1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳаловат кўчаси. Тоҳир Малик - Мусаффо денгиз


Мусаффо денгиз

Қўшнисиникига бирров кириб, «қочоқ»ни кўриб чиқаётган Раҳим бир неча дақиқа олдин касал бўлиб ётган Олимбекнинг ховлиқиб кетишини кўриб, “илоннинг думини кимдир босиб олибди-да”, деб ўйлади. Бу қўшнисининг ҳар бир қадамини пойламаса ҳам, бечоранинг ҳамиша хадикда яшаётганини сезади. Сезгани учун ҳам уни “бечора” деб ачинади. Ҳозир унинг изидан қараб, “бойлик тўплагунча ҳеч бўлмаса бир кунлик ҳаловат топсанг-чи, нодон, бир тишлам нонингни ҳотиржам ютолмай ўлиб кетасан-ку”, деб қўйди.
Остона ҳатлаб ичкарига қадам босди-ю, юраги тарс ёрилай деди. Ҳовли ҳувиллаб, уй эса етимдек мунғайиб қолган каби туюлди. Ичкарига кирди, ташқарига чиқди. Чекди. Чап кўкраги қизиб, ҳаво етишмаётгандек бўлаверди. Ҳовлига сув сепди, сўрига кўрпача тўшаб ёнбошлади. Ошхонадан чиққан мушук букчайганича роҳатланиб керишди-да, кейин эринибгина судралиб сўрининг тагига кириб кетди. «У ҳам аямни тополмай гангиб қолганга ўхшайди», деб ўйлади Раҳим. Бўғотга елка қўйиб турган баланд олма шохидаги мусичалар бирдан патирлашиб уриша кетди. Чала пишган иккита олма қувалашиб ерга тушди. Аяси уйда бўлганида, невараларига илиниб, эҳтиётлаб олиб қўярди...
Раҳим бир-бирига суяниб қолган отаси ва онасининг меҳрибонликларини ўйлади.  Эсини танибдики, уларнинг оғзидан қўпол сўз у ёқда турсин, «сен» деган муомалани эшитмаган. Қизиқ, оилада етишмовчиликлар ҳам бўлган, оғирлик ҳам, аммо улар бирор марта нолишмаган. Бу оғирлик учун ҳеч маҳал бир-бировларини айблашмаган.
«Биз бўлсак, уйда қанд тугаб қолса ҳам жиқиллашамиз. Нимага бунақа экан?..»
Хаёл Раҳимни ўтган кунларга аста қайтараркан, қалбида хуш бир соғинч уйғонар эди. У ниманидир эслагандек қаддини ростлади. Хиёл тараддудланди-да, ўрнидан туриб даҳлизга кирди. Телефон гўшагини кўтарганидан кейин ҳам иккиланди, сўнг қатъий қарорга келиб рақамларни дадил терди. Бахтига акаси ҳам, опаси ҳам уйда экан. Ҳол-аҳвол сўрашган бўлди-да, «тез етиб келинглар», деб гапни қисқа қилди.
Зарифа ярим соатга қолмай, куйиб-пишиб кириб келди. Унинг уйи яқинроқ. Узоқ бўлганида ҳам барибир акасидан олдинроқ келарди. Одати шунақа, юраги тошиб, ҳовлиқиб юради. Шунинг учун ҳам унга жир битмайди. Болалари йўлини топган, ўзидан тинган. Бировдан кам ери йўқ. Бир ёғини қишга, бир ёғини ёзга қўйиб яшаса ҳам бўлади, лекин феълидаги куйди-пишдилик бунга йўл бермайди. Эри билан ҳар йили оромгоҳларга боради. Аммо муддатини яримлатмай изига қайтаверади. Эри аввалига хуноби ошиб, бирга қайтиб юрди, кейин «бор-е», деб қўл силтайдиган бўлди. Оромгоҳда фарзандларини соғиниб куйган она энди мусофирликда қолган эрини ўйлаб эзилади. На иссиққа, на совуққа кўнади. Йўқ, у инжиқ эмас, ҳамма нарсани кўнглига олиб ловуллайверади холос. Шунинг учун ҳам унга ёшлигида, гарчи қорамағиздан келган бўлса-да, «сариқ» деб лақаб қўйишган эди.
Раҳим опасини хотиржамлик билан қарши олди.
-Вой, тинчликми? Сен керосин ўлмагурга қачон ақл битаркин? Нима гаплигини телефонда айта қолсанг ўлармидинг?- деди опаси ҳарсиллаб.- Аям қанилар?
-Дадам-чи?- деди Раҳим уни мазах қилиб.
-Қаёққа кетишди? Болларинг қани?
-Ҳозир чой қўяман.
-Сендан гап сўраяпман. Чойингни пишириб ейманми?
-Чойни емайдилар, ичадилар.
-Вой, Худо сенга тариқдайгина ақл берса нима қиларди, а?
-Сенга қолмас эди.
-Майнавозчилик қилма, нимага чақирдинг?
-Соғиндим.
-Меними?
-Йўқ, сариқ машакни.
-Нима? Нима дединг!
-Бўлди, э, бунча сачрайсан, сариқ машак!
-А?!- Зарифа укасига  ҳайрат билан тикилиб қолди. «Сариқ машак» деган лақабини эшитмаганига йигирма беш йилча вақт ўтган, эрга текканидан бери укаси сансирашни ҳам бас қилган эди. Бугун бирдан...
-Вой, сен жинни бўпсан!..
-Энди билдингми?
-Йўқ, чақалоқлигингдаёқ сезувдим. Ўтиб кетар, деб ўйлаган эканман.
Раҳим кулиб юборди. Зарифа шошилиб даҳлизга кирди-да, телефон гўшагини кўтарди.
-Ҳозир ўзи келади,- деди Раҳим турган ерида пинагини бузмай.
-Ким?
-Кимни чақирмоқчисан?
-Акамни. Сенга бир бало бўлган.
-Айтяпман-ку, ўзи келади. «Ҳўкиз»ни ҳам чақирганман.
Зарифа «Бунга жин теккан», деб ғўлдирадию рақам терди. Янгаси билан «элакка чиққан» хотиндай «эллик оғизгина» гаплашиб, укасига ўғринча бир қараб олди-да, гўшакни жойига қўйди.
-Тўғри айтган эканманми?- деди Раҳим жилмайиб.
-Сен нотўғри гапирармидинг? Оловга керосин сепиб, тиржайиб тураверасан...-Зарифанинг гап  оғзида қолди. Раҳим кўча эшиги томон қараб, акасини қарши олди:

-Чинакам ҳўкиз экансан! Тез етиб келганинг шуми? «Тез ёрдам»дагилар ҳам сендан олдинроқ келган бўлишарди!
Энди остона ҳатлаган Латиф укасининг бу муомаласидан гангиб, жойида туриб қолди. Кейин қўй кўзларини жавдиратиб, синглисига қаради.
-Кираверинг, ака, парво қилманг, бунингиз айниб қолибди. Мениям келганимдан бери «сариқ машак»дан олиб, «сариқ машак»ка солади.
-Мени «керосин» десанг, майли, а? Хотинимнинг олдида ҳам айтаверасан-ку?
-Мен опангман, ҳаққим бор.
-Нима гап ўзи, тинчликми?-деди Латиф укасига қўл узатиб.
-Тинчлик. Узоқ йиллар олиб борган курашимиз ниҳоят ғалаба билан якунланди. Дадам билан аямни санаторийга қўйиб келдим, умрларида биринчи марта дам оладиган бўлишди. Тушуняпсизларми, биринчи марта-я!
-Ҳа, ҳеч ҳам дам олишмаган эди,- деди Латиф.
-Шуни телефонда айтиб қўя қолсанг бўлмасмиди? Болаларингни ҳам қўйиб келдингми?
-Болалар билан кишанлаб ташланмаса, чол-кампир эртагаёқ қўлтиқлашиб қайтишади-ку?
-Яхши қипсан,- деди Латиф.- Чой-пойинг борми?
-Бор, ҳаммаси бор, қани тўрга чиқинг.
-Бўпти, мен кетдим. Бетаъсир бўлмай ўлмагин сен. Қанча ишларимдан қолдирдинг.
-Жикилламай ўтир, сариқ! Ҳеч қаёққа кетмайсан!
-Ака, бунингизга бир бало бўлган.
-Раҳим, жинниликни йиғиштир, бу нима қилиқ?
-Сен, ҳўкиз, аралашма, бўлмаса, кийим-пийиминг билан ёқиб ташлайман.
-Раҳим!
-Раҳимжон, жон ука, сенга нима бўлди, а?..
Раҳим чинакамига саросимага туша бошлаган акаси билан опасига қаради-да, жилмайди:
-Ака, хафа бўлманг. Бир эркалик қилиб, ҳазиллашгим келувди, сал қўполроқ чиқди шекилли, кечиринг. Ҳали ўтириб, бирдан ёшлигимизни эсладим. Бир-биримизга лақаб қўйиб, уришиб юрганларимиз ажойиб давр экан. Қачон катта бўларканмиз, деб кун санарканмиз-у, ўзимизни ташвиш тузоғига ташлаётганимизни билмас эканмиз. Ҳали «ҳўкиз» деганимда болалигимизни эсладингизми?
-Эслайдиган қилиб гапирмадинг-да.
-Болалигида ҳам шунақа эди бу, эсингиздами, томдан тараша тушгандек бир ғалвани бошларди-ю, безрайиб тураверарди.
-Калтакни эса мен ердим,- деди Латиф кулимсираб.
-Ў...ў, калтакдан гапирманг. Душанба куни - дадам, сешанба куни - аям, чоршанбада - сиз, пайшанбада - опам урса, қолган уч кун кўчадаги болалар дўппосласа... Э, калтак бўйича дам олиш куни йўқ эди менга.
-Шумлигингга яраша-да. Тағин ҳам калтакни кам егансан,-деди Зарифа ёлғон пўписа билан.
Шу пайт дарвоза қўнғироғи жиринглаб, уларнинг гаплари бўлинди. Раҳим: «Лаббай! Ҳозир!» - деб ўрнидан турди. Дарвозахонада ким биландир гангур-гунгур гаплашди, кейин бир қўлида коса, бир қўлида иккита нон билан қайтиб кирди.
-Ким экан?- деди Зарифа унинг қўлидан косани олар экан.
-Маъсума буви. Боя чиққанларида: «Қозонни сувга ташладим», деб ҳазиллашувдим. Шу овқатни илинибдилар. Ака, ичасизми?
-Ўзинг ичавер, қорним тўқ.
-Мошхўрда экан, ака, ичсангиз бўларди.
Зарифанинг бу гапига ака-ука кулиб юборишди.
Дарвоқе, мошхўрда воқеаси...
«Супурилмаган уйга меҳмон келади», дейишади. Худди шунга ўхшаб, тансиқроқ овқатдан камроқ пиширган кунингиз энг азиз меҳмонлар кутилмаганда ташриф буюришади. Зарифа шамаъ қилган воқеа ана шундай меҳмонлар сабабли юз берган эди. Дадаси «яхши ҳазм бўлмайди», деб хуш кўрмагани туфайли уларнинг уйларида камдан кам ҳолларда мошхўрда қилинарди. Шунинг учунми, болалар бу таомни талашиб-тортишиб ичишарди. Ўша куни мошхўрда пишиб қолганда, тўсатдан меҳмон босди. Меҳмонлар кетишгач, аяси овқатни ярим косадан сузди. Раҳим улушини дарров ичиб олди-да, Латифга хиралик қила бошлади. Латиф эса пинагини бузмай овқатини ичаверди. Шунда Раҳим ўрнидан турди-да:
-Мошхўрдангдан берасанми, йўқми?!- деди қатъий оҳангда. Латиф «йўқ» деб бош чайқаган эди, ликопчадаги пиёзни шарт косага ағдарди. У акасининг пиёз емаслигидан фойдаланиб қолмоқчи бўлиб, мамнун ҳолда:- Энди ичмайсанми?- деб сўради.
Латиф аламидан бўзрайиб, укасининг юзига тарсаки тортиб юборди. Бирпасда олатасир бошланди. Бу «жанг» оқибатида Латиф дакки эшитди. Раҳим эса... маза қилиб мошхўрдани ичиб олди.
-Ака, мошхўрдангизни ичаётганимда, менга хўмрайиб қараб ўтирган эдингиз, эсингиздами? Ўшанда нималарни ўйловдингиз?
-Ёдимда йўқ. Ҳар ҳолда, яна бир боплаб дўппослашни ўйлаган бўлсам керак.
-Мен эса, катта бўлиб пул топганимда, бир қоп мош олиб, дошқозонда мошхўрда қиламан-да, ҳаммасини очкўз ҳўкизга ичираман, деб орзу қилган эдим.
-Гапини қара, Зариф, бу кишим овқатимни ичармишлару, мен очкўз бўлармишман.
-Ҳа, энди бу кишим эркатойлар, нима қилсалар ҳам ҳаддилари сиғади,- деди Зарифа кесатиб.
-Сизни ҳам боплаганман-а, эсингиздами?-деди Раҳим опасига қараб.
-Қачонгисини айтяпсан, сен қитмир мени кўп боплагансан.
-«Куёв тўра»нинг хатини ўғирлаб, дадамга кўрсатганим-чи?
-Э, айнимай қурибгина кетма сен. Шу хатни деб гулдай йигитни хазон қилдинг,- Зарифа ўзининг гапидан ҳузурланиб, кулди.
-Ўзи ўша йигитингиз менга ёқмасди. Суллоҳга ўхшарди. Мана, поччам бошқа гап. Шунинг учун менга раҳмат денг, бўлмаса, ўша суллоҳнинг тийинига кўз тикиб ўтирардингиз. Акам ҳам мендан қарздорлар. Мен бўлмаганимда, топган-тутганларини ўша таннознинг атир-упаларига сарфлаб юрардилар.
Бу гап уларга яна бир воқеани эслатди:
Латиф институтни тугатди-ю, оилада ташвиш бошланди. Она бечора, ёнига овсинини олиб, ҳар куни «қиз овлайди». Латифга эса на у қиз, на бу қиз ёқади: бирининг тилла тиши бор, бири қошига қалам сурармиш... Ота-онанинг ҳасратларидан чанг чиқай деб турганида, Латиф ўзи ҳам билмай, қармоққа илинаёзди...
Ёзда бўлажак келин-куёвга атаб уй солинаётган эди. Якшанбаларнинг бирида ака-ука майда-чуйда иш билан банд бўлишди. Бир маҳал Латиф: “Бугун идорада навбатчиман”,- деди-ю, кийиниб, жўнаб қолди. У кетиши билан Раҳим ҳам ишини йиғиштирди.
-Ҳа, сенинг тинчинг нимага бузила қолди?- деди аяси унга ҳайрон боқиб.
-Ая, ўғлингиз қармоққа илинди,- деди Раҳим.- Ҳозир навбатчиликка эмас, учрашувга кетяпти. Мен бориб қизни кўриб келаман.
-Сен қаёқдан била қолдинг?
-Аъзам ҳиндча кинога иккита патта олиб келиб берибди.
Раҳим шундай деб кўчага отилди. Аяси «Борма, кўриб қолса ҳижолат бўлади», деганича қолаверди. Аъзам ўшанда ишни пухта қилган эди: Латиф унга патта топиб беришни илтимос қилиши билан бу янгиликни дўсти Раҳимга айтган, кейин унинг маслаҳатига кўра кўпроқ патта олган эди.
Раҳим шумликни бошлашга бошлади-ю, кинохонага яқинлашганида, сал ҳаяжонланди. «Қайтсаммикан?» деб ҳам иккиланди. Лекин келинликка номзод қизни бир кўриш иштиёқи устун келиб, ичкари кирди, жойини топиб ўтирди. Акаси билан қиз чироқ ўча бошлаган паллада кўринишди. Латиф курсига ўтиргач, укасига кўзи тушиб, капалаги учиб кетди.
-Нима қилиб ўтирибсан?- деди пичирлаб.
-Идорада навбатчиман,- деди Раҳим овозини баландлатиб.
Латиф укасига бошқа гап айтмади, қайрилиб ҳам қарамади. Раҳимнинг ўзи ўтиргани ҳам ҳолва экан. Укасининг қитмирлиги киножурнал якунланиб, чироқ ёниб-ўчганида аён бўлди. Орқадаги ўн-ўн беш ўриннинг бўшлигини Латиф аввалига пайқамаган эди. Чироқ бир лаҳза ёнганида қадрдон ўртоқлари қаторлашиб кела бошлашса бўладими! Раҳим акасининг ҳолатини сезиб, унга ачинди, қилган ишидан пушаймон бўлди. Қиз Латифга нимадир дейди, у эса овоз чиқармай бош силкиб маъқуллайди. Яхшиямки, йигитнинг «қуршовда» эканини қизга сездиришмади. Хуллас, бетига беармон упа чаплаган қиз Раҳимгагина эмас, орқа қатордаги ўн тўрт йигитга ҳам ёқмади. Оқибатда Латиф ундан воз кечиб, онаси топган қизга уйланди-ю, олам гулистон бўлди.
Бу дунёнинг ташвишларини бир зум унутиб, беғубор ёшлик чоғларига қайтган қориндошлар бу воқеани энтикиш билан эслашди.
-Сен қурибгина кетмагур, на ўзинг биттаси билан ёлчитиб юргансан, на бошқаларни тинч қўйгансан,- деди Зарифа эркалаш оҳангида.
-Асални татиб кўрмаган нодонлар бошқаларга заҳарни раво кўраверар экан,- деди Латиф укасининг қитиқ патига тегиш учун. Аммо Раҳим бу кинояни фаҳмламагандек, хотиржам оҳангда жавоб қайтарди:
-Маъсума бувининг яхши бир гаплари бор: дарахтни силкитсанг, дув-дув этиб қиз ёғиларкан.
-Шунинг учун сенга икки йил қиз қидирган эканмиз-да, а? Гапингни хотининг эшитса борми, бошингда ёнғоқ чақади.
-Сариққина опажоним, гапнинг белига тепмай туринг. Мен дарахтдан тап-тап тушганини олганим йўқ-да. Бунақаларни ит ҳам ҳидлайди, бит ҳам. Раҳим полвон дарахтнинг тепасига чиқиб, энг сарасини, чумоли ҳам тегмаганини узиб тушган. Э, опажонгинам, бунақага етишган етишади, етишмаган - йўқ.
-Оббо... Ўша ойтовоғингни бунча осмонга кўтармасанг! Энг сарасини танлаб тушганмишлар...
-Сизнинг кўзингизга ойтовоқдир. Лекин, одамларнинг айтишича, ўша ойтовоғим сизнинг эрингиздан анчагина чиройлироқ эмиш.
-Вой, қурибгина кетмагин сен, эркак киши билан тенглаштирганингни қара!
-Яна баъзи одамларнинг айтишича, сиз поччамга жуда ўхшар экансиз.
-Ҳо, биз ҳали хунук бўлиб қолдикми?
Раҳим унинг қаршисида тиз чўкиб, бошини эгди. Зарифа унга яқинлашиб, елкасини чимчилади:
-Ўша ойтовоғинг билан қўша қаригин, сен маҳмадона. Ўзи хунук бўлса ҳам, ақли бинойи хотинингнинг. Ўша сенга раҳм қилиб тегмаганида, хотинсиз ўтардинг бу дунёдан.
-Раҳмат, опажон! Сиз менга энг муҳим сирни айтдингиз.
-Қанақа сир?
-Мен шу пайтгача бахтимга ким зомин бўлди, деб юрувдим. Ўша золимни билиб олдим.
-Ҳа, энди золим ҳам бўлдикми?
-Йў-ўқ, сиз эмас, ўша ойтовоқ золим! Агар у менга тегмаганида, бир умр бахтли, эркин одам бўлиб юрардим.
-Во-ей, бунча маҳмадонасан-а, ўтирсак, эзмаланиб ўтираверамиз. Энди мен кета қолай.
Раҳим эшик олдида туриб олди.
-Йўқ-йўқ,-деди у қулочини ёйиб.- Бугун ҳеч ким кетмайди. Опа, ташвишларингизни бир кунгина қўя туринг. Умримиз ўтиб кетяпти... Болалигимизни эслашиб, хумордан чиқайлик.
-Бўлмағур гапларни гапирма. Болалигингни эслатувчи болаларингни ўйла. Болаларингга ҳали олиб бермаган нарсаларни кўз олдингга келтирсанг ҳам хумордан чиқаверасан.
-Барибир кетказмайман, хоҳласангиз, майли, поччамни чақирайлик.
-Ҳай-ҳай-ҳай, поччангга тегма,  ишлари бошларидан ошиб ётибди. Танишларига бир челак гилос тайинлаб қўйган эканлар. Бугун-эрта мураббо қилиб қўйишим керак. Баҳорда ёмғир ёғавериб, қулупнойдан қилолмовдим. Гилосдан ҳам қуруқ қолмайин.
Зарифанинг сумкасидаги телефон жиринглаб, шошиб қолди.
-Ана, поччангни йўқловдинг,-деди рақамга қараб олиб. Кейин тугмачани босиб, телефонни қулоғига олиб борди.- Алло, адаси, ҳа, тинчлик экан. Укангизнинг қилиқларини биласиз-ку? А? Қайси дори? Телевизорнинг устида эди-ку, қарадингизми? Йўқми? Тўхтанг-чи...
У “вой Худойим-ей” деганича сумкасини кавлаб сўралган дорини топиб “Ҳайрият”, деб қўди-да, гапини давом эттриди:
-Вой эсгинам қурсин, адажони, менда экан. Ҳозир етиб бораман, адаси, ҳозир.-шундай деб телефонни ўчириб, сумкасига солди-да, укасига норози қиёфада қаради:- Ана, сен мени ҳовлиқтирдинг, поччангнинг юрак дориларидан ичиб сумкамга солволибман. Бўпти, ака, сиз қола қолинг.
-Худонинг меҳрибонлигини қаранг, дарров баҳона ҳам топилди,-деди Раҳим кулиб.
-Раҳим, мен ҳам борақолай,-деди Латиф ялиниш оҳангида.- Жиянинг астойдил ўқишга кираман, деб турибди. Бугун бир одам билан гаплашишим керак эди. Бу ёғи оз қолди, ҳаракат қилмасак бўлмайди.
-Ака, эрталаб маҳаллада жаноза бор. Ҳақберди ака ўтибди. Дадамнинг ўринларига чиқардингиз.
-Ҳақберди ака, дейсанми? Кимлиги эсимда ҳам йўқ. Жанозани “фарзи кифоя” дейишади-ку, битта оиладан бир киши чиқса етади. Ҳаммамиз учун ўзинг чиқарсан. Мен уйимда дуо қилиб қўя қоларман.
-Худо раҳмат қилсин! Бўпти, мен кетдим,-деди Зарифа эшик томон юриб.
-Ҳа, зоримиз бор, зўримиз йўқ. Дунёнинг ҳамма ташвиши икковингизнинг бошингизда,-деди Раҳим астойдил ранжиб.- Эҳтиёт бўлинглар, яна эзиб ташламасин. Яхшиям Худо осмоннинг устинини сизларнинг қўлингизга тутқазиб қўймаган-а...
-Пичинг килмасанг-чи!-деди Зарифа бир пасга тўхтаб.
-Майли, озгина бўлса ҳам мусаффо денгизда чўмилиб олдик-ку, қалай, суви совуқ эмас эканми? Агар яна ташвишлардан кирлангудай бўлсаларинг, келинглар, чўмилиб кетинглар.
-Ака, бунингиз нима деяпти?
-Бўпти, сен юравер,  гапининг мағзини уйингда чақиб кўрарсан. Мен қола қолай. Бўлмаса, бу эркатой уканг дунёга ўт қўйишдан ҳам тоймайди.
Латифга  укасининг пичинги бир баҳона бўлди. Аслида у ҳам болалигини эслаб, энтиккан, эртакка ўхшаб қолган оламга қайтишни, сурурли ўша дунёнинг нашидасига яна бир бор қонишни истарди. Зарифа кетгач, болалик дунёсининг мусаффо денгизига шўнғишди.
Липпаларига ёнғоқ қистириб югуришлар...
Телевизор кўргани бошқа маҳаллага боришлар...
Аввал патефон, кейин радио, сўнг экрани шапалоқдек арзон телевизор сотиб олингандаги қувончлар...
Буларнинг ҳаммаси  шу тун қайтиб келди. Афсуски, ўтмиш туйғулари бир кечалик меҳмон, холос. Йўқ, ҳали улар болаликнинг покиза ёдгорликларини кўп эслашади. Фақат... бугунги тун ҳам ўша хотиралар силсиласига сингиб кетади.Унда умрнинг яна аллақанча қисми емирилган бўлади. Буни ака-ука ҳозирча хаёлига ҳам келтирмайди. Бугун улар бир неча соатлик азиз меҳмон - хотираларга юракларидан макон берганлар. Тонг отар- отмас, бу азиз меҳмонни ночор равишда кузатиб қоладилар.
Саҳарда жанозага чиқишлари керак...

Ҳозир сайтимизда 568 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ