1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Менга қаттиққўл хотин керак

— Келинг, келинг қандайсиз, узоқданми, яқинданми? — дея ҳазиллашган бўлдим.
— Исмим Одил, ёшим қирқ иккида, асли қашқадарёликман. Анчадан буён пойтахтда юрибман, мардикорчилик қилиб кун кўраман. Баъзида иш бор, баъзида эса йўқ. Топиш-тутишим ҳам шунга яраша-да! — деди суҳбатдошим ўзи ҳақида гапириб.
— Менга қаранг, ука! Айни тоғни урса талқон қиладиган ёшда экансиз. Ҳойнаҳой бошингизда оила, фарзанд ташвиши бордир? Баъзида иш бор, баъзида йўқ дегунча, эркак киши бирор ишнинг бошини тутиши, жонини аямай ҳаракат қилиши керак эмасми? — Негадир унинг сўзларидан бироз жаҳлим чиққандек бўлди. Гўё рўпарамда ношуд ва уқувсиз бир эркак гавдаланганди. Шундай бўлса-да, касбимиз тақазоси билан уни тўғри тушунишга ҳаракат қилдим. — Иш масаласида ёрдам сўраб келдингизми?
— Йўғ-а, мен бутунлай бошқа масалада келган эдим.
— Хўш нима экан? Оилангиз нотинчми ё уй-жойдан камчилик борми?
— Биласизми, дардимни ҳеч кимга айтолмайман. Сайтларингизни ўқиб бораман. Гоҳ-гоҳ оиласи бузилган ёлғиз аёллар ҳақида ёзиб қоласизлар. Шунинг учун… Бу ерга келганимни ҳеч ким билмайди. Нима қилай, бирон кишига кўнглимни ёриб енгиллашгим келди.
— Қани, кўнглингиздагиларни айтингчи?
— Ҳаммага ҳам тушунтира олмайман-да, бу дард қурғурни. Қолаверса, ҳеч ким мени диққат билан эшитиб, сиз журналистларчалик тушунишга ҳаракат қилмайди. Яшириб нима қилдим, уч маротаба уйланиб, уччаласи билан ҳам ажрашиб кетганман. Ўозирда бир аёл меҳр-мурувватига зорман. Уддабурон, уқувли аёл бўлса-ю, жиловимни маҳкам ушласа мендан ҳам биноийдек, уйим-жойим дейдиган эр чиқармиди? Ахир эрни эр қиладиган ҳам, қора ер қиладиган ҳам хотин деган гап бежизга айтилмаган-ку!
— Кўнглингизга келмасину, хотинларингиз билан нега ажрашгансиз?
— Биринчи хотиним билан кўп яшамадик. Қисқа вақт яшасак-да, аҳил-иноқ яшадик. Бизга кўз тегдими, битта қизли бўлгач ажрашиб кетдик. Ўша пайтда яхши ишлар эдим. Топиш-тутишим тузук бўлгани учун маишатга берилдим. Оиламга хиёнат қилдим. Буни хотиним билиб қолиб, қизимни олди-ю, мени ташлаб кетди. Орадан бир неча кун ўтиб, аччиқ устида аразлаб кетди-да, ҳовуридан тушгандир деб уйга олиб келгани борсам, «Хиёнаткор эр билан яшамайман!» деди қатъий. Хотиним шу гапида туриб олди. Оиламизни қайта тиклай олмай яна уйланиб, иккинчи хотинимдан тўрт нафар фарзанд кўрдим. Фарзандлар кўпайиб оиламиз катталашгани сари кўпроқ ишлаб пул топай дердиму, аммо ойлик маошим билан оилани тебратишим анча мушкуллашди. Хотиним ҳеч қаерда ишламас, биргина менинг топганим рўзғорнинг йиртиғига ямоқ ҳам бўлмай қолди. Хотиним «бўш»лигимни, яхши пул тополмаётганимни юзимга солиб, кунда-кунора жанжал қиларди. Охир-оқибат икки ўғлим ва бир қизимни олиб, катта қизимни менга қолдириб ажрашиб кетди. Ҳозир қизим катта бўлиб қолган. Ота-онам билан бирга туради. Онам шўрлик шу қизимни ёшлигидан бағрига олди. Ўз фарзандидек катта қилди.
— Икки хотинга уйланибсиз, фарзанд орттирибсиз. Сизни топган-тутганингиз болалар алиментидан ортмагандир. Учинчи хотин шуларни билиб турса-да, индамай тегавердими?
— Учинчи хотиним бефарзанд аёл эди. «Серфарзанд эркак экан, зора бола кўрсам», деб менга турмушга чиқишга рози бўлди. Афсус отасиз ўсаётган гўдакларимнинг уволи тутдими, аёлим мендан ҳам фарзанд кўрмади. Кейин, кейин ажрашиб кетдик.
— Шундай қилиб шаҳри азим Тошкентга ишлагани келиб қолдим денг? Мусофир экансиз, иш, яшаш деганларидек, бу ёғи осон кечмаётгандир?
— Қишлоғимиздаги йигитлар шу ерда ишлашарди. «Тошкентда топиш-тутиш яхши» деб мақташганлари учун мен ҳам келиб қолдим. Иш бўлса-ку унча-мунча муаммолар, қийинчиликлар билинмайди. Аммо ўша иш доимо топилавермайди. Баъзан иш бўлмаган кунлари оч қоламан. Иш топилиб, қўлимга пул тушса менга шуниси етади деб ишлагим келмай қолади.
— Пулингиз йўқ бўлса қаерда яшайсиз. Пулсиз одамни ҳеч ким ижарада яшашга қўймаса керак?
— Ҳар доим пулсиз эмасман, аҳён-аҳёнда шундай бўлади-да. Қўйлиқ бозори яқинидаги бир хонадонда ижарада яшаймиз. Ижара пулини эса кунлик тўлаймиз. Уй эгалари мени яхши билишади. Пулим бўлмай қолса уч-тўрт кунгача бепул қўяверишади. Қўлимга пул тушиши билан дарҳол ҳисоб-китоб қиламан. Жуда чорасиз қолганимда таниш-билишларни ёнига ёрдам сўраб бораман.
— Ҳозирги пайтда эридан ажрашган аёлларнинг кўпчилиги қайтиб эрга тегишмаяпти. Ўзингиз айтгандай, хотинликка «уддабурон, уқувли аёл»ни топа олармикинсиз?
— Яхши ният ярим мол дейишади-ку. Ажабмас, газета сабабчи бўлиб, биронта менга мос аёл топилиб қолса!
— Хотин ҳам топилди дейлик, кейин қаерда яшайсиз? Ота-онангиз, қизингиз янги хотинингизни қандай қабул қилишаркин?
— Кенжа ўғилман, ота-онам билан бирга яшайман. Ўовли катта, яшашга ҳамма шароит етарли. Уйдагилар қаршилик қилишмайди. Ота-онам доим «Кўзимиз тириклигида ўзингга мос биронта аёлга уйлан» дейишгани дейишган. Кеча отам қўнғироқ қилибди. «Тезда уйга етиб кел, қизингга совчилар келиб, тинчлик беришмаяпти. Биз ҳам қарияпмиз, қизингнинг бозори қизиганида узатиб юбормасак бўлмайди» деса бўладими? Буни қаранг, қизим катта бўлиб қолипти. Шу кунгача буни ҳис қилмабман. Хаёлимда ҳалиям у гўдакдек. Қизиқ-а, ота ҳали ҳаётда ўзига мос бир аёлни топиб улгургани йўқ. Бу ёқда эса қизини эрга бериш керак…
— Дунёнинг ишлари қизиқ-да! Кўз очиб юмгунимизча фарзандлар улғайиб қолишади. Биринчи хотинимдан ҳам қизим бор эди дедингиз, ҳали у қизингизни узатмадингизми?
— Катта қизимнинг исми Нафиса, синглиси Чаросдан икки ёш катта. Онаси қайтиб турмуш қилмади. Она-бола бинойидек яшашади.
— Улардан хабар олиб турасизми?
— Она-бола қўшни туманда туришади. Дастлаб оиламиз бузилган пайтда қизим Нафисани кўргани бориб турардим. Кейинчалик онаси менга кўрсатмай қўйди. Менинг хиёнатимдан қаттиқ ранжиб, дили оғриган шекилли, Нафисага олиб борган нарсаларимни юзимга отиб «Сиздай одамнинг ҳеч нарсаси керак эмас. Уйимизга қайтиб келманг, қизингиз борлигини унутинг», деди. Шу-шу тилим қисилиб, ўша хонадондан қадамимни уздим. Эшитишимга қараганда, қизим Қаршидаги университетда ўқир экан. Ўқишни бу йил тамомласа тўйи бўлармиш. Ўали мени тўйга чақиришадими йўқми худо билади.
— Қизингиз Нафисани кўргингиз келадими? Ўамма фарзандингизни бирдек кўрасизми?
— Нафисани кўп ўйлайман. Кўчада кетаётганимда қаршимдан чиқиб қолса танимасам керак деб қўрқаман. Вилоят марказига бориб қолсам рўпарамдан ўтиб кетаётган қизчаларга узоқ тикилиб қоламан. Негадир ўша қизлардан бири Нафиса бўлса керак деган ўй менинг хаёлимни сира тарк этмайди. Баъзан онасига билдирмай университетга излаб борсаммикин дейман, кейин эса мендек бир одамни Нафиса отам деб тан олармикин деб иккиланиб қоламан. Ўзингиз ўйланг, мен унга ота бўлиб нима қила олдим? Меҳр кўзда деган гап бор. Қизим Чарос кўз ўнгимда улғайганлиги учун унга бўлган меҳрим жуда бўлакча. Чарос ҳам мени жуда яхши кўради. Ахир унинг отасиман-да! Қўлимга пул тушса аввало унга илинаман. Уйга борганимда ҳам совға-саломлар билан кириб бораман. Билмадим, уни турмушга узатиб юборсак менинг ҳолим не кечаркин?
— Хаёлимга бир фикр келди. Биринчи хотинингиз билан ярашмайсизми?
— Қандай қилиб?
— Айтишингизга қараганда, хотинингиз қайтиб турмуш қурмабди. Нима бўлганида ҳам сиз унинг кўз очиб кўрганисиз. «Ёшлик қилиб хато қилган эканман, ҳозир ақлим кирган. Сенга ва оиламизга қайтиб хиёнат қилмайман» деб кечирим сўраб, уйингизга олиб келиб бирга яшасангизчи?
— Билмадим, у мени кечирармикин, таклифимга кўнармикин! Орадан қанча йиллар ўтди. Ота бўлиб, ҳеч йўқ қизим Нафисага меҳр-мурувват кўрсата олмадим. Энди қандоқ бўларкин?
— Жуда яхши бўлади. Нима бўлганида ҳам биринчи хотинингиз сизни яхши билади. Қолаверса оилангизни бузилишига ҳам сизнинг хиёнатингиздан бошқа сабаб бўлмаган. Мана, ёшингиз қирқдан ошганда тавбангизга таянибсиз. Дарбадарликни йиғиштирингда ўз юртингизга қайтиб кетинг. Шу иш ўша ёқдан ҳам топилади, албатта бу сизнинг ўзингизга боғлиқ. Қўлингиздан келса ўзингиз, йўқса ота-онангизними, таниш-билишларингизними, маҳалла фаоллариними ўртага қўйиб, биринчи хотинингиз билан ярашишга ҳаракат қилинг. Балки қизингиз билан гаплашиб кўрарсиз. У вояга етибди, бунинг устига ўқимишли экан, балки сизни тушунар. Кўп ҳолларда фарзанд узилган оила ришталарини қайта боғлайди-ку!
Одилжон билан анча суҳбатлашдик. Менинг маслаҳатим унга ҳам маъқул келди чоғи «Бу ҳақда нега олдинроқ ўйлаб кўрмадим экан. Майли сизнинг маслаҳатингизга қулоқ солиб кўрайчи. Отам ҳам уйга чақиряпти, эртагаёқ уйга кетаман. Янгилик бўлса сизга ўзим айтаман», дея мамнун бўлиб хонани тарк этди. Одилжоннинг эртанги тақдирининг нима бўлиши ҳали номаълум. Хотини уни кечирадими, оиласи тикланадими йўқми буни эса олий ҳакам — вақт кўрсатади. 

ЁРҚИНОЙ ҚОСИМОВА тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 27 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ