Сайт бўлимлари
Фарзандингизга имкон беринг
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 24 Июнь 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Таҳририятга қўнғироқ қилиб тушган бу галги муштарийимизнинг айтганларини ҳеч қандай ўзгартириш ва қўшимчаларсиз чоп этишга жазм қилдик. Зеро, суҳбат мазмунидан воқиф бўлган газетхонларимиз бугунги суҳбатдошимиз ҳикоясидан ҳаёт учун зарур хулосага келадилар, деган умидимиз бор. Айниқса, катта ҳаёт остонасида турган ёш қизчалар ва уларнинг ота-оналаригасабоқ бўлса, ажаб эмас.
- Яқин кунларда олий ва ўрта махсус ўқув юртларига қабул бошланади. Юртимизнинг турли бурчакларидан ёшлар таҳсил олиш, касб ё ҳунар эгаллаш умидида ҳужжат кўтариб катта шаҳарлар йўлига тушиб қоладилар,- деб гап бошлади салом - аликдан кейин қўнғироқ қилган муштарийимиз.- Бу воқеа сабаб ёшларнинг ҳаётга қараши, умуман ҳаёти, дунёқараши, нуқтаи назари ўзгариб кетади. Шундай пайтларда ота-оналар фарзандига энг яқин дўст, меҳрибон, қўллаб-қувватловчи ҳамкор бўлишлари керак. Акс ҳолда, биргина хато, биргина эътиборсизлик туфайли, ҳаётга эндигина қадам ташлаётган инсоннинг ҳаёти янглиш томонга тойиб кетиши ҳеч гап эмас. Бундан йигирма йил аввал мен ҳам мактабни битириб, орзулар оғушида “пойтахтда талаба бўламан, ўқитувчилик соҳасида ўқийман” деб Тошкентга ҳужжат кўтариб келгандим. Уйимдагилар оқ фотиҳа билан дуо қилиб, илоҳим муродингга етгин, деб кузатиш ўрнига “Агар шу бу йил ўқишга кирмасанг, сени узатиб юборамиз” деган таҳдид билан шаҳарга жўнатишди. Мактабда яхши баҳоларга ўқигандим. Келгусида ўқиш, ўзим орзу қилган- ўқитувчилик касбини эгаллаш ниятимда собитлигимни била туриб, шунчалик кескин шарт қўйган ота-онамнинг ҳузурига албатта талаба бўлиб қайтишни кўнглимга тугиб, ҳужжат топширдим ва астойдил тайёрлана бошладим. Афсуски, имтиҳон натижаси мен кутгандан бошқача бўлиб чиқди. Мен талабалик сафига қабул қилинмаган эдим. Шу топда мен учун ҳаёт тугагандек эди. Кўз олдимда дадамнинг “ўқишга фақат шу йил рухсат бор сенга, кейинги йилни хаёлингга келтирма”, онамнинг “шу йил ўқишга кирмасанг, кейинги йилгача узатиласан” деганлари келиб нақ ҳушимдан кетиб қолай дедим...
- Кейин-чи?
- Ётоқхонада имтиҳонларга тайёрланганимизда бир қиз билан яқин дугона бўлиб қолгандик. У талабаликка қабул қилинибди. Унга бирам ҳавасим келди. Кейин ўйлай-ўйлай, қишлоққа қайтмасликка қарор қилдим.
- Ие, қанақасига? Катталарга нима дедингиз?
- Ота-онамга, ҳамқишлоқларга “ўқишга кирдим” дедим. Содда, деҳқон ота-онам чиндан ҳам мени ўқишга кирган деб роса суюнишди. Хуллас, шу билан менинг пойтахтдаги сарсон -саргардонликда ҳаётим бошланди.
- Ҳарқалай бегона одамлар, мусофир жой... Тирикчилигингиз нима ҳисобига бўларди?
- Аввал талаба дугоналаримнинг ётоқхонасида сиғинди бўлиб, уларнинг буханкасию, гоҳ қайнатилган, гоҳида қовурилган тухумларига шерик бўлиб юравердим. Уч-тўрт ойдан кейин қарасам, бошқаларга тирик товон бўлганинг ҳеч кимга ёқмас экан. Дугоналаримдан илтимос қилиб сўраб-суриштириб бир болалар боғчасига энага-фаррош бўлиб ишга кириб олдим. Боғча мудирасининг кўнглига йўл топиб ётоғиму уйимни ҳам қоровулхона яқинидаги бир хонага кўчиртирдим. Хуллас, ўша боғчада ҳам ишлаб, ҳам яшаб ўқишга тайёргарлик кўрдим. Афсуски, талаба бўлишга кейинги йил ҳам, ундан кейинида ҳам омад кулиб боқмади. Шу бўйи болалар боғчасида ишлаб юравердим...
- Эҳ... Уйингиздагилар сизни талаба деб ўйлашармиди? Наҳотки, бу нарсанинг миси уч йилда ҳам чиқмаса?
- Бу гапларни гапириш менга осон деб ўйлайсизми, синглим?! Ҳар кунимни юрак ҳовучлаб, қалтираб ўтказардим. Мен сизга шу уч йил давомида бошимдан кечирган қиийн кунларни, туҳматларга йўлиққанимни, бир бурда қотган нонга зориқиб, одамларнинг кўзини шамғалат қилиб ахлатхоналар четида тўпланган қотган нонлар орасидан еса бўладиганларини топиб еб, жон сақлаганимни бошидан охир айтмаяпман. Нима қилай, ёшлик экан, туғишганларинг, ота-онанг меҳрибон дўст бўлмаса адашиш, хатога қадам қўйиш осон экан. Шундай қилиб Тошкентда юрганимнинг учинчи йили бир талаба йигит билан танишиб қолдим. У билан муносабатларимиз муҳаббатга айланди. У менга албатта талаба бўлишимни, ўқишга кирган йилим қишлоғимга- ота-онамнинг олдига совчи юбориб, менга уйланишини ваъда қилди.
- Кейин?
- Ҳақиқатдан ҳам тўртинчи йили кириш имтиҳонларидан омадли ўтиб талабаликка қабул қилиндим. Аммо негадир менга талабаликнинг завқу шавқи татимас, кўз олдимга тўккан кўз ёшларим, кўрган қийинчиликларим келар, шу ўқишни деб не азобларни бошдан кечирмадим, қишлоғимда, ота-онамнинг бағрида юрганимда шу хўрликлар бўлмасди, деган фикр тинчлик бермас, жуда аламзада одамга айлангандим...
- Бу табиий...
- Узр, вақтингизни олиб ҳаётим достонини чўзмай-да, муддаога ўтиб қўя қолай. Болалар боғчасида ишлаб юрганимда, ўқишга киришимдан олдин бир йигит билан танишиб, севишиб қолганимизни айтгандим. Бу ҳислар мени яна азобга бошлади... Ҳомиладор бўлиб қолдим...
- ... Давом этинг, эшитяпман сизни...
- Хуллас, қизим дунёга келди. Унга ҳам ота, ҳам она бўлиб ўн беш йилдан бери тарбиялаб келяпман. Ўзимни ўқишга, илмга ва албатта қизимга бағишладим. Уйдагилар ҳаммасидан хабар топишди. Икки-уч йил мен билан мутлақо гаплашмай, юзимизни ерга қартадинг деб кўз очирмай қўйишди. Шукр, энди ҳаммаси изга тушиб кетди. Аммо дадам онамга “Токи мен тирик эканман, қизинг қишлоққа меҳмон бўлиб ҳам қайтмайди! Соғинса ўзимиз борамиз, жигарлари бориб кўриб қайтади” деб кескин шарт қўйибдилар. Шунисига ҳам шукр қилдим. Ҳарқалай дадам кечирганларини ўз мен учун катта нарса.
- Тўғри... Ҳозир ҳаётингизда ҳаммаси яхшими?
- Ҳа, шукр. Пойтахтдаги олий ўқув юртларининг бирида ўқитувчиман. Тадқиқот ишлари билан шуғулланяпман. Хуллас, бу томондан хотиржамман. Қизим- ҳаётимнинг мазмуни. Бошқаси муҳим эмас. Айтмоқчиманки, биринчи марта Тошкентга ҳужжат кўтариб келганимда, ота-онам “шу йил кирмасанг, сени узатиб юборамиз! Кейин ўқишни ҳавас қилма!” дейиш ўрнига, “Омадингни берсин! Агар бу йил бўлмаса, келаси йили албатта кирасан. Тушкунликка тушма” деб жўнатишганида, мен ёлғон гапирмаган ва ҳаётимни шунча ёлғонга қориштириб, ҳаммасини қийинлаштирмаган бўлмарми эдим... Ота-оналар фарзандига яқин дўстдек бўлишса, деб армон қилганим шундан... Қизларга ўқиш шарт эмас, қиз бола тикиш-бичиш, овқат қилишни билса бўлди, деб паст назарда қараш оқибатида ҳаёти меникига ўхшаб қолган аёллар жамиятда кам эмас. Шунинг учун ҳам ҳаётим фарзанди илм олиш истагида бўлган ота-оналарга ибрат бўлармикан деб сизларга қўнғироқ қилдим. Мени эшитганингиз учун сизга раҳмат.
- Раҳмат. Саломат бўлинг.
Хонзода суҳбатлашди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 547 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар