1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Устоз отадек улуғ

Бугун “Устоз ва мураббийлар куни” нишонланяпти. Байрамда устоз-мураббийлар эсланади, уларнинг меҳнатлари,  илм йўлида чеккан заҳматларини ёдга олинади. Аслида ҳар биримиз туғилгандан то Ҳазрати Инсон бўлишдай йўлни босиб ўтгунча қанчадан қанча устозларни кўрамиз.   Демак, бу

Ҳаёт асли ўзи ўқувхона
 Ҳамма ҳар хил даражадаги мураббийдир. Дунёнинг гўзаллиги, инсонларнинг юксалиши, ниятларнинг ушалиши мураббийлик қувватига боғлиқдир.
Кимлардир ўқитди биз илмли бўлдик. Кимларнингдир ҳаёт йўлига қараб одамийлик хислатларини ўргандик. Кимларнидир кузатиб,  тирикчилик йўлларини,  рўзғор тутишни ўргандик. Умуман, ҳаётда ўзимиз учун асқотадиган яшаш илмини дунёдан олдик. Ва бу ўрганганларимизни ҳаёт қонуниятларига мос равишда бошқаларга ўргатиб борамиз.
Биз ўзимиз билмай ўргатаётганимизни, биздан ўрганаётганларини англамаймиз. Ҳазрат Жомий айтганларидек “Инсон ҳаётдан олмаса таълим, унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим”.
Устозликни орзу қилиб, шу йўлда юриш, жилд-жилд китоб ўқиб, йиққан илмини ваъзга айлантириб, кўргазмали қуроллар тўплаб, турфа услублар қўллаб, ўқитяпман, уқдиряпман дейиш ҳали мураббийлик эмас. Мураббийликни хоҳлаган, шу касбга ўқиган билан мураббий бўлиш, мураббийликни уддалаш қийин. Устозликнинг ўзига хос парҳезлари, босиб ўтилмайдиган чегара чизиқлари бор.
Устозликка қадам қўйганнинг дилида устоз-тарбиячиликнинг ёзилгану ёзилмаган қонун-қоидаларига бўйсунаман деган аҳди бўлиши керак. Одамларни яхшиликка ўргатаман, орқамда эзгуликдан яралаган боғлар қолади, деган чиройли нияти бўлсин устозликка ҳавас қўйганнинг. Токи шогирдларин унинг шарофати билан фақат савоб ва хайрли амалларга дахлдор бўлсинлар.
Ҳақиқий мураббий бўламан деган, бировга бир нарса ўргатишни  астойдил хоҳламоғи ва ўзидан илм олувчига муҳаббат қўймоғи шарт. Орамизда шундай инсонлар, шундай устозлар борлиги бизнинг бахтимиз. Бундай меҳридарё мураббийлар ҳақида гап кетганда ҳар қандай инсоннинг юраги қарздорлик залворидан бир қалқиб тушади.
Қарздорлик ҳисси
Ҳар йили касб байрамимиз- оммавий ахборот воситалари ва матбуот ходимлари кунида илк бора мени ишга қабул қилиб, журналистика сир-синоатларини, журналистнинг касб маданияти, умуман ушбу соҳанинг ёзилган ва ёзилмаган қонуниятларини ўргатган муҳтарам устозим Бахтиёр ака Асадовни табриклаш учун қўнғироқ қилганимда, салом-аликдан кейин негадир кўз ёшларимни тўхтатолмай қоламан... Балки бу  қарздорлик ҳиссидир? Балки то бугунгача касбим шарофати билан озми-кўпми эришган ютуқларимда устозимнинг ҳам ҳақлари борлигини ҳис қилишдир. Нима бўлганда йилдан йилга улғайиб, дунёқарашим ўзгаргани сайин элнинг “Устоз отадек улуғ” деган нақли замиридаги ҳикматни англаяпман. Дарвоқеъ, мағзида шу ҳикматни мужассам этган ривоятга ҳам кўзим тушганди. Буюклардан бири устози ҳақида гапира туриб “отам мени ерга тушишимга сабаб бўлган бўлса, устозим илм-таҳсил бериб, мени кўкка чиқишимга боис бўлди” деган экан.
Бугун устоз ва мураббийларга аталган кун. Аслида ҳаётнинг ҳар бир чиғириғи, турмушнинг ҳар бир муштига йўлиққанимизда устоз ва мурабибйларимизни эсга оламиз. Мураббийлар кимлар — улар ота-онамиз, ака-опамиз, биздан катта, биздан бир кўйлакни олдинроқ йиртган ён-веримиздаги катталар ва албатта қўлимизга қалам тутқазиб исмимиз, “Она”, “Ота”, “Ватан” каби қалбларимизни севинчга тўлдирадиган сўзларни ёзиш-ўқишга  ўргатган, иккинчи она бўлиб ютуғимиздан суюнган, йиқилганимизда куйинган устозларимиз мураббийларимиздир.
Байрам арафасида устозлар, ҳақиқий устозлик ва устоз-мураббий қандай сифатларга эга бўлиши керак, каби саволлар атрофида мулоҳаза юритишни жоиз билдик. Бугуннинг устозлари ҳақида гап кетганда “Ҳозирги ўқувчилар ўқитувчиларни менсимайди”, “Ўқувчиларда ўқитувчилардан ҳайиқиш йўқ”, “Ўқитувчиларда ўқитувчига хос салобат йўқ” деган кескин фикрларни эшитамиз. Шу сабабдан ҳам устозлар ҳақидаги фикрларимизни

Бурунги ва бугунги ўқитувчилар
ҳақидаги қарашлар билан давом эттирсак. Дарҳақиқат, бир пайтлари ўзимиз ҳам ўқувчи бўлганмиз, ўқитувчиларимиздан жуда ҳайиқардик. Устознинг гапи қонун бўларди.  Уйда болалигимизга бориб ота-онамизга қулоқ осмасак, “Мактабингга бораман, ўқитувчингга айтиб бераман” дейишса, тамом! Дунё кўзимизга тор бўлиб, катталарнинг оғзидан чиққанига сўзсиз итоат қилардик. Биргина илинж-истак “ишқилиб муаллимга мени айтмаслар бўлди” деган ўтинч бўларди. Афсуски, бугунги кун боласини бундай усул билан қўрқитиб бўлмайди. Нега?
-    Сабаби жуда оддий,- дейди бухоролик ўқитувчи Нигорахон Султонова.- бугуннинг ўқувчилари, замона болалари жуда илгарилаб кетган. Ривожланиш, давр тамаддуни болалар дунёқарашига ўз таъсирини кўрсатмай қолмаган. Бугунги кун ўқитувчиси замон билан ҳамнафас, давр билан қадамба қадам юриши керак. Чунки бугуннинг ўқувчилари чакана ўқувчилар эмас. Улар техника асрининг болалари. Бугунги кун ўқувчисининг талабларига юз фоиз жавоб бериш учун ўқитувчи ғайратли, ўз касбини севадиган, билимли ва албатта тинимсиз изланишда бўлиши шарт.
Бу фикрлар ҳам қайсидир маънода тўғри. Аммо масалага жуда кенгроқ ёндашадиган бўлсак, жамиятда ўқитувчининг касб жиҳатдан мавқеи пастлаб кетганидан унинг ўқувчи ва ота-она олдида ҳурмати ҳаминқадар эканига ишора эмасмикан? Очиқроқ мушоҳада қиладиган бўлсак, бу ҳолатнинг бошқа сабаблари ҳам келиб чиқаверади.
-    Ўқувчилик пайтларимизда ҳар таътилда ўқитувчимизнинг баҳолар тушириладиган табелга ота-онамиздан имзо қўйдириш учун уйимизга келишидан чўчиб, юрак ҳовучлаб юрардик,-дейди мақола мавзусидан хабар топган ҳамкасбим.- Шўхлик қилсак ўқитувчимиз уришса ҳам, сўкса ҳам ота-онамизга оғиз очмасдик. Чунки барибир ўзимиз калтак ердик, “Демак, сен бола бир ножўя иш қилгансанки, ўқитувчинг уришади-да” деб. Ҳозирги болаларга ўқитувчи сал қовоғини ўйса, ота-онаси югуриб мактабга келади “Нима ҳақинг бор  сени боламга қаттиқ гапирасан?!” деб. Ўқитувчини ота-она ҳурмат қилмаса, бола қандай ҳурмат қилсин?!..
-    Бугунги кун ўқитувчисининг мавқеи олдингиларидан фарқланишини мактабнинг “йиғ-йиғ”лар билан боғлиқ машмашалари сабаб деб ўйлайман,- дейди айни мавзуда мулоҳазалари билан ўртоқлашган самарқандлик муштарийимиз Зайнаб опа.-  Айрим ўқитувчилар ана шу “йиғ-йиғ”лар баҳонасида жуда арзимаган пулни деб ўқувчи билан ота-она олдида  беобрў бўлишяпти. Ҳатто дарсга келмаган ўқувчидан кунига маълум миқдорда пул оладиган “ставкали” ўқитувчилар ҳам бор.  Уялишмайди, хижолат чекишмайди. Ўқитувчини сотиб олган ўқувчи билан “эртага мактабга бормайсан, бозорга чиқасан, мен товарга кетяпман. Ўқитувчингга ўн минг обориб берсанг, ғинг демайди” дейдиган ота-она устоз деб аталмишни қандай ҳурмат қилсин?!..
     Устознинг ҳар бир ҳаракати, ҳамма иши кузатувда бўлади. Негаки, у мураббийлик мақомидадир. Одам боласининг ўзига хос бир кемтиклиги бор- панд- насиҳатлар хушига ёқса қулоғига олади. Кўрганларига эса тақлид қилади, эргашади. Шу нуқтаи назардан ёндашадиган бўлсак, устоз-мураббий мақомидаги кишининг ҳар бир босган қадами, ўзини тутиши, гап-сўзи ёшларда, нафақат ёшларда, балки каттаю кичикка бирдек ибрат бўлгулик бўлиши керак. Бурунги ўқитувчиларнинг кўпчилиги шундай сифатларнинг эгаси бўлган. Бугуннинг устозлари-чи? Афсуски, замона ўқитувчиларининг аксарияти юқорида тилга олинган хусусиятлардан йироқ ҳолда ўқувчига намоён бўляптилар.  Ўқитувчи ўқувчисининг отаси билан хуфёна муносабатлар бўлади. Оилада бу ҳолатнинг муҳокамасини ота-онасининг уруш-жанжалларидан билиб олган ўқувчи эртаси куни ўзига одоб-ахлоқдан ваъз ўқиётган ўқитувчисини қандай ҳурмат қилсин? У синфдош, мактабдош дўстларига ўқитувчиси ҳақидаги салбий фикрларини айтмасликка ким кафолат беради? Порахўрлик, таъмагирликнинг нохуш иллат эканини айтиб, бутун бошли тарбиявий соатни ўтказиб юборган ўқитувчи, дарсга келмаган ўқувчисидан пул сўраса ёки ниманингдир эвазига чорак баҳоларини яхшилаб беришга шаъма қилса, ўқувчи қай бирига- эшитганига амал қилсинми ё кўрганигами? Тағин ўз гапига амали билан қарши чиқаётган ўқитувчисини қандай ҳурмат қилсин?..
Бу қарашларимиз билан юртимиздаги барча ўқитувчиларни ношойиста демоқчи эмасмиз. Асло! Шукрки, юртимизда маънавий қиёфаси, юриш-туриши, газ-сўзи билан шогирдларини изидан эргаштира оладиган ҳақиқий комил, фозил устозлар кўп. Улар ҳақида гапирганингда юрак тўлиб-тошади. Айтилганидек, қарздорлик ҳиссини туясан ва беихтиёр шоирнинг қуйидаги сатрлари шуурингга қуйилади:
Сиздан бошланади асли тафаккур,
Мунис муаллимлар, сизга ташаккур!

    Мактабга эркак ўқитувчилар керак
Ҳозир кўп мактабларда, айниқса шаҳар жойларида эркак ўқитувчиларни учратиш қийин бўлиб қолди. Фикримизча, ўқувчиларнинг бу даражага бориши, ўқитувчиларни ҳурмат қилмай қўйишига мактабда эркак ўқитувчиларнинг йўқлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ўзингиз ўйлаб кўринг, уйимизда отамиз, ака-укамиз, турмуш ўртоғимиз кўринмаса, юриш-туришимиз, гап-сўзимиз дарҳол бошқача тус олади. Улар остонадан кўриниши билан ўзимизни эпақага келтиришга, ош-овқатимизни тўғрилаб, атрофимизни саранжомлашга тушамиз. Мактаб ҳам ўқитувчи ва ўқувчилар учун иккинчи уйдек гап.
-    Мактабларда ҳар хил майда-чуйда гаплар, ўқитувчилар ўртасида “айтди-айтди”, “деди-деди”лар, гуруҳ-гуруҳ бўлиб юришлар авж олган,- дейди Гулчеҳрахон Раҳимова.- Менимча мактабда эркак ўқитувчиларнинг бўлмаганидан шундай нарсаларга берилиб кетганмиканмиз. Агар атрофида эркаклар бўлса, аёллар улардан тортинади, хижолат чекади-да...
Муаммонинг илдизини топиб, уни бартараф этиш даркор. Таълим соҳасига ўзибўларчилик, лоқайдликка берилиб бўлмайди. Ахир, мактабда миллат келажаги улғаяди, шахс маънавияти шаклланади.

Ўқитувчини ўйлантирган муаммолар
Бугун қайси бир ўқитувчи билан ҳамсуҳбат бўлсангиз, ўқитувчига ишидан ташқари юкламалар юкланаётганидан норозилнади.
-    Ортиқча ишлар кўплигидан ўз ишимизга улгурмаймиз,-дейди Манзурахон Юсупова. – Ҳали уни папка қилиш керак, буни ҳисоблаш керак, уни ёз, буни ўчир... Хуллас, ўқувчи билан шуғулланишга, соҳамиз бўйича изланиб қўшимча маълумотлар йиғишга вақт етмай, унчалик аҳамияти бўлмаган ишларга ўралашиб қоляпмиз. Ўқитувчидан талаб қилинадиган нарса ўқувчининг билими, ўқув самарадорлиги эмасми? Бу борада ҳам мутассадди ташкилотлар бир ўйлаб кўришса, зиён қилмасди.
        “Ҳақиқий таълим одамни одамийликка тайёрлашдир”,- деган экан буюклардан бири. Фарзандларимизни, миллат келажагини одамийликка тайёрлаётган, минг турфа машаққатларни шогирдларининг камолини кўриш истагида жавлон ураётган устоз ва мураббийларимиз бор бўлсин! Нафақат ўқитувчилик касбидаги устозлар, балки, ҳаёт йўлида бизга ниманидир ўргатишга муваффақ бўлган мураббийларимизнинг умрлари зиёда бўлсин. Байрам баҳона азиз устозларимизни зиёрат қилиб, дуоларини олишни унутмайлик, азизлар. Уларнинг заҳматли меҳнатлари сабаб шу даражага етганимиз чин. Зеро Ҳазрат Навоийнинг ҳаммага ёд бўлиб кетган сатрларида айтилганидек:
Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганч ила.

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 75 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ