1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қисматнинг қинғир ҳазили

 

 

 

Самира  қизи айтган совчиларни унча хушламади:
- Қўй, қизим, ҳеч кўнглим бўй бермаяпти. Ўзимиз томондан ҳам яхши йигитларга сўрашяпти. Узоқнинг донидан, яқиннинг сомони яхши, дейдилар. Уларингни ҳали бир марта ҳам кўрмаганману, негадир ҳар сафар айтганингда юрагимни алланечук ғашлик қоплайди. Болам, ўшалар келмай қўяверишсин-а?..
- Ойижон, нега унақа дейсиз? Элбек ака жуда ҳам яхши инсон. Шундай яхши йигитнинг оиласи ёмон бўлармиди? Ойижоним, илтимос, йўқ деманг. Улар келишсин, ойилари билан танишинг, кейин бирорта холам билан бориб Элбек акамларнинг маҳалласидан сўраб-суриштиринг, ана ундан кейин бирор гап айтарсиз. Балки, фикрингиз ўзгарар... Ахир мен ҳар қанақа одамни ёқтириб, ҳар қанақа одам билан етаклашиб кетавермайман. Сизнинг, дадамнинг орзулари билан ўйнашишга ҳаққим йўқ менинг, буни яхши биламан.- Самодил онасига илтижоли тикилди.  Самира чуқур “уҳ” тортди:
- Майли, қизим, келаверишсин-чи, қолгани бир гап бўлар. Биласан-а, мен сенга мен учун ҳам бахтли бўлишни уқтирганман, мен учун ҳам бахтли бўлишга ваъда бергансан. Шу ваъдангни, қулоғингга қуйганларимни унутмасанг, кимни севсанг ҳам, энг аввало онангни эсингдан чиқармасанг, бўлгани.
- Хавотирланманг, дедим-ку, ойижон. Кўнглингиз тўқ бўлсин, ҳамма айтганларингиз эсимда.- Самира қизининг гапларига ишонишни астойдил истаса-да, кўнглидаги ғуборлар аримас, аллақандай тушуниксиз ҳиссиётлар чангалида қийналар,  ҳатто ярим тунда ҳам қизининг ётоғига кириб, унга узоқ термулиб ўтирар, сочларини силаб, бахтини сўраганча дуо қиларди.
Совчилар келадиган куни қизининг елиб-югураётгани, ҳали эшик-деразаларнинг ромларини қайта-қайта артса, бир қараса ойналарни артади. Дам қўли қўли тегмай яхна овқатларни дастурхонга мос ликопчаларга қўйса, дам соатдан кўз узмай ширинликлар пиширар, унинг жонсараклиги бир томондан Самиранинг ғашини келтирса, бир томондан қизининг улғайгани, янги ҳаётга қадам қўйишни астойдил истаётгани, юрагини орзиқтирарди. Қизи улғайибди, турмуш қуришни, оилали бўлишни хоҳлаяпти. Бунинг нимаси ёмон? Ҳар бир қиз вақти келиб оила қуриши, ота уйини тарк этиши керак. Бу- табиат қонуни, ҳаёт ҳақиқати. Бунда ҳеч қанақасига ғайритабиийлик йўқ, инсон бахт учун яратилган. Бахт эса – сени тушунадиган, ардоқлайдиган инсон билан яшаганингда. Бироқ ҳаётнинг ўзига хос мезонлари бўлади. Баъзан сени мени тушунади, деб ўйлаганинг бутунлай бегона, кўнглим талпинади, деганинг юрагингга терс бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Шунинг учун, тақдирни тақдир қилган Яратганга таваккал қилганларнинг кўпчилиги бахтли яшайди. Ҳаёт – қарама қаршиликлар майдони, шахмат ўйинига ўхшайди. Бир томонда оқ доналар, бир томонда қора. Баъзан кетма кет қора доналар ўйинига дуч келинади, айримларнинг ҳаётида эса, аввал яхши кунлар нашъу намоси, сўнг эса қора кунларнинг имтиҳони бошланади. Энди Самиранинг қизига бахт кулиб боқсин-да. Бу дунёда уни боғлаб турган ягона инсон- қизи. Ҳамма орзу-умидлари, келажагининг истиқболи шу қизига боғлиқ. Яраланган юрагининг яккаю ягона малҳами. Ғамлардан, дунё ташвишларидан чарчаганида ҳаётга умид, муҳаббат уйғотадиган, уни яхши кунлар олдиндалигига астойдил ишонтирадиган шу- қизи. Мана шу қизи улғайиб, янги ҳаёт остонасида турибди энди. Боланг кўз ўнгингда тез катта бўларкан, билмай, уни бола хаёл қилиб юрар экансан...
- Ая, чиқинг, келишди, шекилли.- Самодил ташқаридан шундай деб овоз берди-ю, лип этиб ичкари уйга  кириб яширинди. Самиранинг оёқ-қўли титраб, ҳаяжондан талмовсираган куйи дарвозахонага чиқди. Оппоқ машинани тўлдириб келган совчи хотинлар бирин-кетин тоғорасини қўлтиқлаб тушиб келаверишди. Тамойилига кўра, Самира уларни кўриб ҳайрон бўлгандай бўлди. Аммо... Меҳмонлар яқинлашиб, кўришишга икки-уч қадам қолганида ҳайратдан тош қотди. Аёлнинг боши айланиб, мияси ғувиллар, совчиларнинг бири-ёши кекса кампир Самиранинг ўтмишдан қолган юрак доғларини тирналишига сабаб бўлди. Бир оздан кейин, Самира ҳай-ҳайлашаётган хотинларни ичкарига бошлади-ю, ҳалиги кампирга қарамасликка уриниб тилини аранг калимага келтирди:
- Қани, уйга марҳамат қилинглар-чи, йўлда уриниб қолмадиларингизми?..- Аёлнинг тили ўзига бўйсунмас, ўзига тобора итоат этмаётган кўзлари ҳалиги кампирга тортиб кетар, афтидан совчиларнинг каттаси ҳам уни таниди шекилли,  ранг-рўйи ўзгариб, лаблари титрар, ниманидир сўрашга чоғланардию, гап бошламоқчи бўлганида дами ичига тушиб кетарди.  Самира  бир оз ўтиб ўзини ўнглади, шекилли, бу ёқимсиз меҳмондорчиликни тугатиш учун, қовоқ-тумшуғини очмай, совчиларни атай ясатиб қўйилган уйга эмас, ўзлари ўтириб овқатланадиган хонага чорлади:
- Қани, киринглар.- Бир бурчакда йиғиб қўйилган кўрпачаларни тўшай бошлади. Меҳмонлар ўрнашиб ўтиришгач, одатдагидек салом-алик, ҳол сўрашлар такрорланди. Самира чой опкелиш учун ташқарига  чиққан эди, ошхонада қизига тўқнаш келди:
- Ойижон, нега меҳмонхонага эмас, ўзимизнинг уйга киргиздингиз? Тинчликми? Чойни мен киргизмайманми?..- Самира ғазабдан титраб қизига ўқрайди ва биринчи марта овозини баландлатди:
- Улар меҳмонхонага киргизадиган меҳмонлар эмас экан. Чойни ўзим олиб кираман, сен индамай хонангга кириб ўтир, кейин гаплашамиз!
Чой қайтариб қуйилгандан кейин, меҳмонлар бир-бирининг оғзига термулишар, ҳеч кимдан садо чиқмагач, ҳаммаси биргаликда кекса ҳамроҳларининг оғзини пойлашди.
- Биз остонангизга қулчиликка келдик, айланай...- Самира Худодан ўзига сабр, жаҳлига тўзим сўраб гап бошлади:
- Қаранг-а, тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади, деган гаплар қанчалик тўғри экан-а?! Биз сиз билан яна учрашиб турибмиз. Қизиқ, бу сафар кимга совчи бўлиб келдингиз? Ҳар ҳолда, неварангизга бўлса керак. Яна келинликка номзод қизнинг таг-тугини суриштирмай, келаверибсиз-да. Кимлигини билиб қолсангиз, тўйга бир ҳафта қолганда, ҳаммасини тўхтатасиз-да. Хуллас, омин Аллоҳу акбар. Мени узатадиган, сизларга берадиган қизим йўқ. Яхши боринглар.- Самира шундай деб, дастурхон чеккасини қайириб, аввал ўзи ўрнида қўзғалди-да, сўнг унга ҳайрон  тикилаётганларга, ердан бош кўтаролмай ўтирган кампирга қаради.  Самира йиғлаб юбормаслик учун ўзида куч топди. Меҳмонлар қайтганидан кейин алла-паллагача хонасида қамалиб ўтириб,оқшомда, ошхонада чироқни ҳам ёқмай, онасининг бугунги ишини тушунмай абгор ўтирган қизини ёнига чақирди:
- Самош, Самодил, буёққа кел, қизим. Ошхонада нега чироқни ёқмай ўтирибсан? Кел-чи, она бола бир гурунглашайлик.- Қиз қўрқа писа онасининг ёнига келиб ўтирди. Кўринишидан бир оғиз ортиқча гап гапирилса, йиғлаб юборадиган алпозда эди.
- Ҳайрон бўлиб ўтирибсанми, нега ойим совчиларга бунақанги қўполлик қилдилар, деб? Ўзим айбдорман, аввал бошдан ҳаммасини сенга айтиб беришим, тақдиримдан сени хабардор этишим керак эди...- Самира қизининг сочларини силаган куйи хаёл уммонига ғарқ бўлди...
Самира  талабалик таҳсилини тамомлаган йили узатилди. Куёв бўлмишнинг обрўли даргоҳда ишлаши, қудаларнинг бой-бадавлатлиги ҳақидаги мақтовлар келинчакни ҳам, ота-онаси, амма-холаларни ҳам кўзини қувнатди. Қудалар қўшалоқ тўй қилиб, катта ўғлини қудағайнинг синглисининг қизига, кичик ўғлини Самирага уйлаб, орзу –ҳавасини  элга намойиш этишди. Никоҳ оқшомидан олдин Самиранинг бошини қотириб ташлаган янгалар, қуда томоннинг эпчил аёлларининг саъй-ҳаракатлари натижасида, келиннинг ўзини қолдириб кетадиган бўлишди. Никоҳ оқшоми ясатиғлиқ гўшангада ёлғиз қолиб кетган Самира, ана шу ёлғизлик исканжасида нақ олтмиш куну тунни ўтказди. То куёвнинг биринчи – ўзидан беш-олти ёш катта хотини келиб, тўполон қилгунича. Икки ойлик келинчак- бутасидан узилиб, бир марта ҳидланган гул бўлиб ота уйига қайтган Самира, иш билан ўзини овутиш учун шаҳарда ишлай бошлади. Одамларнинг гап-сўзлари, ҳали элликка кирганидан, ҳали олтмишга тўлганидан келаётган совчилар икки ойгина турмуш қурган жувоннинг юрагига ханжар бўлиб ботар, ўзи тортаётган ранжу изтироблар устига устак бўларди. Охири, таниш одамларнинг кўзидан четроқда бўлиш учун пойтахтга келди. Бир газетага ишга кириб, ўзи билан ўзи овора бўлиб юраверди.Шундай кунларнинг бирида ҳаётига у кириб келди. Ижара уйининг биринчи қаватидаги дўкондан кунда кунора егулик харид қиладиган қиз, одатий навбатчи мулоқотлардан бошлаган танишуви оқибатида йигирма беш йил ҳеч кимга ишонмаган кўнглини, дўкон эгасига ишониб топширди. Акбарали исмли асли келиб чиқиши водийлик, ота-онаси пойтахтда ишлаб қолиб кетгану учун шу ерлик бўлиб қолган йигит билан аҳду паймон қилди. Тўғрироғи, йигит қизнинг ўтмишидан хабардор бўлса-да, ўша “камчилик”ни қабул қилиб, унга уйланишни астойдил истаган эди.
- Қарор қабул қилишингиздан аввал, ота-онангиз билан маслаҳат қилинг. Менинг ўтмишимни уларга маълум қилинг, бусиз бўлмайди,- деб ҳарчанд йигитга уқтирмасин, Акбарали:
-Кейин айтамиз. Ҳаёт меники, бизники,  ўзимизнинг сиримиз ўзимиз билан қолгани маъқул. Вақти келганда, ўзлари билиб олишади. Мени режам бўйича улар бундан бир умр хабар топишмайди. Бу сир фақат иккимизгагина тегишли бўлиб қолаверади!..- Ана шу қатъий ваъдадан сўнг, Самиранинг ота-онаси қизлари айтган совчиларни кутиб олишди. Худди қиз истагандай, уқтириб қўйганидай ота-она бояқишлар ҳам лом-мим дейишмади. Унаштирув бўлди, кетидан кўп ўтмай дабдабали фотиҳа тўй бўлиб ўтди. Тўй куни белгиланиб, тўйхоналарга буюртма берилган, бўлажак келин-куёв никоҳ оқшомида кийиладиган либосларни танлаб юрган пайтларида, кутилмаган қўнғироқ Самиранинг ҳаётини яна бир маротаба чилпарчин қилди. Куёв бўлмишнинг онаси, Самиранинг ўтмишидан хабар топиб, тўйни тўхтатишни айтди.
- Ёшлар-ку, ёш ҳиссиётга берилган десам, сиз катталарнинг кўзингиз қаёқда эди?! Бизни алдаб, бева, суюқоёқ қизингизни тиқиштирмоқчи бўлибсиз-да?! Ким билади, аввалги эри ҳам нима сабабдан ҳайдаворган экан?..- Қудағай оғзига келган ҳақоратни қайтармади. Самиранинг ота-онаси,  совчиликка келишингиздан олдин, ўғлингиз келиб, қизимизнинг ўтмиши ҳақида сизларга оғиз-очмаслигимизни қаттиқ тайинлаган эди, аслида бу никоҳни биз ҳам хоҳламаган эдик, дейишолмади. Йигит томон унаштирув ва фотиҳа тўйга кетган пулларни тийин-тийини билан ҳисоблаб олишди. Ҳатто буюртма қилинган тўйхоналар учун ҳам жарима тўлаган, Самиранинг ота-онаси уят ва исноддан бош кўтаролмай қолишди. Шундан кейин Самира бошқа қишлоғига қадам босмади. Орадан уч-тўрт йил ўтиб, ёши каттароқ, бойвачча бир кишининг никоҳига кирди. Эри уй-жой, бошпана қилиб берди, оҳлари Аллоҳга етиб, ширингина қизалоқ кўрди. Бахтига эрининг биринчи никоҳидан фақат ўғил болалар туғилгани учун, қизчасининг туғилиши икки томонни ҳам бирдай қувонтирди. Самира кундоши билан худди опа-сингилдек бўлиб кетди. Кейин эшитишича, эри кундошига, агар Самирага кундошлик қилсанг, кун бермасанг, ўзингга қийин бўлади, сени ташлаб кетаман, агар бир-бирингни тушуниб, келишиб кетсаларинг, икковингга ҳам бирдек муносабатда бўламан, деб шарт қўйган экан. Самира кўпда эридан пул сўрайвермайди, муҳими, мени уй-жой билан таъминлаб қўйгани, қўлимда дипломим бор, ишлай оламан, ўзимдан қўймасин, деб меҳнатдан тортинмайди. Қизи бу йил Университетни тамомлаш арафасида. Самодилни сўраб келган совчилар- уни бир пайтлар аввал осмонга кўтариб, бахт ваъда қилиб, сўнг ерпарчин қилиб, абгор ҳолда ташлаб кетган кишининг ўғлига сўраб келишган эди. Совчиларнинг ёши кексаси-бир пайтлари Самирани оғзига келган ҳақоратлар билан «тақдирлаган» аёл эди...
...- Мени кечиринг, ойижон... Нега шунча қийинчилик кўрганингизни айтмадингиз?
- Қўявер болам, сенда нима айб? Айтганим билан, у йигитнинг айнан ўшаларга тегишли эканини қаердан ҳам билардинг.  Фақат сўз бер, куйинма, энди у билан ҳеч қачон учрашма. Сени бахтли қиладиган йигит-ҳали олдинда! Сен менга ҳам аталган бахтни кўришинг керак!
- Албатта, ойижон...- Самира қизини бағрига босди. Аёлнинг юраги ҳапқириб, чеҳрасида қувонч балқди...

Рухшона ФАРРУХ  

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 872 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ