1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Гўрковнинг жиддий хатоси

Яхши ният ярим мол, дейди халқимиз. Топиб айтилган гап. Мен бунга қўшимча сифатида айтардимки, яхши ният баъзида бутун мол! Ёмон ният баъзида катта мусибат. Инсоннинг лафзи эса ана шу ниятни қалбидан ўтказмаса ҳам, катта ишларга қўл уриб юбориши мумкин. Мен бугун сизнинг эътиборингизга яқинда бўлиб ўтган бир воқеани келтираман.

Бир қадрдонимиз айтиб бердилар бу воқеани.
«Қудамнинг водийдан келаётганда қаттиқ автоҳодиса туфайли касалхонага ётқизилганлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, тезлик билан ўша томонга йўл олдим. Менга хабар берган киши қудам автомашина ҳайдовчисининг олдида ўтириб кетаётганда ҳалокат содир бўлганини айтди. Қаттиқ қўрқдим. Сабаби, аварияга учраган машина ичида энг кўп жабр чекадиган киши одатда ҳайдовчининг олдидаги киши бўлади. Кейингиси ҳайдовчининг ўзи, ундан сўнг орқадагилар. Буни кўпчилик билади. Лекин мен касалхонага борганимда ҳайратимни қўзғовчи хабарни айтишганда донг қотиб қолдим.
Маълум бўлишича, қудам тирик қолган, ҳайдовчи ҳам, орқадаги икки одам ҳам вафот этибди. Қанақаси, ахир ҳайдовчининг олдидаги одам қандай қилиб тирик қолади, деган ҳақли савол ўйнай бошлади миямда. Ҳа, энди Аллоҳнинг тақдири-да, деб ўзимни овутишга уринардиму, ҳодиса қандай бўлганини тушуна олмасдим. Чунки қудам кетаётган машинани қарама-қаршидан машина келиб урса, олдида ўтирган одамнинг аҳволи аянчли бўлиши аниқ эди.
Касалхонада қудам ўзига келмаганини айтишди. Камида икки кунда кома ҳолатидан чиқар экан, деб хабар беришди. Уйга маҳзун ҳолатда қайтдим.
Икки кундан кейин чиндан ҳам кўз очди. Тил гапиришга тушди. Мен кўргани борганимда одам кўп экан. Секин кирдим, мени таниди. Ҳол-аҳвол сўраб суриштириб, безовта қилмаслик учун чиқиб кетишга рухсат сўрадим. Қудам эса кутилмаганда ичимни билиб тургандек, бўлган воқеани айтиб беришни истаб қолди. Индамайгина чўккаладим.
— Мен Қўқондан бир таксичи йигитнинг машинасига ўтирдим. Олдиндан жой олдим. Орқа ўриндиққа икки одам келиб, уч кишининг пулини тўлаб кетишларини маълум қилди.
Ҳайдовчи қурмағур жуда тез ҳайдар экан. Қамчиқ довонидаги йўлда шу қадар тез ҳайдадики, орқа ўриндиқда ўтирган шерикларим икки-уч марта «Сал секинроқ ҳайдайверинг», деб қўйишди.
Охири мен чидаёлмадим:
— Бўлди-да энди, ука. Бир айтилди, икки айтилди, сал секин ҳайдашнинг иложи йўқми? Ундан кўра тушириб кетақолинг. Яёв етиб борсам хавфсизроқ бўлади! — деб қаттиқ оҳангда таъкидладим.
Ёшлигига бориб ҳалиги йигит менинг гапларимни қаттиқ олди ва юзимга қараб:
— Дуо қилиб кетаверинг, Худо сизни қутқариб олади! — деди.
Юрагим жиз этди. Сабаби, унинг тилидан «сизни қутқариб олади», деган гап янгради. Бу жумланинг давомида «биз ўзимизни ўзимиз сақлаб олаверамиз», деган сўзлар ҳам яширин қолганди.
Жаҳл устида:
— Ўзингиз биласиз, бўлмаса мен дуо ўқишни бошладим, — дедим.
Шу гапни гапирдиму, олдинга қарагандим, машинамиз қаршисида жуда катта тезликда янги «Нексия» учиб келарди. Ҳайдовчимиз машинани олиб қочишга уринди-ю, иложини топа олмади ва...
У ёғи нима бўлганини эслай олмайман. Кўзимни очсам, шу ерда ётибман. Худога шукр, миям лат емаган экан, ҳодисани дарҳол эсладим. Эсладиму, игна санчишга тайёр турган ҳамширадан: «Шерикларим тирикми?» деб сўрадим. Бахтга қарши, уларнинг ҳаммаси вафот этганлиги ҳақидаги хабарни эшитдим.
Кейин ўйланиб қолдим, мен энг хавфли жойда ўтириб тирик қолдиму, орқада кетаётганлар ҳам ҳалокатга учрабди. Буларнинг барчасига сабаб ўлароқ ўша йигитнинг биргина ўйламасдан айтган гапини тасаввур қилдим. Агар ўша гапни гапирмагандами?!
Қудамнинг ҳолати ва айтиб берган ҳикояси тўпланганларни йиғлатиб юборди. Бу ҳодиса бир томондан Худонинг қудратига тасаннолар айтишга ундаса, бир томондан биттагина нотўғри лафзнинг оқибати нечоғлиқ оғир эканлигини тушунтирарди. Олд ўриндиқда кетаётган инсонни сақлаб қолишни ирода қилган Аллоҳ орқа ўриндиқдаги бандаларининг жонини хотиржам олишини намойиш этганди гўё.
Бу катта ибрат ҳар биримиз оғзимиздан чиқаётган сўзларга жиддий эътибор қаратишимизни талаб этади. Бекордан бекорга айтилган сўзлар, ҳазиллашиб улашилган «тилаклар» келажакда ўз бўйини кўрсатганида, инсон довдираб қолишини ҳис қилишимиз зарур.

Тошкентлик бир гўрков айтиб берган воқеа ушбу мақолани юқори нуқтада якунлаб олишимга ёрдам беради:
— Бир куни дўстимни қабристонга олиб кирдим. Биттагина қабр кавлаб, кейин унинг иши билан бир жойга ўтиб келишимиз керак эди. Гўрковларда битта одат бор, буюртма бўлмасидан аввал шошиб қолмаслик учун гўр қазиб қўйилади. Ана шундай «номаълум одам»га қабр қазиётган эдим, дўстим уч-тўрт марталаб, бу ерга ким келар экан, кимга кавлаяпсан, олдиндан бирор нарса аён бўладими, деган бемаза саволларни бераверди. Охири сабрим чидамай: «Сенга кавлаяпман, сени эртага олиб келишади шу аён бўлди!» деб юбордим.
Қаерданам гапирдим шу сўзларни. Ўша куни кечқурун дўстим автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлибди. Эртасига пешин намози ўқилаётган пайтда тобути кўтариб келинди. Жой эса уни кутарди...
Ҳар доим хушниятли, офиятли ва фаросатли бўлайлик. Мукаррам яратилган зот эканлигимизни унутмайлик. Лафзимизнинг оқибатлари ҳақида ўйланайлик. Қаттиқ ўйланайлик!

Ҳозир сайтимизда 629 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ