1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Эримни қаро ер қилдим

Турмуш ўртоғим янги лавозимга тайинланган кун уйимиз росманасига тўйхонага айланди. Нигоҳлари бизга таниш кўринган киши борки, дўстми у, душманми у остонамиздан кулиб кириб келаверди. Оиламиз, турмуш ўртоғим шаънига айтилаётган мақтовлар, ора-сирада таъма илинжида кўзлари бежо “нон” дўстларнинг хушомади, гўё бошимдан қуёшнинг эркаловчи нурлари ёғилаётгандек мени ўзимда йўқ хушнуд этарди. Мансабга Лазиз акам ўтирган бўлсалар-да, мен ўзимни қўлини қаерга узатса етадиган маликалардек ҳис этар, қадаҳ кўтариб турмуш ўртоғимни осмонга чиқариб мақтаётганлар менга қайрилиб, “бу келинойимизнинг ҳам муваффақияти ҳисобланади. Эрни эр қиладиган хотин, демак келинойимизнинг маҳоратлари учун ичамиз” деса, бир пайтлар мени келин қилишни истамаган, Лазиз акамни ўз жиянига уйлантирмоқчи, ҳатто, унаштириб қўйган қайнона-қайнотамга ғолибона назар солардим. Орага қанча совуқчилик тушган бўлса ҳам, тақдирга тан берган умр йўлдошимнинг яқинларининг нигоҳларида ҳеч қандай ғаразлик ва ғайирлик сезилмас, қайтага икковимизни ҳам бирдек дуо қиларди. Базм охирлаб қолай деганда қўшни вилоятдан ота-онам, опам ва акамлар келишди. Бегоналар кетиб фақат қавм-қариндош қолдик. Шодиёна қайта бошланиб, энг тансиқ таомлар тортдик. Азалдан спиртли ичимликларни хуш кўрмайдиган қайнотам ширакайф ўғлини ёнига чақириб насиҳат қила бошладилар:
— Баракалла ўғлим, амал қутлуғ бўлсин! Энди сенга айтадиган бир-икки оғиз гапим бор, диққат билан қулоқ солсанг, амал қилсанг, кам бўлмайсан. Мартабанг бундан ҳам зиёда бўлади. Ўғлим, Расулуллоҳ (с.а.в.)га бир киши келиб, “Менга Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам яхши кўрадиган бир амални ўргатинг!” деб сўраганида, Жаноби Сарвари олам суюмли бўлишнинг икки шартини қуйидагича васеъ қилган эканлар: “Дунёга ўч бўлма, сени Аллоҳ яхши кўради, кишилар қўлидаги нарсаларни тамаъ қилма, сени улар яхши кўришади”. Тушунган бўлсанг болам, Яратган эгам тақдирингга бадавлат, бой бўлиб яшашни битган бўлса, албатта шундай яшашга эришасан. Аммо, қисматингга оддий, камтарона ҳаёт ёзилган бўлса, минг уринма, бировлардан таъма қилма, ўзингни ўтдан чўққа уриб рўзғорингга ҳаром луқма аралаштирганинг билан, фақат ўзингга ва оилангга жабр қиласан. Турмушингдан барака, файз арийди. Ҳаром луқма еб улғайган фарзандларинг беҳаё, бебош ва ноқобил бўлади. Шуни ёдингда тутки, обрў билан амалнинг тўртта катта-катта душманлари бор: таъмагарлик, манманлик, майхўрлик ва ёмон аёлларга ўчлик. Сен ана шу ичингдаги ашаддий душманларингни енга олсанг, ташқаридаги ёвларинг устингдан кулолмайди, обрўйингдан айрилмайсан, одамлар сени яхши кўради, назардан қолмайсан. Шу гапларим, бир умрлик ҳамроҳинг бўлсин.
Хўжайиним овоз чиқармай оталарининг гапларини тасдиқлаб турарди. Дадам билан аям ҳам қўшилдилар. Насиҳатбозлик бошланиб кетди. Мени эса уларнинг панд-насиҳатини эшитаётиб энсаларим қотарди. “Тавба, бу қанақа гап, энди, майли ароқ ичмасинлар, ёмон хотинларга ўч бўлмасинлар. Лекин, пора олмасликлари... Биринчидан у пора бўлмайди, бир бечоранинг битмай юрган ишини дарҳол битказиб берадилар, у эса рози бўлиб, кўнглидан чиқариб уч-тўрт сўм беради. Бунинг нимаси ёмон?! Қолаверса, ҳозирги замонда қуруқ ойлик билан яшаб бўладими?! Яна шундай амалдор одам, катакдек икки хонали уйда яшайдими?! Ойликни еймизми, ичамизми, болаларни эҳтиёжига сарфлаймизми ёхуд орзу-ҳавас кўрамизми? Ғалати гапларни гапиришади-да, булар”.
Хаёлимдан кечган гаплар асабимни эговлаб ўтган бўлса-да, сиртимга чиқармадим. “Барибир сизлар бугун борсизлар, эртага яна мен билан қоладилар. Энди буёғини ўзимиз биламиз. Сизлар келиб, дастурхонимиз тўрига ўтириб, кетарда хушҳолгина хайр-хўшлашларингни билинглар. Бошқаси бизнинг ишимиз”.
Хаёлан катталарни чақиб олган бўлдим. Эртаси куни тушга яқин барча қариндошлар тарқалишди. Меҳмонхонадаги идишларни, дастурхонни йиғиштира туриб, Лазиз акамга эркаландим:
— Хўжайин, бундан эътиборан, уйимизда ҳеч қандай «мероприятие» ўтказмаймиз, ҳаммасини шинамгина бир ресторанда ўтказиб қўя қоламиз. Оворагарчилигиям йўқ, ортидан йиғиштир-йиғиштириям. Қаранг, мен ошхонадан бери келмай, қариндошларимиз билан ҳам тузукроқ гаплашмадим. Эрим меҳр билан елкамдан қучиб:
— Ўша ресторанларнинг энг тансиқ таоми ҳам сенинг оддий маставангга тенг келолмайди. Эрта-индин қизларимиз улғайиб қанотингга киради, ёрдамчинг бўлади. Рестораннинг чала пишган овқатига ҳушим йўқ. Қани, мен ҳам сенга ёрдамлашвораман, икковимиз бир зумда бажарамиз, — дедилар. Барибир мен у дедим, улар бу дедилар, хуллас эр-хотин дастурхонни йиғиштирдик. Ширин-ширин орзу-ҳаваслар режаси билан тотли суҳбат қуриб тонгни қарши олдик. Мен бу кунни шаҳарнинг биринчи хоними сифатида ниҳоятда хушнудлик билан кутиб олгандим.    
Дарҳол Лазиз акам ёқтирадиган егуликлар билан дастурхон тузаб, нонушта ҳозирладиму ярим ҳазил ярим чин оҳангида:
— Султоним, энди маликангизга бир чўри ёллашингиз керак. Токи унинг нозик қўллари толиб қолмасин, — деб қўйдим.
— Маликамнинг меҳрибон қўлларидан ҳамиша муҳаббат ифори анқиб туради. Шу сабаб ҳам мен хизматимни доимо ана шу гўзал ва меҳрибон қўллар адо этишини истайман. Чўрию канизларга не ҳожат? — деб жавоб ҳозирладилар.
Кунлар ўтаверди. Мансаб курсисига ўтирган эриму, кибр отини эгарлаган мен бўлдим. Кунда, кунора хўжайиннинг қулоғига, янги ҳовли-жой қилишни, биз ҳам амалдорларга хос яшашга интилишимизни, қайта-қайта уқтираверардим. Ўқ мўлжалини аниқ олиб отаверсангиз бир кунмас бир кун нишонга тегаркан. Менинг “саъй-ҳаракат”ларим самарасида эримда ҳам ўзгаришлар сезила бошлади. Йўқ, фақат мен хоҳлаган томонга! Яъни Лазиз акам ҳузурига бирор бир юмушни битказиш учун нажот истаб келганлардан яхшигина ҳақ ола бошлади. Улар олиб келган пулларни тийин-тийинигача ҳисоблаб олардим. Қайнотам қилган насиҳатларнинг учтасига Лазиз акам қатъий риоя іиларди. Аслида, шу томондан қайнотамдан жуда хурсанд эдим. Эрим мансабдор бўлса-да, камтарин, ичмайди, ёмон аёлларга ўралашмайди. Айни муддао эди. Амалдор кишининг бироз бўлса-да, кибрли бўлгани яхшию, аммо Лазиз ака ҳеч манманликни билмасди. Уч йил деганда бизнинг яшаш тарзимиз батамом ўзгариб кетди. Уч қаватли ҳашамдор иморатлар, хориждан келтирилган уй анжомлари. Бари-бари худди орзуимдагидек эди. Дабдабали ҳовли тўйи қилдик. Совға-саломларнинг умумий ҳисобига бутун бошли бир шаҳарни бир ҳафта боқса, яна ортиб ҳам қоларди. Ҳаммасини қандайдир мансаб ва лавозим илинжида юрганлар олиб келган эди. Яқинларимиз ҳам келишди. Қайнонам ўз қўллари билан қавиган духоба кўрпача, ойижоним дастурхон тикиб келибдилар. Овсинлар ҳам, опа-сингил, келинойимларим ҳам, чин кўнгилдан камтарона бирор туҳфа билан кириб келишди. Бир бурчакка ташлаб қўявердим, уларни. Негадир базмда тортилган таомлардан қайнотам бир оғиз ҳам ошамадилар. Аввалига эътибор бермадиму, кейин овсинимнинг ўғли билан гузардаги ошхонадан тамадди қилиб келганларини эшитиб, ҳайрон қолдим. Ярим тунга қадар чўзилган зиёфат тугаб, меҳмонлар тарқагач, қайнотам Лазиз акамни ёнларига чақириб афсусланганнамо бош чайқадилар:
— Ўғлим, нималар қилиб қўйдинг?! Сенга айтган гапларимни унутдингми?!
— Нима қилибман, дада? — Турмуш ўртоғим қип-қизариб, бошларини ерга эгиб олдилар.
— Топганингга ҳаром қўшилибди-ку... Аттанг... Минг афсус... Энди бараканг ҳам учади, энг оғири обрўйинг, ҳурматинг йўқолади. Норозилик билан келган бир сўм, минг сўм бўлиб чиқади-я, болам.
Қайнотамнинг кўзларига ёш келди. Шу топда мен дарровгина, “дадажон, Худога шукр, бунча нарсага эришишимиз баракадан-да”, демоқчи бўлдим, аммо ота-онам ва хўжайинимдан хижолат тортдим. Эртаси куни қайнотам яна бир қултум чой ичмадилар. Лазиз акам ҳайдовчи манзилларига элтиб қўйишини айтгандилар, қатъий рад қилдилар. Бизникилар автобус айтиб келишибди экан. Худди ҳашамдор уйимизнинг уёқ-буёғини тушириб қўядигандек, қўрқа-писа омонатгина қадам ташлаб чиқиб кетишди. Улар кетганидан кейин тушкунликка тушиб қолган хўжайиннинг кўнглини кўтаришга уриндим:
— Ҳа, дадаси, намунча хафа бўлмасангиз?
— Шаҳрибону, дадамнинг гаплари...
— Э, Лазиз ака, қўйсангиз-чи, дадам сал нарсадан шунақа катта гаплар ясайдилар. Қайси мансабдор пора олмабди? Шундоққина ёнгинангизда турган нарсани илиб олмаслик... Лавозимга эга одам бор-ки, уёқ-буёқдан есам дейди. Уларнинг ваҳималарига кўп ҳам аҳамият бераверманг. Юринг, ундан кўра совғаларни томоша қиламиз.
Лазиз ака индамай менга эргашди. Турмуш ўртоғимнинг битта хатоси фақат кўнглимга қарагани бўлди. Ва шу хато туфайли мен жуфтимнинг бошига кўп мусибатларни ёғдирдим...
Бир куни Лазиз акам туғилган кунимга совға қилган автомашинада ишдан қайтсам дарвозамиз олдида юпунгина кийинган, оёғидаги пойафзали титилиб кетган бир аёл мунғайибгина ўтирарди. Машинани ўчириб, тушдим. Тил учида, менсимайгина у билан сўрашган бўлдиму, “хўш, нима керак?” дегандай аёлга қарадим.
— Синглим, Худо хайрингизни берсин, илоҳим мартабангиз бундан ҳам зиёда бўлсин. — Аёлнинг узундан узоқ дуоларидан энсам қотди:
— Нима гап? Тинчликми?
— Турмуш ўртоғим вафот этди. Олти ой бўлди. Қарамоғимда тўртта фарзандим бор. Бир ўғлим ногирон. Ўзим ҳеч қаерда ишламайман. Илтимос, синглим, болаларингизнинг роҳат-фароғатини кўринг, эр подшо, хотин вазир, дейдилар. Турмуш ўртоғингизга илтимосимни етказинг, бир оғиз сўзлари, мени бирор жойга ишга жойлаштирсалар. Яна... Ногирон ўғлимга аравача керак эди. Ўн тўртга тўляпти, энди уни кўтариб чиқаролмайман. Сиз менга ёрдам берсангиз, сизни Худо ёлғизлатмасин... — аёл ийманиб, бир гапида минг дуо билан гапирарди.
— Яхши, айтаман, — гапни қисқа қилдим.
— Илоҳо умрингиздан барака топинг...
— Раҳмат, саломат бўлинг. Яхши боринг.
Аёлни тил учидаги сохта илтифот билан кузатдиму, уйга кирдим. Одатдагидай Лазиз акамни кутиб олиш учун тараддуд бошлаб, хизматчи аёлга овқат тайёрлашимга ёрдам беришини сўрадиму, завқ билан юмушларимга шўнғиб кетдим. Умр йўлдошимга ҳалиги нотавон аёлнинг илтижоларини эса умуман гапирмадим. Ёдимдан чиқмаганди, шунчаки, янада аниқроғи камбағал аёлдан ҳеч нима унмаслигини билганим учун Лазиз акамга индамадим. Аёл яна кўп маротаба кўз ёшларини оқизиб келди, мен унга қоп-қоп ваъда берардиму, уни кузатар кузатмас, ваъдаларимни “унутиб” юборардим...
Шу зайлда менинг тиллоларга ўралган ҳаётим ўтиб борар, кўпгина яқинларимиз уйимиздан тамомила қадамини узишган, ялтироқ турмуш ҳавасидаги менга бу заррача бўлсин таъсир кўрсатмасди. Аммо кўза кунда эмас, кунида синар экан. Бизнинг ҳам зару зеварларга тўла кўзамизнинг ҳам синадиган куни келди... Турмуш ўртоғим мансабидан тушган куниёқ вилоят прокуратураси ва хавфсизлик хизмати идораларига бориш учун чақириқ қоғоз келди... Ва... Тез орада тергов ишлари бошланиб кетди...
Яқин инсонинг, севимли кишингни панжара ортидаги қора курсида кўриш одамга жуда алам қиларкан. Айниқса, уни мол-дунёга ҳирс қўйиб, тилло ҳаёт орзусида ўзинг порахўрлик ва таъмагарликка ундаган бўлсанг...
Қайнонам турмуш ўртоғимни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида эшитиб, уввос солганча мени қарғадилар. Қайнотам эса... Уй-жойимиз мусодара қилиниб, Лазиз акам суд олди ҳибсга олинган пайтдаёқ қон босими кўтарилиб, бир томонлари ишламай қолганди. Эримнинг яқинлари ва фарзандларимнинг кўзларига қаролмайман. Эримни мен қаматдим. Уни обрў-эътиборидан менинг нафсим жудо қилди. «Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин», дейдилар. Мен жуфти ҳалолимни, мени севиб, меҳр-муҳаббат билан ардоқлаган яқин инсонимни қаро ер қилдим. Билмадим, ҳали бу гуноҳларим жавобини қандай тўловлар билан тўларканман?! Яна ўша эски икки хонали квартирамизда болаларим билан яшаяпман. Ҳар кунимни хавф ва хавотир аралаш ҳадик билан ўтказаман... Яъни болаларимга бирор кор-ҳол бўлмасин... Дарвоқе, болаларим... Мен кечаю кундуз Аллоҳга илтижо қилиб, фарзандларимга умр, ақл ва тавфиқу иқбол сўрайман. Лазиз акам амалга тайинланган илк кунлардаги қайнотамнинг насиҳатларини эсласам, ичимни алам кемиради: “Ҳаром луқма еб улғайган фарзандларинг беҳаё, бебош ва ноқобил бўлади. Бир умр бошингни кўтаролмай қоласан...” Йўқ! Йўқ! Ҳар қандай азобу ғазабга тайёрман, фақат фарзандларимга бирор нарса бўлмасин! Мен қилган гуноҳларим учун, фарзандларим жавоб беришини истамайман. Ҳеч қачон... Аксинча, улар менинг хатоларимни ислоҳ этишларини, Аллоҳ тақдир этган ризқларига қаноат қилиб, элнинг корига ярашларини хоҳлайман. Фақат... фақат бунинг учун мен нима қилишим керак, қандай йўл тутишим керак? Менга маслаҳат беринг, ёрдам беринг азизлар, болаларимни асраб қолиш учун ҳам...

Малика, Бухоро вилояти

Ҳозир сайтимизда 808 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ