Сайт бўлимлари
Ярашиш
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
- Чиққан санаси: 17 Сентябрь 2021
- (Нашр қилинган санаси)
Эр-хотиннинг ажраши биргина оилага хос масала эмас. Оиланинг бузилишига жамият бефарқ қараб туролмайди. Ҳар томондан оилани сақлаб қолишга уринишлар бўлади. Шу ўринда эр-хотиннинг жанжалидан ўзларини олиб қочувчи биродарларимизга ҳам Аллоҳнинг амрини эслатиб ўтиш жоиз: «Агар эр-хотиннинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангизлар, эрнинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам, хотиннинг уруғ-аймоғидан бир ҳакам чақирингиз. Агар улар ислоҳ қилишни истасалар, Аллоҳ эр-хотин орасига иттифоқликни солур. Албатта, Аллоҳ Билгувчи ва Хабардор Зотдир» (Нисо сурасидан).
Бу ояти каримада гап ҳам эр, ҳам хотин томонидан келишмовчилик чиққан пайтида кўриладиган чора ҳақида кетяпти. Шундай ҳолат юзага келдики, энди оиланинг сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи йўқ. Энди бошқаларнинг аралашуви билан оилани сақлаб қолиш чоралари кўрилиши шарт. Эр ўзи рози бўлган қариндошларидан, хотин ҳам ўзи рози бўлган қариндошларидан ҳакам тайин этади. Агар оила ҳали ёш бўлса, бу вазифани ота-оналар бажаришади. Муфассирлар бу ўринда «ўзи рози бўлган» деб алоҳида таъкид этишади. Бунга сабаб улар тайин этган ҳакамлар даъволарни эшитиб, шунчаки насиҳат қилиб қўйиш билан чекланишмайди. Улар ҳукм ҳам чиқарадилар ва эр ҳам, хотин ҳам уларнинг ҳукмига рози бўлишлари керак.
Ҳакамлар танланганида ақллари, турмушнинг пасту баландидан ўтиб келган тажрибалари инобатга олинади. Энг муҳими, ҳар икки томоннинг ҳаками Аллоҳдан қўрққан ҳолда адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилиши керак бўлади. Агар ўртада тақво бўлмаса, икки томон ўзи томонга оғиб кетаверса, адолат қарор топа олмайди. Бу ўринда тақво адолатни юзага чиқарувчи муҳим омилдир. Ҳакамларнинг асосий вазифаси эру хотин орасини ислоҳ қилишдир. Шунинг учун ҳам ояти каримада «агар улар ислоҳ қилишни истасалар», деб уларга ислоҳчилик нисбати бериляпти. Айрим уламолар «Ҳакамларга фақат яраштириш – ислоҳ ҳуқуқи берилган», дейдилар. Яна айримлари «Ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эру хотинни ажратиб қўйсалар ҳам ҳақлари бор, шунингдек, улар тегишли жазо чораларини, молу мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади», дейдилар.
Албатта, ҳакамлар ўзларининг инсоний чекланган илмлари ва имкониятлари доирасида ҳукм чиқарадилар. Ҳакамликка номзод мўлжаллаганда булар ҳам эътиборга олинмоғи шарт. Эр ёки хотин томон ҳакамликка қариндошларидан бирларини танлашгач, ажралишга сабаб бўлаётган ходиса ёки гапни унга баён қила бошлайдилар. Шубҳасиз, айб мағзаваси қарши томонга ағдарилади. Ҳакамларни қийин аҳволга солиб қўядиган ҳолат ҳам айнан шунда. Ҳакам донишманд бўлса, айтилганларнинг мағзини чақиб кўради, мантиқ тарозисига солиб чамалайди. Аравани қуруқ олиб қочадиганлардан бўлса, қарши томонни айблашдан бўшамайди. Баъзан бир-бирига мутлақо зид фикрлайдиган ҳакамлар учрашиб қоладиларки, ярашишга умид қилиб ўтирган эр-хотин оқибатда тамоман тескари бўлиб кетади.
Шундай воқеалардан бири: ёш оила ярим йил ичида бузилиш жари ёқасига келиб қолди. Куёв бола ажралишга асосий сабаб қилиб келиннинг кийиниш маданиятини кўрсатади. Яъни келин шим кияркан, эрнинг кийим борасидаги талабини рад этаркан. Бир қараганда талаб тўғри. Хотин эр хоҳлаганидай кийиниб юриши керак. Чунки хотин биринчи галда эрига чиройли ва ёқимли кўриниш ҳаракатида бўлиши керак. Бизда кўпинча тескари ҳолат кузатилади: аёлларимиз уйда ўзларига қарамайдилар, кўчага чиқадиган бўлишса пардоз-андозни бошлаб юборишади. Хуллас, йигит томон унинг талабларини мутлақо ҳақ деб турибди. Келин томондан тайинланган ҳакам эллик ёшлардаги гапга чечан аёл замонавий тарзда кийинган. Ёшига ярашмаса ҳам шим кийган, бошда рўмол йўқ. У шубҳасизки, ўз дунёқараши асосида келинни ҳимоя қилади. Куёв томонни феодалликда айблайди. «Шу қиз биринчи учрашувга чиққанида ҳам шим кийиб олган эди, ўшанда нима учун индамадингиз?» деб куёвга савол беради. Куёв «кейинроқ тўғри йўлга солиб олишга умид қилганини» айтади. Дуруст, куёвнинг шундай яхши нияти бор экан. Аммо бир одамни ўзгартириш учун ярим йил кифоя қилармикин? Сўфий Оллоҳёр айтмоқчи:
Замона хотунуни йўлга солмоқ
Эрур осон ул ишдин жанг қилмоқ...
Дейилмоқчики, бу замонда хотинларни тўғри йўлга солиш бир қалъани жанг қилиб олишдан мушкулдир.
Бу шароитдаги икки ҳакам гўё сув билан олов каби эди. Эр-хотин четда қолиб, улар ўзаро даҳанаки жангни бошлаб юборишди. Бу жангда ҳеч ким ғолиб келмади, оила барбод бўлди, холос. Демоқчимизки, ҳакамликка гапга чечанларни эмас, сермулоҳаза, доно одамларни танлаш керак.
Шу хусусда яна бир воқеа: эр хотинини бузуқликда айблаб ажрашмоқчи. Исломда шунчаки бировнинг гапи ёки гумон билан ўз аёлини бундай айблаш мумкин эмас. Гувоҳлар билан зино устида ушласагина даъвоси ўринли бўлади. Ажрашмоқчи бўлаётган эр айблайди, хотини бу айбни рад этиб, қасам ичади, айни чоқда эрини туҳматда айблайди. Ҳакамлар иштирокидаги мунозара узоқ давом этади. Шунда маҳалланинг доно оқсоқоли ҳисобланган ҳакамлардан бири эрни ташқарига имлаб чақиради-да, нимадир дейди. Эр ташқарида бир оз ўйланиб тургач, изига қайтиб, хотини билан ярашажагини маълум қилади. Бу ҳол кўпчиликни ажаблантиради, оқсоқолдан «йигитга нима девдингиз?» деб қизиқишади. Аммо оқсоқол орадаги сирни очмайди. Орадан кўп йиллар ўтди, оила тинч-тотув яшади, фарзандлар кўрди. Тўйлар қилишди. Ажрашмоқчи бўлган ўша эр автомобил ҳалокатида жон бергандан кейин, бир куни отахон менга сирни очдилар. Эрни фикрдан қайтарган гап бундай экан: «Ўғлим, бу хотинни қўйсанг, энди барибир сенга бокира қиз тегмайди. Битта ёки иккита эрдан чиққан хотинга уйланасан. Эҳтимол, сен уйланадиган хотин эридан чиққанидан кейин чакки юриб, яна қанча эркакларни кўргандир. Сен «хотиним битта одам билан юради», деб гумон қиляпсан. Гумонинг тўғри чиққанда ҳам шу хотининг кейин келадиганидан покизароқ бўлиб чиқади-ку? Ундан кўра гумонни бошингдан чиқариб ташла. Хотинингнинг чин сўзига ишон. Худо ҳам шунга буюради». Отахоннинг донолиги шундаки, бу гапни кўпчиликнинг орасида айтганида эр қулоқ солмаган бўларди. Аксинча «Ҳали қараб турасиз, онаси ўпмаган қизга уйланаман!» деб кўкрагига урган бўларди.
Тоҳир Малик
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 793 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар