1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Мени кечир, ўғлим”

 

 

 

Замирахон азонда эрини уйғотиб юбормаслик учун оёқ учида секин юриб чиқди-да, эрталабки юмушларга шўнғиб кетди. Ҳамма ишни саранжомлаб бўлиб, нонушта тайёрлади-да,  ичкарига овоз берди:
— Дадаси, ҳов дадаси, туринг энди. Тура қолинг, ишга кечикасиз.
Илҳом елкасига сочиғини ташлаб, ҳомуза тортганча остонада кўринди:
— Замир, сен ухламайсанми, нима бало? Энди соат олти бўлибди.- Эри остонага ўтириб олмоқчи эди, Замирахоннинг энсаси қотди:
— Вой, остонага ўтирманг-а, ризқингиз қийилади.- Кейин ичида ғижиниб қўйди: “Она тарбиясини кўрмаган-да!” – Эрта уйғонишда ҳикмат кўп, дадаси.
— Нуқул кампирларга ўхшаб гапирасан-а?..
Эрининг гапларидан оғринган Замира афсус билан бош чайқади. Болалари ётган хонадан ўғилчаларининг шодон қийқириғи эшитилиб, жувоннинг бояги нохуш кайфияти буткул тарқаб кетди. Дарҳол болаларининг ёнига шошилди. Бир-биридан ширин болакайларни ўпиб-эркалаб, кийинтириб, ювинишга олиб чиқди.
Нонушта маҳали Замира айтмоқчи бўлган гапини эрига қандай айтишни билмади. “Рози бўлар, онаси-ку. Керак бўлса, бирга борамиз. Ҳозир ўлим тўшагида экан. Айтаман...”
— Дадаси,- деди қўлидаги пиёлани ўйнатиб, мулоҳаза билан.- Мен бугун касалхонага бормоқчи эдим.
— Тинчликми?- Илҳом қошини чимирди.- Бирор еринг оғрияптими?
— Йўқ, соппа-соғман...
- Унда нимага бормоқчисан?
Замира эридан кўзларини олиб қочди:
-Онангиз касалхонада экан...- Замира қўрққан нарса юз берди. Илҳом дарғазаб хотинига ўшқирди:
-Унинг номини ҳеч ким тилга олмасин, деб неча марта айтганман! Ўз гўдакларидан тониб, “Менга бола керакмас!” деган, етмаганига, “итдан бўлган қурбонликка ярамайди”, деб биздан юз ўгирган аёлни қандай она дейсан?! Билиб қўй, яна бир марта ўшанинг олдига бориш ҳақида гап очсанг, уч талоқсан, билдингми, уч талоқ!
- Шайтонга ҳай беринг! Ўша аёл сизни дунёга келтирган онангиз ахир!
Мени ҳеч қанақа онам йўқ! Бизга бувим оналик қилганлар. Уни икки дунёда ҳам кечирмайман.
- Илҳом ака, бошингиздан ўтган кунлардан хабарим бор. Лекин фарзанд ота-онани айбдор қилмоғи мумкинми?!- Илҳомнинг тепа сочи тикка бўлди:
- Ўчир, ўчир овозингни!
Чорасиз қолган Замира ошхонага қайтди. Дастурхонни йиғиштириб, боғчага борадиган болаларини кийинтиришга тушган жувон хаёлан эрининг ёнини ола бошлади: “Бир томондан Илҳом акам ҳақ. Изтироб ва соғинч ичида ўтган болаликлари учун оналарини кечиролмайдилар. Лекин... ўша аёл болаларининг дийдорига интиқ бўлиб жон беролмаяпти экан. Она-да. Уни рози қилиш, ризолигидан хотиржам бўлиш керак. Қандай қилиб бўлмасин, Илҳом акани оналарининг олдига олиб боришим керак...”  
Замира болаларини боғчага қўйиб, уйга қайтаркан, ўй-фикрлардан бир зумга бўлсин чалғий олмасди.  У йўл-йўлакай катта қайнонаси- эрининг бувисиникига киришни маъқул топди. Момо ишком остидаги сўрида кўрпа қавиб ўтирган экан. Невара келининикўриб суюниб кетди:
- Ўзим айланай, бормисизлар?
- Ассалому алайкум, бувижон, яхши ўтирибсизми? Соғ-саломатмисиз?
- Ваалайкум салом, болажоним. Худога шукр, ўтирибман. Ўзингиз яхшимисиз? Илҳомжоним, болалар саломатми? Ўзингиз чарчамай юрибсизми?
- Шукр, бувижон. Иш, уй, рўзғор, болалар. Шуда, меҳнатимиз, чарчаб нима қилардик. Мен кечадан бери меҳнат таътилидаман.- Замирахон шундай деб, чойнакдаги чойни янгилаш учун ошхонага йўналди. Уч-тўрт дақиқалардан кейин қўлида чойнак-пиёлаларни кўтариб келиб, момога рўпара ўтирди. Чойни ҳафсала билан қайтарар экан, секин гап бошлади:
- Бувижон, эрталаб неварангиз билан тортишиб қолдик... Назаримда мендан ранжидилар.
- Худо асрасин, нимага ранжийди экан?
- Ўша сиз айтган гапни етказган эдим, жаҳллари чиқиб кетди.- Бувининг қошлари чимирилди:
- Ўзим ҳам билгандим. Нима деди?
- Жуда ёмон гап айтдилар. Ишонасизми, “агар яна бир бор шу гапни гапирадиган бўлсанг, талоқ қўяман!” дедилар.
- Вой, боласи тушмагур-ей. Қандай тили борди-а? Тавба-ей.. Мен ҳам уларни яхши тушунаман. Шўрлик болалар онасизликда кўп қийналишди. Кўп изтироб чекишди. Илҳомжон ўнмиди, ўн бир ёшмиди укасини етаклаб даштдаги чорбоққа ўрик тергани кетди. Укаси Икромжонимиз бироз шўх эди. Акасининг огоҳлантиришига парво қилмай дарахтга чиқибди. Бир маҳал икковлашиб йиғлаганча эшикдан кириб келишди. Уларнинг йиғисини кўриб эсхонам чиқаёзди. Оёқяданг югуриб чиқсам, Икромжонимнинг оёғига дарахтнинг майин шохи-“тикан”и кириб кетибди. Бояқиш ерга қадам босолмаяпти. Шунақанги йиғлаяптики, унга қараб кўз ёшини тўхтатолмаётган Илҳомжонимни кўрган ҳар қандай бағритош кишининг ҳам юраги эзилиб кетарди. Эҳ-ҳе, бунақанги азоблардан қанчасини кўрмади улар. Эсидан чиқмабди-да. Келинлар мени олдимда яхши гапирган бўларди-ю, орқа ўгирсам болагиналаримни уриб-сўкишарди. Ҳа...- ая оғир тин олди.- болаларим, Илҳомжон билан Икромжон енгилтакликнинг бегуноҳ қурбони бўлиб товон тўлашди. Уларга ҳам осон эмас. Аммо бошқа иложлари ҳам йўқ. Эл-юрт эшитса нима дейди, онаси ўлими олдидан ўғилларига илҳақ бўлибди, болалар дийдорини қизғаниб, онасидан рози-ризолик олишолмабди, дейишади. Болам, бандасидан ўтганни Худо кечиради, нега энди фарзанд онанинг хатосидан ранжиши керак экан...- Момо оғринган куйи хаёлга чўмди.
- Бувижон,- Замирахон истиҳола билан ўртадаги сукунатни бузишга уринди:- Бир эшитгандим, Илҳом акамнинг аялари қайсидир хорижий давлатга турмушга чиқиб кетган экан, кейин у ёқдан ҳам икки эгизак қизалоқни етаклаб қайтганмиш...
- Турмушга чиқиш қаёқда? У ўғлимдан ажрашиб, бир муддат шу ерда юрди... У ҳақида ҳар хил гап-сўзлар тарқалди. Бош кўтаролмай қолдик.- Момонинг овози бўғилиб, ёноғида ёш думалади.- Чолим раҳматли бу иснодни кўтаролмадилар. Кейин Дубайми-Гудбайми, қай гўрга йўқолиб кетиб, икки йилдан кейин қорнини қаппайтириб қайтди. Буниси ҳамасидан ошиб тушди. Бир киши, фалончининг қизи деса, минг киши пистончининг келини, дерди. Кейин  иккита қиз туғиб олди-ю, ялло қилиб юраверди. Ақалли бир марта, шу ерда икки болам бор эди, ҳоли нима бўлдийкин, демади...
- Шунинг учун ҳам Илҳом акамнинг жаҳллари чиқибди-да...
- Ҳа... Лекин қандай  бўлмасин болаларини онасини кўргани боришга кўндиришимиз керак.
- Бувижон, мен энди гапиролмайман. Айтдимку, қўрқаман.- Замирахон ялинчоқ нигоҳларини момога тикди.
- Йўқ, болам, сиз хотиржам бўлинг. Уларни эсини ўзим киритаман. У ишдан келгач, менинг олдимга юборинг. Уйга қайтаётиб, овсинингизга ҳам тайинлаб қўйинг. Икромжонни олдимга киргизиб юборсин. Ўзим гапллашаман. Онасидан албатта хабар олишади. Худо биладию, бандачилик қилиб қўйса, қаердаги таги номаълум қизларининг эриникидан эмас, ўғиллариникидан чиқарилади. Ташлаб кетган бўлса ҳам, булар ҳаппа-ҳалол никоҳдан туғилган, ўғил деган номи бор.
Замирахон катта қайнонасининг гапларини тинглаб, унинг  доно ва тадбиркорлигига тан бераётганди...
- Бувим нима демоқчи эканлар, Замир?- эрталабки дилхираликни унутган эр ўғилчасини ўйната туриб, хотинидан сўради.
- Билмадим, шундоқ ўзларини кўргилари келгандир-да. Дадаси, сергўшт қилиб шавладан сузиб берайин, бувимга ҳам олиб боринг.- Замирахон чаққон ҳаракатлар билан чинни товоққа тўлатиб шавла сузди. Устига битта патирни босиб, дастурхонга ўради-да, эрига тутқазди. Илҳом акаси хуш кайфиятда дарвозадан чиқиб кетаркан, хотини унга ғалати қараб қолди. “Бечора Илҳом акам она меҳрига зор ўсган. Бунинг устига дадалари яқин-яқингача чет элда ишлаган. Тирик етим...  Шунинг учун ҳам сал нарсага  қувонадилар, сал нарсага кўзлари ёшланади. Айрим нарсаларга бепарволикларидан ғашланардим. На она, на ота тарбиясини кўрган. Кўчада, ҳали бу келинойисининг эшигида, ҳали бу қўшнисиникида қоқиниб-суртиниб ўсган-да...”
... Тунгги соат ўн бирларда бувисиникидан қайтган Илҳомнинг йиғидан қизариб, шишинқираган кўзларидан вазиятни фаҳмлаган Замирахон енгил тин олди: “Бувим барака топсинлар, кўндирибдилар...”
Эр-хотин сўзсиз ётоққа киришди. Бир соатча уёқдан буёққа ағдарилавериб, ухлолмай қийналган Илҳом хотинига секингина сўз қотди:
- Замир, ухладингми?
- Йўқ. Уйғоқман,- у шундай деб эрига томон ўгирилди.
- Қийналиб кетяпман. Ҳозир ҳолатимни ифодалаб беролмайман.- Илҳомнинг овози титраб кетди.
- Сизни яхши тушуниб турибман, дадаси...- Замирахон эрини юпатмоқчи бўлди.
- Йигирма йилдан кейин уни...- Илҳомжоннинг “она” дейишга тили бормасди.- Тўшакка михланган, тил-забондан қолган ҳолда кўраман, деб ўйламагандим...
- ...
- Замир биласанми, мен онамни яхши кўраман... Тушуняпсанми?- Эркакнинг  кўзларидан дув-дув оқаётган ёш тунчироқ ёруғида бемалол кўринарди.- Отамдан хафаман. Агар отам маҳкамроқ бўлганда у бизни ташлаб кетмасди. Шунча пайт онамнинг меҳрига зор яшамасдик. Онам... ҳалигидақа йўлга кириб кетмасди.
- Тақдир экан, Илҳом ака. Энди отангизни айбламанг...- Замира эрига таскин берадиган сўз тополмади.- Онангизни яхши кўришингиз- қалбингизда муҳаббатнинг борлигидан нишона. Дунёни меҳр-муҳаббат қутқаради. Демак, худо хоҳласа сиз ва укангиз-ўғилларининг муҳаббати туфайли онангиз оёққа туриб кетади...
Илҳомжон индамади. Олам ҳукмронлигини қўлига олган тун сукунати орадаги жимликни кучайтирди. Ҳеч бирига ўхшамаган кун ташвишидан ҳориган кўзлар, эртанги васлдан умидвор бўлиб юмилди...

Фарзона АЗИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 473 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ