1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳаром луқманинг жабри

Ҳафта давомида таҳририятга келган мактубларни кўздан кечира туриб, бир хат эътиборимни тортди. Мактуб манзилининг “кимга” деб кўрсатилган жойида ўз исм-насабимни кўриб, хатни ўқишга тутиндим. Мактуб жазони ижро этиш муассасасидан жўнатилганди.
“Ассалому алайкум, журналист опа. Сайтингизни яхши кўриб ўқийман. Айниқса, сиз ёзган мақолалар менга ёқади. Уларни ўқиб ҳаётнинг ўзи катта мактаб эканигаяна биришонч ҳосил қиламан. Ҳақиқатдан ҳам ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси, ҳар бир они мактаб ва ибрат. Фақат шуни ўз вақтида илғай олиш, ҳар бир юз берадиган воқеа-ҳодисадан ўз вақтида хулоса чиқара олиш керак. Сайт саҳифаларидаги маъноли, ибрат ва ҳикматга тўла мақолалар, ҳаётий воқеаларни ўқиб туриб, бир пайтлари ўзим билан бирга юз берган воқеани сизларга ёзиб юборишни маъқул билдим. Умр чорраҳаларида адашиб-улоқиб юрганларга  туртки бўлар, кимдир қилаётган ишидан хулосага келиб, ўзини ўнглар деган ниятда қўлимга қоғоз қалам олдим.
Болалигимда жуда шўх, ҳамма ўғил болалар каби ўйинқароқ эдим. Шўхлигим, урушқоқлигим билан тенгдош болаларни ҳам қийратардим. Маҳаллада қаерда жанжал, қаерда ишкал бўлса унинг бошида албатта мен турган бўлардим. Бир куни ўртоқларим билан  маҳалламиз четидан оқиб ўтадиган каттакон бетон ариққа чўмилишга бордик. Энди ариққа калла ташлаб, чўмила бошлаган ҳам эдик, аллақаёқдан аёл кишининг  “Ёрдам беринглар” деган чинқириғи эшитилди. Овоз келган томонга қараб югурдик. Борган еримизда бир уй гуриллаб ёнаётган экан. Аёл чор-атрофдан ёрдам сўраб, йиғлаганча ялинчоқ овозда одамларни чақирар, ён-атрофдагилар афтидан, олов ичига киришдан чўчиётган бўлишса керак, уйга киришга жазм қилмай ёнғин атрофида томшабин бўлиб туришган экан. Аёлнинг кўз ёшларига раҳмим келиб, таваккал қилиб ўзимни олов ичига урдим. Кетимдан дўстларим ҳам киришди. Ўзи икки хонали уй экан, аёл жуда фақирона яшар эканми, хоналарда деярли ҳеч нарса кўзга ташланмасди. Ўртоқларим билан бирга уйдаги бор жиҳозларни деразадан пастга улоқтириб ташладик. Хонадаги эски сервантни болалар билан бирга кўтаришаётгандик, оқ дастрўмолчага тугилган нимадир пастга тушиб кетди.Секингина олиб очиб қаарсам, ичида бир жуфт тилла зирак, битта узук ва битта ингичка ўрилган тилла занжир бор экан. Билдирмайгина тугунчани чўнтагимга солиб қўйдим. Уйи ёниб кетган аёл бизга йиғлаганча роса раҳмат айтиб. Биз уйга қайтдик. Ўртоқларим билан хайрлашиб, бир панага ўтдим-да, боягина ўғирлаб олган нарсаларимни яна бир бор кўздан кечирдим ва уларни сотсам, қўлимга қанча пул келишини чамалаб энтиикб қўйдим. Шу пайт бирдан кўз олдимга аёлнинг фақирона турмуши, йиғламсираган, мунгли қиёфаси, ёшли кўзлари келди. Аёлнинг учта фарзанди бўлиб, уччаласи ҳам ёш, онасининг оёғига ёпишиб изиллаб йиғлаётганди. Менимча болачаларнинг уччаласи ҳам қиз бола эдиёв, қаттиқ қўрқиб кетганидан тинмай йиғлашарди. Хуллас, ҳали қўлимга тегмаган пулнинг чўғидан сармаст бўлаётганимда, кўз олдимга ғамбода, ёрдамга муҳтож аёл ва унинг учта норасида гўдаги келди. Ўзимдан хижолат чекиб, нафратланиб кетдим. Ўғирлаган нарсаларимни эгасига қайтаришим кераклигини ўйладим. Шу ерда яна болалик қилдимми, буюмларни эгасига қайтаришдан олдин томоша қилгим келди. Дастрўмолчани очиб қайта томоша қилсам зиракнинг бир пойи кўринмади. Энди қандай эгасига қайтараман, зиракнинг бир пойи қани деб ёқамга ёпишса, нимадейман деб қўрқдим. Ё, Раббим,мен хато иш қилдим. Энди шу хатойимни тўғрилаш имконини бер. Йўқолган зиракни топсам, албатта эгасига қайтаарман, деб юрган йўлим бўйлаб, майсаларнинг орасини тита-тита юра бошладим. Буни қарангки, Яратганнинг аёлга раҳми келдими, мени гуноҳкор бўлиб қолишимни истамадими, майсалар орасидан зирак чиқиб қолди. Кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Аёлнинг хонадони жойлашган томонга югуриб-чопиб бордим. Қизиғи, у аёл ҳатто тилла тақинчоғи йўқолганини сезмаган ҳам экан. Мени кўриб ҳайрон қолди. Хижолат бўлиб унга уйидан жиҳозларни чиқараётганимизда тилла тақинчоқларни топиб олганимни бошқача қилиб етказдим:
-    Мен буни ташқарига чиққанимизда сизга бермоқчи эдим. Қаранг, эсимдан чиқиб кетибди. Уйга бориб қўлимни чўнтагимга солгандим, уйингиздан топган нарса эсимга тушди. Дарҳол орқамга қайтдим,- дедим. Аёл мени меҳр билан бағрига босиб йиғлаб юборди:
-    Илоё, умрингдан барака топ, ўғлим. Сени менга Худо етказди. Ҳеч қачон муҳтожлик кўрма. Ўзи бисотимда шундан бошқа нарсам йўқ эди. Сени дунёга келтириб тарбия қилган ота-онангга раҳмат. Сенинг ўрнингда бошқаси бўлса, ўғирлаб кетарди, қайтармасди,- деди. Ўзимдан уялиб кетдим. Ичимда “Мен ҳам ўғирлаб кетаётгандим” деб ўйладим. Ўшандан бери бировнинг нарсасига қарамайман.Бировнинг моли ҳеч кимга буюрмайди, вафо қилмайди. Норози луқманинг жабру жафоси қийин. Ёшларга маслаҳатим, ҳеч қачон бировнинг нарсасига кўз олайтирмасинлар ва меҳнатсиз нонга ишқибоз бўлмасинлар. Меҳнат билан келган ҳалол ризқ-насибадан ҳеч кимни айирмасин...”
Мактубни қандай бўлса шундайлигича оққа кўчирдим. Мухлисларимиз орасида ҳар хил ёшдагилар бор. Азизлар, бу мактубни албатта фарзандингизга ўқиб беринг. Болалик шўхликлари билан кўзига яхши кўринган нарсани қўлга киритишни истаётган болакай бировга тегишли нарса бошқага буюрмаслигини мурғаккина ақли билан илғаб олса, сизу бизнинг тарбия борасидаги ютуғингиз. Зеро, фарзандларимиз ҳаётимиз давомчилари. Улар мукаммал тарбия ва одоб-ахлоққа эга бўлсаларгина, биз келажагимиз истиқболидан умид қилсак бўлади.

Фарзона тайёрлади

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 272 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ