Сайт бўлимлари
Яхшилик қилгани қўрқиб қолдим
- Подробности
- Бўлим: Парда ортида
- Чиққан санаси: 08 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
- Алло, ассалому алайкум. “ПАРДА ОРТИДА” саҳифасига қўнғироқ қилаётгандим...
- Ваалайкум ассалом, сизни эшитишга тайёрмиз.- Гўшакни кўтариб, қўнғироққа жавоб бергандим, мулойим товуш соҳибаси ийманиб гапирди.
- Бу саҳифага қўнғироқ қилганлар кўп ҳолларда исм-насабини сир тутишади. Майли, ҳар кимнинг шахсий иши, ўзининг қараши бор. Мен ўзимни тўлиқ таништирмоқчиман. Исмим Муҳайё, ўқитувчиман. Тошкент шаҳри, Қорасув даҳасида тураман. Уч нафар фарзандим бор, турмуш ўртоғим ҳам олий маълумотли, ҳозир чет элда таҳсил олаяптилар.
- Жуда яхши. Хурсандмиз.
- Биласизми, мен газетангизга ўзимни анчадан бери ўйлантириб юрган мулоҳазаларни ўртоқлашиш учун қўнғироқ қилгандим. Ўйласам, атрофимда бундай нарсаларни муҳокама қилишга, гаплашишга арзирли одам йўқ экан.
- Сизни эшитишга тайёрмиз.
- Биз асли вилоятдан келиб, пойтахтда қолиб кетганмиз. Турмуш ўртоғимнинг ишлари шу ерда. Турмуш қурганимизда мен эндигина мактабни тамомлагандим, Тошкентга келган кунларимиз уззукун уйда сиқилиб ўтиришдан зерикканимни айтгандим, хўжайин репетиторга тайёрланишимни, келаси йили Университетга ҳужжат топширишимни айтдилар. Омадим кулиб, кириш имтиҳонларидан ўтдим ва талаба бўлдим. Ҳам оила, ҳам фарзандларим ва ҳам талабалик... Ўзингга ўзинг “мен эплайман, мен уддалайман, қўлимдан келади” десанг ҳаммаси бўлар экан. Қийинчилик кўрмадик, десам ёлғончи бўламан. Лекин нолиган билан фойдаси йўқ. Қолаверса, ўша қийинчиликларда чиниққанимнинг нашидасини суряпман ҳозир.
- Зиёда қилсин!
- Раҳмат. Беҳисоб шукр. Эримнинг хорижда таҳсил олаётганларини айтдим. Уларнинг касблари шуни тақозо қилади. Ҳар икки- уч йилда хорижда ўқиб қайтадилар. Турмуш ўртоғим жуда кўнгилчан, меҳрибон инсон. Ўзлари мусофирчиликда кўп машаққат кўрганлари учунми, пойтахтга узоқдан келган одамларга имкон даражасида ёрдам беришга ҳаракат қиладилар. Менга ҳам шундай қилишимни уқтирадилар. Бир куни ишдан қайтаётганимда бир қизнинг қўлларида оғир сумкалар билан хонадон эшикларини тақиллатиб, ижарага уй қидириб юрганига кўзим тушди. Қизга яқинлашгандим у илтижоланиб тикилгандек мендан ҳам ижарага қўйиш-қўймаслигимни сўради. Афтидан, унинг кечқурун қолишга ҳам жойи йўққа ўхшади. “Ҳеч қачон ижарага одам қўймаганман. Уч хонали квартирада уч бола билан эр-хотин яшаймиз. Ҳозир турмуш ўртоғим хорижда ўқияптилар, уй топилгунча бизникида тура қолинг” дедим. Аввал бироз хижолатланди-ю, кейин менга эргашиб уйга кирди. Олдига дастурхон ёзиб, қаерданлигини, кимлигини сўрадим. Туғилган жойи Самарқанд шаҳри эканини, “детдом”да эсини таниганини, 15 ёшида Самарқандан аллақандай аёллар келиб, бири “мен бувингман”, бири “мен холангман” деб уни Самарқандга олиб кетишганини, бувисининг айтишича, онаси талабалик пайтларида туркманистонлик бир йигит билан аҳду паймон қилиб, уни никоҳсиз дунёга келтирганини, ўн саккиз йил олдин онаси хорижга – Амирликларга турмушга чиқиб кетганини йиғлаб айтиб берди. Ўн етти ёшида холаси уни мажбурлаб, ўзидан ўн уч ёш катта йигитга узатганини, эри гиёҳванд моддалар истеъмол қиладиган банги эканини, унинг зулмига чидаёлмай бир қизчаси билан холасиникига қайтиб келганини, қўлида ҳеч қандай касбу кори, ҳунари бўлмагани учун Тошкентга иш излаб келганини айтди. “Бирор ошхонада официантликми ё бозорда сотувчими бир нима иш қилсам дегандим” деб у ҳикоясини тугатди. Унга бунақа жойларда танишим йўқлигини, маълумоти, касб-кори бўлмаган кишининг Тошкентда нон топиши қийинлигини тушунтирдим. Индамай ер чизиб қолди.
- Кейин сизникида яшайвердими?
- Ҳа. Хўжайинга айтгандим, “Яхши қилибсан, роса қийналган, куйган қиз экан. Ёрдам бергин. Боргунимча ёнингда тураверсин, ҳарқалай, катта шаҳарда яхши бор, ёмон бор” деб ишимни маъқулладилар. Бири куни қайсидир бозордаги ошхонадан иш топганини, официантлик қилишини айтди. Битта хонани бериб қўйдим, тўғриси бизга зарари ҳам тегмасди. Эрталаб азонда чиқиб кетиб, кечқурун қайтар, кўчадан уйга қуруқ кирмасди. Икки ой мобайнида жуда яқин бўлиб, ҳатто ишончимга кирди. Баъзан дам олиш кунларида бирга овқат тайёрлаб, болалар билан бир дастурхонда ўтириб овқатланардик. Қисқаси, худди оиламиз аъзосига айланиб қолганди. Бир куни ишдан қайтсам, уйимиз эшиги ланг очиқ, коридор чироғи ёниқ, кираверишдаги табуретка устидан турган уй телефони йўқ, симлари узиб ташланган. Ваҳимага тушиб “Бахтигул, Бахтигул ” деб ҳалиги қиз турадиган хона эшигини очсам, ҳеч ким йўқ. Хоналарни бир-бир кўздан кечира бошладим. Тақинчоқларим, дазмол, қиммат кийим-бошларим ўғирланган эди. Бу ишда кимнинг қўли борлигини чамаладим-да, дарҳол ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилдим...
- Хўш, топилдими? У қиз эмас эканми?
- Қайда?.. Ўша қиз ўғирлаган экан. Қилган яхшилигимга, берган нон-тузимга тупириб кетмоқчи экан. Яхши ички ишлар ходимлари уни топиб, нарсаларимни қайтаришди. Лекин соддалик қилиб, ҳар дуч келган кишига ишониб, уйимга киргизганим учун мени ҳам роса койишди. Тергов жараёнида у қизнинг ҳеч қанақасига етимхонада ўсмагани, Самарқанднинг чекка бир туманида туғилиб ўсгани, ота-онаси ҳаётлиги, ўн беш ёшидан бери Тошкентда ҳар хил ишларни қилиб юрганини, шу ерда биттаси билан турмуш қургани, қизи борлиги, эриникидан ҳам ўғрилиги учун ҳайдалгани маълум бўлибди.
- Эҳ-ҳе...
- Шунақа гаплар. Бировга яхшилик қилгани ҳам қўрқиб қоладиган замон бўлди. Ҳаммасидан ҳам ачинарлиси, ота-оналар бўй қизларни қишлоқдан қандай қилиб Тошкентга ишлагани юборишади, ҳайронман? Маълумоти, дипломи бўлса-ку, майли, ишлаб жамиятга бирор нафи тегар, десангиз. Ҳеч қандай ҳунари, касби йўқ қизларни кўчага чиқариб қўйган ота-оналарни қандай тушунишни билмайман...
- Мулоҳазангизда жон бор. Кўпчилик катта шаҳарга нон топиш илинжида келган маълумоти йўқ қизлар ножоиз ишларни қилиб юришибди. Бу айни пайтнинг энг долзарб муаммоларидан бири. Қолаверса, кўпчиликнинг кўнгил оғриғи.
- Ота-оналар қизларининг тақдирини, келажагини ўйласа, оила шаънини ҳар нарсадан устун қўйишса, бу каби нохуш воқеалар бўлмасмиди, дейман.
- Ҳа, гапингиз тўғри. Газетамизнинг кейинги сонларида шу мавзудаги мақолани ўқишингиз мумкин.
- Жуда яхши бўларди. Матбуотнинг ўрни ва вазифаси ҳам шундан иборат, менимча. Ўқиганлар ибрат олса, ўзини кўрса ва агар шу йўлда бўлишса, қилмишларидан хижолат чекса, бу сизларга ҳам савоб бўлади, деб ўйлайман.
- Фикрларингиз учун сизга катта раҳмат. Газетамизни кузатишда давом этинг ва албатта мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашишни унутманг.
- Раҳмат. Мени эшитганингиз учун, саломат бўлинг.
Хонзода суҳбатлашди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 488 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар