1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

“Яна қизми?!” (Еттинчи мактуб)

 

 

 

Бўлмасин субҳинг қаро,
Бор бўл мудом борлиқ аро,
Ўзни этгил доимо
Инсон ўзинг, инсон ўзинг...
Эркин ВОҲИДОВ

Ассалому алайкум, ПАҲЛАВОНИМ!
Саломатлигингиз, ишларингиз, кайфиятингиз ҳамма-ҳаммаси яхшими? Бизлардан сўрасангиз, Худога шукр, ёмон эмас. Ҳар куни ҳар турли воқеанинг гувоҳи бўлиб, кунни ўтказяпмиз. Кун дейман-ку, аслида, туғруқхонада тун билан куннинг ҳеч қандай фарқи йўқ. Сабаби, бу ерга тонг саҳар ёхуд ярим кеча келсангиз ҳам, албатта ҳаётнинг жўшқинлигию талотўпларига рўпара келасиз: кимдир чинқирган, кимдир кулган, кимдир йиғлаган...
Ҳа айтганча, Кумушбибингизнинг “ижоди” ҳозирча шу еттита мактуб билан ниҳояланадиганга ўхшайди. Нега, дейсизми? Негаки, саккизинчи мактубимни балки ёзарман, балки улгурмасман. Сабаби, эртага менга жавоб беришлари аниқ. Муолажаларим деярли якунланиб қолди.
Биласизми, битта муаммо мени охирги кунларда анча ўйлантириб қўйган. Ҳамма аёл уйига жавоб текканда шодликдан телба бўлаёзса, менинг эса кўнглимга чироқ ёқса, ёримайди. Нимагаям бўларди, мактубларни ўйлаяпман-да!  
Борди-ю, менга жавоб берилган тақдирда, нима бўлади? “Туғруқхонадан мактублар”имиз тўхтаб қоладими? Йўқ-йўқ, бунга асло йўл қўймаслигим керак. Шунинг учун ўз-ўзимча режа тузиб юрибман. Унга кўра, то мен бир ойдан кейин туғиш учун келгунимга қадар бу ердаги тафсилотларни кимдир албатта ёритиб бориши керак. Ҳозирча, буни Заҳрога ишонсам, бўлади. Чунки у ўта қизиқувчан. Шунингдек, сизга ёзган ҳар бир хатимни ҳали сиёҳи қуримай туриб, нуқта-вергулигача қолдирмасдан ўқиб боради. Қалай, яхши ўйлабманми?
Ишонч билан бундай дейишга асосим бор. Ўтган галги мактубимни тун ярмида ёзиб тугатдим-да, ухлашга ётдим. Қанча ухлаганимни билмайман, бир маҳал қоғознинг шитирлаши ҳамда йиғи товушидан уйғониб кетдим. Чўчиб ўгирилсам, Заҳро пиқ-пиқ йиғлаяпти. Қўлидаги қоғозга кўз ёшлари чак-чак томмоқда. Бирдан ҳаммасини тушундим. У мактубимдаги ҳомиласидан айрилган жувоннинг қисматидан таъсирланиб йиғламоқда!
“Сизга асабийлашиш мумкин эмас! Ярим тунда ухламай, нималарни бошлаб ўтирибсиз? Қуриб кетмагур шу хатни эрталаб ўқисангиз бўлмайдими?” дедим ёлғондакам пўписа билан.
Нима дейди, денг? “Мактубни тугатишингизни кутиб, атай ўзимни ухлаганга солиб ётгандим. Мен хатларингизга “бошқоронғу” бўлганман. Ўқимасам, касал бўлиб қоламан!” эмиш.
Демак, ҳозирча менга шогирдликка  Заҳро муносиб. Унга қаттиқ ишонаман, буни шубҳасиз уддалай олади. У кетадиган бўлса, яна бошқа биров топилар. Бугун ҳамширадан илтимос қилиб, битта қалин дафтар сотиб олдим, Заҳрога қолдириб кетаман. Мактублар ана шу “Темир дафтар”га ёзиб борилади. Насиб қилса, вақти соати етганида келиб, яна ўзим тўхтаган жойидан давом эттираман. Нима дедингиз? Тўғри ўйлабманми? Хуллас, Худо хоҳласа, мактубларимиз давом этади. Бу хатларга фақат Заҳро эмас, бутун палатамиздагилар, қолаверса, ўзим ҳам яхшигина “касал” бўлганман! Бир кун ёзмай қўйсам, энг азиз нарсасини йўқотиб қўйган одамдек гангиб юраман.

*   *   *

Уч кун аввал бир аёлнинг кўзи ёриганди. Чақалоқлар — эгизаклар! Гўдакларнинг иккиси ҳам қизалоқ. Биринчи фарзанди ҳам қиз экан. Жами учта қиз бўлибди. Аёл анча қийналибди. Камига, эри лоақал бир бор хабар олмабди. Хотини қўнғироқ қилса, “Яна қиз туғдингми? Ичинг тўла қизми дейман! Бормайман. Ўғил туққанингда бораман!” дея қон йиғлатибди. Ортидан кўргани келаётган яқинларининг ҳамда қариндошларининг кети узилмаётган бўлса-да, мазлума аёлнинг кўзлари эрини кутиб нигорон эмиш... Ёнидаги шериклари ҳам ёлғизлатиб қўймай, уч маҳал иссиқ овқат чиқазиб туришибди. Лекин улар узатган шоҳтаомлар эри кўтариб келадиган “ёвғон”нинг ўрнини босармиди?..
Менимча, бошқа ҳамма қийинчиликларга чидаш мумкин — аёл чидайди, аёл кечиради... Аммо ўлим билан юзма-юз келиб, жонингни гаровга қўйиш эвазига фарзандини дунёга келтираётган пайтингда энг яқин, энг суянган, энг ишонган одаминг — турмуш ўртоғинг ёнингда турмаса; сабабли бўлса майли, аммо “Яна қизми?!” дея “аразлаб”, хабар олишга ярамаса, бунга чидаб бўлмайди, тоқат қилиш мумкин эмас. Асло!!!
Хуллас, ношукр эр келавермагач, аёл йиғлаб-сиқтагани ҳамда палатадошларидан уялиб, қаттиқ сиқилгани учун қон босими ошиб кетибди. Бир қариндоши шу туғруқхонада ишлар экан. Ҳаммасини кўриб-билиб турганидан секингина шифокорнинг қулоғига шипшитибди. “Махсус ва пухта режа”га биноан эр ишончли бир баҳона билан чақиртириб олинибди. Қовоғидан “қор ёғаётган” эркакка унча-мунча гап таъсир қилмаслигини уққан дўхтирлар секингина келишган ҳолда уни муолажахонага бошлаб боришибди. “Нега? Нима учун?” деган саволларни ёғдираётган “ота”га: “Ҳозир тартиб шунақа. Бу анализ учун!” дея қисқа-лўнда жавоб беришибди-да, шартта дард чақирувчи уколдан битта уришибди! Сўнгра номига томиридан “анализ учун” қон олгандек бўлишиб: “Ярим соатдан кейин кетаверишингиз мумкин”, дейишибди.
Маълум вақт ўтгач, томоша бошланибди! У ёқдан бу ёққа зир югуриб додлаётган эркакни кўриб-кўрмасликка олаётган дўхтирлар ҳар замон-ҳар замонда мийиғларида кулганча: “Ҳа, нима бўлди? Жуда безовта бўлиб қолдингиз? Ишқилиб тинчликми?” дея гап ташлаб қўйишармиш.
“Менга қанақа укол қилдинглар? Оғриғига чидаб бўлмаяпти-ку?!” дея додлармиш шўрлик. “Э, ҳа-а! Яшанг-э! Эркак деганам битта уколга шунча ваҳима қиладими? Ана, аёлларни қаранг, шунақа уколдан нечтасини олади, лекин “чурқ” этган товушлари чиқмайди бояқишларнинг. Бўл-бўл, эркак бўл, экан-да! Яратган билиб, туғиш машаққатини эркак зотига юкламаган-да. Йўқса, дунёдаги ҳеч бир эркак биттадан кўп туғмаган бўлармиди! Аёлнинг жони қирқта, эҳтимол ундан ҳам кўпдир. Ундан кўра, хотинингизга ҳайкал қўйинг! Майли, ҳайкал ҳам қўйманг, бир оғизгина “Аҳволинг яхшими? Қийналмадингми, онаси?” дея кўнгил сўрасангиз, унинг қалбига ўрнатган бўласиз ўша олтин ҳайкални!” дейишибди...
Эркакдан эса садо чиқмабди. Эҳтимол, ҳамма хатосини англаб етгандир? Илоҳим, рост бўлсин!
Бежизга донишлардан бири: “ҲАЁТ, уни ўрганадиган кишиларгагина ўргатади”, деб айтмаган-да. Ҳаётда кўзимиз кўрган ҳар бир ҳодисадан ибрат олабилганимизда эди, бизга олийгоҳларнинг кераги ҳам бўлмай қолармиди?.. Ҳа-а, ҳаёт ўрганишни истаганларга жуда кў-ўп нарсаларни ўргатади... Фақат, ҳамма гап исташда. Менга қолса, “Энг яхши муаллим — ҳаётнинг ўзи!” деган бўлардим.

*   *   *

Бегим!
Кечаги мактубимни ўқиб, юрагингиз сиқилгандир-а?.. Аслида, олтинчи мактубимда ёзажак гапларим жуда кўп эди. Аммо эшитган дардларим оғирлик қилиб, кўнглимдагиларни охиригача ёзолмадим. Нафс йўлида адашган кимсалар бўлмаганида, балки мана бу сатрлар ҳам битилмаган бўлармиди? 

Бунда оқ бирла қаро,
Зулмат, зиё, шоҳу гадо,
Жанг қилурлар доимо,
Ул ён ўзинг, бул ён ўзинг.

Сен бало, ҳам мубтало,
Хайр ила кин, росту риё,
Фитнагар олам аро
Фаттон ўзинг, қурбон ўзинг...

Мактубимга қуйидаги ҳикоя билан якун ясамоқчиман:
“Бир аёл қўшнисининг товуғини ўғирлабди. Ўғирликдан сўнг ҳолатида ғалати ўзгариш рўй берибди: “Ҳамма ўғри эканимни билади, уйларида фақат мен ҳақимда гаплашишади”, дея ўйлайверганидан қаерда иккита аёлнинг гаплашиб турганини кўрса, дарҳол уларнинг ёнига бориб: “Нега товуқлар ҳақида гаплашяпсиз? Нима, шундан бошқа гаплашадиган гапингиз йўқми?” дея ўдағайлар эмиш. Хотинлар эса: “Биз ҳеч қанақанги товуқларни гаплашаётганимиз йўқ! Бу хотин жинними, нима?” дея ҳайрон қолишармиш. Бироқ, не балоки, аёлнинг қулоғига дунёдаги барча товушлар фақат “Товуқ! Товуқ! Товуқ!!!” дегандек эшитилаверармиш...”
Бу ибратли ҳикояни бежизга келтирганим йўқ.
Истардимки, пул учун, ўткинчи ҳаёт орзу-ҳаваслари учун эндигина дунёга келган норасида гўдакни, ҳали кўзлари очилмай туриб, олтиндек бебаҳо насибаси — кўкрак сутидан бир бора эммай туриб, онаизорининг иссиқ бағридан юлиб олишга журъат қилган жиноятчи, бағритош кимсаларнинг қулоқлари то умрининг охиригача “Инг-га! Инг-га! Инг-га-а-а!!!” деган товушдан том битиб қолсин! Ва бу ингалаш уларга “Жиноятчи! Ўғри! Малъун!” дейилган қарғиш бўлиб эшитилсин!
Яратган барчамизни нафснинг ва шайтонлашган одамларнинг ёмонлигидан асрасин!
Бегим!
Ёзишга бошқа давом этолмайман...
Ҳозирча, хайр!

КУМУШИНГИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 873 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ