Сайт бўлимлари
Маликаман, меҳрга гадо
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Қўшни хонадондан аёл кишининг норози овози эшитилади:
- Шуям ҳаётми?! Бу кунимдан ўлганим яхши-ку. Сизга тегиб эгним тузукроқ кийим‚ бармоғим тақинчоқ кўрмади. Кийим-кечакни қўяверинг‚ қорним тузукроқ тўймди. Болаларимга қаранг‚ бирининг пойафзали йиртиқ‚ яна бирининг уст-боши ярамайди. Эзилиб кетаман‚ уларга қараб.
-Нонушукрлик қилма‚ жоним. Эрта-индин маош берилади. Худо хохласа‚ ҳамма камимизни бутлаймиз. Фақат сен сиқилмасанг‚ ўзингни уринтирмасанг бўлгани. Тушкунликка тушаверма‚ ношукрлик баракани кеткизади‚ ягонам.- Эркак мулойим товушда аёлига таскин берган бўлди. Қулоғимга ногаҳон чалинган бу суҳбат юрагимнинг туб-тубида симиллаб оғриётган армонларим дардини зўрайтириб юборди...
Мен ҳам оддий оиланинг фарзанди эдим. Ота-онам ўқитувчиликдан оладиган маоши билан биз болаларини ҳалол едириб‚ ҳалол кийдириб ўстиришди. Уччовимиз ҳам олий маълумотли бўлишимиз‚ эл орасида обрў топиб‚ ҳаётда ўз ўрнимизга эга бўлишимиз‚ одамларга фойдамиз тегиб‚ ортимиздан ташаккур эшитиш учун бор куч ва имкониятларини сарфлашди. Шукрки‚ Яратган Эгам уларнинг орзусини рўёбга чиқарди. Универсиетда ўқиб юрган кезларим кўнглимни сўраб йўлимда пайдо бўлган йигитлар беҳисоб эди. Мен курсдош дугоналарим орасидаги бойвачча‚ бадавлат қизларга ниҳоятда ҳавас қилардим. Тўғри‚ оиламиз ночор‚ муҳтож бўлмаса-да‚ жуда унчалик тўкин ҳам эмасди. Мен бошқа қизлар каби чиройли кийиниб‚ бежирим тақинчоқлар билан безаниб юролмасдим. Ота-онамнинг имкони бундай орзуларимни ушалтиришга етмасди. Шу сабаб ҳам‚ "тегсам фақат‚ бой-бадавлат йигитга тегаман. Мени маликалардек ясантириб‚ қасрида хонзодага айлантирсин" деб ният қилардим. Вақти келиб уйимизга келган совчиларни‚ юрагимни забт этишга уринган йигитларни кескин рад қилаверардим. Мен фақат орзуимдаги шақзода билан турмуш қуришга аҳд қилган эдим. Ҳадеб совчиларни рад этишимдан хавотирланган онажоним бир куни изтироб билан зорландилар:
- Жон қизим‚ қиз болани тенги чиққанда текин бер‚ деган гап бор. Совчиларни қайтаравермай бирорта ўзимизга муносиб‚ эс-ҳушли йигитга розилик берсанг бўларди. Ахир‚ ёшинг ҳам йигирмадан ошиб қолди...
-Ойижон‚ мен яхши кийиниб‚ тўкин яшашни истайман. Истаганим муҳайё‚ хоҳлаганимга қўлим етишини орзу қиламан. Келаётган совчиларнинг бари маошга яшайдиганлар. Шароитни қаранг‚ ҳатто менинг сепимда тўрт кишига кўрсатгулик тузукроқ кийим ҳам йўқ. Энди мебель деганларини орзу қилмасам ҳам бўлади. Бу кетишда‚ эрга тегиб‚ бошим таъна маломатлардан чиқмайди-ю. Агар‚
мени эл қатори узатмоқчи бўлсангиз‚ ўзиям дадам иккаловинглар нақ йигирма йил қарз берасизлар. Бу ёқда укаларим ҳам бўйи етиб турибди. Ўқиши‚ уйланиши дегандек...-Мен нодон бу гапларни шунчаки айтган бўлсамда‚ мушфиқамнинг кўнглига малол келганини энди англаяпман.
-Болам‚ бойлик бахт бермайди. Худодан иқбол сўра. Қўлингдан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Яқинда дипломли бўласан. Ҳеч нарсага зориқмайсан‚ худо хоҳласа. Қолаверса, сени сўраб келаётган совчилар ҳам ёмон одамлар эмас‚ маълумотли‚ касб корли йигитлардан сўрашяпти. Ҳаётинг ўзинг истагандан-да аъло бўлади. Фақат яхши ният қилсанг бўлгани.-Мен ўз билганимдан қолмадим:
- Ойи‚аёл кишининг топгани нима бўларди?! Одам бу дунёга бир марта келади. Яхши яшаш керак-да. Қаранг‚ келаётган совчиларнинг ҳеч бирида машина йўқ. Фақат қуруқ ойликка яшайдиганлар. Умр бўйи косам оқармай ўтишимни истайсизми?-онажоним оғринган кўйи бошларини ўйнатиб қўйдилар.
Бу орада Университетни ҳам тамомлаб, ишга жойлашдим. Ёшим ҳам йигирма тўртга яқинлашиб қолди. Энди уйимизга илгаригидек совчилар келмас‚ битта-яримта оғиз солган таниш-билишларнинг ҳам менга ёқиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди. Онам тақдиримдан хавотирланиб юрган шундай кезларда мен банкимиз мижози бўлган бир тадбиркор йигит билан танишиб қолдим. Инсон нимани жуда қаттиқ ҳохласа‚ Тангри ҳам унинг истагига қарши бормас экан. Йигит мени ёқтириб қолган эди, танишганимиздан кейин бир ой ўтиб уйимизга совчиларини йўллади. Аёллар кўтариб борган тоғора-ю‚ тугунларни кўриб онам ва бошқа қўшниларнинг оғзи очилиб қолди. Биринчи марта "қиз кўрди"га келган совчилар олиб келган тансиқ егуликлар бутун бошли маҳаллани тўйдирарди‚ десам ёлғончи бўлмайман. Хуллас‚ айни ўзим орзу қилган одам билан тақдирим қўшилган экан. Унаштирувдан кейин куёв боланинг биринчи шартлари ишдан бўшашим ҳақида бўлди. Диплом ҳам келинлигимга атаб йиғилган сепларим солинган сандиқдан жой олди. Тўйимиз куни белгиланди. Тўй кунидаги ҳолатимни эсласам‚ келиндан кўра тақинчоқлар намойишига қатнашаётган моделга кўпроқ ўхшаган эканман. Ҳатто энг кичик жимжилоғимгача узук тақиб‚ қулоқларим ва бўйнимгача салкам вазним билан тенг тиллаларни осволиб ҳамманинг кўзини куйдирган ўша дамларда мендан бахтли одам йўқ эди. Қуда томон ота-онамни кўп харажатга қолдирмади. Келинлик уйларим чет эл гиламларию мебеллари билан ясатилган‚ ошхона анжомларигача хорижники эди. Ота-онам олмоқчи бўлган бозордаги ўзимизнинг усталар ясаган мебелларга умуман ҳожат ҳам йўқ эди. Мен ҳақиқий хонзодага‚ маликага айлангандим... Аммо бу хушнуд онларим узоққа чўзилмади. Йўқ‚ қайнона-қайнотам‚ турмуш ўртоғим (у бадавлат хонадоннинг ягона ўғли эди) мени хўрлаб‚ қадримни оёқ ости қилишмасди. Фақат‚ бор-йўқимга ҳеч ким эътибор бермасди. Ҳатто‚ тўйимиздан уч кун ўтиб-ўтмай эрим Хитойга-товар олиб келгани кетиб‚ нақ 10 кун деганда кириб келди. У ёқдан қайтиб бир ҳафта турдими-йўқми яна Қирғизистонга кетди. Қисқаси‚ мен келинликнинг энг ширин‚ бетакрор ва орзиқиб кутилган дамларини шоҳона ётоқ мажмуасида қайнэгачимнинг тўрт яшар қизалоғи билан ўтказа бошладим. Хоҳ ишонинг‚ хоҳ ишонманг‚ турмуш қурганимга бир ой тўлмай‚ уззукун ҳайҳотдай ҳовлида бир ўзим қолишдан ҳам зерикдим. Ишга чиқай десам‚ турмуш ўртоғим кўнмайди. Ёлғизлик тобора жонимни қийнай бошлади. Бироқ‚ энди ҳеч нарсани ўзгартиролмайман. Ўшанда хато қилганимни‚ онамнинг пул бор жойдан меҳр -оқибат қочади‚ эътибор узоқлашади" деган гапларининг неқадар ҳақ эканига амин бўлгандим. Энди сиртим кулиб‚ ичим қон йиғлай бошлади. Қорним тўқ‚ кўнглим ярим‚ тилло-ю зарларга кўмилган маликаман‚ меҳр гадоси‚ эътиборга зорман. Менинг ҳам орзу-ҳавасларим‚ қалбим бор‚ лекин бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ширин таомлар‚ мазали егуликлар тайёрлаб турмуш ўртоғимни ишдан қайтишини кутгим келади. Аммо‚ эрим ярим тунда уйга кириб келади-да‚ ё ўзининг ресторанида‚ ёки маҳалламизда қурдирган чойхонасида овқатланганини айтиб‚ "ҳисобхона"сига кириб кетади. Ортидан меҳрга интиқ нигоҳларим‚ ўксик юрагим билан термулиб қолавераман...
Аллоҳга беҳисоб шукр‚ икки нафар дўмбоққина ўғилларим бор. Овунчоғим‚ қалбимнинг қувончи улар. Муҳаббат қуёшининг тафтидан бенасиб кўшкимнинг чароғон юлдузлари. Биргина умидим ҳам‚ илинжим ҳам ўғилларимдан. Худойимдан болаларимга чексиз меҳр ато этишини сўрайман‚ токи‚ уларга муносиб кўрилган кўнгиллар ҳам мендек биргина эътибор‚ бир оғизгина ширин сўзга зориқиб яшамасин...
ФАРЗОНА
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 793 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар