1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Азадаги шармисорлик

 

 

 

Дадасининг жанозасидан кейин қишлоққа биринчи марта келишди. Келганидан бери чеҳраси ёришмайди. Хотини ҳам бу ҳолни ўзича тушуниб, бири олиб бири қўйиб тўполон қилаётган болаларини етаклаб, ота ҳовлисига чиқди. Анваржон худди шуни кутиб тургандек қабристон томонга йўл олди. Дадасининг қабри устида бир муддат жим туриб қолди. Бўғзига тиқилган аччиқ аламни куч билан ичига тортиб, қабр устидан бир ҳовуч тупроқ олиб четга сочган бўлди. Кейин чўккалаб ўтирганча, кўзларини юмиб қироат билан Қуръон тиловат қилди. Юзига фотиҳа тортиб қабрга термулганча дадасининг сиймосини кўз олдига келтирди. “Шунча дард, шунча изтироб билан бошингизни тик кўтариб юрганмидингиз, дадажон?!” Анваржон ёшли кўзлари билан дадасининг қабри ёнидаги ғарибгина қабр-бувисининг қабрига тикилди. Ёлғон дунёда бир-биридан тамомила узоқ бўлган  икки банданинг хобгоҳи ёнма-ён жойлашган.  Ихтиёрсиз равишда тиловат қила бошлади. Зиёратдан сўнг яна бироз қабристонда куймаланиб, ортига қайтди.
— Анваржон, ҳо Анваржон?- Йигитнинг хаёллари узум доналаридек сочилиб кетиб, овоз келган томонга қаради.- Жиян, қишлоққа келсанг, бундоқ хабар ҳам олмайсан-а? Яхши эмас, сени Тошкентда ишлайди, пойтахтда яшайди деб биз таниш-нотанишларга мақтаниб юрамиз, ахир. Дийдор ғанимат, жиян, бизникига ҳам кир-да, ўзи қанчада бир келсанг қишлоққа.- Анваржон шалдир-шулдир бу одамни ҳурмат қиларди. Дадасининг аммасининг ўғли, ота томондан қариндошлари орасида  шу одам анча оқибатли. Шунинг учун ҳозир хижолатлик билан гапни илиб кетди:
— Ассалому алайкум, тоғажон. Яхшимисиз, келинаям, жиянлар соғ-саломатми? Ўзи сизникига чиқиш учун кўчага чиққандим, сизни кўрсам дадамни кўргандек бўламан. 
— Ваалайкум салом. Шукр, бизда ҳамма саломат. Ўзинглар яхши юрибсизларми, келин, болалар? Қани гапинг рост бўлса, бошла-чи.- Абдураҳмон тоға Анваржонни уйига бошлади. Анваржон қариндошига эргашди. Йўл бўйи Тошкентдаги нарх-наво, бу йил қайси мева қандай ҳосил берганию, ёзнинг иссиқ келгани, кузнинг  илк кунларидан салқин тушиши эҳтимоли мавжудлиги ва ҳоказоларни эрмак қилиб кетишди. Абдураҳмон тоғанинг дарвозасига яқинлашишганди, тоға ичкари ҳовлига овоз бериб, меҳмон бошлаб келганини маълум қилди. Бир зумда меҳмонхонага дастурхон тузалиб, мезбон аёл қовун-тавруз, мевалар билан дастурхон устини тўлдирди.
— Шундай қилиб, Тошкентда ишларинг яхшими?- Абдураҳмон тоға Анваржонга ҳавас билан қараган куйи сўради.
— Шукр. Яхши... Тақдир қилгани-да, тоға...
- Ҳа, яхши бўлсин-да илойим. Раҳматли Аҳмад  акам сенинг касбу коринг билан фахрланардилар. Ҳа, афсус камол топиб, ҳозир шундай мартабаларга эришганингни  кўра олмадилар. Майли, руҳлар кишилардан кўра аниқ ва тиниқ кўради, дейишади. Сени бу ерларда кўриб руҳлари шод бўлаяпти, иншоаллоҳ...
- Ҳа, тўғри айтасиз. Дадамни ўйласам, юрагимга оғриқ киради, тоға. Шунча изтиробни бир ўзлари қандоқ кўтариб юрган эканлар-а? Тўғриси, болалигимда унча эътибор бермаган эканманми ё ақлим етмаганми, хуллас дадам вафот этганларидан кейин кўп улар ҳақида ўйлайдиган бўлдим. Ўликнинг орқасидан гап қилиш бўлмасину, бувим раҳматли дадамни ҳеч тўнғич ўғил ўрнида кўрмасдилар. Шунда ҳам раҳматли дадам доим оналарининг иссиқ –совуғидан хабардор бўлиб, кунда тўртта нонми, икки кило гуручми, бир кило гўштми кўтариб бувимдан хабар олиб турардилар. Амакиларимнинг аҳволини биласиз...
- Ҳа, уларни гапирма, жиян. Катта амакинг Туробжон-ку, эсини таниганидан бери уйланади, мана ҳозир олтмишга қараб боряпти, ҳозир ҳам аммаларинг кўчама кўча изғиб унга хотин қидириб юришибди. Айтсанг, биров ишонмайди-я...
- Ўша аммаларим дадам раҳматлининг жанозаларига ҳам келишмаган... Ҳеч тушунмайман, тоға дадам ука-сингилларига нима ёмонлик қилган эканлар-а? Худо раҳмат қилгур дадам пашшага ҳам озор бермайдиган, мулойим, беозор эдилар. Нега жигарлари уларга шунчалик бемеҳр чиқди экан-а?..
- Э, ким билади, дейсан, Анваржон,- Абдураҳмон тоға ёстиқни буклаб ёнбошлаб олди, раҳматли бобонг- тоғам эрта ўтиб кетдилар, келинаям аёл боши билан болаларнинг бошини қовуштириб, тўғри тарбия беролмадилар, чоғи. Жиян, ундоқ-мундоқ деймизу, боланинг тарбиясида отани ўрни бошқа барибир.
Шундайку-я, лекин бувимнинг ўзлари дадамни негадир ажратардилар-да. Икки гапнинг бирида Туробжон, Туробжон, Туробжон қилавериб, ўша амакимни чамамда саккиз марта уйлантирдиларов. Айримларини ҳатто кўришга ҳам улгурмадик...
-Ҳа, барибир бувингнинг бетоблигига, қазоси жанозаю маъракасига сизлар ярадиларингизку. Ўша бувингнинг севимли Туробжони онасини касал ҳолида ташлаб  Россияга кетворди-ку. Жиян, сен ўксинма, маҳалла –куй, қариндош-уруғлар ҳаммаси кимнинг қандоқлигини жуда яхши билади.
- Шундайликка шундай, аммо дадам шу ташвишларни  фақат ичларига ютавериб, охири бевақти-соат қазо қилдиларми, деб ўксинаман-да. Кичик укамни уйлантирганимизда амаки билан аммаларим тўйга ҳам келишмаганди. Ўшанда дадам қаттиқ сиқилган эканлар. Биз ёшмиз, тўйнинг югур-югур ташвиши билан бўлиб эътибор бермаганмиз,  аямнинг айтишларича,  ўшанда дадам  жуда қаттиқ сиқилган эканлар. Эл-юрт, қуда-андалар олдида нима деган одам бўлдим, деб куйингандирлар-да... Дадам раҳматли, “Бу дунё тўрт кунлик, жуда қисқа яшаймиз болаларим, бир-бирингизни авайланг,  қадрингизга етинг, меҳрибон бўлинг”, деб кўп айтардилар. Энди-энди эсласам, ака-укалар болалигимизда гап талашиб, уришиб қолсак, дадам раҳматли астойдил хафа бўлардилар. Менимча,  “ўғилларим ҳам ука-сингилларимга ўхшаб бир-бирига меҳрсиз бўлиб қолмасин” деб қўрққанлар шекилли...- Анваржон чуқур хўрсиниб қўйди. Бу орада Абдураҳмон тоғанинг аёли чинни товоқда ош олиб чиқди. Ош устида деярли суҳбат мавзуи ўзгарган бўлса-да,  Анваржоннинг юрагида оғриқ симиллаётгани мезбонга сезилиб турди.  Бироз ўтиб Абдураҳмон тоға муҳим нарсани эслагандек, салмоқ билан гап бошалди:
-Толибжон амакингнинг  ўғли уйланибди. Аёли хўп андишали хотин экан, тўйга айтгани одам юборибди. Ўғлининг кўнгли ўксимасин, деб бордик, жиян. Яхши хонадонга куёв бўлди. Тинчиб кетсин энди, даадсига ўхшамасин...- Анваржон Толибжон амакисини эслади. Ароқхўрлиги сабабидан оиласи бузилганди, ажралишаётганда ўғлини опқолиб хотинини қўйворган эди. Битта ўғилни эплаб боқолмади, охири онасининг ёнига кетиб қолганди... Кексалар “ароқ –хўр, ароққа ружуъ қўйган охири хору зор бўлади” деб бекор гапиришмаган экан. Толибжон амакиси хор бўлиб ўлди. На уйи, на оиласи, на бир бошпанаси бор эди. Товуқ катакларимией, отхона-молхонадамией, хуллас дала-дашт, чўлу биёбон дуч келган жойда туниб-ухлаб қолаверарди. Мактабда ўқиб юрган пайтлари синфдошлари “Анварнинг амакисини молхонамиздан чиқарвордик”, “Амакинг тут дарахти тагида маст ухлаб ётган экан, қўй боққани чиққанимизда кўрдик” деб  масхаралаб изза қилишарди.  “Дадам бу ботқоқликдан қандай чиққан эканлар, ҳайронман,- деб ўйлади, кўнглида Анваржон.- Кўз олдимда расво бир оила манзараси... Тавба... Бувимнинг жанозаси ўқилиб, тобути ердан кўтарилишга улгурмай аммаларим билан амакиларимнинг уй-жой талашишгани-чи...  Шармандалик... Дадам бояқишни изтироб ва уят ўлдирди. Уят- ўлимдан қаттиқ, дейишганку. Аёл киши бўлса, дардини унга бунга айтади, дил ёради, йиғлайди-сиқтайди, бироз бўлса ҳам ғуборини аритади, эркак киши ҳаммасини ичга ютавериб, ўзини адои тамом қиларкан... Дадамни жигарларининг бемеҳр-беобрўлиги ўлдирди... Дадажоним... Сиз ҳали яшашингиз керак эди. Эрта ўтиб кетган отангиздан ололмаган, онангиз қизғонган, жигарларингиздан топмаган меҳрингизни биз фарзандларингиздан кўриб узоқ яшашингиз, кемтик кўнглингизни бутлашингиз керак эди... Ҳа... Бандасининг айтгани эмас, Аллоҳнинг хоҳлагани бўлар экан...” Абдураҳмон тоға унинг кўзларида айланган ёшни сезди чоғи, синиқ овозда:
- Аҳмад акам раҳматли, “Шу ука-сингилларимни деб фарзандларим олдида уяламан. Илоҳим, болаларим уларга ўхшамасин...” деган эдилар, бир гал шундай даврада ўтирганимизда... Нима қиласан энди, жиян... Аҳмад акамнинг жойлари жаннатда бўлсин. Сизлар ҳам сабрли бўлинглар...
Анваржон қариндошлариникидан қандай чиққанини, Абдураҳмон тоға билан қандай хайрлашганию, қандай кўчага чиққанини билмай қолди. Унинг тафаккурида тоғанинг “Аҳмад акам,  ука-сингилларим учун фарзандларим олдида уяламан” деган гапи тинмай айланар, аччиқ изтироб бўғиб қўйган томоғидан нарига ҳаво ўтмасди...

Дадажон, ахир...-  У  калласига келган гапни айтмоққа оғиз жуфтлади-ю, негадир ўзини тўхтатди.- Кўнгилни қандай алдайман, дадажон... Хиёнаткор хотин билан бир том остида яшаш, бир уйга кириб-чиқишнинг ўзи бўладими...- Шуҳрат кейинги гапларини паст, изтиробли товушда айтди.  Шавкат ака  ўғлининг  ҳам ажрашгиси йўқлигини пайқаб, бироз таскин топгандай бўлди. Аммо келиничи, келини ҳам хатосини англаб, узр сўраб келармикан? Хотин дегани ҳам янглиш қалтис қадам босиб, ҳам яна қайсарлик қилиб туриб олса... Эҳ, одамларга нима бўлган ўзи...

***

Шуҳрат Лайлони талабаликнинг биринчи кунларидаёқ ёқтириб қолганди. Гапирганда киши кўзига тик қарамайдиган, бирор гап сўрасангиз узун, оппоқ бармоқларини ўйнаб, ёноқларига қизиллик югуриб, ийманибгина сўзлайдиган қизни кузатиб юриб, иккинчи курсни битирар арафада унга кўнглини очди. Қизнинг ҳам йигитга мойиллиги бор эканми, Шуҳратнинг изҳорларини  жилмайиб қўйиш билан қабул қилган бўлди. Севги тўла кунлар, аҳду паймон, соғинч, рашк ва муҳаббат ришталари кундан кунга бир биридан куч олиб, таҳсилдан кейин муносабатларни никоҳ билан мустаҳкамладилар. 
Тўйдан кейин Шуҳрат иш тақозоси билан тез-тез хизмат сафарларига бориб турар, Лайло келинлик, рафиқалик хизматидан ошиниб эгаллаган касби бўйича ишлаёлмади ҳам. Шуҳрат баъзида ўсмоқчилаб,  рафиқасидан ишламаётгани учун ўксинмаётганини сўраса, Лайло жилмайиб:
-Олдин рафиқалик бурчимни, кеилнлик вазифамни, оналик касбимни қойиллатиб бажаришни ўрганай, ана ундан кейин ўқиган соҳам бўйича ишларман,- деганди. Шу-шу бирин кетин туғилган болалар, уй-рўзғор ишларига кўмилиб қолиб, иши ҳам, дипломи ҳам эсидан чиқиб кетди. Ҳаммаси бир текисда,  ажойиб кечаётганди. Нимадир бўлиб бахтли оиланинг мусаффо осмонига қора булут кўланка солди. Қора булутки хонадон шаънига бир умрга соя соладиган, исноди бошни эгиб, юзни қора қиладиган...


***

...— Ойижон, ҳеч бўлмаса сиз менга ишонинг! Мен хиёнаткор эмасман! Виждоним тоза менинг!- Лайло зўр бериб онасига гап уқтиришга уринарди. Сожида хола ҳўнграганча йиғлаб юборди:
Виждонинг тоза бўлса, поклигингни исботлагин-да, уйингга бориб ўтир. Болаларинингни сарсон қилма! Беваликнинг қийинчилиги қурсин! Ахир қайнотанг бир неча марта келди-ку, яна нима керак сенга?
Ойижон билан Шуҳрат акам менга ишонишмаяпти. Гўёки мен хиёнаткорман, гўёки мен бошқа эркак билан дон олишяпман. Биз қайси замонда яшаяпмиз, ойижон? Наҳотки, эркак билан аёл дўстона муносабатда бўлолмаса?! Хўш, синфдошим билан дўстона гаплашсам, учрашсам бунинг нимаси ёмон? Шунга шунча ваҳима қилиш керакми?..- Она қизининг гапларига тоқат қилолмай қолди:
-Уят эмасми, болам?! Мен дўстона учрашяпман, учрашсам нима бўлибди, дейишингнинг ўзи шармисорлик эмасми?! Шу бир оғиз гапинг билан хиёнатингни тан оляпсан-ку! Биз ўзбек аёлимиз, қизим! Мусулмонмиз! Биз учун бир пайтлари бирга ўқиган синфдош йигит тугул, ҳатто эримизнинг яқин қариндошлари ҳам бизга номаҳрам саналади! Номаҳрам аёл билан номаҳрам эркакнинг хуфёна учрашуви зинога элтади! Сен шу гапларингни ўйлаб гапиряпсанми?!  Эринг йўқлигида, ундан берухсат, бесўроқ аллақаёқдаги синфдошинг билан учрашибюринг сенингча хиёнатга кирмайдими? Лайло-я, қизгинам-а, шундай чиройли бахтингга ўзинг дарз кеткизиб ўтирибсан-а!? Яна иддаоларинг ортиқча. Сендан шундай ақлсизликни кутмагандим...
Лайло индамади. Шу топда у ўзича ҳақ эди. “Шундай одамлар орасида, шу муҳитда туғилганимдан рози эмасман,- деб ўйлаётганди у- эркак билан аёл деб ажратиш қаердан чиққан? Одамлар қачон бир-бирига инсон сифатида қарайди?” Жувон шу хаёллари билан ҳарчанд ўзига таскин беришга уринмасин, кўнглининг бир чеккаси хижилланиб  тураверди. Кўнглидаги ғубор ҳадеганда тарқалавермаганди, қўл телефонидан қандайдир рақамларни териб қўнғироқ қила бошлади.
- Фарида, яхшимисан ўртоқ? Вақтинг қанақа, бирор жойда ўтирайлик, жуда кайфиятим йўқ... Бироз чалғирмидим...- Нарёғдан тасдиқ жавоби бўлди, чоғи Лайло телефонини ўчириб, кийинишга тушди.
- Ойи, мен бирор соатларда қайтаман. Фарида билан кўришмоқчиман. Эзилиб кетдим уйда...- Сожида хола индамади. Онанинг қизидан кўнги ранжигани шундоқ билиниб турганди...
Дугонаси Лайлони ўзлари ҳар гал ўтириб дам оладиган  қаҳвахонада кутиб ўтирган экан. Салом-аликдан сўнг Фарида хавотирли оҳангда гап бошлади:
- Лайлош, нима гап ўзи? Тинчмисан?
- Ҳмм... Ўзим шунчаки... Бироз кайфиятим йўқ эди. Шунга ўтирайлик дедим...
- Тинчликка ўхшамайди ўртоқ. Мендан ниманидир яширишга уриняпсан. Ичингда изтироб бор. Гапир. Бўл аввал сен гапир, кейин мен билганларимни айтаман.- Лайло алам билан ютиниб қўйиб, бошини қуйи солди:
- Айтмасам ҳам ҳаммасидан хабар топган кўринасан. Ўзинг гапиравер. Бир нарсани айтгани ҳам қўрқиб қолганман. Ҳамма мени нотўғри тушунади. Биров одам санаб мени тушунишни истамайди. Ҳамма учун мен ёмонман, ақлсизман...
- Лайло,- Фарида қаҳвахона хизматчиси қўйиб кетган яхна ичимликни идишларга қуя туриб гап бошлади,- аслида ҳам хато қилганингни ўзинг ҳам яхши биласан. Менику бор гапдан хабарим йўқ, лекин тунов куни Нигора ўғилчасига суннат тўйи қилган экан, беш-олти синфдош қизлар йиғилишгандик.- Фарида шундай деб Лайлога зимдан назар солганди, жувон қизаринқираб, лабларини қимтиб олди.- Лайло, яхши иш бўлмабди, ўртоқ. Лазиз билан ўртангизда қандай муносабат бор, билмадиму, лекин Дилфузанинг айтишича Лазизнинг хотини “оиламизни бузмоқчи бўлиб юрибди, эримнинг ҳол жонига қўймайди. Эрим ҳам қулоғидан телефонини қўймай пана-паналарда шивирлагани шивирлаган. Мен у хотинни тинч қўймайман, шармандасини чиқараман”, деган экан.  Мен ғийбат гапларга ишонмайман. Айниқса, сен ҳақингдаги гапларга! Шунинг учун ўз оғзингдан ҳаммасини эшитмоқчиман. Хўш, бу гаплар қаердан чиқяпти? Нега атрофингда бунақа фисқу фасод гаплар айланиб юрибди?
Фарида гапини тугатар тугатмай Лайло ҳўнграб йиғлаб юборди. Бироз йиғлаб ҳовуридан тушгач, ҳозирги ҳолатига сабаб бўлаётган вазиятни дугонасига гапириб бера бошлади.
- Шунақа, дегин... Биласанми, мени нима оғринтиряпти, сен шу ҳолатингда ҳам ўзингни ҳақ деб билаётганинг. Лайло, дугонажон, ахир виждонинг қийналяпти-ку! Сен нима деб ўйлагандинг, эркак билан аёл ҳеч замонда дўст бўлибдими? Аёл учун севгани ҳам, дўсти ҳам, ўртоғию яқин кишиси ҳам эри бўлади! Наҳотки шу ҳақиқатни унутдинг?! Яна, Шуҳрат акам мени хиёнаткорликда айблаяптилар, деб эрингдан хафа ҳам бўляпсан. Сен хато қиляпсан, дугонажон. Эрингдан кечирим сўрашинг керак. Бу ерда унинг айбини кўрмаяпман.
- Узр сўраганим билан мени тўғри тушунармиканлар? Улар мендан қаттиқ ранжиганлар...- Лайло нажот истагандек дугонасига илтижоли термулди.
- Агар истасанг, ўзим улар билан гаплашаман. Тўғри, эр-хотиннинг орасига эсини еган тушади-ю,  лекин ҳаракат қилиб кўраман. Шуҳрат ака ақлли, мулоҳазали инсон, умид қиламанки, улар сени тўғри тушуниб, кечирадилар. Лекин сен ҳам бошқа бундай ишларни қилма. Сенинг ҳаётинг, бахтинг оиланг билан. Дўст, синфдош деган гаплар ортда қолиб кетганига анча бўлди. Унутма. Аёлнинг хатоси кечирилмайди! Аёлни ақлдан адаштирмасин!..
Лайло овоз чиқармайгина дугонасининг гапларини тасдиқлади...

Рухшона Фаррух

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 852 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ