1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳаловат кўчаси. Тоҳир Малик - Оқ байроқ


Оқ  байроқ
    Улар купега кириб, пастдаги ўриндиққа ўтиришди. Тўрт кишилик жойда гурунглашаётган икки қария озғин, новча болани бошлаб кирган милиция сержантига кўп ҳам эътибор бермай, гапларини давом  эттиришди. Сержант - қалдирғоч мўйловли қозоқ йигит -  чолларнинг гапларига қулоқ тутиб, кулимсираб қўйди. Гарчи у суҳбатни тинглаётгандек кўринса ҳам, бутун диққати рўпарасидаги болада эди - уйидан қочиб, санқиб юрган бу бевош яна жуфтакни уриб қолмасин,деб хавотирланарди. Чоллардан бири уларни чойга таклиф қилди. Сержант болага қаради. Бола рад этиб бош чайқагач, ўзи чолларнинг ёнига ўтиб ўтирди. Чой ичаётиб ҳам ораста кийинган, камгап ҳамроҳидан нигоҳини узмади. Бола буни сезиб, ғижинди. Уйқуси келгандек кўзларини юмди. Сержант чойини ичиб бўлгач, юқоридаги жойга ўрин тўшаб берди. Бола раҳмат айтди-да, чиқиб ётди. Сержант яна қариялар гурунгига қўшилди. Бола қозоқчага яхши тушунмаса ҳам, ўзи ҳақида сўз очилганини фаҳмлади. Сержант гапни чўзмади. Чолларни уйқу элтиб, ўринларини тўшаб ётишди.
    Вагоннинг бир маромда тебраниши болани аллалиб, ухлатди. Ғалати туш ҳам кўрди. Қараса, поезд бекатда тўхтамай ўтиб кетаётганмиш. Дадаси қўлидаги оқ байроқни ҳилпиратганича: «Шуҳратжон, ўғлим, шартларингга розимиз, туш, туша қол!» деб бўзлаётганмиш. Ўтирган жойида хуррак отаётган сержант унинг поезддан сакраганини сезмай қолганмиш. Дадаси, аяси, қўшнилари етиб келишиб, уни кўтариб олишганмиш. Шаҳарнинг ҳамма ерига оқ байроқлар илиб ташланганмиш...
    Сержант уни аста туртиб уйғотди. Тонг отиб қолган эди. Шуҳрат сержантнинг қизарган кўзларини кўриб, тун бўйи мижжа қоқмай пойлоқчилик қилганини англади. Поезд секинлагани сайин, вужудидаги умид билан қўрқинч аста аланга ола бошлади. Пастга тушгач, умидвор нигоҳи сарсари кезиб, дадасини, аясини излади: улар йўқ эди. Бола бирдан бўшашиб, кўзларини ерга қадади, гўё сержант: «Ота-онанг йўқми, нимага ҳеч ким кутиб олмади, хабар берган эдик-ку?» деяётгандек, ундан уялди.
    Бекатда Шуҳратни ота-онаси эмас, милиция капитани кутиб турган экан. Сержант болани унга топширдию қоғозларини расмийлаштириб, изига қайтди. Шуҳрат раҳмат дейишни ҳам, уни уйга таклиф этишни ҳам билолмай, изза чекиб қолаверди.
    -Даданг билан гаплашдим, идорага келади,-деди капитан машинага ўтираётиб.-Жуда расмий муомала қилар экан даданг. Каттароқ идорада ишлайди шекилли, а?
    -Йўқ.
    -Гапларидан олимга ҳам ўхшатдим.
    -Инженерлар. Заводда ишлайдилар.
    -Қизиқ...-Капитан шундай деб елка қисиб қўйди.
    «Нимаси қизиқ экан?-деб ўйлади Шуҳрат.-Инженер одамнинг гаплари бетайин бўлиши керакми? Кўпчилик: «Даданг қизиқ одам», дейди. Маҳалладагилар ҳам дадамга унча рўйхуш беришмайди. Одамлар бир-бирларини ёмон кўришса ҳам, қўлларини кўксиларига қўйиб, жилмайиб гаплашаверадилар. Дадам унақа эмаслар. Одатларига аямгина бефарқ қарайдилар. Бувим: «Одамларга осмондан туриб муомала қилма», деб тергардилар. Дадам сира гердаймайдилар, фақат расмий гапиришга ўрганиб қолганлар. Аямнинг айтишларича, илгарилари бундай эмас эканлар. Кейин атай шунга ўрганибдилар. Ҳеч кимга ёқмайдиган одатларни нима учун ҳавас қилдилар экан, ҳайронман... Бошқа одамлардай юраверсалар-ку... Ё мен ҳам улғайганимда шунақа бўлиб қолармикинман?!»
    Манзилга етгунларича капитан бошқа гапирмади. Шуҳрат ҳам ўз хаёллари билан банд бўлиб, унга қарамади. Машина катта кўча юзидаги уч қаватли бино олдида тўхтади. Шуҳрат капитанга эргашиб, иккинчи қаватга кўтарилди. Деразаси ҳовлига қараган хонага киришлари билан диванда оёқларини чалиштириб ўтирган аёл ўрнидан турди.
    -Сизни бир соатдан бери кутяпман,-деди у қошларини чимириб.
    -Муҳим топшириқ билан кетган эдим, ўйнаб юрганим йўқ,- капитан шундай деб Шуҳратга қараб олди. Аёл унинг нима демоқчи эканини фаҳмламай, баланддан келди:
    -Сиздан бошқа одамларда ҳам муҳим топшириқ бўлиши мумкин!
    -Шуҳрат, анави хонада ўтириб тур,- дея  капитан чап томондаги эшикни очди.
    Шуҳрат катта стол қўйилган шинамроқ хонага кириб, бир оз гангиб турди, сўнг ярим очиқ қолган эшик ёнидаги стулга омонатгина ўтирди. Нариги хонада телефон жиринглади. Капитаннинг овози эшитилди:
    -Ҳа, ўртоқ Ризаев, келаверинг.
    «Дадам...-деб ўйлади Шуҳрат.- Келмаган бўлса, бориб бекор овора бўлмай, деб қўнғироқ қилдилар. Капитаннинг жаҳли чиқди шекилли, қўрсроқ гапирди. Боя «дадам катта идоранингг бошлиғи», деганимда бунақа дағалллик қилмасмиди... дадамнинг одатларини ҳамма ҳам тушунавермайди. Ўзим-чи? Мен тушунаман. Унда нимага уйдан қочдим? Э, бунинг сабаби бошқа!..»
    Қўшни хонадаги аёл бирдан овозини баландлатиб, Шуҳратнинг хаёлини бўлди:
    -Кўриб олганингиз - менинг болам! Сартарошхонанинг деразасини синдиришганда ҳам Холиқов айбдор эди!
    -Ахир ўғлингиз айбини бўйнига олди-ку?-деди капитан ҳам овозини кўтариб.
    -Чунки менинг ўғлим яхши тарбия кўрган, ўртоқларини сотмайди. Ҳамма ғалвани Зоировингиз бошлайди. Олдинги сафар сартарош: «Отанг айтган», деб сочини тап-тақир олиб ташлагани учун деразасини синдириб, менинг ўғлим бечорани рўпара қилган эди.
    -Деразани ўғлингиз синдирган.
    -Хўп, ўғлимни бу ишга ким бошлаган?
    -Иккови қалин ўртоқ экан...
    -Йўқ! Энди ўртоқ бўлмайди! Қани, остона ҳатлаб кўрсин-чи!
    Шуҳрат остона ҳатлаб кўчага чиқиш, ўзи ёқтирган бола билан дўст бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этилган болага ачинди. Бу хотин айтганини албатта қилади - ўғлини жиловлаб олади. Ҳа... катталар чизган чизиқдан чиқишнинг оқибати мана  шу! Бу болани-ку, масаласи ҳал, Шуҳратники-чи? Уни қандай жазо кутаётган экан? 
-Ҳадеб ўғлингизнинг ёнини олавермай, нималарни орзу қилишига ҳам қизиқиб қўйинг. Манг, ўқинг,-деди капитан.
-Нима бу?-деди аёл ажабланиб.
-Ўғлингизнинг тушунтириш хати. Ҳали ёзиб берди. Ўқинг, ўқийверинг.
Аёл қоғозни жаҳл билан юлқиб олиб, овоз чиқариб ўқий бошлади. Шуҳрат нафасини ютиб, қулоқ тутди. “Менким, Фазлиддин ибн Фатхиддин мелодий сананинг минг уч юзу ўттизинчи йил саккизинчи апрелида  шаҳри Тошканнинг Шайҳонтоҳур туманида номи тилларда достон тужжор Фатхиддин ибн Жалолиддин оиласида таваллуд топғонмен. Бу онда Шаҳрисабз яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғинда Муҳаммад Тарағай оиласинда ҳам бир гўдак туғилиб, ани тарих Амир Темур деб танигандир. Юлдузлар қирон қилган маҳали бир санада туғилганим боис, мен ҳам соҳибқирондирман. Яъни каминаи камтаринни Соҳибқирони Фазлиддин демоқ жоиздир. Соҳибқирон амир Темурдан фарқимиз шулким, сартарошхона деразасин синдиргонимдан ўзга қаҳрамонликлар каминага насиб этмагондир.  Лицейдаги ўқишим хусусинда эрса, тарихчилар ҳали шараф саҳифаларини битмамишлар.  Тарих фанидан уч баҳога ўқиётганим бундан истиснодир...” Аёл жимиб қолди. Кейин қоғозни ғижимлаб, овозини баландлатди:- Бу қанақа бемаънилик!
-Унчалик бемаънилик эмас,-деди капитан хотиржам равишда.- Болангизнинг тасаввури кенг экан, эҳтимол ёзувчи бўлар. Ҳарҳолда хатда битта тўғри жой бор. Ўғлингиз туғилган кунини саккизинчи апрель, деб тўғри ёзган шекилли?
-Ҳа, тўғри! Лекин у икки дунёда ҳам ёзувчи бўлмайди. Мен унга ёзувчи бўлиш қанақалигини кўрсатиб қўяман!
Аёл яна нималардир деб минғирлай-минғирлай чиқиб кетди. Шуҳрат капитаннинг чақиришини кутиб ўтирганда эшак очилиб кимдир кириб келди.  Капитаннинг «Келинг, ўртоқ Ризаев, марҳамат ўтиринг», деган товушини эшитиб, Шуҳрат беихтиёр ўрнидан туриб кетди. Оёғидаги қалтироқ кучайди. Очиқ турган деразадан ўзини ташлаб, қочиб қолгиси келди. Лекин истак йўлида бир қадам ташлашга ҳам улгурмади. Капитан Шуҳрат ўтирган хонанинг эшигини очиб:
    -Қани қочоқ, буёққа чиқ-чи...-деди, кейин диванда қаддини букмай ўтирган Ризаевга юзланди:-«Саёҳатчи» ўғлингиз ўз ихтиёрлари билан ярим йўлдаёқ изларига қайтдилар. Сафарларини энди катта бўлганларида давом эттирадилар-да, а?
     Ризаев билан телефонда гаплашганида капитан уни асабий, қўрс одам деб ўйлаган, ўғлини кўра солиб дўқ-пўписа бошламасин, деб гапни ҳазилга бурган эди. Аммо Ризаев ҳазилга мутлақо эътибор бермади. Тусини ўзгартирмаган ҳолда ўрнидан турди.
    -Миннатдорман сизлардан,-деб бошини киборларча эгиб.- Безовта қилганим... қилганимиз учун афв этасиз.
    Ризаевнинг бу қилиғидан ғаши келганини капитан яширишга ҳаракат ҳам қилмади. Столига яқинлашди-да, бир варақ қоғозни у томонга суриб:
    -Манави ерига қўл қўйинг,-деди. Ризаев имзо чекиб бўлгач:- Энди буёғига эҳтиёт бўлинг,- деб қўшиб қўйди.
    Ризаев яна бош эгиб таъзим қилгач, эшик томон юрди. Ўғлига «кетдикми, болам», дейишни лозим топмади. Шуҳрат капитанга қаради-ю, дарров кўзларини олиб қочди. У отасининг киборона «маданий» ҳатти-ҳаракатидан уялиб кетган эди.
    Ризаев кўчага чиқиб ҳам орқасига қарамади. Ўғлининг изидан келаётганига аниқ ишониб, қадамини тезлатди. Сал ўтмай юраги тошдими, беихтиёр орқасига ўгирилди: икки қадам орқада бошини эгиб одимлаётган ўғлини кўриб, кўнгли жойига тушди.
    Шуҳрат отасининг муддаосини тушунди: «Атай қиляптилар. Ҳамма гап уйда бошланади». Шуҳрат йўлиқиши мумкин бўлган жазо турларини ўзича чамалади: «Аям бир-икки шапати уриб, чимчиласалар керак. Кейин йиғини бошлайдилар - бу турган гап. Дадам урмайдилар. Одатларидек креслода оёқларини чалиштириб ўтириб оладилар. Мен икки қадам нарида тик тураман. Ярим соатча тергайдилар, кейин панд-насиҳат деган юракни сиқувчи жараён бошланади. Сабр билан эшитавераман... Э, бундан кўра хипчин олиб савалаганлари минг марта яхши!»
    Шуҳрат кўчаларига бурилиши билан уйларининг пештоқига назар ташлади. Йўқ, унинг шартини бажаришмабди, оқ байроқ илишмабди... «Дадамдан ўтиб тушадиган ўжар одам бўлмаса керак. Ўзлари-ку, бувимнинг гапларига кирмасдилар. Бувим: «Одамлар билан тўғри муомала қил», деб миллион марта айтсалар ҳам, ўз билганларидан қолмадилар. Мен бўлсам, ҳар битта гапларига сўзсиз амал қилишим керак...»
    У беш кун илгари - ўн учга тўлган куни оқшомда уйдан қочиб кетган эди. Қандай туриш, қандай юриш, овқатни қандай ейишгача тергашлари, ўртоқлари олдида ҳам танбеҳ бераверишлари айниқса ўша куни суяк-суягидан ўтиб кетди. Меҳмонларни кузатдию ўзи ҳам жўнаворди. Хавотир олишмасин, деб бир варақ қоғозга кетиш сабабларини ёзди, талабларини ҳам баён этди. Хатнинг охирида: «Шартларимни бажаришга рози бўлсангиз, уй пештоқига оқ байроқ осиб қўйинг, шунда қайтаман», деб илова қилди. Икки кунгача ўртоқлариникида ётиб, кечалари кўчасидан ўтиб турди. Оқ байроқ кўринавермагач, дуч келган поездга чиқди. Қайси бир бекатда сафари, яна аниқроқ айтилса - исёни ниҳоясига етди...
    Шуҳрат поездда кўрган тушини эслаб, энтикди. Оқ байроқ илинмабди. Демак, бундан буёнги ҳар бир қадами аввалгидай ўлчанаверилади. Ўзича бирон иш қилолмайди. Вақтида мактабга боради, вақтида қайтиб, вақтида овқатланади. Маълум пайтда китоб ўқиши, маълум пайтда дарс тайёрлаши керак. Отаси белгалаб қўйган вақтдагина кўчага чиқиб ўйнаши мумкин... Сартарошдан ўч олиш учун дераза синдиришга ҳеч қачон журъат қилолмайди. Яна у ўғилбола эмиш... Шуҳрат капитанга қаттиқ- қаттиқ гапирган аёлнинг ўғлини эслаб, унга ҳаваси келди. «Йўқ, у бола онасидан қўрқиб, уйида қамалиб ўтирмайди. Ўртоқлари билан эркин юраверади. Мен-чи?..»
    Шуҳрат бўшашиб, юргиси келмай қолди, қадамини секинлатди. Олдинроқда бораётган ота ўғлидаги бу ўзгаришни пайқади. Сиртдан қараганда гўё Шуҳратга гўё эътибор бермай келаётган бўлса ҳам,аслида бутун ўй-хаёли унда эди. Усти бут, қорни тўқ боланинг нима сабабдан уйдан қочганига тушунолмай гаранг эди. Талтайтириб юборганмиз, деса, ҳеч эркалатмасди. Қаттиққўлликни ошириб юбордикмикан, деса, бировларга ўхшаб сўкмасди, камар билан саваламасди. Тарбияни педагогиканинг барча қонун-қоидалари асосида олиб борарди. Педагокикага доир китобларни топиб ўқирди, телевизордаги шу соҳага оид кўрсатувларни канда қилмай кўрарди. Ишхонасида ҳам кўпроқ шу мавзуда бахслашарди. Чунки у бутун умрини ўғлининг тарбиясига бағишлаб, фарзандининг юксак заковат эгаси бўлиб, шуҳрат топиши учун бор имкониятларни яратарди. Кейинги йилларда эса бу орзусининг ушалишига ишонч билан қараётган эди. Туппа-тузук юрган бола кутилмаганда  қ а н д а й д и р эркинликни талаб қилибди. Ризаев эркинликни мутлақо рад этмоқчи эмас. У ўғлининг сиқилиб кетаётганини сезиб баъзан ўзи ҳам эзиларди. Аммо, эркинлик деган нарса боланинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади, деб ўйлагани учун тизгинни ҳеч бўшаштирмасди. «Уни бўш қўйсам, эртага бошқа нарсаларни ҳам талаб қила бошлайди. «Ўқимайман», дейди, оддий ишчи бўлишни орзу қилади. Кейин ақли тўлишганида эса: «Дада, фалончи ўртоғим диссертация ёқлабди. Ахир мен ундан зеҳнлироқ эдим-ку? Сиз мени ўқишга нима учун мажбур қилмагансиз?» демайдими? Бир кунмас - бир кун албатта айтади, ўпкаланади. Йўқ, у ҳали ҳаёт нима эканини билмайди. Демак, «эркинлик» ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас!»
    Эр-хотин шу тўхтамга келиб, пештоққа оқ байроқ илишмаган эди. Қолаверса, уни кўрган маҳалла-кўй нима дейди?
    Уларнинг уйи боши берк кўчанинг бурчагида эди. Иморатлари кунга қараб солингани учун дарвоза катта кўча томондан очилган, унинг олдидан ўтувчи ариқ уй тирсагида берккўча томон буриларди. Сув ёқасига экилган қатор олчаларнинг барглари иссиқдан сарғайиб қолган, вақтида терилмаган мевалари қоқига айланиб тўкила бошлаган эди.
    Аяси ҳовлида ивирсиб юрган экан. Ҳали қирққа етмаган, хушрўй бу жувон ўғлини кўрди-ю, қўлидаги супургисини ташлаб, қучоқ очиб югурди. Лекин эрига кўзи тушиши билан қадамини секинлатди, лабини аста тишлади. «Ҳа, келдингми?» деб ўғлининг пешонасидан ўпиб қўйди-да, тескари қаради. Шуҳрат онасидаги бу ўзгариш боисини дарҳол сезди: «Демак, ҳаммаси аввалдан келишиб олинган».
    -Манзура, овқатинг тайёрми?- деб сўради дадаси, соатига қараб олиб.
    -Ҳа,ҳа. ўтиринглар, ҳозир сузаман.
    Шуҳрат  ҳайратланди: тушими ё ўнгими? Худди ҳеч нарса юз бермагандай муомала қилишяпти. Гўё у беш кун бедарак кетмаган, гўё уларнинг ўзлари ташвишланишмаган, гўё излашмаган... Шуҳрат уйни бутунлай тарк этмоқчи эмасди. Ота-онасини бир оз қўрқитмоқчи, баҳонада қадрини ошириб, жиндак бўлса ҳам эркинликка эришмоқчи эди, холос. Йўқ, нияти амалга ошмабди.
    Шуҳратнинг иштаҳаси бўғилган эди. Лекин  отасининг ёнига ўтиришдан ўзга чораси ҳам йўқ эди.
    Бир-бирларига сўз қотмай овқатланишди. Дастурхон йиғилгач, дадаси яна соатига қаради:
    -Мен ишга ўтиб келаман. Сен соат тўртгача ухлашинг мумкин. Кейин қимирламай ўтириб, ажратиб қўйган китобларни ўқийсан.
    -Вой дадаси, қўйинг, бугунча дам олсин, ҳозир таътилда-ку?
    -Шунча дам олгани етар. Таътилга арзирли иш қилгани йўқ...
    Отаси чиқиб кетди. Унинг буйруғига монелик қила олмайдиган аяси ўғлига қарай-қарай этакдаги айвон томон юрди.
    Шуҳрат хонасига кирди. Ёзув столида Рожерснинг «Физика ихлосмандлари учун» деган китоби ётарди. Отаси қўйган. Столнинг чап томонида, тўртбурчак соат ёнида бир варақ қоғоз. Шуҳратнинг «исённомаси» битилган бу қоғозни ҳатто қўлга олишмаганга ҳам ўхшайди...Йўқ, олиб ўқишган. Шуҳрат қоғозни соатнинг тагига бостириб қўйган эди. Ўқишгану шунчаки бир гапдай эътибор қилишмаган.
    Отасини кўргунига қадар у ўзини маълум даражада ғолиб ҳис қилаётган эди. «Бир оз койиб-уришиб, кейин кечиришади», деб ўйларди. Отасининг хотиржам, йўқ, совуқ авзойини кўрибоқ, айбни беихтиёр бўйнига олди. Умиди онасидан эди. У ҳам...
«Роса ташвишланганлари кўриниб турибди. Лекин сир бой бергилари келмаяпти. Нима кераги бор экан бунақа беркинмачоқнинг?..»
    Шуҳрат диванга чўкди. Хонага кўз югуртирди. Китоб жавонларига гард қўнмаган. Демак, онаси ҳар куни артиб-тозалаб турган. Балки шу ерда ўтириб йиғлагандир. Хатни қайта-қайта ўқиб куйиб-ёнгандир. Кейин остонада турганича педагогикадан ваъз бошлаган дадаси билан жанжаллашиб ҳам олгандир. Беш кун ташвишу таҳликада қолишгани аниқ. Кеча топилгани ҳақида хабар олишгач, унга қандай тарзда муомала қилишни ўзаро роса пишитишган. Шуҳрат боя овқат маҳали «Индашмаса яна яхши», деб ўйлаган эди. Ҳозир эса: «Мен кутган жазо шу эмасмикан?» деган фикрдан юраги сиқилиб кетди. Ахир, бу ҳар қандай калтакдан ёки бир соат эзилиб насиҳат эшитишдан ҳам оғир-ку!
    У китобни қўлига олиб варақлади. «Ўн бетини бугун ўқиб, ўзлаштиришим керак. Эртага яна ўн бет... Худди заводдаги ишларидай режалаштириб қўядилар. Шу режа асосида яшаб мен охири буюк физик бўлишим керак. «Ўғлим юксак интеллектуаллиги билан ҳаммани лол қолдириши лозим», дейдилар. Лол қолдиргим келмаса-чи? Бошқалар қатори оддий одам бўлсам-чи? Нима учун ўзлари эплолмаган ишга мени мажбур қилишади? Ўқитувчимиз: «Аълочи ўқувчиларнинг ҳаммаси ҳам яхши олим бўлавермайди», деб тўғри  айтади. Лекин, дадам... Сартарошхона деразасини синдирган бола ҳам уйга қамалиб ўтириб китоб ўқирмикин? Ўқимаса керак... Бир кунмас- бир кун мен эмас, ўша бола буюк олим бўлиб кетса, дадам нима деркинлар?..»
    Шуҳрат китобни стол устига ташлади-да, бувисидан ёдгор қолган лўлаболишга бош қўйиб, чалқанча тушиб ётди. Шифтдаги нозик нақшларга тикилди. Толиқди. Кўзларини юмди. Поездлардаги одамлар кўринди: пивохўрлик қилиб тинмай алжиётган икки йигит: бўғчасини тиззасига қўйиб ҳаммага, ҳатто Шуҳратга ҳам ҳадик билан қараётган жувон: қўшни бўлмада қарта ўйнаётган йигит-қизлар... кейин  бекат... Нимага ҳам поезддан тушди? Пивохўрлардан бездими? Бошқа вагонга ўтса ҳам бўларди-ку? Тан олиши керак: уйига қайтгиси келган эди...
    Шу зайлда кўзлари илинибди. Ҳовлидаги ғўнғир-ғўнғирлардан уйғониб кетди. Қараса - соат беш ярим. Дадаси белгилаган тартиб бузилибди. Аяси кирган бўлса ҳам уни уйғотмай чиқиб кетаверган. Уйқусини бузгиси келмаган. Яхши ҳамки аяси бор...
    У ўрнидан туриб. Дераза олдига борди: берккўчанинг адоғида турадиган Маъсума буви. Бошида оқ рўмол, кун иссиқ бўлишига қарамай, эгнига этаги ҳам, енги ҳам узун одми куйлак кийиб олган. Урушса ҳам сизлаб, мулойим гапирадиган бу кампирни Шуҳрат жуда яхши кўради. Аяси Маъсума бувини сўрига чиқиб ўтиришга таклиф қиляпти, кампир бош чайқаб кўнмаяпти. Икковлари Шуҳратнинг хонаси томон  қараб-қараб қўйишади. Афтидан, Маъсума буви Шуҳратнинг «топилгани»ни эшитиб, кўргани кирган. Думалоқ стол устидаги  пушти рўмолга тугилган олмани ҳам Маъсума буви олиб чиққан. Одати шунақа: доим бировларга «насиба» деб илиниб юради. «Аям қарисалар, Маъсума бувига ўхшаган мулойим кампир бўладилар». Хаёлига келган бу фикр Шуҳратнинг ўзига ҳам маъқул тушиб, жилмайди.
    Шуҳрат деразанинг бир қанотини қиялатиб очди. Энди уларнинг гапларини яхшироқ эшитила бошлади:
    -Умри узоқ бўлсин, ишқилиб, бағрингиз тўлиб қолди, қизим. Бола деган мана шунақа куйдириб-куйдириб улғаяди,- деди буви енги билан елпиниб.
    -Беш кун нақ чўғ устида юргандай бўлдим-а,- аяси шундай деб дераза томон хавотирли назар ташлади.
    -Эсон-омон экан, шукр қилинг. Энди болани қийин-қистовга олаверманглар, кўнгли чўкмасин. Ҳали  ҳавас қилгулик  бир ажойиб йигит бўлиб етишсин-ки... ҳадемай бу хонадонингизга келин келиб, ҳамма ёқ чароғон бўлиб кетади. Тойчоғингиз ухлаётган бўлса, кейинроқ чиқиб кўрарман.
    Маъсума буви чиқиб кетмоқчи эди, аяси унамади, қўярда-қўймай сўрига бошлади. Шуҳрат чиқиб буви билан кўришмоқчи бўлди-ю, уялиб, журъат қилолмади. Қайтиб диванга ўтирди.
    Кўп ўтмай отаси келди. Салдан кейин ўртанча тоғасининг овози эшитилди:
    -Суюниб қолдингизми, опа!
    Шуҳрат яна туриб дераза ёнига яқинлашди. Тоғаси бошидаги шляпасини ечиб, марғилоннусҳа дўпписини кийиб олди. Сўрига чиқмай, думалоқ стол атрофидаги стуллардан бирига ўтирди. Шуҳрат унинг: «Шайтончангиз қани?»- деб сўраганини эшитди. Аяси: «Ичкарида ётибди».- деди шекилли, ўрнидан туриб уй томон юрди, лекин отаси нимадир деб тўнғиллагач, изига қайтди. Шуҳрат учун бу айни муддао эди. Агар кирганида борми, «ўқитавериб» жигарини қон қилиб юборарди. Ўзи гавдали бўлса ҳам, овози ингичкароқ бу тоғасини, серқатновроқ бўлгани учунми, Шуҳрат унча ёқтирмасди. Тоғасининг савлатини кўрган одам ундан ҳайиқар, бир-икки оғиз гапини эшитгач эса, ҳафсаласи пир бўларди.
-Бугун омадли кун экан,- тоғаси шундай деб дастурхон устидаги чойнакдан чой қуйиб ичди.-Анов куни ошналарга “Матис”га ёзилиб қўйдим, десам, олганга яраша “Нексия”, ол, дейишувди. Бугун автосалонга борувдим, бахтимга синфдош ошнангиз ўша ерда экан. Сизнинг номингиздан салом айтиб, илтимос қилувдим, бир пасда тўғрилаб берди.
-Мен салом демагандим шекилли?-деди дадаси норозилигини яширмай.
-Энди йўли шунақа бўлади-да, почча.  Бир ойдан кейин оқ “Нексия”ни ғириллатиб юрадиган бўлдим. Суюнчисига опам икковингизни Самарқандга олиб бориб, айлантириб келарман.
-Суюнчисига аммангизнинг тўйига қарашиб юборинг, мебел олишга қўллари калталик қилаётган эмиш, эшитмадингизми?  Самарқандга боргимиз келса, поездда ҳам кетаверамиз. 
-Тўй ўз йўлига. Зиёратнинг савоби бор. Почча, Шуҳрат бекор юрмасин, автосалондаги ўша ошнангизнинг қанотига тиқиб қўйинг, иш ўргансин.
-У ўрганадиган бошқа зарурроқ нарсалар бор.
    Аяси столга дастурхон ёзиб, мева-чева қўйди. Шуҳрат деразани астагина ёпди. Отаси тоғасига яна ниманидир уқдира бошлади. Кейин отаси қолиб, тоғаси гапга тушди. Асабийлашгандек тез-тез қўлини пахса қилади, Шуҳратнинг хонаси томон қараб-қараб қўяди. Демак, уларнинг баҳси яна «ўша мавзуда» - бола тарбияси ҳақида «Дадам менинг шуҳрат топишимни истайдилар. Тоғам, олим бўлган тақдиримда, нималарга эришишим мумкинлигини ҳисоблаб берганлар. Аслида икковларининг мақсадлари бир. Унда нимани талашишяпти? Ҳа-а, олимликка олиб борадиган йўлни белгилай олишмаяпти. Мен улар танлаган йўлдан эмас, сартарошхона деразасини синдирган, ўртоғи учун ўч олган боланинг йўлидан борсам-чи? Ў... уйда нақ қиёмат бошланарди...»
    Баҳс қизиган маҳал ҳовлида Акбар домла кўринди. Чап ёноғидан иягига қадар чандиқ тушган бу дароз киши Шуҳратларнинг девор-дармиён қўшниси. Муаллим бўлгани учун ҳамма уни «домла» деб атайди. У ҳам Шуҳратни йўқлаб кирганга ўхшайди. Ана, отаси билан саломлашиб, нимадир деди. Отаси қаддини букмай, бош ирғаб қўйди. Акбар домла стулга ўтириб, узатилган чойни олди. Шуҳрат деразани яна қиялатиб очиб, қулоқ тутди.
    -Шуҳратжоннинг қайтганини эшитиб жуда суюндим. Кўпам куюнаверманглар. Буни “ўтиш ёши” дейишади. Овози раста бўлганда боланинг шунақа қайсарлиги тутиб туради.
-Домлажон, кирганингиз яхши бўлди. Бугун ўзим сизга учрамоқчи эдим. Маориф вазирлигидан жавоб хати олдим. Улар таклифимни тажрибали мутахассислар билан ўрганиб чиқиб, мактаб ҳаётига тўғри келмайди, деб хулоса чиқаришибди.
-Шундай бўлишини айтсам, ишонмовдингиз.
-Ўша мутахассислар кимлигини билиб турибман. Ҳафа бўлманг-у, тўртта мактаб ўқитувчисига маслаҳат солишган. Бу ўқитувчиларингиз алмисоқдан қолган программага маҳкам ёпишиб олишган. Бешинчи синфда нисбият назариясини  ўтиш шартмас деганда, болаларнинг зеҳнини ҳисобга олишмаган. Бу назарияни ўзлари билишмайди, шунинг учун ҳам дарс режасига киритишга қаршилик билдиришади. Бешинчи синфда нисбият назариясини ўтиш мумкинмас, олтинчи синфда эҳтимоллик назарияси оғирлик қилади, шунақами?
-Ҳалилжон, “оддийдан – мураккабга” деган гапни биласиз-ку? Дўппидек чуқурча кавлаб бир челак сувни бирдан ағдарсангиз, тўлиб, тошиб кетади. Агар оз-оздан қуйсангиз ҳаммаси сингади. Билим ҳам шунақа. Олий математикани ўрганишнинг ўз вақти бўлади.
-Домлажон, сиз эллик йил аввалги дунёқараш билан фикрлаяпсиз. Ҳозир йигирма биринчи аср, компьютер асри! Боғча боласи компьютерда ишлашни билади. Буни ҳисобга оламизми ё йўқми?
-Почча, жиғибийрон бўлаверманг. Домла тўғри айтяптилар. Ҳамма олим бўлиб кетаверса, подани ким боқади? Математика дарсида бола санашни ўрганса бўлди-да. Қолганини институтга кирса, эплаб кетаверади.
    «Қизиқ,-деб ўйлади Шуҳрат улардан кўз узмай.-Дадам - инженер, тоғам экспедитор. Иккови ўқитувчининг рўпарасига ўтириб олиб тарбия ҳақида ваъз ўқияпти. Акбар домла ҳам индамай эшитяпти. Энсаси қотмаяптимикин? Балки тоғам  «Матиз»дан «Нексия”нинг афзаллигини исбот қилишни бошлаб қолар?..»
    Аяси Маъсума бувига чой қуйиб узатди-да, кейин уй томон юрди. «Мени чақиргани!..» Шуҳрат шоша-пиша диванга ётиб олди.
Эшик очилди-ю, аммо аяси ичкари кирмади.
-Шуҳрат, чиқиб меҳмонлар билан кўриш. Уйғоқлигингни билиб турибман, турақол.
Шуҳрат ноилож ўрнидан қўзғалди.
Тоғаси унинг қўлини маҳкам қисиб, пўписа қилгандай силтаб қўйди. Мардон индамай қўл чўзди. Акбар домла елкасига қоқиб, кулимсиради. Маъсума буви сўридан тушиб, уни бағрига босди, пешонасидан ўпди.
-Почча, бунингизнинг бурнига сув кирганга ўхшайди, сезилиб турибди. Бу сафар кечира қолайлик. Бундан кейин сал бежо қадам босадиган бўлса, менга қўйиб берасиз. Педагогикангизга тўғри келмаса ҳам бир савалайки...
Бу гапдан кейин отаси Акбар домлага, Акбар домла эса йўғон бўйнидаги терни рўмолчаси билан артаётган «тарбиячи»га қаради:
-Саваласа, бола яхши одам бўлиб етишади, деб ўйлайсиз шекилли?   
-Албатта. Болани фақат ва фақат шу йўл билан тарбиялаш мумкин. Нима бўпти, урган билан бола ўлиб қолмайди. Мана, биз ҳам юрибмиз-ку.
-Агар калтак билан иш битадиган бўлса, эшак ҳам одамга айланиб кетармиди...
Тоғаси Акбар домлага жавоб қайтармади. «Кун исиб кетдими, а?»- деб ўрнидан турди-да, айвон томон юрди. Унинг бу қилиғидан ранжиган Акбар домла уйида зарур юмуши борлигини баҳона қилиб, туришга изн сўради. Мардон унга эргашди.
           -Сиз билан баҳсимиз ҳали якун топмади. Мен ҳақлигимни  барибир исбот қилиб бераман,-деди мезбон уларни кузатиш учун қўзғолиб.
           -Маорифга доир масалалар бир кунда юзага чиқмайди, бир кунда ҳал ҳам бўлмайди. Давр талабига қараб муаммолар ўзгариб тураверади. Демак, иккаламизнинг баҳсимиз сўнгсиз давом этаркан. Масаланинг жавобини эса сизу биз қайғураётган авлоднинг ўзи топади.
              Акбар домла шундай деб эшикка йўналганида уч уй нарида турувчи  Хадича икки ўсмир қизни бошлаб кирди. Хадича ҳовлидагиларга қараб “бемаврид кирдиммикин?” деб хижолат бўлди. Қизлар эса бу хонадонга нима учун кирганларини англамай, салом бериш билан чекланиб,  қўлларидаги юкни қўйишни ҳам қўймасликни ҳам билолмай, довдираб  туравердилар.
     -Хурсандчилик бўлган экан, босиб ўтиб кетолмадим,-деди Хадича жилмайиб.- Манзурахон, эшитиб жудаям қувондим. Шуҳратжон жудаям ақлли бола, ишқилиб кўз тегмасин.
-Боламни Худонинг Ўзи асрасин. Ўзингиз яхши бориб келдингизми?
-Ҳа. Озгина қоғозбозлиги вақтни олди. Лекин иш мен ўйлагандек бўлди. Мана, Нозимахон билан Мавлудахон, энди менинг қизларим. Тиббиёт коллежига ўқишга киришмоқчи. Мактабни аълога тамомлашибди. Худо хоҳласа, кейин тиббиёт академиясига ҳам киришади, Хадича шундай деб энди Акбар домлага қаради.- Устоз, сиздан ҳам дарс олиб туришади-да, а?
-Бемалол, хоҳлаган пайтда чиқаверишсин. Қизим билан опа-сингил бўлиб юраверишади.
Акбар домла шундай деб кўчага йўналди. Шуҳрат Хадича билан кўришгач, яна уйга кириб кетди. Манзура меҳмонларни Маъсума буви ўтирган сўрига бошлади.

Ҳозир сайтимизда 848 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ