1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Муаллим ўқувчи

Янги ўқув йили бошланди. Олтинчи синф раҳбари собиқ бешинчи синф ўқувчилари олдида турар эди. У барча ўқувчиларга бир қатор нигоҳ ташлаб туриб: «Мен ҳаммаларингизни яхши кўраман. Сизларни қайта кўриб турганимдан жуда ҳам хурсандман», деди. Бироқ, унинг бу гапи ёлғон эди, чунки у олдинги парталарнинг бирида ўтирган бир болани унча суймас эди. Ўқитувчи бу синфга ўзи ўтган йилдан раҳбар бўлгани учун у болани таниганига бир йил бўлган. Ўшанда у бу ўқувчининг бошқа болалар билан ҳеч ҳам ўйнаслигини, доим кир кийимда юришини ва ҳеч ювинмаганидан ундан сассиқ ҳид анқиб туришини сезган эди. Ўқитувчининг бу ўқувчига бўлган муносабати борган сари ёмонлашиб борарди, ҳатто унинг ёзма ишларини кўрмасданоқ, битиклари устидан қизил қалам юргизиб, бир баҳо қўйиб ташлагиси келарди.
Бир куни мактаб раҳбарияти барча ўқувчиларнинг мактабга киргандан бери ҳозирга қадар тўпланган тавсифномаларини таҳлил қилиб кўриш ҳақида топшириқ берди. Ўқитувчи одатда ўзига ёқмаган ўқувчларнинг маълумотномасини ҳужжат тўпламининг охирига қўярди. Ниҳоят, мазкур боланинг тавфсифномасига ҳам етиб келди ва уни истар-истамас ўқишни бошлади­ю, ҳайратдан қотиб қолди.
Биринчи синфда ўқитган ўқитувчиси: «Бу ёрқин бола, кулгусидан нур таралади. Уй вазифаларини вақтида аъло даражада бажаради. Тоза ва озода, хулқи ҳам намунали». Иккинчи синф ўқитувчиси эса у ҳақида: «Бу ажойиб бола, дўстлари уни юқори баҳолайди, бироқ унинг оиласида муаммоси бор: онаси давоси йўқ касал билан касалланган», деб ёзганди. Учинчи синф ўқитувчиси: «Онасининг ўлими унга қаттиқ таъсир қилди. У бор кучи билан ҳаракат қиляпти, бироқ отаси унга бефарқ. Агар бирор чора қилинмаса, оилавий муаммолари унинг ўқишига таъсир қилиши мумкин». Тўртинчи синф ўқитувчиси: «Ўқишга қизиқиши йўқ, дўстлари ҳам деярли йўқ, дарсда кўпинча ухлаб қолади», деб ёзибди.
Ўқитувчи тавсифномани ўқиб чиққар экан, ўз қилмишидан уялиб кетди. Байрам куни ўқувчилар унга совғалар олиб келганида у ўзини яна ҳам ёмон кўриб кетди. Ўзи ёқтирмай, ҳадеб камситиб юрган ҳалиги ўқувчиси дағал жигарранг қоғозга ўралган совға келтирган эди. Ўрамини очишганда бир­иккита кўзи тўкилиб тушган нимдош билакузук билан шиша идишнинг ярмига ҳам етмайдиган атирни кўриб баъзи болалар бехос кулиб юборди. Шу пайт ўқитувчи ҳушёрлик қилиб: «Жуда ҳам гўзал билакузук экан­а!» дейиш билан кулгини кесиб қўйди ва атир қўйилган шишачанинг қопқоғини очиб, билакларига суртди.
Ўша куни «ёқимсиз» бола дарсдан кейин қолиб, кўзлари чақнаганча ўқитувчисининг олдига келди­да: «Бугун ҳидингиз онамнинг ҳидига ўхшаб қолибди­а?» деди. Бу гапни эшитган ўқитувчи болани кузатгунча ўзини аранг ушлаб турди­ю, у хонани тарк этиши билан бўкириб йиғлаб юборди.
Шу кундан бошлаб ўқитувчи болаларга нафақат адабиёт, она тили ва математикани, балки эзгулик, меҳр-оқибат ва раҳму шавфқатни ҳам ўргата бошлади. Орадан бироз вақт ўтиб, ўқувчимиз мўътадил ҳаётга қайта бошлади. Ўқув йили ниҳоясига бориб, у энг аълочи ўқувчиларнинг бирига айланди.
Ўқитувчи ҳар доимгидек, барча ўқувчиларни бирдек яхши кўришини айтса­да, энди у фақат ҳалиги ёмон кўрган ўқувчисини яхши кўрар ва қадрлар эди.
Бир йилдан сўнг ўқитувчи бошқа болаларга дарс беришни бошлади. Бир куни кутилмаганда унинг қўлига бир мактуб келиб тушди. У ўша собиқ ўқувчисидан келган эди. Мактубда «Сиз ҳаётимдаги энг яхши ўқитувчим бўлдингиз», деган гап катта ҳарфларда ёзилган эди.
Орадан яна беш йил ўтиб, ўқитувчи собиқ ўқувчисидан яна бир мактуб олди. Унда ўқувчиси коллежни тугатгани ва баллар бўйича коллежда энг аълочи ўқувчилар ичида учинчи ўринни эгаллагани ва ҳалигача ўша мактабдаги ўқитувчисини энг зўр ўқитувчи деб билиши ёзган эди. Яна тўрт йил ўтди. Ўқитувчи бу галги мактубда: «Қийинчиликларга қарамай, университетни аъло баҳолар билан битириш арафасидаман... Сиз ҳаётимдаги энг яхши ўқитувимсиз» деган сўзларни ўқиди. Тўрт йилдан сўнг яна бир хат келди. Бу сафар ўқувчи университетни тугатганидан сўнг билимларини ошириш учун яна ўқишни давом эттираётгани ҳақида ёзган эди. Хатнинг сўнгида ўқувчининг исми шарифи олдида «Доктор» деган сўз ҳам турарди. Олдинги мактублар каби бу хатда ҳам муаллиф мактаб давридан бери қанчадан­қанча катта­кичик, турли­туман ўқитувчилардан таълим олган бўлишига қарамай, «Сиз энг яхши ўқитувчимсиз», деб ёзишни унутмаган эди.
Кейинги мактубларнинг бирида у отаси икки йил олдин вафот этгани, яқинда уйланмоқчи эканини айтиб, ўқитувчидан одатда куёвнинг онаси ўтирадиган жойда ўтириб, дуо қилиб беришини илтимос қилди. Ўқитувчи таклифни қабул қилди.
Тўй куни ўқитувчи ҳалиги бир­иккита кўзи тушиб қолган билакузукни тақиб, марҳума она фойдаланган ва уни эслатадиган атирни сепиб келди. Ўқувчи муҳтарама муаллимаси билан кўришар экан, ўзи учун азиз бўлган хуш ифорни туйиб, тўлқинланиб кетди ва: «Менга ишонганингиз учун ташаккур. Эътибор топиб, керакли инсон бўлишга ҳамда ўз кучимга ишонишга ва яхши билан ёмонни ажратишга ўргатганингиз учун Сизга минг раҳмат», деди.
Ўқитувчи кўзларида ёш билан шундай деди: «Адашдинг, болам. Аслида буларнинг ҳаммасини сен менга ўргатдинг. Мен сени танимасимдан олдин қандай дарс бериш кераклигини билмас эдим. Раҳмат сенга, азизим...»

Ижтимоий тармоқлардан
Абу Муслим таржимаси

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ