1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Қиз боланинг кўнгли

 

Қиз йўқ уйда сарин сабо эсмайди,
Қиз йўқ уйда жамбил райҳон ўсмайди,
Ўғилларнинг ота билан иши йўқ,
Қиз отасин ҳар қадамда эслайди.
Кўзларига сургай юрган изингиз,
Қай ўғилдан камдир айтинг қизингиз.

Негадир ҳар сафар шу мисраларни ўқиганимда қалбимда ғурургами, қувончли энтикишгами ўхшаш исмсиз туйғулар уйғонади. “Қиз бола”. Бу жумла оддий талаффуз қилинганда ҳам  замирида оқ атиргулдек нафислик, ожизлик ва беғуборлик таровати уфуриб туради. Гўё қизлар бу бешафқат дунёни ҳусну малоҳати, ибою ҳаёси билан биллурқандил мисоли товланиб ёритиб тургандек.
Оилада қиз фарзанд дунёга келганда ҳатто қуёш зар нурларини бенуқсон сочади. Қиз боланинг  ширингина табассуми эса қалбларга шодлик, қувонч ҳадя этади. Аммо баъзи “ғам”ли қалб эгалари гўзал қизларининг борлигига шукр қилишмайди. “Отажон” дея чучук тиллари билан бурро-бурро гапирганида, “Отажон”, “Отажон” дея жажжигина қўлларини ҳавода муаллақ ёзиб болаларча шодлик ила чопқиллаб падари бағрига отилаётганида, шудринг тонги мисоли пок, беназир соддалик соҳибаси бу жажжигина қизалоғидан юз ўгиришади. Отанинг “шуни ўрнида биттагина ўғил бўлганда эди” деган зардали, аччиқ гаплари эса, меҳрга муштоқ кўзларида шодлик балқиб турган миттигина қизалоқнинг қизғалдоқдек кўксига тошдек ботади. Меҳр тилаб титраб турган кўнгил ойнасини чил-чил синдиради. Унинг айби нима? Айби қиз бола бўлганими? Нима учун нозик қалбига озор беришади? Ахир қиз бола ҳам фарзанд-ку! Уни ҳам Аллоҳ шу ношукр бандага инъом этган. Ахир неча-неча инсонлар битта тирноққа зор бўлиб яшаяптилар-ку. Зеро, шу шарофатли кўзмунчоқлар вақти келиб аёл бўлади, она бўлади. Ҳамма нарсадан ҳам баланд туради оналик масъулияти. Сиз кўкларга кўтарган ўғилни ҳам аёл дунёга келтиради. Ҳғил деб нолиётган оталарнинг ҳам оналари вақтида қиз бола бўлишган-ку. Шуларни била туриб, нима учун қиз болани камситишади, нима учун фариштадек маъсумаларни хўрлашади?! Вақти келса шу алпдек ўғиллар қизғонган бир чимдим меҳрни отага қиз бола беради. Отасини жон-жонидан ортиқроқ яхши кўради. Шу муштдеккина келадиган юрагида меҳр жо бўлган жигарпорангизнинг кўзларига боқинг, ана ўшанда у сизни қанчалик яхши кўришини, отажонисининг бир оғиз ширин сўзига муштоқлигини кўрасиз.
Отажонлар! Уйингизда меҳмон бўлиб яшаётган, вақти келиб ўз уйи томон кабутар бўлиб учиб кетадиган қизларингизни нозик кўнгилларида қора булутлар ҳукм суришига йўл қўйманг. Гул-гул яшнаб, нур сочаётган юзларидан қувончни аритманг. Меҳрибон қизингизнинг нима бўлганда ҳам ожиза қалбига озор берманг!

Асила АБДУЛЛАЕВА, Бекобод тумани

Ҳозир сайтимизда 76 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ