1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Муҳаббатга вақти йўқ одам

 

 

 

Муҳаммаджон котибаси киргизган аризага кўз югуртириб чиқаркан, энсаси қотди:
- Нимага ишдан кетмоқчи экан? Яна шу пайтда-я? Хонимнинг мушугини ким «пишт» дебди?- Райҳона бошлиғининг одатини яхши билгани учун ҳам кинояларини индамай эшитиб турди.
- Билмадим. Менга, бошлиққа бериб қўй, дедилар. Негадир кайфиятлари йўқ эди…
- Ҳм… Шунақа денг.  Ўзини чақиринг-чи.
Котиба чиқиб кетди. Муҳаммаджон шундай яхши ходимасининг нима сабабдан ишдан кетаётганини билолмай, ўйланиб қолди. ўзи камгап, гапиришдан кўра ишлашни яхши кўради. Маълумоти бўлмаса ҳам анча-мунча модельер-дизайнерларни ортда қолдиради. Ойлик режани ҳар сафар ошиғи билан бажаради. У тиккан кийимлар аллақачон хорижлик хонимларнинг ҳам эътиборини қозонган. Шундай яхши ишчидан айрилиш, «Кўҳинур текстил» фирмаси раҳбарига малол келаётганди.
- Келдилар.- Котиба  Сабоҳатни ичкарига бошлаб кириб, ўзи чиқиб кетди.
- Кетмоқчимисиз?- Муҳаммаджон гарчи Сабоҳатнинг кетишидан ташвишланаётган бўлса-да, сир бой бермай столи устидаги қоғозларга андармон бўлгандай сўради.
- Ҳа. Шуниси маъқул менимча.- Муҳаммаджон қизга зимдан термулди. ўзи қорачадан келган, катта-катта шаҳло кўзлари гапирганда одамга эмас, бошқа ёқларга қадалган, чимдиб қўйилгандек жажжи бурунчасининг пастидаги мошдек холи ўзига ярашиб турибди. Жуда чиройли бўлмаса ҳам, одамни ўзига тортадиган нимасидир бор. Бундайлар ҳақида истараси иссиқ дейилармиди, хуллас, меҳнатсеварлиги, ишига уста-пухталиги қорамағиз қизнинг ҳуснига ҳусн қўшиб туради. Бунинг устига жуда камгап. Юз оғиз гапириб, ундан аранг бир оғиз жавоб ололасиз ёки йўқ. Бошлиқ ўйланиб қолди. Шундай ходим ўз-ўзидан ишдан кетаверадими?
- Нима гап, тинчликми? Биров хафа қилдими?- Сабоҳат Муҳаммаджонга «ялт» этиб қаради:
- Йўқ! Ўзим кетишни хоҳладим. Шу холос! Менга рухсат!
Қиз шундай деганча хонадан югуриб чиқиб кетди. Кейин цех ётоқхонасига бориб нарсаларини йиғиштира бошлади. Сабоҳатнинг узун-узун киприкларидан ёш тома бошлади. Энди қаерга боради? Яна қандай одамларга йўлиқиб, қанақа феъл-атворли кишилар билан муомала-муносабат қилади. Етти йилдан бери шу ерда ишлайди. Бу ерда ишлайдиганлардан тортиб, дову дарахти гулу гиёҳигача Сабоҳатга азиз бўлиб қолган эди. Энди қандай қилиб кўнгил узиб кетади-я… Қаерга боради? Яна ўша пияниста поччасини қарғаб, тилидан заҳар томадиган холасиникигами? Ёки дамлаган ошини ундан бекитиқча болаларига едирган келинойисининг қош-қовоғидан нари иш қилолмайдиган тоғасиникигами? Қанийди уни ҳам оиласи, ота-онаси, опа-укаси бўлса. Зерикканда, қийналганда жигарлари билан дилдан суҳбат қуриб кўнгил ёзса.
Иш деган нарса-ку топилади, қўлида гулдай ҳунари бор, матога жон бағшлайди. Аммо ўша кўнглига маъқул иш топилганча қаерда жон сақлайди?..
Сабоҳат ҳўнграб йиғлаб юборди. Кўз ёшларини тиёлмай ётоқхона навбатчисига калит ва буюмларни топширди.
- Қизим, нега бизни ташлаб кетаётганингни билмайману, аммо сенга ишонаман. Сендай оқила, фаросатли, қўли гул қизлар ҳаётда ўз ўрнини топиб, ўзи кутган бахтга албатта эришадилар. Сенга ўзинг истаган саодатни тилайман.
Сабоҳат бу меҳрибон аёлнинг бағрига ўзини ташлаб, йиғлаб юборишдан аранг тийилди. Қиз навбатчи билан хайрлашиб,  юкларини кўтариб бекат томон йўл олди. Баҳорнинг салқин эпкинлари таралаётган оқшомда ишдан, ўқишдан қайтаётган одамлар уйига ошиқар, ҳамма ўз ташвиши билан банд, ҳеч кимнинг биров билан иши йўқ. Сабоҳат дуч келган автобусга ўтирди. Орқа ўриндиққа чўкиб, қулоғига телефон наушнигини қўйиб кайфиятига мос сокин, маҳзун қўшиқ эшита бошлади. Тиғиз пайт бўлишига қарамай, автобусда одам сийрак эди. Сабоҳатнинг кўзлари ёшланди. «Билмадинг-а, сезмадинг-а… Яна нега ишдан кетяпсиз, деб сўрайсан. Нима қилай, ҳар куни сени кўрсам, кўрсаму дардимни айтолмасам, елкангга бош қўйиб овунолмасам, кўзларим ёшини артиб қўймасанг, бу ерларда қолиб нима қиламан?!»
Автобус икки-уч бекат юриб, йўловчилар бирин-кетин манзилларида тушиб қолишди. Сабоҳат тушиб қолишни ҳам, ўрнидан қимирламасликни ҳам билмай деразадан ташқарини кузатганча, йиғлаб бораяпти. Шунча йиллик қадрдонларининг тафти, меҳнатлари самараси, севимли иши, қадрдон қайчиси, тикув машинаси, дугоналари ҳамма-ҳаммаси тобора ортда қолиб, қиз қалбига оғриқ солаётган. У хаёлнинг олис сарҳадлари бўйлаб кўзларини маънисиз тикканча, кетяпти. Кетяпти. Қулоғи остида кимнингдир, «Сабоҳат, қол, кетма…» деган илтижоли товуши эшитилгандай бўлар, Сабоҳат бир чўчиб, сўнг яна ўз хаёлларига ғарқ бўларди. Дунёни унутиб саросар кетаётган қизнинг ўйларини қўл телфонининг қўнғироқ бўлганини билдириб чалган куйи тўзғитиб юборди.
-Эшитаман.- Қиз рақамларга қарамай, қулоғидаги наушникнинг овоз кучайтиргичида жавоб қайтарди.
- Сабоҳат, қаердасан? Сени излаб ётоқхонага бордим, дарров кетиб қолибсан-а?- Қиз овоз эгасини таниб қизил тугмачани босиб қўйди. Сўнг телефон тугмачалари остидаги ҳарфларни териб, хабар ёзишга тутинди: «Сиз учун кетяпман, ишдан! Сиз сабабчисиз!» Сабоҳат хабарни юборишга юбориб кўз ёшларини тўхтатолмади. Кўп ўтмай яна қўнғироқ бўлди. Қиз жавобсиз қолдираверди. Сўнг яна қайта-қайта Муҳаммаджоннинг қўнғироқларига жавоб бермаганди, SMS келди: «Сабоҳат, илтимос, нима учун кетаётганингни айт. Қаердалигингни айт, гаплашиб олайлик…»
… - Нега сен учун кетяпман, дединг? Тушунмадим?..- Сабоҳат улкан чинор дарахтига суяниб, одатича кўзларини олисларга тикиб турарди. Муҳаммаджон ҳовлиқиб келиб, «Ласетти»дан туша солиб уни саволга тутди.- Сенга бирор гап гапирдимми ё ойлигингдан қониқмаяпсанми? Бундоқ кўнглингдагини очиқ айтсанг-чи!?
- Сиз учун кетяпман… Сиз сабаб бу ерларда ишлолмаяпман…- Сабоҳат йиғлаб юборди. Муҳаммаджоннинг капалаги учиб, қизга ҳайратланиб қараб тураверди.- Ўзингизга бир қаранг, кейин менга қаранг. Сизни деб, қандай ютуқларга эришган бўлсам, қанчалик жонимни жабборга бериб ишласам ҳам сизни деб ҳаракат қиламан-ку. Кўзларимдан, сўзларимдан шаҳдимдан сизни севишимни, муҳаббатингизга интилиб яшаётганимни сезмадингими?! Йўқ, сиз ҳаммасини сезиб-билиб юрардингиз, аммо мени ўзингизга муносиб кўрмасдингиз. Ота-онасиз, бувисию тоғасининг қўлида ўсган бир қиз бўлса, у киму мен ким, деб устимдан кулиб юрган бўлсангиз ҳам ажаб эмас!- Муҳаммаджон қаршисидаги қизнинг кўз ёш ёмғири остидаги маломатларини эшитаркан, ўзи билмаган ҳолда машинасига суянганча, ерга ўтириб қолди.- Тўғри, онам касалмандлигини билиб, дадам бошқасига уйланиб кетган, шу бўйи онамнинг таъзиясида ҳам, бувимнинг азасида ҳам келмади. Мен дадамни умуман эслолмайман ҳам. Айтишларича, у айни пайтда оиласи билан хорижда яшар эмиш. Мендан ҳеч қачон хабар олмаган, аммо мен сиз ўйлаганчалик ота тарбиясини кўрмаган бебош қиз эмасман. Тоғам қаттиққўллик билан тарбиялади мени. Хорижга чиқишни, машҳур ва бой бўлишни, бахтли бўлишни ва шу сабаб отамни топишни истаб сизнинг фирмангизга ишга киргандим. Кам бўлмадим. Меҳнатимни қадрладингиз, бунинг учун катта раҳмат. Аммо кўнглимни англамадингиз, қадрламадингиз. Чунки, ота-онангиз, яқинларингизга мени кўрсатиш, мени сизга муҳаббатли эканимни айтиш сизга ор. Кимсан дунёнинг машҳур брендлари билан беллаша оладиган корхона эгаси қайдаги ота-онаси йўқ, ҳеч кими йўқ, цех ётоқхонасида яшайдиган қизни ўзига қандай муносиб кўрсин?!.. 
- Гапинг тугадими, Сабо?…- Муҳаммаджон қўл остида ишлайдиган ходимасини ўзига яқин олиб гапирди.- Энди мени ҳам эшитарсан?- Қиз ҳиқиллаб йиғлаганча индамай тураверди.- Сен ҳақингда, тақдиринг, ота-онанг ҳақида биринчи марта эшитиб турибман, Сабо. Мени кечир, ғофиллигим, кўрлигим, ғафлатда қолиб кетганим учун. Сен ҳам мен ҳақимда ҳеч нима билмас экансан. Тўғри, ишхонада ҳеч ким билан яқин муносабатда бўлмаганим учун ҳам кўпчилик ҳаётимдан бехабар. Мен детдом боласиман, Сабо. Отамни билмасдим. Кичкиналигимда бир аёл келиб, онангман, дерди, орадан вақт ўтиб уям келмай қўйди. Мактабда ўқиб юрган кезларим ота-онаси бор, бойвачча синфдошларимга ҳам ҳасад, ҳам ҳавас қилиб, мен ҳам албатта бой бўламан, бой бўлсам ота-онам бўлади, деб аҳд қилгандим. Ўзим ўқидим, ишладим. Қийинчилик кўрдим, машаққат тортдим. Шу фирма— корхонани очдим. Орзуларимга эришдим, бой бўлдим, давлатли бўлдим. Ўйлаганимдай бир жойдан бир одам мен отангман, деб кириб келди, бир жойдан бири онангман, деб келди. Ота-онамнинг ўз оиласи бори экан. Бирининг хотини золим, шаллақи, бирининг пияниста эри ҳар куни дўппослаб пул сўрар экан. Хуллас, ана шунақа айқаш-уйқаш ҳаётим билан бировни севишга ҳам, қизлар билан қўл ушлашиб юришга ҳам вақтим бўлмаган. Мени ҳеч бир қиз севмаган, Сабоҳат. Мен ҳам ҳали сен айтаётган туйғулар жунбушини ҳис қилмаганман. Шунинг учун ҳам ҳиссиётларингни англамагандирман. Мени кечир… Биз бир-биримиз учун яратилган эканмизни кеч билганим учун, кечир… - Муҳаммаджон қизнинг қўлларидан тутиб олди.- Энди мени ташлаб кетмайсан-а? Энди қалбимни, кошонамни, корхонамни тўлдириб юраверасан-а? Кетмайсан-а?…- Сабоҳатнинг юраги ҳаприқиб кетди. «Бу— мен кутган, мен орзу қилган бахт-ку, Художон!» Қиз кўнглидаги ҳайқириқ йигит қалбига ҳам кўчди: «Бу— менинг чин бахтим бўлсин, Художон!» Баҳор оқшомининг юлдузлардан тилло либос кийган осмони,  унинг кўшкини тўлдириб турган оймома, энди япроқ чиқараётган дарахтлару, замин меҳридан баҳра олиб ўсаётган майсалар икки ёшнинг тилагига қўшилишди: «Албатта шундай бўлади! Сизлар бахтли бўласиз!..»

ФАРЗОНА

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 474 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ