1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мен оғир касалман, одамлар!...

Турфа тақдирларни кўриб, турфа тақдирлар ҳақида эшитиб, ўйланиб қоламан. Айримлар арзимаган кичик кўнгилсизликлардан ҳам улкан фожиа ясаб, ўзини гўёки боши берк кўчага кириб қолгандек абгор ҳолатда қўнғироқ қилишса, баъзилар чиндан-да ечими мушкул муаммолар қаршисида забун қолгач, ўзи нажот маскани, деб билган таҳририятга қўнғироқ қилади. Муштарийларимизнинг дардини тинглаш, улар билан бирга ҳаяжонланиш, куюниш, ҳақ йўлни излаш машаққатли бўлса-да, кўнгли таскин топган, зимистон қалбига мунавварлик инганини сезиш, билиш, биз ижодкорларга таскин бағишлайди, хотиржамлик инъом этади. Аммо, айрим ҳолларда шундай маҳзун, ғамга тўла ҳикояларни, мухлис изтиробларини тинглаганимизда беихтиёр  гўшак тутган қўлларимиз титроққа тушади, кўнглимиз ларзага келади ва албатта кўзларимиз ёшланади.
Бугун муштарийлар ҳукмига ҳавола этишга шайланганимиз — «Парда ортида» саҳифаси қаҳрамонининг ўкинчу қайғуларини тинглаган ҳар қандай кишининг юрагини эзиши аниқ. Тўғриси, бу мулоқотдан сўнг, анча пайтгача  ўзимни қўлга ололмай юрдим. Келинг, кириш сўзи билан сизни ҳам жуда қизиқтириб қўйдим. Хуллас, таҳририятга қўнғироқ қилиб тушган йигит, даставвал «мен сизга бир дўстимнинг ҳаётидаги муаммолар борасида, қўнғироқ қилгандим», деб гап бошлади.

— Бемалол, сизни эшитишга тайёрман. Хўш, дўстингизга нима қилибди?
—    Тўғриси, сизга қандай айтишни билмаяпман. Ўзим газета-журналларни деярли ўқимайман. Лекин интернетда изғиб юриб, сайтингизга кириб қолдим ва бу ердаги мақолалар менга жуда ҳам ёқди.  Мактабда ҳам китоб-дафтарга тоқатим йўқ эди… Кейин Россияга ишлагани бордим… — Қўнғироқ соҳиби шундай дея, чуқур «уҳ» тортди-ю, сукутда қолди.

— Тинчликми? Тортинмай гапираверинг. Дўстингиз билан Россияга борганмидингиз? - Сабрим чидамай йигитни саволга тутдим.

—    Опа, мени кечиринг. Дўстим ҳақида эмас, ўзим ҳақимда гапирмоқчиман… Фақат сиз қандай тушунасиз, деб хижолат бўляпман. Менинг гапларимни сайтга чиқарасизми? Кейин одамлар мени таниб қоладими? Ўзи шундоқ ҳам гап-сўзлардан, таъналардан чарчаганман…

— Ҳеч хавотирланманг, биз ёзиб чиққанимиз билан, сизнинг шахсингиз сир сақланади. Қолаверса, муаммоларингизни биз билан ўртоқлашсангиз,  сайтдаа ёритсак, муштарийларимиз ҳам ўз муносабатларини билдиришади. Улар орасида зарур маслаҳатни ҳам учратарсиз.

—    Майли, менга ўлимдан бошқа ҳеч нарса ёрдам қила олмайди-ю, аммо айтсам айтайин. Шундай қилиб, тўққизинчи синфни тамомлаб Россияга жўнадим. Унгача мактабда ҳам тўлиқ ўқиганимни, ўқитувчиларнинг даккию танбеҳисиз дарсларга ўз хоҳишим билан борганимни эслолмайман. Ўқитувчилар мендан безор бўлгани учунми, тўққизинчи синфни тугатганимдан кейин, ўқишни давом эттиришим ҳақида менга индашмадиям. Ёши ўзимдан катта беш-олти маҳалладош йигитлар билан совуқ ўлкаларда ишлай бошладик. Гарчи улар орасида энг ёши бўлсам ҳам, ўшалар билан баравар ичардим, чекардим, ножўя йўлларга юрардим. Ўзи мактабда ўқиб юрган пайтларимда сигарета чекишни ўргангандим. Кейин бир танишим билан икки-уч марта ҳалигиндан ҳам чекиб кўргандим. Россияда бунақанги ишларни яшириб қилмасдик. Гапни кўп судрадимми? Узр, ўзи сал савдойироқ ҳам бўлиб қолганман. Хуллас, сизга айтадиган бўлсам, мен фоҳиша аёллардан тузалмас дардни юқтирганман, касалман. Шуни айтолмаётгандим боядан бери…

— Вой, тавба! Ё, Худо, бу нима деганингиз?! Сал тобингиз бўлмаганига шунақа деяпсизми?..

Очиғи, таҳририятга бундай касалликка чалинган бемор қўнғироқ қилишини ҳеч кутмагандим. Унга нима дейишни, қандай таскин бериб, қанақа маслаҳат беришни билмай, бошим қотди. Бир зумдан кейин йигит яна гап бошлади:
— Энг ачинарлиси, бу касалга чалинганимни уйланганимдан сўнг, аёлим ҳомиладор бўлгач билиб қолдим. Яъни, мутахассис-шифокор кўригидан ўтган хотинимда дўхтирлар ўша тузалмас хасталик аломатларини топишади. Кейин текширув устига текширув… Таҳлил натижалари эса ўша бедаво дардга ишора эди… Иккимизни ҳам текширишди. Менда анча ўтиб қолган экан. Турган гапки, хотинимга мендан, ундан эса, яқинда дунёга келадиган фарзандимизга юққан…

— Эҳ…
— Шундан бери умрим қатъий тартибдаги диспансерларда ўтяпти. Опа, биласизми нега сизга қўнғироқ қилдим, виждоним қийналиб кетяпти. Эзилиб адо бўлдим... - Мухлисимиз ҳўнграб йиғлаб юборди. — Мени деб бир қизнинг умри бевақт хазон бўляпти. Кимлардир фарзанд тирноғига зор, лекин мен дунёга келадиган (балким келолмайдиган) фарзандимни дардга мубтало қилдим. Мени ота-онамнинг қарғиши урган. Уларни не кўйларга солмадим. Россиядан уч-тўрт сўм пул билан келганимга, бояқишлар энди аввалги бебошлигини қўйиб, сал ўзини йиғиштириб олар, деган ниятда уйлантириб қўйишганди. Энди на қудаларининг, на одамларнинг кўзига қараёлмай юришибди. Яна бирваракайига учта инсон, учта фарзанд — ўғли, келини, неварасининг доғида куйиш… Барибир ўламан, бугунми, эртами, бу дарднинг давоси йўқ. Аммо, тезроқ ўлишни, одамларнинг кўзига кўринмасликни истайман. Касал бўлиб, пешонам тошга тегиб, кўзим очилганидан кейин, Худони танидим. Ўз жонига қасд қилиш ҳам гуноҳ экан. Шунинг учун, ажалимни кутиб яшаяпман…

— Ноумид бўлманг… Ўзингиз Худони танидим, деяпсизу, аммо яна унга шак келтиряпсиз. Эртага нима бўлишини фақат Аллоҳ билади. Балки дардни берган шифосини ҳам берар. Ўзидан чин ихлос билан сўранг.

— Опа, менга таскин берманг. Тузалиб кетишимга ўзингиз ҳам ишонмайсиз-ку. Майли, дардимни эшитганингиз учун раҳмат…

— Саломат бўлинг…
Алоқа узилди. Юрагимда қандайдир оғир дард илинганди. Суҳбатни қоғозга тушириш жараёнидан ҳам ўша оғирлик, ўша титроқдан халос бўлолмадим. Нима ҳам дердим, ҳар кимга Аллоҳнинг Ўзи меҳрибон бўлсин…

ХОНЗОДА суҳбатлашди

Ҳозир сайтимизда 837 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ