1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳақиқатни кеч англадим

Ёшим анчага бориб қолган. Ўзимни жуда кекса деб ҳам атамайману аммо олтмишдан нарёғини кўзлаб кетяпмиз. Бошидан гапирсам, пойтахтга ўқиш ниятида келиб, ризқу насибамизни тортиб, шу ерларда ишлаб қолганмиз. Кўп йиллар раҳбар лавозимларда ишладим. Ўзим оддий оиладан чиққанман, ака-укаларим, опа-сингилларим бор. Бу дунёда одам боласи ҳамма нарсага тўяр экану, меҳрга ҳеч тўймас экан-да. Аммо шу меҳрга эҳтиёж ҳам ҳамма вақт бўлавермас экан. Фақат ён-атрофингдагиларга аллақандай манфаат учунгина керак бўлганингни пайқаб қолганингда меҳрга муҳтожлик сезар экансан. Пойинтар-сойинтар гапларим сизга ғалати туюляптими? “Бу одам уйда зерикиб ўтириб, нима қиларини билмай  газетага дийдиёларини достон қилишга тушибдими”- деган хаёлга борган бўлсангиз ажаб эмас. Мен бу газетани мунтазам кузатиб бораман. Уйда ўтириб қолганимдан бери “Кўнгил кўчалари” кўнглимга яқин бўлиб қолган. Деярли барча сонини жамлаб тахлаб қўйганман. Зериккан пайтларимда қайта-қайта варақлайман. Яқинда газетанинг аввалги йиллардаги бир сони қўлимга тушди. Унда таниқли адиба билан замонавий эркаклар борасида суҳбат бер илган экан. Ўша мақолани ҳар сафар ўқиганимда мулоҳазага ботаман. Бу гал ҳам шундай бўлди. Аммо бу сафар ўйларимни сизлар билан бўлишмоқли кучун мактуб ёзишга қарор қилдим.
Газетада эълон қилинадиган аксарият мақолаларда эркакнинг оила бошлиғива рўзғор таъминотчиси сифатида ўз ўрнини унутаётганини, аёллар эркаклар устидан ҳукмронликни мутлақ қўлга олганликлари хусусида куюнчаклик билан айтилган фикрлар кўп чоп этилади. Аммо масаланинг яна бир томони ҳам бор. Тўғри, эркак оила бошлиғи, рўзғор таъминотчиси, оиланинг устуни! Бироқ, унутмаслик керак, эркак ҳам — ИНСОН! Унинг ҳам кўнгил кечинмалари, ўй-хаёллари, изтироблари бор. Мен узоқ йиллар катта лавозимларда ишладим. Шу даврларда қанчадан-қанча “меҳрибон”ларни кўрдим. Ҳар бирининг “меҳр”и замирида қандайдир манфаат кўзлови ётарди. Ўша пайтларда буни сезмаганим аниқ, лекин тўсатдан юрагимни ушлаб, касалхонага тушганимда, шифокорлар менга ишлаш мумкин эмаслигини айтиб, нафақага чиқишим зарур эканлигини таъкидлашди. Ўшанда ёнимда парвоналарнинг зумда йўқолиб қолганини, бир ондаёқ дўсту ёрдан, “қариндош”ликни даъво қилиб юрганлардан “айрилиб” қолганимни англадим. Кимга ёлғон, Худога рост, ҳатто никоҳимдаги аёлим ҳам амалдан тушганимдан кейин, қовоғини уйиб, тўнини тескари кийган. “Наҳот жуфтлик туйғуларида ҳам моддий манфаат, таъма ғимирласа?” –деган ўй миянгиздан ўтгани аниқ. Бироқ шундай экан. Энг ачинарлиси, буни элликдан ошганимда билдим. Шунча йил фақат одамлар учун, БОШҚАлар учун яшаган эканман. Майли, ўғил-іизим ўзимники, уларга нимаики қилсам, бу аввалло оталик бурчим, қолаверса, мен улар билан тирикман. Аммо хотинимнинг қариндошлари, ака-укаларию уруқ-аймоғи, ҳатто таниш-нотаниш дугоналари ва алламбалолари учун ҳам мурувватпеша одам эдим. Алам қиларлиси шундаки, юрак хуружи билан касалхонага тушганимда, хотиним соғлигимдан хавотирга тушиш ўрнига, холасининг тўй қилаётган ўғлига қандай тўёна олиб бориш ва укасининг ўқишдан шартнома пулини тўламагани учун талабаликдан ўчирилган қизининг муаммосидан ташвиш қилганди. Шундан кейин кўзимдан олов чиққандек чор-атроф ёришиб кетди ва каминанинг кўр кўзлари очилди. Бир пайтлари қайнонам бетоб бўлиб қолганида, хотиним билан уларни шифохонага олиб боргандим. У ерда қишлоғимдан келган, мактабдош дўстимни учратиб қолдим. У онамнинг саломатликлари унча яхши эмаслигини, укаларим дўхтирларга олиб боришаётганини айтиб кўзларимга маъноли тикилганди. Ишдан ортиб албатта онамни кўргани бораман, деб аҳд қилдиму вақтида боролмадим. Орадан бирор ҳафталарча ўтиб, дам олиш куни қишлоғимга боришга отланаётсам, укам қўнғироқ қилиб, онамдан ажраб қолганимизни айтди... Бу оғир аҳволимни ифодалашим мушкул... Хуллас бемор бўлиб, бошим ёстиққа етганида, мансабим бевафолик қилиб, оддий ИНСОНга айланганимда, мени бир қориндан талашиб тушган жигарларим унутишмади. Гарчи улар менинг амалимдан ҳеч қачон наф кўрмаган, ҳаётда уларга ҳеч бир ёрдамим тегмаган бўлса-да, ака-ука, опа-сингилларим маломат қилишмади, мени яккалатиб қўйишмади. Ҳа, жону жигар дейишади-ку, ака-укалар бир дарахтнинг шохларига ўхшайди. Дарахтнинг илдизига болта урсанг, шохлари титрайди...
Ҳатто ўз фарзандларим таъна қилишди. “Қўлингиз узун бўлганда менга у қилмагансиз, менга бу қилмагансиз, сизни даврингизда машина минмаганмиз, қўшіаватли уй қурмагансиз. Шунча пулни нима қилгансиз” деган иддаолар юрак-бағримни тиғдай тилди. Ваҳоланки, қўшқаватли уй қилолмаган бўлсам-да, тўртта боламга, ҳатто куёвларимга ҳам икки хонали квартира олиб берганман. Катта ўқишларда ўқитганман. Энди қўлимдан келгани шу бўлган-да. Аммо жигарларимни... иккита нон билан йўқламаганман... Бу юрагимни кемириб ётган ДАРД! Буни ҳамма ҳам тушунавермайди! Бу аламларни ўзим муҳокама қиламан, ўзим ўйлайман ва ўзим таҳлил қиламан.
Аслида бу дунёнинг майда-чуйда ташвишлари ўкинишга, изтироб чекишга арзимайди, лекин шундай хатолар борки, кишини борган сари виждон азобига солиб, қийнайверади. Бу ўз яқинларингга нисбатан меҳрсизлик, эътиборсизлик қилганинг, уларнинг яхши-ёмон кунига ярамаганинг ва муҳтожлигида қўлламаганинг...
Менинг дардимни ўқиган, эшитган одам яқинларини, туғишганларини ўз вақтида, ўз ўрнида қадрласа, менга ўхшаб қийналиб юрмайди, демоқчиман. Тожик халқтида шундай нақл бор: “Жигар-жигар, дигар -дигар” дейдилар. Бунинг маъносини изоҳлаб ўтириш шарт эмасдир деб ўйлайман.

Бешим отанинг айтганларини Фарзона оққа кўчирди

Ҳозир сайтимизда 624 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ