Сайт бўлимлари
Эркаклар бошидаги қора булут
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Эркаклар бошидаги қора булут
Бу кун ўзгaришгa учрaди зaмон
Ҳаттo aёллaрдa мaрдлик нaмoён,
Шундaй кетaвeрсa бола эмизмоқ,
Эркaк зотига ҳaм бўлaди oсон,- деган экан Мирзо Абдулқодир Бедил. Бу сатрлар бугунги кунимизнинг ҳам долзарб муаммоларидан бирига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Аёллар оилада ҳукмронликни қўлга олди, деган аччиқ кесатиқ кейинги пайтларда жуда кўп айтиляпти. Кимдир бу ҳолни аёлларнинг эридан кўра кўп пул топиши билан изоҳласа, яна биров аёллар юзидан парда кўтарилаётгани учун ҳам эркакларнинг жамият ва оилада мавқеи пастлаб кетаётганини таъкидлайди. Бошқа одамнинг фикрича эса, бу аянчли ҳолатнинг сабаби маънавий қашшоқлик ва ўзликни унутиш. Ҳар ким ўз дунёқариши ва тарбиясидан келиб чиқиб вазиятга муносабатини билдиради. Аслида-чи, аслида аёлларнинг эридан ўзини бир поғона баланд тутишига, эрига тик қараб тилини узун қилишининг сабаблари нима?
***
... Нигора бойвачча хонадоннинг яккаю ягона қизи эди. Ҳусни, қад-қомати ўртача бўлса-да маҳалладаги обрўли оиланинг ўқимишли, келишган ўғлига турмушга чиқди. Нигоранинг отаси куёви билан қизига шаҳардан уч хонали уй ва янги “Нексия” машинаси совға қилди. Тўйдан кейин куёв ўқишини магистратурда ҳам давом эттирди. Қайнота бунда ҳам куёвини қўллаб турди. Таҳсилдан кейин куёв қайнотанинг ёрдами билан яхши жойга ишга жойлаб қўйилди. Нигора эрининг отасининг ёрдами билан ҳаётда ўрнини топаётганидан ғашланарди. Эркак дегани ўзини ўзи эпласа, қайнона-қайнотасига ёрдами тегса-да.
— Сиз менга уйланганмисиз ё дадамнинг пулигами?! - деган таънали исён аввал дилида қайта-қайта бош кўтарди. Жуфтлик андишаси, гўдакларининг юз-хотири юрагига ханжардек ботаётган ўйни тилига чиқартирмади. Лекин ҳафта оралаб дадасининг рўзғорига зарур нарсаларни ташлаб кетиши, куёв жанобларининг кунда ишхоналарида бир ишкалга йўлиқиб, қайноталарининг ёрдами билан қутилиб қолишлари Нигоранинг ҳамиятини оғритди:
— Қачон дадамнинг этагидан айрилиб, ўзингизни эплайдиган бўласиз а?! Акаларимнинг, янгаларимнинг олдида хижолатлиман сизнинг дастингиздан. Дадамнинг мендан бошқа фарзандлари ҳам бор. Пешонам қурсин, менга мен учун эмас, дадамнинг қўли узунлиги учун уйланган экансиз!..
Бу маломат аёлнинг тилида тез-тез айланадиган бўлди. Гарчи хотинининг-таъна маломатлари жонидан ўтиб кетиб, эркак ҳам ўзини ўнглаб оиласини таъминлашга астойдил киришган бўлса-да, ҳали ҳануз Нигора уни ҳурмат қилмайди. Ҳатто ораларидаги фарзанд ва бир том остида яшаётганларини гапирмаса, уларни эр-хотин дейиш ҳам қийин...
****
... Абдужаббор тўрт ёшлигида ота-онаси ажрашиб кетиб, иккови ҳам бошқа турмуш қурди. У ўртада сарсон бўлиб ўсди. Отасиникига борса ўгай она туртарди, онасиникига борса ўгай ота қовоқ ўярди. Бешинчи синфдан бошлаб туман марказидаги боқувчисини йўқотган болалар ўқийдиган мактаб-интернатга ўқий бошлади. Шу ерда Абдужаббор бироз рўшнолик кўрди. Шунда ҳам шанба-якшанба кунларини ёқтирмасди. Дам олиш кунлари болалар уйига қайтиши керак эди. У ҳам синфдош дўстларига қўшилиб ё отасиникига ёки онасиникига қайтишга мажбур эди. Шу икки кунда ҳам ўгай она Абдужабборни хўрлашдан тийилмасди. Йиллар ўтиб у пойтахтдаўқийдиган бўлди. Талабалик йилларида на отасидан, на онасидан, меҳр кўрмаган йигитга курсдош қизнинг илиқ муносабати Абдужабборга қаҳратонда чарақлаган қуёшдек ёқарди. Йигит қалбида қатланиб ётган меҳр – муҳаббатини ундан аямади. Талабалик поёнига етгач, турмуш қуришди. Абдужаббор болалигида кўрган хўрликлари хотинидан меҳр-муҳаббат ва ҳурмат бўлиб қайтади, деб ўйлаган эди. Таассуфки, фарзандли бўлгач у мулойим, ювош, меҳрибон деб билган қиз бир думалаб ялмоғиз кампирга айланди. Аввал кам пул топасан деб эрини камситарди. Абдужаббор хотинига ёқиш, унинг кўнглини олиш учун кўп пул топишни истарди. Аммо қанча кўп пул топмасин, барибир хотинининг инжиқлиги, жанжаллари барҳам топмади. Ҳатто бир галги тортишувларида хотини:
— Сен худди ҳамёнсан мен учун! Пулинг керак, ўзингнинг сариқ чақалик қадринг йўқ мен учун. Шундай экан, ўз ишингни билиб қил, ҳамён!- деб шанғиллади ҳам. Онаси Абдужабборга беписандлик қилгани учунми, болалари ҳам отасини ҳурмат қилмай, қизлари, ўғли отасига тик қараб гапиришгача боришади. Абдужаббор қаерда хато қилдим деб бошини қайси тошга уришни билмайди. Аёл кишига ҳам ҳаддан ташқари боғланиб қолиш, унга сир бой бериш яхши эмаслигини англаб етди. Аммо анча кеч...
***
... Мавжуда туриш-турмуши ҳаминқадарроқ оилага келин бўлди. Оила аъзолари меҳнат қилиб яхши яшаш, фаровон турмуш кечиришга ҳаракат қилиш ўрнига камбағаллигидан фахр туядигандек, қачон қарама гердайиб юришарди. Мавжуда “рўзғорим алоҳида бўлса, эрим ҳам менга қўшилиб меҳнат қилар, бунақанги қашшоқлик жонига теккандир”, деган ўйда қайнона-қайнотасидан бўлак бўлиб чиқди. Бу билан қанийди эри ўзгарган бўлса.
— “Мени қовурилган колбаса егим келяпти”.
— “Нонуштага пишлоқ ейишни яхши кўраман”
— “Асал оламиз, қишда асал емасам бўлмайди”...
Мавжуда эрининг бундай гапларига бошида эътибор бермасди. Вақт ўтиб болалар катта бўлгани сари рўзғор юки бир ўзининг бўйнидалиги аёлнинг юзини қаттиқ қилди:
— Егингиз келаётган нарсани сотиб олиш учун пул керак. Пул учун ишлаш керак. Уззукун уйда футбол кўриб, ёстиққа ёнбошлаб ётсангиз пул осмондан тушмайди. Пул бўлмаса сиз ейишни хоҳлаган нарсалар ҳам бўлмайди. Сиз кечаю кундуз ёнидан узоқлашмайдиган телевизорни ҳам онам сепимга қилганлар. Балки сиз эсламасангиз ҳам керак. Пешонам қурсин...
Бу таъна-маломатлар эр-хотиннинг жанжалларида тез –тез ишлатиладиган бўлди. Эридан нажот йўқлигини тушунган Мавжуда бозорга чиқди. “Эринг ишласин. Ҳирсдай бўлиб уйда ўтирибди. Сен аёл бошингга кўчага чиқиб пул топасанми?” деган яқинларига қатъий эътироз билдирди:
— Эрим иш эпламайди. Болаларимнинг гуноҳи нима? Мен ҳам ишламасам, болаларимни тиланчиликка чиқариб, эр-хотин уйда термулишиб ўтирайликми?! Эрим текинхўр, дангаса бўлса ўзим болаларимнинг орзу-ҳавасини қилишим керак...
Бу уч ҳолатдан қай биридир сизга танишдир. Балки қўшнингиз, балки бирор танишингиз. Ёки ўз ҳаётингиз аксини кўргандирсиз юқоридаги тасвирларда. Ҳар қандай ҳолатга баҳо беришда ҳар томонлама чуқур ўйлаб кейин хулоса чиқариш керакмикан, ватандош? Аёллар маълум маънода ўзлигидан узоқлашиб, эркакшодага айланиб бораётгандир. Қайсидир аёл эрини ҳурмат қилмай, оилада устунликка даъво қилаётган бўлиши мумкиндир. Бироқ бунда айб фақат аёлда бўлаверадими? Қайси аёл рўзғорнинг бор ташвишини нозик елкасига бир ўзи ортишни истайди? Қайси аёл болалари олдида жуфтининг нотавон, тили қисиқ бўлишини хоҳлайди? Ахир, бизнинг элда отасининг бўйини кўрсатиб ўғил тарбиялаганлар. Отанинг қаҳрига ишора қилиб қизга андиша ўргатганлар. Инсонни асл ўзлигидан айириб бўлмайди. Қайсидир аёл эридан ўзиб кетдими, аввало ўша эркакни лаънатлаш даркор эмасми сизнингча? Аёлни аёллигидан узоқлаштирадиган эрнинг безардалиги, бепарволиги, масъулиятсизлиги эмасмикан, нима дедингиз, биродар?
Фарзона БОНУ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 220 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар