман. Дунёвий қонунларда ҳам бу ҳол зикр этилган.
Бир бола муаллимнинг олдида куйган лампочкани деворга отиб синдирди. Бунинг учун муаллим уни жазолади. Муаллимга: “Нега жазо бердингиз, ахир лампочка куйган эди-ку?” деганларида, у киши: “куйган бўлса-да, эҳтимол бирор нарсага ярарди, тайёр нарсани бузиш, синдириш тўғри эмас”, дедилар.
Азизлар, бу сизга ҳам ғалати туюлди, а? Ҳа, биз шунақа бўлиб қолганмиз. Кўп нарсаларни кераксиз, деб ташлаб юбораверамиз. Бир келинни эшитган эдим, идишларни ювишга эриниб “дарз кетибди” деган баҳонада ахлатга ташлаб юборар экан. Кийимнинг йиртилган ё титилган жойларига ямоқ солиб, йиртилган пойабзални ямаб кийиб юриш  менга ғалати туюлмагани учун бугунги ёшларнинг охори тўкилмаган кийимларни ташлаб юборишларига бефарқ қараб туролмайман. Тўғри, ҳозир бирон киши ямоқ шим кийса дарров калака қиламиз, уни бахилликда айблаймиз. Лекин дунёнинг қайси бир жойида шу ямоқ шимга ҳам зор одамлар борлигини ўйлаб кўрамизми? Ямоқ кийиб юриш тарафдори эмасман. Ҳамма ораста юриши шарт. Лекин орасталик билан кибрни аралаштириб юбормаслик ҳам керак. Бугун аксар ҳолларда кибрга берилиб исрофга йўл қўямиз. Шундайлар борки, битта кўйлакни икки ё уч мартадан ортиқ киймайди. Бир эмас, бир неча жавон кийимга лиқ тўла бўлади. Шунақалар билиб қўйишсинки, кийилмай турган кийимлари учун ҳам  ҳисоб беришга тўғри келади.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ таоло учта ишингизга ғазаб қилади: бўлар-бўлмас гапни нақл қилиб юрмоғингизга; кўп суриштираверишлик ва кўп тиланишликка; молни ноўрин ерларга сарф қилиб зое қилмоғингизга”. Набий муҳтарам Сабаъ сурасидаги “Айтинг, “албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва Ўзи хоҳлаганига ризқни танг қилур. Бирор нарсани эҳсон қилсангизлар, бас, Аллоҳ унинг ўрнини тўлдирур”, калимасини айта туриб “исроф ҳам, танглик ҳам қилмасдан сарфлангиз” деб изоҳ берган эдилар.
Ривоят: Бир одам қариндошиникига бориб, уйланмоқчи эканини айтди. Қариндош аёл ўртада туриб, уни уйлантириб қўйди. Эр тўйнинг эртасига хотинига бир халтачада қаҳва олиб келиб берди. Хоним халтачани эҳтиёткорлик билан очиб, қаҳвадан ичимлик тайёрлай бошлади. Халтачани эса деразадан ташқарига отиб юборди. Эр унинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб турган эди. У дарҳол ўртада турган қариндош аёлни чақирди-да: “Мен бу хотиндан ажрайман”, деди.
Қариндош аёл орадан фурсат ўтиб йигитни яна уйлантирди. Йигит бу хотинига ҳам бир халтачада қаҳва келтирди. Янги келин ҳам худди аввалгисидай иш тутди: қаҳвани финжонга солди-да, халтачани ташқарига улоқтирди. Йигит бу хотинни ҳам талоқ қилди.
Ўртада турган аёл унинг бу қилиғидан ранжиб, бир танишига ҳасрат қилиб: “энди қиз қидирмайман, бўйдоқлигича юраверсин”, деди алам билан. Буни эшитган таниш аёлнинг қизи “қариндошингизга мен тегаман”, деб қолди. Қариндош хотин “сени ҳам ҳайдайди”, деб огоҳлантирса ҳам аҳдида қаттиқ турди-да, ўша йигитга турмушга чиқди.
Эр эски одатини яна такрорлади. Келин эри олиб келган халтачани шошилмай, авайлаб очди, қаҳвани финжонга солди. Сўнг халтачани ташлаб юбормай, тахлади-да, ипи билан олиб қўйди. Хотинининг ҳаракатларни зийраклик билан кузатиб турган эр:
-Хоним, нега бу халтачани олиб қўйдингиз, ташлаб юборавермайсизми?-деб сўради.
-Нега ташлайман?-деди келин.-Ота-боболаримиз “Сақла сомонни – келар замони”, деганлар. Бир куни бу халтача керак бўлиб қолар,-деди.
Эр: “Ипини нега олиб қўйдингиз? Бир қарич ип нимага ярарди?” деб сўради.
-Рўзғорда ҳамма нарса керак. Бир кун бирор нарсани боғлашга яраб қолар. Ҳозир бу ип биздан бирор нарса сўраётгани йўқ. Ортиқча нарсанинг зарари бўлмайди,-деди келин.
-Албатта, хоним,-деди эр.-Мана энди рўзғор тебратадиган, тадбирли, оқила аёлга уйланибман, Худога шукр!
Дунёда ҳузур истаган келинпошшаларимиз, бу ривоятни ўқиб ғашлари келмасин-да, аксинча, ундан ибрат олсинлар ва дунёда бахтли бўлиб яшасинлар. Яна “бу қанақа хасис одам ўзи, бир парча қоғоз, бир қарич ип учун хотини билан ажрашса”, деб энсалари ҳам қотмасин. Яхшилаб тушуниб олсинлар. Агар бу одам хасис бўлганида рўзғор юритишни биладиган оқила аёлни излаб олдинги тўйларига пул сарфлаган бўлармиди?
Уйланишдан олдин оқил эр қизни синаб, тарбиясини билиб, лозим топса уйланади. Шундай ақлли одамлар кейин ҳузур топадилар. Аксинча, “менга хотин бўлса бўлди-да”, деб учраганига уйланаверадиганлар жаҳаннам ҳаётида яшайдилар. Уларнинг ўзлари исрофдан қўрқмайдилар ва аҳли аёлларини ҳам бу гуноҳдан тўхтатмайдилар. Оқибатда ўзларига ўзлари жаҳаннам ҳаётини яратадилар.
“Э Одам фарзандлари!-деб хитоб қилинади Қуръони каримнинг Аъроф сурасида.-Ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас”.
Еб-ичиш – гуноҳ эмас. Исроф қилиш гуноҳ. Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб биладилар. Бизда “озиқ-овқатни исроф қилиш” деганда емай, ташлаб юборишни тушунадилар. Бу аслида тўғри, аммо керагидан ортиқ ейиш ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам  мусулмонга муносиб эмаслигини аввалги суҳбатимизда айтиб эдик. Ҳозирги кўп касалликларнинг келиб чиқишига ана шу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Саҳобалардан бирлари яҳудийга: “Қуръоннинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган”, деб айни шу оятни ўқиган эканлар.
Ўрни келганда яна бир нарсага диққатингизни қаратай: бугун ҳаётимизни қоғозсиз тасаввур эта олмаймиз. Ҳар бир хонадонга жуда кўплаб қоғоз турли кўринишларда кириб келади. Қоғоз вазифасини ўтаб бўлгач, кўпчилик уни ғижимлаб, ахлатга ташлайди. Айримлар эса тахлаб, тўплаб, қоғоз парчаларини сотиб олувчиларга топширишади. Кераксиз қоғозларни тўплаш ортиқча заҳмат талаб этмайди. Жиндай  ҳафсала бўлса, бас. Ким савоб талабида бўлса, шу ишни қилади. Баъзиларга шу қоғоз парчаси учун тўланадиган пулнинг миқдори кам туюлиб, худди ўзларини пастга ураётгандай бўладилар. Лекин гап  пулда эмас, исрофдан сақланишда. Сиз тўплаб топширган кераксиз қоғоз парчалари қайта ишланиб, ўзингизга яна хизмат қилади. Масалани яна табиат ҳимоясига қаратсак, шу қилган ишингиз эвазига бир неча дарахт кесилмай қолиши мумкин. Ҳар ҳолда қоғознинг дарахтдан ишланишини билсангиз керак?   Бир-икки ой мобайнида тўплаб топширган қоғозларингиз эвазига битта дарахт кесилмай қолса, шунинг савобига эришасиз, инша Аллоҳ!
Дарахтни бутасак, шохчаларни ташлаб юборамиз. Европада эса эҳтиётлаб, тўплаб оладилар, қуритиб сўнг майдалайдилар ва мебел саноатида ишлатадилар. Уларда биздагидан кўра дарахт кўп, ўрмондан кесиб келса бўлаверади. Лекин ахлатга ташлаб юбориладиган шохчалардан фойдаланиш эвазига бир қанча дарахтларни сақлаб қолишади. Биз нима учун шундай қила олмаймиз?
Ноннинг исрофига нисбатан муносабатда оилаларимиз орасида фарқ борми? Бир оилада суви қочган нон пўчоққа ташлаб юбориб, иккинчисида бунинг катта гуноҳ эканини билиб, исрофга йўл қўйишмайдими? Тўкинлик замонида яшаётганимиз учун нонни исроф қилишдан уялмайдиган, гуноҳидан қўрқмайдиган бўлиб қолганмиз. Бу гуноҳ ишларга қишлоққа нисбатан шаҳарда кўп дуч келамиз. Оиладаги гўдак ҳам, ўсмир ёки эрта-индин узатиладиган қиз ёки уйланадиган йигит ҳам дастурхон устидаги нонни ушлаб кўради. Салгина суви қочган бўлса, “янгиси йўқми?” деб сўрайди. Баъзан нон бўлаклари, баъзан бутун-бутун нонлар моғорлаб кетади. Пўчоққа ташланади. Маҳаллаларда чорваси бор хонадонлар мол-қўйга берадилар. Кўп қаватли уйларда эса ахлатга ташланади. Мана шу “нонкўрлик” дейилади. Ким нонни хор қилибди, Худо уни бир тишлам нонга зор қилиб қўйишидан қўрқсин.
Бугун нонни қадрламаётганимизнинг икки сабаби бор: биринчиси – дастурхонимиз тўкин. “Тўқликка – шўхлик”, деганларидай, дастурхонимиз ҳамиша шундай бўлади, деб ишонамиз. Иккинчиси – фарзанд тарбиясида нонни қадрлаш, уни исроф қилмаслик масалалари тушиб қолган. Мен болалигимни кўп эслайман. Ноннинг ҳатто ушоғини ҳам қадрлаш лозимлигини уйда ота ва онамиздан ҳам, кўчада бегоналардан ҳам эшитардик. Фақат уйда эмас, ҳатто кўчада кимдир тушириб кетган ушоқни кўрсак, олиб, чангини пуфлаб, ўзини кўзга суртиб сўнг ейишни тайинлашарди. Ҳозир уйдаги дастурхондан бир бўлак нон пастга тушиб кетса, олиб ейилмайди, аксинча, пўчоққа ёки ахлат челакка ташланади. “Нон ушоғини олмай босиб ўтсанг кўр бўласан”, деб таъкидлашарди. Кўрлик жисмонан эмас, маънавий  жиҳатдан эканини  кейинроқ тушуниб етдик.
Фақат нон эмас, овқатлар ҳам исроф бўляпти. Бир киши “қотган нон, ачиган овқат исроф бўлмайди, молга берилади”, дейди. Ҳа, шундай ҳоллар бор. Бироқ, биринчидан, молга берилмай, ахлатга ташланаётган нон ва таомлар озми? Иккинчидан, нон ва овқат инсон учун берилган неъмат! Молу қўйнинг насибаси, емиши бошқа. Шундай экан, унутмаслик керакки, ким исрофдан тийила олса, бошқаларга муҳтож бўлмай яшайди. Исрофнинг энг ҳурматли оилаларни бузганига, энг бой уйларни вайрон қилганига, энг юқори мансаблардан тубан туширганига, энг шуҳратли ному насабга эга бўлганларни хор-зор қилганига тарих гувоҳ. Шу сабабли исрофдан сақланиш, ҳар бир ишда тежам ва иқтисодга риоя қилиш борасида кўп даъватлар қилинади.
Нон қадри, нон исрофи ҳақида кўп гапирилади. Мавзу муҳим бўлгани сабабли гапимиз сал чўзилса ҳам яна бир оз фикр юритишга ҳожат сезяпмиз. Агар мақсадни яхши англаб етдим, десангиз, уч юлдузчалар орасидаги сатрларни ўқимасангиз ҳам майли. Ҳафсала билан ўқишда давом этсангиз, кам бўлмайсиз. Хаёлни ёритиб ўтган бир воқеа каминани суҳбатни чўзишга ундади. Бундай воқеани сиз ҳам учратгандирсиз. Ошхонада таомланиб ўтирганимизда иттифоқо рўпарадаги стол атрофида давра қурган қизларга кўзим тушиб қолди. Даврадаги тўрт қиз овқатларини еб бўлишгач, бир тўғрамдан нон олишиб, бўёқлари чапланган лабларини артишди. Ниҳоятда ҳунук қилиқ, ниҳоятда хунук манзара, тўғрими?
***
Инсон учун яратилган энг улуғ неъматлардан бири нондир. Айрим неъматларни бир ҳафта, бир ой ёки йил истеъмол қилмай юриш ҳам мумкин. Лекин нонсиз яшашни тасаввур этиш қийин. Энг тотли неъматларни ҳам икки кун кетма-кет истеъмол қилсангиз, учинчи кун унга қарагингиз ҳам келмайди. Лекин нон ҳеч қачон меъдага тегмайди. Инсон барча махлуқот орасида азиз ва мукаррам қилиб яратилгани учун ҳам унга шундай неъматлар насиб этилган.
Мен қизлар даврасидаги хунук манзарани тилга олдим. Аслида атрофимизга назар ташласак, катталар орасида ҳам нон қадрини унутаётганлар, нонни исроф қилаётганларни кўрамиз. Агар ёшлар нон қадрини билмаётган бўлсалар, демак, бунга катталар айблидирлар. Масалага мантиқан қарайлик: нон қадрини билмаган катта одам фарзандига бу борада қандай насиҳат қилиши мумкин? Нонни исроф қилаётган одам ерни шудгор қилиб, буғдой қадаган, етиштирган, ўриб олган деҳқоннинг, тегирмонда тер тўккан ишчининг, тандирнинг оловли оғзи олдида заҳмат чеккан новвойнинг меҳнатини қадрлармиди?
Нон учун хизмат қилаётганларнинг манглай тери иқтисодий жиҳатдан ҳукумат томонидан тақдирланади. Маънавий қадри эса сиз билан биз томонимиздан бўлади. Аввало қорин тўйиб, шукроналик дуоси қилинаётганда уларнинг ҳақига ҳам хайрли тилаклар билдирилса савоб устига савоб бўлади. Энг муҳими – уларнинг меҳнатларини қадрлаш бизларнинг нонни исроф қилмаслигимизда намоён бўлади. Тасаввур қилинг: бир шоир янги шеъри ёзилган қоғозни сизга инъом этди. Сиз шеърнинг ярмини ўқиб, сўнг қоғозни ғижимлаб ташладингиз...
Нон исрофи – ношукрликдан келиб чиқади. Такрор бўлса-да айтаман: ҳозир дунёда миллион-миллион одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Биз шуни ўйлаймизми? Ёки уйи нон ва бошқа неъматлар билан тўкин оиладаги  хаста одам бир тишлам нонни чайнаб юта олмайди. Буни-чи, буни кўз олдимизга келтира оламизми? Худо дастурхонимизни тўкин қилиб берди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунга шукр қилиш ўрнига бу неъматларни нима учун исроф қиламиз?
Шоир Анвар Эшонов ёзган эдилар:
Ўзбекистон кузидай  бугун дастурхон тўкин,
Турналардай тизилиб, юраклари эзилиб,
Қора нон навбатида  турганларнинг ҳаққи ҳам,
Улуғ жанг йўлларида  кўксидан қон сизилиб,
Европада ўт кечиб юрганларнинг ҳаққи ҳам
Насибангга қўшилиб турар дастурхонингда.
Ёши улуғ отахонлар, онахонлар бир бурда нон учун қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси демай туну кун навбатда турганларини унутишмагандир. Бу азобларни эслаб туришнинг фойдаси бор. Албатта, биз ёшларга бу азобни раво кўрмаймиз, Худо сақласин! Лекин ўтмиш инсон учун ҳамиша сабоқ бўлиб хизмат қилиши керак.
Бу йўллар
кўп қадим йўллар,
Беш миллион,
ўн миллион
юз миллион нафар
қуллар ва туллар,
Гарданда чўяндан қуйилган занжир,
Ерларда ҳашарот каби
Очликдан,
зорликдан гезариб лаби,
Ожиз,
маҳкум,
хор ва бетадбир:
-Нон!-дея,
-Нон!- дея
суриниб кечмишдир.
Ғафур Ғуломнинг бу сатрларини катта авлод унутмагандир? Ёш авлод ҳам бу каби сатрлар замирида ётган маъноларни уқса ёмон бўлмас эди.  
Боғча ва мактаб, касалхона ва ҳарбий ҳамда ҳарбийлашган қисм, шунингдек, ўқув юртлари ошхоналаридан челаклаб қолдиқ овқат ва нонни кўтариб чиқаётганларни кўрган мудиралар, директорлар, бош врачлар ва бошлиқлар лоқайдлик қилмасалар қандай яхши! Биз бир-биримизга ғоят меҳрибонмиз. Шифохонадаги биродаримиз зиёратига боришда камида иккита ёки тўртта нон оламиз. Ҳолбуки беморга битта нон кифоя. (Ҳатто нон олиб боришнинг мутлақо зарурати йўқ. Чунки шифохонада етарли миқдорда беморларга нон берилади.) Лекин биз битта нон кўтариб киришга хижолат бўламиз. Нонни исроф қилишдан эса уялмаймиз. 
Ресторанлар, ошхоналарни, тўйхоналарни кузатсангиз керак. Сув бўйларида жойлашган ошхоналардан ахлат ва пўчоққа аралаш ташланаётган нон қолдиқларига қаранг! Тўйга борганимизда дастурхон устида синиқ нон бўлаклари бўлса-да, яна нон синдирамиз: “бизни ҳам тўйга етказсин”, деган ниятда синдирилармиш. Бундай бемаъниликни ким ўйлаб топди экан, ҳайронмиз! Яқиндагина, совет давридаги тўй ташвишлари ва машаққатларини унутдикми? Тўй қилишдаги энг оғир масала нима эди? Икки-уч қоп ун топиш эди. Советларнинг раҳбарияти “сиз пахта бераверинг, биз нон билан таъминлаймиз”, дегани билан ваъдасини бажара олмасди. Дўконга ун келганда икки кило ун олиш учун соатлаб навбатда туришларни унутмагандирмиз?  Нонни исроф қилаётгани учун гуноҳга ботаётган кимсанинг нияти Яратган ҳузурида қандай қабул бўлар экан? Шоир айтмоқчи: “Бўғиб ўлдиргим келар, сербўёқ лабларини нон билан артаётган сатанг хонимни кўрсам... Адлия министри! Сиздан қатъий илтимос, исроф қилса ким нонни қаттиқ жазо берилса...” Шоирнинг бу таклифига қўшилувчилар кўп. Лекин гап жазода эмас. Гап инсофда,  виждонда! Олий мажлис ва сенат шундай қонун қабул қилган тақдирда ҳам исроф қилувчиларнинг онгида ўзгариш бўлмас экан, нон исрофи бирданига тўхтаб қолмайди.
Замонлар бўлган - ноннинг ҳар бир қадоғи олтин билан ўлчанган. Олтини бор одамлар бир тишлам нон топа олмай хор бўлганлар. Биз баъзан “нон неча пул?” деб сўраймиз.  Икки юз ёки уч юз сўмлигини билиб, пулини тўлаймиз. Аслида биз нон учун эмас, нонга хизмат қилганларнинг ҳақини тўладик. Ноннинг ўзи эса бебаҳо неъматдир.
***
Нон исрофига доир гапларни якунлаб, мавзунинг бошқа томонларига ўтайлик.
Агар нон бўлмаса, одам бошқа нарсаларни еб ҳаёт кечиравериши мумкин. Лекин ҳаво билан сув бўлмаса-чи? Бу икки неъматнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Олаётган нафасимизнинг қадрига етмаймиз. Ҳавонинг қандай неъмат эканини нафас қисиш хасталигига йўлиққан беморлардан сўраш керак. Ҳавонинг тозалигини асраш дунё муаммоси ҳисобланади. Дунёнинг айрим катта шаҳарларида тоза ҳаво етишмай қоляпти. Кўчаларда тоза ҳаво берувчи мосламалар ўрнатилган. Димиқа бошлаган одамлар пул тўлаб нафас оладилар. Ҳавони ифлослаш дунё бўйича оммавий тус олган. Саноат корхоналаридан чиқаётган заҳарли газлар, автоуловларнинг заҳари, самодаги учоқларнинг заҳари... Одамлар ўзларини ўзлари заҳарлаш билан банд. Ўзларинигина заҳарласалар майли эди, авлодларга заҳарланган сайёрани ташлаб кетишдан уялмайдилар.
Азизлар, бу дунё муаммосининг оилага алоқаси йўқ, деманг. Оилага ҳам таалуқли жойлари бор. Аввало, ҳар бир одам ўзи яшаётган сайёра тақдирига бефарқ қарамаслиги керак. “Она сайёра”, “Она ер” деб ардоқлаганимиз ҳолда унинг хасталиги билан ишимиз бўлмаса, шифолаш чорасини кўрмасак, биз қандай фарзанд бўлдик? Энди хонадонимизга қайтайлик: суҳбатимиз аввалида айтганимиз газ ёки чироқлар бекорга ёқиб қўйилишига қўшимча яна қандай айбимиз бор? Айниқса, ҳовлида яшайдиган хонадонларда ортиқча қоғозларни, кузда ва баҳорда эса хазонларни ёқиб юборамиз. Майли, бир тутамгина хазонни ёқайлик, лекин у ёниб адо бўлиши учун Худо бизнинг нафас олишимиз учун берган ҳаво неъматини исроф қиламиз-ку? Сиз бир тутам ёқинг, мен ҳам бир тутам ёқай, беш-олти қўшни ҳам ёқсин... Яна бир гап: бугун автоуловлар жуда кўпайди. Шунинг баробарида кўпчилик уловга боғланиб қолди. Беш-олти юз қадам жойга ҳам пиёда юришга эриниб, машинасига ўтиради. Бунинг нимаси ёмон, дерсиз? Биринчидан, жисмоний ҳаракатнинг чекланиши оқибатида киши заифлашиб бораверади. Иккинчидан, уловдан чиққан ис гази ҳавони ифлослайди. Сиз билан биз шу ҳаводан нафас оламиз. Турли-турли, оғир-оғир хасталиклар шу заҳарланиш оқибатида юзага чиқяпти. Японияда хизматга велосипедда келганларга машинада қатнайдиганларга нисбатан кўпроқ ҳақ тўлашар экан. Пиёда келувчилар эса улардан ҳам кўпроқ иш ҳақи олар экан. Чунки пиёда юрувчилар уларга нисбатан камроқ хасталанар эканлар-да!
Сувга бўлган ҳурматсизлигимиз ҳаддидан ошди. Қишлоқларда ҳам, шаҳарларда ҳам анҳор, сой, ариқ сувлари тўлиб оқяпти. Лекин ҳеч ким эгилиб, бир ҳовуч сув олиб ичмайди. Қўлини, юзини ҳам ювмайди. Нега? Негалигини ҳамма билади – сув ифлосланган. Бу ариқ-сойларда сув ўтлари ҳам йўқ ҳозир, ҳатто зулуклар ҳам қирилиб кетган. Бу сувнинг ифлослигига фақат каламуш чидаяпти. Қишлоқларда далага сепилган заҳарли дорилар сувга тушгани учун ҳам ичиш хатарли. Шаҳарларда эса ҳожатхоналарини анҳорга чиқариб қўювчи ноинсофлар ҳам бор. Айниқса “дача” деб номланмиш далабоғларда шаҳарникидай шароит яратиш учун ҳаммом, ҳатто ҳожатхоналарнинг қувурларини сойга қараб буришади.
Ҳовлиларда эса, қолган овқатдан тортиб  ахлатгача ариққа ташланади. Бу ишни қилувчи аёллар қилмишларининг уят ва гуноҳ эканини биладилар, шунинг учун кун ёруғида эмас, кеч қоронғулигида биров кўрмасин, деб ташлайдилар. Авваллари совчилар қизларнинг ҳовли супуришини кузатишаркан. Агар ҳовлини ариқ томонга супирса, айб ҳисоблаб, айниб кетишаркан. Шунинг учун оналар қизларини тарбия қилганларида ишни ариқ лабидан бошлаб, юқорига қараб супиришни ўргатишган. 
Бир подшоҳдан сўрадилар:
-Сиз саҳродан адашиб, сувсиз қолдингиз. Ташналикдан силлангиз қуриганида биров сизга бир қултум сув берса, сиз бунинг эвазига нима берардингиз?
-Подшоҳлигимнинг ярмини берардим,-деди у.
-Ичингизга кирган ўша бир қултум сув чиқиб кетиши ҳам керак. Бўлмаса у заҳарга айланади. Чиқиб кетиши учун нима берардингиз?-деб сўрадилар.
-Мулкимнинг қолган ярмини,-деди у.
-Демак, бутун подшоҳлигингизнинг нархи бир қултум сув экан-да?- деб хулоса қилдилар.
Шу ривоятни унутмаслик керак. Ҳар бир одам чанқайди ва чанқоғини тез орада қондиради. Бир соатлик ташналикка чидаш оғир. Бир кунлик ташналик азобини тасаввур қилиш ҳам қийин. Шундай экан, нега ҳаёт манбаи бўлган сувнинг қадрига етмаймиз?
Бу саволни ҳар биримиз ҳар куни ўзимизга бериб, жавоб топишга уринайлик. Бу неъматга нисбатан ҳар биримизда озми-кўпми ношукрлик борлиги ва бунинг жазоси ҳам мавжудлигини унутмасак ва шунга қараб яшасак, ўзимизга фойда. Олмонияликларнинг яхши одати бор: тиш ювадиган бўлсалар, сувни оқизиб қўймай, бир стаканга қуйиб оладилар. Бу одат аслида Исломга хос. Ислом динида ҳатто таҳорат сувини ҳам тежаш буюрилади.
Болалигимизда бизларга: “сувга тупурма, тупурсанг – пес бўласан!” деб тарбия беришарди. Биз ариқ сувига нон оқизиб ейишни, қирғоққа ётиб олиб ариқдан сув симириб ичишни яхши кўрардик. Ариқ суви шу даражада тоза ва мусаффо эди. Ҳар бир маҳаллада ҳовуз ҳам бўларди. Қишда ҳамма шу ҳовуздан сув ичарди. Ҳовуздаги сув булоқники каби зилол бўларди...
Исрофгарчилик борасида майда ёки катта талаблар бўлмайди. Демоқчиманки, бутун нонни моғорлатиб ташлаб юборсангиз ҳам, бурда нонни ёки ушоқларни оёқости қилсангиз ҳам гуноҳкор бўласиз. Мана, сиз учун арзимас туюлган исрофнинг бир тури: дарсдами ё бошқа жойдами зерикканингизда ёки бирон кўнгилсизликдан юрагингиз сиқилганида, қўлингизда қалам-қоғоз бўлса, маъносиз чизгиларни чизаверасиз. Гўё шу билан  ташвишлантираётган нарсадан чалғиб, ўзингизни овутган бўласиз. Назарингизда қоғоз ва қаламнинг исрофи ҳатто айтишга ҳам арзимайдиган миқдорда кам. Биз шундай ўйламиз, бироқ, аслида шундаймикин?
Баъзиларни “қўли очиқ” деб шарафлаймиз. Аммо “қўли очиқлик” исрофдан иборат бўлса-чи? Масалан, турли сабабалар билан улфатларига тез-тез ресторанда зиёфат бериш – сахийлик, “қўли очиқлик” ҳисобланадими ё исрофми? Бу “қўли очиқлар”нинг қариндошлари, қўшнилари билан танишсак, улар орасида камбағалларни ҳам учратамиз. Ҳатто тўй қилишга қийналиб, қизини узата олмаётганларни ҳам кўришимиз мумкин. Бундай “қўли очиқ”лар, риёкор “танти”лар аёллар орасида ҳам учрайди. Исроф билан сахийлик чегарасини билмайдиган бундай “қўли очиқ”лар юқоридаги ривоятлардан ибрат олишса яхши бўларди.
Аллоҳ таолодан узоқлаштирувчи, ҳалокатга олиб борувчи бахиллик дардининг давоси молни сарфу инфоқ қилишдир. Лекин баъзида бу сарф исроф даражасига ўтиб кетади. Натижада бахиллик маразидан халос бўламан, деб киши исроф дардини орттиради. Масалан, тананинг совиб кетиши ҳароратни кўтариш билан муолажа қилинади. Аммо, ҳароратни кўтариш ҳаддан ошса, бу ҳам касаллик. Аслида ҳарорат ва совуқлик ўртасида тенглик бўлиши керак. Шунингдек, исроф ва бахиллик орасида ҳам мўътадилликни сақлаш керак. Токи бизга керак нуқта икки тарафдан бир хил узоқликда жой олсин.
Саховат исрофгарчилик томон ҳам, хасислик томон ҳам оғмаган, балки иккиси ўртасида турган фазилат эканини яна таъкидлаймиз. Аллоҳ таоло бундай феълли кишиларни мақтайди. Қуръони каримнинг Фурқон сурасидаги: “Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмайдилар. У инфоқ иккиси ўртасида мўътадил бўлур” ояти каримасини “Тафсири ҳилол”га кўра  ўрганайлик:
Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси бўлиш учун мол-пул сарфлашда ўртача бўлиш талаб этилади. Араб тилида “инфоқ” – “нафақа” иборалари мол-мулк сарфлаш маъносини англатади. Бизда бировга садақа бериш, эҳсон қилиш маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолгани оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиш кераг-у бошқа пайтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслиги лозим. Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон мол-дунёни исроф ҳам қилмаслиги керак ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак. Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Бироқ, кишиларга шахсий мулкни ҳавойи нафсига биноан тасарруф қилишига йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-харишга ишлатиш манъ этилади. Мол-мулкни беҳуда сарфлашга “исроф” номи берилиб, одамлар бу гуноҳдан қайтарилади.
“Агар мўътадиллик не эканини билмоқ истасанг, сақланишинг лозим бўлган хулққа назар сол. Бу хулқ ўзининг зидди бўлмиш бошқа бир хулқдан сенга ёқимли ва енгил бўлса, демак, сен сақланишинг лозим бўлган хулқ билан хулқлангансан,- дедилар Имом Ғаззолий ҳазратлари.- Масалан, мол-дунёни сарфлашдан кўра уларни тўплаш сенга лаззатли ва осон бўлса, демак, сенда бахиллик хулқи кўпроқ. Бас, мол-дунёнгни сарфлашга тириш! Агар мол-дунёни керагича сақлашдан кўра ноўрин сарфлаш сенга лаззатли ва енгил бўлса, демак, сенда исрофгарлик хулқи устун. Бас, молингни қўлда ушлаб туришни ўрган!”
Исроф – ўринсиз ва заруратсиз ерларга молни сарф этмоқдир. Бу борада  нон ва озиқ-овқатнинг ортиб қолишинигина назарда тутмаслик керак. Бир нуқтада баъзан исроф, бахиллик ва саховат тўқнаш келиб қоладилар. Бахилликни қадимда “бухл” деб номлаганлар. Яъни, “бухл” – энг зарурий ерлардан ҳам молни қизғанмоқ ва аямоқдир. Саховат эса бу иккисининг ўртасида бўлиб, молни зарур ва фойдали ўринларга сарф қилиб, зарурсиз, фойдасиз ўринлардан сақламоқдир. Исроф билан бухл дин юзасидан ҳаром, ақл юзасидан эса энг ёмон ва мардуд (номаъқул) саналган ишлардан ҳисобланади. Саховат эса хулқларнинг энг яхшисидир. Исроф қилувчини “мусриф” дейдилар. Мол-мулкни беҳудага сарф қилувчини “сафийх” (эси паст)  деб ҳам атаганлар. Ким сафийх бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила мол-мулкини тасарруф қилиш ҳуқуқи тўхтатиб қўйилган. Ҳозирги ҳуқуқ тили билан айтилганда, “ҳибсга олинган”. Яъни эгасига зарур бўлганида керакли миқдорда бериб турилган.
Бухл қилувчини “бахил” ёки “хасис” дейдилар. Саховат қилувчини эса “сахий” ёки “жўмард” деб шарафлайдилар. Исрофгар киши ҳар қанча давлатли бўлса ҳам, охир бир кун фақирлик ва хўрлик балосига йўлиқадики, бу ҳақда ривоятларда баён этилди. Бахил киши ҳар қанча бой бўлса-да, молининг ҳузур ҳаловати, тирикчилигининг лаззати ва шавкатидан қуруқ ва маҳрум қолади. Сахий кишининг кундан-кун моли кўпайиб, иззат ва обрўси ошганига тарихда мисоллар кўп (фикрларнинг такрори учун бизни айбситманг).
Мол ақлсизнинг қўлига тушса, уни исроф қилади. На ўзи, на бошқалар фойдаланади. Буни русларнинг мақоли билан “Ит ўзи ҳам емас, бировга ҳам бермас” (“Собака на сене”) деб таърифлашимиз мумкин. Пичан яқинига боғланган ит хашак чириб кетса ҳам қўриқлайверади.
Раббимиз биз – бандаларига буюради: “Бахиллик билан қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг! Исрофгарчилик қилиш билан уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг! Акс ҳолда маломат ва ҳасратда қолурсиз”. Шунингдек, таомга бўлган истак ҳам очкўзлик ёки қурумсоқлик томонга ўтмасдан мўътадил  бўлиши керак.  Қачон қалб исроф ва бахилликни ўзидан бир хилда узоқлаштирса, камолга етади.
Азизлар, тушунгандирсиз, атрофимиздаги қайси неъматга қарамайлик, исроф этилаётганини кўрасиз. Буларни моддий бойлик исрофи десак, биз унутишимиз мумкин бўлмаган  яна бир исроф бор. Бу – вақт исрофи.
Эндиги суҳбатимизни “вақт қадри” деб номлаб, мавзуни шу томон бурсак. 
Олтиндан қадрли, жавҳардан қимматли бир нарса бор бўлса, у ҳам – вақтдир. Вақт бизнинг ҳар турли ишни қилишга кучимиз етадиган фурсатдир. Бир соатнинг бекор ўтгани – ихтиёримизда бўлган фурсатнинг зоеъ бўлгани демак. Ҳолбуки, шу фурсат ичида фойдали ишларга ихтиёримиз бор эди. Фурсатни ғанимат билган одам вақтдан унумли фойдалана олади.  Вақт қадрини билган одам ҳавойи нафсдан тийила олади. Вақт қадрини билган одам буюк бўлишга ҳақлидир. Ақлсизларнинг энг ярамас кўриниши – вақтни бекорга ўтказишдир. Шоир айтганидек:
Гарчи пиёдамиз, гарчи отлиқмиз,
Ким яхши, ким эса ёмонотлиқмиз.
Қанчалар фурсатни ўтказдик зое,
Худонинг олдида кўп уётлиқмиз.
Миқдори кўп нарса қадр-қийматини тез йўқотади. Аммо ақл эгалари учун вақт сира қадрсизланмайди. Юз йил қанча қимматга эга бўлса, соат ёки дақиқанинг қадри ҳам шу кабидир. Вақт одамига қараб энг қиммат ёки энг арзон матоҳдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Икки нарса борки, кўпчилик уларнинг қадрига етмайди: бири  - соғлик, иккинчиси – бўш вақт”. Киши умрининг ҳамма соатларини, ҳатто дақиқаларини фойдали ва соғлиққа мувофиқ машғулот билан тўлдириши керак, токи қайғу-алам бош суқадиган бўш жой қолмасин.               
Одамларнинг ўзаро муомалаларида “бўш вақт” деган ибора тез-тез тилга олинади. Мана бу узрхоҳликларни сиз ҳам эшитгандирсиз?
“Узр, биродар, сизни йўқлаш кўнглимда бор-у, аммо сира бўш вақтим бўлмади”.
“Сиз айтган ишни бажариб қўйишга ҳеч бўш вақтим бўлмади, айбга буюрмайсиз”.
“Тонг отади... бир пасда кеч ҳам киради. Китобга қарай десам, бўш вақт йўқ...”
Бир кеча-кундузда одам ихтиёрида йигирма тўрт соат вақт бор. Шундан саккиз соати уйқуга ажратилса, демак, ўн олти соатга ўзимиз ҳукмронмиз. Бу вақтни қандай совуриш ўз ихтиёримизда. “Совуриш” сўзига атайин урғу бердик. Чунки айрим одамлар кўп вақтларини айнан совурадилар.  Битта ноннинг ярмини еб, ярмини ташлаб юборсангиз – исроф. Бу қилиғингизни кўрган  баъзи одамлар танбеҳ беради, баъзилари эса сиздан нафратланади, тўғрими? Хўш, вақт-чи? Вақтнинг исрофи борми? Сиз ўзингизга шу саволни бериб кўрганмисиз?
Менимча, вақтнинг ҳам исрофи  бор. Вақтнинг исрофи – умрнинг исрофи, демак. Умр беҳуда сарф бўлдими, демак, одам яхши ишларни амалга ошира олмабди. Одамлар учун, жамият учун фойда бермабди. Вақтнинг исрофи – мевасиз дарахт каби умр кечиришдир.
Вақтдан фойдаланишни ҳамма ўзича белгилайди. Биров китоб ўқишни яхши кўрса, биров чойхонада шахмат ўйнашни хушлайди. Яна бошқаси спортдан баҳра олади. Шундай аёллар борки, кунда беш маҳал бешик тўйи бўлса, ҳаммасига иштирок этишга шошилади. Шундай эрлар бор-ки, ҳар ярим соатда бир тўй оши бўлса, барчасига боришга улгуради.  Бугунни тўйларга сарфлаб, эртани тўй таассуротларини баён қилишга бағишлайди. Шубҳасизки, бу  таассуротлар холис эмас, ғийбат, ҳасад, ҳатто иғво билан тўйинтирилган бўлади. “Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор”, деганларидай кўчада қўшнилар билан соатлаб валақлашадиганларни ҳам кўп учратамиз.
Мени бир нарса кўп маъюс қилади. Ўн уч йил илгариги расмий тадқиқот натижаларига кўра, европалик бир одамнинг кунлик иш унумдорлиги етти соатдан кам бўлмас экан. Аммо бир мусулмон кишининг иш унумдорлиги бор-йўғи ўттиз дақиқа атрофида экан. Азизлар, инсоф билан айтайлик, аслида мусулмоннинг ҳаёти шундай бўлиши ва шундай ўтиши керакми?! Ўзини мусулмон ҳисоблаган киши мана шундай мазмунсиз ва самарасиз яшаши мумкинми?
Бугун кучлилар (АҚШ ва Европа давлатлари каби) уммону фазоларга ҳар дақиқада эгалик қилишга ошиқаётган бир даврда биз – мусулмонлар ўзларимиз тушиб қолган ҳозирги даражаларимизга қониқиш қилиб яшашимиз дуруст эмас. Вақт мусулмонлар ҳаётида энг аҳамиятли масалалардан биридир. У Аллоҳ таоло томонидан инсонларга берилган буюк неъматлардан ҳисобланади. Чунки у мусулмон ҳаётидаги муаммолардан бири бўлибгина қолмасдан, балки мана шу муаммолар ичидаги энг асосийсидир. Бинобарин, вақт – ҳаёт демак. Ўтаётган ҳар дақиқа-ю сония, кун инсон умрининг хатосиз ўлчовидир. Бироқ, афсусларки, Ислом динининг вақт исрофига нисбатан талаби билан бугунги мусулмонлар ҳаётида тутган ўрни ўртасида жуда катта фарқ бор. Ислом дини вақтга жуда катта аҳамият беради, унга бир неъмат сифатида қарашга даъват этади ва ундан унумли фойдаланишни уқтиради. Айримлар эса уни кўпинча фойдасиз  совурадилар. Улар на дунё аҳлининг шаъни бўлмиш бу дунёларини обод қилиш учун ишлайдилар ва на дин аҳлининг шаъни бўлмиш охиратларини обод қилиш учун уринадилар. Бундайлар вақт неъматига эътиборсизликлари учун икки дунёларини ҳам барбод қилаётганларини билмайдилар. Натижада икки яхшиликдан –  дунё ва охират ноз-неъматларидан маҳрум бўлмоқдалар. Агар буни тушуниб, қадрлаб ҳаққини адо этганларида эди, дунёлари учун гўё  абадий яшаб қоладигандек, охиратлари учун эса эртага ўладигандек амал қилган бўлар эдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди: бу саволлардан биринчиси – умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси – мол-дунёни қай йўсинда (қай касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси – ўрганган илмига қандай амал қилгани сўралади”. Азиз фарзандларимиз, эътибор бердингизми, инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса ўзига хос шаклда сўралиши айтиляпти. Ёшлик – умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажратиб турувчи ўзига хос қийматдор тарафи ҳам бор. Ёшлик ғайрату шижоатга, ўткинчи мақсадларга тўлган даврдир. Ҳамда икки заифлик – гўдаклик ва кексалик орасидаги қувватга тўлган йиллардир.
Болаликни ўйин, ёшликни шаҳват, балоғат ёшини ғафлат билан ўтказиш ва кексаликда қўлдан кетганлар учун ҳасрат чекиш, ўзини ҳар томон уриб, надомат кўз ёшларини тўкиш - ғофиллик билан умр ўтказишнинг аломатларидир.
Вақтдан тўғри фойдаланишни ўрганиш болаликдан бошланади. Чунки  вақтни тўғри тақсимлай олиш ҳам яхши хулқлар сирасига киради. Болаликнинг маълум йилларига қадар ота-оналар ва мактаб муаллимлари боланинг бўш вақтига “эгалик қиладилар”. Яъни улар “дарс тайёрла”, дейишса, бола тайёрлаши керак, “ухла” дейишса ухлаши шарт. “Телевизор кўрма” деб буюришса бажариши лозим. Бундай ҳолат сизнинг ҳам бошингиздан ўтган, унутмагандирсиз. Катталарнинг бола ҳаётига аралашуви доим ҳам тўғри бўлавермайди ва доим ҳам болага хуш ёқавермайди. Бола кун тартибини ўзича белгилашни истайди. Дейлик, телевизорда мултфилм берилаётганда уни дарс тайёрлашга мажбурлаш яхши натижа бермаслиги мумкин. Бола ўсмир ёшига етганда бу зиддият анча кескинлашади. Бола ўз вақтига ўзи эгалик қилишни хоҳлайди. Катталар эса унинг бу ҳуқуққа эга бўлишига вақт эрта, деб ўйлашади. Болалар орасида вақт қадрига етадиганлари ҳам бор. Уларнинг асосий вақти ўқиш ва ўрганишга сарф бўлади. Лекин шундай болалар ҳам борки (афсуски, бундайлар  кўпчиликни ташкил этишади) улар вақтдан фойдаланишни билмайдилар.
Айрим ота-оналар фарзандларини мақтай туриб: “Компьютерга жуда қизиқади, компьютерхонадан бери келмайди, бошқа ишларга сираям вақти йўқ”, дейишади. Боланинг бу соҳага қизиқиши яхши. Лекин у компьютерда бир неча соат давомида нима иш билан банд бўлади? Агар уларнинг юмушларига разм солсангиз,  турли бекорчи ўйинлар билан банд эканларига гувоҳ бўласиз. Хўш, энди айтинг-чи, бу болалар вақтларини бекорга совуряптиларми? Агар улар  ярим соат ёки бир соат ўйнашса, айблаш нотўғри бўларди. Аммо бошқа фойдали ишлар ўрнига, масалан, дарс тайёрлаш, уй ишларига қарашиш ёки ҳунар ўрганиш ўрнига бекорчи ўйин билан бандлар-ку?
Кўчадан ўтаётганингизда сизнинг ҳам кўзингиз тушгандир, беш-ўн бола ариқ бўйигами ё дарахт соясигами тўпланиб олишиб, соатлаб гапдан бўшашмайди. Гапларига қулоқ солсангиз, бири тоғдан, бири боғдан. Гапириб зерикишмайди ҳам. Қоронғи тушса, бирон столба атрофида давра қурадилар, шунинг учун бундай сергап болаларни “столба қоровуллари” деб, уларнинг бу қилиқларидан кулиш одат тусига кирган. Бир куни шундай болалар даврасига яқинлашиб: “шунинг ўрнига бирон китоб ўқиб, муҳокама қилсаларинг яхшимасми?” десам, улар дангалига “Э, китоб ўқиб бошимизни оғритиб нима қиламиз”, деб жавоб беришди. Қаранг, беҳуда гаплардан бошлари оғримай, фойдали юмушдан оғриркан. Бу қандай бош бўлди, ўзингиз баҳо бераверинг. Бу тоифадаги болалар бўш вақтдан фойдаланишни ўзлари билмайдилар, катталарнинг тавсияларини эса буткул рад этадилар. Бунинг оқибатида улар келажакда маънавий комиллик деган улуғ фазилатдан бебаҳра қоладилар.
«Кўча тарбияси» дейилганда кўз олдимизга фақат безори, жиноятчи болаларни келтирамиз. Кечки пайт кўчада тўпланиб турган болаларни кўрсак, хаёлимизга фақат йўлтўсарлар келади. Ҳолбуки, кўча таъсирида барча жиноятчига айланиб қолмайди. Айни чоқда ҳунар ёки санъат тўгаракларига қатновчи болаларнинг ҳаммаси ҳам яхши бўлиб қолмайди. Бу ҳам ҳақиқат.  «Столба қоровуллари» деб таърифланган болаларнинг кўпчилиги шунчаки гаплашиб ўтирадилар, уйда ота-онаси ёки ака-опаси билан суҳбатлашишнинг уларга қизиғи йўқ. Бошқа шуғулланадиган ишлари ҳам йўқ. Ўртоқлари билан гаплашиб ўтирадиган жой ҳам йўқ. Айрим ота-оналар болаларни уйга таклиф этадилар. Лекин улар таклифни қабул қилмайдилар. Чунки ота-оналар ҳузурида улар истаган мавзуларида суҳбатлаша олмайдилар. Ёки катталардан истиҳола қиладилар. Айрим ерларда «ўсмирлар клублари» ташкил этишга ҳаракат ҳам бўлган. Лекин ўсмирлар бу клубларга ҳам боришмайди. Чунки клубларда ўзлари истаган мавзуда суҳбат қура олмайдилар, тарбиячилар тавсия этган мавзуда эса гаплашишни ёқтирмайдилар. Демак, бу ўринда «Ўсмирлар клублари ташкил қилиш керакми? Бу клублар ташкил қилинган тақдирда қандай йўналишда иш олиб бориши керак? Улар ўсмирларни, айниқса бўйсунмасларни жалб қила оладиларми?» деган саволларга жавоб топиш шарт бўлади.
«Столба қоровуллари»нинг ишлари – вақтни ўлдириш. Улар суҳбатлашадиган аниқ мавзу йўқ. Каллага нима гап келса, ўша томон оғаверадилар. Шу боис уларнинг суҳбатини маъносиз, дейишга ҳақлимиз. «Болалар шунчаки гаплашиб ўтиришибди, уларнинг орасида безорилар йўқ», деб хотиржам бўлишга эса ҳаққимиз йўқ. Уларнинг орасида бугун безори йўқдир, бироқ эртага қўшилиб қолар. Қўшилиб қолганини, нашага ўргатишни бошлаганини вақтида пайқаймизми?
«Беозор» «столба қоровуллари» наша чекиб ўтиришганида, бир одам уларни тартибга чақиради. «Отанг баобрў одам, бу ишинг чакки», дейди.  «Беозор» йигитча унга жавобан: «Мияни ачитманг, братан, биз билан битта тортинг», деб таклиф қилади. Натижада жанжал чиқади ва тартибга чақирган одам калтакланиб ўлдирилади. Қаранг, болалар бу ерга бекорчилик оқибатида тўпланишган, бировга ёмонлик қилиш фикрлари бўлмаган. Ҳуқуқ тили билан айтилганда бу «қасддан одам ўлдириш»га кирмайди. Кечки пайт тўпланган болаларнинг беозор суҳбатлари жар ёқасида туришни эслатади. Жарга қулаш учун салгина туртки кифоя.           
Яхши тарбия кўрган болалар уйқудан ташқаридаги вақтининг ярмини, эҳтимол ундан кўпроғини илм олишга бағишлайди. Бу хислатлари таҳсинга лойиқ. Шундай болалар орасида илм олишдан бошқасини тан олмайдиганлари ҳам бор. Аммо  уларнинг бу ҳаракатларини аъло фазилат дея олмаймиз. Чунки илм олишдан ташқари дам олишга, жисмоний тарбияга, уй ишларига, бошқаларга ёрдам беришга ҳам вақт ажратиш зарур.
Оилаларимизда кун тартибини белгилаш одати деярли йўқ. Ҳар биримизнинг кун тартибимиз тахминий бўлади. Яъни: эрталаб туриш, нонушта қилиш, ўқиш, ўқишдан кейинги машғулот ва шу кабилар. Ўқиш ва айрим машғулотларнинг вақти аниқ. Бошқа юмушларники мавҳум. Айтайлик,  бир бадиий китоб ўқияпсиз. Уни ҳар куни ўқимаслигингиз мумкин. Мактабда ёки машғулотда кўпроқ  вазифа беришса, сиз албатта бошқа юмушлар эвазига, айни дамда бадиий китоб ўқиш ўрнига бу топшириқни бажарасиз. Баъзан уй ишларидан бўйин товлаш ҳисобига бошқа ишлар амалга оширилади. Хўш, аниқ кун тартиби асосида яшаш мумкинми? Агар  ўз тажрибамга асослансам, қисман мумкин, деб жавоб бераман.  “Қисман” дейишимнинг боиси: эртанги кун режалаштирилганда одам фақат ўз имкониятларини чамалайди. Кутилмаган воқеалар инобатга  олинмайди. Масалан, эрталаб уйга меҳмон келиб қолиши мумкин, ёки бола мактабга борганида бошқа фан муаллими уни бошқа юмушга жалб этиши мумкин. Шунда кун тартибига мажбурий ўзгартиш киритишга тўғри келади.
Ҳар куни эрталаб ўзимизга бир ишни тайин этиб, бу ишларни қандай бажаришимизни фикр қилайлик. Жаҳоннинг ҳозирги ободлиги, инсоният ва маданиятнинг бу қадар тараққийси албатта маърифат эгаларининг битмас-туганмас ғайратлари соясида вужудга келган. Шу боис бир дақиқа вақтни ўринсиз ва фойдасиз ерга сарф этиш – исрофдир. Ҳар куни кечқурун бугун  вақтимизни нималарга сарф этганимизни ўзимизча ёки бирон яқин одамимиз билан бирга муҳокама этишимиз, кейинги ишларимизнинг ҳар бирига вақт тайин этиб, шу вақтлардан кечиктирмай бажариш учун бир тартиб-интизом остига олишимиз лозим бўлади. Оилага доир ишларимизга ажратадиган вақтимизнинг асосини тирикчилик ва рўзғор масалалари ташкил этиши табиий. Лекин  бу борада биринчи ўринга фарзанд тарбиясини қўйган бўлардим. Чунки бугун олишимиз керак бўлган пиёзни эртага олсак ҳам бўлаверади. Лекин бугун берилиши лозим тарбияни эртага қолдириш яхши эмас. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) бир ишни эртага бажараман, деб орқага сурганлар ҳалок бўлишини айтиб,  огоҳлантиришларини бу мавзуга ҳам оид деб англашимиз керак. Халқимиз “Уй ёнса сув ўчиради, вақт ёнса нима ўчиради?” деб бежиз айтмаган.
Бугун ҳаётимизни телевизорсиз тасаввур эта олмаймиз-а? Ҳамма шундай ўйлайди. Мен ҳам бутунлай инкор эта олмайман. Вақт исрофига фақат телевизор айбли эмас. Телевизор йўқ пайтида ҳам одамлар вақтларини исроф қилишдан қайтмаганлар. Вақтни совуришни истаган одам баҳона топа олмас эканми?! Телевизорга ҳаётимиздан ўрин бердик. Лекин бутун ўй-хаёлимизни, вақтимизни унга бахш этиб қўймаслигимиз шартлигини унутиб қўяётганимиз ёмон.
Кейинги йилларда болаларнинг бўш вақтлари кўпроқ телевидение ва видео томошалари билан банд бўлаётгани афсусли ҳол. Ҳатто ҳазил аралаш «телебола» деган атама ҳам пайдо бўлди. Бу «телебола»лар атрофдаги барча гўзалликларни рад эта бошлайдилар. Францияда қизиқарли тадқиқот ўтказишибди. Уч мингта болага «телевизор яхшими ё отангми?» деган саволни бериб, қарийб икки мингтасидан «телевизор яхши» деган жавобни олишибди. Буни бир неча давраларда айтиб, эшитганлар юзида ташвиш кўрмадим. Деярли барча латифа эшитгандай кулимсираб қўйди. Аслида бундай хабар барчани жиддий ўйлантириши керак. Францияда бу тадқиқотни шунчаки бекорчиликдан ўтказишмагандир. Тарбияга доир ишларида нималарга эътибор қаратиш лозимлигини аниқлаш учун қилишгандир. Шунга яраша чоралар кўришар. Хўш, бу ҳолатнинг бизга алоқаси йўқми?
Азизлар, сиз ўз фарзандингизнинг ёки жиянингизнинг “отамдан телевизор яхши” дейишини тасаввур қилиб кўринг. Агар ундай деса  қандай аҳволга тушган бўлардингиз? Тўғри, бизда икки мингта бола «отамдан телевизор яхшироқ», деб жавоб бермас. Агар уч мингта боладан учтаси шундай жавоб қайтарса ҳам ташвишланишимиз зарур эмасмикин? Бугун учта бола шундай деб турса, эрта-индин уларнинг сони ошмасмикин? Орадан кўп вақт ўтмай ўша Франциядаги натижа бизда ҳам қайд этилмасмикин? Бу муаммо хусусида қачон бош қотирамиз? Уч мингта боланинг ҳаммаси бир овоздан отадан кўра телевизор афзаллигини таъкид этгандами?
Телевизорга михланиб кино кўрувчи “телебола”ларга эса маслаҳатимиз шу:  бир кунда битта кинофилм кўриш онгимиз учун кифоя қилади. Икки кунда бир кўрилса яна яхши. Чунки кинофилм фақат вақт ўтказиш учун кўрилмайди. Ундаги воқеаларни, қаҳрамонларнинг гап-сўзларини ўйлаш, таҳлил қилиш, хулоса чиқаришга уриниш керак. Бунинг учун эса вақт талаб этилади. Кинолар шунчаки кетма-кет кўрилаверилса фикр чалғийди, кишининг маъно хазинаси бойимайди, аксинча, зехнининг ўтмаслашувига олиб келади. Одамнинг мияси чексиз ахборот оқимларини қабул қилиш қудратига эга эмас. Бир челак ҳажмдаги чуқурчага ўн челак сув қуйсангиз тошиб кетади, атрофни балчиққа айлантиради.
Қайси мактабда ёки маҳаллада ёки уйда  зерикиш касали мавжуд бўлса, ўша  ерда ўғричаларнинг, ёлғончиларнинг, зулм сари оғаётган ўзга шумликларнинг туғилишини кутмоқ керак.
Ана энди шу болаларимизга четдан разм солайлик: китоб ўқиш улар учун азоб, театрда юраклари сиқилади, музейларда роҳатланмайдилар. Мусиқанинг фақат енгил турларини тинглашлари мумкин. Ёзувчилар бу «телебола»ларни бадиий адабиётга қайтариш керак, дейдилар, аммо қандай қайтаришни аниқ билмайдилар. Агар бизда ўсмирлар учун бадиий адабиёт деярли йўқлиги, болалар ёзувчиларининг ҳам ғоят камлиги инобатга олинса, бу фикрнинг амалга ошуви мушкул экани ойдин бўлади.
Европа мамлакатларида болалар ва ўсмирлар адабиётига жуда жиддий аҳамият берадилар. Бизнинг болаларимиз ўқийдиган китоблар ҳам асосан таржима асарлар экани сир эмас. Болаларнинг севимли қаҳрамонлари ҳам (Буратино, Гулливер, Чиполино...) Европа адабиётининг фарзандлари. Яхши бадиий асар миллат танламайди, чегара билмайди. Бироқ, халқнинг ўз адабий қаҳрамонлари бўлса яна яхши. Бу соҳада битта камчилигимиз бор. Аввало кўп хонадонларда оиланинг катталари китоб ўқишмайди. Ўзлари ўқимай туриб фарзандларини китобга жалб қила олармикинлар? Ўша ота-оналар ўйлаб кўрсинлар, фарзандлари бўш вақтларини кўча безорилари ёки беҳаё кинолар қуршовида ўтказганлари маъқулми ё фикр тарбиясини берувчи китоб билан дўстлашганлари афзалми? Донолардан бири «Китоб ўқимаган киши фикрлашдан тўхтайди», деган экан. Кимдир бунга қарши чиқиб айтарки: «Мен умримда китоб ўқимаганман, лекин фикрлайман-ку?» Тўғри, ўқиган ҳам, ўқимаган ҳам фикрлайди. Бироқ қай тарзда фикрлайди? Фикрининг маъноси борми? Бу фикри билан ўзгалар орасида эътибор қозона оладими?
Дуруст, ота ёки она ўқишнинг афзаллигини тушуниб етдилар. Фарзандларини ўқишга даъват эта бошладилар. Лекин бола ёши улғайгач, бу даъватга дарров бўйсуна қолмайди. Ҳатто қизиқарли китобни ҳам четга суриб қўяди. Баъзи ота-оналар мана шундан зорланишади. «Фалон сўмлик китоб олиб келдим, ўғлим бир бет ҳам ўқимади», дейди. «Ўша китобни ўзингиз ўқидингизми?» деб сўраймиз. «Бе, ўқишга вақт борми?» деган жавобни эшитамиз. Чойхонада кунда, кун ора ошхўрлик қилишга, маишатга вақт топилади.  Тўйларда соатлаб валақлаб ўтиришга фурсат бор, аммо фарзанд тарбиясига вақтимиз йўқ. Шахсий намуна деган тушунчадан узоқмиз.  «Мана, сенга китоб олиб келдим, ўқи!” дейишни  тарбия деб ҳисоблаб, шу билан  бурчимизни бажаргандек бемалол юраверамиз. Боламизнинг китоб ўқимаслиги эса...
Айрим болалар китоб ўқишни яхши кўрадилар. Бу ҳам аъло фазилат. Аммо бунда икки камчиликдан эҳтиёт бўлиш керак: биринчиси – эртаю кеч китобдан бош кўтармай ўқиш яхши эмас. Куннинг фақат маълум бўлагини китобга ажратиш керак. Иккинчиси – қўлга тушган, бошқача айтилса, дуч келган китобни ўқийвериш ҳам ярамайди. Китобни танлаб-танлаб ўқиш керак. Бунинг учун катталарнинг маслаҳатига қулоқ солинса, савияси паст асарларни ўқишга вақт сарф бўлмайди. Бунинг учун эса... ота-онанинг ўзи ҳам китоб ўқиб туриши шартлигини яна таъкидлаймиз.
Тарбиянинг барча кўринишларида, хусусан китоб ўқишга даъватда шахсий намунанинг фойдаси кўп. Тарбиянинг барча турлари каби китоб ўқишга ўргатиш  ҳам болаликдан бошланади. Европа мамлакатларидаги нашриётларда «Ойижон, ўқиб беринг», туркумида китоблар кўп чиқарилади. Номидан кўриниб турибдики, бу китоблар мактаб ёшигача бўлган болаларга аталган. Бу ёшдаги болаларда «китобни кўрсам бошим оғрийди», деган гаплар бўлмайди. Барчаси қизиқиш билан китобни варақлайди. Баъзилари расмлардан завқ олади, унда нима акс этганини билишни истайди. Баъзилари китобни йиртиб завқ олади. Ота ёки онанинг китобни ўқиб бериши ёки расмлар мазмунини тушунтириши  боласининг келажаги учун жуда-жуда зарурдир. Бола учун ажратилган беш-ўн дақиқа вақт келажакда ойлаб-йиллаб давом этадиган қайғу-аламлар олдини олишини англаб етган ота-она нақадар бахтли!
Юқорида зикр этганимиз ота ёки она боласига атаб китоб олгани учун ҳам уларга офарин айтмоқ жоиз. Чунки боласига китоб олмайдиганларнинг сон-саноғи йўқ. Бозорга бориб боласига қуртми, сақичми ёки бирон қимматбаҳо ўйинчоқми олишни унутмайди. Лекин китоб растаси ёнидан ўтаётганида «боламга мос китоб бормикин?» деб қайрилиб ҳам қарамайди. Эҳтимол бу гапларимиз баъзилар учун малол келар. «Ошириб юбордингиз», деб маломат қилишар. Сиз ҳам, азизлар, каминани айбламанг. Бу тиконли гапларни айтиб, барча ота-оналарнинг диққатларини болаларининг бўш вақтига қаратгим келди.    Болалар қамоқхонасида ўтказилган сўровларимдан маълум бўлди-ки, у ерга тушганларнинг қарийб тўқсон фоизи битта ҳам бадиий китоб ўқимаган. Етмиш фоизи театр остонасини босиб ўтмаган. Юз фоизи рассомлар кўргазмаси нима эканини билмайди. Бўш вақтдан тўғри фойдаланиш ҳақидаги фикримни қувватлаш учун яна қандай далил керак?
Бир куни болалар қамоқхонасида адабий учрашувга бордик. Бу ерга биринчи марта кирган шоир биродаримиз болаларнинг жиноятлари ҳақидаги ҳикояни эшитиб гангиб қолди. Ҳаяжонга берилиб, ҳатто бир оз қўрқиб: «Мен бу ерда шеър ўқий олмайман», деди. Мен ундан Усмон Носирнинг «Муҳаббат» шеърини ўқиб беришини илтимос қилиб, аранг кўндирдим. Бир хил кийинган, сочлари бир хилда қиртишланган, кўзлари бир хилда маъносиз боқувчи бир неча юз бола тўпланган жойга кирганимизда шоир биродаримиз бу нигоҳларга қарай олмай кўзларини юмиб олди. Шу ҳолда шеърни ўқиди. Бу шеърни ўқитишдан мақсад - кичкина ижтимоий тадқиқот ўтказиш эди. Йиғилганларнинг барчаси севги ёшидаги ўсмирлар. Кўпчилиги  аёл билан бўлишга улгурган. Севги туйғуси бегона эмасдир, деган фикрни синаб кўрмоқчи эдим. «Севги! Сенинг ширин тилингдан ким ўпмаган, ким тишламаган!» деб бошланувчи шеър ҳар қандай ёшнинг дилини қитиқлаши тайин. Аммо жиноятчи ўсмирларга бу таъсир этмади. Уларнинг юзларида, қарашларида ўзгариш сезилмади. Оддий гапни эшитгандай ўтираверишди. Шеърда «Уфқда ботар қуёшни шарт кесилган бошга ўхшатдим», деган сатр бор. Шу сатр ўқилганда, не ажабки, ўтирганларда жонланиш сезилди. Бундагиларнинг оз қисми қотиллиги туфайли қамалган, лекин бошқа жиноятлар билан ўтирганларга ҳам «шарт кесилган бош» таъсирли бўлди.
Уч ўсмир кечқурун ҳомиладор аёлга дуч келиб, «Хотиннинг туғишини кўрамиз», деб қийнашган. «Эси бутун одам бундай қилмайди, улар жиннидир», дерсиз? Йўқ, уларнинг кўриниши ҳам бинойи, эслари ҳам жойида. Улар билан суҳбатлашганимизда «Нега бундай қилдинглар?» деб саволга тутмадик. Ўқиган китоблари, кўрган театр томошалари, кинофильмлари билан қизиқдик. Жангари, бадахлоқ кинотомошаларини кўришда камчиликлари йўқ. Учтадан иккитаси болалигида синфдошлари билан ёш томошабинлар театрига  неча мартадир борган, лекин нимани кўрганини эслолмайди. Биттаси умуман театрга қадам босмаган. Уччаласи ҳам бадиий китобни қўлига олмаган. Биттаси мактабдаги адабиёт дарсида ўқиганларини сал-пал эслайди. Улар билан суҳбатлаша туриб ўйладим: «Агар бадиий китоб ёки саҳна санъати орқали фақат инсонга хос севги-муҳаббатни қалбларига сингдиришганда эди, жиноят кўчаларида тентирамасмидилар...» Жиноят кўчасига кириб қолган болаларнинг келажакда нурли ҳаёт кечиришлари осон бўлмайди. Хўш, уларнинг ота-оналарини нима кутади? Фарзанд ўн беш ёшида жиноятчига айланган экан, демак, ота ва она ўн беш йиллик умрларини исроф қилишибди. Фарзандлари дунёга келган онда туғилган орзулари ўн беш ёшида ўлим топган экан, ўзгалардан ўпкаламасинлар.
Китоб ўқишни ўргатишдаги ота-онанинг масъулияти театрга, ёки музейга, ёки рассомлар кўргазмасига... олиб боришда ҳам  керак бўлади. Жуда оз ота-оналар фарзандлари билан бу жойларга борадилар. Театр-музейларга олиб бориш асосан мактабларнинг зиммасида. Ота ёки она «Бугун театрга борибсан, нимани кўрдинг, нимани тушундинг?» деб беш дақиқагина суҳбатлашармикин? Агар суҳбатлашсалар - шарафлар бўлсин бу зотларга! Фарзанди билан гаплашишга вақти йўқ ота-онага-чи?
Кузатувлардан аниқки, болалар ва ўсмирлар феъл-атворининг шаклланишида бўш вақтдан тўғри фойдаланиш ғоят муҳим экани тан олингани ҳолда бу зарур масала ечимига эътиборсиз қаралади. Бошқачароқ айтсак, бўш вақтдан фойдаланишга доир мавжуд тадбирлар етарли самара бермай қўйган. Бунинг акси ўлароқ, кўчанинг таъсири кучлироқ бўляпти. Айтайлик, кўчанинг бир бетида шахмат-шашка тўгараги ташкил этилган. Иккинчи бетида бебош ўспиринлар қарта ўйнаб ўтиришибди. Кўчанинг ўртасида эса биз тарбияламоқчи бўлган юзта бола турибди. «Ихтиёр ўзингизда, бўш вақтингизни ким билан ўтказасиз?» деб кўрайлик-чи? Ишонаманки, шу юз боладан кўпи билан ўн-ўн бештаси шахмат-шашка томон юради.
Энди яна “бўш вақтим йўқ” дейдиганларга келсак, бундайлар шу баҳона билан ўзларини ўзлари алдайдилар. Ҳар бир одамнинг вақти ўз қўлида. Агар ақл билан иш юритилса, ҳар қандай юмушга улгуриш мумкин. Фарзандларимизнинг айнан шундай фазилат эгалари бўлишларидан умидвормиз.
Барча мамлакатлар учун боланинг бўш вақти масаласи муҳим муаммолардан ҳисобланади. Мактабдан кейинги ярим кунда боланинг нима билан шуғулланиши унинг тақдирини белгилайди. Шаҳардаги маҳаллаларда, қишлоқларда бола катталар эътиборида бўлади. Бу бола кимнинг фарзанди эканини катталар билишади ва ундаги ножўя ҳаракатни эътиборсиз қолдиришмайди. Кўп қаватли уйларда эса бунинг акси. Қўшнилар бир-бирларини танишмайди. Ножўя иш қилаётган болани тартибга чақиришмайди. Шунданми, қамоқдаги болалар яшаш жойларига ажратилиб ўрганилганда маҳалла ва қишлоққа нисбатан кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиганлари кўпроқ экани аниқланди.
Бўш вақт масаласини ҳамма ўзича ҳал этади. Кўпчилик тарбиянинг бу соҳасида асосий эътиборни меҳнатга қаратиш тарафдори. Ёзувчилар адабиётга, санъаткорлар театрга, рассомлар тасвирий санъатга... тортишни истайдилар. Барчаларининг талаблари тўғри. Аммо барчаси ўз ўрнида қўлланилсагина яхши самара беради.
Демак, ота-она аввало ўз онгини, энг муҳими фарзанди онгини ортиқча юкдан эҳтиёт қилиши баробарида вақтнинг хусусиятларини аввало ўзи англаб етиши керак. Хўш, вақтнинг қандай хусусиятлари бор экан? Бу саволга жавобни “Вақтнинг қиймати” рисоласидаги фикрлардан фойдаланган ҳолда топамиз.
Вақтнинг ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари ҳам бор. Биз уни тўғри маънода тушунишимиз ва унинг нури билан иш кўришимиз лозим.
“Вақт тез ўтади” деймиз кўп ҳолларда. Хоҳ шод-хуррамлик ва қувонч билан ўтсин, хоҳ қийин, машаққатли бўлсин, у булут тезлигида юриб, шамол тезлигида ўтаверади. Бизга хурсандчилигимиз кунлари бирмунча тезроқ, қайғули кунларимиз секин ва оғир ўтаётгандек туюлади. Лекин инсоннинг ўзига шундай туюлади, холос. Шоир айтган экан:
Бахту саодатга тўла ойларим,
Гўё давом этди кундан ҳам қисқа.
Ва лекин ҳижронга тўла кунларим,
Йиллардек кўринди менинг кўзимга.
Наҳот энди ўтди йиллар, дўстларим,
Ҳайрат-ла боқаман бу кун ўзимга.
Бу ёруғ дунёда инсон умри қанчалик узун бўлмасин, модомики ўлим ҳар тирикликнинг ниҳояси экан, бас, у қисқадир.
Ўлим пайтида ўзи яшаб ўтган йиллар ва бир-бирига боғлиқ воқеалар лаҳзада тез ёниб-сўнувчи чақмоқ каби қисқа туюлади инсонга. Ҳазрати Нуҳ алайҳиссалом ҳақларида ривоят қилишларича, минг йилдан ортиқроқ умр кўрганларидан кейин, у кишининг жонларини олиш учун ўлим фариштаси келиб: “Э пайғамбарларнинг энг узун умр кўргани, сиз дунёни қандай тушундингиз?”-деб сўради. Шунда Нуҳ алайҳиссалом дедилар: “Дунё гўё бир ҳовлининг икки эшиги бўлиб, уларнинг биридан кириб, бошқасидан чиқиб кетдим!”
Бу ривоят  ҳаётий ҳақиқат учун бир ибратдир. Ундаги ҳақиқат инсон умрининг ўлим вақтигача аста-аста сўниб боришидир. Шунингдек, Қиёмат бўлганида ҳам инсонга йўқотган ва бой берган нарсаси билдирилганида, у вақтнинг қанчалик тез ва қисқа ўтганини тушуниб етади. Туғилмоқ ва ўлмоқ дея аталмиш икки манзилнинг ўртасида сарсон қолган инсон идроки, дунёга тааллуқли ҳақиқий қонун-қоидалар билан бошқарилмаса, бу нисбий оламдан ҳақиқий Ватанга  маънавий йўл топиб бўлмайди. Кишининг ҳар бир дақиқаси, ҳатто ҳар бир нафаси фазилатли амалларга бағишланиши керак. Таъбир жоиз бўлса, вақт намланган совунга ўхшайди. Уни қўлда тутиб туриш жуда қийин. Сирғалиб, тушиб кетаверади.
Ўтган вақтнинг ортга қайтмаслиги ва ўрнига алмашмаслигини англамайдиган одам йўқ. Ҳар бир кун ўз якунини, ҳар бир соат ҳам ўз ниҳоясини топади. Кунни, соатни ҳатто лаҳзани қайтариш ёки бошқаси билан алмаштиришга ҳеч ким уриниб ҳам кўрмаган. Отилган ўқ изига қайтмаганидек, умр ҳам изига қайтмайди.  Ўтган вақтнинг ўрнини келаётгани босмайди. Бой берилган вақти ўрнини тўлдириб, хотиржам яшаётган инсонни ким кўрган? Ортга қайтиш, вақт чизиғидан илгарилаш ёки ўтмишга саёҳат қилиш фақат фантастик асарлардагина учрайди. Аслида эса бу ақлга сиғадиган нарса эмас. Ҳасан Басрийнинг ажойиб ҳикматлари бор: “Ҳар бир тонг ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: “Мен янги яратилдим. Ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Кетар эканман, Қиёматга қадар қайтмайман”. Кўп кексаларни учратамиз, улар ёшлик даврларининг яна бир бора қайтишини орзу қиладилар. Лекин бу амалга ошмайдиган орзу холос. Бунақанги орзуларнинг озию кўпи ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Шоир айтадики:
Кошки қайтсайди ортга агар бир кунга ёшлик,
Унга айтардим бошга нелар солди кексалик.
Бошқа бир шоир умрнинг қай тарзда ўтишини тасвирлаб, унинг кечаю кундузлари ортга қайтмасдан кетади ва бунга умид йўқ, деб ёзади:
Киши кетар умрининг жиловин тутиб,
Ойу кунлар оралаб фонийлик сари,
Туну кунлаб тонглару тунларини кутиб,
Дунёдан кўчар мудом қабрга сари.
Вақт инсон эга бўлган нарсаларнинг энг нафиси эканини ўтмиш донишмандлари кўп таъкидлашган. Модомики, вақт тез ўтувчи ва ортга қайтмас экан ва уни бирон нима билан алмаштириб бўлмас экан, у инсон эга бўлган нарсаларнинг энг нафиси ва қийматлисидир. Вақтнинг нафислиги ҳар бир амал ва ишлаб чиқариш учун манба, асос бўлишидир. У ҳаётда хоҳ шахс, хоҳ жамият бўлсин, инсон учун асл сармоя ҳисобланади.
Донолардан бири айтганидек: “У ҳаётдир. Инсон ҳаёти эса унинг туғилган онидан токи вафот онигача яшаб ўтадиган вақтидир”. Бу хусусда Ҳасан Басрий ҳазратлари яна дедиларки: “Э Одам боласи, сен ташкил топган кунлардан иборатсан. Сен учун бу куннинг кетиши умрингнинг бир қисми кетиши демакдир”.
Биз туғилган кунларимизни имкон борича дабдаба билан ўтказишга ҳаракат қиладиган бўлиб қолдик. Албатта, маълум бир ёшга етганимиз учун Яратганга шукр қилишимиз керак. Шукр қилиш учун йилда бир марта туғилган кун келишини кутишимиз шарт эмас. Ҳар нафасимиз, ҳар кунимиз учун шукр қилишимиз лозим эканини аввал айтдик. Назаримда туғилган кун фақат шодиёнадан иборат эмас. Бу кун инсон умрининг бир йили ўтганига далилдир. Бошқачароқ айтсак, бу дунёдаги ҳаётимиз бир йилга қисқариб, боқий дунёга ўтишимиз яна бир йилга яқинлашди, демак. Абу Али Даққоқ айтганларидай, “ҳар бир кун менинг бир қисмимни олиб, ўтиб кетади. Қалбда ҳасрат қолдириб, ўзи бедор кетади”... Шодликка, тантанага ажратилган соатларнинг озгина қисмини фикрлашга ажратсак ёмон бўлмас эди. Фикрлаш чоғида Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) ҳазратларининг бу гапларига диққат қилишни тавсия этамиз: “Мен бир куннинг қуёши ботиб, ажалим билан орамиздаги масофа қисқариб, ўша кунлик яхши ишларим кўпаймаганига қилган пушаймонимдек қаттиқ пушаймон қилмадим!.. Агар кун ўтган ва мен ўзимни Аллоҳ таолога яқин қиладиган илмимни зиёда қилмаган бўлсам, шу куннинг чиққан қуёши мен учун баракали бўлмагандир”.
Инсон умри давомида кўп пушаймонлар ейди. Айрим ҳолларда пушаймон туфайли тавба қилиб, тўғри йўлга тушиб олади. Лекин икки ҳолда унинг пушаймони асқотмайди. Биринчиси – жон бериш, охират остонасидан ўтиш  пайтидаги пушаймони. Инсон охират сари юзланган маҳалда унга яна бир оз муҳлат берилишини ёки йўқотган нарсасини тўғрилаб, бузганини тузатиб олиш учун озгинагина вақтнинг ортга қайтарилишини орзу қилади. Лекин, бу иложсиз бир нарса!
Иккинчиси – охират диёрига кўчилганида  ҳар бир жон амалига яраша мукофотланиб ёки жазоланиб, жаннатийлар жаннатга, дўзахийлар дўзахга киритилган бир пайтда дўзахийлар  дунё ҳаётига яна бир бор қайтишни, ҳаётларини янгидан бошлаб, яхши амаллар қилишни хоҳлаб қоладилар. Бироқ улар истаётган нарса ҳақиқатдан нақадар узоқ! Чунки у вақтда муҳлат замони тугалланиб, ҳисоб бериш замони келган бўлади.
Аҳли дониш “Манфурликнинг аломати вақтни зое кетказишдир”, деб таъкидлашган. Ва яна: “Вақт бир қиличдир, гар сен уни кесмасанг, у сени кесади!” дейишган. Демак, бу қиличга ҳоким бўлиш учун моҳирлик талаб этилади. Бу қилични яхши ишлата билиш, аҳамиятли нарсаларни олиб, аҳамиятсизларини четда қолдириш лозим. Бу эса ҳақиқатни англаб етган ақл билан бўлади. Вақтни қадрлашнинг энг синалган йўли – яхши ишларни бажаришга интилиш ва шошилишдир. Қуръони каримда бундай баён этилган: “Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор. Бас, яхши ишларга шошилингиз! Қаерда бўлманг, Аллоҳ таоло сизларнинг барчангизни ҳисоб-китоб учун келтиради” (Бақара сураси). (Бу ўринда изоҳ зарур: яхши ишларни қилишга шошилиш билан шошқалоқлик бир нарса эмас. Биринчиси – фазилат, иккинчиси - иллатдир.)
Биз бу фазилатни эгаллашда вақтнинг қадрига ета олган олимлар ҳаётидан ўрнак олсак арзийди. Бундай олимлар ўзлари турган мавқедан яна ҳам гўзалроқ даражага интилганлар. Шу жиҳатдан уларнинг бугуни кечасидан, эртаси бугунидан афзалроқ бўлар эди. Бу хусусда улардан бири: “Кимнинг бугуни кечаги каби бўлса, у алдангандир ва кимнинг бугуни кечагисидан ёмон бўлса, у лаънатлангандир”, деган эди. Улар вақтларини манфаатли илм таҳсил қилишга, фойдали ишларга ё нафс тарбияси ёки бошқаларга фойда келтиришга ишлатишларидан ташқари, бирор кунни ёки ярим кунни ва ё қисқа муддатни бўлсин, беҳуда сарф этишдан қизғанишар эди. Токи ўзлари сезмай қолиб, умрлари бўш ишларга сарф бўлиб, гарду ғуборга, кўпикка айланиб кетмасин. Ўтаётган ҳар бир кунни ҳам ўзи учун ва ҳам атрофидагилар учун илм, маърифат, иймон ҳамда эзгуликларни юксалтиришда фойдаланмасликни улар Аллоҳ таоло неъматига ношукурлик ва вақтга ҳурматсизлик бўлади, деб ҳисоблашар эди. Хорижга сафар қилганимда шундай бир аллома билан учрашиш бахти менга насиб қилган эди.
Азизлар, эҳтимол “Ўгай она”, “Қайнона” романларини, “Саодат асри қиссалари” китобини ўқигандирсиз. Бу асарлар муаллифи Аҳмад Лутфи билан кўришмоқ умидида Туркиянинг Бурса шаҳрига бордик. Университетнинг илоҳиёт факультети декани ниятимизни билиб алломага қўнғироқ қилдилар-да “Хўжам ҳозир келадилар”, дедилар. Биз “у киши уйда эканлар-у бирор соатларда келиб қолар эканлар”, деб ўйлаб, кутдик. Тахминан икки соат кутдик. Декан яна бир қўнғироқ қилдилар-да, “хўжам ғоят банд эканлар, ҳузурларига чиқа қолайлик”, дедилар. Аҳмад Лутфи биз кутаётган хонадан икки қават юқорида, ўз кутубхоналарида иш билан банд эканлар. Суҳбатимиз охирида ўзбек китобхонлари номидан у кишини шаҳримизга таклиф қилдик. “У ерга бориб нима қиламан, мен қиладиган зарур иш борми?” дедилар. Декан эса кулимсираганича деди: “Хўжам сафарда юриб вақт сарфлашни ёқтирмайдилар. Вақтни ғоятда қадрлайдилар. Ўтган йили хориждаги илмий кенгашга юборган эдик, мажлисдаги сафсатабозлик ёқмай, эртасигаёқ қайтиб келдилар...”
Фалак ва Ер тинмай айланар экан, инсонлар ҳолати ҳам енгиллик ва қийинчилик, бойлик ва камбағаллик, саломатлик ва хасталик, хурсандчилик ва маҳзунлик, машаққат ва роҳат орасида айланаверади. Булар ақли бор кимсаларга бир дарс, қалби борларга панду насиҳат, басират эгаларига ибратдир. Аммо ақл эгалари тафаккурдан, қалб эгалари шуурдан, басират эгалари ибрат назаридан маҳрум бўлсалар, улар учун кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳеч қандай маъно касб этмайди. Вақт – олий муаллимдир. Аммо, не кўргилик-ки, у барча ўқувчиларини ҳалок қилади. Ҳа, вақт чиндан ҳам кескир қиличдир, у ҳеч нарсага қарамай ўтади-кетади. Инсон эса вой-войлаганича қолаверади. Бизнинг “вақт ўтмоқда” деган ўйимизда андак хатолик бор, вақт эмас, ўзимиз ўтиб боряпмиз.
Азизлар, агар бир одам вақтнинг шариф ва азиз бир нарса эканини ҳис эта олса, ишонингки, у одам умрини роҳат ва фароғатда кечиради. Вақт нақд олтиндир, уни зое этганларнинг бозор айланиб, бўш қўл билан қайтганлардан фарқлари йўқдир, бунга диққат қилиш шарт. “Молу пулинг кетса кетсин, бироқ, вақтинг зое кетмасин” дейдилар. Вақтни фойдали ишларга сарф этишни билган киши молу дунёсини ҳам керакли жойларга сарфлашни билади ва саодат йўлида унга тўсиқлар бўлмайди.
Мазкур мавзуга илова равишда ақл исрофи мавжудлигини айтиб ўтмоқчиман. Кишининг бир илмни ёки ҳунарни эгаллаб, сўнг бошқа ишлар билан шуғулланиб юриши ана шу исрофга кирадики, бу ҳақда аввалроқ ҳам тўхталган эдим. Менга бир одамни мақтаб: “Жуда зийрак одам, тўртинчи қаватга нечта зина босиб чиққанигача билади”, дейишди.  Мен эсам ажабландим: зинанинг нечталигини билиши шартми? Шунга исроф бўлган зеҳни ва хотирасини фойдалироқ нарсага сарф қилса бўлмасмикин? Бу нарсани жиноятга доир текширув ўтказувчи  билиши зарурдир. Лекин меҳмонга келган одамнинг “уйингизга бир юз эллик зинани босиб кўтарилдим”, дейишидан маъно борми? Ё “шунга яраша эҳтиром қилинг”, демоқчими? Ундан кўра юқорига кўтарилгунича тасбеҳ айтиб, савобини мезбонга бағишлагани дурустроқ эмасми?
Телевизорда бир она олти яшар боласини мақтаяпти: икки юздан ортиқ қўшиқни ёд билар экан. Худо болага шундай ўткир зеҳн ва хотира берган экан, қўшиқ ёдлашдан нима фойда бор? Аллоҳ таолонинг каломини, ҳадисларни ёдлашга ёки илм эгаллашга сарфласа бўлмайдими? Бу зеҳн исрофи учун бола айбдор эмас, ота ва она гуноҳкордир.
Ҳаётда  ақлни беихтиёр равишда исроф қилиш ҳоллари ҳам учрайди. Биздан олдинги, хусусан бизнинг авлодда шундай бўлган. Мактабда, сўнг олий ўқув юртида мутлақо кераксиз, ҳатто “Дарвинизм” каби зарарли фанларни ўрганиш учун ақлимизни сарф этганмиз. Ўзингиз айтинг, жарроҳ ёки муҳандис учун Лениннинг бемаъни асарларини йиллар давомида ўқиш шартмиди?
Ҳар биримизни исроф васвасаси ҳар он, ҳар дақиқа, ҳар қадамда таъқиб қилади. Демак, исрофдан сафланиш лозимлигини бир нафас ҳам унутмасилигимиз шарт экан. Бу йўлда ҳамиша зийрак бўлиш фазилатини беришни Раббимиздан сўраймиз.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 873 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ