1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Мансаб одамни ўзгартирадими?

Ушбу саволни эшитган заҳотимиз “Албатта” деган жавоб ўз-ўзидан фикримизга қуйилади. Тўғри, мансаб, амал киши дунёқарашини ўзгартириб юборади. Бусиз бўлмайди ҳам. Тўртта одамга бош бўлиш учун кишида ташкилотчилик қобилияти, бошқарувчилик уқуви, умуман раҳбарлик лаёқати бўлиши керак. Раҳбар деган қўл остида ишлайдиган ходимларнинг нафақат иш билан боғлиқ, балки бошқа ҳар қандай масъулиятини ҳам зиммасига олиши керак.


Ахир оилавий муаммоларга ўралашган, хотиржамлиги йўқ кишининг меҳнатида унум, ишида барака бўладими? Йўқ албатта. Мансаб дегани жамоанинг раҳбарлик курсисида ястаниб қаҳва ёки чойни хўриллатиб ичиб, қўл остидагиларга буйруқ бериш дегани эмас. Юмшоқ курсида ўтириб, бажарилиши керак бўлган ишни кимгадир буюришни ёш бола ҳам эплайди. Раҳбарлик мутлақо боша нарса. Яъни юқорида таъкидлаганимиздек, мансабнинг ўзига хос масъулияти ва мажбуриятлари бор. Бугунги кун раҳбарлари раҳбарлик масъулиятини тўла англаб етган ҳолда, зиммасидаги мажбуриятни бажараяптими? Замонавий раҳбарларининг маънавий қиёфаси тўла равишда қониқарлими? Бугунги мулоҳазалар айни мавзуда.

Мустабид шўродан қолган сарқитлар

Икки йил аввал юртимизнинг нуфузли олий ўқув юрти ҳисобланган Ўзбекистон Миллий Университети журналистика факултетини тамомлаган ҳамшаҳар танишим билан учрашиб қолдик. Ундан қаерда ишлаётгани ҳақида сўрагандим истеҳзоли қўл силтади:
-    Ишонасизми, ҳалиям бирор жойдан муқим бир иш тополганим йўқ. Вилоятимиз телевидениеларида ишлай десам, улар тўлайдиган маош билан билан тирикчилигим ўтмайди. Йўл кирага амалласам, тушликка етмайди. Вилоят газетасида штат йўқ экан. Бир пайтлари педагогика институтларида ўқиб, ўқитувчиликни эплолмай журналистика соҳасидан паноҳ топган қарияларнинг кўзига бало-қазодек кўринамиз. Бошқа соҳалардан иш излай десам, мутахассислигимиз тўғри келмайди. Контракт асосида ўқиганман. Айни ишлайдиган, куч-қувватга, билимга тўлиб тошган, меҳнатим билан ўзимни кўрсатадиган пайтимда раҳбарларнинг сансалорлиги сабабли ишсиз юрибман. Туманимиз ҳокимлигининг нашри ҳисобланган туман газетасига бир неча марта иш сўраб бордим. Ишонсангиз, бош муҳаррир туман газетасини монополияга айлантириб олган. Ўзлари салкам етмишга кирган, дунёқараш ва фикрлаш услублари билан собиқ шўро раҳбарларини эслатадиган отахон эшикдан кўринган заҳотим қовоқ ўйиб “Сизга неча мартда айтдим, ахир, бу ерда иш йўқ! Бизда штат йўқ, бошқа жойда иш изланг” деб ўдағайлайдилар. Газетага ўхшаган туман ҳокимлиги муассислигида чиқадиган бир парча қоғозга қараб ачиниб кетасан, киши. Бор йўғи тўрт саҳифа газета, икки ҳафтада бир чиқса керак, аммо қоғоз, маблағ, бўёқ исроф бўлиб кетяпти. Газетага ўхшаган нарсанининг биринчи саҳифасида отахон муҳаррир қаламига мансуб ҳикоя ёки шеър, кейинги саҳифалар эса ҳафталик теледастур ва интернет хабарлари билан йўлига тўлдириб қўйилган. Жаноб муҳаррирнинг ўғиллари номи гапирилмайдиган нуфузли ташкилотда ишлар эмиш, шу сабабли отахоннинг мушугини биро “пишт” деёлмас экан....
Танишим билан бир вилоят, бир тумандан бўлганимиз учун туман газетасининг муҳаррир курсисига ёпишиб олган қарияни мен ҳам танийман. У жаноб мени ҳам анча оввораю сарсон қилгандилар. Январ ойида иш сўраб борсам, “сентябрда келинг, обуна мавсуми бошланади, ҳисобимизга маблағ тушади, кейин штат беришади сизни ишга қабул қиламиз” деб “яхши тилак”лар билан мени кузатиб юборардилар. Сентябрда борсам, “январда келинг, йил якунланишига ҳеч қанча вақт қолмади-ку, шу пайтда ҳам иш сўраб келадими?! Бизга январда штатлар ажратилади”  деб бир қоп  пуч ёнғоқ билан мени сийлаб жўнатиб юборардилар. Бу гапларга ўн йилдан  ошди. Ўша пайтларда ҳам туман газетасида бош муҳаррирдан бошқа ҳеч қандай ходим ишламасди. Мухбир, мусаҳҳиҳ, адабий бўлим, ахборот бўлими муҳаррири, масъул котиб деган лавозимлар ўрни бўш эканига қарамай муҳаррир ёш кадрларни эшикдан киргизмасдилар. Улар хушламаганлари билан ишсиз қолмадик, ишлаяпмиз, меҳнатимиз билан озми кўпми муваффақият қозонишга эришдик. Аммо кўнгилдаги оғриқ бошқа нарсадан. Туман газетасида бош муҳаррир лавозимини тиш-тирноғи билан эгаллаб олган отахон ҳамкасбимиз, ёш мутахассис кадрларни қўллаб- қувватлаш, ўзларидаги касб маҳорати ва малака (агар чиндан ҳам юқоридаги хусусиятлар улрда бўлса!)ни уларга ўргатиш ҳам касбий ва ҳам инсоний бурчлари эканини билмасмиканлар?..

Мансаб кишини тубанлаштирса...

Мансаб дегани қандай бало эканки, унга одам шунчалик қул бўлиши мумкин ва бу тобеълик оқибатида киши бунчалик тубанлашиши мумкин экан, деган ўй кечади кўнгилдан шундайларни кўрганингда.
-    Мансабдорлик ҳам ҳаммага эмас экан,- дейди Тошкентлик ўқитувчи муштарийимиз.- Мактабимизга узоқ йиллар бошқарган директоримиз вафот этиб, жамоадошларимиз орасидан бир ўқитувчи директорликка тайинланди. Энди директор бўлган кезлари “Менга директор сифатида эмас, оддий ҳамкасб дугонангизга қарагандек қаранглар”, деб амал отини эгарлагунча ўзини меҳрибон ва ғамхўр кўрсатган ҳамкасбимиз, кўп ўтмай юзидаги ниқобини буткул ечиб ташлаб, ҳақиқий башарасини кўрсата бошлади. Йиғилишларда ўқитувчи, умуман аёл кишига номуносиб ҳақорат сўзларни ишлатиб ўқитувчиларга бақиради. Икки йилда ҳаммани бездириб бўлибди ўзидан. Аввалги директоримизда раҳбарлик салобати бор эди, ҳеч кимга бир оғиз ножўя сўз гапирмасдилар, ҳақорат қилмасдилар, ҳаммага бирдек меҳрибон, бирдек ғамхўр эдилар, лекин биз жуда ҳам ҳайиқардик. Қолаверса, мактабнинг хўжалик ишлари билан боғлиқ муаммоларини ўқитувчилар билан умуман муҳокама қилмасдилар. Раҳматли олдинги директоримиз даврида биз ўқитувчилар мактабда ҳам коммунал тўловлар борлигини, электр энергияси, газ, иссиқ ва совуқ сув кабиларга пул тўланишини эшитмасдик ҳам билмасдик ҳам. Ҳозирги директоримиз бу нарсалар учун ўқувчилардан пул йиғиб беришимизни талаб қилгани етмагандай, коммунал тўловлардан қарздорлик сабабидан таъминотни узиб қўйишса, йиғилиш чақириб, овозини борича ўкириб йиғлайди...

Мансаб маънавиятдан узоқлаштиради...ми?!

Раҳбар кадр қўл остидагилардан кўра билимли, қобилиятли, масъулиятли ва албатта маънавиятли бўлиши керак. Жамоадошларига ҳар жабҳада ўрнак бўла оладиган, одамлар ортидан эргашадиган, кимгадир тўғри йўл кўрсатганида, қайсидир ножоиз иши учун танбеҳ берганида, ўзи ўша иллатдан холи бўлиши шарт. Шундай раҳбар аёлни биламан. Турмуши бўлмай, икки бола билан эридан ажрашган. Бир қарасангиз ходимларини койиб, уришиб юради, бир пасдан кейин “қаттиққўл раҳбар” экани эсидан чиқиб, ходимларига “Эрга тегишим керак, менга эр топинглар. Эрга тегсам, зора асабларим тинчланса”, деб беўхшов -тийиқсиз ҳазиллар қилади. Бунақа раҳбарни ким ҳам ҳурмат қиларди?! Шундай раҳбарларнинг қўл остида ишлаётган ходимларга ҳам ҳайрон қоласан, киши. На ахлоқи, на маънавияти ва на раҳбарлик салобати бўлган бундай берпарда бошлиқдан тезгина қутилиб қўя қолишса бўлмасмикан?!..
Бир ташкилотда қоровул лавозимида ишлайдиган муштарийимиз таҳририятга қўнғироқ қилиб, ҳозирги аёлларнинг юриш-туриши, одоб –ахлоқи ҳақида гапира туриб “ташкилотимизда аёл киши раҳбарлик қилади. Қайси куни “опа”нинг туғилган куни экан, аввал ишчиларга жавоб бериб юбордилар. Ўша куни қоровул навбатчилигига мен тургандим, секин келиб менга ҳам жавоб бериб юбордилар. Кейин эшитсак, ишхонага опанинг “акахон”лари келиб, туғилган кунни нишонлашган экан...” 
Бунисига энди чидаб бўлмайди. Шармандаликнинг ҳар турли кўринишлари ҳақида эшитгандигу, бунақасини билмасдик. Ташкилот ва муассаса раҳбари дегани ўша ишхона унга онасининг маҳрига тушган, деган эмас-ку, хушига келганини қилаверса! Раҳбар хоним жазманларини ўзлари бошқараётган ташкилотга таклиф қилиб базму жамшид уюштиргани уялмайдиган даражада бети қаттиқ эканлар, уларнинг қўл остида ишлаётган ходимлар нега кўзини кўр, қулоғини кар қилиб юришибди экан?!..

Раҳбарда шахсий ҳаёт бўлмаса...

Раҳбар ҳар томонлама ҳамма ҳавас қиладиган, кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлиши керак,- деган фикрни жуда кўп марта такрорладик. Энг асосийси, раҳбар кадрнинг шахсий ҳаёти ҳам ўрнида бўлиши шарт. Шахсий ҳаёт- кишининг одоб-ахлоқи нечоғли эканига ишора беради. Қолаверса, оила шахс дунёқарашида ўзига хос ўринга эга. Бошқа томондан олганда оилали киши оила ташвишини тушунади, ҳис қилади. Оила кўрмаган, турмуш муштларига рўпара келмаган одам оилали кишининг ўй-хаёлларини тушуниши қийин.
-    Директоримиз эри билан ажрашган, ўринбосари эса турмуш қурмаган, оилали аёлларнинг бўйнида иккита масъулият борлигини ҳис қилмайди,- дейди таниш жувон.- Биз ишимизни тезроқ бажариб, оила аъзоларимиз, турмуш ўртоғимиз, фарзандларимизга овқат қилиш, рўзғор ишларини саранжомлаш учун уйга шошиламиз. Уларни тергайдиган, сўрайдиган уйида кутадиган одами йўқ. Ўзлари иш вақтидан кейин ҳам бир-икки соат ишхонада ўтиришади, баъзида бизни ҳам иш вақтидан кейин қолиб ишлашга мажбур қилишади. Яна икки гапининг бирида “Менга эрим рухсат бермади, болам касал бўлди, демаларинг!” деб дағдаға қилади...

Халққа қилганинг ҲАҚдан қайтади

Мансаб феъл-атворини ўзгартирганлар орамизда кўп. Уларнинг ҳар бири, қилмишлари ҳақида батафсил тўхталиш жоиз эмас. Мансабидан айрилгач, жазавага тушиб бошини қай тошга уришни билмай аламзада бўлиб юрганлар, ҳатто инфаркт, инсульт каби хасталикларни ортирриб олган кишилар ҳақида ҳам эшитганмиз.  Мансабига ҳаволаниб кибрга ошно тутинганлар, қўл остидагиларга зулм қилганлар, ўзини илоҳга тенглаштирганларни охир оқибат хорлик қарши олганига ҳам кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз.
Маҳалламизда бир оила бор. Оила бошлиғи анча олдин ёш вафот этган. Тўнғич ўғли руҳий хаста. Биттаю битта қиз ногирон. Бир ўғил навқирон ўттиз ёшида вафот этди. Яна бир ўғил ўн йилдан бери тирноққа зор. Маҳалладошлар “Бу оилага Худодан қайтди” дейишади. Айтишларича, оиланинг каттаси уруш даврларида бригадир бўлган экан. Юзингда кўзинг борми демай одамларга зулм қилиб, аёллар, болаларни шафқатсизларча хўрлаб, шу тахлит совет тузумига садоқатини кўрсатган экан. “Боболарининг гуноҳига неваралари жавоб беришяпти” дейишади эл.
Узоқ йиллар мактабда директорлик қилган таниш аёлни учратиб қолдим. Ранги рўйи бир аҳвол. Телбага ўхшайди гўё. Салом-аликдан сўнг секингина ҳол сўрагандим, ҳўнграб юборди. Қизи жигар хасталигига учраган эмиш. Кўнглини кўтариб, таскин берган бўлдим. У раҳбарлик қиладиган мактабда дугонам ишлайди. Собиқ директорининг абгор аҳволидан куйинганимни эшитиб, дугонамнинг жаҳли чиқди:
-    Унга биров ўқитувчиларнинг, ўқувчиларнинг ҳақини е, дебдими?! Гуноҳ ишларни қилганида кўзига ёш тугул, киприги сал эгилиб ҳам қолмасди. Энди буёғига ҳам чидайди-да! Ўша касал бўлган қизи институтда ўқиганида  қачон пул керак бўлса, онасига битта қўнғироқ қиларди. Шўринг қурғур она қизи билан гаплашиб бўлиб, йиғилиш чақирарди-да, “ўқувчилардан мактаб фонди учун пул йиғиб беринглар!” деган фармойиш берарди. Ўқувчилардан ота-онаси егуликка деб берган пулини уриб олгандай тортиб олиб, бирма бир директорга киргизардик. Ҳар нарсанинг ҳам жавоби бор, деган гап ҳақ экан... 

Жонкуяр раҳбарлар кўпайсин

Шундай азизлар, ҳар ишнинг жавоби бор. Ҳар амалнинг ҳисоб-китоби. Бугунги мулоҳазаларимиз билан ҳамма раҳбарларни ёмон демоқчи эмасмиз. Асло! Ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот ошхонасидан овқатлангани хижолат бўлиб, тушликни уйида қиладиган раҳбарлар ҳақида ҳам эшитганмиз. Ходимини қўллаб –қувватлаш, муаммолардан халос этиш учун ўз ҳисобидан уй-жой билан таъминлаган амалдорлар ҳам бор орамизда. Ҳатто чўнтагидаги энг сўнги пулини эҳтиёжманд ходимига тутқазиб юборган раҳбарлар ҳам кўп.
 Яхши раҳбар қўл остида ишлаётган ходимларининг оилавий-шахсий ҳаёти билан ҳам яқиндан таниш бўлади. Оиласида хотиржамлиги бўлмаган, уйида муаммолардан холи бўлмаган ходимнинг ишида ривож бўлмаслигини яхши тушунган раҳбар қўл остида ишлаётган кишиларнинг ҳолидан ҳаммавақт хабардор бўлади. Яхши раҳбар жамоани бир бутун оилага айлантира олади. Ходимларнинг бошини қовуштириб, ишхонада аҳилликни шакллантиради. Иш жойида соғлом маънавий муҳитни юзага келтиради. Шундай раҳбарлар кўпайсин юртимизда. Зеро,  шу юрт, шу халқ учун фидокорона меҳнат қилаётган раҳбарнинг ходимлари ҳам элим деб, юртим деб ёниб яшайди!

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 75 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ