1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ризқинг ҳалол бўлса...

— Онаси‚ менга икки юз минг сўм бериб тур‚ бугун усталар ишини тугатиб кетади‚ шекилли. Ҳисоб-китобини қилиб жўнатаман. - Қосим ака деразадан бош суқиб хотинига гапирди.
— Хўп бўлади. Ҳалиги... кетишадиган бўлишса мен дарҳол хамир қорай-а‚ тугунга патир қўйиб юборардик...
 Зуҳра опа ўрнидан туришга тараддудланди.
— Яхши бўларди. Ҳа‚ айтганча‚ пулинг қанча ўзи?
— Сиз келтирган икки юз минг сўмни рўзғорга‚ бозор-ўчарга сарфлагандим. Илҳомжоннинг пули шундайлигича турибди.
Зуҳра опа шундай  деганча‚ оиланинг “хазинаси” ҳисобланган‚ келинлигида сепларини солиб келган эски жомадон томонга қараб юрди. “Сейф” жониворнинг қулфи ҳам йўқ‚ номигагина илгич илиб қўйилганди. Зуҳра опа пулни санаб‚ шайлаб қўйиш  учун жомадонни очган ҳам эди‚ бирданига ранги оқариб‚ кўзлари инидан чиқаёзди:
— Вой ўлмасам‚ пул йўқ-ку?!
— Ваҳима қилмай тузукроқ қара‚ ўша ерга қўйган бўлсанг қаёққа кетади?
Қосим аканинг ҳам туси ўзгариб хотинига яқин келди.
— Йўқ дадаси. Пул йўқ‚ энди нима қиламиз?
Аёл ёшли кўзлари билан эрига нажот истаб тикди.
Қосим ака жаҳлдан титраб‚ юз-кўзлари учиб хотинига бақира кетди:
— Э ўл бу кунингдан! Энди дард қиласан‚ бало қиласан! Чақир болаларингни‚ тез топасан ҳозир. Сен хотин‚ мени хонавайрон қиласан‚ ҳали усталарни кузатай‚ сен эси йўқни кунини кўрсатмасамми?!
 Зуҳра опа  тўрт томонга чопиб болаларини  чақирди. Турли юмушлар билан банд болалар югуриб келишди. Даставвал‚ зуғум ва дағдаға тўнғич ўғилга қаратилди:
— Шунча пулни нима қилдинг?!
Дадасининг саволига тушунмаган ўспирин қўрқа-писа аясига қаради:
— Қайси пулни?... - Ўғлининг дағ-дағ титраётганини кўриб‚ онаизорнинг кўнгли бузилиб‚ эрига ёлворди:
— Дадаси болаларни уришманг‚ булар бунақа ишни қилишмайди. Ахир‚ шунча пайтдан буён пул турадиган жойни билишади‚ бирор марта унақа номаъқул ишни қилишмаган-ку. Болаларимизнинг бундай ёмон одати йўқ... Қосим аканинг ўзи ҳам болалари бунчаликка бормаслигини яхши биларди. Бироқ‚ ҳозир хотинига тан бергиси келмади чоғи‚ шаштидан тушмай‚ болаларини тергов қилишда давом этаверди. Орадан беш-ўн дақиқа ўтиб‚ Қодир ака укасининг кетмонини сўраб чиқмаганида ким билади‚ бу суриштирув яна қачонгача чўзиларди.
— Ҳа‚ тинчликми‚ болаларни нега тергаяпсан?
Қодир ака укасига саволчан тикилди.
— Э‚ сўраманг ака...
Қосим ака хафа бўлиб сўрига чўкди. - Жиянингизни сувоқчи-усталарга қўшиб ишга юборганимдан хабарингиз бор....
— Хўш?
— Илҳомжон икки ой сув ташиб‚ лой тепиб, уч-тўрт сўм топиб келувди. Бугун  усталарга жавоб бериб юборамиз‚ шунга келинингиздан пул сўрасам‚ қўйган жойимда йўқ деб кўз ёши қилиб ўтирибди...
— Ҳм... - бошини ўйнатди ака. - Энди шунинг учун болаларингни урушяпсанми? Булар қилишмайди‚ буёқда бошқа гап бор. Келин билан болалардан сўраб кўр-чи‚ уйга ким келган экан? Дарров аниқла‚ бўл.
Қосим ака акасининг гапига индамай итоат қилди.
- Онаси, буёққа қара-чи!
- Лаббай?
 Зуҳра опа қўрқа-писа эри билан қайноғасининг қаршисига келди.
— Шу бир ҳафта ичида уйга ким келган эди?
— Уйгами... ҳозир... — Аёл ўйланиб қолди. — Менимча, ҳеч ким келмадиёв. — Қосим ака хотининиг гапидан ғашланди:
— Тузукроқ эсла‚ қанақа эси паст хотинсан?! Зуҳра опа яна титраб-шошиб гап бошлади:
— Ҳа‚ ўша, Илҳомжон пул олиб келган куни акамнинг ўғиллари ҳам келишувди. Ўша уйда... ўтиришганди...
Аёлнинг кейинги гаплари йиғламсирагандай чиқди.
— Ҳа...  - Қосим ака қўлларини белига тиради.
— Тушунарли‚ — Қодир ака укаси билан маъноли кўз уриштириб олди. — Сен болаларни койияпсан-а? Эсингдами жиянингни тўйида кичик божамнинг велосипеди йўқолиб қолганди?
— Ҳа эсимда. Ўшанда ҳам қайнсинглингиз билан божангиз ўғриликни Илҳомжондан кўрган эди. Кейин... - Қосим ака хотинининг мунғайиб қолганини кўриб унга раҳми келиб кетди. — Кейин ким олгани маълум  бўлганиди-ю‚ Илҳомжон бу маломатдан омон қолган эди ҳартугул...
Зуҳра опа ўша кунларни эслаб‚ эри ва қайноғасининг олдида баттар мулзам бўлди. Ўшанда ҳамма тўй билан оворалигида акасининг катта ўғли Миразиз велосипедни олиб қочибди. Овсинининг қариндош-уруғи буни Илҳомжондан кўришди. Ҳамма бола бечорага  зуғум қилаётганида тўйда хизмат қилиб юрганлардан бири Миразиз ўша велосипеднинг атрофида ўралашиб юрганига кўзи тушганини айтади. Йўқолган матоҳнинг эгаси ўғриликда гумон қилинаётган боланинг уйига бориб тўполон кўтаради ва чамаси ярим соатлардан кейин велосипедини “учириб” қайтади.
Зуҳра опа ўша воқеаларни эслаб ўсал бўлди. Ўзи пул йўқолганини пайқаганидаёқ нохуш хаёлларга чап беришга уринганди. Энди эрининг кўзларига қандай қарайди?...
— Менга қара‚ - аёл эрининг қатъий овозидан чўчиб тушди. — Ҳозироқ акангни уйига бориб пулларни олиб келасан.
— Дадаси...
— Бор‚ олиб кел дедимми‚ олиб кел! Тушундингми?! Мен пулни ердан супуриб олмайман‚ қолаверса, акангни кафиллигини олмаганман.  Бор‚ тез пулни  олиб кел!
Зуҳра опа унамай турганди‚ эр жаҳлига эрк бериб юборди. Аёл елкасига тушган мушт зарбидан энкайиб‚ ҳўнграб йиғлаганча йўлга тушди. Йўл-йўлакай кўз ёшлари юзларини юваётган аёлнинг хаёлларида болалик хотираларининг тасвири айлана бошлади...
Аммаси вафот этиб‚ дадаси унинг ўғлини фарзандликка олди. Жуда мўмин‚ меҳнатсевар йигит эди. Акасидан икки-уч ёш каттароқ бўлса ҳам‚ жуссаси уникидан кичик‚ доим ғамгин юрарди. Дадаси раҳматли солиқчи эди‚ у эшикдан бу эшикка юриб‚ одамлар билан талашиб тортишиб солиқ пулини йиғар эди.  Бир куни тушган йиғимни топширгани олиб борса таги анча кам келибди. Қайта-қайта санамасин‚ шу аҳвол. Уйига келиб болаларини тергашга тушди. Шу Рамазон акаси: “Мен кўрмадим‚ Асқар акамдан сўраб кўринг” деб туриб олди.  Аммавачаси Асқар қўйларни ҳайдаб далага чиқиб кетган эди. Кечга томон мунғайиб‚ юпун кийимларда кириб келди. Дадаси уни ҳам сўроқ-саволга тутди. Ҳатто... ҳатто‚ уйимдан жой бериб‚ сени тарбиялаётган бўлсам-у‚ нон-тузимга тупуриб‚ ўғрилик қилишга тушдингми?! Бу сенга отамнинг хазинасидан қолган эмас‚ одамларнинг‚ давлатнинг  пули бу!” деб калтаклаган ҳам эди. Бечора Асқар акаси пулни олмаганини айтиб йиғлаб, Худонинг зорини қилди. Ўшанда унга қанчалик раҳми келмасин‚ барибир ёрдам беролмасди. Ахир‚ ўша савил қолгур пулни ким олганини билмаса‚ кўрмаган бўлса‚ қандай қилиб Асқар акасини оқлай олади?! Бу ҳол жуда кўп маротаба такрорланганидан кейин дадаси жияни билан ўғлини кузатишга тушди. Ва... ўғли Рамазоннинг оғилнинг бир бурчагига пул яшираётганини кўриб қолди...
Ўшанда дадаси алам билан қарғанганди акасини: «Илоё фарзандларингдан қайтсин! Мен ўғри ўз болам эканини билмай‚ бир етимга озор бериб юрганимни билмаган эканман... Менга қилганларинг болаларингдан қайтсин!»
Акаси болалари эсини таниганидан бери кўча-куйда бош кўтариб юролмай қолди. Ҳатто уч-тўрт қишлоқ нарида яшайдиганлар ҳам Рамазон монтёрнинг ўғиллари ўғрилигини гапириб юришади. Қизлари ҳам. Қизларининг тақдири ҳам аянчли бўлди. Акасининг боши бир умрга кўтарилмайдиган бўлиб хам бўлди. Қайтар дунёнинг жавоблари оғир экан...
Зуҳра опа акасиникига етиб келиб‚ дарвозадан киришни ҳам‚ кирмасликни ҳам билмай бир муддат каловланиб турди-да‚ сўнг оғир қадамлар билан кириб борди. Негадир салом-алик пайтида келинойиси ва жиянларининг қути учиб‚ тўрт томонга тумтарақай бўлишди. Келинойиси дастурхон-чой баҳона ичкарига кириб кетганида‚ сингил акасига изтироб билан термулиб гап бошлади:
— Ака‚ куёвингиз мени уйдан қувиб солди.
— Нега?! Эсини еб қўйганми у аҳмоқ?! Болаларинг бўйга етиб‚ эрта-индин келин тушириш‚ қиз узатиш ҳаракатида бўлганларингда айниб қолибдими у эшакмия?
Аканинг фиғони фалак бўлди. - Сабаби нима экан?
 Зуҳра опа  қийнала-қийнала эрталаб можарони гапириб берди.
— Пул йўқолганига сени айбдор қилиб қувиб соляптими?
— Гап шундаки... Илҳомжон  ишдан қайтган куни... ўғилларингиз - жиянларим ҳам бизникига боришганди... Бир ҳафта бўлди. Ўшандан кейин уйимизга ҳеч ким бормаганди...
— Ҳали болаларингизни ўғри қилиб келдим‚ де?!
Аканинг юзлари қизариб-бўзариб кетди.
— Ака..
— Ҳа‚ мени болаларим ўғри экан-да! Уялмадингми жиянларинг ҳақида шунақа ўйлашга?!
— Акажон‚ дарров ёмон хаёлга борманг. Ёш болада‚ қизиқиб олиши ҳам мумкин-ку?! Мен ўғри демаяпман‚ бир сўраб кўринг акажон‚ Балки шўхлик қилиб...
 Рамазон ака ичкарига кириб кетди. Бироздан кейин келинойисининг шанғиллагани‚ акасининг бақиргани эшитилди.  Акаси баланд овозда‚
— Уйда ҳеч нарса қолмаган‚ мой-гўшт олай десам пул йўқ деб қулоғимни узиб берувдинг‚ нега чакаги ўчиб қолди десам‚ болаларингни ўғрилик пулига ошхонани тўлдириб қўйибсан-да?! Э‚ ҳайф сендай онага‚ суф сендақа хотинга! Падарингга лаънат ҳаммангнинг!
Шундай деб ташқарига отилиб чиқди-да‚ синглисига деди:
— Бироз кутиб тур‚ бу ярамаслар ишлатиб юборишган экан. Ҳозир топиб келаман... Биласан‚ рўзғорда ҳамма вақт ҳам бўлавермайди...
Чамаси ярим соатлардан кейин акаси қўлида пул билан кириб келди. Афтидан у қўни-қўшнидан қарз сўраб чиққандиёв...
— Мана буни олиб қўй... Сенинг ҳам тинчингни буздик... Зуҳра‚ - Рамазон ака энди синглисига қарамасликка уриниб‚ нигоҳларини ерга қадаб олган эди. - Илтимос‚ буни куёвга билдирма.. “Қўйган жойимни эсладим”‚ дегин. Илтимос‚ сингилжон...
 Зуҳра опа уятдан ерга кириб кетай деб турган акасининг аҳволига ачиниб кетди...
Пулни қўлтиғига қистириб, уйига йўл олган Зуҳра опа етиб келгунича унсиз кўз ёш тўкиб келди. Дарвозасидан кира солиб ўзини кутиб турган эри ва болаларига:
— Вой эсим қурсин-а‚ эсгинам қуриб кетсин мени! Бориб бекор қилибман‚ пул ўлгурни қаерга қўйганимни эсладим. Акам билан келинойимнинг олдида нима деган одам бўлдим-а?
У ўзича  шуларни жавраб ичкарига кириб кетди ва гўё тахмондаги кўрвачалар остига қўл тиққан бўлиб бир даста пулни эрига тутқазди.
— Ана дадаси‚ воей‚ шу зормандани деб қанча овора бўлдик-а...
Қосим  ака хотинининг ёлғонларини пайқаган бўлса-да‚ сир бой бермай койиб қўйган бўлди:
— Эсингни йиғиштириб юр‚ бундан кейин. Одамни хижолатга қўймай... — Илҳомжон эса дадасининг қўлидаги минг сўмликларни кўриб бир онасига‚ бир дадасига қаради-ю‚ бир сўз демади. У ўзи келтирган пулларнинг беш юз сўмлик экани-ю‚ аяси уларни тахмондаги кўрпачалар остига эмас‚ пул турадиган ўша эски жомадонга қўйганини эслади-ю‚ дадасининг “Ҳалол ризқ кишига хиёнат қилмайди” деган гапларининг ҳақлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилди...

Рухшона ФАРРУХ

Ҳозир сайтимизда 833 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ