1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ўзимни кечиролмаяпман

 

 

 

-    Ассалому алайкум. Яхши  ишлаяпсизларми?- Таҳририятга қўнғироқ қилиб тушган муштарийимиз овозига қувноқлик тусини беришга уринса-да, қандайдир изтироби борлигини гап оҳангидан билиш қийин эмасди.
-    Ваалайкум ассалом. Шукр, раҳмат.
-    баҳорда гина-кудуратлар, аразу хафачиликлар кечирилади, дейишади. Мен ҳам билиб-билмай бир кишининг дилига озор бергандим. Хатоимни кеч англадим, аммо ҳозир у мендан узоқда бўлгани учун ундан узр сўрашга имконим йўқ. Газета орқали ўзим бир  пайтлар ранжитган инсондан узр сўраш имконини менга бера оласизми? Мен аниқ биламан, у газетангизни ўқийди.
-    Бу сизга ёрдам берса, бошимиз осмонга етарди.
-    Бундан чамаси етти йилча аввал катта тўй –томошалар билан қайнимга ўзи кўнгил қўйган қизни келин қилишди. Қиз ўн етти яшар, кўҳликкина, қўл-оёғи чаққон, жуда содда эди. Қайним билан тенг, Университетни битирган, чиройли, ақл-ҳушли  синглимга ҳа деганда ўзига, оиламизга муносиб жой чиқавермаётганига мен уни ўзимга овсин қилиш ниятида эдим. Бу ҳақида бир неча марта қайнонамга ҳам шамъа қилганимда, улар ҳам “синглингизни келин қилсак, яхши бўларди. Қайнингизга бу атрофда синглингиздан муносиброқ қиз топиш қиийн” дегандилар. Қайним эса айтганида туриб олиб, ўша ёшгина қизга уйланди. Уёқда менга ишониб синглимни сўраб келган совчиларни қайтарган онам, ёши ўтиб, тенгдошларининг болаларини кўрганда ўксиб қоладиган синглим юрак-бағримни эзиб юборишди. Шу-шу ичимдаги ша    йтонни ўлдиролмай, янги келинчакка рақибона қарашим бошланди.
-    Кейин?
-    Келинчакни қайнонамга ёмон кўрсатишдан иш бошладим. Унинг ҳар ишидан камчилик топиб, озгина айбини ҳам катта хатога айлантириб қайнонам билан уриштиришга эришардим.
-    Эҳ...
-    Ҳа, энг ёмони қайним билан келинчакни уриштириб, орасини совутиш учун фолбин-азайимхонларнинг ҳам “ёрдам”идан фойдаландим.
-    Ё, тавба! Ахир, бу гуноҳ-ку!
...- Ҳа... Афсуски, бу қилмишларимнинг гуноҳлигини ўша вақтда англаб етадиган ҳолатда эмасдим. Фикру ёдим нима қилиб бўлса ҳам, қайнимнинг оиласини бузиб юбориб, синглимни шу  хонадонга келин қилиш эди. Бу йўлда ҳеч нимадан ортга қайтмадим. Қайтмасдим ҳам ўша кезларда.
-    Эҳ...
-    Энг ачинарлиси, келинчакни бадном қилдим...
-    Астоғфурруллоҳ!..
-    Хуллас, нима қилсам қилдим, қайнимнинг оиласини бузиб юбориб, синглимни овсин қилдим. Ниятимга етиб, хотиржам тортдим.... деб ўйлаган эканман. Синглимнинг гул-гул яшнаб, бахтдан чирой очаётган чеҳрасига қараб қувонаман. Қайним ҳам эркак-да, олий маълумотли, гўзал, фаросатли, қўл-оёғи чаққон синглимни кўриб, бир пайтлари ўзи “ўлдим-куйдим” қилиб уйланган биринчи хотинини унутворди. Лекин юрагимнинг туб-тубида қандайдир ғашлик ором бермасди...
-     Шунча ишдан кейин қандай  ором бўлсин юрагингизда...
-    Эшитишимча, собиқ овсиним ўғилли бўлибди. Ўғилчаси қуйиб қўйгандек қайнимга ўхшар экан. У ҳам турмуш қурибди. Ҳозир бахтли, тинч яшаётган экан. Ўғлининг исмини Озоджон деб қўйибди. Сўраганларга “Ўша зулмат уйдан, овсинимнинг зулмидан озод бўлганим шукронасига  шундай исм қўйдим” дебди.
-    Яхши иш бўлмабди. Аввало, овсинингиз, сўнг Худо кечирсин сизни. Бир оилани бузиб юбормасангиз ҳам синглингиз бахтини топиб кетарди, опа. Бахтни Аллоҳ беради, бандаси бандасига кафиллик қилиши шарт эмас...
-    Эҳ, синглим, ўзим ҳам қаттиқ пушаймонда ман. Одам ҳар қандай  вазиятда ҳам  ақл билан иш тутиши керак экан-да. Синглим ўрнини топиб, бола-чақа қилиб, бахтли яшаб юрибди. Майли, кўз тегмасин, хотиржамлиги бардавом бўлсин. Аммо мен қизларим бўйга етиб, кўзга кўриниб қолганидан бери, ўзимдан ўтганини ўзим биламан, Худо гувоҳ. Қайтар дунё дейдилар, қайнимнинг биринчи аёлига  қилганларим Худо кўрсатмасин, қизларимнинг бошига тушса, мен қандай чидайман?!..
-    Яхши ният қилинг, опа. Аллоҳдан гуноҳингизга иқрор бўлиб, астойдил ўтиниб, тавба қилинг. “Сен ўй ва хаёллардасан. Ўй- хаёлларинг эса сенда” деган экан Жалолиддин Румий.
-    Шу сабабли ҳам бугун таҳририятга қўнғироқ қилаётгандим. Наврўз остонасида турган шу кезларда овсинимдан сидқидилдан узр сўрайман. Биламан, қилган ишим ҳеч қандай узрхоҳлигу кечиришга лойиқ эмас. Лекин... Қизларимни қарғамасин... Мен ўшанда келинчакнинг онаси қай аҳволга тушади, деб ўйламаган эканман.  Энди қизларимга қараб юрагим увишади...
-    Майли, ҳаммаси яхшиликка бўлсин. Буёғини хайрли қилсин.
-    Сизга раҳмат. Худди овсинимдан узр сўрагандек, кўнглим бироз таскин топди.
-    Яхши. Саломат бўлинг.   
Бу суҳбат юзасидан муштарийларимизнинг фикр-мулоҳазаларини кутиб қоламиз.

Хонзода суҳбатлашди.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 828 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ