Сайт бўлимлари
Ёғ еганда ёт яхши, қон ютганда қариндош
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Муҳиддинжон ишдан қайтаркан, дарвозаси олдидаги жигарранг «Нексия»ни танимади. Хўжасининг эшигида турган машинага ҳайратланиб қараётганини сезган ҳайдовчиси, кулимсираб:
- Ҳайрон бўлманг ака, энди бунақалар кўпаяди. Ҳойнаҳой вазир ўринбосари бўлганингизни «тасодифан» эшитиб қолган танишларингиздан бири «табриклаб қўйиш» учун киргандир-да,- деди. Муҳиддинжон ҳайдовчисининг гапига жавоб бермади-ю, аммо ичида бир ғижиниб қўйди. Чиндан ҳам шунақага ўхшайди. Дарвозадан кириб борар экан, сўрида гуруч тозалаётган хотини илжайиб пешвозига чиқди:
- Ассалому алайкум, дадажониси. Яхши келдингизми? Чарчамай…
- Ваалайкум салом. Шукур… Нима гап тинчликми?- Муҳиддинжон ичкарига ишора қилди.
- Вой-ей, дадажониси шундай меҳрибон қариндошларингиз бор экан, мени таништирмайсиз ҳам. Қаранг, бугун амалингиз кўтарилгани билан табриклаш учун келишибди. Яхши эмас, дадажониси, мансабга ўтириб қариндош-уруғларни йўқламай қўйиш, яхши эмас. Қаранг, яна яқинларингиз гина сақлашмас экан. Вазир ўринбосари…
- Ишингни қил!- Муҳиддинжон хотинининг соддалигидан ғаши келиб, ақл ўргатаётганидан жаҳли чиқди. Ичкари уйга қадам қўйиб қўймасидан, ташқаридан овозини эшитган қариндошлари гурра унга ёпишди:
- Вой, бахти кулган жияним мени. Илоҳим, мартабанг бундан ҳам зиёда бўлсин. Илоҳим, топган тутганингга барака берсин. Шу кунларингни кўролмаган синглим билан куёвнинг жойлари жаннатда бўлсин…- Тилла тишларини ярқиратиб, кулгудан йиғиштиролмаётган оғзига ярашмаган кўз ёшлари билан алқаб кетган Раънохон холасига нафрат билан тикилди Муҳиддинжон.
Отасининг вафотидан кейин онасига кўп оғир бўлди. Бир қиз, икки ўғил билан йигирма етти ёшида бева қолган Райҳон колхоз ерида ишлаб, топган уч-тўрт сўм пулига рўзғор тебратар, ўзига тўқ яшайдиган жигарларидан ёрдам сўрашга бети чидамасди. Бир-икки марта қарз сўрагани борганида худди мана шу- кўз ёшини оқизиб, синглисининг бевақт ўлимидан «қайғураётган» Раънохон:
- Сен ҳам одамга ўхшаб, таг-тугли, ота-онаси бор, қўли узун йигитга турмушга чиқсанг ўлармидинг?! Етимхонада ўсган чувридини «севиб қолдим» деб бўйнига осилволдинг. Энди на ундан қолган итваччаларни боқа оласан, на бу етимчаларни эргаштириб бирортага тегиб кета оласан. Ҳалиям, ўша гап Райҳон, болаларингни детдомга топшириб юбор-да, ўзинг қўшни маҳаллалик, хотини саратон дардидан ўлган Карим дўкончига теккин. Еганинг олдингда, емагинг кетингда, маликалардай кийиниб, ясаниб юрасан. Энди бироз ёши катта бўлса нима қипти, эркак кишини улуғ бўлгани яхши-да. Ёнида қўғирчоқдай турланиб юрасан.
- Қўйинг опа, малика бўлмай кетай. Бу кунларни кўргунча, дадаси ўлгунча мен ўлсам бўлмасмиди? Ўша оғзида бир тиши йўқ Карим дўкончингизни қайтиб оғзингизга олманг. Болаларимни, марҳум эримни ҳақорат қилманг опа. Бунга чидолмайман.- ўшанда Муҳиддинжонни етаклаганча, йиғлай-йиғлай ортига қайтганди онаси. Аниқ эсида, саккиз ёшда эди. Ахир саккиз яшар бола ҳаммасини эслаб- хотирлаб билади-ку. Мактабни битирар арафасида онаси ҳам қазо қилди. Шифокорлар жигар циррози, деб ташхис қўйишди. Меҳнат одамни ўлдирмайди, дейишади. Бекор гап экан. Оғир меҳнат Райҳонанинг бошини еди. Болаларим бировдан кам бўлмасин деди, ғишт қуйиб сотди, мол боқди, ҳатто бировларнинг кирини ювиб, овқатини қилиб уйини супирди. Ўша пайтларда ҳам Раънохоннинг ошиғи олчи—чайқов бозоридан ноёб нарсаларни арзон-гаровга сотиб оларди-да, эшикма- эшик юриб бойвачча хотинларга устига тўрт-беш баравар қўйиб сотарди. Магазинчи эрини ҳам ҳоли-жонига қўймай, дўконга келган қиммат молларни яширин тарзда чайқов бозорида пуллар, ўша пайтларда Раънохонинг онаси ҳам, отасию жигари ҳам пул эди. Онасининг вафотидан кейин шум етим бўлиб қолган Муҳиддинжон ҳеч бир қариндошидан ёрдам сўрамасликка аҳд қилди. Аммо тирикчиликнинг ташвиши тошдан қаттиқ экан. Ўқишга киришга кирдию, талабалик ҳаёти- еб-ичишдан, кийинишдан анча қисиниб қолди. Синглисини ҳам ўзи билан тошкентга олиб келиб, пед техникумга ўқишга қўйганди. Ўқишни ўйласа томоқ, томоқни ўйласа уст-бош, хуллас бир томонда синглиси- қиз бола. Шу биттаю битта холсаи ҳафтада икки-уч марта Тошкентга келиб чайқов бозоридан мол олиб кетарди. Лекин бир марта бўлсин жиянларининг аҳволидан хабар олмаган. Энди қандай қилиб Муҳиддинжоннинг уйини топиб олган экан, қизиқ…
- Жиянвой, шунча қилган меҳнатимиз ҳавога учиб кетмабди, қара. Сени ўқитиб одам қилгунча не кунларни кўрмадик-а?- Изтиробли хотиралар хаёлига ғарқ бўлган Муҳиддинжон тоғасининг палағда овозидан бир чўчиб тушди-да, мени сиз ўқитиб, одам қилдингизми, ҳали, дегандай маъноли қараб қўйди. – Энди-и-и, жигарчилик деган гаплар бор, жиянжон, ўзингни қавм-қариндошингни атрофингга йиғ. Биласан-а, катта ўғлим ҳайдовчи, шопирни бегона қилмасдан Очил акангни ўзингга шопир қилиб ол. Бақамти ишласаларинг яхши-да. Кейин мени пенсамниям бир текширтириб, ошириб бер жиян. Энди давлатга шунча меҳнати сингган одам, арзимаган пенса олса одамга алам қиларкан-да…
- Қилиб беради акажон, қилиб беради. Ахир тоға— етти ота ўрнида, дейдилар-ку…- Унинг гапини илиб кетди Раънохон холаси.- Раҳмон тоғаси онасининг оиласида катта ўғил эди. Дадаси ўтиб қолиб, қийналиб қолишганида онаси Муҳиддинжонни етаклаб шу - «давлатга шунча меҳнати сингган», «етти ота ўрнида бўлган» тоғасининг уйига борган эди. Кечагидай эсида.
- Қизиқ экансан-ку, иккита болани эплай олмай тиланчиликка чиқдингми? Бир ўзим олти болани едириб-ичириб, уй қуриб, тўй қилиб юрибман-ку. Келинойинг ишламайди. Сени қараю! Қара, ўғлинг сўлоқмондай бўлиб қолибди, ишлат-да буни. Кейин «ғамхўр» тоға Муҳиддинжонга қаради: -Ҳадеб қўлингга китоб-дафтар олиб узала тушиб ётгунча онангга ёрдам берсанг, ўласанми?! Битта чўпонга шогирд тушсанг ҳам оилангга нафинг тегарди. Ҳеч замонда китоб нон берармиди?!- Муҳиддинжон эгик бошини кўтармай ер остидан бир-икки онасига қараб олди. Онаси қўлидан маҳкам тутиб олди-ю, акаси билан хайрлашиб ортига қайрилди. Шу пайт орқадан келинойиси-тоғасининг хотини жавраб қолди:
- Ким у, дадаси? Нима, одамлар бизни тилладан тоғи бор, деб ўйлашадими? Тавба қилдим! Ундан кўра эрга тегсин, бирорта кампири ўлган чолга тегса ҳам пенсаси билан етимчаларини боқарди. Кимнинг ортиб қолган давлати бор экан, у текинтомоқларни боққани?!..- Онаси ҳам, Муҳиддинжон ҳам келинойисининг бу маломатларини эшитишди. Афсуски тоғаси бу гапларга жавобан ҳеч нима демади. Бир қараши билан қўл остидагиларнинг дамини ичига тушириб юборадиган кимсан райпо мудири- тоҚаси хотинининг тилини жиловлаб қўймади. Онаси кела келгунича кўз ёши билан йўлларни ҳўл қилиб келди. Боёқиш онаси… Шўрлик онагинаси… Болалари учун одамларнинг эшигида эланиб ишини қилиб, ўзиникилардан таънаю маломатлар эшитиб, фарзандлари суягини қотирдию, чеккан заҳматлари роҳатини кўролмай жуда эрта бу дунёни тарк эди.
- Муҳиддинжон, жияним, вой жияним эмас ўғлимсан ўғлим. Тўнғич неварамни кўрдингми, ҳу ана айвонда ўтирган қиз-чи?- Муҳиддинжон энсаси қотиб орқасига ўгирилди. Айвон рафига ўтириб олган бир қиз, қулоғига қўл телефонининг аччиқ ичакдай узун шнурини тиқволиб тиржайиб-илжайиб улар томонга қараётганди. Медколлежда ўқийди, совчилари сочидан кўп. Сенинг ўғлингга берадиган бўлдим. Тўйни тезлаштир. Яна армонда қолма.- Муҳиддинжон ғижиниб ундан кўзларини олди-да, дастурхонга қаради. Тушликка чиқмагани учун қорни очқаб кетган, ўзича ишдан қайтаётиб, бугун Ҳулкарга бир лағмон буюраман-да, устига қалампир қўйволиб лағмон емаганимга ҳам анча бўлди, деб хаёл қилган эди. Ҳозир дастурхон устида турган норину қатлама сомса, ўрамаю варақи, пармудаю кўк сомсаларни кўриб очлиги эсига тушди. Аммо деярли туғилганидан бери унча кўрмаган-танимаган қариндошларини кўриб иштаҳаси бўғилди. Тўғри, кек сақлаб юриш, ичида алам билан яшаш яхши эмас, кечиримли инсон кўнглидаги тоғдай оғир юкдан, елкасидаги залвордан халос бўлишини Муҳиддинжон яхши билади, аммо онаси кўрган уқубатлар, жигарларининг онасига қилган оқибатсизлигини эсласа, ҳозир тўрда ўтириб ўзи олиб келган ёнғоқу писталарни, бодому майизларни капалаб оғзига солаётган тоғасини ҳам, иложи борича тилла тишларининг ҳаммасини кўрсатишни истаб оғзини карнайдай осиб эснаётган холасини ҳам, уларга қўшилиб сомсаю патир, норину варақи қилишга қанча вақт ва масаллиқ сарфланганини айтиб чарчамаётган холаваччаларию, тоғаваччаларини ҳам уйидан қувиб юборгиси келаётганди.
- Ассалому алайкум, вой бормисизлар, қариндошлар? Вой-бў, Муҳиддинжоннинг уйини яхши биларкансизлару, биз сизларни йўлни билишмайди, деб хавотирланардик-а.- Эшикдан салобатли, юзидаги ажинлари ёши кексалигини сездириб турган бўлса-да, ўсмаю сурмаси, сўроқ белгисига ўхшаб қайрилиб турган гажаги, эгнидаги шому саҳар атласию амиркони ковуши кексаликка қўл беришни хоҳламаётганини билинтираётган аёл гулдурос овоз билан кириб келди. Муҳиддинжон дарҳол ўрнидан туриб, сўрашиш учун елкасини тутди:
- Ассалому алайкум, холажон. Келинг, кела қолинг. Хуш келибсиз.- Салом-алик, ҳол сўрашлардан кейин меҳмон аёл- Муҳиддинжоннинг онасини холавваччаси, Зебохон жиянига кўз қисиб гап бошлади:
- Муҳиддинжон, бу дейман ўттиз йил аввал йўқотган холаю тоғангизни топиб олиб, мени унутиб қўйибсизми? Хола, келинг, бугун узоқдан қариндошларингиз келишади, деб ҳам қўймабсиз. Яхшиям, барака топгур келиним тилпон қилиб айтиб қолдия, шундай қариндошларимни кўрмай қоламанми, деб югуриб келяпман-да.- Боя ҳеч кимга гап бермай, бир лунжига луқмасини тиқиштириб, бир лунжи билан гапираётган Раънохон ҳам, Муҳиддинжонга тинмай кимни қаерга ишга қўйишни айтиб чакаги тинмаётган тоғаси ҳам , улар билан вазир қариндошининг уйига келган холваччалару тоғаваччалар ҳам нафас олгани қўрққан асирдай жим бўлиб қолишганди.
- Ҳа… Энди йўлини топиб олибсизлар-да, а?- Зебохон кинояли нигоҳ билан бир-бир ўтирганларга қараб чиқди. Райҳонгина эшикларингга бориб, ёрдам сўраганда, эрга тегишни маслаҳат бериб қувганларинг ҳам эсларингдан чиққан бўлса керак. – Муҳиддинжон индамай бошини эгиб ўтираверди.- Бундан йигирма уч йил олдин, укагинамни уйлантирганмиз. Ҳатто совчи бўлиб боришни ҳам истамагандиларинг, эслайсизми?- Зебохон шундай деб тоғага қаради.- Етимчага ким ҳам қизини берарди, деб ўйлагансизлар-да… Худога шукр, қудаларим тушунган, андишали инсонлар. Аллоҳ умрларини зиёда қилсин. – ўғлингизнинг бешик тўйига айтганмидингиз?- Зебохон Муҳиддинжонга қаради,- бу бояқишларга манзилни нотўғри бергансиз-да, ўғлим.- Раънохон асабийлашиб типирчилай бошлади. У холаваччаси Зебохоннинг ўн тўрт йиллик турмуши фарзандсизлик оқибатида бузилганию, шу Муҳиддинжоннинг ортидан Тошкентга келганини, жиянини уйлантириб, синглисини узатиб, ҳозир Мадинабонуникида яшаётгани ҳақида биларди. Аммо Муҳиддинжоннинг уйига борганида у билан тўқнаш келишини ўйламаган экан. Туғмаган хотининг дийдаси қаттиқ бўларкан, Зебохон мулойимлик билан Муҳиддинжонинг кўнглидаги гапларни наштардай қилиб қариндошларга етказар экан, хола билан тоға бошчилигидаги меҳмонлар «делегация»си типирчилаб қолишди. – Ҳа, ишқилиб топиб келибсизлар-ку, шунисига ҳам шукр. Оқибатли сизлар-да, жуда оқибатли… Раҳматли Райҳонхоннинг руҳи шодланадиган бўлди-да. Энди тез-тез келиб турсаларинг керак. Ахир, шундай амалдор жиянларинг бор. Ҳа… лекин-чи, бир пайтлари шу жиянингизни танимай, ёмғирда бекатда ташлаб ўтиб кетган пайтларингиз ҳам бўлган, буни ҳам эслай олсаларингиз керак?..- Муҳиддинжон зимдан тоғасига қараганди, талмовсираган тоға, шоша-пиша фотиҳага қўл очди:
- Қани омин, илоҳим мартабанг бундан ҳам улуғ бўлсин, топган-тутганинг тўйларга буюрсин, уйингда фақат яхши кунлар бўлсин, Аллоҳу акбар. Энди бизга рухсат, жиян. Узоқ йўлга чиқишимиз керак…- Муҳиддинжон, тил учида бўлса ҳам, «қолинглар, ош тайёр бўляпти» демади. Зебохон ичидан тошиб келаётган ғазабини ютиб, жилмайган куйи:
- Шунақа тез-тез кеп туринглар, қариндошчилик ришталари узилиб кетмасин-а?! Ахир, қариндошлар орасида меҳр-оқибат кучли бўлиши керак, яхши-ёмон кунда ўзингникилар ёнингда бўлганига нима етсин? Ёғ еганда ёт яхши, қон ютганда қариндош, деган ҳикмат бежизгамас-да…- дедию бир-бир меҳмонларга қаради. Вазирликда ишлаётган қариндошлариникида бир ҳафта қолиб, пойтахтни айланмоқчи бўлган, баҳонада кам-кўстларини, битмаган юмушларини битириб олишни астойдил ният қилиб келган қариндошлар, илондан қўрққандек гезариб-бўзариб хайрлашишга тушишди. Қариндошлари орқасидан истамайгина кузатишга чиққан Муҳиддинжоннинг ўпкаси тўлиб кетганди…
- Хайрият…- Муҳиддинжон шундай деди-ю, йиғлаб юбормаслик учун бошини Зебохоннинг кўксига қўйди. У «хайрият кетишди» демоқчимиди ёки, «хайрият сиз бор экансиз» демоқчимиди, Зебохон унча англолмади-ю, жиянини бағрига босди:
- Мен шу кунларга етишишингизни аввалдан билардим… Бу юзсизларнинг келишини ҳам…
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 789 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар