Сайт бўлимлари
21-декабрь. Охирги кун
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 24 Июнь 2014
- (Нашр қилинган санаси)
– Қиёмат қачон қойим бўлади? – деб сўради саҳобалардан бири.
– Қиёматга нима ҳозирлаб қўйдинг? – деб жавоб бердилар Пайғамбаримиз алайҳиссалом.
1.
Эртага 21 декабрь.
Эртага Майяларнинг тақвими тугайди.
Эртага 21 декабрь. Бутун дунёдаги иймони сустлар назарида ОХИРГИ КУН.
Иймони бутунлар парво қилмайдилар, бу гапларга: Қиёмат қачон бўлиши ёлғиз Парвардигорга аён!
Майли, кўп ҳам ақлли бўлмайин-да, 21-декабрь дунёнинг охирги куни эканига ишонайин! (Пайғамбаримиз “Қиёмат Жума куни бўлади”, дебдилар. Ҳайҳот! 21-декабрь Жума экан!)
Унда нима қилишим керак?
Бир жойга уч кун кетсам, уйдагиларга, эҳ-ҳе, қанча ишларни тайинлаб кетардим? Ахир эртага бутунлай кетаман-ку? Нималарни тайинлашим керак, уйдагиларга?
Бир жойга уч кунгинага кетсам, бир жомадон нарса олардим, ўзим билан: ҳужжатлар, пул, уст-бош, сочиқ, устара, китоб, қоғоз-қалам, ...
Ахир эртага бутунлай кетаман-ку? Ўзим билан нималарни олишим керак?
2.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Қачондан бери отамнинг қабрини зиёрат қилмагандим. Демак, бугун отамнинг бошига боришим керак.
Неча йилдан бери онамнинг мозорига онам яхши кўрган настарин кўчатини экаман, дейман. Ҳар баҳорда эсимдан чиқиб кетади? Демак, бугун онамнинг бошига настарин экишим керак. Декабрда эксам, кўкарармикан? Барибир экаман, чунки ихтиёримда бошқа кун йўқ-ку?
Акам, сингилларимнинг қабрларини ҳам зиёрат қилишга улгуришим керак. Сингилларимнинг қабрлари турли қишлоқларда...
3.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
“Алифбе”ни ўргатган устозим, биринчи ўқитувчим Фотима опанинг кўнглини олишни ҳар йили ўйлайман, аммо ҳар йили “Ўқитувчилар куни”да қишлоққа боролмайман. Демак, гарчи бугун “Ўқитувчилар куни” бўлмаса-да, шу бугун устозимнинг уйига боришим, у кишига менинг саводимни чиқарганликлари учун қачондан бери кўнглимнинг тубида асраб юрган миннатдорчилик сўзларимни айтишим керак. У кишига бағишлов сўзи ёзган китобимни ҳадя этишим керак, бугун. Бошқа ўқитувчиларимни ҳам зиёрат қилиб чиқишим керак, бугун! “Ўқитувчилар куни” бўлмаса ҳам. Ахир “Ўқитувчилар куни” тугул, “Ўқувчилар куни” ҳам йўқ, энди. Бошқа ҳеч қанақа кун йўқ-ку, энди!
4.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Опамни бориб кўрмаганимга, жиянларимдан хабар олмаганимга кўп, жудаям кўп бўлибди. Опамга уч марта айтдим, “Опа, бир дам олиш куни келаман, сиз билан бирга, қизларингизникига борамиз, жиянларим “Мени, болаларимни кўришга тоғам келибди”, деб бир хурсанд бўлиб қолишсин!” деб. Ниятим улуғ бўлди, аммо мен опамга айтган ўша, дам олиш куни ҳеч келмади. Бугун дам олиш куни бўлмаса ҳам, опамникига боришим, қизлариникига кириб чиқишим керак. Ахир, энди дам олиш куни тугул, иш куни ҳам йўқ-ку, бугундан бошқа?
5.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Акам, кўрганда онамни эслатадиган акамни кўришга бормаганимга ҳам кўп бўлибди-ку? Охирги марта акам билан қачон тўйиб гаплашдик экан? Иккаламиз битта кўрпада ётиб, катта бўлган акам билан охирги марта қачон бирга ухлаганим эсимда йўқ. Демак, бугун акамникига боришим, қолиб, акам билан тонггача суҳбатлашишим, болалигимизни эслашимиз, бузилиб кетган эски уйларни, унинг томига чиқиб, бирга қор кураганларимизни, ўзимиз кураган қордан сирпаниб пастга тушганларимизни эслашимиз, бирга битта ижара уйда туриб, шаҳарда ўқиганларимизни эслашимиз, иккаламиздан бошқа ҳеч ким билмайдиган сирларимизни эслашимиз, отамизни, онамизни бирга-бирга эслашимиз керак. Ахир, ихтиёримизда бошқа тун йўқ-ку?!
6.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Синглимни, кўрганимда отамни эслатадиган синглимни соғинганимни ҳозир билдим. Онамдай меҳрибон синглимни, сингилларим ўлиб-ўлиб, отамдан, онамдан қолган ёдгорим, ёлғиз синглимни бирданига жуда соғиндим. Энг аввал шу синглимникига боришим керак экан. Жиянларимни, айниқса, отамга ўхшайдиган Фирдавсни тўйиб-тўйиб, бағримга босаман, бугун.
Синглимнинг пиширадиган ошигина онам пиширган ошга ўхшайди. Демак, бир ошлик нарса олиб бориб, синглимга ош қилдираман. Ахир, синглим ош қилиб берадиган бошқа кун йўқ-ку?
7.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Онамга икки томчи сувдек ўхшайдиган, онамнинг ўрнига онам бўлиб қолган холамнинг зиёратига бормаганимга ҳам анча бўлибди. “Холанг айлансин, бир келиб кет, соғиндим! Бизлар ҳам ғаниматмиз, жигарим. Тез-тез хабар олиб тур, шу йилдан қувватим йўқ, ғафлатда қолмагин, болам!” дейди холам.
Онамга кўп яхшилик қилолмаганман. Онамни курортларга юбора олмаганман. Онамни сайру-саёҳатларга олиб бора олмаганман. Қўлим калта эди. Бугун уй-жой, машина, пул, ҳаммаси бор, аммо энди ... онам йўқ.
Онамга олиб бермоқчи бўлган кўйлагимни ҳозироқ сотиб олиб, холамникига бораман! Ахир, эртага мен кўнглини олишим, дуосини олишим мумкин бўлган биттагина холамни ҳам топа олмайман-ку?
8.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Тоғамни, мени яхши кўрадиган болаларини охирги марта қачон кўргандим? Акамнинг тўйида кўрган эканман. Ундан олдин-чи? Тоғамнинг ўғли тўй қилганда. Ундан олдин опамнинг тўйида. Тоғам ва болаларини фақат тўйларда кўриб юрган эканман-ку? Тоғамнинг уйига, уни, болаларини кўргани атайлаб бормабман-ку? “Ёзувчи жияним бор”, деб ҳамма жойда фахрланиб, айтиб юрадиган тоғамнинг уйига шу бугун бормасам бўлмайди. Ахир, эртага тоғамни ҳам, унинг уйини ҳам топа олмайман-ку?
9.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Дунёда жуда кўп дўстлар орттирдим. Энг беғубор дўстлик болаликдаги дўстлик бўлар экан. Болаликдаги дўстларим, синфдошларим билан минг йилдан бери кўриша олмадим. Зиёдулла, Сирожиддин, Мавлон, Султон, Майсара, Анбар, ...
Мактабни битирар чоғимиз олган альбомимизнинг орқасига “Ҳар йили 27-июн куни мактаб ҳовлисида учрашамиз”, деб ёзилган экан. Ўшандан бери 27-июн ўттиз беш марта келибди-ю, мен номард, бир марта ҳам бормабман, мактаб боғига.
Бугун мактабимизга боришим, синфдошларнинг барини кўришим, иложи бўлса, бир жойга йиғишим, охирги марта дийдорлашишим керак. Ахир, энди 27-июн келмайди-ку? 27-декабрь келмайди-ю?!
10.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Жаласойни яхши кўраман!
Ҳар битта ёзган асаримнинг бирор ерида билдириб-билдирмай, туғилиб ўсган бу ғаройиб қишлоғимнинг номини албатта “қистириб” ўтганман. Жаласойнинг Гулдуртепалари, Қозонариқлари, Шомқочдилари тушларимга киради. Эсласам, болалигимда мен терган бўтакўз, қизғалдоқ, чучмома, бинафшагулларнинг ҳидлари димоғимга келиб кетади. Мен қўй боқиб, катта бўлганман Жаласой даштларида. Ана шу даштларга бир чиқишим керак, ана шу даштларнинг ҳидини ҳидлашим керак, ана шу даштларга чиқиб, худди болалигимдагидек, ўт-ўланлар ичида чалқанча ётиб, муллатўрғайлари бир жойда туриб олиб, бетиним “чуғур-чуғур” қиладиган осмонига тўйиб-тўйиб қарашим керак, деб юрардим қанчадан бери. Лекин мени шоир қилган, тилимни бурро қилган, қалбимни ўзининг осмонидек кенг қилган, ўзининг Афандинамо одамларидек, соддадил қилган Жаласойга неча йиллардан бери бора олмабман!
Бугун Жаласойга бораман! Гулдуртепага чиқаман! Шомқочдига ўтаман! Майли, совуқ бўлса ҳам, майли, ўт-ўланлар бўлмаса ҳам, майли, осмонида муллатўрғайлар бўлмаса ҳам, ... осмонга термулиб ётаман. Ахир, энди ўт-ўланлар бошқа кўкармайди-ку? Ахир, энди осмонга муллатўрғайлар кўтарилмайди-ку?
11.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Аёлимни кўп ранжитдим. Билиб-билмай, дилини кўп оғритдим. Кўча-кўйда ранжитганларнинг аламини ҳам, ишхонадаги кўнгилхираликларнинг аламини ҳам хотинимдан олдим, кўпинча. Ўзимдан билиб, бирор марта унга қимматбаҳо тақинчоқ ёки арзигулик кийим-кечак ҳам олиб беролмабман, бугун ўйласам. Бошқаси майли, уни яхши кўришимни бирор марта билдириб қўйдиммикан? Қачон айтдим охирги марта, “севаман!” деган сўзни? Эсимда йўқ. Тўйдан кейин айтмабман, шекилли? Бугун айтмасам бўлмайди. Бугун айтмасам, ҳеч қачон айтолмайман. Бугун унга энг чиройли гулларни совға қиламан! Дўкондаги ҳамма гулларни оламан, бугун! Ахир гул сотувчи қолган гулни нима қилади? Эртага харидор келмайди-ку?
12.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун бор.
Энди нима қиламан?
Эҳ, “Ўғилларим, қизларим ўқисин!”, дебман. “Улар ҳали ёш”, дебман. На ўғил уйлантирибман, на қиз чиқарибман. Кечгача ўғилларим ўзларига қаллиқ топармикан? Йўқ, энди кеч! Қудаларни кўндириш қийин. Бир кунда тўй қилиб бўлмайди.
Қизларимга ҳам бир кунда қаллиқ тополмайман, энди. Аттанг! Уларни талабалигидаёқ узатиб юборсам бўларкан! Яна ҳаммаси ҳар жойда. Уларни шу бугуноқ уйга йиғишим керак. Ҳулкарим Ҳиндистонда. Ҳозироқ қўнғироқ қиламан, учиб келсин! Самолётга билет ола олармикан, энди? Бугун аэропортлар ҳам роса тиқилинчдир? Ахир, одамлар турли мамлакатлардан уйларига бугун учиб келишмаса, эртага самолётлар учмайди-ку?
13.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Ҳали ихтиёримда бир кун бор.
Бугун нима қиламан?
Босилиб чиққан китобларимни қатор қилиб тердим: “Гунг қиз”, “Синфдошлари йўқ одам”, “Худоёров йигитлари”, “Жийда гули”, “Дилхирож”. “Майда безори қария” босмахонада турибди. Уни олиб келиш керак. Шу бугун Тошкентга бориб, олиб келишим керак. Бўлмаса, босмахонада қолиб кетади.
Ёзган барча ҳикояларимни тартибга солдим. Йўналишига қараб, алоҳида китобларга ажратдим. Яна ўнта китоб бўлди. Бугун кечгача бирор ноширни топиб, уларни чоп қилишнинг иложи йўқ. Ноширлар кўнмайди, бунча тез китоб чиқариб беришга.
Устозим, Тоғай Мурод йўлида ёзган қисса ва ҳикояларимни йиғиб, бир китоб тайёр қилувдим: “Тоғай Муроддан қолган далалар”. Бир китобимда катта гапириб қўйгандим, “Тоғай Муродга ҳайкал қўяман!” деб. “Ўзбекка ҳайкал қўяман!” деб “Отамдан қолган далалар” билан Ўзбекка ҳайкал қўйган Тоғай Муродга ҳайкалим бўларди, “Тоғай Муроддан қолган далалар”. Шошилсам бўлмасмиди? Энди мен Тоғай Мурод устозимга ҳайкал қўя олмайман!
Нима қилсам экан-а? Ўлганидан кейин асарлари чоп этилиб, машҳур бўлиб кетган ёзувчиларни биламан. Муса Жалил ҳатто қаҳрамон бўлган. Унинг шеърларини асирликда бирга бўлган дўстлари чоп эттиришган. Аммо энди менинг ёзганларимни китоб қилиб, чоп этадиган одамнинг ўзи қолмайди-ку, эртага?
Ҳа, ёзувчи одам асарларини пешма-пеш, вақтида чоп эттириб туриши керак экан. Аттанг!
Халқ шоири, Ҳалима опам “Сиз шеърларингизни алоҳида китоб қилиб чиқаринг, ўзим сўз боши ёзиб бераман!” дегандилар. Юсуфхон деган ношир йигит “Ўзим чиқараман, битта суратингиз билан тез етказинг!” деган эди. Тез олиб борсам бўлмасмиди? Энди шеърларим китоб бўлиб чиқмайди. Ҳеч қачон! Ҳар қанча тез олиб бормай, энди Юсуфхон улгурмайди!
14.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Ихтиёримда бир кун бор.
Бугун нима қиламан?
Киносценарийларимни қараб чиқдим. “Ота”, “Чақмоқ”, “Сабринисо” ва “Жийда гули”. Булар олинганлари. Олинаётганлари қанча-ю, олинмаганлари қанча? Нозим Тўлахўжаев билан “Худоёров йигитларини”ни ўттиз серияли телесериал қилишга келишиб, сценарийсини ёзиб қўйгандим. “Сўнгги бек” деган йигирма қисмли сериал сценарийсини “Фонд форум” қабул қилган эди. “Қасам”ни суратга олиш ишлари бошланган, Иброҳим унинг йигирма қисмли телесериал вариантини ҳам суратга олмоқчи эди. Энди улгурмайди. Эркин Комиловнинг илтимосига кўра, у киши учун махсус “Чори полвон” деган фильм сценарийсини, Ражаб Адашевнинг “буюртмаси”га кўра “Майда безори қария” комедиясининг сценарийсини ёзиб қўйгандим. “Онаизор” тайёр эди. “Чўммоқ”нинг сценарийсини бошлаб қўйгандим. Ёзмоқчи бўлган киносценарийларим қанча эди: “Унсин момо”, “Ишқ сонатаси”, “Палов”, “Лайлакқор”, ...
“Худди “Қушдек енгил бўлинг!”га ўхшаган Ўзбекнинг ҳам ҳар янги йилда кўрсатадиган бир комедияси бўлсин!” деган яхши ниятда “Жаласойлик Қорбобо” деган комедиянинг сценарийсини режессёрларга берган эдим. Аттанг, энди олишга улгуришмайди. Эртагача олишгани билан, энди янги йил келмайди-ку?
15.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кунгина қолибди.
Энди нима қиламан?
Қилинмаган, аммо қилиниши керак бўлган қанча ишларим бор экан?
Яқингинада Стендал, Шолохов, Чехов, Толстойларнинг тўлиқ томларини, Кафканинг, Камюнинг китобларини сотиб олувдим. “Жараён”нинг охирига келиб қолувдим. Бугун уни тугатиб қўйишим керак. Қолганларини ўқишга улгурмайман. Аттанг! Олдинроқ бошласам бўларкан!
Диктофонимни эшитиб кўрдим. Ўттизтача ҳикоянинг сюжетини унга ёзиб қўйган эканман. Энди улар қоғозга тушмасдан, йўқ бўлиб кетишади. Афсус!
“Ота” деган романим ҳам энди ҳеч қачон охирига етмайди. Ёзилган қисмини эълон қилсам бўларкан. Аттанг!
Жаласойликларим ҳақида ҳали қанча нарса ёзмоқчи эдим. Дов бобо ҳақида туркум ҳикоялар , Раис бобо ҳақида бир қисса ёзмоқчи эдим. Эссиз!
Корейслар ўзлари тўқиб олган Жумонглари ҳақида юз серияли кино ишлаб, ҳаммани телевизор қаршисида “михлади”. Бизда эса бутун дунё танийдиган, тан оладиган, тан берадиган зотлар қанча? Амир Темур, Улуғбек, Бобур, Мангуберди, ... Мен Амир Темур ҳақида юз серияли бир фильм сценарийсини ёзишни ният қилган эдим. Шу мақсадда “Тузуклар”ни бошқатдан ўқиб чиқдим, Арабшоҳни яна ўқидим, Соҳибқирон ҳақидаги бир қанча китобларни ўқидим. Фаранг Марсель ёзган китобни ўқиганимдан кейин ўзимнинг ғашим келди. “Бир фаранг Парижда туриб, улуғим ҳақида шундай зўр китоб ёзса-ю, Ҳазратнинг ёнгинасида туриб, наҳотки мен кўнгимдагини ёзолмасам?” дедим. Озгина журъатим етмади. Бу ёғи 21-декабрь келиб қолди. Энди Амир Темур ҳазратлари ҳақидаги менинг кўнглимдаги юз серияли фильм менинг кўнглимда кетади. Нега бунча кўп ухладим-а? Кунига беш-олти соатдан ухлабман. Бир-икки соатдан ухласам бўлмасмиди? Ухламасм бўлмасмиди? Мен ёзишим керак бўлган асарларим ёзилмасдан қолиб кетяпти-ку? Аттанг! Аттанг!
16.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Уйнинг таъмири охирига етмаган эди. Жуда алдамчи усталарга учрадим-да? Бир кун келишса, уч кун келишмайди. “Бир йилдан бери уста ишлатаман”, десам одамлар кулади: “Олти ойда беш қаватли уй битиб, ичига одамлар кўчиб киряпти-ю, сизнинг беш хонали уйингизнинг таъмири бир йилда тугамайдими?” Усталар тугатишмаса, нима қилай? Шу бугун уларни топиб, ишларини тугаттирмасам бўлмайди.
Ҳаммомдаги жумракдан сув оқади. Аёлим бир ҳафтадан бери “Шуни тузатиб қўйинг, барака топгур!” деб жаврайди. Битта стулнинг оёғи лиққиллаб қолган, уни қотириш керак. Қизимнинг хонасидаги деразанинг битта кўзидаги ойна синган. Ойна қўйиш керак.
Нега шунча ишни бугунгача қилиб қўймадим-а?
Ахир бугун, бир кунгинада қайси бирига улгураман, энди? Қолган ишга қор ҳам ёғмайди, энди!
17.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Бир кунгинада нималар қила оламан? Шунча иш йиғилиб қолган экан, қай бирига улгураман, энди? Энг зарурларини қилишга улгуришим керак, ҳеч бўлмаса. Қай бири энг зарур? Ҳаммаси бир-биридан зарур-ку? Аммо ичидан энг-энг зарурларини аниқлашим керак!
Во, дариғ! Энг зарур деганларимдан ҳам зурурроқ иш эсимга тушди!
Ахир, Салоҳиддин қолиб кетяпти-ку? 21-декабрь ҳам кўзимга кўринмай қолди-ку? Ахир, бу масала охирзамондан ҳам муҳим эмасми?
Шу бугун, ҳозироқ Салоҳиддинни топмасам бўлмайди! Уни топиб, ялиниб-ёлвориб, кечиришини сўрамасам бўлмайди. Мен Салоҳиддинни хафа қилиб қўйганман. Айб кимдан ўтганини суриштириб ўтирадиган пайт эмас, бугун!
Қанча инсонларни кечирдим, қанча инсонлар мени кечиришди. Аммо Салоҳиддиндан бир оғиз кечирим сўрашга, очиғи, “бўйним йўғонлик” қилди. Ким билсин, Салоҳиддин мени кечириб ҳам юборгандир? Аммо барибир, мен тилим билан сўрамадим, у тили билан айтмади-да! Аллақачонлар борсам, бир оғиз кечирим сўрасам бўларкан, аллақачонлар кечирилган бўлардим.
Ҳозироқ бориб, Салоҳиддиндан кечирим сўрамасам бўлмайди. Ахир, шувит юзимни ёруғ қилиб олишга бошқа имконият қолмади, фурсат қолмади-ку?
18.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Электр ҳисоблагич, газ, сув ҳисоблагичларни қарадим. Шукр, ҳеч қайсидан қарзим йўқ экан. Ҳаммасин ўчирдим.
Уй-жой ширкатидан озгина қарзим бор экан, ҳозироқ бориб, қарзни тўлаб қўяман!
Мендан тўрт-беш киши қарз эди. Бугуннинг охиригача улар қарзларини олиб келиб, бера олишмайди. Неча йил қайтармаган қарзини бугун, эртага ОХИРГИ КУН эканини билиб туриб, олиб келиб берармиди? Йўқ. Бирининг имкони йўқ, бирининг хоҳиши. Мен ана шу қарзларимдан кечдим! Ҳеч ким мендан қарздор эмаслигини эълон қиламан! Қарздорлар эртага, ОХИРГИ КУНда мендан олган қарзлари туфайли, юзлари шувит бўлиб туришмасин!
Менинг ўзим бир кишидан озгина қарзлигим ҳам ҳозир эсимга тушди. Қандай унутдим экан? Бутунлай эсимдан чиқиб кетган экан. Бугун ана шу қарзимни олиб бориб, беришим керак? Балки энди унга ўша пулнинг кераги ҳам йўқдир? Эртага ОХИРГИ КУН бўладиган бўлса, бугун у пулни нима қилади? Ўша пулга нимаям олиши мумкин?
Аммо ўша пулни деб эртага мен ҳам юзи қора бўлишни истамайман! Пулни нима қилиш унинг иши, мен олиб бориб бершим шарт! Ахир, бугун қайтармасам, қачон қайтараман?
19.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Ишхонага боришим керак. Ўн йилдан бери газетадаман. Нима ёзган бўлсам, аввал газетада чиқди. Нечта мухлис топган бўлсам, газета туфайли топдим. Энг биринчи ҳикоя ҳам, охиргиси, сиз ўқиётганингиз ҳам газетада чиқди. Шу газета саҳифаларида кулдим, йиғладим. Кулдирдим, ҳар замон йиғлатдим, газета муштарийларини.
Ишхонага бормасам бўлмайди. Ҳамкасбларимни кўришим керак. “Сал кўп гапирасиз-да”, дейди нуқул, редакторимиз. У оддий кунларда эди. Бугун бориб, уларга айтилмай қолган қанча гапларимни айтишим керак. Ахир, бугун гапирмасам, қачон гапираман? Эртага ОХИРГИ КУН-ку?! Эртага гапириш қаёқда?
20.
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
“Уни қилишим керак, буни қилишим керак”, дебман-у, энг асосий масала қолиб кетибди-ку? Ахир, эртага ОХИРГИ КУН бўладиган бўлса, эртага кимнинг олидага борамиз? Эртага нима воқеалар бўлади?
Эртага ОХИРГИ КУН бўладиган бўлса, бу СЎРОҚ КУНИ эмасми?
Эртага ОХИРГИ КУН бўладиган бўлса, эртага Аллоҳ билан юзма-юз бўлмаймизми?
Ҳоким чақирганда, соч-соқол олдириб, ҳали кийилмаган куйлакларни кийиб, тоза атирларни сепган, “Нима кийиб борсам экан?” деб уч марта костюм алмаштирган эдим. Эртага ҳокимларни ҳам тиз чўктириб қўядиган, оламларнинг Подшоси қошига бораман-ку? Соч-соқолларимни олдираман. Нима кийиб чиқсам экан?
“Энг аввал намозларингдан сўраласизлар”, деган Аллоҳ буюрган намозларининг саноғини сўраса, “Ҳаммасини ўқидим” дея оламанми? Чаласи йўқми?
Ўн икки ёшимдан менга фарз ҳисобланган рўзани мукаммал тутдимми? Закотимни бердимми? Ўз уйини тавоф қилиш имконини берган, муборак Ҳаж зиёратини насиб этган Аллоҳга етарлича шукроналар келтира олдимми?
Бу саволларнинг ҳаммасига дадил “Ҳа”, деб жавоб бера олмаяпман-ку?
Бугун қолган соатларни ғанимат билиб, қолдирган намозларимнинг ўрнини тўлдирадиган намозларни ўқишим керак. Эртага тарозига қўйилганда савоблар палласини босадиган амалларни кўпроқ қилиб олишим керак.
Бугун пешенамни саждадан кўтармаслигим керак экан. Ахир, менда бошқа кун йўқ-ку?
21.
Сиз-чи, ушбу сатрларни ўқиган қисматдош, сиз 21-декабрга тайёрмисиз?
Бошни баланд кўтариб чиқа оласизми, эртага, 21-декабрга?
Ёки Сизни ҳам ўйлантирадиган муаммоларингиз борми?
Бўлса, ҳаракатингизни қилинг, ихтиёрингизда БУГУН бор!
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Аллоҳгагина аён, Қиёматнинг қачон бўлиши, аммо қачон бўлишидан қатъий назар, унга тайёрмизми?
Каримберди Тўрамурод
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 799 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар