Сайт бўлимлари
“Қизимга куёв керак”
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 27 Июль 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Таҳририятга бир кунда саноқсиз қўнғироқлар бўлади, мактублар оқими тўхтамайди. Ҳар бирида турфа тақдир, турли хил ўй-хаёллар, фикрлар, муаммо, изтироб ва мулоҳазалар бор. Одамларнинг дардини тинглай туриб, улар билан бирга ўкинасиз, қийналасиз, изтиробга тушасиз, йиғлайсиз, қувнайсиз... Аммо айрим телефон қўнғироқлари ва мактублар билан танишиши жараёнида энсангиз қотади, ғашланасиз. Одамлар орасида шунақанги одамлар ҳам бор экан-да, деган истеҳзоли ўй кечади кўнгилдан. Куни кеча шундай қўнғироқ эгаси билан суҳбатлашишимга тўғри келди. Айни иш қизғин пайти таҳририят телефонининг бемаврид жаранги хаёлларимни тўзғитиб юборди. Қўнғироқлар ва таҳририятга келган мактубларни қайд қилиш дафтарини очиб қўнғироққа жавоб бердим. Салом-алик ва одатий навбатчи жумлалардан кейин қўнғироқ соҳибаси- мухлисамиз гўёки катта тантанада ваъз ўқиётгандек асаъасаю дабдаба билан гап бошладилар: “... Синглим, қиз болани жойи чиққанда узатиб юбориш керак. Кексалар бежизга тенги чиққанда текин бер, дейишмаган. Шу десангиз, эсли-ҳушли, ақлли, чиройли, одобли, ҳунарли қизим бор. Агар шу таҳририятингизда қизимга мос йигит бўлса, куёв қилардим. Она фарзандининг бахти учун тиришиши, унинг саодати учун ҳаракат қилиши шарт, синглим...”
Аёлнинг гапларидан бир муддат гарангсиб қолдим; тавба, айрим оналарнинг қизига эр қидириб кўчама-кўча изғиши, бой, давлатманд кишиларга қиз узатишни шаъма қилиши, айрим йигитларни кўз остига мўлжаллаб қўйиб қариндош-уруғларига тагдор шаъмалар қилиши ҳақида эшитгандим. Энди, сайт таҳририятларига қўнғироқ қилиб тўғридан тўғри куёв сўрашни ҳам ўрганиб олишибди-да. Бироз муддат нима дейишимни билмай каловланиб турдим-да, таҳририятимизда уйланиш ёшидаги йигит йўқлигини айтиб, узр сўраб (!) қўнғироқ эгаси билан хайрлашдим...
Бизга нима бўляпти, одамлар?! Элда
Қизи борнинг нози бор
деган гап бор. Қайси замонда она ўз қизини бозорга солиб эр излабди?! Бу уят, иснод эмасми? Бизнинг тамойилда, ўзбекона урф-одат, расм-русумларда қиз боланинг нархи баланд, қадр-қиймати юксак эмасмиди? Бувию момларимиз совчи кутаётганида, йигирма тўртдан ошган қиз бўлса ҳам, сўровчиларга ёлғондакамига қовоқ ўйиб турмасмидилар? Харидорига жон деб узатишга шай турган қизларнинг совчисини ҳам роса қатнаттириб, “ҳеч йўқ оёғидаги калиши йиртилсин-чи, кейин ўйлашиб кўрармиз” деган элнинг бугунги авлодлари таниган-билмаганларга қизининг мақтовини келтириб, куёв излаб юрибдиларми?..
Бугун қизларнинг, келинларнинг беқадрлиги, никоҳ тўйлари сарф-харажатининг аксар қисми қиз томонга тушаётгани, қайноталар куёвига қизига уйланиши муносабати билан автомашина, квартира, ҳатто, данғиллама ҳовли-жойлар “совға”қилаётгани ҳақида эшитганимизда ҳайратланмай қўйдик. Никоҳ тўйлари “куёв туширди” маросимига айланиб, ўғил ўстирган оналар уйида оёқ узатиб совчи кутаётган замон келибди, биродарлар. Маънавий қиёмат, ахлоқий таназзулнинг яна бир кўриниши шу қиёфада кўриниш беряпти экан.
“Ўғли бор танишим билан яқин бўлишим керак...”
- Бир пайтлари онам биз тенги ўғил фарзанди бор қўни-қўшни ёки аёл-дугоналариникига ҳадеб кирди-чиқди қилмасдилар,- дейди таниш онахонимиз.- “Уят бўлади, болам. Кўнгил душман-да, кўнглида қизини ўғлимга тиркаш учун уйимга қатнаб қолди, деб ўйлаши мумкин. Қўни-қўшни ҳам уникига кириб чиқишимни кўриб қоса, қизларининг дардида кирди-чиқди қиляпти, дейишмасин” дердилар, раҳматли.- Бир онам эмас, у даврлар бўйга етган қиз боласи бор ҳамма шундай қиларди. Бўз ўғил бор оила билан узатиладиган қизи бор хонадон вакиллари кўп-да “ош-қатиқ” бўлиб юришмасди. Ҳозиргиларнинг қизини бозорга солишини кўрсам, уялиб кетаман, қизим. Бегоналарни қўя турай, бўйга етган қиз неварам бор. Онаси- келиним бир куни уялмай-нетмай “Фалончи устозим билан яқин бўлиб, борди-келди қилишимиз керак, ойижон. Қизимиз тенги ўғил невараси бор экан. Устознинг қизи шифокор, куёви божхонада ишлар экан. Ҳовли - жойлари ҳам қасрдек. Обрўли хонадон билан қуда бўлиш осонмас ҳозир, бир борганда Фарангизни ҳам олиб бораман, қизимни кўриб қўйишсин” дейди. Келинимнинг гапларини эшитиб бир хижолат бўлдим, денг. Танбеҳ берай, койий десам, “Сиз замондан орқада қолиб кетгансиз. Сизнинг замонангиз бошқа, ҳозир бошқа. Ҳозирги пайт билан сиз ёшлигингиз ўтган замон орасида еру осмончалик фарқ бор!” деб оғзимни ёпиб ташлайди. Нима ҳам қилардик. Замонаси шунақа экан буларнинг...
“Замон шунақа бўлди”...
Кимни ё ниманидир айблашдан осони йўқ. Замон нима қилибди бизга, қизларимизни қадр арзон қилиб йигитларга совчи йўллашимиз, куёвларга машина, ҳовли –жойлар тортиқ қилишимиз мажбуриятини юклабдими?! Бекорчи, бемаъни ва мутлақо бефойда урф-одатлар, турган-битгани зарар ва исрофдан бошқа нарса бўлмаган “закун”ларни замона яратяптими? Замонни айбламанг, биродар, замоннинг Эгаси бор. Агар сиз Унинг хоҳиш-иродаси, Унинг буюрганидан ортиғига уринмасангиз, ҳеч нима мураккаблашмайди. Нега ҳавойи ҳавасларга ўчлигингиз, маънавий оламингиз заифлиги ва илмсизлигингиз касрини замонага юклаш билан ўзингизни оқлашга уринасиз?!..
- Совчи кутиш, қиз узатишнинг ҳам ўзига хос тамойили, андишаю одоби бўлади,- дейдилар яна бир кекса ёшли юртдошимиз Йўлдош ота.- Беш нафар қизимни узатганман. Сўраб келган совчилар маъқул келаётган бўлса-да, андак ғурурда туриш керак. Агар харидорлиги чин дилдан бўлса, қуда бўлишни истаётган бўлса, бир-икки рад жавобига қарамай остона турумини бузаверишади. Бу билан қизнинг эртага борган хонадонидаги мавқеи ҳам мустаҳкамланади. Турмушда, рўзғорчиликда ҳар нарса бўлиши мумкин. Тўғри, халқда “тенгги чиққанда текин бер” деган нақл бор, инкор этмаймиз. Лекин бу дегани қизингни бозорга солиб, унга-бунга манзират қилиб юр, гулдай қизингни нарху номини ерга ур, дегани эмас-да! Шунақанги ҳолатлар бўладики, сўраб келган совчиларнинг хонадони ҳар томонлама қиз ўсган оилавий муҳитга тўғри келади. Айрим ҳолларда бундай пайтларда қариндош ё яқинлардан бири арзимаган важ-корсонлар билан икки ёшни қовуштиришга қаршилик қилишади. Шундай ҳолатларга нисбат берилиб айтилган юқоридаги мақол. Умуман олганда, оналарнинг қизига куёв тиланиб юришини ҳеч қанақасига тушунолмайман...
Бу борада айрим юртдошларимиз “Мусулмончиликда қиз бола ҳам, ўғил бола ҳам фарзанд. Ота-она ҳар қандай ҳолатда фарзандининг бахти учун курашиши керак. Қизимга қачон совчи келади, деб кутиб ўтириш бепарво, лоқайд ва беғам одамнинг иши” деган фикрни билдириб ўтишди. Нима ҳам дердик, ҳамманинг ҳам шахсий фикри бўлади. Сизда қандай мулоҳаза бор, юртдош?
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 879 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар