Сайт бўлимлари
Виждон азобида қолган келинчак
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
“Чорсу” бозори атрофларида яшайдиган узоқроқ қариндошимиз кунда кунора уйига таклиф қилавергани учун хижолат бўлиб, дам олиш куни бирровгина вақт топиб ўтадиган бўлдим. қариндошимиз — Рисолат хола бўйимдану қадамимдан ўргилиб, қайта- қайта алқаб, суйиб қарши олдилар. Шинамгина, сувлар сепиб салқинлатиб қўйилган дарвозахонадаги тебратма ўриндиқда бирозгина ўтиргандик, холам тушмагур ичкарига қараб, оғринган куйи овоз бердилар:
- Ҳой, Гулзорхон, ҳа бундоқ чиқиб кўришмайсизми?! Минг йилда бир қариндошим келди-я! Сизникиларга ўхшаб Худонинг бергани куни шу ерда эмас-ку ҳарқалай. Тавба-ей. Пешонам қурсин, мени, бу аҳволларга тушгунча, жонимни олиб қўя қолса яхшийди...- бу ҳолатда меҳмонга борган одам албатта хижолатга қолади. Айниқса, ташрифингиз пировардида бояқиш келин маломат эшитса... Холамга секингина, қайтишимни, улардан бирровга хабар олиш учун кирганимни айтиб ҳам балога қолдим:
- Неча йилдан бери шу ерларда экансан, аммо шу шаҳарда бир қариндошимиз бор экан, бир бориб кўрай, унинг кўнгли кўтарилса, Худо менинг кўнглимни шод қилади, деб ўйламайсан-а?! Энди қандоқ бўлиб келиб, кетаманга, тушасанми?! Тавба, бу ёшлар қанақа беқўним экан, на меҳр оқибатни билади, на қариндош- уруғчиликни... – Мезбон шуларни гапира туриб жаврашдан тинмаётган эди, рўмол ўраган, оқ юзли, думалоқдан келган, кўзлари кулиб турувчи келинчак майин табассум билан ёнимизга келиб салом берди. Мен билан астойдил сўрашгач, аввал қайнонасига, сўнгра менга қараб, ичкарига таклиф қилди:
- Ойижон, меҳмонни ичкарига бошланг, жой қилиб қўйдим. Қани, марҳамат юринглар...- Рисолат хола бир чимирилиб, энсаларини қотирдиларда, мен билан бошлашиб меҳмонхонага йўналдилар. Меҳмонхона дегани ҳам саройдай хона экан. Бир ёнида оврўпача услубда стол стуллар қўйилган. Ўртада беш- ўн хил ичимлик ва каттакон гулдонда гул. Бир томонида хонтахта қўйилиб, четларига духоба кўрпачалар тўшалган. Қариндош холам мени хонтахтага чорладилар:
- Кел болам, биз шу ерда ўтира қоламиз. Манави курсиларда беш дақиқа ўтирсам, оёғим увишиб, белим оғрийди.
Ўтирдик. Фотиҳадан сўнг тамоилга биноан яна бир бор ҳол сўрашилди. Кейин уёқ бу ёқдан гаплашиб ўтирдик, қишлоқдаги қариндошлар ҳақида, ким тўй қилган, ким уй қурган, ким ўғил уйлантирганию кимнинг қиз узатгани ҳақидаги холамнинг саволларига тўхтовсиз жавоб бериб турдим. ҳалиги хушрўйгина келинчак чой олиб киргач, Рисолат хола ўзларидан гап очдилар. Соғликларининг яхши эмаслиги, шаҳар жойида бева бошлари билан тўққиз нафар фарзандни уйли жойли қилганлари ана рўшнолик кўраман, мана рўшноликка етаман, деб турганларида энди қон босим, қанд, инсултми баломи баттарми деган дардлардан ҳеч халос бўлолмаётганлари ҳақида гапирдилар. Келинчак дастурхонга патир, қанд-қурс, ширинликлар, чақ-чуқ обкеб қўйиб чиқиб кетаётиб, холамга бир қур назар ташлади. Инқиллаган куйи келининг ортидан чиққан холам, бироздан кейин қайтиб, жойига ўтирди-ю, энсасини қотирганча:
- Тагипаст, келгинди, меҳмонга нима таом тайёрлашни ҳам билмайди. Телбанинг қизи-да. Пешонам шўр бўлмаса, шунақанги тарбия кўрмаган, кўча дайдисига йўлиқаманми?! Боланинг ўзини улғайтирар экансизу, кўнглини ўстиролмас экансиз. Шу ҳамма болаларимдан розиман, аммо Нодир аканг мени хўп куйдирди-да.
- Унақа деманг, холажон, келинингиз яхши-ку...- дейман, тўғриси қариндош аёлнинг осмондан келишига хушим келмай.
- Э, қаёқда дейсан, болам?! Буни сен кўрган ҳолатга келтиргунча, холангни юрак-бағри қон бўлди-ку! На саломни, на аликни биларди, на бир тузукроқ ош-овқат қилиб, бировнинг кўнглини олишни биларди. Ўғлимнинг бошини айлантириб, тўй-томошасиз, оқ фотиҳаю чимилдиқсиз унга тегиб олган. Эҳ, болама, ўлмаган бош ҳар балони кўрар экан. Шу десанг, Нодир аканг йигирма етти ёшигача кирди, уйланмайди-да. Олдимга солиб гапираман, насиҳат қиламан, койийман, йиғлайман, сиқтайман, қани фойдаси бўлса. Бошини эги-и-иб, ўтираверади. Бир куни, ахир сен тенггиларнинг иккита-учтадан боласи бор-ку, нима бўлган ўзи сенга уйланмайман, деяверасан?! Нега мени қийнайсан, десам, “мени ҳам иккита болам, хотиним бор. Агар сиз уларни қабул қилсангиз, уйга олиб келаман” дейди! Шу гапдан кейин ўзимни билмай қолганман, қизим. Қон босими, деган Худонинг ғазаби ўшандан бери менга ҳамроҳ-да. Хуллас, акаларининг ҳам бу гапдан хабари бор экан. ҳатто тўнғичига ақиқа тўйи қилганида акалари ошга борган экан. Опаларини ҳам ишга солди, Бир амаллаб мени кўндиришди-ю, ана шу тавияни уйимга олиб келди, болам.- Холам шу гапларни айта туриб, лаблари қуруқшаб, мазаси бўлмай қолди. ҳозир яна касали хуруж қилиб қоладими, деб чўчидим.
- Бўлди, холажон, ҳаммаси жойида экан-ку. Демак, шу ишда ҳам бир ҳикмат бор. Қаранг, келинингиз бинойидеккина, очиқ юрмаса, бош яланг юрмаса, яна нима керак сизга? Ўзингизни ҳам, бошқаларни ҳам юрагини сиқиб.
Холам гапимга жимгина қулоқ солиб, кўз ёшларини артиб қўйдилар. Шу куни алламаҳалгача холам билан, келинлари, неваралари билан гаплашиб ўтирдим. Уйга қайтар чоғим, ҳалиги холамнинг кичик келини телефон рақамимни олиб қолди. Уларни ҳам уйимга таклиф қилиб, ортимга қайтдим. Орадан бирор ҳафтача вақт ўтиб, телефонимга нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди. Одатим бўйича, ўзимга таниш бўлмаган рақамларга жавоб бермайман. ҳалиги рақамдан уч-тўрт марта чақирув бўлганди, жавоб бермаганимга қисқа хабар келибди: “Салом. Илтимос, телефонга жавоб беринг. Мен келинойингиз – Нодир аканинг аёллари бўламан”. Хабарни ўқиган заҳотим ўша рақамга қўнғироқ қилдим. Салом-алик, ҳол сўрашишлардан кейин келинчак хижолатли товушда:
- Узр, сизни ҳам безовта қилдим. Мен сизга ўзимнинг ҳаётимни гапириб бермоқчи эдим. Билмайман, балки, нотўғридир, балки тўғридир, аммо мен кейинги пайтларда виждон азобида қийналаяпман. Ўзим ўйладим-ки, агар сизга ҳаётимни гапириб берсам, менга тўғри маслаҳат бера оласиз. Сиз билан қачон гаплашсам бўлади?- деб сўради. Уни кечқурун уйимда кутишимни, агар эри кўнса, меникига меҳмонга келишини айтдим. Бироз ўйлаб кўриб рози бўлди. Кечқурун ишдан қайтиб, энди овқатга унамоқчи бўлиб тургандим, бир тоғора сомса кўтариб, қизчасини етаклаб кириб келди.
Нодир акангиз икки соатгинага рухсат бердилар. Ўзларининг ҳам шу яқин орада ишлари бор экан.- Деди меҳмон кира солиб. У бежирим узун ва кенг либосда ҳусни ярқирраб турган малоикага ўхшарди. Айниқса бошидаги оппоқ атлас рўмолининг шуъласи тиниқ юзига тушиб, яна-да чеҳрасини ойдин қилиб кўрсатаётганди. Дарҳол қўлимдаги юмушимни тўхтатди:
- Ўзим қўлларим билан сиз учун сомса тайёрлаганман, бир чойнак аччиқ чой дамлаб олсак бўлгани, ҳеч юмушга уринманг-да, мени тингланг. ҳали овқатингизни егани кўп келамиз, Худо хоҳласа. – Дастурхон ёзиб, ширинликлар қўйдим. Чой қайнагунча меҳмоним ҳикоясини бошлади:
- Мен асли хоразмлик бўламан. Онам қизлик пайтларида жуда гўзал, хушқомад бўлган эканлар. Айни ўн етти ёшларида дадамга узатиладилар. Дадам ўша пайтда институтни тамомлаган, ҳуқуқий идораларнинг бирида ишлайдиган, онамдан роса ўн ёш катта йигит бўлган эканлар. Дадам содда, самимий ва ниҳоятда сулув онамни жон қадар севиб, бошларига кўтаргулик бўлиб ардоқлаганлар. Аввал мен туғилганман, кейин ўртанча укам. Болалигимни жуда яхши эслайман: дадам бизни етаклаб айлантиргани олиб чиқардилар, деярли ҳар куни ишдан қайтар маҳаллари онамга ҳам, мен билан укамга ҳам ширинликми, ўйинчоқми бир нима олиб келардилар. Чамаси мен саккиз ё тўққиз ёшлар атрофида эдим, онам учинчи укамга ҳомиладорликларида қоқилиб йиқилиб тушадилар. Шундан кейин анча пайт мазалари бўлмай дўхтирма дўхтир юрдилари, вақти соати келиб онамнинг кўзлари ёриди. Аммо... шўрлик онам ўша пайтдаги йиқилиб тушганлари асоратида руҳий хаста бўлиб қолдилар. Она томонидан бувим, холаларим чақалоқ укамни парваришлаб, катта қилишди. Бу орада онамни жуда кўп шифокорларга, табибларга кўрсатган дадам, уларнинг соғаймасликларини билиб, бизни ташлаб кетдилар ва кўп ўтмай бошқа турмуш қилдилар. Онам касалманд бўлгани учун ҳеч қаерда ишламас, дадамнинг қариндош-уруғи бизга ёрдам бериш ўрнига, иложини топиб ўша ўтирган уйимиздан ҳам қувиб чиқармоқчи бўлишар, биз холам ва тоғамларнинг болалари ризқига шерик эдик. Еттинчи синфга ўтганимдан кейин бу тахлит яшашимиз ҳаёт эмаслигини, оиланинг катта фарзанди бўлганим учун мен ишлаб онам ва укаларимга ғамхўрлик қилишим кераклигини тушундим. Қўшнимиз адвокат эди, бир илинж билан уникига чиқдим. Хотинига мақсадимни тушунтиргандим, мени очиқ чеҳра билан кутиб олиб, уй юмушлари хизматчилигига олди. Ҳар ойда маош бериб туришарди, тансиқ таомлар, егуликлар тайёрланса онам билан укаларимга ҳам насиба бериб юборишарди. Уларникида анча пайт ишладим. Қизи синфдошим эди, мактабда менга баланддан назар ташлар, эски кийимларини кийганимни синфдошларга айтиб мени роса мазах қиларди. Барибир парво қилмасдим. Унинг гапларини малол олиб, уяламан, деб ўтирадиган бўлсам кўчага чиқиб тиланчилик қилшим керак эди. Ҳалол меҳнат билан ишлаб пул топишга уялган одам, бировларга термулиб қарам бўлишдан уялмайдими?! Мактабини тамомлаганимдан кейин ҳам ўша адвокатникида ишлай бошладим.Бу орада унинг қизи ўқишга кирди. Гарчи ундан қизиқувчанроқ, интилувчанроқ бўлсам-да, ўқишга киролмаганим юрагимни тиғларди. Шу кунларда вилоят телевидениеси сухандонликка танлов эълон қилди. Кичкиналигимдан менда санъатга, шеъриятга, актрисаликка қизиқиш бўлган эди. Шу сабабданми, бир омадимни синаб кўрайин-чи, деган умид билан танловга қатнашиб кўрдим. Омадим чопиб танловдан ўтдим ва телевидениеда сухандонлик қила бошладим. Аммо кечқурунлари яна аввалги иш жойимда саранжом саришталикни бажарардим. Телевидениеда ишлаб юрган пайтларимда ҳозирги кунда анча таниқли ҳофизга айланган, хоразмлик хонанда билан танишиб қолдим. Унга санъатга иштиёқим баландлигини айтиб, мени ўзига шогирдликка олишини сўрадим. Санъаткор менга бошдан оёқ еб қўйгудай тикилиб турди-да, эртага кечқурун тайёр бўлиб туришимни, бир ресторанга оборишини, ўша ерда нималар қилишимизни, келажак режаларимизни тузишни айтди. Ўн етти яшар содда қиз — мен унинг гапларига лаққа ишониб, айтган вақтида тайёр бўлиб турдим. Машинага чиққан эдим, ҳалиги ҳофиз ноўрин ҳатти-ҳаракатлар билан менга шилқимлик қила бошлади. Чинқириб машинани тўхтатишларини талаб қилдим. Хонандани уриб-юлқиб, машинадан тушиб қочдиму шу билан телевидение деган жойга ҳам қадам босмадим. Буёқда адвокатнинг ҳам менга нисбатан муносабатаи ўзгариб, дадам тенги одам менга — қизи баробар мазлумага тихирлик қиладиган бўлди. Мен аҳамият бермай, ўзимдан ўтганни бировга сездирмай ишимни қилиб юравердим. Бир куни хонадон бекаси Тошкентга — қариндошлариникига келганидан фойдаланиб, адвокат менга тегажоғлиқ қила бошлади. Унинг авзойидан қўрқиб, деразадан ўзимни ташлаб қочдим. Кап-катта одам, қизи тенги қизчанинг орқасидан оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб қувди. Ўша куни уйга келиб туни билан йиғлаб чиқдим. Мени бошида отаси йўқ, онаси касал, ҳимоячиси йўқ деб дуч келган одам таҳқирлашга уринарди. Аммо мен Худога суянардим, Ўзи мени ҳимоя қилишини, нокасларга хор қилмаслигини ўтинардим. Хуллас, ўшандан кейин уйда онам билан укаларимнинг егуликларини тайёрлаб, Тошкентга йўл олдим.
- Бу ерда бирор танишингиз бормиди?- Келинчакнинг ҳикоясини ҳаяжон билан тинглаганча сўрадим.
- Қайда дейсиз. Фақат таваккал қилиб келганман. Ипподромга келиб қаерга боришни билмай туравердим. Бунинг устига бор пулимни автобусга берганман, қўлимда сариқ чақа ҳам йўқ. Ўйлай-ўйлай ўзим уйида ишлаган адвокатнинг шу ерда қариндошлари борлигини эсладим ва бир амаллаб телефон топиб уларга қўнғироқ қилдим. Ҳартугул, ҳалигилар яхши одам экан, ўзлари келиб мени уйларига олиб кетишди. Бир ҳафтача уларникида ишларини қилиб юрдим-да, кейин сўраб-суриштириб санъат институтига бордим. У ерларни қидириб топгунимча, кўрган машаққатларимнинг, тортган азоб уқубатларимнинг ўзи ёзса катта бир китоб бўлгулик, бироқ қисқа қилиб айтганимда, институтдаги ўқитувчилар яхши одам экан. Уларга оилавий шароитимни, онамнинг касал эканлигини, оиланинг боқувчиси мен эканимни айтгандим, ҳали қабул бошланмасидан аввал мени ётоқхонага жойлаштиришди. Ётоқхонада турадиган талабалар билан танишиб, уларнинг ўқишини, ишини кузатадиган бўлдим. Ҳатто ўша пайтларда ёшлар орасида анча таниқли бўлган гуруҳ йигитлари билан тўйларга чиқадиган бўлдим. Топган пулимнинг озгинасини ўзимда олиб қолиб, қолганини Хоразмга- укаларимга жўнатардим. Хуллас, сизга айтадиган бўлсам, қабул мавсуми бошлангунча мен анчагина пул йиғиб қўйгандим. Тўлов-шартнома асосида ўқишга кирдим. Турган гапки, мен йиғиб қўйган пуллар қишки кийимларим ва эҳтиёжларимдан ортмасди. Ўйлай-ўйлай бир қизнинг маслаҳати билан машҳур хонанда аёлнинг олдига бордим. У қошларини кериб, лабларини қимтиб, худди жирканч нарсага қўли теккандек ирганганча мени қарши олди. Нима мақсадда борганимни эшитгач эса, энсасини қотириб:
- Мен гадойларга ёрдам берадиган хайрия ташкилотининг раҳбари эмасман. Аммо сенга ёрдам берадиган акахон билан таништириб қўяман. Агар айтганини қилсанг, у ўқишингга ҳам ёрдам беради, келажакда юлдуз бўлишингни ҳам таъминлайди. Ма, аввал мана буни ол-да, бозорга тушиб афт-башарангни тўғрилайдиган кийим-бош сотиб ол!- У шундай деб юзимга бир даста минг сўмликларни улоқтирди. Содда бўлмасам, ахмоқ бўлмасам пулларни олиб унга қайта-қайта раҳмат айтиб чиқиб кетибман. Ётоқхонага бориб бу гапларни ўзимдан уч-тўрт ёш катта, ҳозир донгдор театрлардан бирида хизмат қилаётган актриса, ўша пайтда менга хонасидан жой берган тутинган опамга айтиб бердим. У мени қаттиқ койиб, «сени содда десам, роса ахмоқ экансан-ку! Ўша акахон ниманинг эвазига сенга ҳомийлик қилишини, ниманинг эвазига контрактингни тўлаб, сени юлдуз қилишини биласанми?! Оёғингни уриб синдирайми сен қизни?!» деб гап нимада эканлигини тушунтирди. Бундан ўн йил аввал бизнинг контракт пулимиз бир юзи етмиш беш минг сўм, эди чамамда. Опамнинг маслаҳати билан ўша юз минг сўмни шартномага тўлаб юбордим. Ундан кейин ҳалиги хонанда аёлнинг шотирлари анчагача мени таъқиб қилиб, фалончи опам сени чақиртиряптилар, пулларини обориб бераркансан, деб тинчимни ўғирлаб юришди. Хуллас, Худо пошшо, деб ўқий бошладим. Тўйларга чиқардим, шерикларим хафа қилмай улушимни берарди. Шундай тўйларнинг бирида Нодир акангиз билан танишиб қолдим. Тўғрироғи, тўйда менга бир-иккита йигитлар хиралик қилганди, гуруҳимиз йигитлари дўппослай кетишди. Гап отган йигитлар орасида Нодир акангиз ҳам бор эдилар. ўшанда катта жанжал чиқишидан хавотирланиб, мен Нодир акага қараб:
- Ака, илтимос, жанжаллашманглар. Контрактимга пул керак эди, ўшанга тўйга чиққан эдим, мени ёмон қиз деб ўйламанглар, деб зорландим.- Ўша куни тўйхонадан чиқиб кетдик. Эртаси куни тушдан кейин қизлар мени ташқарида кимдир чақираётганини айтиб қолишди. Шу пайтгача мени ҳеч ким ўқишимга сўраб келмаганди. Чиқиб қарасам, кечаги йигит. Қўрқиб кетдим. Секин ёнига борсам, кулимсираб турибди. Салом бердим. Чеккароқдаги ўриндиққа ўтиришга таклиф қилди. Эртага оқшомда бир ўртоғининг туғилган куни ўтказилишини, бир ўзим бориб ўша даврани ўтказиб беришимни сўради. Мен бунақа ишларни қилмаслигимни, шерикларимсиз ҳеч қаёққа бормаслигимни айтдим. У истеҳзоли кулиб, тушумни ўйласангиз-чи, тушум бир ўзингизга қолади-ку, деди. Шунда қандайдир ғайришуурий бир ҳолатда, йиғлаганча бошимдан ўтган кунларни йигитга гапириб бердим. Тиланчилик қилсам ҳам, бировнинг юмушини қилсам ҳам ёмон йўлга юрмаслигимни айтдим. Йигит бирдан жиддий тортди-да, менга ўткир нигоҳларини қадаб:
- Унда тўйларга ҳам борма! Нима қиласан, қиз бола нарса тўйма тўй юриб?! Стипендиянгга қаноат қил, укаларингга пул жўнатиш керак бўлса бирорта мактабми, боғчагами ишга кирасан. Пул топиш учун шаънингни, номусингни бозорга чиқаришинг шартми?!- деди. Индамай қолдим. У ҳақ эди. Аммо ойда бир оладиган маош билан мен Хоразмдаги касалманд онам ва укаларимни, ўзимнинг кундалик харажатларим ва тўлов шартнома пулини қандай тўлардим?! Йиғлаб юбордим. Йигит бир пас менга термулиб турди-да, орқасига шарт бурилиб кетди. Қисқаси, Нодир акангиз билан танишувимиз ана шу тахлит бошланган. Икки-уч ойча синашиб, гаплашиб юрдик. Бу орада мени тўйларга чиқишимни буткул тақиқладилар. Уйингга юборгин, деб пул жўнатиб турардилар. У пайтларда артист бўламан, маданиятли бўлишим керак, чиройли кийинишим керак, деб очиқ-сочиқ кийиниб юрардим. Нордир акангизнинг шарофатлари билан узун, ёпиқ либослар киядиган, рўмол ўрайдиган бўлдим. Нодир акангиз менга гуноҳ нима, савоб нима, хато нима, ютуқ нима, бахт нима, ҳақиқат нималигини тушунтирдилар. Мени кўр кўзларимни очдилар. Танишганимизга уч ой бўлганди, бир куни ётоқхонага кириб келдилар. Менга қараб:
- Нарсаларингни йиғ, Гулзор. Энди бу ерда ўқимайсан. Менинг мақсадим жиддий, сенга уйланмоқчиман. Хотиним артистликда ўқишини истамайман.- деб жавобимни ҳам кутмай, нарсаларимни йиғиштира бошладилар. Нима бўлганини англаб-англамасимдан бир хонали ижара уйда кўрдим ўзимни. Ана шундан кейин Нодир акам мени уйдан чиқармай қўйдилар. Шу бўйи уч йил севишиб юрдик. Қарасам, бу ерда танишган ҳамма ўртоқларим тўй бўлиб, турмушга чиқиб кетишди. Бир кун келганларида Нодир акага:
- Мени йўлимни бойлаб юрибсиз, ё уйланинг, ё йўлдан қочинг. Бу уйда кун бўйи ёлғиз ўзим ўтираманми, зерикиб кетдим. Дугоналаримга ўхшаб мен ҳам келин бўлгим, ширин овқатлар қилиб эримни кутгим келяпти, дедим. Нодир акангиз бу гапларимга ҳеч нима демадилар-да, чиқиб кетдилар. Икки кундан кейин икки аёл, икки эркак, бир домла келди. Мен уларга ош дамладим, дастурхон ёздик. Бизни никоҳлаб қўйишди. Бир йилдан кейин ўғилли бўлдик. Ўғлимизнинг ақиқасида Нодир ака акаларини чақирдилар. Улар мени келинлари сифатида, боламни жиянлари сифатида қабул қилишди. Аммо дадаси оналарига билдиришдан чўчиб турганлари нафсониятимга тегарди. Бир неча марта шу масалади уришганмиз, тортишганмиз. Бироқ ҳар нарсанинг ўз вақти соати бор экан, иккинчи фарзандимиз туғилганидан кейин ойижон турмуш қурганимиздан хабар топдилар. Улар мени қабул қилишлари осон бўлмади. Қайнопаларим, қайноғаларим оналарини кўндиргунча жон ҳовучлаб турдим, Худога шукр, биз кўчада қолмадик. Ҳозир учта фарзандим шу уйда мени боғлаган учта занжир. Ҳаётимдан нолимайман, эримнинг топиш-тутиши яхши, шукр, зор эмасмиз, муҳтож эмасмиз. Фақат ойижон икки гапнинг бирида, мени “келгинди”, “бетайин”, “кўча дайдиси”, “телбанинг қизи” деб ҳақорат қиладилар. “Сен ўғлимнинг бошини айлантириб тегиб олгансан, сени деб болам бояқиш орзу-ҳавас кўрмади, чимилдиқ кўрмади, куёв сарполарни кийиб иззат-икром кўрмади” деб маломат қиладилар. Бу гаплардан қанчалик кўнглим оғриса-да, барибир уларни тушунишга ҳаракат қиламан. Ахир қайси она фарзандининг ўзича ҳеч кимга билдирмай турмуш қуришини тек томоша қилиб туради?! Ўйлаб - ўйлаб дадасининг расмларини олиб бир олийгоҳга бордим. Мақсадим, уларга бир яхши қиз топиб, куёв сарполарда гўшангаларда куёв бўлишларини кўриш эди...
Жувон шундай деб йиғлаб юборди. Титраб-титраб, ўксиб-ўксиб йиғлаётган аёлга қараб кўнглим эзилди. Шу туришидаги жасоратига, матонатига қойил қолдим. Эрига муносиб келин қидираётган қариндош келинчакнинг бу туришидан ҳам жаҳлим чиқди, ҳам унга раҳмим келди. Дарвоқъе, у мендан маслаҳат сўраб келганди...
- Келинойи, кўз ёшингизни артинг. Холам кексайиб, мазалари бўлмай, инжиқланиб қолганлар. Ҳар гапни ҳам кўнглингизга олаверманг. Нодир ака – хўжайингизга ҳам хотин топишни йиғиштиринг. Ундан кўра, меҳр-муҳаббат билан уларни парваришланг, холамга эътиборли бўлинг, Аллоҳ сизга бахтни бериб қўйган. Сиз бахтингизни асраб авайлашингиз, уни мустаҳкамлашингиз керак. Эрингизни уйлантирмоқчи бўлганингиз — йўлингиздаги тўсиқларга, омадсизликларга таслим бўлганингиз. Фарзандларингизга бир қаранг, отасини уйлантириб уларнинг кўзини мунгга, қалбини ғамга тўлдирмоқчимисиз? Менимча, сиз қайнонангизга аччиқ қиляпсиз. Бу ишингиздан ҳали ўзингиз хижолат тортасиз...
Меҳмон гапларимни мулоҳаза билан эшитди. Кейин ғамгин чеҳрасига табассум ёйилиб миннатдорона тикилди:
- Сизга катта раҳмат. Илтимос, уйимизга тез-тез бориб туринг. Мен анча енгил тортдим. Умид қиламанки, сиз билан гаплашиб, маслаҳатингиздан тўғри қарорга келдим...- У шундай деб хайрлашди. Менимча, фикри ўзгарган эди. Ойнадан унинг машинага ўтирганини кузатиб қолдим. Кўзимга у бахтиёрлигини ҳис қилаётгандек, бундан шукрона келтираётгандек туюлди. Енгил тортдим...
Рухшона ФАРРУХ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 823 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар