Сайт бўлимлари
Ҳаловат кўчаси. Тоҳир Малик - Цунами
- Подробности
- Бўлим: Ҳаловат
- Чиққан санаси: 16 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Цунами
Деворига оқ бўр билан “уй сотилади” деб ёзиб қўйилган хонадонда Хадича яшайди. Бу кўчада истиқомат қилувчилар тоблари қочгудек бўлса, шифохонага шошилишмайди. Саҳардами ё ярим кечадами, шу хонадон эшигини тақиллатишади. Хадича шу туфайли обрў топган дейилса, ярим баҳо берилган бўлади. Шаҳарда шифокорлар кўп, ҳар бирлари қўни-қўшниларга беминнат хизмат қилиб келишади. Хадичанинг йўриғи бошқа. Ўқишни битириб, диплом олган куни бирга ўқиб кўнгил қўйган йигити билан никоҳдан ўтган эди. Никоҳ кечасининг эртасига куёв болани ҳарбий хизматга чақириб олиб кетишди. Чимилдиқдан чиқиб кетган эрининг Афғон урушига ташланганини икки ҳафтадан кейин билди. Ярим йилдан сўнг эса бир парча қоғозда шум хабар билан темир тобутда жасад келди. Ўша даврнинг таомилиги кўра, тобутни очирмай кўмишди. Куёвнинг қариндошлари аза очишса ҳам, Хадича “Мен халок бўлганларига ишонмайман, бу бир англашилмовчилик, қайтиб келадилар, кутаман”, деди. Ойлар, йиллар ўтди. Хадичага кўпчилик совчи қўйди. У “мен бева эмасман”, деб рад этаверди...
Тугунча кўтариб олган Маъсума буви Раҳимникидан чиқиб, шу хонадонга кирди. Хадича ошхонада сабзи тўғраётган, қизлар эса ҳовлини супиришаётган эди. Остона ҳатлаган кампирни кўришлари билан супуришни бас қилдилар. Боя кўришган бўлишларига қарамай, яна салом бердилар. Хадича пичоқни қўйиб, Маъсума бувига пешвоз чиқди.
-Қизларинг бирам одобли экан, ишқилиб, бахтли бўлишсин. Қиз боланинг қанақалигини салом беришидан билса бўлади,-деди кампир тугунчани унга узатиб.
-Нималарни кўтариб овора бўлиб юрибсиз?
-Овораси борми? Ҳали кўчада Раҳимжонни кўриб қолдим. Барака топгур, ота-онаси билан болаларини санаторийга ташлаб келибди. Ўзи қўли гул уста бўлса ҳам, эркак-да, овқат пиширишга барибир эринади. Қозонни сувга ташлагандир, деб мошхўрда қилувдим, бир чинни унга илиндим. Меҳмонларингга ҳам олиб чиқдим, насиба-да. Хадича, сенга танбеҳ бериб қўйишим керак, қизларни дарров ишга солиш одобдан эмас, ҳеч бўлмаса уч кун меҳмон қилмайсанми?
-Булар меҳмонлар эмас, уйнинг бекалари. Сизникига чиқишса, меҳмон бўлишади,-деди Хадича кулимсираб.
-Чиқишсин, эртагаёқ чиқишсин, пўстдумба солиб бир мошкичири қилиб берайин, мошкичирини яхши кўрасизларми, она қизларим?
Супургиларини ушлаганча ишни давом эттиришни ҳам, эттирмасликни ҳам билмай турган қизлар бир-бирларига маъноли қараб қўйиб, жилмайганларича бараварига “ҳа” деб қўйишди. Жавобдан мамнун бўлган Маъсума буви гапини давом эттирди:
-Четда ишлаётган ўғлим алламбало бир мато юборибди. Кампирларга ярашмайди. Шуни сенга берайин, қизларингга кўйлак тикдириб бер.
-Раҳмат, опоқ ойи, кўйлаклари етарли. Меҳрибонлик уйида кийим-кечакдан камчиликлари йўқ. У ерда фақат ота-она меҳри етишмайди,-деди Хадича афсус билан.
-Бу гапинг ҳам тўғри. Меҳрни ҳеч нима билан алмаштириб бўлмайди,-деди кампир енгил “уф” тортиб, кейин қизлар томонга ўғринча қараб олгач, овозини пастлатиб сўради:- Икковиям ғирт етим эканми?
Хадича ҳам қизларга бир қараб олиб, “эшитиб ҳижолат бўлишмасин”, деган мақсадда пастроқ овозда жавоб қайтарди:
-Биттасининг онаси туққану жон берган. Юрагида касаллик бор экан, дўхтирлар туғиш мумкинмас, деб огоҳлантиришса ҳам, ўладиган дунёда битта бола кўрай, деб ўжарлик қилибди. Эри сел олиб кетаётган болани қутқараман, деб ўзи нобуд бўлибди. Иккинчи қизнинг отаси ҳам, онаси ҳам бор экан. Ажрашиб кетишиб, бошқа-бошқа турмуш қуришибди.
-Воей, бунча дийдаси қаттиқ бўлмаса буларнинг! Ажрашаётган пайтида боласининг жавдираб қараб туришига қандай чидашди экан-а? Ким боласининг кўз ёшини тўкса, балоси ўзига уради.
-Опоқ ойи, майли, ёмон ният қилмайлик. Бошқа турмушидан ҳам болалари бордир. Уларни бахтли қилишсин.
-Шунақа дейсану... Боласидан кечган ота-онани мен одам дегим келмайди-да. Қизим, эрталабдан бери бошим гангиб турибди. Босимимни бир ўлчаб қўясанми?
Хадича ичкаридан ўлчагични олиб чиққунига қадар Маъсума буви қизларни зимдан кузатди. Уларга ачинди. Ҳарҳолда, ҳаёт овқат ейишу кийим кийишдангина иборат эмас. Меҳрга зор бу қизлар ҳаётни қандай тушунишар экан? Катталарнинг қилмишларига қандай баҳо беришар экан? Шуларни хаёлидан кечирган кампир “Бизларни бемеҳрликда айблашга буларнинг ҳақлари бор”, деб ўзича пичирлаб қўйди. Хадича босимни ўлчашга киришганда у гапни бошқа мавзуга бурди:
-Тунов куни деворингдаги ёзувни ўчириб ташла, девдим, энди ўзим ўчириб ташлайман, шекилли. Уйнинг сотилишига маҳалла норози, билиб қўй! Опангни кўрмаяпман-да, ўзим бир гаплашиб қўярдим. Яқин орада келадиганми?
-Кўзингиз учиб турган бўлса, ҳозир келадилар. Бошларига бир ташвиш тушган шекилли, телефон қилдилар.
-Одамнинг бошига бир ташвиш тушса, яқинларига дарров меҳрибон бўлиб қолади. “Анчадан бери келаман, деб юрувдим, ҳеч иложи бўлмади, фалон баҳона, пистон баҳона”, деб гап бошлайдиганларнинг кўпини кўрганман. Ташвиши кўтарилса, энг яқинларини ҳам унутворадиганлар ҳам бор. Ранжимагин-у, опанг шунақа оқибатсиз тоифадан.
-Майли, опоқ ойи, борига шукр, энди менга ким опа туғиб беради? Муросаи мадора.
-Аслида, менинг кўнглимда ҳам шу гап бор. Лекин инсоф чегарасидан чиққанлар билан муроса қилгим келмайди. Опанг билан муроса қилма, жиққамушт бўл, демайман. Ота-онанг гўрида тинч ётмай сенларга қараб тургандир? Деворга “уй сотилади” деб ёзганларингдан бери ота-онанг ҳар кечаси келиб, ўқиб, юм-юм йиғлаётгандир.
Бу масалада Хадичанинг дарди ўзига етарли эди. Кампирнинг гапи яраланган юракка ўткир найза каби санчилиб, азоб берди. Ўзини тутишга ҳаракат қилса-да, лаби титраб кетди:
-Опоқ ойи, қўйинг, унақа деманг.
-Сенда айб йўқ биламан, опанг оқибатсиз чиқди,-деди кампир ундаги ўзгаришни сезмай.- Бундан сен куймасанг, мен куяман. Аянг тириклигида майда-чуйда нарсаларни талашиб, юлқиб кетганларини кўп кўрганман. Сен топиб келардинг, у юлиб кетарди. Аянг ҳам сенга ўхшаб, кўз ёшларини мўлтиллатиб тураверарди. Билмадим, опанг кимга тортганийкин. Қизини туққанида Масковга олиб бориб, устозларингга операция қилдирдинг. Бир ой тепасида ўтирдинг. Қизини боқиб, катта қилиб бердинг, сепларигача қилиб бердинг. Шундай сингилнинг соясига кўрпача тўшаш ўрнига уй талашадими-я! Уйга зор бўлса ҳам майли эди. Кўзи оч, унинг. Кўзи оч одамдан яхшилик кутиб бўлмайди. Сенам ҳадеб бўшашаверма, ота-онанг уйни сенга қолдирган, мана, мен гувоҳ. Судлашса судлашаверсин.
Хадича бу мавзунинг давом этишини истамай, кампирнинг гапини бўлди:
-Босимингиз яхши. Иссиқдан лоҳас бўлгансиз. Берган дориларимни вақтида ичиб туринг, хавотирли жойи йўқ.
Хадича ўлчагични халтасига жойлаётганида эшик оғзида Холниса кўринди. У ҳовлига шошилганича кирди-ю, лекин Маъсума бувига кўзи тушиб, тўхтади. Қизларнинг саломига алик олиш ўрнига уларга ажабланиб, ғалати қараш қилди. Хадича опасига пешвоз чиқиб сўрашди. Холниса Маъсума буви ўтирган жойга яқинлашиб, хушсиз равишда салом берди. Алик ҳам саломига яраша бўлгач, баттар энсаси қотди:
-Опоқи, эсон-омонгина юрибсизми? Кўчада амакимни кўрувдим, сизни қидириб юрибдилар. Чиқа қолинг, маҳаллани ағдар-тўнтар қилиб юбормасинлар.
Маъсума буви қошларини чимириб ўрнидан турди. “Амакингиз тоққа кетган, ёлғонни эплаган одам гапирсин”, дегиси келса-да, бошқа гап айтди:
-Менинг чолим маҳаллага ҳаловат берадиганлардан. Ағдар-тўнтар қиладиганлар бошқалар,-деб чиқиб кетди.
-Буларинг ким?-деб сўради Холниса кампирнинг ўрнига ўтириб.
-Қизларми?-Хадича уларга бир қараб олгач, жавоб берди:- Меҳмонлар...
-Меҳмондўстлигингни ошириб юбормаяпсанми?
-Одам бор жойга одам келади-да, опа. Меҳмон келмаган уйда фаришта бўлмас экан. Шу меҳмонларнинг савоби адамиз билан ойимизга етиб боради.
-Ҳа, етсин-етсин... Турма, чойга овора бўлма. Зарур гапим бор.
-Тинчликми?
Холниса жавоб бермади. “Тинчликми ё тинчлик эмасми, наҳот ўзинг билмасанг?” дегандай синглисига қаттиқ тикилди.
Шуҳратни кўриб чиққан Хадича ҳовлисига қадам қўйиши билан телефон жиринглади. Гўшакни қулоққа тутиб “лаббай” дейиши билан опасининг хавотирли овози жаранглади:
-Наима, уйдамисан?
Салом-алик ўрнига берилган ажиб савол. Уйдаги телефонга қўнғироқ қилгандан кейин гўшакни кўтарган одам уйда бўлмай қайда бўлсин?
Наима бу савол туфайли энсаси қотгани билан, аслида уни ғашлантирган нарса опасининг овози эди. Юзкўрмас даражада аразлашган жигарининг ховлиқиб “уйдамисан?” деб сўраши унинг кўнглига озгина хавотирлик ҳам солди. Опаси “Сендек синглим йўқ!” деб хитоб қилганида у ҳам “Менинг опам йўқ”, деб, лабини тишлаган эди. Тил билан айтиш осон, аммо дилнинг ажралиши қийин эди.
-Уйдамисан, деб сўраяпман?-деди опаси титроқ овозда.
-Уйдаман... тинчликми?
-Уйда бўлсанг, қимирламай ўтириб тур, ҳозир бораман...
Ховлиқиб қўнғироқ қилган, шошилиб келган опасининг мақсадини айтмай тикилиб ўтириши Хадичага малол келди.
-Опа... нима бўлди?
-Эшитмадингми?
-Нимани?
-Японияни “цунами” деган бир бало босибди-ку?
Хадича ажабланди. Уммон остида зилзила бўлиб, тоғдай тўлқинларнинг бир неча мамлакат қирғоқларини босганини, минглаб одамлар ўлганини телевизор хабарларидан билган эди. Аммо опасининг, билимсиз, дунё ҳаётидан бехабар бир одамнинг цунамидан хавотирланиши унинг учун ғалати туюлди.
-Японияни цунами босган бўлса сизга нима?-деди ажабланишини яширмай.
-Бу нима деганинг? Матлуба эри билан ўша ёққа ўйнагани кетувди-ку? Билмасмидинг?
Бу саволи ҳам ғалати. Борди-келди йўқ бўлгач, ўзи едириб-ичириб катта қилган қизнинг тўйига ҳам таклиф қилишмагач, келин-куёвнинг биргалашиб Японияга кетишганини қаёқданам билсин? Ҳозир “Вой, Матлуба эрга тегдими, қачон?” деган заҳарли савол билан опасининг ғашига тегиш шароити туғилган эди-ку, лекин унинг овозидаги хавотирни сезиб, оловга мой сепмаслик учун “билмасдим”, деб қўя қолди.
-Кечаси билан ит азобида қийналдим. Телефонлари жавоб бермаяпти,-деди опаси йиғламсираб.
Авваллари бунақа ҳолатда Хадича опасига дардкаш бўлиб, кўнглини кўтаришга ҳаракат қиларди. Ҳозир юпатишни ҳам ўйламади. Чунки опаси ташвишланган онлари ҳамдард бўлишга ундовчи меҳр ўти сўниб кетган эди. Шу боис:
-Мен нима қилишим керак? Японияда танишларим йўқ,-деди.
Бу гапни пичинг билан айтмади. У опасининг ҳозирги мақсадини билмасди. Шунга кўра, опасига қандай ёрдам бериши мумкин эканини тасаввур ҳам қилолмасди. Авваллари, жигарлик меҳр-муҳаббатлари ўлмай туриб, опасининг иши тушса “фалон ерда танишинг борми?” деб гап бошларди. Ҳозир ҳам назарида опаси шундай дегандай бўлиб, “Японияда танишим йўқ”, деган гапни беихтиёр айтиб юборди.
-Японияда танишинг йўқлигини ўзим ҳам биламан. Матлубадан хавотирдаман. Сен уни қаттиқ қарғамаганмидинг?
Кутилмаган савол бўлди.
Қариндошларнинг ажиб-ажиб одатлари бўлади. Ёшларнинг тақдиридан ўзга ташвишлари йўқдек “қачон турмуш қурасан?” ёки “ёшинг ўтиб кетяпти-ку, бирни ўпоқ, бошқасини сўпоқ, деб юраверсанг қариб қоласан”, деб танбеҳ бераверадилар. Ёшлар турмуш қуриб, бошлари узра ташвиш булутлари тўплана бошлагудай бўлса, ҳаммаси ўзини панага олиб қочади. Хадича бу даражага бормади. Куни қариндошларнинг танбеҳларини эшитиш билан ўтаверди. Турмушга чиқмади. Бу аҳдини асослайдиган тайинли баҳонаси бор эди. Йигит ва қизнинг турмуш қуриши табиий эҳтиёж деб изоҳланса-да, у ҳам ўша “табиий эҳтиёж”дан бебаҳра бўлмаса-да, яна эрга тегишни, ҳаётини суюклиси билан эмас, кимдир ўзга билан боғлашни истамасди. Гап-сўзлар жонига тегиб, кимгадир “хўп” дегиси келганда кўз олдига марҳум эри келарди-ю, хиёнат устида қўлга тушиб қолгандай вужудини иснод алангаси қопларди. Унинг ўз олами бор эди ва бу оламида ширин хотираларга суяниб ёлғиз яшашни хоҳларди. Атрофидагилар эса унинг кўнгли майлини тушуна олишмасди. Ўзларича гап-сўз қилиб юраверишарди. Фақат онаси ҳис қиларди. Дам-бадам “қизим, турмуш қурсанг кўзим очиқ кетмасийди”, деб зорланиб қўярди-ю, “эрга тегасан!” деб қатъий талаб қилмасди. Дадаси эса бу масалада оғиз очмай дардини ичига ютиб юраверарди. Хадича эрга тегмай юргани учун ота-онасининг қўни-қўшни, қариндош-уруғ олдида хижолат эканларини биларди, уларнинг дардларини ҳис этарди. Бироқ, ўз кўнгил истагини бўғиб ўлдиришга, хотира юзига қора парда тортишга куч тополмасди. “Мен эрга тегаманми ё йўқми, бошқаларнинг нима ишлари бор? Тўғри яшаб юрибман-ку? Оиламиз шаънига доғ туширмаяпман-ку?!” деб ўзига-ўзи далда берарди. Пок яшовчи жувоннинг атрофида миш-миш балчиқлари кўп бўлиши ғашини келтирса ҳам, бу тубанликдан ўзини баланд олиб юришга интиларди.
Эски шаҳардаги уйлари бузиладиган бўлганда бир томондан қайнона-келин, бошқа томондан овсинларнинг можароларидан безган акаси билан укаси алоҳида-алоҳида яшашни ихтиёр этишди. Хадича диссертация ҳимояси ташвишлари билан банд бўлгани учун ота-онаси яшайдиган уйни олиш ҳаракатларини опаси ўз зиммасига олди. Биров ўргатганмиди ё ўз ақли биланми, ҳар ҳолда эски уй рўйхатига оиласини тиркаб, шу ҳовлига ажратилган ерни олишга эришди. Ўшанда уйнинг опаси номига расмийлаштирилганига Хадича айтарли эътибор бермаган эди. “Вақти келиб опам уйни мендан тортиб олади”, деган гумон етти ухлаб бир тушига кирмаганди. Опаси ўшанда “Ҳали у идорага бориб қўл қўйиш керак экан, ҳали бунисига югуриш керак экан, ҳадеб сени чалғитавермай ўзимнинг номимга ёздириб қўя қолдим”, деб изоҳ берганида эътиборсиз равишда “яхши қилибсиз”, деган эди. Поччасининг шаҳар этагида катта боғи бор, уларнинг уй-жойдан ташвишлари йўқ эди.
Янги уй қурилиб, кўчиб ўтишгач, онаси “қизим, ёлғизлик ёшликда билинмайди. Қариликнинг иши қийин. Опангнинг қизини ўзинг бағрингга ол. Тарбия қил. Кейин, истасанг, шу уйга ичкуёв қиларсан”, деганида қувонди. Жингалак сочли, киприклари узун-узун, тили ширин жиянини ўзи ҳам яхши кўрарди. Матлубани қиз қилиб олиши масаласига поччаси осонгина кўнди. Қизни биринчи синфга ўзи олиб борди.
Кейин...
Ота-она дунёдан армон билан кетди. Ҳаёт эса давом этаверди. Хадича бошига ёғилажак ғалва дўлларидан бехабар, асранди қизининг бахтини ўйлаб яшайверди. Биринчи совчи келганида қувончини ичига сиғдиролмади. Опасиникига бахт қуши қанотларида учиб борди гўё. Матлубанинг бўйи етгач, бир-икки танишлар қизини сўраб оғиз солишгани учун опаси бу хушхабарни оддий гап ўрнида қабул қилди. Қизининг бахтини у ўзича тасаввур этди. Хадича “Опа, суюнчи беринг, Матлубага совчи келди. Яхши оилага ўхшайди, суриштириб келамизми?” деган гапига “Шошилма, аввал уйни бир ёқлик қилишимиз керак”, деган жавобни эшитиб ажабланди.
-Қайси уйни?-деди таажжубини яширмай.
-Қайси бўларди, яшаётган уйингни-да. Ҳайҳотдай уйда бир ўзинг қоласанми? Сен бизникига кўчиб келасан. Поччанг этакдаги уйни сенга чиройли қилиб ясатиб беради. Матлубани узатамиз. Уйларнинг нархи кўтарилган пайтда сотиб юборишимиз керак.
Опаси бу гапларни маслаҳат тарзида эмас, ҳукм оҳангида айтгани учун Хадича гангиб қолди.
-Опа, ўйлаб гапиряпсизми?-деди бир озлик сукутдан кейин.
-Поччанг билан ўйлайвериб бошларим шишиб ҳам кетди. Энг тўғри йўл шу.
-Опа, адам билан ойим шу уйда яшаганлар, шу уйдан чиқарганмиз... қанақасига сотамиз? Шу уйда излари бор...
-Эсинг борми? Шунча йилдан бери излари қолармиди? Эски уйда ҳам яшашган, ҳаммамиз эски уйда туғилганидик, ҳукумат из-пизи бор, деб ўтирмай бузиб ташлади-ку?
Хадича “из” деганда ота-она хотирасини назарда тутган эди. Аввал отаси, сўнг онасини охирги манзилга кузатгач, уйни супуришга ҳам қўли бормаган эди. Худди уларнинг изларини супуриб ташлаётгандай қийналганди.
Ота-она фарзандларини бир хил меҳр билан ардоқлашади. Фарзандларнинг ота ва онага нисбатан бўлган меҳр ва севгилари эса бир хил бўлмайди. “Бир ота ўн ўғилни боқади, ўн ўғил битта отани боқа олмайди”, деган нақл шунинг оқибатида юзага чиққан. “Ота-онам мени эмас, акамни (ёки укамни) яхши кўради”, деган нотўғри тушунча улар қалбидаги меҳр даражасини пасайтириб қўяди. Бошқаларни билмайди-ю, лекин опасида шундай бемеҳрлик борлигини Хадича сезиб юрарди. Сезса-да, сингиллик бурчига вафо қилиб, опасига бўлган ҳурматига хиёнат этмасди.
Опасининг ҳозирги гапи юрагига ханжар каби қадалгандай бўлиб, кўзларидан ёш чиқди.
-Бу уйда... мен яшайман-ку?-деди титроқ овозда.
Аслида “бу уй меники, нега сотар экансиз?” демоқчи бўлган эди. Лекин айта олмади бу гапни. Ота-она вафотидан кейин уй талашиб, оқибатда тескари бўлиб кетаётган ака-укалар можароларини эшитганда кўнгли эзиларди. Қачондир акаси ёки укасининг уй даъвосини бошлашини хавотир билан кутарди. Лекин бу можарони опаси бошлашини сира кутмаганди. Одамлар ака-укаларнинг уй жанжалига кўникиб қолишган. Лекин опа-сингиллар жанжали камроқ учрайдиган нохуш ҳодиса.
Опаси унинг аҳволига парво қилмади.
-Энди меникида яшайсан. Сенга барибир эмасми? Битта ўзингга битта уй етади.
Дардли ҳолати чекиниб, энди Хадичани ғазаб олови чулғади.
-Опа, у уйда мен яшайман!-деди жаҳл билан.
-Уй меники, демоқчимисан? Шунақа жанжал бошлашингни билганийдим.
-Жанжал бошлаётганим йўқ. Бугун бўлмаса эртага уй барибир қизингизга қолади.
-Бўпти-да!-деб жилмайди опаси.-Матлубани узатиб юборамиз. Уйни сотамиз. Қўрқма, ҳамма пулни ўзим еб кетмайман. Ҳақингни бераман.
-Шунақами?-деди Хадича қошларини чимириб. Кейин пичинг қилди: - Босит акам билан Холиднинг ҳақларини ҳам берасизми?
-Нега берарканман!-деди опаси пичинг оҳангига аҳамият бермай.-Уларинг эски уй ҳисобидан янгисини олволишган. Бу уй менинг номимда. Ҳеч кимнинг ҳақи йўқ! Қаёққа бориб дод деса деяверишсин!
Бу гап ўзига ҳам тегишли эканини англаган Хадича титраб кетди.
Суюнчи хабар билан бахт қуши қанотларида учиб келган Хадича ўша куни опа-сингиллик ришталари узила бошлаганидан кўнгли чўкиб, дард ва алам қайиғида уйига қайтган эди.
Ситамдийда дардини кимга айтиши мумкин? Акасига борган эди у: “Менинг ҳам, Холиднинг ҳам даъвоимиз йўқ, ҳаммаёққа овоза қилмай, ўзларинг келишинглар”, деб гапни калта қилди. “Хола” демай, ҳамиша “ойижон” деб иззатлаб келган Матлуба уй можароси бошлангач ўзгариб қолди. Можаро авжига чиққанда келди.
-Ойим тўғри гапиряптилар. Уйни сотиш керак. Ўрнига элитний уйдан олиб берасизлар, чарлари куни қўлимга яп-янги машина калитини топширасизлар. Ҳозир ҳамма шунақа қиляпти,-деди. Авваллари бир нима сўраса, тантиқланарди. Бу сафар овозида тантиқлик йўқ, Хадича учун янгилик бўлган ёвузлик бор эди. Опасининг талабларига тоқат қилиши мумкиндай эди, бунисига чидай олмади, юрагидаги бир томир узилиб кетгандай бўлди.
-Қизим, унақа демагин, сенам шу уйда катта бўлгансан. Даданг билан бувинг шу ҳовлида сени кўтариб юришарди.
-Э, эски гапларни гапираверманг. Агар уйни соттирмасангиз, мени қизим деманг. Сизга қарашни ҳам хоҳламайман...
Матлуба гап талашиб ўтирмади. Кийим-кечагини йиғиштирди-ю, Хадича билан хайрлашмаёқ онасиникига кетди. Босит “овоза қилмаларинг” дегани билан иш судга бориб тақалди. Қонун опаси томонда эди. Лекин маҳалла Хадича томон бўлиб “иш” аросатда қолди. Ўшанда опа-сингил бир-биридан юз ўгирган эди.
Лекин... Матлубани қарғамаганди. Ҳатто опасини ҳам қарғамаган эди...
Хадичанинг ўйга ботганини кўрган Холниса энди титроқ овозда саволини такрорлади:
-Тўғрисини айт, қарғаганмидинг?
Хадича хотира тўридан чиқиб, опасидан нигоҳини олди:
-Нега қарғайман... у менга ёмонлик қилмаган... Мен... ҳеч кимни қарғамайман...
Хадича “сизни ҳам қарғамаганман”, демоқчи эди, лекин бу гапга тили айланмади. Чунки ўшанда “Худога солдим!” деганди. Кейинчалик кимдандир бунинг ҳам қарғишнинг бир тури эканини билиб, кўнгли хижил бўлганди. Опаси ёмонлик қилгани билан унинг бошига бало ёғилишин истамаганди.
-Сен бу қиз ўлмагурни жудаям талтайтириб юборгансан. Ҳар йили Анталияга борасанлар, бу йил “умра”га борларинг девдим. Диний идорадан таниш топиб, гаплашиб ҳам қўювдим.
-“Умра”га дейсизми? Матлуба намоз ўқиятувдими?
-Қаёқда? Сен ўргатиб қўювдингми?
-Ўзимам билмайман-ку? Куёв ўқирканми?
-Куёв... тўғрисини айтсам, оёқ олиши сал чаккироқ экан. Ўша ёққа бориб келса инсофга кирармикин, девдим. Японияни томоша қилиб келамиз, деб туриб олишди. Томошалари ҳам балогинага учрасин!
-Унақа деманг... Цунами ҳаммаёқни бараварига босмаган. Ҳозир телефон алоқаси ҳам ёмон ишлаяпти. Худо хоҳласа, эсон-омон келиб қолишади.
-Айтганинг келсин... Лекин... сен барибир... Матлубани кечиришинг керак. Қарғишингни қайтиб ол.
-Қарғамаганман, дедим-ку?! Матлуба менга ёмонлик қилмаган.
-Қарғамаган бўлсанг, бизникига кўчиб борасан. Кўчиб бормасанг... у дунё-бу дунё рози эмасман!
Буни эшитиб Хадича бир сесканди.
Ўшанда ҳам шундай деган эди. Лекин ундаги оҳанг бошқача эди. Эндигиси... Наҳот юрагидаги меҳр-муҳаббат ўлмаган бўлса? Худо опасига инсоф берганмикин... Виждони уйғонганмикин... Хаёлига шу умидли фикрлар келиб, ичида “илоҳим... илоҳим...” деб қўйди.
Матлубани туққан йили опасига бир хасталик илашиб, врачлар “тузалишига умид йўқ”, дейишгач, бу соҳанинг пешқадамлари қаерда эканлигини аниқлаб, ўша шаҳарга олиб борди. Салкам икки ой опасининг ёнида ўтирди. Ўшанда опаси “яхшилигингни ўла-ўлгунимча унутмайман, ўзимнинг умрим етмаса, болаларим остонангга ётиб олиб бўлсаям хизматингни қилишади”, деган эди.
Опасининг қасам ичиши осон, унутиши унданда осон. Хадичани бу ҳақиқатга ишонтириш учун ортиқча мисол келтириш шарт эмас. “Кўчиб бормасанг... у дунё-бу дунё рози эмасман!” деган гапнинг дилдан эмас, тилдан учганига ишончи комил эди. Шунинг учун ҳам ҳаяжонламади, кўзларига ёш ҳам келмади. Балки, истеҳзо билан кулимсираб қўйиш билан чекланди.
-Мени қарғаган бўлсанг...-опасининг овози титради, кўзларига ёш олди,- қарғаганлигинг аниқ... бу қарғишингни ҳам қайтариб ол. Қайтариб олмасанг... ойим гўрларида тик турадилар, билиб қўй!
Қарғишни қайтариб олишни истаган одам узр сўраши, тавба қилиши лозим эди. Опаси кириб келганида Хадича шундай узрхоҳликни кутганди.
“...қайтариб ол... қайтариб олмасанг... аям гўрларида тик турадилар, билиб қўй!”
Кечирим сўралмай, талаб оҳангида гапирилиши уни ғашлантирди. “Аямнинг гўр азобида ётишларига мен айбдор эканманми?” деган фикр юрагини ўртаб, йиғлаб юборай деди. Бақириб юборишдан ўзини тутиш мақсадида бошини шарт буриб олди.
-Эрталаб фолбинга борувдим, Хонадонингизга қарғиш тушган, қарғиш кўтарилса, қизингиз топилади, деди. Бизларни ким қарғаган бўлиши мумкин? Мени Худо урай деб турибди, қарғаган бўлсанг, қайтиб ол, қайтариб олмасанг, юрагим ёрилиб ўлсам товонимга қоласан.
Бу даъво ортиқча эди. Юмшай бошлаган қалбида энди ғазаб ўти ёнди. Нима қилсин? Нима десин энди бу нодон хотинга?! Ҳа, унинг томирларида отаси билан онасининг қонлари оқяпти. Ҳа, онаси унга бошқа опа туғиб бермайди! Ҳа, унинг сингиллик бурчи бор! Бу бурчни онаси юклаб кетган. Опаси уйга ҳар келганида бир олам ҳасратини тўкарди. Ҳасратини тўкарди-ю сўнг “уйда сарёғ йўқ, гўшт йўқ”, деб ошхонани қуритиб кетарди. Хадича бундан ғаши келса ҳам индамасди. Онаси “опангга ёрдам бериб тур”, деб пул сўраганида опасининг муҳтож эмаслигини билса-да, унинг раъйини қайтармасди. Аммо онаси ётиб қолганида ҳам опаси келиб, ҳасратини дастурхон қилавергач, бир куни танбеҳ беришдан ўзини тиймади. “Аямни кўнгилларини кўтариш ўрнига азоблаб кетяпсиз. Аям шу ётган ҳолларида дардингизга шерик бўлишлари керакми? Эрингиз чойхонадан бери келмаётган бўлса аям нима қилиб бера оладилар? Ўғлингиз имтиҳон топшира олмаган бўлса аям домлага югуришлари керакми?” деб қаттиқ-қаттиқ гапирганида “Опангга бунақа дейишга ҳаққинг йўқ”, деб онасидан дакки эшитган эди. Опаси аҳмоқ эмас, онасига ҳасрат қилиб, синглисидан ёрдам кутарди ва бу ёрдамга эришарди.
Онасининг сўнгги куни, киртайган кўзларидан нур қочиб, бурун катаклари кенгайган онда опаси келган эди. Хадичанинг “бугун ётиб қолинг” деган илтимосига “Бугун бодринг тузлашим керак. Поччангни биласан-ку, қиши билан тузлама еб чиқади”, деб жавоб қилганди. Онаси ўша кеч узилганди. Опаси жанозага йиғилганлар ҳузурида “вой онам!”лаб сочларини юлганди. Одамлар кўзига меҳрибон қиз бўлиб кўринганди. Хадича ўшанда уни ҳайдаб юборгиси келганди, аммо... арвоҳ хотира... ўзини тутганди.
Ҳозир ҳам ҳайдаб юборгиси келди.
Ҳозир ҳам арвоҳ хотира...
-Шу пайтгача тошдек юрак ёрилмаган, сизники ҳам ёрилмайди, қўрқманг. Товонингизга қолмайман. Мен... эсимда йўқ, агар сизни қарғаган бўлсам, қайтиб олдим ўша қарғишимни. Қизингиз эсон-омон қайтиб келсин, бахтини кўринг.
Хадича авваллари алоҳида бир меҳр билан “қизим” дерди, бу сафар “қизингиз” деган сўзга атайин урғу берди. Опаси буни сезмади.
-Матлуба эсон-омон келса, поччангнинг қўйларидан биттасини сўйиб худойи қиламиз. Албатта борасан. Бормасанг, сендан рози бўлмайман. Кейин иккаламиз “умра”га бориб келамиз. Ҳаражати мендан.
-Умрада нима қиламан, намоз ўқишниям билмайман-ку?
-Менам билмайман. Бораётганларнинг ҳаммаси намоз ўқийди, деб ўйлайсанми? Кеннайим борганида биз борсак нима бўпти! Борамиз, аям билан адамнинг ҳақларига дуолар қилиб келаверамиз.
Опаси шундай деб жаврашдан тўхтамади. Агар уларнинг суҳбатига бирон-бир иймон эгаси гувоҳ бўлганида “умрага боришдан олдин бир-бирингизга меҳр ва муҳаббатли бўлишни ўрганинг, силаи раҳм қилинг, шунда ота-онанагиз гўрларида тинч ётишади”, дермиди...
Холниса дардини айтган, дардига малҳам бўлгулик жавобни олган эди. Хадича меҳмондўстлик одатига риоя қилиб, чой дамлаш учун ўрнида турганда опасининг телефони жиринглаб қолди. Холниса телефонни қулоғига тутиб “алё” деди-ю, у томондан келган овозни эшитиб, ўрнидан туриб кетди:
-Ҳа, алё, Матлуба, сенмисан? Тинчмисан? Нега хавотир олмас эканман, Япониянг остин-устун бўлиб кетибди-ку? Нима? Қаердасан? Малайзияда? Менга Япония девдинг-ку? Вой бетгинанг қурсин сени! Мени тириклай гўрга тиқдинг-ку! Хўп, бидирлама, бўлди. Яхши экансан. Ҳар куни икки марта телпон қилиб тур. Ҳа, пулини ўзим тўлайман.
Холниса телефонни қулоғидан олиб чуқур уф тортди-да, жойига беҳол ўтирди.
-Худога шукр, бошимиздан бало ариди. Энди мен борақолай, поччанг битта хўроз сўйиб, қон чиқариб юборсин.
-Бир пас ўтиринг, иссиқ қайтсин, кечки салқинда кетарсиз.
-Ўз уйим, ўлан тўшагим, бориб каравотимга думалаб олмасам, ҳолдан тойиб қоламан.
Хадича опасини узатиб чиқди. Холниса кўчага чиқиб девордаги “Уй сотилади” деган ёзувга боқди, сўнг эса синглисига савол назари билан қаради. Хадича ундан “ўчириб ташла”, деган амрни кутди. Лекин Холниса индамай кетаверди. Хадича унинг изидан қараб туриб, ёзувни кафти билан ўчирмоқчи бўлди. Қўлни узатди-ю, даров тортиб олди. Ёзувни опаси ёзиб кетган эди, ҳали қайтиб ўчириб кетишига ишонч уйғонди...
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 843 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар