Сайт бўлимлари
Бахтга етаклаган жиноят
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Марҳабо опа қизининг қарорини эшитиб, аввал донг қотиб қолди. Сўнг эс-ҳушини йиғиб, худди биров эшитиб қолиб айбситадигандек. Секин товушда сўради:
- Нималар деяпсан. Дилрабо?! Ўйлаб гапиряпсанми, болам?! Ахир...
- Ҳа ойижон, дадамга айтинг, кўп чўзмасдан шу йигитга розилик бериб юборсинлар.- Қиз онасининг гапини охиригача тингламай жавобини берди.
- Вой дод, мен шу ниятда қиз ўстирганмидим?! Эл-юрт ичида нима деган одам бўламан?! Одамлар, келиб-келиб қизини бир қамалиб чиққан йигитга берди, демак бир гапи бор экан-да, дейишмайдими?! Сен қиз ўйлаб гапиряпсанми?! Ўзинг покмисан ишқилиб?..- Онанинг сўнгги жумласи қизининг ҳамиятига тегиб, бўғилиб кетди:
- Ойи дедим! Эрга тегадиган менми ё бошқаларми?! Ўша қамалиб чиққан йигитга мен тақдиримни ишоняпман-ку! Қолаверса, қамалиб чиққанларнинг ҳаммаси сиз ва бошқалар ўйлаганчалик ашаддий жиноятчи бўлмайди-ку. Мен ўшанга турмушга чиқишим керак, ойи. Биласизми, унинг ҳаётини мен шу куйга солганман, мен! Энди гуноҳимни ювишим керак...- Марҳбо опа қизининг йиғлаб айтган бу гапларидан ҳеч нимага тушунмаган бўлса-да, дағ-дағ титраб диванга ўтириб қолди. Дилрабо эса бир нуқтага тикилган куйи, бундан ўн йилларча олдин юз берган, бугунгача бировга айтмаган ўша мудҳиш воқеани сўзлай кетди...
* * *
Ўшанда Дилрабо институтнинг сўнгги босқичида таҳсил оларди. Битириш имтиҳонлари, диплом ҳимоясидек талабалик ниҳоясининг ширин ташвишлари курсдошларни бир-бирига тамоман боғлаб қўяди. Шундай кунларнинг бирида ётоқхонага-вилоятлик курсдошлари ёнига тайёрланишга борган Дилрабо кечгача қолиб кетди. Қизлар ҳар қанча уриниб, дугоналарини қолишга ундашмасин, Дилрабо уйида ота-онаси хавотир олишини, бугун Андижонга турмушга чиқиб кетган опаси уйларига меҳмонга келганини айтиб кетишга тараддудланди. Аксига олиб ўша кеча ётоқхонада турадиган курсдош йигитлар ҳам кўринмади. Дилрабо дугоналари билан хайрлашиб, метро бекати томон югургилаб кетди. Май ойининг сўнгги кунлари бўлишига қарамай, осмон қора булут билан қопланган, йўлаклардаги яккам-дуккам чироқларни айтмаганда, атроф буткул қоронғилик қаърида эди. Шу пайт қуюқ дарахтзор оралаб тез-тез қадам ташлаб кетаётган қизнинг йўлини уч-тўртта безори тўсди:
- Ҳа, асал қиз, чиройли бўлиб ярим тунда қаерга кетяпсиз? Овора бўлиб аллақаёқларга бориб нима қиласиз, ана шу ерда ўзимиз...- Безорилардан бири хунук тиржайганча қизнинг билагига ёпишди. Бири сумкасини юлқиб, яна бири эгнидаги кийимларини тортқилган эди, Дилрабо бор овозда чинқириб, дод олди. Шу пайт бахтига қаердандир чопиб келган бир йигит безорилар билан олиша кетди. Қарши томондагиларнинг бири чўнтагидан пичоқ чиқариб йигитга ҳезланган эди, у чапдастлик билан безорининг қўлидан пичоқни юлқиб олди-да... Буёғи худди қўрқинчли тушдай бир зумда рўй берди. Дилрабога ҳужум қилганлардан бири қорнини чангаллаб ерга думалади, қолганлари эса яраланган қўлини, қон оқаётган бурнини тутиб урра қочишди. Улар шерикларини ташлаб қочишгач, Дилрабо билан ҳалиги йигит ерда ғужанак ётганини қаттиқ яраланган бўлса, ёрдам берайлик деб туртиб кўришганди, унинг аллақачон жони чиққанини билиб қолишди. Халоскор йигит чуқур “уҳ” тортиб ерга ўтириб қолди. Дилрабо эса қўрққанидан бир сўз ҳам айтолмасди...
Безориларнинг яраланганлари ҳам йигитга қарши даъво қилишди. Энди Шукруллога (халоскор йигитнинг исми) ҳужум қилиб ҳалок бўлган йигитнинг яқинларини-ку айтмаса ҳам бўлади. Хуллас, йигит жиноий жавобгарликка тортилди. Ўша йили аспирантурани тамомлаш арафасида экан. Тўй куни белгиланиб, яхши кунлари яқин қолган йигит қамоққа тушиб қолди. Севган қизи тўйни бекор қилдирибди. Дилрабо ҳам кунда-кунора тергов бериб, судда қатнашиб йигитнинг айбсизлигини, ўзини ва бир қизни ҳимоя қилиш учун ўи билмаган ҳолда одам ўлдириб қўйганини такрор ва такрор таъкидлади. Аммо безорилар шаҳарнинг казо-казоларининг болалари экан. Айниқса ҳалок бўлгани йигитнинг ота-онаси қаттиқ турди. Ишқилиб, Шукрулло ўн уч йилга кесилиб кетди.
Бу воқеа Дилрабога қаттиқ таъсир қилди. Ўқишни тамомлаб мактабга ишга кирди, ўқитувчилик касбини, болаларни севгани учун ишида тез орада муваффақиятларга эриша бошлади. Аммо негадир қизгина эшигини яхши ниятда тақиллатган совчиларнинг ҳеч бирига рўйхушлик бермас, онасининг совчиларнинг ўғли билан учрашувга чиқишини айтиб зорланишларига қарата:
- Барибир, кўнглимдаги йигит эмас экан ойижон, дугоналаримдан билиб олдим,- дейиш билан кифояланади. Ана шу гаплар билан ҳам ёши ўттизга бориб қолди. Онаси, қиз болани вақтида узатиш кераклигини, маҳалла-куйда одамлар роса гап-сўз қилишаётганини айтиб қанча кўз ёши қилмасин, қиз:
- Пешонамда бўлса, бирор кун турмуш ҳам қиларман. Менга ҳам шундай юриш ҳавасми?!-дейишдан нарига ўтмасди. Аслида Дилрабонинг кўнгил қўйган кишиси бор эди. Улар бир-бирини яхши кўриб қадрлашар, вақти келиб бахтдан гуллаган оила қуришни орзу қилишар эди. Дилрабо кўнгил қўйган кишисини жуда ҳам ардоқлар, вақти келиб турмуш қурганларида уни кўз қорачиғидек асраб авайлаб, бекаму кўст рафиқалик хизматини адо этиш билан бирга, ҳаётда ўз ўрнини қайта эгаллашига кўмак беришини астойдил ният қиларди. Улар тергов жараёнигача мутлақо учрашишолмади. Фақат судда Дилрабо йигитнинг беайблигини айтиб гувоҳлик бергандагина, Шукроллининг чўкиб қолган бўй-бастини кўриб, қизнинг кўнглида айбдорлик ҳисси уйғонди. Судя ҳукмни ўқиб эшиттирганида онасининг “Ўғлим, онанг ўлсин, болам!Ўзингни эҳтиёт қил! Сени Худога омонат топширдим” деб бўзлаганини кўриб, бу оғир ҳис юрагида залворли юкни пайдо қилди. Шу-шу йигитнинг аҳволидан тез-тез хабар оладиган бўлди, бир йилдан кейин Шукрулло узоқроқ вилоятдаги турмага жўнатилгач, улар хат ёзишадиган, меҳнат таътили пайтида Дилрабо ота-онаси вилоятдаги дугонасиникига бориб келишни айтиб рухсат сўраб, Шукруллодан хабар олиб қайтарди. Бора-бора бора бу яқинлик илиқ тус ола бошлади. Қиз аввал қалбидаги туйғуларга аҳамият бермай, уларни шунчаки беайб йигитнинг қаршисидаги гуноҳкорлик ҳиссига йўйди. Аммо кейинчалик, йигит билан бўладиган суҳбатлар, мактуб ёзишмалари унинг кўнглидаги, ўзи истаган инсон эканлигини билдирди. Муносабатлари жиддий тус олиб, аҳду паймон қилишди. Шундан бери Дилрабо Шукруллони кутиб, совчиларга рад жавоби бериб келади. Яқинда амнистия туфайли, жазонинг ўн йилини ўтаб бўлган йигит озодликка чиқди. Дилрабонинг қувончида чегара йўқ. Йигит уйига қайтгач,бир ҳафта ўтар ўтмас Дилраболарникига совчи йўллади. Аввалига қизларини қамалиб чиққан йигитдан сўраб келишгани ота-онага малол келди. Бироқ қизининг шу йигитга турмушга чиқаман, деб оёқ тираб олиши онани ҳайрат ва саросимага ташлади. Воқеанинг қолган қисми эса, ўзингизга аён.
* * *
Қизининг гапларини эшита туриб, Марҳабо опанинг кўзларига ёш қалқди:
- Шунча гапни мендан ҳам яширдингми қизим?
- Бу гапларни яшириб кўтариб юриш менга ҳам осон эмас. Ўзингиз ўйланг, мени деб келажаги порлоқ бир йигит ўн йил қамоқда ўтириб қайтса. Унаштирилган қизи айниб, тўйи бекор қилинса. Ўшанда онаси шўрликнинг ҳолатини кўриб, ўзимдан нафратланиб кетганман. Агар мен ўзбошимчалик қилиб қилиб ярим тунда ётоқхонадан уйга келмоқчи бўлмаганимда ўша безориларга йўлиқмасдим. Оқибатда, Шукруло ака ҳам ҳозир қамалиб чиққан одам эмас, олим, ўз ишининг билимдони, бахтли оиланинг таянчи бўларди. Ойижон, тезроқ дадамга ҳаммасини тушунтиринг. Ўзи Шукрулло акамнинг онаси эзилиб адо бўлган, яна сизларнинг бунақанги қаршиликларингиз ҳам бояқишни баттар чўктириб қўяди-ку. Менга ишонинг, улар жуда ҳам яхши инсон. Мана кўрасиз, мен, биз -Шукрулло акам иккимиз албатта бахли бўламиз. Баъзан ўйланиб қоламан, уларнинг тақдирида мен битилганим учун ҳам Аллоҳ бизни шу синов билан имтиҳон қилганми. Ахир, ўша пайтлари танишиб қолганимизда улар менга уйланолмасдилар, мен ҳам ҳеч қачон икки кўнгилнинг орасида турмасдим-ку, тўғрими ойижон? Шундай экан, кўнглингиз хотиржам бўлсин, ҳаммаси яхши бўлади!- Марҳабо опа қизини бағрига босиб сочларини силади:
- Илоҳим айтганинг келсин, болам. Илоҳим тақдирингдаги инсон билан қўша қариб муроду мақсадингга етгин...
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 862 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар