Сайт бўлимлари
Бахт формуласи ёхуд тақдир ҳикмати
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 02 Июнь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Мен бугун бу саволнинг жавобини топгандайман: у тақдирга иймон келтиришдир.
Инсон бошига келадиган яхшилик ва ёмонликнинг барчасини Аллоҳдан деб билиб, тақдирга тан беришда экан. Бу бахт формуласи эмас, балки, бахтнинг айни ўзи экан. Энг катта бахт инсон ўз келажагини билмаслигида экан...
Сиз бир дўхтир томонидан: “Бўлди энди биродар, қўлимиздан келганини қилдик. Начора, бандачилик. Узоғи билан фалон муддат яшашингиз мумкин” деб айтилган беморни кўрганмисиз? Шунда унинг аҳволи нима кечганини биласизми? Унда эшитинг:
“Ўн беш йиллар олдин дадам касал бўлиб, Фарғонага – вилоят касалхонасига – даволанишга кетдилар. Ойим ҳар куни эрта билан ишларига бориб, кеч шомда келар эдилар. Мен уйда укаларимга қараб, кечки овқат қилиб турар эдим. Дадам ўн кун даволаниб келишлари керак эди. Аниғини билмайман, касалхонага кетганларининг олтинчими, еттинчими куни аср вақтларида дадам кириб келдилар. Табиийки, биз дадажонни соғинганмиз, роса хурсанд бўлдик. Дадам эгнидаги кийимларини ечиб, иш кийимларини кийдилар-да, ховлининг ҳамма жойини бирма бир тозалай бошладилар. Шом пайти ойим ҳам келдилар. Келдилару бирдан дадамни кўриб ранглари ўзгариб, бирдан хавотирга тушиб қолдилар ва дадамдан нима бўлаётганини сўрасалар, дўхтир дадамнинг касалини тополмай, қўйган ташхиси фойда бермай, охири бир ҳафтадан кейин Андижонга бориб, аллақандай бир аппаратга тушиб, ташхис қўйдириб келинг, деганмиш. Онам: “Ҳа хўп, бунинг нимасини ваҳима қилиш керак”, десалар, дадам: “Гап бу ёқда экан-у мен тушунмаган эканман...”, дебдилар.
Кейин билсам, 1991 йил туғилиб, ёшига тўлмай вафот этган укам бўлган экан. Укамни ҳам шу дўхтир даволаган экану, иложи бўлмагач, уч ойдан кейин олиб келинглар деб, муолажани кейин давом эттирамиз, деб жавоб бериб юборган ва икки ой ўтмасдан укам вафот этган экан. Дўхтир “соҳасининг мутахассиси”, “қўл билан саналадиган шифокорлардан”. Унинг устига бир сафар у даволай олмай жавоб бериб юборган фарзандларидан айрилиб қолган ота-онам ҳақли равишда тушкунликка тушаётган эканлар...
Вақт жуда оз. Дўхтир укамни икки ойдан кейин даволаймиз деган бўлса, дадамга қўйган ташхиси фойда бермагач, келаси душанба келасиз, деб жавоб бериб юборган. Мен ҳам энди англадим. Қарасам, дадамнинг аҳволи яхши эмас. Энди барчамиз одамга хос ожизона фикримиз ила ноумидликка тушиб, душанбани кута бошладик. Тамом, ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлиш керак, эртанги кун Худодан бошқага қоронғу...
Ахири шунча дилхиралик билан кутилган душанба саҳари амаким дадамни олиб Андижонга олиб бордилар. Ҳаммамиз ортларидан дуолар қилиб қолдик...
Кечга яқин мактабдан келдим. Не кўз билан кўрай-ки, (бу ёғини айтишим ҳам қийин) ойим овқат қиляптилар. Дадам эса, ойимнинг ёнларида ўтириб, ўчоққа ўтин соляптилар. Иккалари ҳам хурсанд, юзларида табассум ила кечки овқатни тайёрлаяптилар...
Бу ёғини ўзлари айтиб берсинлар: “Ҳалиги дўхтир жавоб бергач, ўзимдан умидимни уздим ва душанба кунигача ҳам яшамас эканман-да, деб ўйладим. Инсон ўзининг ўлимини билиб бир кун роҳат-фароғатда яшаганидан кўра, билмасдан бир умр роҳат кўрмай, қийинчиликда яшагани осон экан. Кундан кун ўзингни ўзинг еб адойи тамом қиларкансан киши... Худо етказиб душанба куни Андижонга йўлга чиқдик. Кетаётиб йўл ўтиши жуда қийин кечди. Қалтироқ тутиб, совқотиб, безгак тутиб кетаверди. Умидсиз аппаратга тушдим. Чунки натижа “аниқ”. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан...
Бироздан кейин натижа чиқди. Унга кўра мен соппа-соғ экан эмишман. Худонинг қудрати олдида ҳамма нарса ожиз эканига тан бердим ва фақат шукр қилдим. Натижани эшитганим замон ўзимни соғлом ҳис қилиб, касаллигимни унута бошладим, қалбимда умид уйғонди. Энди Фарғонага ҳалиги дўхтирнинг олдига ошиқдим. Фарғонага кетишда ўзимни қушдек ҳис этдим. Етиб келгач, дўхтирга аппарат хулосасини бердим. У бир кўз юритди-да, бирдан юзига табассум югуриб, мени қучоқлаб олди ва “муборак бўлсин, муборак бўлсин, сизни Худо қайтариб берди, очиғи мен бунақа натижа кутмагандим, Худо қайтариб берди сизни, Ўзига шукр”, деди кўз ёшини артиб. Мен ҳам ўзимни тутиб туролмадим. Ўзига шукр, Ўзига шукр”...
Бу формулани мен ўзим кашф қилганим йўқ. Буни адиб Али Тантовий ҳам ўзининг “Тақдир ҳикмати” деган мақоласида бир нечта ҳаётий мисоллар билан исботлаб берганлар. Бу мақола она тилимизга тўлиқ таржима қилинган. Уни ҳам бир ўқиб кўрсангиз, хулосани ўзингиз қиласиз. Қуйида мен ундан қисқа иқтибос келтираман:
“...Тақдирга иймон келтириш бу ҳаёт демакдир. Чунки у сизга ҳар қандай зулматда сизга зиё йўлини очиб беради. Ҳар қандай қийинчиликда сизга умид эшигини очиб беради. Агар инсоният онгида умидворлик ҳисси бўлмаганида эди, касал одамни касаллиги ўлдиришидан олдин ўзининг ваҳимаси билан ўлиб кетарди. Жанг майдонидаги аскар душман ўлдирмай туриб, қўрққанидан ўзи ўлиб кетарди. Агар умид бўлмаганида, ҳаёт бўлмасди.
Агар ҳамма ишларни ақл эҳтимоллари (эҳтимоллар назарияси)га, материалистик қарашларга ташлаб қўядиган бўлсангиз, зарарли бактериялар бўлиши мумкин деган хаёл ила тоза ҳаводан нафас ололмас, бир қултум сув ҳам ича олмасдингиз. Уриб кетиши эҳтимолдан холи эмас деб, машинага ҳам чиқмасдингиз. Қулаб тушиши мумкин деб, (кўп қаватли) бинога ҳам чиқмаган бўлардингиз. Фарзанд кўришни хаёлингизга ҳам келтирмаган бўлардингиз, чунки, у ҳам бир кун ўлади. Хиёнат қилиши мумкин деб, бирор киши билан дўстлашмас эдингиз. Тўплаган молу дунёйингиздан ташвишланаверар эдингиз, чунки у ҳам ўғирланиши мумкин. Уйингизда ҳам тинч ўтиролмайсиз, чунки ёниб кетиши мумкин.
Тақдирга иймон келтириш роҳатдир. Акс ҳолда, муваффақиятсизликка учраб ёки мусобақада ортда қолиб кетадиган бўлсангиз, афсусдан каллангизни узиб олган бўлардингиз.
Тақдирга иймон келтириш бу тасалли (далда)дир. Агар пешонангизга битта фарзандидан айрилади деб, ёзилган бўлса, Аллоҳга шукр қилинг. Чунки иккита фарзандидан айрилган кишилар ҳам бор. Агар cиз юз минг зарар кўрган бўлсангиз, одамлар орасида икки минг зарар кўрганлари ҳам бор.
Ана энди тақдир ҳикмати нима эканини англаб етдингизми?
Тақдир ҳикмати бу астойдил ишлашимиз, ҳаракат қилишимиз, бор кучимизни сарфлашимиз, сўнг ишимиз ўнгидан келмай қолса, хафа бўлмаслигимиз, хоҳлаган нарсамизга ета олмасак афсусланмаслигимиздир. Бизнинг тақдирга бўлган муносабатимиз серқатнов йўлда кетаётган одам каби бўлиши керак. Агар бу йўлдаги ҳодиса ва хатарларни ўйласа, бир қадам ҳам ташлай олмайди. Агар ўзича ғурурланиб, келаётган машиналарни қайтара оламан, хатарларни даф қила оламан деб ўйласа, у бу йўлдан соғ чиқа олмайди. Мабодо эҳтиёт бўлиб, хушёр юрадиган бўлса, ана ўша айни оқил одам бўлади. Агар соғ-омон кўзлаган манзилига етиб олса, буни насиб қилган Аллоҳга ҳамдлар айтади. Агар бирор фалокат (автофалокат)га учраса, ўзи қилиши керак бўлган ишда камчиликка йўл қўймагани, бу эса тақдирнинг ҳукми эканини эслайди...”.
Хулосани юқорида айтганимиздек, ҳар ким ўзи қилади. Бир илтимосим бор эди: ота-онамни дуо қилинглар. Дунё ва охират саодатини кўришсин. Сиз-у бизни ҳам тақдиримизга Аллоҳ таоло икки дунё бахтини битган бўлсин. Омийн...
Баҳодир Баҳромжон ўғли
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 418 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар