Сайт бўлимлари
Ҳар не қилсанг...
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 17 Май 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Фотима опа ҳикояси
Бу одамни орқаваротдан Одил жинни деб аташади. Болалигимизда кап-катта йигит бўлса ҳам, бизга қўшилиб уззукун кўчадан бери келмас, айрим болалар жиғига тегиб қочса, ортларидан қувлаб берарди. Кексайиб қолганига қарамай, аксарият ёғоч отига миниб, ғалати овозлар чиқариб юрадиган бу гунг кишини онамнинг зиёратларига борганимда, деярли, ҳар гал кўраман. Ва ҳар гал онам айтиб берган, ана шу ақли заиф ўғлининг ҳасратида ўтган Саломат холанинг Солиҳа бувимга зорланиб айтган сўзлари эсимга тушади: “Худодан қайтди, менга, Худодан қайтди. Кошки ўша Муборакни соқов деб кулмаган, мазах қилмаган бўлсайдим...”
...Муборак ота-онасидан жуда эрта айрилди. Ҳеч кими қолмаган етим қизни Солиҳа ойим қарамоғига олди. Муборак ана шу уйда, Абдураҳмонбойнинг катта қўрғонида улғайди. У жуда одобли, уқувли эди. Тез орада рўзғор ишларини ўрганиб олди, қўлидан келмаган иш йўқ эди ҳисоби. Хонадон аъзолари, қўрғондаги хизматкорлар ҳам Муборакка яхши муносабатда бўлишар, бири кам дунё дегандек, шундай қизнинг соқов эканлигига ачинишарди.
Солиҳа ойимникига келин тушадиган бўлди. Катталар маслаҳатлашиб, қўрғонда хизмат қилиб юрадиган Ўктамжонни уйлантириб қўйишга қарор қилишди. Кўча охиридаги қўл учида кун кўрадиган оиланинг қизига нон синдириб келишгач, ҳовлининг этак томонига келин-куёв учун икки хона уй солинди. Келин тушганида ҳаммадан ҳам кўпроқ Муборак суюнди. Ахир, Саломат ўзи билан тенгдош экан, дугона бўлишади. Барча ишларни биргалашиб, келишиб қилишади, Муборак ҳеч зерикмайди. Ахир, унинг тили бўлмаса ҳам, Саломат гапириб туради-ку!
Лекин, келин дилозор чиқди. Аслида, ўзи ҳам хизматкорнинг хотини бўла туриб, Муборакни чўри деб мазах қилади. У ёққа ўтса ҳам, бу ёққа ўтса ҳам “соқов, соқов”, деб масхаралайди, туртиб ўтади, чимчилаб кетади. Муборак жаҳли чиқиб бақириб қолса, баттар эрмак қилади. Солиҳа ойим қанча танбеҳ берса ҳам, келин бу ишдан тийилмади. Айниқса, бир сафар ёмон бўлди. Саломат иш қилаётган киши бўлиб, кўрпа қавиётган Муборакнинг сочпопук тақилган узун сочидан бир ўримини катта тўғноғич билан кўрпачага маҳкамлади. Шу пайт ўчакишгандек, Муборакнинг оёғи ёнидан сичқон ўтиб қолди. Сичқондан ўлгудек қўрқадиган бечора қиз қочаман деб, бир силтаниб турган ҳам эдики, бақирганча энсасини ушлаб ўтириб қолди... Бу сафар Муборак ёмон йиғлади, келинни қаттиқ қарғади – юрагига уриб-уриб, ерни муштлаб-муштлаб...
Ўша йили тенги чиқиб, Солиҳа ойим Муборакни ўз қизидай узатди. У кейин ҳам бири биридан ширин, бийрон-бийрон болаларини етаклаб Солиҳа ойимнинг зиёратига келиб-кетиб юрди, аммо ўша-ўша Саломатнинг юзига қарамади. Бу орада Ўктамжонлар ҳам икки ўғил кўришди. То учинчи ўғли Одил туғилмагунича Саломат Муборакни эсламади. Лекин Одилни дунёга келтирганидан бошлаб то ўзи вафот этгунича ўша қилган ножўя ишлари, Муборакнинг ер муштлаб қарғаганлари ҳар он ёдига тушадиган, йиғлаб-йиғлаб истиғфор айтадиган бўлди. Чунки ўғли гунг, бунинг устига ақли заиф бўлиб туғилган эди...
Онамни кўргани борганимда деярли ҳар гал Саломат холанинг ўғли, одамлар орқаваротдан Одил жинни деб атайдиган гунг кишини кўраман. Ва ҳар гал эсимга ҳозиргина ўзим сўзлаб ўтган ҳикоя тушади.
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 832 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар