Сайт бўлимлари
Тўёна
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Рисолат кампир қўшнисининг уйидан эшитилаётган карнай-сурнай садоларини овози гўё, юрагидан чинқириб келаётгандек безовталанди. Худди, тўйга бормаётгани учун ҳамма уни айбситаётгандек туюлиб, юзлари ловуллаб кетди. “Ҳаҳ, қуриб кетсин-а... Гумон иймондан айиради -да. Бўлмаса, шу арзимас нарсани деб шунча дилхиралик бўлиб, қиёматли девор-дармиён қўшнилар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетишармиди...” Рисолат кампир хаёлига келган ўйлардан дили ғашланди. Қўшни ҳовлидан эса ёр-ёр садолари янграб, ёш-ялангнинг қувноқ қийқириқлари эшитилаётганди...
Ёз оқшомларининг бирида келини Ёрқиной билан бирга гаплашиб ўтириб, бирдан онасидан қолган буюмлар ҳақида гап айланди.
— Билагузукни Севарага бераман. Нуқра балдоқни овсинингизга. Ёқут кўзли узукни сизга атаганман. Марварид дурларни Санамойга бераман, деб ният қилганман, биринчи неварам. Қолаверса, Дилшоджонда ҳам, Шерзоджонда ҳам иккита ўғил, қизи йўқ. Севаранинг қизалоғини яхши кўраман. Шунинг учун ҳам марваридни унга атадим.
— Майли ойижон, мен бир нима демадим-ку. Аслида Дилшоджон аканинг ўзи сизнинг менга қилган бебаҳо совғангиз.
— Ҳозирча ўзимда туради, ҳаммангиз уйимга тўпланганингизда вақт-соати билан берарман. Онам раҳматли, “болаларингни барига бўлиб бер, мендан эсдалик қолсин” деб васият қилган эдилар. Энди, жуда қимматбаҳо бўлмаса ҳам, қадимги асл матоҳ тақинчоқларда. Кичкиналигимизда онам қалин рўмолга ўраб сандиқларининг четида асрар эдилар. Уруш йиллари, очарчилик, қаҳатчилик авж олган кезлар эди. Дадам фронтдан бир оёғидан ажраб, ўнг қўлларининг панжалари узилиб қайтганлар. Ҳамма қатори бизнинг уйимизга ҳам қорин алдашга ҳеч вақо топилмайди. Онам мана бу билагузук ва марваридни бозорга опчиқиб сотмоқчи бўлдилар. Худо раҳмат қилгур дадам унамадилар. “Қўй, буни қизимизга атаганмиз-ку ахир, қиз боланинг сепига аталган буюмни сотиш яхши эмас. Кўнглимга ҳар хил гаплар келди. Сабр қил, бу тақинчоқларни сотмай ҳам жон сақлаймиз. Аллоҳ бандасини хор этиб қўймайди”, деб онамни йўлдан қайтардилар. ўшанда, мен 8 ёшда, укам 6 ёшда эдик. Ўақиқатдан ҳам, кўп ўтмай уруш тугади. Дадам айтганларидек, қийинчилик кунлар ортда қолди. Кейинчалик онам, шу буюмларни сотишга қўймаганлари учун дадамга тез-тез раҳмат айтиб тургувчи эдилар... — Шу пайт ташқаридан кимнингдир чақиргани эшитилди. Қайнона келин бараварига ташқарига қарашди.
— Вой, Дилобар келин ҳам шу ердамилар, ассалому алайкум, яхши ўтирибсизларми?- Ўамиша овозини баландлатиб, хушнуд юрадиган Майсарахон келасолиб аввал Рисолат момони кейин келинини қучиб кўришган бўлди. Қўшнилар бироз муддат “айланиб-ўргилиб” сўрашишди. Рисолат момо аёлни ичкарига таклиф қилиб, келинига патнис келтиришни имлаб тушунтирди.
— Моможон, бу дейман сандиқни очиб хазинангизни томоша қилиб ўтирибсиз экан-да. — Майсарахон устидаги нимчани ечиб ёнига қўяркан, очиқ сандиқни кўрсатиб кулди.
— Қаёқда дейсиз, хазина нима қилади менда, айланай. Севарам ўғлига суннат тўй қиламан, деб турганди. Буёғи ҳаво айнимай ҳаракатини бошласа керак. Шунга Дилшоджонимнинг хотинини чақириб асраб қўйганларимдан бирор энлигини танлаб тўёнага кўрпача қавимоқчи эдим.
— Ҳа, яхши қилибсиз. Ҳам ота, ҳам она ўрнидасиз, моможон. — Келин чой дамлаб патнис олиб, меҳмоннинг олдига қанд-қурс қўйиб, “олинг” деб такаллуф қилди. Қайнонаси билан қўшнининг ўзаро суҳбати бор деган ўйда, “мен ҳозир”, деб эшикка йўналган келин, кўнглига шув этиб келган гапдан бир сесканиб кетиб, тақинчоқларга қаради-ю, яна “ойимнинг кўз олди-дая” деган хаёл таскинида ташқарига чиқди.
— Моможон, шу десам, ёнингизда бир хайрли ишнинг маслаҳати билан чиққан эдим. — Қўлидаги пиёладан чой ҳўплаб нимтабассум билан ерга қараганча гап бошлади Майсарахон.
— Хўш, Майсара отин, қандай маслаҳат экан, эшитайлик-чи?- Рисолат момо одатда ўзи ёқтирган аёлларни “отин” дея алқаб қўярди.
— Шу десангиз Моҳирани сўраб нариги маҳаллалик Ҳусан қассобнинг ўғлидан совчилар келишяпти. Дадаси “янаги ҳафта чоршанбада нон ушатамиз”, деб эркакларга розилик бериб қўйибдилар. Энди онагинамнинг ўрнида онам бўлиб, ўзингиз меҳмонларни кутиб олсангиз, уйимнинг тўрида савлат тўкиб ўтирсангиз деб чиққандим...
— Вой, муборак бўлсин, қадами қутлуғ келсин. Илоё, Моҳира қизимнинг ойдай бахтини бериб, Биби Фотимайи Заҳродек иқболли қилсин. Сиз шуни лозим топибсизми, мен хизматдан қочмайман. Ҳусан қассобнинг онасини танийман. Ажойиб хотин. Биздан анча ёши каттароқ. Нечанчи ўғлига сўрашяпти экан?
— Кенжасига. - Майсарахон кампирнинг саволига жавоб бериб, мамнун жилмайиб қўйди.
— Ҳа, яхши. - Рисолат момо чойни янгилаб келиш учун деразадан келинини чақирди.- Келинпошша чойимиз совуб қолди... - Келин қайнонасининг қўлидан чойнакни оларкан, ёнбошига ўгирилиб тимирсикланаётган қўшни хотинга кўзи тушди: “Товба. Наҳотки?! Йўғе, хаёлим қурсин қайнонамнинг дастидан уйдаги сичқонлар нон ушоғини топиб ейолмайди-ю, бу ўғирлик қилармиди...”
— Моможон, майли мен турмоқчийдим, фотиҳа ўқиб юборсангиз... - Майсарахон туйқус эсига бир нима тушгандек, кетишга тараддудланди.
— Айланай қизим, қандоқ бўлиб бир чиқибсиз, ўтирибсизда энди. Ҳозир Дилобархон чой янгилаб келади, гурунглашиб ўтирамиз,- Рисолат момо астойдил меҳмонни ўтиришга ундади.
— Мен бирровга чиқувдим.... Шундоғам кўп ўтирдим. Ҳали уйда ҳам қиладиган ишлар кўп.. Чоршанбага ҳам тўрт кун қолди. Биринчи бор бундай маъракаларни ўтказяпмиз. Шунинг учун ўзингиз чиқиб бош бўласиз дегандим. Энди, фотиҳа ўқисангиз моможон, мен кетсам. — Кампир дуо ўқиб, меҳмонига йўқлов учун ташаккур айтди. Майсарахон момога уйига чиқишини қайта-қайта таъкидлаб, хайрлашиб чиқиб кетди. Уни дарвозахонагача кузатиб чиққан Рисолат кампир, қайтиб уйга кирган эди, сандиқ ёнида феъли айниб, қизариб-бўзариб ўтирган келинини кўриб ҳайрати ошди:
— Тинчликми келинпошша?
— Ойи, сизда битта уй эмас-ку, нариги хонага киргизсангиз бўларди-ку? Ҳалиги марварид дурни тополмаяпман. Чўнтагига солиб кетдими, нима бало?!- Кампир келинининг гапларидан малолланганини яширмай, “сени ишинг бўлмасин, сандиқ ҳам, уй ва тақинчоқлар ҳам меники” дегандек:
— Боринг, овқатингизга қаранг. Мен ўзим йиғиштириб, нарсаларни жойлаштираман. Бировдан гумонсираманг, кўзингиз билан кўриб, қўлингиз билан тутмагунингизча бировга туҳмат қилманг. Гуноҳи азим. Қани, ошхонага боринг-чи.
— Нега жаҳлингиз чиқади, ойижон? Қаранг, уйга ундан бошқа бегона кирмади-ю, ё сиз мени ўғрига чиқармоқчимисиз?
— Ҳали ҳеч ким сизни ўғри деяётгани йўқ! Мен бировдан гумонсираманг деяпман. Тургандир бирор бўғчанинг остида ёки кўрпами, тўшакми бир нарсанинг ичига тушиб қолгандир. Дарров ваҳима қилиб гуноҳга ботманг дейман. - Келин қайнонасига аччиқ қилгандек, шарт бурилиб хонадан чиқиб кетди. Чиндан ҳам кампирнинг жаҳли чиққан эди. Бировнинг нарсасини сўрамай у ёқдан бу ёққа олиб қўймайдиган Рисолат момо бошқалар ҳақида ҳам номақбул хаёлларга бормасди. “Товба, бунинг дастидан ўз уйимга ҳам одам киргизолмай қоламан-ку, бунақада. Келган одамни ўғри хаёл қилса, “уйга киргизманг” деб шарт қўйса. Ҳали рўзғоримга ўзим хўжайинчилик қилишимга кучим етади, қизгина! Ҳаддингни билиб юр!” Кампир сандиқ ичидаги латта-путталарни батартиб жойлаштириб, тақинчоқларни жажжи қутичага соларкан, ҳақиқатдан ҳам невара қизига атаган дурларни тополмади. “Ие, бу қанақаси бўлди? Марваридлар ростдан ҳам йўқ-ку?!” Тахмондаги кўрпа-тўшакларни бошқадан қоқиб кўрди. Қидираётган нарсаси топилмади. “Э, йўқ... Буни Майсарахон олишига кўзим етмайди. Келин... Астағфуруллоҳ... ўзинг кечир худойим. Қайси бири олган бўлса ҳам, барибир ўз кўзим билан кўрмаганимдан кейин, ҳеч кимга айтолмайман. Буёғи қандоқ бўлди, энди...”
— Топилдими?- хаёлларини келинининг овози бўлди.
— Йўқ...
— Ана айтмадимми,- келин товушини ғолибона кўтарди. - Ўша таги паст қўшнингиз олиб кетган. Сиз эса...
— Бўлди қилинг! Ким олганини худо билади!- Келиннинг кўзлари ола-кула бўлиб, ранги оқарганини кўрган Рисолат момо жаҳл устида қалтис гап айтганини тушунди.
— Сиз... ҳали мени ўғри деб ўйлаяпсиз-ми? Бу билан сен олгансан демоқчисиз-да?! Мен... Сизнинг алмисоқдан қолган мунчоқларингизга зорманми?...
— Бўлди-е! Ким олган бўлса ҳам мен розиман. Йиғиштиринг бунақа гапларни. Мен биров олганини кўзим билан кўрмасам, тахминан чамалаб бир гап айтолмайман. - Рисолат кампир тушкун кайфиятда кўрпачага чўкди. - Уйдагиларга сездирманг. Сўрига дастурхон ёзинг. Ҳозир бошқалар ҳам келишади. Болаларни ҳам кўчадан чақиринг.
— Мен...
— Ишингизга боринг. - Яна нималарнидир куйиниб айтишга чоғланган келинига қатъий жавоб берган кампир, чуқур уҳ тортди. “Одамлар нега била туриб гуноҳга қўл ураверишади. ўша арзимас нарса худо ва бандаларининг олдида шармисор бўлишга арзийдими? Биргина буюм қариндош-уруғ, қўни-қўшнининг орасига нифоқ солса. Одамлар кўнглига шубҳаю гумон оралатса...” Кампир тизгинсиз ўй-хаёллари гирдобидан ўзини халос этишга уриниб ташқарига - хонтахта атрофига тўшалган кўрпачага ёнбошлади...
...— Момо, ҳой момо, уйдамисиз?- Майсарахон жаҳл билан ҳаллослаганича кириб келди. — Момо, мен сизнинг уйингизга очимдан келганмидим?!
— Тинчликми?- Кампирнинг юраги “шув” этиб, бу кутилмаган ташрифнинг боисини англаётган бўлса-да, сир бой бермай қўшнисини қучоқ очиб қарши олди.
— Икки кун олдин уйингизга келганимда сандиғингиз очиқ-сочиқ бўлиб, мени ҳам ўша хонага ўтиришга таклиф қилдингиз. Ҳозир келинингиз уйимга бориб, “сиз келганингиздан кейин ойимнинг марваридлари йўқолиб қолди. Энди қайнонам менга ўғрига қарагандек қараяптилар” деди. Унинг-ча, ўша зормандани мен олган эканман-да? Сизникига келган одам ҳам балога қолиб кетарканда? Каттароқ нарсани туҳмат қилинглар эди, ишонарлироқ чиқарди... — Рисолат момо қўшнисини тинчлантиришга қанчалик уринмасин, у жим бўлай демасди. Охири, “қайтиб остонангизга қадам босмайман, уйингиз бошингиздан қолсин. Туҳматчилар!” деганча хайр-хўшламай дарвозадан чиқиб кетди. Момо келинидан қаттиқ ранжиб, бу машмашалардан бошқа одамлар хабар топишини ўйлаб ўз-ўзидан хижолат тортиб кетди...
Майсарахон қизининг унашувига ҳам, фотиҳа тўйига ҳам Рисолат момо билан унинг оила-аъзоларини айтмади. Момо никоҳ тўйига айтиб қолар деган илинж билан эшикка қараб турди, аммо, қўшниси катта тўйга ҳам уни чақирмади. Аслида, момонинг унга муҳтожлик жойи йўғу, бу омонат дунёда бировнинг дилини ранжитиб, озор беришликдан қўрққани учун ҳам қандай бўлмасин қўшниси билан ярашишга ҳаракат қиларди. Мусулмончиликда уч кундан ортиқ аразлаб юришлик ҳаром саналади. Буларнинг гинаси икки ойга чўзилиб кетди. Келини тушмагур бечора Майсарага ноҳақ туҳмат қилди. Балки, шунинг учун ҳам қўшниси уни кечиришни истамаётгандир. Рисолат кампир ёр-ёр садоси-ю, куй-қўшиқлар овозидан жунбушга келаётган қўшнисининг ҳовлисига қаради-ю, кўнгли бузилиб кетди. Арзимаган бир нимани деб қарийб ўз қизидек бўлиб қолган кўздай қўшнисидан ажраб ўтирибди-я. Тўғри, у марваридлар шодаси онажониси раҳматлидан қолган, аммо, қўшни билан яқин бўлиш, яхши-ёмон кунида йўлдош бўлиш, бор-йўғидан хабардор бўлиш Оллоҳнинг Расулидан мерос қолган. Уч-тўрт кунлиги борми йўқми, қиёматли қўшниси билан юз кўрмас бўлиб кетадими? Йўқ. Ҳозир уям тўйга боради. Ҳамма араз гиналарни четга йиғиштириб қўйиб, айтмаган бўлса ҳам ўзи кириб бораверади. Шу билан айби ариб, кўнгли бироз хотиржам тортса ажаб эмас.
Момо тўй маъракаларда киядиган янги кийимларини кийиб ясанди. Йиғиб қўйган нафақа пулидан бир қисмини олиб, халатининг чўнтагига солиб қўйди. Гузар бошида заргарлик дўкони бор. ўша ердан танлаб бир бўйинлик асл марварид дур сотиб олади. Тўёнага. ўз қўллари билан келинчакнинг бўйнига тақиб қўяди. Дарвозахонага яқинлашган ҳам эдики келинининг овози эшитилди:
— Қаёққа ойижон?
— Тўйга.
— Ойи...
— Мен кетдим. Кечроқ қайтаман. — Рисолат кампир келинини гапиргани қўймади. Дўкондан кўзни қамаштиргудек оппоқ марваридни харид қилиб, кўнглида мамнунлик туйди. Гузардан патир нон, ҳолва, бир кийимлик мато олиб тугун тугди. Тўйхонага кириб келганида ёшлар келин-куёвни айлантириб қайтишган чоғи, ҳали чимилдиққа киргизишмабди, экан. “Хайриятей, улгурибман”. Рисолат момо қўлидаги тугунни кайвони аёллардан бирига тутқазиб, Майсарахоннинг олдидан ўтди. Қўшниси уни кўриб ранги ўзгариб, талмовсиради-да, сир бой бермай кўришди. Кампир чўнтагидан тўёнага деб олган нарсани олиб, қутичани очди ва келин-куёвнинг қаршисига юрди. Келинчакнинг пешонасидан ўпиб, марваридни бўйнига тақмоқчи бўлган Рисолат кампирнинг оёқ-қўлидан мадор кетди. Унинг гарданида момонинг онасидан қолган, невара қизига аталган ўша дурлар нур сочиб турарди. Кишининг ўз нарсаси кўзига оловдек кўринади. Рисолат кампир ҳам бир қарагандаёқ марваридларни таниди. У келинга нима деганини ҳам, тўёнасини қандай таққанини ҳам билмасди. Келин-куёвнинг ёнидан қайтганида эса тинмай ўзининг ҳимматига таҳсин ўқиётган хотин-халажнинг даврасида таниш чеҳра — Майсарахоннинг юзларини учратмади. Ҳақиқатдан мутассир бўлиб, юраги вайрон бўлган Рисолат момо, ҳеч кимга индамай тўйхонадан чиқиб кетди...
ФАРЗОНА
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 323 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар